Иброҳим Исломовга
Уни кўрмай ўтиб кетиши ҳеч гап эмасди. Кеч эди, қоронғи эди. Машинани катта тезлик билан ҳайдаб борар, кўзи йўлда, хаёли ҳам паришон эди.
Кеч эди, коронғи эди, лекин уни кўрдн, дафъатан кўзи илди. «Оббо, — деди ичида, — буларнинг уясига бир бало оралаганми? Бешинчисими бу, олтинчиси? Олтинчиси шекилли, олтинчиси! Чорак соат ичида олтитаси учрабди-я! Йўлнинг четида чўнқайибгина ўтирибди, бемалол. Ўтирибди, бемалол?!»
У шартта тезликни пасайтириб, орқанги чироқларни ёқди, бир зумга ўгирилиб қаради: кеч, қоронғилик.
Сўнг машинани ўттиз-қирқ қадамча тислантириб борди-да, чироқларини йўлнинг сўл ёқасига тўғрилади Ҳа, ўтирибди! Тулки. Ўзгинаси. Ана, кўзлари ёнади, мушукникидек. Чироққа бир сескангандек бўлди-ю, яна ўша алфоз пинак бузмай ўтираверди.
У ажабланиб сигнални босди. Жонивор безовталанди, қулоқларини чимирганча бир-икки бор қўзғалиб қўйди, кейин сеҳрланган каби яна қотиб қолди «Тавба, тамакизорни оралаганми бу?!»
Моторни ўчирди, машинадан тушиб аста унга яқин борди. Тулки ҳамон қимир этмасди. Қўриниши жуда хароб, афтодаҳол: эти суягига ёпишган, ярғоқ терисини букилган бошмалдоқдек туртиб чиққан елкалари туксиз — оқариб турибди. Шарпани сездими, танаси алланечук жунжикканга ўхшади, буралиб ётган пахмоқ думи билинар-билинмас титраб кетди. Аммо жойидан жилмади.
Ҳайрати ошганча у бир лаҳза иккиланиб турди («Нима жин урган буни? Ёки айёрлик қиляптими? Тулки-да, касби»), сўнг оёғининг учи билан авайлаброқ думини босди. Жонивор заиф, мадорсиз ириллаб олға силтанди, тузокдан қутулишга уринди. Гавдаси ичак мисол чўзилиб, қилтиллабгина жойидан турди ҳам. Турди-ю, олдинги бир оёғи ерга тегмай шалпиллаб қолди: тиззадан пасти келига солиб туйилгандек мажақ, мажруҳ эди.
Думи халос бўлгач, тулки яна боягидек чўнқайиб олди.
«Э, шўрлиг-э, айбинг бор экан-да, бундай ётибсан. Қопқондан қочдингми ёки машина-пашина уриб кетдими? Балки ғаниминг ғажиб ташлагандир? Тулки бўлсанг ҳам тажрибанг йўқ экан-да ҳали, тажрибанг!»
У «Москвич»нинг юкхонасини титкилай-титкилай, бензин ҳиди анқиб турган увада бир чопон топиб келди. (Болалигидан қолган одат: ҳатто хонаки ҳайвонлардан ҳам ирганади, кучук ёки мушукка қўли тегиб кетса, дарҳол совунлаб ювишга тушади. Уйларига амма-холалари келганда-ку, «Бир ўпай, айланай», дея кетидан югуриб сарсон бўлишарди. «Бетимни ҳаром қиласиз!» деб дод соларди у. Шундан, ўзи қорача бўлса-да, ҳамма уни «Оппоқвой» деб чақирарди.) Орқасидан писиб тулкини шаппа чопонга ўради-да, олиб келиб юкхонадаги ашкол-дашқоллар орасига жойлаштирди. Копқоқни беркитаётганида тулки бир-икки ғингшиди-ю, кейин жимиб қолди. «Эркалик қилишларини! Қўрқма, пастда ҳаво кирадиган туйнукчалар бор, димиқиб кетмассан!»
Машина йўлга тушди.
Буларнинг уясига бўрими ёки шунга ўхшаш бир жондор оралаган-ов. Она тулки бошлиқ ҳаммаси жонталваса ҳар ёққа тирқираб қочган. Тетикроқлари дарё бўйидаги қамишзор томон югурган, қолгани бу ёққа — катта йўлга қараб жуфтак ростлаган. Бирин-кетин бештаси йўлни кесиб ўтди-ку. Бу шўрлик эса, тажрибасизлик қилганми, қонидаги табиий эҳтиёткорлик бир зумгина панд еганми, қоронғини тилкалаб келаётган чироқ нурларига маҳлиё бўлиб, ўзини ғилдирак тагига урганини билмай қолган. Ҳа, шундай бўлган. Мана энди, оёғидан ажраб, тақдирга тан берган каби йўл ёқасидаги шағалда навбатдаги мўъжизани кути-иб ўтирибди. Бу ерда-чи, мўъжиза кўп, мўъжизакорлар кўп!
Йўлида тулки учраган одамнинг иши ўнгидан келармиш! Бундай экан, шу олти тулки унта эрталаб — йўлга чиқкан чоғида учраса кима қиларди?! Иши олти баробар ўнгидан келармиди?
Термизга у автоколоннага ажратилган эҳтиёт қисмларни расмийлаштириш учун борган, аммо иши битмай, хуноб бўлиб қайтмоқда эди. Бир уй хотин-халажнинг орасига тушиб гангиб колди. Ҳар ёқдан гап отиб шошириб қўйишди. Нимани сўрашди, ўзи нима жавоб қилди — билмайди. Ҳиринглашгани ҳиринглашган.
Ҳаммасининг олдида бир уюмдан қоғоз, мўъжазгина ҳисоблаш машинкаси, қаҳва ичиладиган митти финжонлар. Ҳаммасининг қўлида олма — кавшаб ўтиришибди. «Янги таъминотчимиз сиз экансиз-да? Ёшсиз-ку жуда? Бош механик эдингиз шекилли?» дейди кафтидаги ойначага қараб лаб-лунжини ҳар мақомга буриб кўраётган жувон. «Иложи йўқ, йигитча, — деди тўрдаги столнинг бекаси, ёши ўтинқираганроқ кўзойнакли аёл қоғозларини қайтиб қўлига тутқазаркан. — Харажатларингиз ортиб кетибди. Директор ёки бош инженер билан гаплашмасангиз бўлмайди». Унинг ёнида ўтиргани Ўрин шипирмани сўради, «Бечорагина!» деб ачинган бўлди, кейин оғзидан бол томизиб таърифлади. Хонадан чиқаётганида биттаси қўлидаги қизил элик юқи қолган олмани кўрсатиб, «Сизлар томонда жуда ширин бўлармиш-а?» дея маънодор илжайди.
Уни ана шундай ғалати ҳиринг-ҳиринг билан кузатиб қолишди.
Директор Тошкентда экан. Бош инженер трестга кетибди. «Тушдан кейин келсалар керак», деди котиба қиз. Кутишдан бошқа чораси йўқ эди. Ҳовлига чиқиб, япроқларини шира босган тол тагидаги коржома кийган бир тўп одамга кўзи тушди, бориб уларнинг гурунгига қулоқ тутди. Ариқ лабида чордана қурган чўтир юзли кексароқ киши латифага уста экан. Кулдириб ҳамманинг ичагини узади-ю, ўзи тишининг оқини кўрсатмайди.
Кейин ўшаларга қўшилиб ҳовли этагидаги ошхонада тушлик қилди. Латифагўйлик овқат устида ҳам давом этди. Ошхонадан чиққач, қорнини силай-силай ҳамма ўз юмушига кетди, у бош инженернинг ҳузурига ошиқди. Котиба қизнинг айтишича, ҳозиргина телефон қилибдилар. Обкомда ишлари бор экан, бугун келолмасмишлар.
Боши қотиб ўйланиб қолди.
«Янги таъминотчимиз сиз экансиз-да? Ёшсиз-ку жуда? Бош механик эдингиз шекилли?»
«О-о, Ўрин Жумаевич! Ана таъминотчи, ана одам!» Элик юқи қолган олма, «Сизлар томонда жуда ширин бўлармиш-а?»
Қайтди. Қуруқ қайтди, пушаймон бўлиб қайтди.
Машина чироқлари аввал йўл бўйидаги «Жониворларни асранг!» деб ёзилган, синф доскасидек келадиган мармар лавҳани, сўнгра қизғиш тошдан тикланган улкан супа устида олдинги оёқларини баланд кўтарганча тоғ томонга интилиб турган кийик ҳайкалини ёритди.
Сакратма довонининг тепаси. Шофёрлик кезлари узоқдан қайтаётганида доим шу ерда бир нафас тўхтаб, чекиб олишга одатланган эди. Машинани йўлдан чиқариб, тўхтатди. Тушди. Тоғ тарафдан ғир-ғир илиқ шабада эсади. Кўкда юлдуз кўринмайди. Юлдузлар пастга, тоғу адирлар қўйнида ястанган район марказига кўчиб тушгандек. У, кийик пойидаги супага суяниб, ана шу «юлдузлар»га хаёлчан тикилган кўйи сигарет тутатди. Бугунги югур-югуру ташвишлари эсидан чиқкандек бўлди. Доим шундай, Сакратмага келиб битта чекадию йўл чарчоғи бутунлай ёзилиб; ўзини бмрдан тетик, беташвиш сезади. Иши унмай қайтаётган бўлса-да, кўнгли ҳозир алланечук равшан, хотиржам эди.
Ўлжаси ёдига тушди, сигарет қолдиғини олисга чертиб, машина томон юрди. Юкхона қопқоғини хиёл кўтарган эди, қитир-қитир товуш, тулкининг ириллагани эшитилди. «Тирик, келяпти,— деди ичида бир қаноат билан қопқоқни қайтиб тушираркан. — Лекин янги камеранинг дабдаласи чиқди-ёв. Яна нима бор эди?»
Э, шуни нега олди ўзи? Нима қиларди соғ бошига сақич ёпиштириб? Ўлимтиккина нарса экан, кўриниши ҳам бир аҳволда, бунинг устига — чўлоқ! Қаерга олиб боради? Кимга керак бу? Қўйиб юбора қолса-чи?
Кўзи қиймади. Азза-базза шунча жойдан олиб келиб-а? Ахир, бу ҳам худонинг бир махлуқи, ёрдамга муҳтож махлуқ. Ана, «Жониворларни асранг!» деб ёзиб қўйишибди, жониворга ҳайкал ўрнатишган!
Шофёр оғайнисини эслаб, қувониб кетди: «Исмоилга олиб бораман! Ўшандан бирор маслаҳат чиқар, ов-повга ишқибоз, гапирган гапи — бўри, тулки».
Исмоил дарвозаси оғзидаги, ерга чўккан туядек баҳайбат тўнкада чордана куриб ўтирган экан. Машина чироқлари кўзига тушиб, ҳай-ҳайлаганча иккала қўлини баланд кўтарди. Кейин чопони барларини қоқа-коқа келиб кўришди, оғзида нос.
— Э, Шамад! Теймижданми? Бўйими, туйки?
— Туйки,— деди кулиб Самад.
— Йоштданми? Ешшор ҳам бойми? — У машинасининг ғамида эди: рессори синган.
— Оғзингдагини тупурсанг-чи! — деди Самад энсаси қотиб.— Бўлмади. На рессор, на бошқаси. — Сўнг машинага ишора қилди: — Сенга тулки олиб келдим.
— Чатоқ бўпти. Хабаринг бор, икки ҳафтадан бери бир томоним билан юрибман, — деди Исмоил унинг гапига бепарво, ўзининг дардини чўзиб. — Бир қариндошимиз тўй қиляпти, жўра. Бормаса бўлмайди: бизнинг тўйга келган, хеш-таборчилик, кўз кўзга тушади. Шопир ҳам одам, у ҳам онадан бир марта туғилади. Одамгарчилик керакми, керак. Бугун уч марта Шўрчига қатнадим. Бир ёғим қийшайе-еб. Чарчаб ўлдим, қимирлашга мадор йўқ. «Нима қилсам эка-ан?» деб каллага зўр бериб ўтирган жойим. Келганинг яхши бўлди-да, бирга борамиз. Ҳа, уйга кир аввал. Ё хўжайин бўлиб олдим деб бизнинг кулбаларни писандинг илмайдими? Хўжайин бўлиб рессор ундириб келолмабсану!
Унинг сергаплиги Самаднинг тоқатини тоқ қилди:
— Сенга тулки олиб келдим, деяпман!
— Қанақа тулки? Тулкингни бошимга ураманми?!
Бирдан Самаднинг ҳафсаласи пир бўлди. У тулки деган гапни эшитиб. Исмоилнинг кўзлари чақнаб кетишини қутган эди. Исмоил эса парво ҳам қилмади, ҳатто «Тулкингни бошимга ураманми?» деяпти!
Самад уни машина томон бошларкан, чор-ночор ўлжасининг тарихини айтиб берди.
— Бор-йўғи олтита кўрибсан-да? Мен бир сафар кетма-кет йигирма учтасини санаганман йўлда! Кўз олдимдан худди подадай сурувлашиб ўтган. Тулкилар подаси! — дея тағин ўз тажрибасига мурожаат қилди Исмоил. — Қани, кўрайлик-чи олиб келган матоҳингни! Самад юкхонанинг қопқоғини кўтараркан, ҳадиксирагандек четланиброқ турди. Исмоил энгашган кўйи бамайлихотир қўл суқиб, тулкини бўйнидан ғижимлаб олди-да, деразадан тушаётган шуълага тутди. Тулки соғ оёқларини типирлатганча оғзини катта очиб ириллади. Исмоил уни завқ билан қўлида айлантириб кўра бошлади — на ирганади, на чўчийди!
— Э, бунинг мушук боладай нарса-ку! — деди қийқириб. — Боласи экан-да, боласи. Қара, туллаб кетибди. Дум ҳам сичқонникидан фарқи йўқ. Саратон, айни туллайдиган пайти-да буларнинг. Э жонивор-э, товуқларни қандай тирқиратасан энди бу оёқ билан? — Сўнг уни қайтиб юкхонага қамаркан: — Бекор қипсан, жўра, — деди. — Қўйгин эди, юрсин эди дала-даштда, даврини суриб. Ана кейин бир кун паймонаси тўлганда қопқонга тушарди-қўярди. Бу аҳволда кимга керак дейсан?
— Чўлоқ-ку, кандай даврини суради? Раҳмим келди-да.
— Тулкини билмас экансан. У любой дўхтирингдан зўр. Анави Қодир тулумнинг хода ютган ўғлидан ҳам! Керакли ўтними, гиёҳними топиб ейди — тамом-вассалом. Бекор қипсан, жўра!
— Қўйиб юборайлик бўлмаса? — деди иккиланиб Самад.
— Хўш-э! Кейин аканг бутун маҳалла-гузарга товуқтовон тўлаб юрсин, шундайми? Соғдир, чўлоқдир, барибир тулки-да, тулкилигига боради.
— Нима қилай бўлмаса, айт, ахир! — Исмоил атайин ғашига тегаётгандек туюлиб, Самаднинг жаҳли чиқди. Бояги ўлжа ҳозир унинг учун қутулиб бўлмас бир дардисарга айланган эди. — Қайтиб жойига ташлаб келайми?
— Йўқ, — деди тадбиркор Исмоил. — Буни Дороб Назаровичга совға қиламиз!
— Дороб Назарович? Анави ўт ўчирувчиларнинг каттасими? Боғнинг орқасида турадиган? У нима қилади буни?
— Э, сен уни билмайсан! — дея жайдари гурунгга ишқибоз Исмоил энди Дороб Назаровични таърифлашга тушди: — Зўр мерган-да уккағар. Учириб отади. Бирга кўп овга чиққанмиз. Сильва деган ити ҳам бор. «Бўридан айниган, ўзим қўлга ўргатганман», дейди, қайдам. Овга мотоцикл миниб боради. Қўлидан келмайдиган ҳунар йўқ ҳисоби. Ҳайвонотга ўчлигини айт. Ҳовлиси-ку зоопаркка ўхшайди. Каклик дейсанми, ҳилол дейсанми — бари топилади. Ўзиям битиб кетган-да. Уйини кўрганмисан? Билмайман, бунча мол-дунёни нима қилади. Бир ўзию бақириб гапирадиган галдир хотини. Бола-чақаси йўк бечоранинг. Сиқилганиданми, бекорчиликданми овунади шекилли-да. Пожарнийнинг ишини биласан-ку! Лекин карабини зўр-да уккағарнинг! «Урушдан олиб келган», дейишади.
— Карабини ҳам борми? Шу Дороб Назаровичнинг-а?
— Э, унинг пушкаси ҳам бор!
— Тулкини нима қилади?
— Тулкини? Оборайлик-чи. Керакдир-да. «Тулким ўлиб қолди», деб йиғлаб юрган эди қайси куни. Даволаб олар. Говмишларини ўзи операция қилади-ю! Бўпти, мен кийиниб чиқай. Уйга ҳам кирмадинг, ҳа, майли. Лекин шарт шу: кейин мен билан тўйга борасан! Хўпми? Биласан-ку, қариндошчилик ёмон нарса, бир умр ўпкалаб, тескари қараб юради. Самад кўнишга мажбур бўлди.
Дороб Назаровичнинг серҳашам темир дарвозаси олдида узоқ туриб қолдилар. Қўнғироғини бот-бот босиб кўрдилар: Исмоил ердан тош олиб, дарвозани каттиқ-қаттиқ қоқди, Самад чўзиб-чўзиб сигнал берди. Ичкарида ит — Сильва бўлса керак — вовуллади; ҳовли этагида ниманингдир тарақлагани, товуқларнинг басма-бас қағиллагани эшитилди. Бироқ ҳеч ким эшикка яқин келмади. Диққат бўлганидан ошнаси Дороб Назарович, унинг темир дарвозасини, кўрғондек ҳовлисини, вовуллаган итию қағиллаган товуқларини қаторлаштириб сўккан Исмоил охири тор кўчанинг нариги бетидаги толга тирмашиб, баланд деворлар оша ичкарига мўралади.
— Чироқ кўринмайди,— деди тушиб кафтларини бир-бирига уриб қоқаркан.— Нима бало, аввали оқшомданоқ ётиб олишганми? Бола-чақанг бўлмагандан кейин шу-да, жўра. Ёки хотини юртига кетгану ўзи уйда зерикиб, постда қолганмикан? Ҳа, шундай бўлиши керак. Юр-чи, ўша ёққа борайлик.
Ўт ўчирувчилар идораси район марказидан чиқаверишдаги сой бўйида. У ерга кириб борганларида кенг ҳовлининг ўртасида, ўрик тагидаги пастак сўрида беш-олти йигит майкачан бўлиб олиб домино ўйнаш билан банд, дарахтзорга яқин жойдаги ўчоқда ланғиллаб олов ёнар, йўл-йўл желак кийган, соқоли чўлтоқ супургига ўхшаш кўк кўз чол, қўлида кафтгир, қозон теварагида айланиб юрар эди.
— Ошхўрлик! — деди Исмоил шипшигандек қилиб. — Шуларга маза-да, ҳаммаёқ ёниб кул бўлганда етиб боришади. Қолган вақт — доминою ошхўрлик!
У ўчоқ томон юриб, шўх шовқин солганча: «Қалайсиз, Эшон?» дея қўл бериб чол билан саломлашди ва Дороб Назаровични сўради.
(Ҳовлисига ёндош шу жойда ғимирсиб юриб кунини кеч киладиган бу одамни каттаю кичик ҳамма «Эшон» деб атарди; унинг оти шундаймиди ёки зотими — Самад билмасди.)
— Каттаконми? — деди Эшон ўчоқ оғзида тутаб ётган тарашани калишининг учи билан туртиб ичкари киритаркан. — Катта-а тоққа кетганлар. Чағатда асаларилари бор-да, шундан хабар олгани.
— Биз унга тулки олиб келган эди-ку?
— Тулки? — деди Эшон оловдан кўзини олиб: — Қандайчигин тулки?
— Тирик тулки! Уйига борсак, ҳеч ким йўқ.— Чолнинг афти тириша бошлаганини кўриб, Исмоил топқирлик билан илова қилди: — Ўзи сўраган эди.
— Ўзлари сўраган бўлсалар, ҳай, ташлаб кетинг, — дея ноилож таслим бўлди Эшон. — Лекин бу ерда… Ҳув палакни кўряпсиз…
Исмоил у ёқ-бу ёқка аланглаб, ён-верига кизил челагу белкураклар осиғлиқ, сандиқсимон катта ёғоч қутига кўзи тушди
— Анавининг ичида нима бор? Ёнғинлардан қолган кулни солиб қўядиган қутиларинг шу эмасми? — деди у ҳазиллашиб. — Сизларнинг ҳам қилган ишларинг кўриниб туриши керак-ку, ахир! Бўлмаса нима билан исботлайсизлар — ошхўрлигу доминобозлик биланми?!
Эшон бу гапга кулишнинг ўрнига хўмрайиб олди.
— Бўш, ҳеч нима йўқ.
— Қопқоғи бордир?
— Орқасини қаранг.
— Ўша ерга қамаб қўямиз-да, Эшон, майлими?
— Ҳай, қаманг. Ўзингиз биласиз. — Чол совуққина кўл силтаб, ўчоққа ўт қалашга тутинди.
Тулкини кўриб сўридаги доминобозлар чаппарастасига гап ота бошлашди:
— Дороб акага овунчоқми бу, Исмоил?
— Йўқ, товуқларига қоровул!
— Қоровул чўлоқ бўларкан-да, бизнинг Эшон бутун-ку?!
— Бутун бўлмаса, қўшчорбоққа ким қарарди? Бунинг устига — ошпазлик!
— Эшон, анавини олиб ошга босмайсизми?!
— Чўлоқ оёғини Дороб акага колдиринг, Эшон, Кабобликка!
— Ҳали тоғдан очиқиб келади, янгамиз бўлса юртига қидириб кетган, ўзингизга чанг солиб юрмасин тағин!
Кулги, қийқириқ.
Тулкини қутига қамаб қайтган Исмоил ўчоқбошида тўхтаб, чолга пўписа қилди:
— Билиб қўйинг, Эшон, қочиб кетса — тўлайсиз! Эртага ўзим келиб хабар оламан.
Чол ғиқ этмади, чўнқайганча оловга тикилиб ўтираверди.
— Эртага бир келиб кетарсан, — деди Исмоил Самадга, кўчага чиқишгач. — Мабодо Дороб Назаровичга керак бўлмаса, Хурсандовга олиб борамиз. Уни биласан, табиатга берилган. Мактабида «Жонли бурчак» ҳам ташкил қилган, дейишади. Ўша ерда оёғини тузатиб, чурвақаларига кўрсатиб дарсини ўтаверади. Тўғри-да, жонли мисол. Болалар тулки билан бўрининг фарқига бориб ўсгани яхши-ку, жўра, нима дединг?
Эртаси куни тулкини эслашга ҳам Самаднинг вақти бўлмади. Гаражга кирган заҳоти алламбалоларни сўраб, «52 — 91» билан «35 — 46»нинг шофёри икки ёғидан тармашди. Улар билан ғижиллашиб турганида колонна бошлиғи Бозор Қаҳҳор чақириб қолди.
— Харажатимиз ортиб кетганмиш, — деди Самад кўришиш учун унга қўл узатаркан, гапнинг олдини олиб.
— Харажатнинг ажратилган фондга нима алоқаси бор?! — деди ажабланиб Бозор Қаҳҳор. — Директорга кирмадингизми?
— Тошкентда экан. Бош инженер билан гаплашай десам, трестга кетибди. Кўп кутдим, келмади.
— Қуруқ қайтдингизми ҳали? Самадбой, Самадбой-э! Шунча жойга бориб, қуп-қуруқ қайтдим, денг? Ғўрлик қипсиз-да, ука, ғўрлик. Ўрин Жума бўлганда, ҳечқурса бирон-бир хасни-ку судраб келарди.
Самад тили қичиб, «шунинг учун терговга қатнаб юрибди-да», дегиси келди-ю, дамини ичига ютди, бошқа гап оғзидан чиқди:
— Бозор ака, очиғи, бу ишлар менинг қўлимдан келмас экан. Механиклик ҳам. Бошқа кишини юборинг. Мен шу шопирлигимни қилиб юраверсам бўларди.
— Э, ана, э, ана! Бу боланинг гапини қаранг! Дарровдан-а? — Бозор Қаҳҳор худди кенжатойи билан ҳазиллашаётган каби эрмакка кулимсиради. Сўнг бирдан қовоғи солинди. — Майли! Техникумнинг дипломини икки бўлак қилиб мана бу ерга кўйинг, кейин ўйлаб кўрамиз. Машина десангиз машина-да. Ўша эски аравангизни судраб юраверасиз! — Бир зум жимиб қолдию бошқа оҳангга ўтди: — Ука, бундай четга чиқаверсак, ишни ким қилади? Ёшсиз, қайнаб турган вақтингиз, техника ўзингизники, дипломингиз бор — қиласиз! Хоҳламасангиз — мажбур этамиз, ҳа! Ничево, бошида шундай ҳам бўлади. Тажриба етишмайди, муомала қурғур ёмон нарса-да. Бориб-бориб, эҳ-ҳэ, тошдан мой оладиган бўлиб кетасиз ҳали! Кейин, — дея у овозини пасайтирди, — унча-мунча харажатидан қочманг, бу ёқдан чиқариб оласиз. Маслаҳат-да бу.
Самад ерга қаради, тишланган жойида қизил элик юқи қолган олма кўз олдига келди.
— Ҳозир жўнайсиз, — деди Бозор Қаҳҳор маслаҳатини якунлаб. — Мен бош инженерга телефон қилиб қўяман. Ўзим борардиму, кўриб турибсиз — қимирлаёлмайман: ҳали райкомдан сўрашади, ҳали ижрокомдан. Ана шундай, укавой, кўнгил ҳар ёқли бўлмасин! Кедишдикми?
Самад наридан-бери тушлик қилиб олди-да, «Москвич»га ўтириб Термизга жўнади. Бозор ёнидан ўтаётиб бир лаҳза секинлади-ю, сўнг ижирғаниб газни босди,
Марказдан чиқаверишда кечаги тулки эсига тушди. Машинани сой томон бурди. Дарвоза ланг очиқ экан, тўппа-тўғри кириб борди.
Ҳовлида ҳеч зоғ кўринмасди. «Ичкарида уйқуни ураётган бўлишса керак», деб ўйлади ўзича. Ойнадан бошини чиқариб:
— Эшон, ҳў, Эшон! — дея чақирди. Дарахтзор оралаб йўл-йўл желак кўзга чалинди.
Эшон Самадни кўрдию алланечук саросимага тушиб, бир зум тўхтаганга, ииманидир орқасига яшириб олганга ўхшади.
— Дороб Назарович шу ердами?
— Дарбандга кетганлар. Балиқ овига,— дея негадир ўчоқбошидан бери ўтмай тўнғиллаб жавоб қилди Эшон.
— Тулки нима бўлди?
— «Териси ярамайди», дедилар у киши.
— Териси? — дея тушунолмай сўради Самад. — Ҳа, ўзи қани?
— Ўзи… ўзи… — Эшон четга қаради. — Қочиб кетди.
— Қочиб кетди?!
Эшон ердан кўз узиб, унга ўқрайди:
— Нима, анави палакларнинг устига бўйра ёпиб қўяйми?!
«Ажаб бўпти!» деди ичида Самад, моторни ўт олдириб. Машинани юргизаркан, ойнадан бошини чиқариб негадир яна сўради:
— Ростдан ҳам қочдими?
Шунда Эшоннинг орқасида нимадир тарақ этиб ерга тушди. Самад аллақандай қизил таёқни кўришга улгурди — белкуракнинг дастасига ўхшарди…
Дарвозадан отилиб чиққан машина катта йўлда кўндаланг бўлган сариқ «Жигули»ни уриб кетишига салгина қолди. «Жигули» чаққонлик билан чап бериб ўтдию нарироққа бориб тўхтади, эгаси ойнадан бошини чиқарди. Турди Қурбон, район газетасининг абжир мухбири.
— Шопирларнинг каттасига саломлар! — дея ҳайқирди у. — Бу ёқларда юрибсиз? Намунча, гараж-паражга ўт кетмадими ишқилиб?
— Кетди! Лекин гаражга эмас…
— Ие, ие, нима бўлди? Қаерга?
— Йўғ-э, шундай, — деди Самад бўшашган кўйи. — Дороб Назаровичда иш бор эди.
— Самаджон, бу аккумулятор масаласини нима қилдик, а?
— Аккумулятор? — деди гангиб Самад. — Аккумулятор йўқ, Турдибой.
— Кеча йўлда бирваракай олтита тулки кўрганмишсиз? — деди Турди Қурбон ишшайганча ялтоқиликка ўтиб. — «Олти тулкини кўрган одам» деб ёзамиз-да энди, а?
«Қаёқдан эшита қолди дарров?» дея ажабланди Самад ва унинг муғамбирона йилтиллаб турган кўзларига тикиларкан, кулгиси келди:
— Ёзсангиз, Турдибой, «Етти тулкини кўрган одам», деб ёзинг!
— Э, шундайми? Еттитамиди? — деди Турди Қурбон машинасини юргизиб. — Олтита, деб эшитган эдик-ку?
Самад машинани шитоб билан ҳайдаб олдиндаги «Жигули»дан ўтаркан, дилида касд килди: «Аждаҳонинг комидан бўлса ҳам ундириб келаман бугун! Энди йўлда тулки зоти учраса босиб кетаман, янчиб кетаман!»
«Анойингни топибсан!»
Шундай деган бўларди — унга тулки учраганида, тулкига забон битиб, у тилга кирганида. Яна нималар деган бўларди?..
1981