Эркин Аъзам. Боғбололик Кўкалдош (ҳикоя)

Мен ёзган нарсаларимни энг аввал унга ўқиб бераман. Адабиётни сув қилиб ичган, қилни қирқ ёрадиган билимдон дўстларим кўп, лекин менинг тўнғич ўқувчим доим — Нажмиддин. Ҳикоям унга маъқул келса, менга кифоя, кейин билимдон дўстларим нима дейишса, дейишаверснн — ишонмайман. Ёзганимнинг бирон жойи ёқиб кетса, у тиззасига шапатилаб: «Тўғри, тўппа-тўғри!» дея қийқириб юборади, ҳикоя маъқул тушмаса, анчайин: «Яхши», деб қўя қолади; кўнглим тўлмаганини кўриб, гапини такрорлайди: «Яхши, дедим-ку!» Билингки, ҳикоя ёқмаган, билингки, ҳикоя ёмон ёзилган. Айтадиган бор фикри шу унинг. Билимдон дўстларим эса… билимдон, холос.
Нажмиддин — ҳамюртим, бир районданмиз: у тоғ этагидаги дов-дарахтга кўмилган ободгина Боғболо қишлоғидан. Бизни мусофирчилик яқинлаштирган. Мени қора тортиб, уйимга тез-тез келиб туради. Кўпинча якшанба кунлари келади.
У шаҳарда яшашни яхши кўради, ўзининг таъбири билан айтганда — «шаҳарсевар». «Ташсельмаш»да мастер бўлиб ишлайди, аллақайда сиртдан ўқийди. Ҳарбий хизматни шу ерда ўтаб, қолиб кетган. Бир чамадон совға-салом кўтариб, кекса онасини кўргани тез-тез қишлоққа ҳам бориб туради. Шаҳарда қолиб кетгани шаҳарсеварлиги учунгина эмас, қишлоқда ким биландир, яқин бир қариндоши билан гапи қочган, чамаси, қандайдир низога ҳам боришган — бу ҳақда тузук оғиз очмайди. Уйланган, гўдакка ўхшаган аразчи, лекин меҳрибон хотини бор; уни кам олиб келади: кир ювмоқчи эди; опасининг уйига кетган; қизчамизнинг тоби йўқроқ эди…
Нажмиддин келганда мен доим қувониб кетаман, ҳар қандай ишимни йиғиштириб, унга пешвоз чиқаман, ўтириб бажонидил гурунглашаман.
— Юр энди,— дейман (у мендан анча ёш кичик), чойдан сўнг уни иш бўлмамга бошлаб. — Янги нарса ёзганман, ўқишамиз.
— Кўкал ҳақидами? — дейди у кўзлари чақнаб.
Энсам қотгандек кулимсираб қўяман: «Топган гапи — Кўкал».
Нега мен билимдон дўстларим қолиб, адабиётдан йироқ бир одамга ҳикоя ўқиб бераман, ундан фикр кутаман? Унинг мурувватига таяниб, ўзимча кўнглимни овлаб кўйиш учунми? Ёки ёзган нарсамни шунчаки бир жайдари синовдан ўтказиб олиш учунми? Ахир, у тиззасига шапатилаб: «Тўғри, тўппа-тўғри!» деса — ҳикоя чиндан ҳам тузук, «яхши», деб қўя қолса — ёмон, албатта бир ишкали бор чиқади. Буни ўзим ҳам сезиб тураман… Ўртабўйман — бўйчанроқ бўлишни, қизиққонман — сипороқ бўлишни, ялқовман — серғайрат ўлишни орзу қиламан. Орзу қиламан, аммо илож қанча?!
Нажмиддин ҳар сафар ҳикояни эшитиб бўлгач:
— Э, Кўкални ёзингда-е! — дейди, — Кўкал қизиқ, Кўкал ажойиб… — У болаликда бирга ўсган ошнасининг ғаройиб қисматидан нақл қила кетади. — Биламан, барибир ёзмайсиз, — дейди ҳикоясини якунларкан, ўкинч билан. Сўнг қизишиб уқтиради: — Ёзмайсиз, чунки у пахтадан мўл ҳосил етиштирмаган, бирон мансабнинг эгаси ҳам эмас, ҳеч қандай қаҳрамонлик кўрсатмаган, севгиси ҳам китоблардагига ўхшамайди. Лекин, барибир Кўкал қизиқ, Кўкал ажойиб!
«Шуниси яхши-да», дейман ичимда ва умримда кўрмаган, билмаган одамим —боғбололик Кўкал ҳақида ўйлаб кетаман. Майли, у пахтадан мўл ҳосил етиштирмасин, майли, мансабдор ҳам бўлмасин, қаҳрамонлик кўрсатиши ҳам шарт эмас, ўша, машина ҳафтада бир борадиган хилват қишлоғида жимгина, ўз кунини ўзи кўриб юраверсин — шунинг ўзи кифоя эмасми одамзодга?
Нажмиддинга қарайман. Нигоҳида таъна, ўкинч: «Биламан, барибир ёзмайсиз». Лоақал унинг кўнгли учун ўша ажабтовур ошнаси ҳақида бирор нима ёзиб кўргим келади. Аммо қўрқаман, уиинг дилидаги порлоқ бир хотиротни, ажиб бир муҳаббатни ўлдириб қўйишдан қўрқаман.

* * *

— Кўка-ал! — деб қичқиради онаси. — Кўкингни кияй, Кўка-ал! Бўйинг гўрда чиригур Кўка-ал! Зотингга тортмай номинг ўчгур Кўка-ал!..
Онаси ўриклилик тоғчилар уруғидан эди. Бу мардум хийла бадфеъл, жангари келади, биласиз, ғалвани пулга сотиб олай дейди. Туриб-туриб, зерикканидан шўрлик Кўкални қарғаб қоларди. Шому саҳар ҳовлида ғимирлаб, рўзғорнинг ўтидан кириб, сувидан чиқадиган Кўкал бурилиб бир оғиз: «Нима деяпсиз ўзи?» деб сўрамасди. Бу жиҳатдан у отасига тортган эди. Отаси… Отаси шу ўзимизнинг чағатойлардан. Айтгандек, унинг отаси йўқ эди. Тўғрироғи, бор эди-ю, йўқ ҳисобида эди. Билганлар биларди, аммо билмаганга оларди. Жиғига тегиш учунми, Кўкални жўрттага тергашарди:
— Кимди ули бўласиз, Кўкалбой?
— Энамди.
— Энангиз ким, Кўкалбой?
— Майрам тоғчи.
— Отангиз-чи?
— Отам йўқ.
— Нима, ўлганми?
— Йўқ…
— Бўлмаса, ким у?
— Билмайман.
— Одам отасиз ҳам туғиладими, баччағар?! Ҳамма бало шундаки, Кўкал отасининг кимлигини биларди. Биларди-ю, кимсага айтолмасди. Пешонасининг шўри ҳам шу эди-да унинг.
Кўкал дароз, новчалигиданми, доим энкайиб, алланечук қимтиниб юрар, сиз билан гаплашганда ҳам кўзини ердан узмас эди; авайлаб, оёқ учида одим босарди — шарпамдан биров чўчимасин дегандек, қўрқибгина нафас оларди — бу ҳаводан баҳраманд бўлишга ҳақким борми дегандек…
У соядек шарпасиз, шарпадек соясиз эди гўё, шунинг билан ҳам атрофдагиларга ёқарди. Негадир сира кулишни билмайдиган одамови, ўгай, темирчи отаси ҳам, Кўкалга ҳеч ўхшамайдиган шўх-шитроқи укалари ҳам уни ёмон кўришмасди. Биргина онаси гўрдан олиб, гўрга солишни қўймасди:
— Сувсаб ўлгур Кўкал, сув опке!..
— Ўт-оловсиз ўтгур Кўкал, ўтин ёр!..
— Оғилни мурдашўйинг курайдими, жувонмарг?!.
— Эшакка қара, бўйнинг узилгур, нима деб ҳанграяпти?!.
Кўкал жимгина бориб Дониёровнинг ҳовузидан сув келтирар, жимгина ўтин ёрар, жимгина оғил курар, жимгина эшагини суғорар эди. Ҳамма ишни жимгина, бўйин бурмай бажарарди. Онаси эса гузарга жар солиб жаврарди: «Кўка-ал, Кўка-ал!..»
Кўкал бутун Боғболога дастёр эди. Оналаримиз уни бизга ибрат қилиб кўрсатишарди: «Ана, Кўкални қара…» Кўкалга қарардик; у катталарга қўшилиб тоққа кўмирга борарди, ёз бўйи даштдан қий-тезак таширди, кузда қоп-қоплаб сомон тўпларди. Биз буни кўрардигу, лекин қишлоқнинг тепасидаги адирликда эртадан кечгача тўп тепар, чиллак урар, ҳайқириб-қийқириб қувлашмачоқ ўйнар эдик. Намозшом пайти бир зумгинага Кўкални кўриб қолардик. Ў дўнг бошида чўнқайиб, тиззаларини кучган кўйи бизнинг ўйинимизга ва каттакон чорбоққа ўхшаш Боғболонинг адл тераклари учини яллиғлантирганча тоғ ортига яширинаётган офтобга термилиб ўтирар эди. У ичида оҳ тортарди, аммо унинг оҳини на биз, на Боғболо тераклари, на-да тоғ ортига яширинаётган қуёш эшитарди: биз — бола, ҳеч балони тушунмайдиган гўдак эдик, тераклар — тилсиз, жонсиз, қуёш — барча жонзотга баробар қуёш яшириниб улгурган… — Кўка-ал, Кўка-ал!..
Дўнг бошидаги Кўкал тоғ бошидаги офтобдек бирдан ғойиб бўларди.
У ҳеч қачон бизга қўшилиб бирпас ўйнамаган — бола ҳолича катталар дунёсига ўтиб кетган эди. Ўзи ҳам бизга қараганда хийла қорувли, ростакам бўзбола эди. Мактабга янги келган ўқитувчи орқанги партада ўтирган Кўкалга кўзи тушса, албатта: «Сиз ҳам… ўқийсизми?» деб сўрарди. Адабиёт муаллимимиз ҳазиллашиб уни «Кўкалдош» деб атарди; «Доскага чиқиш навбати — тўқсон алпнинг оғаси, паҳлавон Кўкалдошга!»
Кўкал онаси буюрган ҳамма ишни бажонидил бажарар, фақат Дониёровнинг ҳовузига боришгина унга азоб эди. Лекин ҳар куни икки карра — эрталаб ва кечқурун сув келтириши шарт. Энди сатилни сувга ботирганида қаёқдандир Дониёровнинг бақалок, бадқовоқ хотини пайдо бўлади:
— Ав, сувни лойқалатмай ол!.. Ав, кўзингга қара, ҳовузга тушиб кетма тағин…
Кўкал: «Ҳай, лойқаланса, яна тинар» ёки «Худога шукр, кўзим бор, хола!» дейиши мумкин, аммо индамайди. У шоша-пиша сатилини яримлатиб изига қайриларкан, сарҳовуздаги баланд шийпонда тўнини елкасига ташлаб, ўзи билан ўзи шахмат ўйнаб ўтирган басавлат Дониёров кўзойнаги устидан аввал унга, сўнгра хотинига бир қараб қўяди. У ҳам индамайди.
Кўкал унинг индашидан қўрқади, «бнр кун индайди-ёв», деб қўрқади. Шундай басавлат, кўринишдан баджаҳл одам индаб қолса… нима бўлар экан?
Лекин Дониёров индамайди. Кўзойнаги устидан одамни тешиб юборгудек бир қарайди-ю, чурк этмайди. Хаёли олдидаги шоҳлару сипоҳларда бўлса керак. Ёки шу зорманда ҳовузни тўлдирнш учун қаёқлардан сув боғлаб келишда Кўкалнинг ҳам ҳиссаси борлигини, қечалари қулоқ-даҳналарда ётиб машаққат чекканини билармикан?..
Дониёровни ҳамма «яхши одам», дейди, ҳамма ҳурмат қилади. Бу атрофда у минмаган мансаб оти йўқ эмиш: раис бўлган, ҳосилот бўлган, МТС директори бўлган… Ана шундай баобрў одам эндиликда бирмунча қартайиб, аллақандай дардга мубтало, уйда ўтиради, кун-уззукун олдидаги катакларга тикилиб ўзи билан ўзи куч синашади: ҳариф ҳам ўзи, рақиб ҳам ўзи. Гўё бир пайтлар йўқотган нарсасини бугун шу тилсимли катаклардан қидиргандек…
У вақти-замонида, айниқса, қаҳатчилик йиллари кўп кишиларга яхшилик қилган, мана шу Кўкалнинг онасини — сабил қолган етимча қизни ҳам тоғдан Дониёров олиб келган, бирмунча муддат хонадонидан жой ҳам берган… Кўкал буларни билади, билгани учун ҳам ундан мудом нимадир кутиб, кўрқиб-ҳадиксираб юради. Қўлида сатил, Дониёровнинг дарвозасидан чиқар-чиқмас, онасининг шанғиллагани эшитилади:
— Сувга кетиб чўкиб ўлдингми, Кўка-ал?! Мен сен сағирни деб…
Шунда басавлат Дониёров жойидан нимхез бўлиб, девор оша босиқ тўнғиллаб қўяди:
— Бас энди, ўв, Майрам!
Онаси томоғига тош тиқилгандек бирдан жимиб қолади.
Аламидан телбанамо, серхархаша бўлиб қолган онанинг қарғиш-қийнови остида, отасиз ўсгани билан Кўкал жуда таъсирчан, ориятли эди. Шундай бўлмаганида мактабни биз билан битирармиди?..
Ўқишлар тугаб, ёзда пичан ўргани чиқдик. Меҳнат таълимидан кирадиган ўқитувчимиз Дониёровнинг укаси эди. У ҳар бир болага тегишли жойни тақсимлаб кўрсатди-да, ўзи сойнинг нариги бетига ўтиб кетди. У ёқдаги ўрикзорда Салом чаққон чавки — кураш бермоқда, дам-бадам давранинг гув-гув олқишлари эшитилиб турар эди. Ўроқ-қуроғимизни марзаларга улоқтириб, биз ҳам сой кечиб томошага ошиқдик. Унда-бунда кураш тушиб юрадиган муаллимимиз ўша куни даврага чиқиб, дастлабки қўлдаёқ кўчкаклик бир ўспириндан йиқилди. Буни кўриб ҳаммамиз жонталваса сойдан ўтиб, ўроқ-ўроғимизга ёпишдик. Изимиздан етиб келган аламзада Дониёров биринчи учраган бола — Кўкални тергамоққа тушди. Кўкал нимадир деган эди, муаллим унинг башарасига шарт-шурт тушириб: «Бепадар ҳароми!» дея ўшқирди. Бу гапдан ғалати титраб кетган Кўкал қўлидаги ўроқни шиддат билан ҳавога сермади-ю, сўнг сойга улоқтириб, пастак тош девордан бир ҳатлаб ғойиб бўлди.
Қизлардан эшитдик: биз ҳаммамиз курашни томоша қилгани кетганда бу ерда қолган ёлғиз бола — Кўкал экан…
Шу гапдан кейин Кўкал қайтиб мактабга оёқ босмади, Боғболода ҳам кўринмай қолди. Тоғ ичкарисидаги Ўриклида, она жамоат бобосидан қолган мулкни обод қилиб, ўрмонда ишлай бошлади. Онда-сонда қари бир байтални миниб Боғболода пайдо бўлиб қоларди. Соқол-мўйлови ўсган, бет-бошига ғубор ўрнашгандек, қиёфаси аллақандай сўник, ташвишманд. Лекин энди елкалари тўлишиб, норғул, барзанги йигитга айланган.
«Кўкал армиядан қочганмиш!» деган гап юриб қолди Боғболода.
Кўкал армиядан қочганмиш. Чимилдиқдаги ойимтилласидан кўнгил узолмай шундай қилганмиш. Янгигина тушириб олган экан-да ўзи. Оббо, Кўкал-эй! Поезд қайси бир станцияда тўхтаганда, қайлиғини эслаб-қўмсаб, ундан муччи олгиси келибдию шартта вагондан тушиб қолибди. Хотин дегани бунча ширин бўлмаса, жонивор! Кўзига алланималар кўринган-да баччағарнинг! Оббо, Кўкал-эй, оббо, шеримард-эй!
Бу — Боғболодаги гап, боғбололикларнинг оғзидаги нақл. Энди ҳақиқатни тоғ ичкарисидаги Ўриклидан эшитинг.
Кўкалнинг ҳарбий хизматга чақирилгани рост эди: ахир, у ҳам одам, у ҳам йигит, отаси бўлмаса, онаси «ўғлим» деган, белида белбоғи маҳкам бўзбола — бурчини ўташи керак. Райондаги ҳарбий комиссарлик ҳовлисида икки кун сарғайиб, кечалари навниҳат қайлиғини эслагани ҳам тўғри, муччи олгиси келиб тамшанганлари ҳам… Ахир, гўшангага кирганига бир ой бўлган эмас, Ойтуманни бағрига босиб, меҳрига қонганича йўқ — кетяпти, икки йилга, мусофир юртларга кетяпти; Ойтуман қоляпти — ёлғиз, бағри тутаб, икки йилга!.. Нима қилсин бечора Кўкал? Лекин қочмади у: ён-веридагилардан ажралиб, ҳовли адоғидаги каллакланган тутнинг тагига борди-да, чопонини остига тўшаб, ёнбошлаганча худо деб ётаверди. Эси Ойтуманда, хаёли Ойтуманда. Бир вақт номини тутиб чақириб колишди. Чақириб: «Сизни хизматдан озод қиламиз, ясситовон экансиз», дейишди. Кўкал довдираб қолди: суюнай деса — сен йигит эмассан, хизматга яроқсиз экансан, дегандек қилишяпти, куюнай деса — бу ёқда Ойтуман… Ниҳоят, кўнгли аллатовур, оқшом пиёдалаб Ўриклига йўл тортди. Ойтуман, Ойтуман… Отасиникига кетиб қолмадими? Бормиди ўзи у?..
Бултур Сомондарадан зира ортиб қайтаётган Кўкал жалада қолиб, Умрқул мерганнинг тош қўрасида бир кеча қўноқ бўлади. Мерган билан қўрчи чиқиб, ундан-бундан гурунглашиб ётишади. Шу-шу, йўл ўтганда уникига тушиб ўта бошлайди. Мерганнинг бўй етган қизи бор экан. Кўкал унга қарамас, тўғрироғи, қарагани юраги дов бермас экан. У бир гал Ўриклига етган жойида орқасига ўгирилса — ҳалиги қиз изидан эргаши-иб келяпти, мерганнинг бўй етган қизи! «Ё пирим-эй! — дебди ичида Кўкалбой. — Бу қиз нимага буйтиб юрибди? Тушимми, ўнгим?» Эй, содда ўзбак, эй, бандаи басир, тушу ўнгингга йўриқ қидириб ёқангни ушлагунча, орқа-олдингга бундай бир назар ташлаб юрсанг-чи! Изингдан жонҳалак йўл тутган саргашта кўнгилдан ҳол сўрсанг-чи! Кўкалбой қизариб-бўзариб қизни гапга солибди. Қиз аммасиникига келаётганмиш, адашмайин, деб қорама-қора йўлга чиққанмиш. Кўкалбой ишонибди, чиппа-чин ишонибди. «Ундай бўлса, тоза чарчабсиз, сингил.!.» Аммо мингашишга кўнмабди қиз. Кўкалбой бунга ҳам дарров кўнақолибди. Эй бандаи ғўр, бандаи ғофил, бўй етган қиз аммасиникида нима қилсин, аммаси унга деб туттолқон туйиб ўтирибдими?!
Бундай ҳол яна уч ора такрорлангандан кейингина Кўкалбойнинг йигитлиги эсига тушади. Ўша биринчи учрашувдан бери эс-хаёлини жиловлаб олган бу «аммасига меҳрибон жиян»ни гап-гап билан даранинг оғзидаги хилват ёнғоқзорга бошлаб киради. Эрта куз экан, дарахтларнинг учи конталаш, оёқ ости қонталаш… У ёнғоқзорда не сир, не савдо кечган — энди бир-бирига ташна икки мунтазир кўнгилу тепада худога аён. Кузакда бир оқшом якка-сўққа Кўкалникига туйқусдан Умрқул мерган меҳмон бўлиб келибди, йўқ, совчи бўлиб! «Кўкалбой, сизни ўғлим десам…» Кўкалбой йўқ демабди — эртасиёқ жонҳалпида Боғболога эниб бориб, бир тўда машваратчи хотин-халажни эргаштириб қайтибди, уларни сурдовлаштириб мерганникига кузатиб қўйгач, ўзи гангиб ўша дара оғзидаги ёнғоқзорга бурилибди. Шунда оёқ остидаги — кечагина қонталаш, энди қовжироқ хазонлар тилга кирганига ишонасизми? Ишонинг, ишонаверинг, ғижир-ғижир тилга кириб: «Ойтуман, Ойтуман…» деганмиш улар. Ишонмасангиз, ана, Кўкал — гувоҳ…
«Кўкал ўзини Вьетнамга ёздирибди!» деган яна бир гап тарқалди Боғболода. Бу гапда энди зиғирчалик ҳам лоф йўқ эди.
Баҳорда Кўкални шошилинч суратда ҳарбий комиссарликка чақириб, қўлига қоғоз тутқазишди, «Сизни жўнатмасак бўлмайди», дейишди. «Аввалги сафар нега қолдирган эдиларингу энди нега жўнатасизлар?» дея сўраб ҳам ўтирмади Кўкал, ўша алами кўнглида ётган эканми, сафларни текшириб юрган ёшгина капитанга қараб: «Жўнатсаларинг, энди тўғри Вьетнамга жўнатинглар!» деб юборди мардонасига. Кулгидан бутун саф, бутун ҳовли ларзага келди. Лекин Кўкал кулгига қўшилмади, аҳдида собит эди: «Кетсам — кетдим-да. Бугун-эрта Ойтуман ўғил туғиб беради. Ўғлим ўрнимга қоладиган ўғлим бўлади. Кетсам — кетдим-да!»
Кўкал кўп узоққа кетмади — атиги Қаршида хизмат қилди. Икки марта отпускага ҳам келди, келиб ўғилчасини кўриб кетди. У энди янада тўлишиб, азамат йигитга айланган эди — товонининг тайпоқлигини ким кўриб ўтирибди?!
Аммо, унинг товонини ҳеч ким кўрмаган бўлса ҳам, бу ишда бир синоат кўрганлар бор экан. «Ҳаҳ, сағир-а, Дониёровнинг тўнғичи ўрнида кетдинг-а хизматга! — дейишди улар, сўнг мийиқда кулиб бош чайқаб қўйишди.— Хаҳ, тақдир, ажаб чархпалак ўйинларинг бор-да!».
Кўкал хизматдан қайтгач, бобосининг маконини яна ҳам обод қилди, қиз кўрди. Боғ тўридан ўғилчасига атаб иморат солди. Яшайверди олло деб.
Бў орада кекса Дониёровнинг аҳволи тўсатдан оғирлашди. Шифтга тикилган кўйи жон таслим қилолмай ётган бемор бир оқшом кутилмаганда Кўкални йўқлаб қолди. Боғболода кўпчилик номини ҳам унутиб юборган Кўкал сағирни! Дониёров — баобрў, бадавлат, басавлат Дониёров! Жони қил устида турган банданинг ҳар қандай тилаги — вожиб. Кўкални бошлаб келдилар, икковини холи қолдирдилар. Ўртада нима гап кечди — энди ёлғиз Кўкал билади. («Ўғлим, сенинг отингни ўзим қўйганман, кўкламда туғилган эдинг, менинг ҳам кўкламим, бесабр, бебош кўкламим эди…» деган бўлса эҳтимол, Дониёров). Ҳар нечук, эртаси куни тобутни ердан узишганда Кўкал бирдан «отам»лаб юборди, чопон кийиб, белбоғ боғлаб, мозорга ҳассакашлар сафида борди. Бошда орияти қўзиб, марҳумнинг тўнғичи Камол бир хезланиб келди-ю, сўнг Кўкалнинг юз-кўзига тикила-тикила, лом-мим деёлмай, боши эгилганча аста унга эргашди.
Сочини ёйиб, белига фўта ўраб олган Ойтуман ҳаят — бедапоядаги зардолининг тагида, марҳумга жигаргўша хотин-халажга қўшилиб, юзларини тирнай-тирнай садр тушарди. У аввалига тариқиброқ турди: «Эби, сизга бир бало бўлама, бегонанинг ўлигига мен нима учун садр тепар экаиман — энабоши хотини турганда, қўша-қўша қизлари турганда? Айб қилар эл-улус…» Кўкал фиғон аралаш зовита қилди: «Нимага бегона дейсан, энағар, қайнатанг бўлади; қайнатанг!»
Боғболо аҳлидан, девор-дармиён кўшни бўлатуриб, ёлғиз Майрам тоғчи келмади азага. Темирчи эрининг кўзи олдида, ундан орттирган беш боласининг кўзи олдида сочларини ёйганча, ҳовли айланиб танҳо ўзи садр тушганмиш у…
Марҳумнинг қирқига Кўкал каттакон бир қўчқорни сўйиб, элга маърака берди.
Шу-шу, Кўкал яна боғбололикка айланди. Энди тўй-маърака усиз ўтмайди, у барчасига бел боғлаб, кўкрак кериб хизмат қилади, кўкрак кериб Боғболонинг кўчасини тўлдириб юради. Кўздан қолган битта-яримта мўйсафид: «Кимди ули бўласиз, болам?» деб сўраб қолса, дадил жавоб қайтаради:
— Дониёровнинг, бобо!
— Дониёровнинг болаларини танигич эдим-ку…
— Мен тўнғичиман, бобо, кўзни бир қаратинг!
— Тўнғичи Камол эди чоғи?..
— Мен — Кўкламиман, бобо, Кўклами!
— Тўнғичи иккита бўлар экан-да, тавба!
— Битта бўлади, бобо, битта! Шундай деб жавоб қилади Дониёровнинг тўнғичи Кўклам — Кўкал — Кўкалдош…

* * *

Нажмиддин анчадан бери кўринмай кетди. Мен шу кунларда унинг келиб қолишидан қўрқиб юрибман. Келса, сиз эшитган нақлни унга ҳам ўқиб беришим керак бўлади. Тинглай туриб, тиззасига шапатилаб: «Тўғри, тўппа-тўғри!» деса-ку, муродимга етганим, борди-ю, «яхши», деб қўя қолса-чи…
Начора, ўртабўйман — бўйчанроқ бўлишни, қизиққонман — сипороқ бўлишни, ялқовман — серғайрат бўлишни орзу қиламан. Орзу қиламан…
Ахир, боғбололик Кўкалдош ниятига етди-ку!..

1982