Аёлнинг умр шами лип-лип этганча бир ёғдуланиб, бир нурсизланиб сўниб борарди.
– Қандоқ синглим бориди-я, – Усмонжон вужудини сирқиратиб келаётган ёшни сиртига чиқармаслик учунми, кўзларини юмиб, ичидаги титроқларни куч билан босди.
Бедаво дард уч ойки тўшакка михлаган, қуруқ суякка айланган, суратигина қолган синглисига табассум қилиб озғин кафтларига юзини босди.
Ўн кундирки, тилдан қолган жувон ёш боладек мўлтираб қарайди. Усмонжон синглисининг кўзлари кенгайиб, безовта бўлаётганини сезди. Унинг ич-ичига ботган ғамангиз, мунглиғ нигоҳларида сўнгсиз армон, андуҳ, кимгадир илҳақлик, интизорлик муҳрлангандай эшикдан кўз узмаётганини пайқади. Илҳақликни болаларини қўмсашига йўйди. Қўшни хонада ўйнаётган ўғилларидан бирини кўтариб, бирини етаклаб келиб, синглисининг ёнига тиззалади. Синглиси ётган кўйи озғин қўллари билан кичкинасининг бошини бағрига олди. Кейин каттасининг сочларини силаб, қўлчаларидан ўпди.
Усмонжонга синглисининг кўзлари худди видолашаётгандек туюлди-ю, юраги увушиб кетди.
– Бу тойчоқларни ўқитамиз, уйлаймиз, ҳали ўзинг кўрасан. Отаси йўқ, деб ўксима, ўзим оталик қиламан, фақат сен тезроқ соғайсанг бўлди.
Бу сўзлардан беморнинг юзида юмшоқ кулимсиниш зоҳир бўлди.
Мастура акасининг руҳиятини кўзларидан уқди. Ўпкаси тўлди, лекин кўзларига бир томчи ҳам ёш келмади. Тақдирнинг аччиқ зарбасидан тўйиб, йиғлайвериб, аллақачон кўзёшлари қуриган. Акасига раҳми келди. Бечоранинг ранги рўйи касалдан баттар, ўзини олдириб қўйибди. Қани энди мўъжиза рўй бериб, соғайиб кетса, умрининг охиригача уларнинг қўлида супурги бўлиб хизмат қилишга ҳам рози. Лекин мўъжизалар фақат эртакларда рўй беради. Унинг эса саноқли кунлари қолди холос, буни билиб турибди. Афсуски, акаси билан янгасидан ўз қилмишлари учун кечирим сўрашга улгурмади. Оллоҳ унга гуноҳлари учун бедаво дардни жазо қилиб бергани етмаганидек, забонини ҳам олди. Жувонни қаттиқ оғриқ исканжага олиб, юзлари бўзариб кетди, йўталиб, қон тупурди. Акаси шошилинч қўшни ҳамширани чақиртириб, укол қилдиргач, вужудини сўнгсиз оғриқ аста-секин тарк эта бошлади.
Лекин юрагини тинимсиз пармалаётган ниҳоясиз оғриқ, армон, ўкинчни суғуриб оладиган на бирор куч, на малҳам бор. Энди бу изтиробларни ўзи билан қабрга олиб кетади. Ахир шу фариштадек янгасига қанча ситамлар ўтказди-я. Агар унга бу дунёда жаннати аёлни кўрсат десалар, сўзсиз янгасини кўрсатган бўларди. Юраги пушаймонлик, афсус ўтида куяди, лекин фойдаси йўқ.
Мастура яна эшик томонга интизорлик билан қараб қўйди. Сўнг бирдан талвасага тушгандек акасининг кафтларини қаттиқ сиқди. Усмонжон бу хаста вужудда шунча куч борлигидан ҳайратга тушиб, бир қўлини синглисининг пешонасига қўйди-ю, бирдан унинг манглайидан муздек тер қуйилганини, қўллари бўшашиб, ҳаракатсиз қолганини ҳис этди, бўғзига тошдек нарса қадалди. Синглисининг қорачиқлари бир нуқтада тўхтаб қолди.
Аканинг фарёди бутун уйни ларзага солди. У ҳарчанд синглисининг очиқ қолган кўзларини ёпишга уринмасин, бу дунёнинг ғаму ғурбатларига тўймагандек, кимгадир илҳақдек, очиқлигича қолди.
…Ғамгузор она ёлғизгина қизини ер-кўкка ишонмасди. Нуридийдасига теккан бедаво дард онани йиқитди. Тўсатдан қуриган дарахтдек қулади. Сўнгги куни худди ўлимини олдиндан сезгандек, ўғлини ёнига ўтқизиб васият қилди:
– Ҳаммаларингдан мингдан-минг розиман. Лекин билиб қўй, синглингга энди отаям, онаям ўзингсан. Агар уни, болаларини бировга зор қилсанг, гўримда тикка тураман.
Бу бевақт васиятдан карахт бўлган ўғил ўзига келиб бир нима демоққа улгурмай, она беозоргина жон берди…
Наҳот энди синглисиниям тупроққа топширади? Онасининг руҳи олдида нима дейди? Кўрсатмаган дўхтири, табиби қолмади, синглисининг дардига даво-малҳам топилмади. Синглисининг болаларига нима дейди, уларга ота ўрнида бўла оладими? Кўкраги қаттиқ санчиди. Ё фалак! У сўнгсиз, ниҳоясиз ўйлар исканжасида қўни-қўшнилар, қариндош-уруғлар таъзиясини қабул қиларкан, хотинига одам юборди.
Малоҳат совуқ хабарни эшитиб, гарчи қайнисинглисининг дарди бедаволиги, дўхтирлар унинг яшаб кетишига умид йўқлигини айтишган бўлса-да, юрагига муз кириб, оёқ-қўли бўшашиб ўтириб қолди. Ёдига раҳматли қайнонаси келди. У ёлғиз қизига бор жаҳонини берар, “ойимтўтим”, деб эркаларди.
Ўта тантиқ, арзанда ўсган бу қиз тушган жойида ҳам қайнона-қайнота, куёвга бўйин бермади, онасининг ўта меҳрибончилигими ёки тилини ўткирлигиданми, алал-оқибат иккита болали бўлганда рўзғори бузилиб қайтиб келди. Лекин янгасига кун бермади. “Ўтирса – ўпоқ, турса – сўпоқ” қилиб акасига чақди, маҳаллага гапини чиқарди. Тили шундай заҳар эдики, илондек чақарди, янгасини ерга уриб, камситар, бундан ҳузур қиларди. Ҳатто бир гал қоқ қаҳратон қишда, бир арзимаган гапнинг орқасидан янгаси билан гап талашиб, уни битта кўйлакда дарвозадан ҳайдаб чиқариб, эшикни ёпиб олди. Янгаси зорланиб эшик олдида узоқ турди-ю, ахийри совқотиб, қўшниникида ухламай тонг оттирди. Эрта тонгда эса ғайирлик билан заҳарханда қараб турган қайнисинглисига салом бериб, гўё ҳеч нима бўлмагандек одатдаги юмушларни қилиб кетаверди. Бирор марта эрига шикоят қилиб жанжал қўзғамади, ака-сингилни уриштирмади. Болаларини тирик етим қилишни истамади.
Қайнисинглиси бехос оғир дардга чалинди-ю, бирданига олдинги шахди йўқолди, сўниб бораётган шамдек пасайди. Ўйчан, паришон, асабий бўлиб қолди. Айниқса, онасининг ўлимидан кейин касали зўрайди.
Қайнонаси ҳар гал “шу думбул, қайсар, одобсизнинг гуноҳидан ўтинг, суяксиз тил-да, билмай гапирди”, деб ёзғирарди.
Дарди зўрайган кунлари қайнисинглиси ётган жойида портлади:
– Сизга қилган зулмим, кўрсатган ҳўрликларим учун Оллоҳ менга шу бедаво дардни юборди. Менинг нодонлигимни юрагингиздан чиқаринг, мендан кейин Худонинг йўлига шу фарзандларимга ўзингиз оналик қилинг, бировнинг қўлида қолишмасин, – деб кўзёшларини дарёдек тўкди.
Малоҳат хаста қайнисинглисини ювиб-таради, поклади, кўнглини кўтарди, болаларига ғамхўрлик қилди. Лекин қилаётган яхшиликлари баъзан Мастуранинг ичини қуртдек кемираётганини ҳис этарди.
У дарвозадан эзилиб, йиғлаб кириб бораркан, йиғи-сиғи қилаётганлар орасида кўзида ёш ҳалқаланиб турган болаларга кўзи тушиб, изтироблари алангаланди.
Малоҳат хонага кириши билан йиғлаётган аёллар унга йўл беришди. У каравотга ётқизиб қўйилган жасадга яқинлашди-ю, кўзлари очиқ қолган жонсиз танани кўриб, юраги увушиб, орқасига тортди. Рози-ризолик сўрашга ҳам улгурмади. Сўнгги нафасида ёнида бўлолмади.
У армону изтироб билан қайнисинглисининг муздек юзларига юзини қўйиб, аччиқ-аччиқ йиғларкан, фарёд қилди:
– Биздан рози кетинг, сингилжон, биз ҳам сиздан розимиз.
Тўсатдан жонсиз тана титрагандек бўлди. Марҳуманинг икки четида туриб йиғлаётган аёллар сесканиб, қўрққанларидан уввос тортиб ўзларини орқага ташладилар. Малоҳат мурданинг тепасида даҳшатдан қотиб қолди. Ҳайҳот! Марҳуманинг кўзлари катта очилди, кейин унга сўнгсиз илтижо билан боқди, жонсиз лаблари қимирлагандек бўлди, кўзларидан оқиб тушган бир томчи ёш ёноғида сирғалганча туриб қолди. Қайнисинглиси гўё кўзлари билан ризолик сўрашарди. Зум ўтмай бу нурсиз кўзлар абадий юмилди.
Оллоҳнинг бу мўъжизасидан карахт бўлган ва бир зум сукунатга чўмган ҳовлини яна азадорларнинг аламли йиғиси тутди.
“Шарқ юлдузи” журнали, 2015 йил, 5-сон