Эркин Аъзам. Таъзия (ҳикоя)

Ушбу ҳикоянинг дастлабки номи «Дўппи» эди. Шундай шеъри борлигини эслабми, уни Муҳаммад Юсуфга бағишламоқчи бўлдим. Асарнинг сарлавҳаси ўзгаргач эса, шоир номи билан ёнма-ён туриши хунукроқ туюлиб, фикримдан қайтдим. Ажабо…
Бугун ҳикояни суюкли инимнинг унутилмас хотирасига бағишламоқдаман.
Муаллиф

Ўзбекнинг хонадонидан дўппи топилмаса-я!
—    Мана, — дея энам ниҳоят кафтларига уриб қоқа-қоқа, кизакларини торта-торта, қирралари уринган нимдошроқ бир дўппини кўтариб чиқдилар ичкаридан. — Уй эмас бу, карвонсарой. Дўппининг бозоридан ўтиб бўлмасди-я! Отанг Тошканддан бир тўққизини ортиб келган эдилар, қани энди? Тунов куни уканг бир тўда жўраси билан келиб, анови ҳамсоянинг таъзиясига кирамиз, деб битта-битта кийиб кетди. Би-иронтаси қайтиб келгани йўқ. Ўзинг-чи, келар экансан, мана шундай тўй бор, таъзия бор, чамадоннинг тагига ташлаб келай демайсан. Дўппи жониворнинг ҳамку писанди қолмади, яхши-ёмон кунда кийилмаса, бошига иладиганни бозордан топинг! — Энам жаврашдан тўхтаб, машинанинг калитини бармоқларида бетоқат айлантириб турган отамга юзландилар: — Бошингиздагини улингизга беринг, сиз мана буни киясиз.
—    Ия, шундай бўлдими? — дедилар отам ясама итоат билан оҳорли дўппини менга узатиб. — Алининг жандаси Валига, янгисини акам кияр эканлар-да, майли, майли.
—    Ўзингизнинг эскингиз. Шунгаям жон денг.
—    Жо-о-он! Бўлдими?
—    Ноз қилишларини, ҳў шў-ўр! Шуям йўқ эди, бобом бозордан опкелди, дебдилар.
—    Арабларнинг ўзи бош кийимга унча аҳамият бермас экан — на тўйда, на азада, — дедим шўх мунозарани бўлиб.
—    Шу учун айтадилар-да, мулланинг айтганинигина кил, деб. Буни энди кимга тушунтирардинг? Бош-яланг борсанг, кофир дейди — худди дўппи кийган заҳоти одам мусулмон бўлиб қоладигандай! Ота-бобомиздан қолган урф-да, улим. Бир вақтлар шуни кийиш ҳам жасорат эди. Нега шапка киймайсан, нимага шаъма бу, мақсадингни биламиз, деб шўри қуриганларни кўп кўрганмиз.
Йўқ, гап бош кийимда эмас, аксинча — дўппи кийиб мусулмонлик даъво қилиб, итоаткор бўлиб, окибати мана шундай кунга қолганимиздан баҳс очмоқни ўйладим-у, фикримдан қайтдим. Ўрни эмас, мавриди ҳам эмас. Ранжийдилар. Ахир, қарийб қирқ йиллик коммунист, йўлдан қайтиб, беш яшар неваралари билан бирга ўтириб, араб ёзувию араб тилини мустақил ўрганаётган одам, ниманингдир тагига етган бўлиши керак-ку!
Отам «жигули»нинг эшигини очиб, маслаҳат солдилар:    
—    Таъзияли жой тўртта. Хўш, қайсисидан бошлаймиз? Энг узоғидан, а? Сафаровдан, устозингдан.
—    Қанақа устоз?
—    Салим Сафар-чи, мухбир? Қайдам, «Бизнинг шогирд қалай юрибди?» деб сени кўп суриштирарди.
—    Салим Қарор денг!
—    А, ўшанинг фамилияси Сафаров эди-да. Шўрода котиблигида мажлис қарорларини қойилмақом қилиб ёзгани учун Салим Қарор бўлиб кетган. Лақабдай гап, мухбир бўлганига тахаллус деймиз.
—    Ие, ўлдими? Нима, касалмиди?
—    Қаригандан кейин нима қилади — ўлади-да. Тағин ким билсин, ҳар хил гап юради. Ўғлининг жабрига кетди, деганлар ҳам бўлди. Ёлғиз ўғил, эркароқ ўсган. Бўлмаса, шундай одамнинг фарзанди, нобоп чиқди. Хотинини уриб ғилай қилиб қўйди. Бир йилми, икки йил қамоқдаям ётиб келди. Уккағар бобо аралашмади, кўргани ҳам бормади. Эр-хотиннинг орасида нималар бўлмайди, фалокат-да буям, ярашиб кетар, ўртада жужуқлари бор, неки қилган бўлса — ўзининг шўрига, қўйинглар шуни, деб бир оғиз арз қилиб борганида-ку, ҳар қалай, эл-юрт ичида обрўси бор, бу ёғи маҳаллийчилик, ҳаммаям одам — чиқариб келарди ўғлини. Йўқ. Бир сўзли-да, принтсипиал. Ана, ўғил чиқиб ҳам келди, хотини билан ярашди. Биппа-бинойи. Ғилай бўлсаям — кўз очиб кўргани, боз устига ўзгинасининг қилмиши. Орада, садқаи сар бўлиб, бобо ўлиб кетди. Айтишларича, қайнона-келиннинг ғиди-бидиси ҳам кўпайган. У томон: «Ўл сен ғилай, улгинамни қаматиб кенг яйлов қилиб ўтирибсан», деган, бу томон: «Ўзи-д
ан бўлди-да, кўзим шаҳло эди», деган, у томон баттар ғазаблаган: «Улимнинг жойида бўлганимда, сен мочахарни уриб бу кўзгинангниям чиқарардим!» Шу-да, эски савдо.
—    Қиёмат одам эди, — дедим Салим Қарорни эслаб.
—    Қиёмат ҳам гапми! — дедилар отам хаёлчан, машинани ортга тисарилтираётиб. — «Ўн еттинчи йил-нинг еттинчи ноябрида — худди инқилоб куни туғилганман, Октябрга тенгдошман, асли отим ҳам ё Октябр, ё Инқилоб бўлиши керак эди», деб юрарди. — Кейин, нашъа қилгандек, гапда давом этдилар отам: — Тавба, сендан ўн ёшларча кичик бўлатуриб, қайси йилу қайси ойда туғилганимни мен аниқ билмайман-у, сен энангдан сўрабсанми?!
—    Эътиқод-да, ота, догматик эътиқод.
—    Ҳа, сен айтган эътиқоднинг кучини шу одамда кўрдим. Босма ҳарфга чиппа-чин ишонарди. Бир варақ қоғозга босма қилиб «Уканг ҳукуматнинг сиёсатига қарши», деб ёзиб берсанг, жонажон инисига хода кўтариб чопишдан ҳам тоймас эди. Шунданмикан, бу ўрамда минмаган мансаби қолмади. Райқўму ижроқўмда ишлади, аввал колхозга, кейин Шўрога раис бўлди, ҳосилотлик қилди, милисадаям юрди-ёв. Э, қолмади. Охири мана шу — мухбирлик. Лекин, қуллуқхонадаги гапни айтиш керак: шунча амалларда юриб, на давлатнинг, на мардумнинг бирон хасига хиёнат қилган. Бўлмаса, қандай оғир йиллар эди у! Урушдан кейинги қаҳатчилик замонида ўз амакиси «Бола-чақам очдан  ўлди», деб йиғлаб борганида омборхонанинг эшигини тамбалаб, «Буғдой йўқ, давлатники бу!» деб қуруқ қайтарган, дейдилар. Ана шундай берилган одам эди. Замонасозликни билмаган сира. Талай йиллар ўғлини хатна қилдирмай юрди. Ростми-ёлғонми, энасини жанозасиз кўмдирган, деган гап ҳам бор. Аниқ айтолмайман — мен Тошкандда, ўкишда эд
им. Ишонч-эътиқоднинг маҳкамлигини қара! Ўзи, бор-йўғи чаласаводлик курсини битирган. Лекин «Капитал» дейсанми, замонанинг сиёсати дейсанми, кўзини юмиб айтиб ташларди. Даммаси мустақил мутолааю иштиёқнинг зўридан! «Ўн тўрт ёшимдан марксистман», дер эди, уккағар. Ўлди.
—    Марксистлар ҳам ўлар экан, — деб қўйдим шунчаки, гапнинг маромига қараб.
—    Ҳаммаям ўлади. Лекин, сенларнинг тилинг билан айтганда — «уларнинг порлоқ хотираси дилларда абадий қолади», шундайми?
Беозор киноя аралаш бу гапга индамай қўяқолдим.
Туман марказидан ўтиб бормоқда эдик. Кўча гавжум. Қовун-тарвуз қўлтиқлаган, халта-хулта ортмоқлаганлар қайтяпти. Якшанба, бозор-ўчар.
Кўзим шуларда-ю, хаёл паришон. Хотиралар қатидан бир қиёфа чиқиб келади. Сарупо мошранг либосда. Бошда сталинча шапка, серчўнтак сталинча камзул, бақалоқ галифе шим, дағал матодан этик. Кишин-ёзин. Бир ёнда каттакон блокнот, кўқрак чўнтакда қатор ранг-баранг авторучқа, этикнинг қўнжида бир даста газет-журнал.
Бу одамни бошқа қиёфада кўрмаганман. Устозим…
Кўп йиллик гап бу. Бирор йигирма йиллар бўлди-ёв.
Ёзги практикамни туман рўзномасига олдим. Рўзнома муҳаррири, узоқроқ қариндошимиз Жума ака йўлланмамни кўздан кечиргач, «Шеърингни Тошкентда ёзасан, ука, касбинг журналист, ҳаётга яқин бўлишинг керак, қора ишни ҳам ўрган», дея мени партия турмуши бўлимига бириктириб қўйди. Бўлим мудири Салим Қарорни чақириб тайинлади: «Оқсоқол, мана шу болани қулоқ-бошини тортиб, кузгача ҳаводан газет ясайдиган қилиб берасиз».
Салим Қарор деганларини мен илгари катта-кичик мажлис-машваратларда учратган, кўзимга жуда улуғвор кўриниб, савлатидан ҳуркиб юрар эдим. Жўнгина бир одам экан. Мўмин, мулойим. Кимнинг ўғли эканимни эшитгач эса очилиб кетди: «Отангиз билан бирга ишлаганмиз, жиян. Колхоз вақтида. Отангиз қўлимда табелчи эди». Кейин ҳам, ўша даврга оидроқ бирор нимадан гап кетганда, «Отангиздан сўранг» деб қўяди-ган бўлди.
Шеър ёзишимни билиб, армон билан уҳ тортди: «Биз ҳам ёшликда ёзар эдик. Биз ғазал машқ қилар эдик. Қофиясини тўғри келтиролмай, бу ёққа ўтиб кетдик-да. Отангиздан сўранг».
Қопдек бу одамнинг бир вактлар шеър, айниқса, ғазал битганига сира ишонолмасдим. Одатдаги мақтанчоқликка йўйдим. Қайси мухбирни сўраманг, ёшлигида албатта шоирликни орзу қилган, аммо турмуш шароити тўғри келмай, қолиб кетган. (Гўё шоирларга биров алоҳида шароит яратиб берадигандек!)
Ўлгудек ишчан экан Салим Қарор. Столдан бош кўтармайди. Эрталаб олдида бир тўп газета, чойнакда чой, кўзойнагини бурнига қўндириб, иштиёқ билан мутолаа қилади, қизил қаламда белгилар қўяди. Кейин мук тушиб, меҳнаткашларнинг хатларидан турли-туман мақола ясайди. Тушликни айтмаса, ташқари чиқиш йўқ, дам олиш йўқ, чақ-чақ йўқ. Тўнканинг ўзи.
Эринмаган бу кимсанинг қорасига тикилиб ўтиравериб сиқилиблар кетаман, хунобим ошади. Шеъримни ёзай десам — илҳом йўқ. Илҳом парилари Тошкентда қолган: Кейин, қора меҳнат учунгина яралган бу зотни ғафлатда қолдириб, чекиш баҳона, қўшни хонага бош суқаман. Қишлоқ хўжалиги бўлими билан маданият бўлими шу хонада. Дунёнинг завқу лаззати ҳам шу ерда. Чорси хонанинг чор бурчини эгаллаган улфати чор аллақачон икки юз қатордан материални тайёрлаб «ҳукуматдан қарзини узган», энди ҳангома билан машғул.
Тўрда ўтирган шўх-шалайим Назир ака қорамни кўриб:
— Ке, ке, Сталин бобомнинг невараси, — дейди дарров юзига ташвишли тус бериб. — Нима бўлди сенга? Ранг кўр, ҳол сўр. Уккағар Сталиннинг зулмидан бари. Қалай, ўтирибдими ўзи? Уни дев ҳам урмайди, қирғиндан қолган-да. Бери кел-э, укам-э, тоза тамом бўпсан-а. Сени ўзим даволаб қўймасам… — У ёнидаги темир сандиқдан шиша олади. — Мана шундан жиндаккина отиб юборсанг, одам бўласан-қоласан. Нима, дейсанми? Талмовсирама. Дори бу, дори — қултамитсин. Қулт-қулт ютасан — тамо-ом, олам гулистон! Қарабсанки, гуллар очилган, булбуллар сайраган, илҳом булоғи жўшиб турибди! Ё, бобонгдан қўрқасанми? Тўғрисини айт, бўлмаса ўзим уриб юбораман. Таги саёзроқ ўзи. Ҳа-а, маладес, ур! Е ҳаёт, ё мамот! Чаккидан яла, чаккидан. А, шоир дегани мана бундай бўпти-да. Анови Сталин сенга ҳам ўргатяптими, «Шеърни қўй, гўнгни ёз, хашакни ёз», деб? Ёзма! Мени десанг, ёзма шуни, ука! Шу уккағарнинг гапига кириб, бизлар гўнгу хашак бўлиб қолдик, етар. Бўлмаса, мана, Пўлатдан сўра, би
р дафтар шеърим бор мениям! Ҳаммаси гулу булбул, ишқу муҳаббатга бағишланган. Лекин энди, кўриб турибсан — гўнг, хашак… Ўзи ёзсин, ўлмайди. Жони қаттиқ унинг. Сталин бобонг бир ўзи бир кунда саккизта газет чиқаради. Юқоридан буйруқ келса — бас!
Назир ака лоф қилаётгани йўқ, ўзим гувоҳман. Тоғдаги чорвачилик хўжалигида амалга оширилаётган партиявий-сиёсий тадбирларни рўзномада ёритиш зарур бўлиб қолди. Ўша куни райқўмда қанақадир мажлис чиқиб, Салим Қарор тоққа боролмади. Эртаси келиб, хўжалик раҳбари билан телефон орқали беш минутгина сўзлашдию машинкахонага кириб, икки соатда икки саҳифа нарса тайёрлаб чиқди. Оғзаки, айтиб туриб! Қойил қолмай илож йўқ. «Бешарчадан беш сабоқ». Қизиқсиниб ўқиб қарадим. Худди бориб ўз кўзи билан кўргандек жонли, батафсил. Далилу мулоҳазалар жой-жойида, хулосалар асосли, шиддатвор. Бирорта ҳам нуқсони йўқ. Гап шунда-да: бирорта ҳам! Бари барчага маълум, тўппа-тўғри, сип-силлиқ гаплар. Лекин — ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Устозим шу ҳунарнинг пири экан, билсам.
Иш бошлаганимнинг иккинчи ҳафтасимиди, у менга топшириқ берди. Шойи тўқиш фабрикасидаги очиқ партия мажлисидан ихчамгана репортаж ёзиб келишим даркор. Бордим, қатнашдим, ёздим. Бу даққиюнусларга бир кўрсатиб қўяй деб, бор истеъдодимни ишга солиб ёздим. Мудиримнинг таҳриридан кейин ўқиб кўриб эса дод деб юборай дедим. Соч юлиб ўтириб топган ўхшатишу сифатлашларим, мажозий ибораларим… қани?! «Фалон куни фалон жойда фалон мавзуга бағишланган фалондай мажлис бўлди. Йиғилишда фалончи-фалончилар сўзга чиқиб, фалон-писмадон дедилар. Мажлис аҳли фалондай қарор қабул қилди. Бу — жонажон партия-ҳукуматимизнинг тарихий қарорларига тўлиқ ҳамоҳангдир». Қолган гап шу. Худди бир даста гулни силкиб-силкиб баргини тўкиб ташлагандек. Айниқса, илова қилиб қўйган сўнгги жумласини ўқиб жоним чиққудек бўламан: шугина мажлис аҳлики «ҳамоҳанг қарор» қабул қилган экан, юқорида ўтирган партия-ҳукуматнинг нима кераги бор?! Ҳамонки, қарор «ҳамоҳанг» бўлмога олдиндан маълум экан, ш
унча одамни овора қилиб мажлис чақиришдан мурод нима?!
Муҳаррирга арз қилиб кирган эдим, Жума ака: «Ничево, партиявий услуб шунақа бўлади, ўрган», дея юзимга сув сепиб чиқариб юборди. Қўлимдан келгани шу бўлдики, кечқурун яширинча босмахонага тушиб, номимни олдириб ташладим. Ахир, буни кўрган биров-ярим: «Ёзганинг-ку Салим Қарорникидан фарқи йўқ экан, Тошкентда пашша қўриб нима қиласан?», демайдими?!
Аста-секин юксак шеърияту бадиий воситалар хаёлимдан кўтарилиб, бор муҳитга мослаша бошладим. нсоф билан айтиш керак: яхшими, ёмонми, устозимдан ул-булни ҳам ўргандим.
Ана шундай сабоқардан бирини эсласам, ҳамон ўзимни кулгидан тиёлмайман. Салим Қарор қаёққадир кетганида бир мақола тайёрлаб, босмага топширдим. Эртаси уни рўзномада ўқиб, ваҳимага тушиб қолмайдими устози!
—    Сиёсий хато, сиёсий хато! — дерди у бошини чангаллаб. — Капамиз куйди, жиянжон! Энди нима қилдик? Келиб-келиб Жума Турдиевич бетобликларида… «Партия қарорлари» дебсиз. Қайси партия: сотсиал-демократлар партиясими, эсерлар партиясими ё кадетлар?! «Жонажон Коммунистик партиямиз» деб ёзишимиз керак, билдингиз! Буни райқўм ўқиса-а, икковимиз ҳам, Жума Турдиевич ҳам!.;
Тушлик чоғи бу нохушликни Назир акага билдирган эдим, у кулиб юборди:
—    Чепуха! Бор-э, энағар, демайсанми! Бу деворий газетангни ким ўқирди? Ўқиса ҳам — чепуха!
Хайрият, райқўм бизни чақирмади. Ё, у ердагилар ҳам Жума Турдиевичга ўхшаб ўша кунлар бетобмикан…
Салим Қарор билан корректура ўқишганимиз бундан ҳам қизиқ. Корректор қизимизнинг тўйи бўлиб, бир оқшом рўзномага навбатчилик қилган мудиримга кўмаклашгани қолдим. Мен қўлёзмани кузатиб бораман, у киши босмахонадан келган нусхасини овоз чиқариб ўқийди. Солиштирамиз. Устоз ҳижжалаб-ҳиж-жалаб ўқияпти-ю, мен кулиб юбормаслик учун сонимни чимчилаб ўтирибман.
—    «Жо-на-жон Ком-му-нис-тик… бош ҳарф билан, иккита «м»… пар-ти-ямиз-нинг та-ри-хий…ий… қа-рор-ла-ри-дан руҳ-ла-ниб, вергул… а-за-мат пар-ран-да-бо-қар-лар юк-сак зафар қучдилар… «Қучдилар»ми? Ҳа-а, ана шундай. Сергак бўлинг-а, жиянжон…
Салим Қарор йиғин-пиғинга кетганида мен дераза олдида узоқ-узоқ туриб, кўчадан ўтаётган қиз-жувонларни томоша қиламан. Туриб-туриб хўрлигам келади, ўзимни ўзим сўкаман. Бу нима юриш, ахир? Диққинафас хонада, ундан-да диққинафас бир одам билан, диққинафас бир муҳитда, ҳеч кимга кераксиз, сийқаси чиқиб кетган гапларни чайнаб, талантимни хор қилиб, «далага нури чиқарилди», «кўприк қурилди», «бригада планини бажарди» деб ўтиргунча, практикага Тошкентнинг ўзида қолиб, хушҳаво чаманлар аро Мадинамни қўлтиқлаб, унга шеъру ғазал ўқиб юрмайманми! Аҳмоқ, нодон! Ҳаётни ўрганармиш, ҳаётга яқин бўлмоқчи эмиш! Мана ҳаёт!.. Жўралар қачон келаркин-а, деразанинг тагида машинасини бип-биплатиб? Бугун чўмилгани шаршарага бормоқчи эдик… Кетаман-ку, куз келсин, кетаман! Гўнгу хашагинг ўзингга сийлов, қарор-парорларинг билан қўшмозор бўлгур Салим Қарор!
…Туман марказидан ўтиб олмазорга қайрилаётганимизда отам гапириб қолдилар:
—    «Шогирдимиз бизни боплаб бир қўлга туширганда» деб юрарди раҳматли. Нималигини айтмасди.
Уша воқеани ғира-шира хотирлаб, сўрайман:
—    Ота, энасини жанозасиз кўмдирган у, дедингиз боя. Шу одам намоз-памоз ўкирмиди ўзи?
—    Ўқиган бўлса ўқигандир, биров кўрган эмас. Дафн-маъракаларга қатнашарди-ю, жаноза пайти четга чиқиб турарди. Нима бўлган эди ўшанда?
—    Э, эсда йўқ…
Эсда бор. Салим Қарор кечки навбатчиликка қолганида қарашиб юрган кунларим эди. Босмахона охирга саҳифани тайёрлаб бергунича бирпас ҳовлини айланай деб чиқиб, қайтиб келсам — эшик берк. Қаттиқроқ силтаб итарган эдим, занжири омонат эканми, шарақлаб очилиб кетди. Қарасам… биров ерга мук тушиб ётибди. Устозим, Салим Қарор! Шарпани сезиб, у апил-тапил ердан ниманидир йигиштириб олиб, столи тагига уриб юборди. Жойнамозми? Кейин белини ушлаганча инкиллаб ўрнидан турди-да, ҳадаҳа стол устида ётган алланимани кафти билан босди ва сатҳ бўйлаб суриб бориб, билинтирмайгина чўнтагига солиб қўйди. Қизил нарса, ҳужжатга ўхшайди…
—    Келинг-келинг, жиянжон, саҳифа ҳали тайёр бўлмабди, — деди Салим Қарор гуноҳкорона оҳангда ва нолиш билан илова қилди: — Қурғур бел оғрийди. Шунга бирпас ёнбошлаб олай деб…
Гапни олиб қочишини! Намоз ўқир экансан, очиқ ўқийвермайсанми, менга нима? Бундан чиқди, кундузлари мени нарига хонага чиқариб юбориб… Узоқ-узоқ қолиб кетсам ҳам индамаслиганинг сабаби бу ёқда экан-да, ҳаҳ, муғамбир! Лекин, анови нимарса эди? Нега тура солиб шунга ёпишди?..
Ўша оқшом Салим Қарорни таниб бўлмай қолди. Алланечук жонсарак, ялтоқи, одатдагидан сергап. Узи чой дамлаб, менга манзират қилган. Саҳифаларга тўлиқ имзо чекиб бўлинди ҳамки, уйга кетишга шошилмайди. Зарофатдан йироқ кўринган тўнкамижоз кимса, мендан шеър тинглаб чарчамайди. Ўтган-кетган ҳангомалардан сўз очади. «Отангиздан сўранг-да». Кетаётганимизда, бобом тенги одам, устозим, бир қадам уйимизга кажавали мотоциклида элтиб қўймоқни таклиф қилди… Таажжуб!
Салим Қарор эртаси ишга келмади. «Бетобман», дебди сим қоқиб. Икки кундан кейин отпуска сўраб ўғли орқали ариза юборди.
Бебош қолганимни кўриб, муҳаррир мени интиқ бўлиб юрганим — маданият бўлимига ўтказди. Шўхшан улфатлар даврасида юриб, куз келиб қолганини сезмабман. Севимли Тошкентимга жўнадим.
Салим Қарорни бошқа кўрмадим. Кейинги йили келганимда редакцияга кириб суриштирсам, «Шу уккағарни сен бир бало .килиб кетдинг-ов, шоир, — деди кулиб Назир ака. — Ўша бўйи қайтиб ишга чиқмади. Кўз қурғур хат ишига ярамай қолди, деб бошқа соҳага ўтиб кетди. Боғдорчилик бригадасига қоровул деб зшитаман. Кўча-кўйда кўринмайдиям». Бу жумбоқдан бошим қотди.
Унутилмас устозим ҳақида билганим мана шулар. Кейин-кейин у хотирамдан ҳам кўтарилиб кетай деган экан, бугун келиб…
Боғкўчалар бўйлаб бир оз айлангач, деворлари нураган, хароброқ ҳовлига етиб машинадан тушдик. Ота-бола сипо тортиб, қийшайиб қолган қадимий дарвоза орқали «келинг-келинг»сиз, тўппа-тўғри ҳовлига кириб бордик. Этакдаги эгри ўсган олма тагида одам кўриниб, ўша ёққа юрдик.
Заранг ерга тўшалган шолчада икки-уч киши «манқа» гурунг қилиб ўтирибди. Бориб биз ҳам чўккаладик. Тўрда, юзлари қат-қат ажин, қабариқ кўзойнак таққан кўҳна бир мўйсафид чилчўп оёқларини бетакаллуфона чалчайтирганча ёстиққа ёнбошлаб мудраб ётибди. Берироқда ундан тетикроқ яна бир қария, тўхтаб-тўхтаб шеригига гап беради. Пойгакда дўппи-белбоғли кайвонисифат бир йигит. Гап-сўзларидан — марҳумнинг жияни. Ўғли негадир кўринмайди.
Бош ирғаб салом-алик. Дуои фотиҳа. Кейин бафуржа ҳол сўрашувга ўтилди.
Фурсатдан фойдаланиб мен ҳовли-тузга кўз югуртирдим. Дўппидеккина, тор. Маҳаллий шароитга сира тўғри келмайди, бамисоли шаҳарҳовли. Вақти-замонида бирмунча ободроқ бўлган уй-жой ҳам энди хароб, файзи кетган. Ҳаммаёқ патарот, олмаларни қурт кемириб ётибди, кузаки меваларини ғубор босган, каҳрабо тусда.
Кайвони жиян мендан қачон келганиму неча кунга келганимни сўради.
—    Уканинг шу одатлари маъқул-да, — деди сўнг отамга юзланиб. — Келасолиб дарров эл-улуснинг мавлид-маъракасини кўзлайдилар. Узим кўрганман-да бир-иккида. Соғ бўлсинлар. Раҳмат. Савоб. — Кейин, бир зум тин олгач, марҳумнинг эгаси сифатида, бу ерда ўтирганлар неча бор эшитган, яна эшитажак, ўзи ҳам неча бор такрорлаган, тағин такрорлаяжак ўлим тафсилотини, таомил бўйича, энди бизга сўзлай бошлади: — Билмадим, биппа-бинойи юрган эдилар. Ўша куни денг, бир-икки жойга таъзияга ҳам борибдилар, қайтишда бозор-ўчар қилиб кептилар рўзғорга. Балодай. Ҳеч кимнинг хаёлига келмаган. Сўнгра денг, бу энди пешин намозидан кейинги гап — Самиевнинг олдига жўнабдилар, директорнинг. Шундан шу ёққа. Пиёда. Оёқларида бодлари бор эди, кекса одам. Самиев бир вақтлар қўлларида тракторчилик қилган экан, шуни орқа қилганлар чоғи-да. Мана, ўзларинг кўриб турибсизлар: ҳовли каталакдай, боз устига, яримчаси йўлга тушмоқчи. Гап ўзимизники-ю, қайнона-келиннинг ҳам собиқаси келишмай
роқ қолган. Шунга, улларига бир парча ер сўрамоқчи бўлганлар-да, янгамизнинг айтишича. Самиев нима депти денг: «НКВДда ишлаганингизда отамни қаматгансиз, сизга ер йўқ». Нокаснинг гапини қаранг! Шунча замон ўтиб, эски аламинг энди, совхозга директор бўлганингда эсингга тушдими, номард! Қаматган бўлса, отанг бирон айб қилгандирки, қаматган-да. Қолаверса, амакимиз милисада озроқ ишлаганларидан хабарим бор эди-ю, — эски шапкаларини ҳўв йиллари, болалик-да, биз кийиб юргич эдик, — лекин НКВД-пнквдсини эшитганимиз йўқ.
Мудраб ётган кўҳна чол дафъатан жонланиб, луқма солди:
—    Э, ў вақтлар ўнинг бари бир эди.
—    Бирмиди, бир эмасмиди, отасини тус амаким қаматганини ким исботлайди, бобо, қани?! — деди тарафгир жиян чолга «ҳужум» қилиб. — Самиевингиз у вақтлар энасининг қорнидаям бўлмагандир. Ҳай, майли, нимаям дердик энди! — Сўнг бизга ўгирилиб, узр сўрагандек, гапини айбдорона оҳангда давом эттирди:— Амакимизни биласизлар: сал ҳалигидай, қизилроқ эдилар. Боз устига денг, кейинги вақтда бу ердаги ғурбатлардан сиқилиброқ юрган эканларми, оташин бўлиб, анови гапларини айтибдилар: «Ўн тўрт ёшимдан марксистман». «Бор, ўша Марксингга бор, Марксинг ер берсин!» дебди-я энағар Самиев. Бўлган гап шу. Қайтиб кептилар, янгамизга пича ҳасрат қилган бўлиб, анови супага ёнбошлабдилару жонлари чиқибди…
Худди шуни кутиб тургандек, алҳол қизиқ иш бўдди. Ғир-ғир эсаётган беозор шабада тўзонга ўхшаб бир гуврандию гириллаб учиб келган қандайдир дўппи тепамиздаги олма шохига илиниб қолди. Шамол тағин бир ғайрат кўрсатган эди, шоҳдан узилиб, пастак девор оша қўшни ҳовли томон парвоз қидди.
Ирғиб туриб девор сари таЯпинган жиянни бери-роқда ўтирган қария тўхтатди:
—    Ҳаҳ, қўйинг энди, Мардонбой, ҳализамон болаларингиз кўтариб чиқади. — Кейин мийиғида кулимсираган бўлиб деди: — Раҳматлининг бошида дўппи кўрганимиз йўқ эди ўзи.
Жиян қайтиб жойига чўккаларкан, хижолатомуз ил-жайди:
—    Янгигина эди. Ҳали кийилмаган. Амаким шапка киярдилар. Расмига деб осиб қўйган эдик-да.
Шундагина айвондаги дорга ташлаб қўйилган ки-йим-кечакка диққат қилдим. Марҳумнинг усти-боши. Ўша, кўзга таниш мошранг либослар. Ўша каттакон блокнот, ўша ранг-баранг авторучкалар.
Чеккарокда, устун қозиғида шумшайибгина бир дона оқ яктак осилиб турибди. Чамаси, дўппи шунинг тепасида бўлган. Омонатроқ илинган эканми қозиққа…
Ҳарчанд уринмайин, раҳматлини бу яктак, бу дўппида тасаввур қилолмадим. Ў кўпроқ анови либосларга лойиқ эди. Галифе бобо…
Кейин — хайр-хўш. Худо раҳмат қилсин. Жойлари жаннатда бўлсин. Қолган умрлари бизларга — тирикларга насиб этсин…
Кайвони жиян кузатувида ота-бола ҳовлидан чиқдик.
Қайтяпмиз.
—    Энди Боғболога, — дедилар отам машинани марказга етмай юқорига буриб. — Халиловникига. Яқинда укаси мототсикддан учиб ўлди. Аломат йигит эди, қўли гул. Халиловнинг уйини биларсан, ҳў-ў теракзорнинг орқасида. Асом зўрга ҳамсоя-да.
—    Қайси Асомни айтяпсиз? — деб сўрадим пари-шонҳол. — Асом деган синфдошим бўларди…
—    Кўнглингга олмагин-у, улим, Асом зўрники унутган бўлсанг, анча бегоналашиб қолибсан.
Кўнглимга олмадим. Тўғри-да, балки ўша мен айтган Асомдир. У ҳам болалигида ўлгудек зўму зўравон эди.
Йўдда гап айланиб, тағин Салим Қарорга кўчди.
—    Боя шу одамни эътиқодли эди, деб таърифладик, ота. Менимча, у бор-йўга оддийгина қўрқоқ бўлган, холос.
—    Гапингда жон бор, улим, — дедилар отам. — Сталин замонида юрак олдириб қўйгани рост. Уни Термиз турмасида бир ҳафта кигизга ўраб жабрлаганлар. «Кигиз жазоси» деган шундай бир қийноқ усули бўлар экан. Ўз оғзидан эшитганман. Колхоз даврида бир кеча хирмонжойда ётиб қолиб, мастлик билан йиғлаб ҳасрат қилган эди. Биласанми, уни нимада айблаганлар? «Сталин»га «бетайин»ни қофия қилгани учун. Салим Қарор шоир эди-да, ў-ў, қандай шоир! Ғазал ёзарди, кейин шуни ўзи қўшиққа солиб айтарди. Эшитганмиз-да. Биз унда бола эдик.
Салим Қарорнинг «Биз ҳам ёшликда ёзар эдик. Кейин, қофиясини тўғри келтиролмай…» деган армонли сўзларини хотирладим. Гап бу ёқда экан-да.
—    Эҳтимол, ўшанда, кигизга солиб кийнаганлари-да, чидаёлмай айғоқчиликни зиммасига олгандир? Ҳалиги бобо бир нимага шаъма қилгандай бўлди-ку?
—    Бўлса бордир, улим. Неки сир-асрори бўлса, ўзи билан олиб кетди энди. Нариги дунёси обод бўлсин, деймиз-да, бошқа нимаям дердик? Расми, ўлганнинг орқасидан бундай гаплар гапирилмайди. Икковимиз ҳам гуноҳга ботиб бўлдик. Ўзи қизиқ-да: шуларни нақл қилмасанг, яхши-ёмонни қандай фарқлайсан? Тириклардан гапирай десанг — иғво, ғийбат саналса… Э-э, улим, замонаси не-не валломатларни майиб қилмади! Мана шу Асом зўрни олайлик…
Хаёлим чувалашиб кетди.
Боғболонинг донғи кетган сарв тераклари бўй кўрсатиб қолган эди.
Отамнинг нақллари қулоғимга узуқ-юлуқ чалинади:
—…НКВДнинг одамлари эшикда пойлаб турибди. Қаёқдандир буни сезади. Жон ваҳми мансабнинг мазасига қўшилиб, ғаладондан думалоқ муҳрни оладию кўзини чирт юмиб ютиб юборади. Кейин шартта орқа деразадан ташлаб қочади. Шу кетганича ўн беш йиллар деганда қайтиб келди. Қандай де? Капитан либосида. Кўкракларида турли-туман нишон… Укасини, ўз укасини қаматиб юбориб, ўрнига ўтирди. Унинг хотинига уйланди. Кўп хушрўй жувон эди, Зайнаб дегич. Раислик қилди. Ҳў-ўв яқин йилларга довур. Ука қайтиб келди.. Абгор… Ўн йилча оёқ-қўлидан ажралиб, шол бўлиб ётди. Қилма — топарсан, деганлари шу-да.
—    Кимни гапиряпсиз, ота?
—    Асом зўрни-да, Асом зўрни. Сулаймонга язна-почча бўлади. Сулаймон эсингдами, уйимизга келиб турарди-ку? Чўлоқ, юрганда бир оёғи ғирчиллайдиган? Сенга ёғоч от ясаб берган эди болалигингда…
Асом зўр, Асом зўр… Ҳа-а, эсладим, эсладим… Келинг, буниси янаги галга қолсин.
1991