Стол устига уюлган сумка ва елим халталарга жойланган нарсаларни қайтадан кўздан кечириб чиқдим-да, яна қўлимдаги рўйхатга қарадим: «Хў-ўш… Пичоқ бор. Чойнак-пиёла бор. Электр иситгич, соқол оладиган машинкани олдим. Ликопча, коса, термос бор. Шиппак бор. Пайпоқ, ич кийим, туз, гугурт, қуруқ чой, қалампир бор… Сочиқ…»
Хотинимни чақирдим.
–Сумкага сочиқ солганмисан?
–Солганман, солганман, – овози эшитилди унинг қўшни хонадан ва зум ўтмай ўзи кўринди. –Мана дадаси, мана бу чойшаб, топ-тоза, крахмалланган. Буниси ёстиқжилд…
–Кулдоним қани? – сўрадим беихтиёр эслаб.
–Вой, кулдонни нима қиласиз? – ҳайрон бўлди хотиним.
–Қизиқсан-а, чеккан сигаретимни кулини полга ташлаб ўтирмайман-ку, ахир? – бўғилдим мен.
–Ҳозир, ҳозир, – хотиним яна қўшни хона тарафга йўналди.
–Бўлақол, тез-тез қимирлай қол! – дедим мен тоқатсизланиб ва яна қўлимдаги рўйхатга кўз югуртдим: «Хў-ўш… Кўзойнак бор. «Шайтанат»нинг тўртинчи китоби бор. Авторучка, ён дафтарча, дори-дармонлар бор…»
Хотиним кулдонни олиб кириб сумкага солди.
–Айтмоқчи, радиоприёмникни солганмидинг? – сўрадим мен.
–Боя ўзингиз халтага жойладингиз-ку? – деди хотиним.
Шу пайт эшик очилиб ўғлим кирди.
–Тайёрмисиз, дада? Машинани кўчага олиб чиқиб қўйдим!
–Яхши, – дедим мен зил-замбил сумкаларга қўл чўзиб, – Ма, манави сумкаларни олиб чиқиб мошинангга жойла! Ҳозир чиқаман!..
Шундай қилиб касалхонага ётдим. «Асаб хасталиклари» бўлимига жойлаштиришди.
Дўхтир кўрди. Укол қилишди. Дори ичдим. Ҳаммаси кўнгилдагидек бошланаётган эди. Лекин кечқурунги овқат пайтида ҳамшира таъбимни тирриқ қилди. Товоғимга бир чўмич карам шўрва солиб чиқиб кетаркан, қошиқни унутиб қолдирганимни эшитдию, ток ургандек сапчиб тушди:
–Касал деган нарса қошиғини ўзи билан олиб келмайдими?
–Барака топкур, эртага олиб келиб беришади, — дедим секин. Лекин барибир унинг чакаги тинмади. Ахийри қаердандир битта қийшиқ алюмин қошиқ топиб олиб кириб бераркан, яна норози оҳангда тўнғиллади. – Уйингиздагиларга айтворинг, қошиққа қўшиб вилкаям олиб келиб беришсин!
«Хўп» дея бош ирғадим ва иштаҳасизлик билан шўрвани кавлаштира бошладим. Энди бир қошиқ хўплагандим:
–Анави касалга қошиқ топиб бердингизми, Нафиса опа? – деган шанғиллаган овоз эшитилди ташқаридан.
–Ҳа, ўтган ҳафта юраги ёмон бўлиб қолган касалнинг қошиғи ётганди, ўшани олиб кириб бердим, – таниш товуши эшитилди ҳамширанинг.
Ва… қўлимдаги қошиқ тарақлаб полга тушди. Уёғини эслаёлмайман. Ҳамхоналаримнинг айтишларича, хушдан кетган эканман… Ҳа, дарвоқе, ўша куннинг эртасига мени «Юрак хасталиклари» бўлимига ўтказишди…