Эркин Аъзам. Бир дақиқа кўзингни юм (ҳикоя)

У жойлар аллақачон бузилиб кетган, у одамлар ҳам энди йўқ; аниқроғи — бор-у, қаерларда, нима иш қилиб юрибди…
Лекин улар муқим яшайдиган, ўзлари билмаган холда яшайдиган битта жой бор, яна битта жой…
«Пахтакор» бекати. Метродан чиқиб тўрт тарафга таралаётган гурас-гурас оломон. Кўнглингда бир орзиқиш, паришон аланглаб улар орасидан кимларнидир қидирасан. Йўқ, йўқ. Бари бир хил, бариси нотаниш. Нотаниш одамлар бир-бирига ўхшайди. Шунақами? Унда бир дақиқа кўзингни юмгин-чи, қаршингда нималар намоён бўлар экан…
Чангалзор сойлик оралаб кетган жинкўча. Пасқам уйлар, тор-танг ҳовлилар. Ўнг қўлдаги биринчи ҳовли ташландиқ, чалавайрона. Иккинчиси ҳам ундан қолишмайди: деворлари нураган, томлари тўкилиб битган. Кейингисининг қадимий ўймакор дарвозаси олдида худди ўшандай кўҳна, илвиллаб қолган бир кампир уззукун эринмай писта, қурут сотиб ўтиради. Муюлишдаги ҳовли эса буларнинг барчаси устидан қаҳқаҳа отиб кулаётгандек: жуда мустаҳкам, иморатлари ҳам муҳташам. Олди баланд ишком. Ҳовли адоғида ҳам шундай баҳайбат ишком бор, аммо у қаровсизроқ. Иморатнинг ташқи кўриниши ҳам, ичи ҳам шоҳона: пештоқлар ғишткорлик санъатининг инжа намунаси, деразалар гирдо-гирд серҳашам; зарҳал панжарали зинапоя, нақшин шифтлар, лолагун деворлар — қўйинг-чи, бир аср манаман деб турадиган қасрнинг ўзгинаси! Шаҳарнинг қай чеккасида бўлманг, таниш-билишларга тушунтирмоққа ўнғайлигини айтмайсизми: «Телестудиянинг биқинидан ўтиб паст кўчага кирганда муюлишдаги биринчи ҳовли. Этагида каттакон ўриги ҳам бор, баҳорда оппоқ гуллайди, кузда — узум… Марҳамат, келинг».
Бу жаннатнинг хўжайини, омонат хўжайини — мен. Ҳақиқий хўжайини эса, негадир ана шундай уй-жойини ташлаб, шаҳар ташқарисидан дала ҳовли қилиб кетган; ойда бир мартагина келади — «хурсанд бўлиб кетиш» учун.
Ҳовлида мендан бошқалар ҳам бор. Аммо улар оддий одамлар эмас, ўзбек илм-фани ва маданиятининг бўлажак гултожлари: «халқ артисти», яъни — театр институтининг талабаси Турди Даврон, «улуғ жарроҳ», яъни — ТошМИ талабаси Латиф Зиёев ва заҳматкаш «бобуршунос» — пединститут талабаси Исмоил Хурсандий. Буларнинг ичида энг фақири ўзим — ҳали келажагимнинг тайини йўқ, атиги биринчи курсда ўқийман. «Халқ артисти», белига ўқ теккандек, эртаю кеч тўрдаги каравотга ёнбошлаб «Театр» журналини варақлайди — халқ артисти бўлмоқ сирларини ахтаради, чамаси. Аҳён-аҳёнда олифта шиппагини оёғига илиб, елкасида катак пиджак, ясама паришонлик билан чиқиб ҳовлида сайр қилиб келади. Бўш вақтларида дарсга ҳам бориб туради. Қечқурунлари эса албатта башанг бўлиб учрашувга отланади: «Розетта оперетта театрига билет олиб қўйган, бормасам хафа бўлади».
«Улуғ жарроҳ»нинг куни қурсин: бир соат ҳам дарс қолдиролмайди, устига-устак, келибоқ мук тушганча одамзод ичак-чавоғининг лотинча номларини ёдлашга киришади; қонатмай кесиш йўлларини қидиради. Бошқа пайтларда халатию оқ қалпоғини ювиш билан машғул. Ундан ҳам қўли бўшаса, севикли домласи — улуғ жарроҳ Беккерни таърифлашга тушади. Шиори: одам доим озода юриши керак, оқ кўйлак — озодаликнинг бош белгиси. Унга қолса, кўчага ҳам оқ халат, оқ қалпоқда чиқса!
«Бобуршунос»нинг эса бу дунё билан иши йўқ: Розеттаси билан театрга ҳам бормайди, оқ кўйлакнинг ҳам ташвишини қилмайди, олдида бир уюм китоб, қишлоқдан кўтариб келган малла пўстаги устига майкачан узала тушган кўйи замон ҳатлаб мозийга юриш қилиб ётади — шоҳ Бобурнинг изидан қувгани қувган. Аҳён-аҳён бош кўтариб, хонада одам борми, йўқми — бари бир: «Буни қаранглар! — деб қолади ҳайрат билан. — «Ушбу тарихқача Темурбекнинг авлодини бовужуди салтанат мирзо дерлар эди, ушбу навбат буюрдумким, мени подшоҳ дегайлар». Зўр-а!»
Ўзбекнинг кичиги — кучуги. Хонани мен супураман, овқатни мен қиламан, идиш-товоқни мен юваман. Пойгакдаги каравотда ҳам мен ётаман. Хўжайин бўлатуриб! Уй эгаси билан гаплашадиган ҳам ўзим — бу ерни мен топганман-да. (Кейин бошқаларни чақириб келдим. Бошимга бало орттириб. Ўз ихтиёрим билан.) Бозор-ўчар ҳам каминанинг зиммамда. Бирортаси пул чиқаришни билмайди. Уларга қачон уйдан пул келади, нимага сарфлашади — сезмай қоласан. Бир куни қарабсанки, биттасининг эгнида янги оқ кўйлак, биттасида антиқа шим, биттаси фалон пулга олдим деб, титилиб кетган кўҳна бир китобни кўтариб келган! «Пулни қаёқдан топдинг?» десанг, сурбетона кулимсираб қўяди, вассалом. Муғамбирлар! «Бор-э, деб ҳаммасини ҳайдаб солгинг келади-ю, андиша қиласан: ҳамшаҳар акаларинг, ўзинг бошлаб келгансан бу ерга, қолаверса, ўзбекнинг кичиги — кучуги, бу мақолни улар тўқиб чиқаришмаган.
Феъл-атвори олақуроқ бу одамларнинг бир хонага сиғиши ҳар қанча таажжубли бўлмасин, улар билан яшаш мароқли эди. Кечалари тўртовлон ўзимизча режа тузамиз: келаси якшанбада уч опа-сингил қўшни қизларни меҳмонга чақирсак; уйни ким йиғиштиради, ким бозорга бориб келади, ошни ким дамлайди, ким уларга гап бериб ўтиради… Кейин, машварат охирида «халқ артисти» қизларни ўртада «тақсимлайди», Энг хушбичим, энг сулуви — ўртанчасини ўзи олиб, қолган икки опа-сингилни икки ошнасига тортиқ қилади.
— Каттасининг бўйи узун, ўзи ҳам оғир-вазмин, сенбоп, — дейди «бобуршунос»га қараб. Сўнг «улуғ жарроҳ»га юзланади: — Кичкинаси, энг зўри ўзингга қолди, дўхтир! Лекин эҳтиёт бўласан, ҳали ёш, ғунчадек нарса. Ўзиям «ТошМИга кираман», деб ўлиб юрибди, тайёрлайсан-да аста-секин. — Ниҳоят, қуруқ қолган одам — менга ўгирилиб сурбетона илжаяди: —Сен ҳали…
Кўчамизнинг охиридаги болохонали ҳовлида яшайдиган бири биридан хушрўй уч опа-сингилни бу учалови бирлашганда ҳам менчалик яхши қўролмайди. Лекин начора, мен ҳали…
— Розетта… — дейман чайналиб, нимадандир умидворлик билан.
— Розетта… — дейди «халқ артисти» ҳам чайналиб. — Биласанми, унинг она авлодида бир бувиси француз ўтган экану ишониб бўлмайди-да…
Розеттасини Санъат саройининг олдида кўрган эдим. Телефон будкалари ёнида «халқ артисти»га қийшанглаб турган экан. Ҳамхонам хижолат чекмасин деб, ўзимни шартта панага олдим. «Халқ артисти» таърифлаганда эртакдаги париваш кўз олдимга келган эди — лорсиллаган бир таъвия экан. «Рассомликка ўқиса керак, — деб ўйладим усталик билан бўялган қош-кўзини кўриб.— Оти ҳам ё Розия, ё Рўзихол…»
Режалар эсдан чиқиб, якшанба куни «халқ артисти» Розеттасининг олдига кетади, «улуғ жарроҳ» — консультацияга, «бобуршунос» — китоб бозорига. Уч опа-сингил ўзимга қолади. Лекин бир ўзим нима қила олардим? Артистликни эплаёлмасам, жарроҳлик — қалтис иш, бобуршуносликка эса уқув, ҳафсала керак! Бекорчиликдан зерикиб, қўлимдан келадиган иш — рўзғор юмушларига ўзимни ураман: уйни йиғиштираман, овқат қиламан, кир юваман. Кейин дераза олдида ияк тираб ҳамроҳларимни кута бошлайман. Келишсин, бу кеча бошқатдан режа тузамиз. Зора, Розеттанинг авлодида француз қони борлиги ёлғон чиқса!
Ўзбек илм-фани ва маданияти бу ҳовлида ана шу тариқа гуркираб ўсмоқда эди. Лекин фавқулодда унга футур етди.
Бир куни дарсдан келсам, уйимизга кираверишдаги зарҳалли зинапояга суяниб қандайдир йигит турибди. Нотаниш. Кўриниши мендан бир-икки ёш катта. Юпунроқ кийинган. Айтишича, хўжайинимизнинг узоқроқ қариндоши, дала ҳовлисида сувоғига қарашган экан, бирор ҳафта биз билан яшаб турармиш —акамиз айтибди.
— Майли, — дедим. — Окамиз айтган бўлса… Кечқурун бошқалар келишди. Мардикор (бу лақабни унга мен илдим) уларга ҳам бояги гапни такрорлади. Бир-икки оғиз савол-жавобдан сўнг, «халқ артисти» қўлларини кўкрагида артистона чалиштириб:
— Сиз менга ёқмадингиз, дўстим, — деди очиқдан-очиқ. — Сўзларингиз қандайдир бошқача, шубҳали.
Лекин ҳеч ким унинг гапига аҳамият бермади: артист-да, бодилик қиляпти.
Мардикор кечаси «улуғ жарроҳ»нинг эски чопонини кўрпа, «бобуршунос»нинг қалин-қалин китобларини ёстиқ қилиб хона ўртасида — ерда ётди. Бу кишимга каравот қани, ҳаддини билганига ҳам шукр!
Аммо-лекин ажойиб мардикор экан. Нимаси биландир эртасиёқ ҳаммамизга маъқул тушди, айниқса, менга ёқиб қолди. У келиб мен уй юмушларидан қутулдим — барчасини ўз зиммасига олди. Мардикор-да. Унинг ҳар балони билиши, ҳар соҳадан хабардорлиги-чи! Оғзингиздан чиққан гапни дарров илиб кетади, антиқа-антиқа мисоллар келтириб ҳайратга солади. Мардикор ҳолида! Ўзини кўрсатмоқчи бўлибми, «халқ артисти» санъатдаги қайси бир йўналишдан сўз очган эди, бир луқма билан уни мот қилиб ташлади. «Улуғ жарроҳ»нинг-ку буткул нафасини ўчирди: ибн Сино табобатидан гапириб, машҳур ва мўътабар Беккернинг барча таълим-таҳсилини чиппакка чиқарди-қўйди. Аммо-лекин «бобуршунос» яйраб қолди: қадимги жанги жадаллар тўғрисида мардикор билан соатлаб баҳслашади. Мардикор бу соҳанинг ҳам комил билимдони экан. Мардикор ҳолида! Фақат менга, биринчи курс талабасига сўз йўқ, у мен билан қозон-товоқ, эчки-улоқ хусусидагина гаплашади, холос.
Шундай қилиб, маданият гулшани яна бир мутафаккир мардикор билан бойиди. Аммо уни биргина «халқ артисти» ҳамон хушламас, зеҳн-заковатига шубҳа билан қарар, олдида ҳам, орқасида ҳам камситгани камситган эди., «Намунча маҳлиё бўлмасаларинг! — дерди у энсаси қотиб.— Бу боланинг билими гадойнинг тўрва-халтасига ўхшайди: ҳар балодан бир шингил. Дастурхонга қўйиб кўр-чи!.,»
Айтган бир ҳафтаси ўтди, мардикор негадир кетай демасди. Ўзимиз ҳам унга алланечук ўрганиб қолдик, қачон кетишини сўрагани ботинолмасдик: гўё азалдан бирга яшаб келяпмиз, ҳамшаҳаримиз, яқин, синашта. Ўзиям ўлгудек киришимли экан, ҳар биримизга мос тил топа билганини айтинг; тилини топган дилини тополмайдими! Фақат бир нарса бизни андек ажаблантирарди: мардикорнинг исми гоҳ Мансур бўлса, гоҳ Мардон бўлиб қоларди. Буни айтиб юзига солсангиз, пинак бузмай: «Нима фарқи бор?» деб қўяқолади. Унинг асли қаерданлиги ҳам катта жумбоқлардан эди. Бир Самарқандданман, деса, бир Андижондан бўлиб чиқарди. Таажжублангандек бўлсангиз, ғирт бепарво қўл силтайди: нима фарқи бор?
Ростдан ҳам, унга ҳеч нарсанинг фарқи йўқ экан…
Шанба куни дарсдан кейин курсдошларим билан кинога тушиб, уйга кечроқ қайтсам — ҳовлимизни милиса босган, тўс-тўполон. Ишком тагида курси қўйиб ўтирган хушмўйлов терговчи, тиззасида блокнот, алланимани рўйхат қилмоқда, қўлларини кўксида артистона чалиштирганча устунга суяниб турган «халк артисти» паришон илжайиб санамокда:
— Япон транзистори… Руминча кўйлагим… Яна битта шим, фирменний…
Зинапояда чўнқайиб олган «улуғ жарроҳ» ҳам ундан қолишмасликка тиришади:
— Янги костюм-шимим. Бултур Май байрамида бир мартагина кийилган эди. Кейин японча фонендоскоп… Домламиз, машҳур хирург Беккер совға қилган. Афғони йўл-йўл пайпоғим, туянинг расми бор эди… Шулар шекилли…
«Бобуршунос» ҳам бўш келмади:
— Менинг ҳамма нарсам жойидага ўхшайди. Фақат, фақат «Бобурнома»… Лондон нашри эди…
— Ҳа?! — дедим ҳовлиқиб мен.
«Халқ артисти» фожиона овозда эълон қилди:
— Мардикоринг ҳаммаёқни шулиб-шипириб кетибди!
Югуриб уйга кирдим. Хона ўртасида сочилиб ётган кийим-кечагу буюмлар орасидан ўзимга тегишли нарсаларни текшириб кўрдим. Шахматнусха чамадоним билан, ўқишга кирганим учун отам олиб берган, ҳали бир марта ҳам кийилмаган пальтом йўқ эди.
Қайтиб чиқиб, бор гапни терговчига айтдим. Шерикларимга қараганда фантазиям қашшоқлиқ қилди: ҳали тажрибасиз, биринчи курс талабасиман-да.
Терговчининг боши қотган, ҳайрон.
— Роса бойваччалар йиғилган экансизлар-да ўзи! — дейди. — Жами суммаси уч минг сўмга тўғри келяпти-я!
— Уч минг, уч минг, — дея тасдиқлади «улуғ жарроҳ».
— Қочиб қаёққа борарди! — деди терговчи ўрнидан тураркан. Сўнг биз — жабрдийда даъвогарларни юпатган бўлди: — Хотиржам бўлинглар, топамиз, албатта топамиз! Бугун-эрта қўлга тушади у муттаҳам!
— Ҳамма нарсамизни сотиб юборган бўлса-чи? — деди «улуғ жарроҳ» ошкора умидворлик билан.
— Тўлаттирамиз!
Бу гапни эшитиб ер остидан бир-биримизга қараб олдик. Менинг мардикорга раҳмим келиб кетди. Назаримда, у қўлга тушса, нақ отувга ҳукм қилинадигандек эди.
Шу кечаси билан ўтириб самарқандликми, андижонлик Мансурми, Мардон — мардикорнинг гўрига ғишт қалаб чиқдик. Яккаш муҳокама, яккаш мунозара.
— Аблаҳ, товламачи!
— Ўғри, каззоб!
— Кўзлари бежо эди ўзи. Фирибгарлик билан ичимизга кириб олганини қаранглар ярамаснинг! Хўжайинга ҳам ҳеч қанақа қариндош-париндош эмас экан, боплаб лақиллатибди бизни!
— Мен бошдаёқ сезувдим, — деди «халқ артисти» тантана қилиб. — Айтган эдим сизларга…
— Аммо-лекин жуда билимдон эди-да, — деб қўйди «бобуршунос».
— Билимдон, билимдон! Мана сенга билимдон! Ўғри! Жа-а иноқ эдинглар! Менга қолса…
Кейин учовлашиб менга ҳужумга ўтишди:
— Биринчи бўлиб сен гаплашгансан! Ўшандаёқ ҳайдаб юбориш керак эди: Ҳаммасига сен айбдор!
— Ие! — дедим жаҳлим чиқиб. — Сизлар-чи, сизлар нега ҳайдамадинглар? Сизлар мендан каттасизлар-ку!
— Лекин бу ерда хўжайин — сен-да! — дейишди бир овоздан. — Сен ҳайдашинг керак эди.
— Энди, бугунта келиб хўжайин мен бўлиб қолдимми?! — дедим кўзимдан ёш чиқиб. Яхшиликка ёмонликни қаранг! — Хўжайин мен бўлсам…
Хайрият, «бобуршунос» орага тушиб, китоб кўрган донишмандларга хос вазминлик, донишмандларга хос одиллик билан масалани ажрим қилмоқчи бўлди:
— Ўртоқлар, бу ерда ҳаммамиз бирдай айбдормиз ёки ҳаммамиз бирдай бегуноҳмиз. Мардикорга келсак, у чиндан ҳам… Ростини айтсам, ўртоқлар, менинг сира ишонгим келмаяпти бу ишга…
Сўнг у бой ҳаётий тажрибаси — ҳарбий хизматда бошидан кечган мисолларга мурожаат этиб, ақл бовар қилмас бир воқеани сўзлаб берди. Хулосаси шу бўлдики, мардикор — одатдаги ўғрилардан эмас, ҳатто ўғри ҳам деб бўлмайди уни…
— Ким бўлмаса у, ким? — деди бетоқатланиб «улуғ жарроҳ».
«Бобуршунос»нинг сўзларини одатдагидек энсаси қотиброқ эшитган «халқ артисти»:
— Э, шунинг гапига ишониб ўтирибсизларми? — деди.— Бунинг тўқсон тўққиз фоиз гапи лоф-ку, қолган бир фоизига ҳам шубҳа бор.
Кейин мардикорнинг кирдикорларини қайтадан таҳлил қилиб, уни қайтадан эламоққа тушдик — қани, бирор натижа чиқса!
Орадан бир ҳафта ўтди — милициядан ҳеч қандай дарак йўқ. Япон фонендоскопи илинжидами, «улуғ жарроҳ» ҳар куни икки маротаба бориб хабар олади. «Қидириляпти, қидириляпти».
Аста-секин йўқолган нарсаларимиздан умидни уза бошладик. Ўйлаб қарасам, ҳаммадан кўп зарар кўрган мен эканман. Яп-янги пальто эди. Қурумсоқлик-да, аяб, эҳтиётлаб юргунча ўша куни дарсга кийиб кетавермайманми! Энди нима қилдим? Уйдан пул сўрашга юз йўқ, ўғил эмас, бир лапашанг ўстирган эканмиз, деб ўйлашади. Устига-устак кейинги кунларда ҳаво жуда совиб кетди. Йўқолганидан бутунлай умидни узиб, арзонроқ бир пальто сотиб олдим. Қопдек юпқа, қопдек узун, қопдек ҳалпиллаган, лекин ҳарна-да. Уйга яқинлашаётганимда тўпиққа тушадиган барларини чапаничасига белимга ўраб оламан: анов опа-сингиллардан бирортаси чиқиб қолса, кулмасин!
Шундай кунларнинг бирида «бобуршунос» иккаламиз баравар уйга қайтиб, ҳайратдан эсимиз оғиб қолгудек бўлди. Хона ўртасида ўша чамадон, менинг шахматнусха чамадоним турарди! Ҳамма нарсамиз жой-жойида, тахи ҳам бузилмагандек! Япон транзистори, руминча кўйлак, ноёб фонендоскоп, «Бобурнома» (Лондон нашри), Май байрамида бир мартагина кийилган костюм-шимдан бошқа ҳамма нарса! Кейин, чамадоннинг устида бир вараққина қоғоз — узрнома…
Кечқурун бошқалар ҳам келиб бу ҳолдан ҳанг-манг бўлиб қолишди. «Бобуршунос» ҳар замон: «Ана, мен айтмаганмидим!» дея маънодор хитоб қилиб қўяди, аммо ҳеч ким бош кўтариб унга қарши бир гап айтолмайди — ҳамма аллақандай мулзам, музтар.
Ўша кундан бошлаб нимадандир хижолат бўлгандек бир-биримизнинг юзимизга қарай олмай қолдик.
Ўша кундан бошлаб уйимиздан файз учди. Илм-фан ва маданият гулшани инқирозга юз тутди. Биринчи бўлиб «улуғ жарроҳ» кўчиб кетди. Унинг изидан «бобуршунос» пўстагини кўтарди. Маъшуқасининг доимий илтимосини қондириб, «халқ артисти» ҳам уникига равона бўлди. Ҳувиллаган ҳовлида бир ўзим қолдим. Ҳовли меники, хўжайин ўзим эдим-да. Кечаси билан қўрқиб, босинқираб чиқаман. Дарвоза ўз-ўзидан очилиб кетаётгандек, кимдир ҳовлига тош отаётгандек, деразадан биров мўралаётгандек бўлаверади. Кўзим илинган заҳоти аллаким — мардикорми келиб бўғизлайди…
Икки-уч кундан кейин мен ҳам шаҳарнинг нариги четида яшайдиган бир курсдошимникига кўчиб кетдим, кетдиму қайтиб бу ёқларга қадам босмадим.
Ўқишни битиргач, диплом қўлга тегишини кутиб юрган кунларим бекорчиликдан зерикиб, беш йил мобайнида ижарага турган жойларимни бир-бир айланиб кўрмоқчи бўлдим. Бу ҳам бир гап-да, сарҳисобдек бир гап. Ҳар ҳолда, «олтин даврим» — оч-наҳор, юпун талабалик йилларим кечган, изларим қолган…
Дарвозага урилган узунчоқ қулф занглаб ётарди. Аста тирқишдан мўраладим: ҳовли хор-хасга тўлиб, хароб ҳолга келган эди. Хосиятсиз жой-да, бўлмаса, шундай ҳашаматни ташлаб эгаси бир ёқларга кетиб қолармиди!
Худди хор-хасни ғарчиллатиб ҳовлида мардикор айланиб юргандек, чиқиб изимдан қувлаб қоладигандек туюлди — шоша-пиша дарвозадан узоқлашдим.
Вақт ўтиб, бу гаплар хаёлимдан кўтарилиб кетди. У жойлар ҳам бузилди, ўрнига метро қурилди. Мен энди «Пахтакор» бекатига чиққанимда паришон аланг-лаб, тўрт тарафга гурас-гурас таралаётган оломон орасидан кимларнидир топмоқчи бўламан, қидираман — беҳуда! Йўқ, йўқ. Бари бир хил, бари нотаниш. Нотаниш одамлар бир-бирига ўхшайди…
Қани энди у таниш жойлар, у таниш одамлар?..
Ўша кезлар биз — бўзболаларни энтиктирган анов дилбар қўшни қизларни бир-икки марта учратдим. Танишмади. Улар уч опа-сингил, бунинг устига соҳибжамол қизлар эди, биз — уларга шайдо йигитчаларнинг эса сон-саноғимиз йўқ эди-да.
Аҳён-аҳёнда собиқ ҳамхоналаримдан Исмоил Хурсандийни ҳам кўриб тураман. У аллақачон кандидатлик ишини ёқлаб олган, жами илм аҳли каби андак паришонхотир бўлиб қолган, кўзойнак тақади. Қачон қарасанг, қўлтиғида бир даста эски китоб, қаёққадир шошиб турган бўлади. Ўша воқеадан гап очсанг, «Ҳа-ҳа, ғалати иш бўлган эди, жуда билимдон йигит эди, аллақачон ёқлаб кетгандир ишини», дейдию зипиллаб жўнаб қолади.
Турди Даврон, халқ артисти бўлмоғига кўзи етмадими, санъатдан воз кечиб, ўзини мансабга уриб кетган. Вилоятдан келганида, «Қўй-э ўша гапларни!» дейдию сени ресторанга, ундан кейин яна аллақаёқларга судрамоқчи бўлади.
Латиф Зиёевни эса, бош врач бўлган, деб эшитардим. Узоқ йили уни ҳам кўрдим. Ёзда бола-чақам билан туғилган юртимга бораётиб, катта йўлда автобусдан тушиб, йўловчи машина пойлаб турардим. Кун иссиқ, болалар сув деб чирқиллайди. Шунда ёнгинамиздан оппоқ «Жигули» ўтиб қолди. Рулда оппоқ кўйлак кийган, бўйнида гулдор галстук, бежиримгина бўлиб Латиф Зиёев ўтирарди. У ҳам мени кўрди. Таниганига ҳам шубҳам йўқ. Лекин индамай ўтди-кетди. Чорраҳада, куннинг қизириғида, кичкинтойларим чирқиллаган, ёқамни ушлаб қолавердим. Улуғ жарроҳ бўлиб кетгани рост шекилли!
Ахир биз бир пайтлар бир хонада яшаган, бир ҳаводан нафас олган, талабалик насибасини бирга баҳам кўрган биродарлар эдик-ку! Нега бундай бегоналашиб кетдик? Орамизни ким бузди? Бу ўша — бир ҳафта-ўн кун бирга туриб, сирли қилмиши билан ҳаммамизни ҳайратга солиб кетган мардикор ниқобидаги аломат йигит эмасми? Ўша, ўша! Самарқандликмиди у, андижонлик? Мансурмиди унинг оти, Мардон? Дарвоқе, ўзи айтгандек, бунинг нима фарқи бор? Мардикор эди у, марди кор! Бурчини бажарди-кетди. Орамизни бузиб кетди. Шу иши тўғри бўлмаганмикан?..
Бир гал унинг ўз-ўзидан ичиб келиб менга ҳасрат қилгани ёдимда: «Уч йилдан бери ўқишга киролмайман, оғайни. Қишлоқда онам ёлғиз. Уч йилдан бери унинг олдига боролмайман. У мени ўқияпти, деб ўйлайди. Мен бўлсам бу ёқда мана шундай тентираб юрибман. Онамни кўргани бир боришим керак, оғайни. У ёлғиз. Мен ҳам ёлғиз…»
Нима, у ўшанда уст-бошидан ор қилиб, онасини кўргани бизларнинг кийимимизни кийиб кетганмиди? Сўраса, шундоқ ҳам берардик-ку. Ўзи ишлаб топса ҳам бўларди: тўрт мучаси соғ, ҳар қанақа одамни лол қолдирадиган зеҳни бор эди.
Кейин унинг чамадон устида қолдириб кетган хатини эслайман: «Оғайнилар, сизларни безовта қилиб, шунча ташвишга қўйганнм учун кечиринглар, минг бор узр! Бу иш менга жуда зарур эди, ўйлайманки, сизларга ҳам…» Қизиқ…
Қизиқ, мен бу гапларни нимага ёзиб ўтирибман? Билмайман. Ёзгим келди — ёздим, ўқигиси келган одам ўқир. Ахир, одамзод бугун туғилиб, бугуннинг ўзида оламдан ўтмайди-ку. Унинг ҳаёти яхшидир-ёмондир, аччиқдир-чучукдир — хотиралардан иборат бўлади. Орқасига қарамаган одам олдини ҳам кўролмайди. Орқада — кечаги кун, хотиралар. Хотиралардан эса ҳикматлар келиб чиқади. Мана, улардан лоақал биттаси:
«Бирни кўриб фикр қил,
Бирни кўриб зикр қил».
Бошқа гапим йўқ.

1982