1. Бир хушхабар ва сирли отдош
Олис бир шаҳардан кетма-кет келган бу қўшалоқ хабар Фарҳод Рамазонни шошириб қўйган эди. Шошириб эмиш, кўп йиллар бурун бошидан кечган эски савдоларни қайта тиғлаб, нари-берисини айтмаганда, бир маромда бораётган бугунги турмушини алғов-далғов қилиб юборди деса бўлади. Тўғри-да, яхшидир-ёмондир, ўтгани – ўтди, бундан бу ёғи ҳам шундай бир нави жилавериши ҳеч гап эмас. Лекин ногаҳон чақмоқ чақнаган мисол бари остин-устин бўлиб кетди.
Дастлабкиси – электрон почта орқали келган мактуб Равшан Акобировдан эди. Фарҳод дунёда кимдан кутган бўлса кутгандирки, шу одамдан бирон хат-хабар олишни, яна-тағин денг, бундай ҳайратомуз хушхабарни асло хаёлига келтирмаган.
“Фарҳоджон, сизни чин дилдан қутлайман! – дея самимий такаллуф ила бошланарди битик. – Тўйдан олдин ноғора қоқмайин деган андишада сизга маълум қилмаган эдим. Хабарингиз бордир, мен кўпдан буён Ҳолливуд кинокомпаниялари билан музокара юритиб келаман; ҳар қалай, киройигина муносабат боғлаб олдим шекилли. Аммо кечаги кунга қадар айтарли бир натижа йўқ эди. Тасодифан, Тошкентда чиқадиган “Звезда Востока” журналининг эски бир сони қўлимга тушиб, “Ишқ исёни” деган асарингизни ўқиб қолдим. Кўнгил бир нимани сездими, тезгина инглизчага таржима қилдириб (дарвоқе, ўзимизнинг Фарҳод ўгириб берди, қўли анча келишиб қолган), океан ортига жўнатган эдим, кутилмаганда хушхабар келди! Сизни яна бир бор табриклайман, ука! Хуллас, ишимиз юришадиганга ўхшаб турибди. Таклифлари бўйича, шу йил охирларига бориб тайёргарликни бошлашим керак. Рухсат тегса, балки Ўзбекистонда суратга олинар, нима дедингиз? Лекин сценарий юзасидан баъзи жиҳатларни сиз билан эртароқ бир келишиб олишимиз лозим. Мен, биласиз, маълум сабабларга кўра, ҳозирча Тошкентга боролмайман. Ўзингизнинг яқин орада бу томонларга келиш ниятингиз йўқми? Келолсангиз яхши бўларди – сизга дахлдор бошқа гаплар ҳам бор…”
“Ўзимизнинг Фарҳод” нечундир ёнбош ҳарфларда эди. Нима, мақтанмоқчими? Дарвоқе, нега энди – Фарҳод? Ким ўзи у?
Хатнинг охиридаги “Р.S” белгиси билан илова қилинган сўзлар кишини айниқса ҳайратга соларди: “Акангиздан ҳалиям ранжиб юргандирсиз? Қўйинг, унутинг, бари ўтди энди…”
Бир ойлардан сўнг келган навбатдаги нома эса Фарҳод Рамазонни батамом довдиратиб қўйди.
“Азизим Фарҳод! Эски дўстларингни унутиб юборганинг учун… ташаккур сенга! Бошқа нима дейин, айт? Равшаннинг хатини олгандирсан? Чин қалбимдан табриклайман, жоним! Сен билан қандоқ фахрланганимни билсанг эди! Ҳолливуд-а! Ҳазилакам гап эмас бу, жаноб Ромазанов! (Айнан шундай – “Ромазанов” ёзилган эди.) Биз томонга юриш ниятинг йўқми? Эшитишимча, яқинда бўладиган кинофестиваль танлов дастурида сенга тегишли фильм ҳам бор эмиш. Номи ғалати-я – “Қизларнинг қоровули”миди? Ким у – қоровул? Ўзинг бўлиб чиқмасин тағин? Эсингдами?.. Қоровул эмиш! Бўпти, бўпти, жаҳлинг қўзимасин, ҳазил. Айтгандай, қулоқ қалай, қулоқ? Қўявер, чийилласа чийиллайверсин, қулоқ солма унга – Ҳолливудгаки маъқул тушадиган нарса ёзмоқ учун қулоқ соғлом бўлиши шарт эмас экан! Буюк Бетховендан ўрнак олсанг, кам бўлмайсан, дўстим. Ўша “Қоровул”инг баҳонасида бир келсанг-чи? “Қизлар” тайёр бу ёқда! Индаллосига кўчадиган бўлсам – бизда айрим муаммолар чиқиб
турибди, бирйўла гаплашиб ҳам олардик. Отдошинг – Фарҳод мактабни битирай деб қолди, Лондонга бориб ўқимоқчи, паспорт олиши керак.
Ўзбек бўлмоқчилар бу киши! Сенинг маслаҳатинг зарур. Қолганини келганингда сўзлашармиз. Агар мени унутмаган бўлсанг, ҳув картошкадек донгдор бурнингдан ўпди деб ҳисоблайвер.
Ўша-ўша Виканг.
P.S. Сенга аталган бир янгилик. Яқинда “Мосфильм”га йўлим тушиб, эски дўстинг Суръат Набиевни учратиб қолдим. Уйланганмиш. Айтсам ишонмайсан – тағин ўша Лидасига! Жазоирдан қайтиб келибди-да у. Зўр-а? Қойилмисан? Энди яна бир бор бурнингни тутмасанг бўлмас. Қани-қани… Ана, бў-ўлди!”
Бугун ўйлаб қараса, Фарҳод Рамазон у шаҳарни кўрмаганига нари-бери ўн етти йил бўлибди, ўн етти йил! Юракка доғ солган Викаю Равшан Акобиров деганлар энди гўёки унутилаёзган босинқи бир тушга ўхшайди. Шунча йилнинг бадалида нега бир йўқлаб бормади? Имкон топса бўларди-ку. Ёки оёғи тортмадими? Нега?
Гап кўп, баҳона ҳам етарли. Лекин очиғи – қўрқарди. Қўрқар эдики…