Эркин Усмон. Эртакка айланган кеча (ҳикоя)

Дилмурод йўл бўйи ўзини яниб келди. “Эсини еган одам Янги йил кирадиган куни йўлга чиқаркан”, деган фикрга келди у. Онаси билан акасининг “Байрам ўтсин, эртага кетарсан” деган гапларига қулоқ солмаганига афсус қилди.
Совуқ кунда, бекатда соатлаб автобус кутгани етмагандек, тунги электричкадан кеч қолгани ўлганнинг устига тепган бўлди. Йўловчи машиналарнинг биридан тушиб, бирига чиқиб, “Талабалар шаҳарчаси”га етиб келганида соат ўн бир яримга яқинлашганди. Қадамини жадаллатди. Югурмоқчи ҳам бўлди-ю, кейин хаёлан ҳозирги аҳволига, совуқдан қип-қизариб кетган қулоқ-бурни, бесар-безовта хатти-ҳаракатларига четдан қараб ғаши келди.
“Нимага ҳовлиқасан? Қаёққа ошиқяпсан бунча? — истеҳзоли кулди ўзининг устидан. — Нима учун одамлар янги йил кирадиган куни ўзларини қўярга жой тополмай қолишаркин-а, — дея мулоҳаза юрита бошлади кейин. — Худди бир нимадан қуруқ қолаётгандек елиб-югуришади. Гўё йил бўйи битмаган ишлари охирги кун, охирги соатларда битиб қоладигандек. Масалан, 31 декабр, жума, 1 январ, шанба. Оддий ҳафтанинг оддий кунлари. Янги йил деганлари худди эртанги кунга ўтар кечаси дегандай гап-да”.
Дилмуроднинг бунақа байрамларга қизиқиши камроқ. Байрам арафасида курсдошларининг югур-югур қилиб қолишларига ажабланиб қарайди. Бунақа тадбирларга аралашгиси ҳам, бош қўшгисиям келмайди.
Қишлоққа бориши қизиқ бўлди. Аксарият курсдошларининг янги йил арафасида ўзлари туғилиб-ўсган шаҳар-қишлоқларига оталанаётганларини кўриб, негадир ҳаваси келди. Қолаверса, бир ҳафта бурун телефон орқали акаси билан гаплашганда, бобосининг тоби йўқроқ эканлигини эшитган ва шундан бери кўнгли андак ғашланиб юрганди.
“Бобом тўқсондан ошди. Ғанимат одам. Бир бориб кўриб келиш керак. Баҳонада озроқ дам олиб, чалғиб, уйдагиларни янги йил билан табриклаб қайтаман”, — деган фикрга келдию йўлга отланди.
Йўқ, бобоси отдек экан. Уни ҳовлида ҳассасини дўқиллатиб, куймаланиб юрганини кўриб, кўнгли ўрнига тушди. Ҳол-аҳвол сўраганди, бобоси: “Э, меники қарилик касали, неварам. Шунақа десам, аканг ўз ҳолимга қўймай, дўхтирга судроқлайди-да”, деб кулиб қўяқолди.
Онаси гап орасида яна одатий масалани қўзғади. “Тезроқ ўқишинг битса, уйлаб қўяқолардик”, — дея қишлоқ қизлари ҳақида сўзлай кетди.
Акаси бўлса, “Отам кўрмаган тўйингни бобом, ойим кўрсинлар. Агар кўз остингга олиб юрганинг бўлса, айт”, — деди. Дилмурод “Аввал ўқиш битсин. Бирон жойга ишга кирай. Уйланиш қочмас”, — демоқчи бўлдию, гапни чувалаштирмаслик учун индамай қўяқолди. Кейин акасининг сўзларини эслаб, кулгиси қистади, шу вақтгача бирон қиз билан “юрмагани”га, етаклашиб театр ё кинога бормаганига, фикри-зикри ўқишда бўлиб келганига ўзи ҳам ажабланди. Тўғри, ўзига маъқул келадиган қизлар йўқ эмас, “аммо, лекин, бироқ…” деганларидай, ҳали юрагини жиз эттирадигани учрагани йўқ.
Дилмурод шундай хаёллар оғушида шаҳарга қайтди.
Янги йил кириб келишига саноқли вақт қолгани учунми, кўча-кўй бўм-бўш, йўлнинг икки чеккасидаги кўп қаватли уйларнинг деразаларидан қучоқ-қучоқ нур ёғилар, шох-бутоқлари қиров боғлаган дов-дарахтлар хаёлга чўмганча қотиб турардилар.
Дилмурод чорраҳадан ўтиб, чапдаги йўлкага бурилди. “Талабалар шаҳарчаси” ҳам байрам кайфиятида, ёруғ деразалардан талабаларнинг шовқин-суронларию кулгилари аралаш шўх мусиқа эшитилиб қоларди.
“Самад билан Қурбон нима қилишаётганийкин? — ҳамхоналарини эслади Дилмурод. — Ҳойнаҳой, уйларига бормай, ётоқда қолган курсдошлари билан бирор хонада тўпланишиб, гурунг қилишаётгандир”.
Улар бир неча йилдан бери янги йилни бирга кутишади. Эл қатори дастурхон тузашади. Дастурхонларида йўқ нарсанинг ўзи бўлмайди: кимдир қишлоқдан жўнатишган патирлару, писта-бодом, баргакларни, кимдир дўкондан олиб чиққан арзон балиқ консервасию колбасани, яна кимдир биронта виною шампанни ўртага қўяди.
Пиёла икки-уч давра айлангач, Самад иккитагина сими қолган рубобини тинғиллатиб, хирқироқ товушда “Қурбон ўлам”ни бошлайди, кимдир телевизорга анграйганча ўтиради, яна кимлардир нардани бошлаб юборишади. Соат 12 га яқинлаганда эса ким қизларнинг хонасига югурган, ким паловхонтўрани сузишга тараддудланган, яна биров айқаш-уйқаш бўлиб ётган дастурхон устини тартибга солишга киришган, ҳамма ҳаяжонда, дераза токчасида “чиқ-чиқ” этиб, тугаётган йилнинг сўнгги дақиқаларини санаётган муштдеккина қўнғироқли соатга дамба-дам қараб-қараб қўйишади.
Кейин бирдан… бутун бино ларзага тушгудек зириллаб, хоналарида янги йил кутаётган талабаларнинг қийқириқлари телевизорда янграётган соат зангию тантанавор мусиқа садоларига қўшилиб боядан бери диққинафас бўлиб турган шампан виноси пақиллаб отилар, кулги, “ура-ура”лару хитоблар, қарсак товушлари еру-кўкни қоплаб олгудек бўлиб кетади.
Бунақа пайтларда ётоқхонада тартиб жуда қаттиқ бўлади. Бегоналарнинг кириши, маст-аласт бўлиб юриш, шовқин-сурон солиш қатъиян маън этилади. Тоживой ака деган қоровул эса эшикни ичкаридан қулфлаб, ўзи йўлакларда гердайганча, мўйловдек қошларини чимириб олиб, ҳаммаёқни кўздан кечириб юради. “Ётоқхонада тартиб сақлансин! Газга, электрга эҳтиёт бўлинг! Телевизор, магнитофонлар ёниқ қолмасин! Агар бирон “ч-п” бўлса, ҳаммангни ечинтириб, кўчага ҳайдаб чиқараман!” дегани-деган.
Энг қизиғи, бу ётоқхона даҳадаги бошқа ётоқхоналардан анча нарида, сердарахт бир хиёбоннинг этагига ўрнашган.
Дилмуродга ётоқхонанинг тинч ва хилват ерга жойлашгани ҳам, институтдошларининг шовқин-суронларию, кечки пайтлар ҳамхоналари — Самаднинг рубобни тинғиллатиб ўтиришлари, Қурбоннинг олди-қочди ҳангомалари, қизларнинг ошхона тарафдан эшитилиб турадиган қиқир-қиқирларигача яқин ва қадрдон бўлиб қолган.
Дилмурод шу тобда ўзига таниш манзараларни беихтиёр кўз олдига келтирдию, тезроқ ўша ерга кириб боргиси, ўша давраларга қўшилгиси келиб кетди. Қўлидаги бесўнақай сумкасини бандидан елкасига илиб, қадамини жадаллатди. Ниҳоят, ётоқхона биноси дарахтзор орасида қорайиб кўзга ташланди. Қатор-қатор деразалар қоронғи, аксариятида чироқ кўринмас, афтидан кўпчилик янги йил кутгани уйига ё бошқа ерга кетган, қолганлари эса биронта хонага йиғилиб олишганга ўхшайди.
Дилмурод шоша-пиша ойнаванд эшик ёнига келди. Худди кутганидек у қулфлоғлиқ экан. Тақиллатди. Жавоб бўлмади. Кафтини пешонасига тираб, ичкарига мўралади. Ичкарида ҳеч ким кўринмас, фақат кираверишдаги фойегина ёришиб турарди.
“Ана холос! Бу қанақаси бўлди? — хаёлидан кечди унинг. — Наҳотки, Тоживой ака аллақачон “отволиб” ағдарилиб ётган бўлса? Ё, битта-яримта талабанинг хонасидамикин? Ҳар қалай, янги йил киришига ярим соатча қолганда фойеда сарғайиб ўтирмаса керак… Нима қилсам экан?..”
Дилмурод эшикни муштлади. “Тоживой ака! Ҳов, Тоживой ака!” — деб чақирди. Аммо жавоб бўлмади. Кўча тарафга чиқиб деразаларга қаради. Ҳақиқатан ҳам бутун бошли бино эгаси кўчган уйдек ҳувиллаб ётар, ҳатто ўзи яшайдиган хона деразалари ҳам қоп-қоронғи, фақат учинчи-тўртинчи қаватлардаги бир-икки хоналаргина ёруғ, ўша тарафдан кулги — қийқириқ ва мусиқа садолари эшитилиб турарди.
“Наҳотки, ҳеч ким кўчага қарамаса? — умидвор ўша томонга кўз тикди Дилмурод ва ҳафсаласи сўниб, хўрсиниб қўйди. — Янги йил арафасида биров “Мулла Дилмурод келиб қолмасмиканлар?” деб кўчага қараб ўтирармиди?!..”
“Ана томошаю, мана томоша!” — кўнглидан ўтказди яна.
Шу пайт катта кўча четида машина тўхтади ва кимнингдир қораси кўринди. Қиз бола экан. У тез-тез одимлаб, югургилаб ётоқхона томон келарди. Дилмурод қизиқсиниб унга қаради.
Талаба қизлардан бўлса керак, тўғри келиб ойнаванд эшикни тақиллатди, чақирди. Яна урди. Бўлмади. Кейин жаҳл билан ер тепиниб, йўлка тарафга юрди. Худди Дилмуродга ўхшаб тепага тикилди. Чўнтагидан телефонини олиб рақам терди. У ёқдан жавоб бўлмади шекилли, уф тортиб яна атрофга аланглади. Дилмурод бўлса, ўзи ҳам сезмаган ҳолда ўша томонга йўналди.
— Яхшимисиз? — деди нима дейишини билмай.
Қиз қўрқа-писа унга бошдан-оёқ қараб қўйди.
— Сиз ҳам кўчада қолдингизми? –деди Дилмурод яна нимадир дейиши кераклигини ҳис қилиб.
— Ҳм… — хўрсинди қиз. — Қуриб кетгур эшикни қулфлаб қўйишибди…
— Ҳечқиси йўқ, — жилмайди Дилмурод. — Янги йил кирсин, кейин очишади.
— Биз-чи? — ҳайрон бўлди қиз. — Шу ерда анграйиб тураверамизми?
— Наилож! — кифт қоқиб қўйди Дилмурод. — Ҳамма янги йил кутиш билан овора. Қоровул амаки ҳам биронта хонада қўлига қадаҳ олиб тилак айтаётган бўлсалар керак! — кулди Дилмурод ва қизиқсиниб сўради. – Сиз ҳам шу ерда турасизми?
Қиз “ҳа” дегандек бош ирғади.
— Илгари кўрмаган эканман сизни, — ажабланди Дилмурод.
— Яқинда келдим, бир ойча бўлди. Ўқишим Фарғонада… пединститутда эди. Шу ерга кўчиришга тўғри келди, — деди қиз.
— Нечанчи курсдасиз?
— Учинчида, — жавоб берди қиз ва майин кулимсиради. – Сиз бешинчи курсдасиз-а?
— Ҳа, қаёқдан биласиз? — ҳайратини яширолмади Дилмурод.
—    Институтдаям, кутубхонадаям, бу ердаям кўрганман…
—    Буни қаранг, мен эса…
—    Хафа бўлманг-у, сизни “Робинзон” дейишаркан-а? –жилмайди қиз.
—    Биламан, — хижолатомуз кулимсиради Дилмурод. — Кино ё театрга тушишга, дискотекага ё компютерхонага боришга, футбол ўйнашга вақтим йўқ, — у шундай деб жиддий оҳангда қўшиб қўйди. — Мен бу ерга ўқигани келганман!
— Қизиқ бўпти-ку! — кулимсиради қиз. — Бошқалар ўйнагани келган деб ўйлайсизми?
— Йўқ, нега? — ўнғайсизланди Дилмурод. — Ўзим шунақа… Ёввойироқман шекилли-да! Болалигим тоғ-тошда ўтган…
— Унақада “Робинзон Крузо” дейишлари тўғри экан-да.
Кулишишди.
— Мен-ку, қишлоқдан келяпман, — деди Дилмурод чуқур тин олиб. — Сиз бемаҳалда нима қилиб юрибсиз?
— Тоғам касалхонада эдилар, — деди қиз. — Бир хабар олиб, табриклаб келай деб боргандим. Ҳарқалай кекса, хаста одам… Эртага борсам ҳам бўларкан…
— Йўқ, яхши иш қилибсиз. Касал йўқлаш савоб.
Орага жимлик чўкди.
— Нима энди, совуқда дийдираб тураверамизми? — катта-катта кўзларини пирпиратди қиз ва қўл соатига қараб қичқириб юбораёзди. — Вой ўла-ай, янги йил киришига ўн беш минутгина қолибди!
— Оббо! — хуноби ошди Дилмуроднинг ҳам ва ётоқхона тарафига хўмрайиб қараб қўйди. — Биз буёқда… улар уёқда мазза қилиб ўтиришибди.
— Ҳа-а, янги йилни кўчада кутиб оладиган бўлдик, — астойдил хафа бўлди қиз.
— Майли, қўяверинг. Бир умр эслаб юрамиз, — қизнинг кўнглини кўтаришга уринди Дилмурод.
— Шунақа дейсизу, алам қилади-да кишига!
— Алам қилмасин! Бизга ўхшаган, янги йилни уйида кутмаётган кишилар қанча!
Қиз тушунмагандай унга тикилди.
— Қанчадан-қанча милиционерлар, таксичилар, дўхтирлар, ҳамширалар, навбатчи телефон алоқачилари бор, — изоҳ берди йигит.
— Эссизгина, дугоналарим телефонни олишмаяпти-да, — дея қиз яна телефонида рақам тера бошлади.
— Фойдаси йўқ, — деди Дилмурод. — Ҳозир ҳеч ким эшитмайди.
— Нима қиламиз бўлмаса? Шунақа тураверамизми? — безовталанди қиз.
— Айтмоқчи, сумкамда ул-бул нарсалар бор, — деди Дилмурод жонланиб. — Қишлоқдан аям бериб юборгандилар. Патир нон, туршак, қурут, олма-анор…
— Жинни бўп қолипсиз! Кўчада ўтирмоқчимисиз? — кинояли кулимсиради қиз.
— Нима қилибди? — елка қисди Дилмурод. — “Ошинг ҳалол бўлса, кўчада ич” деб қўйибдилар. Иннайкейин, бу олма-анорлар ўзимизнинг боғимиздан. Бобом экканлар. Ёшлари ҳозир тўқсондан ошган. Табаррук. Ҳа, айтмоқчи, битта баклашкада мусаллас ҳам бор.
— Тушунмадим?
— Ҳалиги… қўлбола вино, — деди Дилмурод сумкасига қўл суқиб. — Бобом ҳар йили ўзимизнинг узумлардан тайёрлаб хумга солиб қўядилар.
— Мен ичмайман, — бош чайқади қиз.
— Мен ҳам… лекин, ҳалиги, “рамзий” дейишади-ку?!
— Йўқ, йўқ, раҳмат! — бош чайқади қиз. — Сиз бемалол анави ўриндиққа ўтириб, меҳмондорчилик қилаверинг!
— Йўқ, сиз билан! — деди Дилмурод ва қиз кўрсатган соябон остидаги пастаккина ўриндиққа яқинлашди. — Буёққа келинг!
Қиз бош чайқаб қўйди-ю, лекин барибир унга эргашди. Дилмурод тезгина ўриндиқ устига газета ёзиб, устига нон, туршак, қурут, сузма, олма-анорларни олиб қўйди.
— Келинг энди, уялманг! — Дилмурод шундай деди-ю, бирдан сумкасини кавлаб уф тортди. — Оббо, пиёла масаласи чатоқ-ку!..
— Баклашканинг оғзидан ичаверинг! — кулди қиз.
— Тўхтанг-чи! Мусалласни мана бу қопқоқчада ичсак-чи! — кафтидаги ангишвонадек елим қопқоқни кўрсатди Дилмурод.
— Бемалол ичаверинг, мен ичмайман!
— Мени хафа қиляпсиз. Ҳалиги… исмингиз нима эди?
— Мафтуна, — деди қиз.
— Ўзингизга ўхшаган чиройли исмингиз бор экан.
— Сизники-чи?
— Меники, икки қаватли, Дилмурод, — илжайди у. — Ҳам дил, ҳам мурод…
— Буям яхши исм, — деб қўйди қиз.
Дилмурод шоша-пиша елим идишнинг қопқоқчасини тўлдириб мусаллас қуйди-да, қизга қаради.
— Хўп бўлмаса, рухсатингиз билан сўз менга, — ён-верига қараб қўйди у. — Умрингиз узоқ, жонингиз соғ бўлсин, Мафтунахон! Ўқишларингиз беш бўлсин! Сиз билан танишганимдан хурсандман. Янги йилингиз билан!
— Сизниям… — деди қиз уялинқираб кўзини олиб қочаркан.
Шундан кейин икковлашиб, “дастурхон”га қўл чўзишди. Дилмурод қаламтарошни олиб анорни, олмаларни бўлаклади.
— Умуман олганда-ку… — деди қиз кутилмаганда ўйчан товушда. — Бунақа байрамларга унча ҳушим йўқ… Аслида, одам боласининг ҳар бир куни байрамдек ўтиши керак. Одам соғ бўлса, тинч бўлса, ишлари яхши бўлса, ўша кун байрам…
— Яхши гап! — уни тасдиқлади Дилмурод оғзини тўлдириб нон чайнаркан.
Мафтуна бир лаҳза жим бўлиб қолдию, кейин яна давом этди.
— Одамлар янги йил кирганига нега хурсанд бўлишади, сира тушунмайман. “Ҳой, инсон, ахир қимматли умрингдан яна бир йил ўтиб кетди-ку?” дегим келади уларга…
— Тўғрику-я, лекин янги йил барибир яхши, — деди Дилмурод бош чайқаб. — Бир ёшга улғаямиз. Ўқишнинг битиши яқинлашади. Янги йилда кўп янгиликлар бўлади. Одам эски йилда эриша олмаган нарсаларига янги йилдан умид қилади… Умид билан яшаш яхши-да.
Шу пайт бирдан шаҳар марказида кўк юзи ёришиб мушаклар отилдию, осмон сон-саноқсиз юлдузларга тўлиб кетгандек бўлди.
— Ана, Янги йил кирди, — шивирлади Мафтуна ҳаяжондан товуши титраб.
— Табриклайман, Мафтуна, — деди Дилмурод.
— Сизниям…
Ўтоқхона деразаларидан шўх мусиқа садоларию қарсаклар янгради. Икковиям илкис ўша томонга қарашди. Шунда Мафтуна бирдан: — Вой, қаранг, қор ёғаяпти! — деди ҳаяжонда ва соябон остидан чиқди.
Унинг юзига, бошига, елкаларига сон-саноқсиз оппоқ капалаклар қўна бошлади. Бу соҳир манзарадан мутаассир бўлган Дилмурод ихтиёрсиз ўрнидан туриб қизнинг ёнига келди. “Худди эртакнинг ўзи!” кўнглидан ўтди унинг.
Ўтоқхона деразаларидан бири очилиб, қизларнинг шовқини эшитилди:
— Ву-уй, қор ёғаяпти, қизлар! Қор! Мунча чиройли!..
Бошқа деразалар ҳам очилди ва кутилмаганда Дилмуроднинг ҳамхонаси Самаднинг таниш товуши қулоққа чалинди:
— Ие, анави Дилмуродми? Вой, дарвеш-ей! Нима қилиб турибди у ерда?
— Ўнидаги қиз ким бўлдийкан? — овози келди бошқа ҳамхонаси Қурбоннинг. Ва ҳаммалари “Дилмурод! Дилмурод!” деб чақира бошлашди.
Аммо шу тобда Дилмурод ҳам, Мафтуна ҳам ҳеч нимани эшитмас, ана шу эртакка айланган кеча суруридан, оқ, оппоқ қорга бурканаётган борлиқнинг тантанавор оҳангларидан маст ва масрур эдилар.
Бу кириб келган янги йилнинг илк дақиқалари эди…