Қиш фасли. Тонг. Кўк юзини булут қамраган, атрофни тутган енгил туман ойнадек йилтираб, намхуш ҳавонинг ачиққан совуқ заҳри қордан дарак бериб, димоқни шиша синиғи янглиғ аёвсиз тилимлайди. Яланғоч борлиқнинг аянч манзарасидан том устида ҳурпайган каптарлар, совуқдан таёқдек қотган торларидаги кирлари шамолдан тебранаётган, четдан кимсасиздек туюлиб тўрсайиб турган уйлар янада мунғайиб, ғариб тортгандек. Аҳён-аҳёнда эсаётган шабада хиралашиб қолган фонуслар ёғдуси синган йўл бўйлаб сочилган хазонни супуриб, уй деворларига сочади, совуқдан жунжикиб, мункайганича судралган йўловчининг этагига осилади, мудроқ дарахтларнинг қуюқ кулранг танасига суйканиб, шохларини тебратади.
Тонгги ибодатга чорлаб черков қўнғироғи баралла бонг ура бошлади. Шовқиндан гўё совуқ заҳрига дарз кетгандек бўлди, дарахт шохларида мудраб ўтирган қарғалар шовқин солишганича ҳавога кўтарилишди. Буларнинг барчасига бепарво бир тўда дайдилар йўл четида хазон ва шох-шаббалар гулханида исиниб ўтиришарди. Атрофни оловдан таралаётган кўкимтир тутуннинг ачимсиқ ҳиди тутган. Дайдилар совуқдан асраниш учун топган-тутганларини эгниларига илишган, кир-чир лата-путталар билан очиқ-ямоқ жойларини обдон ўраб олишган эди. Қоғозга хазонни ўраб чекишганича ифлос ерга ёнбошлаб олишиб, дунёда ўзларидан бошқа ҳеч ким йўқдек бақиришиб-чақиришиб гаплашишарди. Улардан анча нарида, чиқинди идиш ёнига келиб тўхтаган ўрта ҳол эгни бошдаги оқсоч одамга эътибор ҳам беришмади. Ҳашаматли уйларнинг биридан чиққан мункайган хизматкор кампир қўлида икки пақир чиқиндини идишга ағдариб ортига қайтди. Дайдилар гап билан бўлишиб, кампирнинг келиб-кетганини пайқамай қолишганди. Кампир узоқлашиши билан ҳалиги одам идишни титкилаб, нималарнидир оғзига сола бошлади. Кутилмаганда гулхан атрофида исиниб ўтирганлардан бири сергак тортди.
– Иэ, анави нусха ким бўлди? Насибамизга шерик бўлаяптими, ур уни!
Тўда бирдан оёққа турди. Улардан бири туртиниб-суринганича аввалроқ етиб келиб, нон бурдалари, яхши ғажилмаган этни ютоқиб оғзига солаётган кишига мушт туширди. Мушт зарбидан қулаган одамни калтаклаб, хуморларидан чиқишган дайдилар уни ўз ҳолига қўйишиб, чиқинди идишга ёпишишди. Калтакланган одам узун бўйли бўлиб, ақлли ва мулойим боқувчи кўзлари остининг салқиб турган терисидан юраги хасталиги билиниб турарди. Инқиллаганча ўрнидан қўзғалиб, лабидан оққан қонни артганича нарида жимгина бўзариб қолди.
– Қорангни ўчир бу ердан, текинхўр, аристократ! – дея мушт туширган дайди унга чириган картошка улоқтирди.
У одам картошкага қараб қўйди. Дайдилар кавшанишиб, ғўнғирлашганича ортларига, гулхан атрофига қайтишди. У одам ҳам шу атрофда айланиб юрди, бошқа унга эътибор ҳам беришмади. Бирор киши чиқинди олиб келса югуриб боришар, талашиб-тортишар, муштлашиб, ёқалашишгача ҳам боришар, кейин яна жимгина ҳеч нарса ўтмагандек гулхан атрофида хохолашиб, кулишиб ўтиришарди. Кечга яқин уларнинг сафи анча кенгайди. Тун яримига бориб, ҳаво чиннидек чирсиллаб, совуқ ҳаддидан ошди. Нарироқда, дарахт остида қўнишиб ўтирган ҳалиги киши дайдиларнинг тез-тез қараб қўйишаётганларидан гап ўзи ҳақида кетаётганлигини англади. Дайдилардан бири унга “кел” – дея имлади. У ўрнидан туриб, энгашганича оловга яқинлашди. Даврадагилар суриниб, гулхан яқинидан жой беришди. Мушт туширган дайди, ўрта бўйли, тўладан келган, катта-катта чуқур кўзли, йўғон жағини калта ва сийрак тук қамраган киши ҳарбийларнинг қийшайган алюмин идишида қайноқ сув тутди. Бошқа бири қотган нон бўлагини, яна бири эса чўғда кўмиб пиширилган картошка узатди.
– Менинг исмим Пол, – деди у, – булар Жак, Даниэл, Канн, Руссо, Дано, Мери хоним… – у атрофидагиларни таништирди. – Исминг нима?
– Мишел, – деди у одам хирқироқ овозда.
– Бизга ўзинг ҳақингда гапириб бер, кимсан, ота-онанг ким, нима иш қилгансан, майли, сени қолоқ ва сарқитлардан иборат жамиятимиз фуқаролигига қабул қиламиз, – деди Пол.
– Мишел Марсел, театрнинг етакчи актёри эдим.
– О, зўрсан-ку! Бу ерларга қандай келиб қолдинг?
– Олти ой аввал ишдан кетдим. Тўғрироғи, ҳайдалдим.
– Шундай жойдан нега кетдинг? Тайёр иш, маош. Бирор гуноҳ қилиб қўйдингми?
– Шунга яқинроқ.
– Бу нима деганинг? Тушунтириброқ гапир!
– Томошабин йиғиш учун театрда мантиқсиз ва мазмун-мақсади бўлмаган кассабоп спектакллар саҳналаштира бошлашди…
– Виждонинг бунақа тутуриқсизликни ҳазм қила олмаган. Бу олифтачилигинг учун эса ҳайдашди, шундайми, жаноб собиқ аристократ?
– Ҳа.
– Парво қилма, биз билан ивирсийверсанг, ўлмаслигинг учун ҳамма нарсани ҳазм қила оладиган бўласан.
– Бошқа иш изламадингми? – луқма ташлади кимдир.
– Бошқа иш қўлимдан келмайди-да.
– Театрда неча йил ишладинг?
– Ўттиз беш йил.
– Эсиз ўттиз беш йил! Ҳа, нима ҳам дердик, керагингда фойдаланиб, кейин кетингга ўхшатиб бир тепишади, – дея кимдир аламли луқма ташлади. – Камига ифлос ва пасткашга ҳам чиқасан.
– Арслон балки сиртлон билан муроса қилар, аммо ҳақиқий иқтидор эгаси ҳеч қачон ўзини аждаҳо наслидан биладиган ўлаксахўрларга бош эгмайди! Қайғурма, бу ерда ёлғиз сен эмассан. Мана, Жак, тенги йўқ рассом, – Пол шундай деб чуваккина, узун соқолли кишини кўрсатди. – Бутун Франтсиянгдан скрипкани эзиб чаладиган бирорта Руссодек одам топиб бера олмайсан, – дея кичкина юзли, мовий кўзли нозиккина йигитни кўрсатди. – Мен ўзим эса қувилган тил-адабиёт ўқитувчисиман. Дарвоқе, оиланг бормиди?
– Йўқ, – деди Мишел.
– Омадинг бор экан!
– Нега? – сўради Жак.
– Аёлларга, муҳаббатга ишониб бўлмайди, – дея оғир хўрсинди Пол. – Улар тиғсиз сўйишади.
– Тўғри айтасан, йигитча, – деди қисиқ кўз, кулчадан келган заҳил юзли, оқарган сочлари чаккасига тушиб турган қаримсиқ Мери исмли жувон, тамакидан сарғайган кемшик тишларини кўрсатиб маънисиз иршаяр экан. – Аёл худди мушукка ўхшайди, орқасини ким силаса, ўшаники бўлади. Шунинг учун гўзалини эмас, менга ўхшаган тасқара, тўрсайганини топ, сендан бошқасини дея олмайди.
Баралла янграган кулги ва қийқириқ тунги сукунатни бузди.
Бу гапдан сўнг Мишелнинг юрагини бир ўй тилиб ўтди. Аёлнинг мушукка қиёслангани унга ғалати туюлди, назарида қай маънода Мери ҳақдек эди. Кўз олдидан деярли ҳар тун безовта қиладиган черковдаги мудҳиш ва аянчли манзара ўтди…
– Ҳа, майли-да, – деди Пол. – Бер идишингни, қайноқ сувдан ич, исийсан.
Ўша тун гулхан ўчмади, барча гулхан яқинроғига ётиб, бир-бирининг пинжига кириб уйқуга кетди.
Шундай қилиб, бир вақтлар қатор роллари билан саҳна ва томошабин қалбини ларзага солган Мишелнинг дарбадар кунлари бошланди; Мишел ҳам бора-бора дайдиларнинг бирига айланди. Уларнинг ўз ҳудудлари бўлиб, бошқа дайди бу ҳудудга кириши мумкин эмасди. Баъзида ҳудуд талашишиб, гуруҳлар ўртасида тўқнашувлар ҳам бўлиб турар, бу кўп ҳолларда фожиали тарзда якунланарди. Мишел ҳам бу каби тўқнашувларда қатнашди, урди, калтак ҳам еди. Улар талашган нарса эса бирор каттароқ маҳалла ёки ошхонанинг чиқиндихонаси бўларди.
Марҳаматли баҳорнинг сўнгида, бутун ёз ва куз фаслининг бошларидагина ювиниб олишар, у ёғига шўринг қурғур бадану бош сув нималигини унутарди. Бунга шу қадар ўрганиб қолишгандики, кўп ҳолларда совуқдан эринишиб, юз-қўлларини ҳам ювишмасди. Кирланган, чиқиндихонанинг бадбўй ҳиди уриб, тердан қотиб кетган эгни- бошда юраверишар, шу сабабли одамлар улардан ирганишар, худди ҳайвонга қилингандек муносабатда бўлишарди.
Мишел ҳам одамлардан узоқроқда юрар, уларга ҳавас қилмас, жисман, маънан ҳам руҳан қашшоқланиб бормоқда эди. Бозор ва маҳалла чиқиндихоналарини кезишар, қўлга илинган емакни истеъмол қилишарди.
Шундай кунларнинг бирида «ов»га чиққан Мишел эскирган, бузилган нарса еб, оғриб қолди. Юришга мадори қолмай, дуч келган кимсасиз, ташландиқ уйнинг ертўласига тушиб, матрас увадаси устига ўзини ташлади ва бир неча кун шу ерда қолиб кетди. Бутун вужуди безгак тутгандек титрар, қорни оғриб, тинмай ўқчир, оғриқнинг зўри ва дармонсизликдан қаро терга тушиб кетганди. Ертўла қоронғи, жуда хароба, тартибсиз аҳволда бўлиб, синган стол-стул, каравот, турли темир-тақа ва кераксиз буюмлар бир томонга уюлганди. Унда-мунда сичқон-каламушлар югургилаб, ўлжа илинжида кирган мушуклар изғиб қолишарди.
Мишел кўнгли айниб қайт қилди. Ўзини жуда ёмон ҳис қилди, оғриқнинг зўридан инграй-инграй ҳушидан кетди. Туш кўрдими, ё кўз олдидан ўтмиши бирма-бир ўтдими, англай олмади.
…Ота-онасининг кимлигини билмасди. Билгани, эслай олгани: пастқам тош деворли зах хона, аллақандай чиринди, ачимсиқ баъзан буғ аралаш ҳидлар, кўпираётган мағзава, ҳатто, деворларгада сингиб кетган совуннинг ёқимсиз ҳиди, кир-чир ямоқ пешбанд ва бўлиқ, совуқдан гезариб, кўкариб кетган меҳрибон қўллар тафти. Чироқ ёруғида ҳаракатланаётган девордаги улкан кўланкалар. Дорга илинган ҳисобсиз кирлар… Мурғак қалби идрок эта олгани шу, холос. Кейин булар ўрнини черков қўнғироғи шовқини, қулоқни қоматга келтирувчи узундан-узоқ дуолар эгаллади…
Бир оз ақлини таний бошлагач, роҳиба Терезадан черков олдида ташлаб кетилганини билди. Шу ерда қолиб, бош роҳиб, етмишдан ошиб қолган изуэт отахоннинг хизматида бўлди. Бу инсон чинданда тақводор, солиҳ иймонли киши эди. Изуэт отахон ҳаётда тўғри сўз, ҳалол инсон бўлишни ва ҳақиқат-эзгулик учун курашиб яшашликни унинг қалбига сингдирди. Унинг ўгитларига амал қилган Мишелнинг иши юришмади, бири икки бўлмади, бутун ҳаёти ёлғизликда ўтди…
Унга кўп меҳрибонликлар кўрсатган бу отахон оламдан ўтгач, ўрнига бошқа роҳиб келди. Мишел унга ҳам аввалгидек итоат ва садоқат билан хизмат қилиб юраверди. Кунлардан бир кун ибодатдан сўнг роҳиб уни бир юмуш билан таниш савдогарникига жўнатди. Бу савдогарнинг уйи анча олисда бўлиб, бахтга қарши шаҳарга отланган савдогарнинг ўзи йўлидан чиқиб қолди. Мишел роҳибнинг топшириғи ва омонатини савдогарга топширгач, йўл ярмидан ортига қайтди. Одатда, ҳамиша очиқ турадиган ибодатхона эшиги ёпиқ экан, орқа эшикдан киришга тўғри келди. Ўша томондаги тош зина остида жойлашган аёллар кийиниш хонаси ёнидан ўтиб кетаётиб, қулоғига аёл кишининг нозланиб ҳиринглаган, эркаланиб кулган овози ва эркак кишининг бўғиқ ҳансираши эшитилди. Аёл овози юракни ўртар даражада таниш эди. Қизиқиш устун келиб, шошишгани боис ва эҳтирос зўридан зинокорлар ёпишни унутган ёғоч эшикни очиб ичкарига мўралади-ю…
Роҳибнинг бағрида ҳузурнинг зўридан кўзларини юмиб, мушукка ўхшаб миёвлаётган хизматкор қиз Мишелни кўриб аввалига бақадек қотди, сўнгра овозининг борича чинқириб юборди. Қўрқиб кетган семиз, қориндор роҳиб ўрнидан ирғиб турмоқчи бўлиб, ўзини ўнглай олмай ёнбошига қулаб, калта, семиз оёқ-қўлларини беўхшов типирчилатганича қолаверди. Бу жирканч манзара Мишелнинг кўз ўнгида абадий қолиб кетди.
Мишел эшикни бор кучи билан қарсиллатиб ёпди, аслида у ўз юрагининг инсонларга бўлган ишонч эшигини ёпганди. У кўзларидан ҳисобсиз ёшларни оқизганича боши оққан томонга югуриб кетди. У алданганди, ибодатга ва муҳаббатга тўла қалби чилпарчин бўлган, маънан гўзал илоҳий пок оламида ишонч деб аталмиш улуғ туйғуга дарз етганди. Энг алам қиладиган жиҳати, қиз ваъдалашган, изҳори дил қилган севгилиси эди.
Энди у, ҳатто, севишдан ҳам қўрқиб қолганди. Шу туйғу билан қалбига аёлларга нисбатан нафрат ва ишончсизлик туйғуси кириб келди ва кейин туғилган саволларга ҳам ҳаётдан шу тарзда жавоб топиб, мазкур қарашлари абадий муқаррарлигича қолиб кетди…
У йиғига монанд қандайдир овоздан сесканиб уйғонди. Тун қоронғиси экан. Аввалига ўтмишдаги оғриқли туши сабаб қаэрда эканини англай олмай гарангсиди. У ўзини ҳали ҳам черковдан қочиб чиққан ҳолда, ёмғир остидаги лой кўчада тургандек ҳис қилган, шу тарзда уйғонганди. У бу тушларни кўп, жуда кўп маротаба, деярли ҳар кеча: черковдан кетиб кўчма тсирк масхарабозига ёрдамчи бўлиб ишга кирганда ҳам; у ердан кетиб театрда ишлаб юрган кезлари ҳам кўрарди. Бу туш руҳига, жисми-жонига ситилиб кириб, қалби-шуурига қўрғошин сувидек сингиб кетганди.
Зах ва қўланса ҳидли, эшик-деразасиз ертўла чидаб бўлмас даражада совуқ бўлиб, ичкарида ўлжа талашаётган икки мушук бор овозда ваҳима солиб миёвлашарди.
Бу ерда ўлса мушук ва каламушларга емиш бўлишини ўйлаб, ўз-ўзидан оғриниб кетди. Ўрнидан базўр туриб ташқарига йўл олди. Мадорсизликдан боши айланар, оёқлари қалтираб, силласи тобора қуриб борарди. Изғирин шамолдан қотган, ой ёғдусида шишадек йилтиллаётган қорли кимсасиз кўчаларда тентирай-тентирай амаллаб гулхан атрофида ухлашаётган шериклари ёнига етиб борди.
Эртаси куни барча дайдилар тирикчилик илинжида «ов»га жўнашиб, Мишел мадорсизлиги учун гулхан ёнида қолди. Бир неча бор юраги безовта қилди. Бу ҳаётда орттирган ягона садоқатли бойлиги эди. Бу ўша роҳибдан, илк муҳаббатидан кейин…кейин ҳам ҳаётида одамлардан етган туҳфа эди.
Туни билан ухлай олмагани учунми чарчоқ ғолиб келиб гулхан тафти элитди ва кўзи илинди. Яна туш кўрди. Ҳатто қиёфасини ҳам эслай олмайдиган онаси илк бора тушига кирибди. Лўппи юзли, тўладан келган истараси иссиққина аёл экан. Дардчил нигоҳи меҳр-ла боқарди. Туши бўлса-да, Мишел бу каби меҳр билан боққан самимий нигоҳни бутун ҳаёти давомида топа олмаганлигини идрокида эътироф этди. Онаси пешонасидан ўпиб, сочларини силарди. Бир неча томчи кўзёшлари пешонасига томди.
Мишел болакайга айланиб, онасининг кўксига юзини босганича ўксиб, тўйиб-тўйиб йиғлайверди.
Кейин… кейин она маъюс жилмайиб борлиққа сингиб кета бошлади.
– Кетманг, онажон, кетманг! Мени кимларга ташлаб кетаяпсиз, – ўша митти болакай Мишел йиғлаганича уйғонди. Гулхан учқунлаб турар, шамол кучайган, пешонасига тушиб турган сочларини силаб-сийпалар эди. Йиғлабди, ёноқлари ҳўл эди. Ёшларини артган Мишел чуқур хўрсиниб, гулханни алангалантириш учун ён-веридаги шох-шаббалар ва аллақандай китоб варақлари, қоғозларни ташлай бошлади. Ногоҳ қоғоздаги ёзувга кўзи тушиб, беихтиёр ўқиди. Ажабо, Амир Темур исмли туркийлар ҳоқонининг франтсуз тилига ўгирилган битиклари эди:
«Агар инсон бирор нарсани истаса ва ўшанга астойдил ҳаракат қилса, мақсадига албатта эришади! Унинг буюклиги, қудрати шунда! Бу заминда инсоннинг қўлидан келмайдиган иш йўқ. Фақат ожиз ва нотавон маҳлуқсифатларгина бу дунёдан мақсадсиз ўтади, ҳеч нарсага уриниб ҳам кўрмайди. Бахт ҳаракатда! Энг муҳими, олий мақсад! Энг муҳими, қатъий истак ва интилиш! Бу дунёда инсон қаршисида…
Битикнинг шу ери йиртилганди. Мишел эслади, йиртиб оловга ташлаганди. Қўлини ёниб турган гулханга тиқиб, бир неча саҳифани тортиб олди, ёнаётган ҳошияларни ўчирди ва давомини топиб ўқиди.
…тиз чўкмайдиган бирор куч, ошиб бўлмас довон йўқ! Мен нимагаки эришган бўлсам, мана шу истак ва ҳаракатлар натижасида эришдим! Ҳаммаси инсонинг ўзига боғлиқ!
Бу сўзлар Мишелни қаттиқ ларзага солди. Кирланиб қорайган бармоғидаги ҳошияси куйган парча қоғозга қараганича қаттиқ ўйга толди.
– Ким у Амир Темур? Ким у туркий ҳукмдор? Мен уни ўрганишим керак. Йўқ! Унинг сўзлари орқали ўзимни танишим, ўзлигимни англашим керак!
Мишел шундай дея ўрнидан турди ва кутубхонага кетди. Кутубхона ходимлари ва китобхонлар сиёғида одамийликдан нишона қолмаган дайдининг хатти-ҳаракатини қизиқсиниб ҳам бир оз ирганиб кузата бошлашди. Кўплаб китобларни ўқиб, ўрганган Мишел Амир Темурнинг куч-қудрати ва салоҳиятда беқиёс бўлганлигини англади.
– Шекспирнинг «Ромео ва Жулетта»си дунёни ҳайратга солди, титратди, нега мен ўз асаримни ярата олмас эканман?! – деди у ўзига ўзи.
Юрагида бир ўт ёндики, кечинмаларини ифодалашга тушиб кетди. Уни на тирикчилик ғами, на эрта ва тонг қизиқтирарди, ётса-турса хаёлида шу иш бўлди, ҳамма нарсани унутди. У кутубхонадан топган Карло Марлонинг «Буюк Темурланг» трагедияси устида ишлай бошлади.
Дайдилар бу ишидан кулишар, «буюк онларини соғинибди, ўша дамларига қайтмоқчи!» деб жиғига тегишарди. Мишел аҳамият бермади, ишида давом этди. Қоғоз, сиёҳ ва патқалам олишга пули йўқ эди. Бир томони ишлатилган, ғижимланган қоғозларни топиб, иккинчи томонига ёнган чўпнинг қораси билан ёза бошлади.
Қайта-қайта ёзди, қайта-қайта ишлади. Орадан бир йилга яқин вақт ўтиб Мишел трагедия устида ишлашни тугатди. Шоҳ асар битгани, агар у саҳнага олиб чиқилса бутун дунё аҳлини ҳайратга солиши мумкинлигини юраги, идроки фаҳм этиб турарди. Энди ниятни амалга ошириш қолганди.
«Ким ёрдам беради? Кимдан умид қилса бўлади? Яна ўша кассабоп спектакллар саҳналаштиришни одат қилиб олган туруми йўқ, саёз фикрли режиссёрлар ва нўноқ, аммо ўзини еттинчи осмонда биладиган актёрларгами?»
У нима қилишни, бошини қай тошга уришни билмасди. Рождествони барча дайдилар байрам қилишди. Мишел эса уларнинг ўйин-кулгусини жимгина, маъюс ва хомуш кузатиб ўтирарди. Уни улуғ истак мафтун қилиб, руҳида безовталик исён гулханини ёққанди. Шунда у скрипкани қийиб чалаётган Руссо, атрофида рақсга тушаётган дайдиларга тикилиб қолди-да, хаёлига келган ўйдан қувонгани боис қийқириб юбориб, ўзи ҳам ўйинга тушиб кетди.
Бир йилдан буён мум тишлаган одамнинг тўсатдан бундай қувониши барчани ҳайратга солганди.
– Жаноблар! – ҳайқирди Мишел. – Жамиятнинг ҳеч кимга кераги бўлмаган сарқит қатлам аҳли! Биз нега бундай яшашимиз керак?
– Яшашимизга нима қилибди? – деди дайдилардан бири ўйиндан тўхтаб.
– Бундан ортиғини ҳавас қилиб ўзингни азоблама, қўлимиздан нима ҳам келарди, – деди Пол.
– Бизлар буюк ишларга қодирмиз!
– Қўйсанг-чи! Нима, устимиздан кулаяпсанми?
– Агар истасаларинг биз жамият учун энг керакли, ҳурматли ва бой кишиларга айланишимиз мумкин!
– Ким ҳам бизни одам ўрнида кўрарди? – деди Мери ўксиниб.
– Агар биз ўзимизни қадрламас эканмиз, ким бизни қадрларди? Агар биз ўзимизга керак эмас эканмиз, ўзимизни инсон деб билмас эканмиз, ким бизларга инсонлардек муносабатда бўлиши мумкин?
– Мишел, сен эсингни ебсан, вос-вос бўлиб қолибсан! Худо бизларга шундай тақдир берган! Шундай яшаймиз ва шундай ўламиз, бу тақдир!
– Йўқ! Бу бекор гап, худо ҳеч кимни қул қилиб яратмаган! – Тушунсанглар-чи ахир! – жазавага тушиб бақирди Мишел. –Ҳаммаси ўзимизга боғлиқ!
– Хўш, нима қилмоқчисан? Нима қилишимизни истайсан? – сўради Пол.
– Спектакл қўямиз!
– Ким билан, мана шу бир тўда саводсиз, ҳеч кимга кераги йўқ ялангоёқлар биланми?
– Ҳали бутун олам мана шу ялангоёқлар билан ҳисоблашади! Шу ҳам яшашми, шу ҳам ҳаётми? Ораларингдан ким инсондек яшашни, инсон бўлиб ўлишни истайди? Ким?
– Мен! – деди биттаси ва яқин атрофдан шу каби эътирофлар кўпайди.
– Ана кўрдингми, Пол, муҳими истак бор! Сен айтаётган мана шу ялангоёқлардан бири ўқитувчи, мусиқачи, бири бастакор ва яна бири рассом. Мен ҳаммасини уддалайман, ёрдамларинг керак фақат. Сўз бераман, сизлар жамиятнинг энг бой ва обрўли инсонларига айланасизлар! Илтимос, менга ишонинглар! Бир марта, бир мартагина имконият беринглар! Ўтиниб сўрайман, Пол, бирор нарса десанг-чи!
Бу гапдан сўнг барча бир-бирига қараб қолди.
– Бирор нарса чиқишига ишонмайманда, – деди Пол оғир хўрсиниб, иккиланганича.
– Бир уриниб кўрайлик, нима ҳам йўқотардик. Нима дединглар?
– Тўғри, – деди Жак.
– Розимисизлар? – сўради Мишел.
– Розимиз! – дейишди барча баралла.
Уларни бу ишнинг моҳияти ва якуни жуда қизиқтираётган эди.
– Унда, Руссо, сен мусиқа басталайсан! Жак, декоратсия сенинг бўйнингга! Мўри тозаловчи Бен, сен чироқ устаси бўласан!
– Уддалай олармиканман? – деди Бен.
– Уддалайсан! Мен сенга ишонаман, сен кучли инсонсан, ҳаммаларингга ишонаман. Сизлар уддалайсизлар!
Мишелнинг кўзлари ёниб турар, мутлақо ўзгариб кетган, мункайган, касалманд аввалги Мишелга мутлақо ўхшамасди.
– Пол, сен менга ҳам ёрдамчи, ҳам адабий маслаҳатчи, бўласан. Мен режиссёрлик қиламан! Ҳозир эса мен сизларга ёзган нарсамни ўқиб бераман! Хуллас, шундай! «Буюк Темур ва Ромео!».
Рождество бир четда қолиб Мишел трагедияни ўқишга тушиб кетди. Ҳамма қилт этмай эшитди. Ўқиб тугатганда юзлар ифодаси ўзгармади. Улар ҳайрат ботқоғига ботишганди.
– Ўзинг ёздингми, Мишел? – сўради Пол.
Мишел синиқ табассум қилди:
– Карло Марлонинг «Буюк Темурланг» трагедиясини ишладим.
– Зўр асар бўлибди. Аммо биз буни саҳналаштира оламизми?
– Ҳа! Уддалаймиз. Шунчаки, ўз истагимизни ижро этсак бўлди. Театрдагилар ҳам биздек одамларда. Одам қилган ишни, одам қила олади. Шундай эмасми? Келинглар бирга бақирамиз! «Биз удалаймиз, бу бизнинг қўлимиздан келади!»
Барча бу сўзларни баланд товушда қайта-қайта такрорлади.
Шундан сўнг улар ишга киришиб кетишди. Ҳатто ўзини тутиб юришни ҳам унутган одамларга саҳна маданиятини ўргатиш осон кечмасди. Мишел асабийлашар, бақирар, сўзларни қайта-қайта такрорлаб, хатти-ҳаракатларини кўрсатиб берарди. Кўчадан ўтиб-қайтаётган одамлар чиқиндихона атрофидаги бир тўда телба, дайдиларнинг ғалати, қовушмаётган хатти-ҳаракатини кўриб ўзларини кулгудан тийиша олишмасди. Мишел ўз ишини уддалай олмай қийналаётган, тушкунликка тушиб қолаётган биродарлари кўнглини кўтарар, яхши гапириб, у ёқдан-бу ёққа тинимсиз югурар, овози борича қичқирарди. У бу ишга бутун борлиғини берганди. Тунлари ҳамма ухлагандан кейин атрофни айланганча асарнинг ҳар бир қисмига катта аҳамият берар, ролларни қайта-қайта ўзи ижро қилиб кўрар, янги-янги ечимлар ўйлаб топар, баъзида топилмаларидан қийқириб ўйинга ҳам тушиб кетарди. Кейинги кунларда у овқат емай, кундузлари бир оз мизғиганини инобатга олмаса, ухламай ҳам қўйганди. Ҳатто, қаттиқ чарчоқ ва асабийлашганидан бир неча бора чап кўксини чангаллаганича йиқилди ҳам. Дайдиларнинг бирига дўқ урди, бирига ялиниб-ёлворди, яна бирини умидлантирди, кўнглини топиб муроса қилди. Бора-бора хатти-ҳаракатлари келиша бошлади. Мишелнинг маҳорати сабаб саҳнадаги хаёлий ҳаёт дайдилар ҳаётига кўчди. Гулхан атрофида ҳам, «ов» вақтида ҳам саҳна сўзлари янгради.
Ҳадемай дайдилар хулқ-атворида ўзгариш юз берди: ўзларига шахс сифатида қарайдиган, иложи борича тоза юрадиган бўлишди, чиқиндихона емакларидан иргана бошлашди. Улар энди турли майда-чуйда хизматлар қилишар ва топганларини ўртада бўлишар эди. Ертўлалардан бирини тозалаб, ўша ерга кўчишди.
Чиқинди қоғозлар, плакат ва бўёқ чапланган эски либос ва матолардан саҳна декоратсияси яратилди. Аммо Руссо яратган мусиқалардан Мишелнинг кўнгли тўлмасди.
– Унда бошқа яхши бастакор топ, мен кетаман! – деди чидай олмаган Руссо.
– Тушунсанг-чи, ахир, бу мадҳия ҳам, мотам марши ҳам эмас! Сен портлашинг керак. Исёнинг керак! Агар сен бу ишни уддалай олмасанг, барча меҳнатларимиз бир пул бўлади! Эшитяпсанми, бир пул бўлади. Сен қаҳрамонларнинг айта олмаган гаплари, ички кечинмаларини мусиқанг орқали томошабинларга очиб беришинг керак. Сенда дард бор, чиқар уни! Портласанг-чи, азизим, ўтинаман, портла!
– Йўқ, менда бундай иқтидор йўқ! Тушунсанг-чи, қўлимдан келмайди! Уддалаганимда бундай ҳолга тушмасдим!
– Сен уддалайсан!
– Йўқ! Мени ортиқ қийнама, тегма менга!
Руссо бошини чангаллаб нари юрди, барча уларга қараб турарди.
– Руссо, азизим. Мана, ёшинг қирқ бешга ҳам кириб қўйди. На уйинг, на хотининг ва на бола-чақанг бор, наҳот шу ҳаёт керак сенга? Наҳот ёнингда ёринг, уйинг бўлишини, болаларинг елкангга чиқиб ўйнашларини, сен билан фахрланишларини истамайсан?
Чамаси, бу гап Руссонинг суяк-суягидан ўтиб кетиб, аламини чандон ўртаб юборди.
– Бас қил! Менга ақл ўргатма! Ҳеч нарсани ўзгартира олмайсан. Сен бир аҳмоқ одамсан, – деди Руссо оғзидан тупук сачратганча.
Мишел Руссонинг юзига мушт тушурди. Касалманд, базўр оёқда туриб, кейинги вақтларда юраги тез-тез безовта қилиб тўшакка михланиб қолаётган Мишел зарбаси кутилмаган бўлди. Руссо ерга қулади. Сўнгра ўрнидан отилиб туриб, Мишелга яқин келди.
– Ур! – дея ҳайқирди Мишел – Ур! Нега урмаяпсан? Сенда ғурур, ҳамият йўқ. Ҳатто мушт тушириш ҳам қўлингдан келмайди! Қара! Яхшилаб қара! Шунча одам сенга кўз тиккан, наҳот уларнинг тақдирига бефарқ бўлсанг? Наҳот шунча меҳнат, ҳаракат ва умидни синдирсанг?
– Тупурдим ҳаммасига, тушундингми, тупурдим. Барибир ҳеч кимлигимизча қоламиз. Қўлимиздан ҳеч нарса келмайди.
– Сен инсонсан ахир, дунёга одам бўлиб келгансан, тангри берган имкониятларингдан рўёбга чиқар, фойдалан, инсон бўлиб яша!
– Йўқ! Мен одам эмасман, ҳеч кими йўқ дайдиман. Онамдан ҳам дайди бўлиб туғилганман, тушундингми, аҳмоқ, хаёлпараст!
– Тўғри, балки чиндан ҳам хаёлпарастман. Тўғри, аҳмоқдирман, аммо мен сени инсон, чин инсон қиёфасида кўришни истайман!
– Ҳеч нарсани ўзгартира олмайсан, қўлингдан ҳеч нарса келмайди!
Руссо шундай деганча тупуриниб улардан узоқлашди.
Орадан бир ой ўтди. Мишел аҳдидан қайтмади, ишида давом этди.
– Пол! Азизим, сен режиссёрликни яхшилаб ўрганишинг керак.
– Мен мактаб кўрмаган бўлсам…
– Йўқ! Муҳими иқтидор, илоҳий иқтидор, – деди Мишел.
– Нима қиламан, ахир сен борсан-ку?!
Мишел жавобан синиқ жилмайиб, елкасига дўстона меҳр билан қоқиб қўйди.
Тун ярмида Руссо қайтиб келди, ёнида бир йигит ҳам бор эди.
– Турларинг текинхўр, ярамас, ишёқмаслар! Буюк бастакор қайтди! Ишлаш вақти етди!
Атрофни скрипканинг гоҳ мунгли, гоҳ шодон ноласи тутиб кетди. Барча уни маҳлиё бўлганича тингларди. Мишелни икки киши суяб олиб келишди.
Руссо мусиқасини тугатгач, Мишелга яқин келди.
– Енгдинг, қария! Сен ҳақ экансан, мени кечир, – дея Мишелнинг елкасига бош қўйди. – Мен кетолмадим, кучим етмади.
– Билардим, азизим, уддалашингни, келишингни билардим, – деди Мишел ва уни бағрига маҳкам босди.
Мишел спектакл охирини Полнинг ўзига қўйиб берди. Пол чиндан ҳам режиссёра борасида ажойиб ва бетакрор иқтидор эгаси эди. Уч ойдан сўнг куз фасли бошларида спектакл тайёр бўлди. Спектакл охирги марта «бадиий ва жамоатчилик кенгаши» учун ўйналди. Бу Мишел ва Пол эди. Спектакл Мишел кутганидан ҳам аълороқ чиққанди. Мишел қувончидан йиғларди, у уддалаганди, улар уддалашганди. У ҳаммани бирма-бир қучди, ўпди, кўзёшларини юзларига суртиб бағрига босиб миннатдорчилик билдирди. Эртаси куни спектакл шаҳарнинг катта майдонида ўйналадиган бўлди. Юраги безовта қилаётган Мишел улар билан бора олмасди, юраги қаттиқ санчиб, тўшакка михланди. Биродарларига омад тиларкан деди:
– Биламан! Сизлар буни уддалайсизлар! Сизларни ҳали олдинда шон-шуҳрат кутиб турибди! Сизлар яратган бу спектакл ҳали дунёни ларзага солади! Мен сизларни, азизларим, мана шу ерда ғалаба билан қутлаб, табассум билан кутиб оламан! Олға!
Дайдилар шаҳар марказидаги катта хиёбон сари йўл олишди.
Аввалига кўп минг сонли оломон ҳайрон бўлиб, кула бошлашди. Олма, анор, банан, тухум ва мева-чева пўчоқлари улоқтирилди.
Дайдилар эътибор бермай саҳнани тиклашди. Аммо ич-ичларидан қаттиқ ҳавотир туюшарди. Бу ҳол Пол саҳнага чиқиб спектаклни эълон қилганда жуда билинди.
– Йўқол инингга, ҳайвон!
– Исқиртлар, кўчани булғамасдан йўқолларинг!
– Фуу, ҳаммаёқ сасиб кетди. Чиқиндихона шаҳар ўртасига кўчибди, ҳожатхонангни ҳам олиб кел, ипирисқилар!
Таъна-дашномлар, суяк-суякка қўрғошин эритмасидек ботиб бораётган охири йўқ ҳақоратлар…
Гувиллаётган оломон скрипка ва ноғоралардан таралаётган мусиқадан сўнг аста-секин тинчлана бошлади. Бир оз ўтиб оломоннинг уни-да чиқмай қолди. Уларни табора спектаклнинг маҳобати, «актёр»ларнинг санъати, мусиқа ва образларнинг ёрқин талқини ҳайратга солиб борарди. Спектакл тугаши билан ҳавони беқиёс олқиш, ҳайқириқ ва қарсаклар тутиб кетди. Атрофдан танга-пуллар, гуллар ёмғирдек ёғила бошлади. Дайдилар қувончларидан бир-бирларини қучоқлашганча ирғишлашар, йиғлашарди. Халқ эса олқишда давом этарди.
Илгари нафратланган, жирканган одамлар уларга энди қандайдир хайрихоҳ, ҳайрат ва андак ҳурмат билан боқишар, кўпчилик, ҳатто, самимий табассум ҳам қилишарди.
Сал илгари шаҳар ҳокими ўтиб қолган, спектаклни кўриб ҳайратга тушган ва қайтиши билан одамларига уларни топиш, қўллаб-қувватлаш ва керакли жиҳозлар билан таъминлаш тўғрисида фармойиш берган эди.
Дайдилар қўни-қўнжи совға-саломга тўлиб ертўлага кириб келишди. Ўзлари томон мамнун қараб турган Мишелни кўриб қувончдан бор овозда қийқириб юборишди. Аммо бу қувонч бир муддат ўтиб, мунг, ўкинч ва аламли йиғига айланди.
Мишел Марсел ўз сўзида турган, уларнинг омадига ишонган ва энг сўнгги дақиқада ҳам қувончларига шерик бўлиш учун кўзларини эшикка тикиб, жилмайганча жон берганди.