– Нима? – аянч овозда қичқирди у. – Сен ўйлайсанки, мен розиманми? Йўқ!
Кўзларидан шашқатор сизаётган ёш титроқ иякларидан томчиларди.
– Мен ҳам фарзандларим азасидаман!..
Ҳўнграб йиғлаганича тиззаланди.
– Сувонқулнинг!.. Қосимнинг!.. Жайноқнинг!..
Ҳар бир айтилган исм ортидан янада қаттиқроқ ҳўнгроқ тутар, титраб-қақшаб йиғларди. Қунишиб муштдек бўлиб қолди: сув бўлиб йиғлади, сел бўлиб йиғлади. Чинқирганча деди:
– Бутун ҳалок бўлганларнинг ўрни ҳувиллаб ётибди бағримда…
Ичи-ичидан уйғонган дард, исён, изтироб алангаси сабаб ҳаво етмай, бир муддат минғирлаб, гапира олмай, айтмоқчи бўлган сўзининг аввали ямланди, сўнгра қолгани бўғзидан ҳирқироқ нидо бўлиб янгради.
…уларни чақираман, уларга илтижо қиламан;
Қанисиз, эй, менинг паҳлавонларим!..
Қанисиз, жигаргўшаларим!..
Туринг ўрнингиздан! Қаровсиз қолдим!.. Ҳалок бўлаяпман!..
Қани энди кела қолса Сувонқул, кетмонини олиб.
Қани энди кела қолса Қосим, комбайнига миниб.
Қани энди кела қолса Жайноқ, аравасини шалдиратиб.
Афсус!.. Афсус улар ҳамон жим, ҳамон дараксиз…
Коридорда қадам товуши эшитилди. Эшик очилди ва хона чироғи ёнди. Кампир қамашган кўзларини салқи териси дарахт пўстлоғи сингари буришган билаклари билан тўсди.
– Яна чироқни ёқмабсиз! – деди кириб келган қирқ беш ёшлар атрофидаги жувон ортига, коридор томон ўгирилиб зарда билан.
– Э, ўша… чироғиниям… – дўриллаган овоз эшитилди ташқаридан ва уйқуси бузилганидан норози қиёфада, елкасида тунги халат, бароқ қош, қирра бурнидан чиқиб турган ўсиқ туклари найза каби дикрайган, лаблари чўччайган эллик-эллик беш ёшлар атрофидаги тепакал, қориндор нусха пишиллаганича кўриниш берди.
Азбаройи семизлигидан гриллни эслатувчи жувон эса қуш қаноти каби кўтарилиб қолган калта қўлларини ачиган хамир каби кўпчиган қат-қат биқинига тираганича киртайган кўзларини кампирга тикди.
– Яна нима бўлаяпти? – деди гавдасига номутаносиб ингичка овозда. – Нима? Тинчлик борми ўзи сизнинг дастингиздан, йўқми?
Кампир уларни пайқамади ҳам; девор томон талпинди, бўшлиқ аро узоқ-узоқларга қараб кўзларидан дув-дув ёш тўкиб, қўлларини илтижоли чўзганича давом этди.
– Қани?.. Қани?.. Хайрлашмадик-ку. Ёлғизим, омон бориб қайт! Ҳаддан ташқари севганим, муҳаббатнинг меъёрини билмаганим учун мени кечир…
Хомуш тортди. Бошини хам қилиб, яна кўтарганда яноқларида йилтираётган ёш кўринди.
– …Қанот чиқарган бургутдек тез ғойиб бўлди… Ҳатто қумда оёқ изларини ҳам қолдирмабди.
Кампир ниманидир излагандек тимирскилана бошлади.
– Ойи!
– Фойдаси йўқ, у барибир сени эшитмайди! – деди эркак сигарета тутатар экан.
– Излар… излар… – илондек вишиллади кампир. – Ясонимнинг излари… Мен уларни кўзларимга суртиб, ўпган бўлардим…
– Ётинг ўрнингизга! Ётинг! – ғазабининг зўридан титрай бошлаган қизи уни зўрлик билан ўрнига ётқизиш учун лапанглаб у томон одимлади.
Кутилмаганда кампирнинг кўзларида ёввойи ўт ёлқинланди. Билагидан тутмоқчи бўлган қизининг дўмбоқ қўлини силтаб ташлаб ўрнидан турди.
– Шундай дейишингни, мени жонингдан ортиқ кўришингни билардим. Бироқ, севгинг бора-бора сўнишидан қўрқаман, холос… Мен сингари, мажнунона севишингни истайман. Мен эса сен билан ўтказган бир соатлик умримни дунёнинг бутун бойликларига, элимизнинг сен сингари машҳур паҳлавону шаҳаншоҳларига, ҳатто умрбоқий худоларга алишмайман…
Кампир қизига юзланди, аммо ҳақиқатда уни кўрмаётгани қарашларида акс этарди.
– Ясон, азизим, мен сени ҳеч кимга, ҳатто ўлимга ҳам бермайман. Фақат иккаламизгина бирга бўлишимиз учун бўйнингга осилиб оламан… Ўзимдан бир қадам узоқлатмаслик учун танангга чирмовуқдек, мана бундай ёпишиб оламан…
– Бу нима қилганингиз, тортинг қўлингизни! – кутилмаган ҳамладан жувон сесканиб тисарилганди бутун бадани лорсиллаб кетди. Эри эса майкасини туртиб-кўтариб ташлаётган жундор қорнини селкиллатиб кулди.
– …Ҳа-ҳа, Ясон. Кулма, мендан қочиб қутила олмайсан… Эй, худолар, нима қилсамки, севимли эримни бу хатарли йўлдан қайтарсам!?
– Кампирни тахтига элтиб қўй, барибир ухламайди. Ҳалиги маслаҳатимни эса яна бир ўйлаб кўр!
Эркак тамадди қилиш илинжида ошхона томон юрди.
– …Телба қалбимнинг ҳарорати толиқтирдими сени? Мен учун сендан ўзга ҳаёт йўқ! Чунки сен мен учун илоҳий зотсан! Фақат сенгагина сажда қилишни истаганим учун мени айблама!..
– Етар!
Қизи кампирнинг ожиз қаршилигини енгиб, турткилаб-итарганича меҳмонхонага олиб туша бошлади. Кампир ўзини билмас, алланималарнидир ожизона шивирлаб, қўлларини ҳавода силкитганича атрофга алангларди.
…аллақандай шовқиндан сесканиб уйғониб, ўзини тебранма тўқима курсида ўтирган ҳолда кўрди.
Томоғи қуруқшаган, қулоғи шанғиллар, суяклари ҳам оғирдан-оғир, бутун вужуди алланечук беҳол зирқирар, тиззасидаги одеял, елкасидаги рўмол ҳам тоб ташлаб уни эзаётгандек малол келарди.
Аввалига қаерда эканлигини англай олмади, рўпарадаги деразадан оқариб кўринган арча ва гупиллаб ёғаётган қор манзараси диққатини тортди. Шамол уни ҳар томон бошқарар, бирида улоқиб олиб кетса, баъзида деразага келтириб урарди. Шу тобда ўзини худди қор парчасидек ёлғиз ва ожиз ҳис қилди ва бундан нафаси қисилиб қолгандек бўғила бошлади. Бир неча бор ютинди, наф бермади. Ён томондан шовур англаб ўгирилди, хона ўртасидаги стол атрофида овқатланаётганларга кўзи тушди.
Сўнгра нигоҳини дераза бурчагидаги аквариумга тикди. Чеҳраси ёришиб, қақроқ лабларига нимтабассум югурди: гўдагининг қилиқларидан завқланаётган онадек аквариум ичидаги саламандраларнинг ҳаракатларини кузата бошлади.
Калтакесаксифат, катталиги бармоқдек келадиган кулранг-қора жирканч бу махлуқчалар нимаси билан кампиршони бунчалик ром қилганини қизи ва куёви сира тушуна олишмасди.
Қаердандир, кўча-кўйдами ёхуд қўшни ҳовлидан, гўдакнинг биғиллаб йиғлагани эшитилди. Бу шундай туюлдими ёки ҳақиқатда, англай олмади. Аммо бу овоз кампирга жуда қаттиқ таъсир қилди, безовталаниб қолди. Ўрнидан туриб улар томон юраркан, нажот истагандек қўлларини улар томон узатди.
– Мен… мен қотил онаман…
Йиғлаб юборди.
– Иложим қанча болаларим, жигарбандларим. Сизларни ўлдириш қанчалик дардли, қанчалик оғир бўлмасин, ўлдиришим шарт.
– Шуниси етмай турувди, – дея минғирлади куёви.
– Мен сизларнинг бошқалар қўлида тилка-пора бўлишингизни, жонингиз оғришини истамайман. Нуридийдаларим, болажонларим, қўрқманглар. Қотил онангиз сизларга ханжар санчиб жонинингизни оғритмайди, озор ҳам бермайди…
Жувон лунжидаги луқмани катталиги боис юта олмай, қайтариб чиқаришга андиша қилганидан у томондан бу томонга олиб чайнашга уринганича, муштдай қовоқлари остидан кўзларини лўқ қилиб турарди.
– Мен сизларни эркалаб, суюб, юз-қўлларингизни ўпиб, бағримга босиб мана бу заҳарни шарбатга қўшиб ичираман, холос. Сизлар ҳатто заҳарнинг таъмини сезмай, гулдай нозик чеҳрангиздан табассум аримай секин уйқуга кетасизлар. Аста-секин жондан азиз танангиз совуб оқ мармарга айланади…
– Бу ҳали бошланиши! – луқма ташлади куёви. – Томошанинг қизиғи энди бошланади, шекилли!
Кампир кўзларидан ёш тўкканича давом этди.
– Тўйингизни кўриш менга насиб этмагай,
Молу дунё йиғолмайман сизни деб энди,
Келинларнинг илк саломин қутлай олмайман,
О, мунчалар дунё ғаддор, фалак кажрафтор.
О, қандоғам пешонанг шўр, қайсар Медея…
Жувон лунжидаги луқмани амаллаб ютгач, керакли рақамни териб, онасига хотиржам кўз тикканича телефон гўшагига қулоқ тутди:
– Ало! Саломалайкум! Безовта қилмадимми? Раҳмат! Ойим масаласида… Нима десам экан… Тушундим, раҳмат!
– Нима гап? – чойга ботирилган печеньени танглайига қўйиб ҳузур қилиб шимиётган эркак.
– Йўл-йўлакай кириб ўтар экан, – деди жувон.
– …Нега менга термиласиз, шўх-шўх куласиз,
Ёинки бу сизнинг сўнгги кулишингизми?
Вой…вой… Нималарни ўйлаб қолдим мен?..
Кампирда бу ҳолат қандай қўққисидан бошланган бўлса, худди шу алфозда тўхтаб, ҳуши ўзига келгандай атрофга, қизи ва куёвига бир-бир қаради. Бу ерда нима қилаётган эдим, дегандай ўйланиб пешонасини ишқалай-ишқалай курсисига бориб ўтирган эди ҳамки, мушукнинг аянчли миёвлашидан кампир жон алфозда учиб тушди.
Эрталабки улушини еб, қорнини тўқлаган кулранг бароқ одеял ва жун рўмол ташланган курсида ястанганча мудраётган эди.
Мушук тебранма курсидан сакраб тушиб ҳурпайиб олди-да, овқатланаётганлар олдига югуриб кетди.
Эркак лунжи тўла таом, елкасини силкитиб кулар, қизи норози оҳангда минғирлаганича тиззасига чиқиб олган эркатойини силаб-сийпалар эди.
Кампир жун рўмоли ва одеялни обдан қоққач, креслосига суянганича саламандраларни кузата бошлади.
Шу вақт эшик қўнғироғи чалинди. Бир муддат ўтиб, хизматкор аёл олтмиш ёшларни қоралаган қора пальто, қора шляпада, кўз ойнак таққан чўққисоқол доктор билан бошлаб кирди. Ва доктор хонадон соҳибларининг таклифини рад этиб, тик турганича кампирнинг гапларига қулоқ тута бошлади.
– …Сиз бу томондан секин-аста хамирдан қил суғиргандай менинг оиламни кўпайтириш, жонга жон қўшиш учун тараддудда бўласиз! Қарс икки қўлдан чиқади, дегандай, холис, астойдил бир-бировига қайишиш шунчалик бўлади-да! Бироқ!..
Тўсатдан кампир қалқиб кетди.
– Мен… – ниманидир излаётгандек аланглади. – Мен…
Бошини чангаллаб бир муддат чайқалиб турди ва маҳзун ва толиққан қиёфага кириб, тебранма курсиси томон судралар экан деди:
– Бу, қора юрак Вурм бу дунёдами, у дунёдами қўлимга бир тушса эди. Миясини туйиб, сиёҳ қилиб, Исо-Мусо китобларидаги бутун байт-ҳадисларни унинг терисига шундай ёзар эдим-ки, у хатлар то маҳшар кунига қадар ўчмас эди!..
Тўхтаб, ортига ярим ўгирилди. Юзи нафрат ва аламдан бужмайиб кетди.
– Нима? “Нима фойда кўраман?”
Шу тобда министр олдига бораман! Ҳамма гапни аввал ўзим айтиб бераман.
Сен билардинг! Лекин бу ишдан сенга манфаатнинг ҳиди келди. Шунинг учун хўп осмонларга сакрадинг! Ана энди қўшмачи, ўзинг пиширган ошни ўзинг е! Мен… мен…
Кампир давом эттира олмади, чайқалиб кетиб йиқилди. Улар аввалига буни ҳолатнинг давоми ҳам деб ўйлашди, аммо кампирнинг туйқус, ўқ теккандек қулаши шубҳа уйғотиб, унга томон ошиқишди.
Доктор ва куёви ҳушидан кетган кампирни хонасига олиб чиқиб, ўрнига ётқизишди.
– Биринчи маротаба шундай бўлиши, – деди куёви ўзини оқлаган қиёфада. – Илгари бирор маротаба ҳам…
– Тинчлантирувчи укол қилдим, хавотир олманг! – деди доктор кўзойнагини артар экан.
– Аввал озгина бўлса ҳам меъёрни биларди, ҳозир эса ҳисоб-китоби йўқ, – деди куёв. – Кун, вақт танламайди, ўқийверади, ўқийверади. Бирор гап сўрасанг ҳам ўқийверади, ўқийверади, сени эшитмайди. Муштдек кампирнинг калласида вагон-вагон гаплар-а! Укол-пукол қилиб мияни тозалаш керакмикан?!
– Яхшиси, руҳшуносга мурожаат қилинг! – гапини бўлди доктор.
– Руҳшунос ёрдам бера олади, деб ўйлайсизми, доктор? Бир-иккитасига айтганимизда ёрдам беролмаймиз, дейишганди.
– Ҳа, шундай, – қўшимча қилди жувон. – Бизга жиннихона манзилини беришди! Бу қандай гап!? Яхшиси шу ерда, уйда сақлаймиз! Кўз олдингизга келтиринг-а! Менинг ойим жиннихонада! Менинг ойим-а?! Ким, нима деган одам бўламан? Шунча йиллик обрўйимиз нима бўлади?
Доктор асбобларини йиғиштириб, сумкасига жойлай бошлади.
– Тўғриси-да, бунча обрўга эришишнинг ўзи бўладими?! Кимсан фалончиевалар! Мени одамлар орасида бармоқларини бигиз қилиб, анавининг онаси жинни, деб кўрсатишлари… биласизми, бу даҳшат! Ақл бовар қилмайдиган даҳшат!..
– Сизни тушунаман! – деди доктор.
– Одамлар бир коса овқатни итига ҳам бераяпти-да! Тўғрими, доктор? Ана, хизматкоримизга ҳам кунига икки маҳал иссиқ овқат берамиз! Тўғрими, Аня?
Қирқ беш ёшлар атрофидаги пучуқ бурун, заҳил юзли жувон кўзларини олиб қочди. Бу гап ҳамиятига тегди шекилли, қизариб кетди.
– Мен сизга манзилини бераман! – деди доктор хотиржам тарзда. – Жуда малакали мутахассис.
– Яхши бўларди, доктор!
Жувонга ён дафтаридан йиртиб олган варақча билан таблетка узатди.
– Безовта бўлса ичиринг, тинчлантиради. Энди, менга рухсат.
Доктор уйқудаги кампирга, унинг билинар-билинмас маъно алмашаётган юз ифодаси, пир-пираётган лабларига қаради ва бошини ғамгин, норози қиёфада чайқади-да, эшикдан чиқди.
Тун ярмига бориб кампир уйқудан уйғониб кетди. Ичи-ичидан тинимсиз янграётган бир овоз уни ташқарига чиқишга ундарди. У бу ундовга қулоқ тутди, унга эргашди. Катта йўл бўйлаб кета бошлади. Ҳар икки томони ҳам сув тўла катта ариқ. Атроф эса туман, зоғ кўринмайди. Бироз юргач, йўл ўртасидаги машина уриб кетган мушукка кўзи тушди. Мушук танасининг ярми йўлнинг у томонида, ярими бу чеккасида ётар, уларни узилмай қолган, ҳануз илондек тўлғонаётган узун ичак улаб турарди.
Аввал тайсалланди, ортга қайтмоқчи ҳам бўлди, аммо нимадир йўл бермади, нималигини билолмади.
“Тўғри олдинга қараб юриш керак! – Ичидаги овоз унга шундай уқтирди: –
“Сен излаган барча ҳақиқат ўша томонда!”
Мушукнинг думи, орқа оёқлари томондан ўтмоқчи бўлди. Юраги дук-дук урар, нафас олиши тезлашиб, пешонасини тер қоплаган эди. У қўрқувдан қалтираганича ўта бошлади, икки кўзи мушукнинг қонга беланган бошида. Рўпарасига келганда кутилмаганда мушук ўрнидан отилиб турди-ю, қулоқни қоматга келтирадиган даражада ваҳшиёна чинқирганича унга ташланди.
Кампир дод солиб, ҳансираб-ҳолсираганича уйғониб кетди.
Туши эканлигини англаб, енгил тортди. Терлабди, юраги қафасдаги қуш каби бесаранжом эди.
Кўрган тушини хаёлида жонлантиришга уринар экан, тасаввуридан ваҳимага тушди. Сўнгра одеялни елкасига ташлаб, судраганича меҳмонхонага чиқди. Милтиллаб турган гулхан сирли тус берган ним қоронғи хона бурчаклари худди ўзга ўлчамларга туташ йўлдек тасаввур туғдирарди. Чироқни ёққач, камен ёнидаги тебранма курсида кучала тушганича ухлаётган мушукни ҳайдаб юборди. Мушук норози миёвлаб, керишиб олди-да, каменнинг нариги бурчагидаги сават ичига тўшалган момиққина тўшакчасига узаниб кўзларини кампирга тикди.
Кампир эса уни аллақачон унутган, севимли эрмаги, рўпарасидаги аквариумдаги саламандраларнинг ҳаракатини кузата туриб, уйқу элитди.
Ғалати тушлар кўрди, аммо эслай олмади…
– Ақл бовар қилмайди? Худди ўзлари! – аёл кишининг ёқимли овоз эшитилди. – Тирик афсона!
– Келишганларимиз ёдингизда-а? Бу ердаги гап ҳақида гапириб юрманг. Биласиз, бизни ҳамма танийди.
– Бундан хотиржам бўлинг. Аммо одамлардан ажратишингиз энг катта хато бўлган, – деди Камола. – Бу ҳолга тушишида ёлғизликнинг таъсири ҳам жуда катта.
– Бу ҳолда одамларга кўрсатиб бўладими, ўзингиз айтинг? Шунча йилда топган обрўйимизни бир кунда қўлдан берайликми? Қизиқ гапирасиз-а! Кейин, учрашганимизда “томия, потомия, гидро-пидро” деганингиздан бошимиз айланиб қолганди, – деди жувон. – Мумкин бўлса, бундан кейин гапларингизни оддийроқ қилиб айтсангиз. Худога шукур, биз ҳам унча-мунча одам эмасмиз, жуда кўп нарсага тушунамиз, аммо шу …дўхтирча гапларингиз одамни чалкаштираяпти.
– Ҳаракат қиламан! – деди Камола кампирдан кўз узмаган кўйи.
– Сизларнинг каллаларингизга қойил қолиш керак! Компьютер! Шунча нарсани қандай ёдлаб қоласизлар-а! – қўшилди эркак.
Хотини маънодор томоқ қирди.
Кампир ҳали ҳам туш таъсиридан қутила олмаган, мавҳум қўрқув ва хавотирда ўнғайсизланиб, хириллаб нафас олганича тинимсиз ёшланаётган кўзларини атрофидагиларга бир-бир тикарди.
Бир неча кундан бери давом этаётган нохуш тушлар сабаб бедорлик уни ҳолдан тойдирган, атрофидагиларнинг қиёфалари, шакл-шамойиллар тобора хиралашиб, карахтлик ортидан бино бўлган хаёллари уни аллақандай тубсизлик сари бошламоқчи бўларди.
Кампир аквариумга тикилди. Саламандраларнинг ҳаракатини кузата туриб лабларига табассум югурди. Нафас олиши маромига тушиб, қарашларида маълум ифодалар пайдо бўла бошлади. Ҳар уччаласига ҳам бир-бир қаради ва нотаниш жувоннинг мафтункор чеҳрасига маҳлиё бўлгандек тикилиб қолди.
– Бозорбоп, – деди у ўзига ўзи.
– Кечирасиз?! – деди Камола.
– Ҳа, бозорга солса арзийдиган ҳусн. Уларда бунчалик эмас эди, бозорга солишди. Кейин борини сочиб, судлашиб шарманда бўлишди.
– Ойи! Бу киши Камолахон…
– Жаноблари, худо ҳаққи… – деди кампир уларни эшитмай! – Жаноблар, ҳеч бўлмаса кичкина бир хачир!..
– Айтгандим-ку, сизга! – деди жувон.
– …Ҳой, ҳой, жаноблари, қандай ишга қадам қўймоқчисиз? – давом этди кампир. – Судларда бўладиган ҳамма айёрликларни кўз олдингизга келтиринг. Ўйлаб кўринг-а, қанчадан-қанча ҳужжату шикоят, бош оғритувчи суд мажлислари, бунинг устига қанчадан қанча ваҳший ҳайвонларнинг қўлига тушиб чиқасиз!
Пристав борми, адвокат-прокурор, рўйхатга олувчилар, судьялар, уларнинг олдидаги мирзаларни айтмайсизми? Ўша муттаҳамларнинг олдида арзимаган пулга сизнинг ҳақ-ҳуқуқингизни поймол қилувчилар ҳам топилади…
Кампир креслосига суянганича кўзларини юмиб, чуқур хўрсинди.
– Бу ер бироз ноқулай, чалғитиши мумкин бўлган жиҳозлар кўп экан. Бошқа холироқ хона борми? – сўради Камола.
– Тепада хонаси бор, – шошиб жавоб берди эркак.
– Мумкин бўлса, у кишини ўз хоналарига олиб чиқсак. Толиқсалар, ором олишлари учун яхшироқ бўлади.
Кампирни авайлашиб ўз хонасига олиб чиқишди.
– Қўйворинг! Ҳаққингиз йўқ! – дея қичқирди жимгина эргашиб келаётган кампир зинанинг ярмига борганда туйқус уйқудан уйғонгандек бир алфозда кўзларини катта-катта очиб, уларнинг қўлидан чиқиб кетишга уннаб.
– Сизни хонангизга олиб чиқаяпмиз!
– Ёлғон! Бу фитна! Мунофиқона фитна! Хоин, малъунлар! Диёнатсиз ялангоёқлар! Биламан, қиличингиз қонимга ташна! Худди авомнинг червонларига ташна ҳамёнларингиздек! Оғзингиз, лабларингиз қон!
Каравотга олиб келиб ўтирғизишиб, тинчигани қадар кутишга мажбур бўлишди.
Кампирнинг жазаваси қандай бошланган бўлса, шундай тўхтади.
– Агар мумкин бўлса, бизни холи қолдирсаларингиз, – деди Камола.
– Бемалол!
Улар сал узоқлашишди, аммо чиқиб кетмай кузата бошлашди.
Камола костюмининг ён чўнтагидан занжирли соат олиб нигоҳларини бир нуқтага тиккан кампирга рўбарў қилди ва унинг диққатини соатнинг тескари юраётган милларига қаратди.
– Бу сиз излаган ҳақиқат! Эшитаяпсизми, сиз излаётган ҳақиқат! Мен (у менга урғу берди) сизни унга рўбарў қиламан! Фақат мана шу милларга эргашинг! Қаранг, у тескари айланаяпти! Ортига айланаяпти! Ортга, ўтмишга қайтаяпти!
Мен сиз излаган, (мен дейилиши кампирга алоҳида таъсир қиларди) сиз истаётган оғриққа рўбарў қиламан! Ундан халос бўлмоқчимисиз, милларга эргашинг, ўтмиш томон юринг!..
Ўзингизни бўш қўйинг! Кўзларингизни юмиб, тескари айланаётган соат милини тасаввур қилинг. Кўраяпсизми, тобора тезлашиб бормоқда.
Унга эргашинг!..
Кампирнинг юз ифодасида, ажинларининг жойлашувида ўзгариш рўй берди. Камола эса ундан кўз узмаган кўйи давом этди:
– Бугун… кеча… олдинги кун! Аввалги йил! Бундан ўн йил аввал… Йигирма-ўттиз йил аввалги воқеликлар! Боринг! Ўзингиз учун энг ёқимлисига юзланинг! Орзуингизга, армонингизга юзланинг! Улар сизга мунтазир! Улар сизга илҳақ! Улар ҳам сиз излаётган истакда, сиз излаётган ҳақиқатга муштоқ!
Ўн… тўққиз…
Аввалига бир маромда нафас олаётган кампирнинг юрак уриши, нафас олиши тезлашиб, чеҳрасида маъно касб этувчи аломатлар пайдо бўла бошлади. Камоланинг эса овози саноқнинг қуйи сари секинлашиб борарди. Ҳатто кузатишиб ўтирган эр-хотинларни ҳам баравар эсноқ тутди.
– …Тўрт …уч …икки …бир
Хонага осуда сукунат тушди. Барчалари кампирнинг чеҳрасига кўз тикишган ҳар бир ҳаракатини кузатишарди. Кампирнинг юзи нафратдан буришиб кетди.
– Санъатни бир парча этга алмашди-а! – деди у туйқус. – Бири режиссёрман деб, ҳеч нарсага арзимайдиган хотини учун ролларимни тортиб олди! Қаҳрамон, қўйиб берса, заҳардан ўзга нарса бўлмаган бир қоп гўштни улуғламоқчи бўлди! Бири эса театрга адашиб кириб қолган ўйнашига… пасткашлар!
Ўлган-нетганига қарамай тирмашишди, нимани уддалай олишди? Нимани исботлай олишди ўзлари каби калтафаҳм ва иймонсизлардан ўзгаларга?
Эссиз, менга имконият беришмади, йўқса, ролни қандай ижро этишни бу хунасаларга кўрсатиб қўярдим!
Ўрнидан турди ва бармоқларини ҳамлага шайланган бургутнинг шафқатсиз панжаси каби керди.
– Ҳа! Саҳнада ёнардим! Саҳнани ҳам, томошабинни ҳам ҳайратга солардим!
Ҳамлетни ўйнардим!..
Қирол Лирни ўйнардим!..
Отелло, Диздемона, ҳеч қурса Ягонинг бетакрор образини яратардим! Ҳа, худди шундай қилардим! Айбим аёллигимми? – чинқирди кампир аламдан титраб-қақшаганича. – Айбим ёлғизлигимми? Керак бўлса эркак ҳам бўлардим! Қойиллатардим! Қанчадан-қанча ролларни ижро этишим мумкин эди?! Ер ютгур ярамаслар! Супуринди, ялангоёқлар!
Эплай олмайсанми, бер! Бер!
Тепиб тешмайсанми саҳнани товонинг билан! Штангетларни қўпориб отиб, бор овозинг билан сафетларни ишдан чиқармайсанми?! Қуламайдими бино устунлари бошингга! Битта образни қойиллатиб, ғиштлар остида қолиб кетмайсанми, судралиб юргунча?!
Шу ҳам санъатми?! Шу ҳам спектаклми?!.
Овозини баландлатди кампир.
– Ҳа! Мен устун эдим! Бетакрор эдим! Ҳарчанд оёғим остида куймаланишмасин, улар ҳеч ким. Мен эса бу менман!..
– Тушунарли, – деди Камола кампирни ўз ҳолатига қайтаргач, унинг ранждан таранглашган юзидаги ажинларга инаётган осудаликни зимдан кузатар экан.
– Менга қара, – эркак хотинини олиб четга чиқди. – Кампиримизда кўп гап борга ўхшайди. Ҳаммасини аниқлаштириб, “иш” очирсак бўлмайдими? Ўртада бирор нарсалик бўлиб қолармидик. Нима дейсан?
Жувон кўзларини катта-катта очиб, бир муддат ўйланиб қолди.
– Қўйинг-э, бўлгани артист бўлса, нима ҳам ундира олардингиз?
Кампирга нималарнидир астойдил уқтираётган Камолага яқин боришди.
– Илтимос, бирор нарса ижро этиб берсангиз!
Эр-хотинлар ажабланишиб, бир-бирларига қараб қўйишди.
Камола саволини яна бир неча маротоба қайтаргандан сўнггина анчадан буён ҳеч кимни эшитмай қўйган кампирнинг юзидаги ифода ўзгарди, қошлари чимирилиб, ўртасида диққат бўлаётганлигини англатувчи ажин пайдо бўлди. Бундан фойдаланган Камола гипнозчиларга хос бир неча нозик усулни қўллади, кампир кўзларини юмди.
– Шекспир! Ҳамлет! – деди Камола.
Кампир ҳали гапни тўлалигича англаб улгурмаган, шуурида акс этган маънонинг мақсадини илғашга уринарди.
– Ҳамлет! – такрорлади кампир худди ниманидир эслашга уринаётгандек. Кўзлари юмуқ бўлса-да, кимнидир излаётгандек атрофга аланглади.
– Ҳамлет, – дея тарорлади кампир бу ном унинг учун танишдек.
– Ҳамлет!!!
Чеҳраси ёришди унинг.
– Атрофингизга қаранг, сиз саҳнадасиз! Томошабинлар сизнинг ижронгизга мунтазир! Уларни кўраяпсизми?
Кампир ҳаяжонланиб атрофга “қаради”.
– Олқишни кўраяпсизми? Томошабинларнинг чорловини эшитаяпсизми?!
Кампирнинг пешонасини майда-майда реза тер қамради. Кўзлари юмуқ, ҳаяжондан титраганича ўрнидан турди. Бир йиғлагиси, бир жилмайгиси келар, юзидаги маънода қувонч, ҳайрат, шодлик уфурарди. Кампир, саҳна ортида тургандек тараддудланди. Ранги оқаринқираб, худди илк маротоба саҳнага чиқаётгандек қисиниб-қимтинди. Аммо лаҳзада қиёфа ўзгарди: қарашларида қатъият касб этди, қаддини тик, бошини мағрур тутди. Қўлини қилич тутқичидан ушлагандек тутиб, мардонавор, шахдам одимлади…
Эр-хотинга бу томоша, беҳуда кутиш, кампирнинг телбанамо гап-сўз ва ҳаракатларини кузатиш малол келар; бири одамларнинг гап-сўзидан хавотирда, иккинчиси эса қадди-басти келишган, малоҳатли жувондан узоқлаша олмагани учун бунда эдилар.
– …Паноҳ бўлинг бизга, осмон фаришталари!
Кимсан, руҳи яздонмисан ё зилли шайтон?
Жаннат нафасими ёки дўзах ҳовури,
Ниятингда савобми ё куфрми пинҳон?
Не бўлмасин, ларза солдинг ташрифинг билан,
Шу сабабдан ёлбораман, сендан сўрайман.
Мен сўрайман сендан, азиз падарим Ҳамлет…
Жувон уларга халақит бермаслик учун ярашмаган тарздаги эҳтиёткорлик билан хонадан чиқиб кетиши баробари эркак стулини орқароқ тортиб, Камоланинг юз-кўзи, келишган қадди-бастини, чаккасида ўйнаётган зулфи, пир-пираётган узун киприклари, билинар-билинмас қимирлаётган лаби ва оппоқ томоғига суқланиб боқарди.
Кампир эса Ҳамлет драмасини тўлалигича ўзи ижро этар, бирида ошиқ, бирида маъшуқа, бирида милорд, бирида эса қирол эди.
Орадан бир муддат вақт ўтди. Хизматкор аёл кириб бекаси сўраётганини билдиргач, эркак ортига қарай-қарай хонани тарк этди.
Қўшни хоналарнинг бирида эр ва рашкдан ёнаётган хотин ўртасида даҳанаки жанг бораётганда меҳмонхонада, Камола қаршисида чарчаш-малоллик нелигини билмаган кампир ўзини-борлиқни унутиб ҳануз шиддат билан ижрода бардавом эди.
– …На таҳқир, на ҳақоратга этаман парво.
У ёвузнинг мурдасини аллақачонлар,
Қарға-қузғунларга емиш айламасмидим!..
Бирида ҳайқириб, инграб-йиғлаб, бирида эса нафратона қаҳ-қаҳа отиб, бирида иллат излаб турли қиёфаларда бўй кўрсатаётган муштдеккина кампирдаги бу куч-қудрат, иқтидор, интилиш ва яшашга иштиёқни кўриб Камола ҳайратдан лол эди…
Вақт алламаҳал бўлди. Хонадон соҳиблари ҳам ётишди. Атрофни сукунат қамраган, ташқарида шамол увилларди. Фақат шундагина Камола қаттиқ толиққанлигини, уйқу элитаётганини туйди. Кампирнинг гаплари энди узоқ-узоқдан эшитилар, қиёфаси эса аста-секин хиралашиб борарди…
Уйғониб, креслода ўтирган ҳолда ухлаб қолганини кўрди. Ҳали тонг отмаган, эшик тепасидаги соат миллари тўртни кўрсатар эди. Хона чироғи ёниқ, кампир кўринмасди. Камола унинг бузилмаган ўрнини кўриб хавотирда хонадан чиқди.
Меҳмонхона чироғи ёниқ турарди. Камола меҳмонхонага кириб, тебранма курсида саламандраларга қараб ўтирган кампирни кўрди. Шунча ҳаракат қилгани, туни билан ухламаганига қарамай кампир кечагидан анча тетик кўринарди.
У ҳам бир муддат келганини ҳатто пайқамаган кампир ёнига ўтириб олиб, саламандраларни кузатди.
Саламандралар ҳам янглишишар, баъзида сув юзасига етмасдан турибоқ ҳавосизлик қийнаб қўяр, шунда ҳаракатлари тезлашиб, биланглаб қолишарди.
Камола чиқиб кетди ва тезда қайтиб тушди.
– Диққатингизни бир нуқтага жамлаб, мана бунга қаранг!
Кампир Камоланинг бармоқ учларидаги сим толага маҳкамлаган кумуш шарнинг бир маромда, осма соат капгири каби ҳаркатланишига қаради.
– Жуда яхши! Ҳеч нарса ҳақида ўйламанг! Ўзингизни бўш тутинг! Кўзларингизни юминг!
Кампир итоаткорлик билан кўзларини юмди.
– Бир маромда нафас олинг! Худди шундай! Энди ўтмишга қайтамиз! Ҳамма-ҳаммасини кўз олдингизга келтиринг!
…Нигоҳлари бир нуқтага тикилиб қолган кампирнинг қорачиғи кенгайди, рўпарасида тебранаётган шарнинг ҳаракатларини кузата бошлади. Олис-олисдан эса Камоланинг ширали ва сеҳрли овози эшитилар эди.
– Сиз саҳнадасиз! Атрофингиздаги актёрларни кўраяпсизми? Улар ҳам худди сиз каби юксак салоҳият эгалари. Улар сиз билан бирга спектакль намойиш этишмоқчи. Ўз ижролари билан бани башарни ҳайратга солиш истагидалар! Барча-барчаси сизнинг измингизда! Барчаси сизга муштоқ! Ишорангизга маҳтал!
Кампир худди ёш қизлар каби ўрнидан сакраб турди-да, кўзлари юмуқ, меҳмонхона бўйлаб юрабошлади: у гоҳ шамол, гоҳ тўлқин бўлиб шовқин солар, бирида бепоён самода қанот қоқаётган чағалайга айланса, бирида қайиқ бўлиб лопилларди. Биргина унинг ўзида асарнинг моҳияти; манзараси, дард-оғриқлар, бари-бариси мужассам эди…
Милхун: – Демак, кўра олмаймиз! Унақасигаям, бунақасигаям қирғоқни кўра олмас эканмиз-да! Ундай бўлса бу ерда нега ўтирибмиз?
Кампир худди қайиқнинг тумшуғига чиқиб олгандек ҳаракат қилди. Қўлидаги эшкакни қаҳр билан силкитганича ҳайқирди:
– Эй, қанжиқ ит! Эй, шамоллар Шамони! Эшитаяпсанми? Агар сен қанжиқ итнинг ўлиги бўлмай, шамоллар эгаси бўлсанг, қани сенинг шамолларинг? Ёки инингда ўлиб қолдингми, қанжиқ? Ё сени ҳар тарафдан айғирлар ўраб олган бўлса, қай бирига орқа учиришни билмай қолдингми? Ҳаммасига бир-бир орқа учириб, чиқишиб қолдингми? Шунинг учун шамол кўтаришга қурбинг етмаяптими? Ёки бўлмаса биз бу ерда ўранинг ичига тушиб қолгандек туман ичида, ҳалокат остида қолиб кетганимизни билмайсанми, қанжиқ?..
Кеча туни билан уйқу беришмаган, яна эрталабданоқ безовта қилишганлиги малол келганлиги, жилмайишга уринишаётган бўлишса-да, юз-кўзларидан билиниб турган эр-хотин бирин-кетин кириб келишди.
– …Ё орамизда ёш бола борлигини билмайсанми? Боланинг сув ичгиси келаяпти, сув, тушунаяпсанми? Сенга айтаяпман, орамизда ёш бола бор, у биринчи марта денгизга чиққан. Сен-чи? Сен бўлсанг бизлардан қасдингни олаяпсан! Ахир бу номардлик-ку!..
Овқатланиб бўлишгач, эр-хотин кийинишиб қаергадир отланишди, кетишдан аввал икки аёлни бир муддат кузатишди, хизматкор аёлга кўрсатма-топшириқларни беришиб, бир-бирларини жеркишганича уйдан чиқиб кетишди.
Тушга яқин қайтишиб, меҳмонхонага мўралашганда кампир ҳали ҳам монолог ўқир, Камола эса ерга, гилам устига ёнбошлаганча уни эшитарди. Жувоннинг келишган қадди-бастига суқланиб қараб турган эрининг биқинини чимдиган жувон пишиллаганича ичкарига кириб келди. Шарпани англаган Камола тезда ўрнидан туриб, хижолат бўлганича уст-бошини ўнглади.
…Кириск: – Эй, йўлчи юлдуз, сени яхши кўраман. Сен жуда баланд ва узоқдасан. Ёлвораман, кетиб қолма, бир жойда тўхтаб тур, ҳеч сўнма. Сен тарафга сузиб кетаяпман. Агар хоҳласанг, сени отамнинг номи билан атайман, сени Эмрайин юлдузи дейман. Эй, Эмрайин юлдузи, сўниб қолма, булут орасига кириб яшириниб олма. Менга мадад бер!..
Камола йиғлаганича кампирни бағрига маҳкам босиб юзларидан ўпди. Кампир кўзлари тўла ёш, ҳали ҳам ўша замон-маконда, қаҳрамон-образларининг дард-кечинмаларидан холи бўлмаган тарзда атрофга аланглаб, ўзи тушунмаган-билмаган кўйи мамнун жилмайди.
У креслосига оҳиста чўкди ва кутилмаганда жуда осойишта уйқуга кетди. Унинг бутун борлиғидан ҳаётдан қониқиш, мамнунлик барқ уриб турар, уйқуси эса гўдакникидек маъсум эди.
– Нонушта ҳам қилмадингиз, балки энди биз билан тушлик қиларсиз? – деди жувон унга бошдан оёқ тикилиб.
– Бажонидил! – деди ҳорғин, ишидан мамнун жилмаяр экан Камола.
Тушлик чоғида сиёсатдан, хорижий мамлакатларда кечаётган жараён, туризм ҳақида суҳбатлашган бўлишди.
– Бирор янгилик борми? – дея сўради жувон овқатланиб бўлишгач.
– Ўтмишларига боғлиқ оғриқларни юзага чиқараяпмиз. Мен эндиги навбатда ўша воқеликларни хиралаштиришни ёки бутунлай унитишини амалга оширишим керак. Ёмон хотираларни яхши кунлар, орзусидаги ролларни ижро этиши учун имконият яратиб бериб, руҳиятини тиклашимиз мумкин бўлади, деб ўйлайман.
– Услубингиз ғалати экан. Майли, бироз кутайлик-чи?! – деди жувон тушунарсиз киноя билан ва сариқ матбуотга оид аллақандай газетани ҳафсала билан варақлаётган эрига зимдан қараб олди. – Тўғриси, бунақа нарсаларга тушунмайман! Аммо, мақтаниш бўлса ҳам айтай, бизнесда олдимга тушадигани йўқ!
– Бунга шубҳа қилмайман! – жилмайди Камола.
Орадан ўтган уч кун давомидаги сеанслардан кейин Камола хонадон соҳибларида пайдо бўлган безовталикни пайқади…
– Марҳамат, диққатингизни мана бу кумуш шарнинг тебранишига қаратинг!..
Бир маромда тебранаётган кумуш шар кампирнинг кўз олдида тобора хиралашиб кўринмай қолди. Унинг кумушранг шуълалари аро ўтмиши намоён бўлди.
Камоланинг сеҳрли ва ёқимли овози аввалига баланд янграб, сўнгра одамни элитувчи шивирлашга айлана бормоқда эди…
…Дунё эксприментал театрлари Халқаро фестивалининг “Энг яхши эркак образи”, “Энг яхши аёл образи”, “Энг яхши драматургия”, “Энг яхши режиссура” номинациялари бўйича тақдимот куни.
Ҳаяжонли лаҳзалар!
Фамилиялар бир-бир ўқилар, ғолиблар, минг-миллионлаб нигоҳлар ва гулдурос олқишлар остида саҳнага чиқиб боришарди.
Мана, бошловчи томонидан “Энг яхши аёл образи” номинацияси бўйича ғолибни эълон қилишдан аввал театр ҳақида қисқача тўхталиб ўтишди.
Барча унга қаради!
Ҳаяжондан оёқларига титроқ кирди, юраги эса кўксини ёриб юборгудек гупиллаб уриб, томоғи қуруқшади.
Унинг ижро этган роли, образи ҳақида гапирилди.
“Демак у! Шубҳасиз у!”
Томошабинлар олқишлай бошлашди. Тинмай табассум қилар, лаблари титрар, кўзларидан эса севинч ёшлари тўкиларди.
У еттинчи осмонда парвоз қиларди!
Барча, ҳатто ўзи ҳам амин эди, фестивалда “Энг яхши аёл образи” номинацияси бўйича ғолиблик уники! Тақдимот бошланмасдан барча келиб табриклар, у эса ҳаяжондан титрар эди.
…Ўша куни у исён кўтарганди! Шу вақтга қадар театрда бирор актёр-актриса журъат қила олмаган ишга қўл урди: спектакль намойиши вақтида режиссёр кўрсатмаларидан чиқди!
Мақсади режиссёр жон койитиб улуғлашга уринаётган “она-героиня”га соя солиш эмасди, шунчаки, ўйнагиси келганди. Буни у аввалдан режалаштирмаган эди, саҳнада роль ижро этаётиб макондан чиқа олмади, чиққиси келмади. Саҳнада ёнгиси келди! Саҳнада яшагиси келди! Ижрога берилиб, режиссёр ўраб-чирмаб ташлаган занжирларни узиб, белгилаб берган чегараларни топтаб ташлади.
Тўғри, масхарабозликка тоқат қила олмасди, бунга қарши ҳам бора олмас, журъати етмасди, аммо бу ҳол кутилмаганда содир бўлди. Спектакль тугаб, томошабинларнинг гулдурос олқиши тутиб кетгандан сўнггина ўзлигига қайтди.
Асарда муаллиф мақсади қилиб инсонийлик, меҳр-оқибатни улуғлаш кўтарилган, асар марказида эса ташлаб кетилган гўдак тақдири турарди. Режиссёр бутун эътиборни қаҳрамон-онани улуғлашга қаратгани боис спектакль моҳиятан бузилган, туғиладиган ва туғилаётган саволлар кўтарилаётган мақсадга мувофиқ келмас эди.
Уни оғринтирган жиҳати Она образини яратаётган актрисада самимият йўқлиги, образ шунчаки дардларнинг зоҳирий намойиши бўлиб қолганидан ташқари, режиссёр актёрларни турли, ачинарли-аянчли ҳолатларга солиб она образини улуғлаштирмасдан, аксинча, она образи ўз хатти-ҳаракати, ҳақиқати билан бу мавқега эришиши лозим деб билганида эди.
Мазкур спектакль бадиий кенгаш ва Жамоатчилик кенгаши аъзоларига топширилаётган вақтда ҳам буни айта олмади. Қўрқди! Ишдан айрилиб қолишдан қўрққан ва ўшандан буён бу қўрқоқлиги учун ич-ичидан эзилиб, ўзини койиб юрарди.
Бугун у ўзи билмаган ҳолда ўша занжирларни узиб ташлади!
Спектакль муваффақиятли чиқди, аммо “қаҳрамон” кўринмай қолган, “уриб кетишган”ди.
…Исм-фамилияси янграмасдан ўрнидан тура бошлаган эди, англай олмади: бошқа фамилия ўқилди. Шу тобда кимдир бир ботмон юк билан бошига боплаб туширгандек, кўз олди тиниб, гандираклаб кетди, ҳайтовур сўнгги лаҳзаларда ўзини қўлга ола билди.
Таниган-билганлар ҳайрон, у эса карахт, қўлларини силкитиб, жилпанглаганича саҳна томон деярли учиб бораётган она образини яратган жувонни кўрди.
Мукофотга лойиқ топилган, эътироф этилган образ уники, фамилия эса бошқаники ўқилди!
Ҳатто бошловчи ҳам бу англашилмовчиликни сезиб, фамилияга қайта қараб олди, пичирлаб қўйди, аммо сир бермади, синиқ, билинар-билинмас заҳарханда жилмайди.
Бошқалар ҳам фестивалнинг обрўйи, миллат-мамлакат шаъни учун индашмади. Ахир айни дамда сиёсий аҳамиятга эга бўлган мазкур тақдимот эфирга тўғридан-тўғри берилмоқда!
Бошлар хам бўлди. Ғазаблар нигоҳларга тўкилди, тиллар танглайда тўнглади.
У-да жойига ўтирди, ўзида эмас, бегона бўлиб. Мияси тинимсиз лўқиллар, бу ноҳақликдан бор ёвузликка қўл ургиси, йиғлаб-ҳайқириб оламни бузгиси келарди…
Кечга бориб иситмалади. Алаҳлай бошлади. Ҳамхонаси хавотирланиб шифокор чақиртирди. Эртаси куни ҳамкасаба ва танишлар ҳол сўрагани киришди. Режиссёр, бош бухгалтер ва бош администратор нохушроқ сўрашишди, чеҳраларида инжиган ифодалар бор эди. Кимдир миннатдор бўлиб, кимдир мийиғида жилмайиб, яна кимдир ошкора маккорона иршайди. Баъзилар эса негадир кўзларини олиб қочишди.
Кейин билди-ки, ўша куни иситма аралаш алаҳлаганида кўп ортиқча гапларни гапириб юборган экан…
Орадан кўп ўтмади, бош администратор ва бош ҳисобчи қамалиб кетди. Режиссёр эса ишдан ҳайдалди.
Уни ҳам янги бўлганлар сиғдиришмади…
Ишсиз, пулсиз, кўчада оч-наҳор тентирагани, ишга тикланишида ёрдам беришларини сўраб идорама-идора зир югурганлари…
Ижара ҳақини тўлай олмай ҳайдалиб, битта чемодани билан кўчада қолиб кетганликлари кўз олдидан бир-бир ўтди.
Ўтди кўз олдидан бари бир-бир… ўтди, ўтаверди. Оғринтириб, куйдириб.
– Лаънатилар! – дея ҳайқирди ҳали ҳам хотира карахтлигидан тўлалигича қутила олмаган кампир ўзига келгач, ғазаб ва аламдан титраб-қақшаганича. – Мунофиқ-пасткашлар! Тубан махлуқлар!..
Хизматкор аёл кириб, уни хонадон соҳиблари сўрашаётганини айтди.
– Нима бўлди? – деди жувон асабийлашганича.
– Ҳали огоҳлантиргандим, онангизнинг хотирасида ортиқча юклар кўп! Мен у кишини даволаш билан бирга, мана шу аччиқ хотиралардан халос қилмоқчиман. Бунинг учун эса бироз вақт керак. Тўғри тушунинг, бунингсиз даволаб бўлмайди!
– Келинг, очиқча гаплашайлик, бизга сизнинг ишингиз ёқмаяпти!
– Нимаси ёқмаяпти?
– Сиз унинг ақли заифлигидан фойдаланиб устидан кулаяпсиз! Бунга йўл қўймаймиз!
– Хўжайиним тўғри айтаяптилар! Сиз уни янада оғир аҳволга солиб қўяяпсиз! Биз сизни уни бу ҳолдан чиқаришингиз, ёрдам беришингиз учун ёллаган эдик. Аммо сиз у билан фақат шу машғулот устида ишлаб қолдингиз! Агар ойим бу машғулот орқали даволанса, аллақачон ўзларини-ўзлари даволаб олган бўларди.
– Бир ҳақиқатни тўғри қабул қилишларингизни сўрайман! У саҳна ҳаёти ва ўтмиш хотираларини аралаштириб юбораяпти. Ундаги жараён – кураш! Яшаш учун кураш! Яшашни, ҳаётга қайтишни истаяпти, аммо дард ҳам осон чекинадиган эмас! Оғир, машаққатли ва мусибатли ўтмиши, атрофидагиларнинг қилган хиёнати ва саҳнага бўлган муҳаббат, ижро эта олмай, ёки истагидек ижро этишига тўсқинлик қилган образлари унинг қалбида, шуурида руҳияти билан аёвсиз кураш олиб бораяпти. У бу ҳаётга қайтишни истайди, аммо нимага талпинишни, нимадан умид қилишни билмайди. Билганлари, мана шу аквариумдаги саламандралар. Уларнинг сув юзасига талпиниш-интилишларидан қувват олиб, ҳаётга қайтишга уринаяпти. Аммо онг-онгига сингиб кетган ўтмиш билан қалбидаги саҳнага бўлган муҳаббат ҳам иллатга айланиб қўйиб юборгиси, осонликча таслим бўлгиси йўқ. Мана шу аквариумдаги саламандралар қанчалик кўмакка муҳтож бўлса, у ҳам худди шундай, бизнинг кўмагимизга муҳтож!
– Ёлғон! – деди эркак. – Унда нега сўзларини магнитафонга ёзиб олаяпсиз? Нега? Мен биламан, уни одамларга кулги қилиш учун! У бизнинг онахонимизнинг хотирасидаги сўзларни йиғиб сотмоқчи, ана, бизнес!
– Уялмайсизми шундай дегани!
– Аксинча, сиз уялишингиз керак! – деди жувон.
– Мен ёзганларимни ўрганаман! Англай олмаганларимни қайта ишлаб келиб бу ерда амалда фойдаланаман! Эй, худойим-ей, нега мени тушунишни истамайсизлар?
– Йўқ, аксинча, сиз бизни тушунмаяпсиз! Биз сизнинг ёрдамингизга муҳтож эмасмиз, кетинг! – деди жувон. – Бизларни тинч қўйинг! Хизмат ҳаққингизни бўлса, майли, даволамаган бўлсангиз ҳам тўлалигича оласиз!
– Йўқ! Бу нотўғри! Даволай олмадими? Демак, ҳеч қандай ҳақ ҳам бўлмайди!
– Менга ҳақ керак эмас! Текинга даволайман!
– Устимиздан кулмоқчи бўлаяпсизми, бунга йўл қўймаймиз! Кетинг!
– Кетганингиз маъқул. Биз бошқа руҳшуносга мурожаат қиламиз!
– Аслида… сизларни даволаш керак экан!..
Камола деразадан узоқ-узоқларга, оппоқ қор қоплаган, мудраётган шаҳарга боқар экан, хаёлидан уч кун аввалги шу гаплар ўтиб, кўз олдига тебранма курсида мудраб ўтирган кампир ва аквариумдаги саламандралар келди.
“Кутишаяпти! – деб ўйлади у истеҳзоли кулимсирар экан, лаблари аламдан қийшайиб кетди. – Ҳатто тош-деворлар ҳам. Ҳатто зулмат чулғаган мана шу сукунат ҳам. Бутун борлиқ кутаяпти! Кутишаяпти! Ҳамма кутаяпти, ҳатто ўзи ҳам! Фақат улар эмас”, – дея ҳатто уйқусида ҳам тиним билмай сув юзасига талпинаётган, сўнгра лаҳза ўтмай карахт ҳолда сув тубига тошдек шўнғиётган саламандраларнинг узлуксиз ҳаракатларини хаёлидан ўтказа туриб.
“Улар ҳам кутишаяпти, нелигини билмай, англамай, ҳатто кутаётганликларини ўзлари ҳам билмай кутишаяпти. Улар учун кампир ҳам, келажак ҳам аҳамиятсиз! Улар учун лаҳза ғанимат, улар учун етиб-англаб бўлмас тириклик ғами азиз! Улар учун кенглик-эрк аҳамиятсиз, нафс муҳим! Ҳа! Оғриқсиз нафсли лаҳзалар ғанимат. Балки бу ҳам яхшидир!.. Баъзида, баъзида… уларга ҳавас қиламан!..
Мен ҳам кутиб ўтдим. Кампир ҳам, ҳамма ҳам кутиб ўтди. Бугун ҳам кутаяпмиз!..”
Бу вақтда эса меҳмонхонага тушган кампир саламандрали аквариумни топа олмаган, унинг ўрнида турган балиқлар суратига тикилиб қолган эди…
“Шарқ юлдузи” журнали, 2013 йил, 5-сон.