Самолёт ғилдираклари «тўқ» этиб ерга урилди. Худди ўйдим-чуқур йўлдан кетаётган юк машинасидек қаттиқ силкина бошлади. Козим белидаги энлик камарни ечиб, портфелини қўлига олди.
Уни тўладан келган, кўзлари катта-катта йигит кутиб турарди. Бу йигитнинг туришида, кўзларини мўлтиратиб боқишларида анқовсираш, меровлик бор эди. У Козимнинг қўлидан портфелини олди-да, хиёл букчайиб йўл бошлади. Йигитнинг юриши ҳам жуссасига мос, салмоқли эди. У шошилмай ҳар бир қадамини худди ўлчаётгандек ташлар, ора-сира Козимга қараб қўяр, бироқ сўз қотмас эди.
Йигит мошранг «Жигули»нинг орқа эшигини очиб, Козимни таклиф этди. Сўнг журъатсизлик билан сўради:
— Олдин редакцияга кирамизми, ё…
— Олдин тузукроқ танишиб олайлик,— деди Козим кулимсираб.— Янглишмасам отингиз Нуриддин эди, а?
— Ҳа, — ҳозиржавоблик билан бош ирғади Нуриддин.— Редакцияда кўришганмиз-ку… Эсингизда бўлса, шеър оборгандим.
— Бўлмаса гап бундай, Нуриддин. Редакцияда қиладиган ишим йўқ. Иложи бўлса, мени «Ширинбулоқ»қа етказиб қўйсангиз.
— Олдин эшикка ўтмаймизми? Чой-пой ичиб…
— Уйдагиларни безовта қилмай қўя қолайлик, дўстим,— деди Козим узр сўраётгандек юмшоқлик бнлан. У нотаниш хонадонга боришни ўзига эп билмади, — Олдин ишни битирайлик.
— Шундайми?.. — Нуриддин ажабланиб елка қисди.— Меҳмоннинт истаги биз учун қонун.— Машина аста ўрнидан жилди.— Ашаққа кетаверамизми бўлмаса?
Козим бош ирғаб қўйди. Йўл четидаги тутларнинг орқасида пахтазор ястаниб ётар, ғўзалар белга уриб турарди. Пахтазорга яқинда дори сепилган бўлса керак, очиқ ойнадан ёпирилиб кираётган шабада димоққа қўланса ҳидни келтириб урди. Козим машина ойнасини кўтариб қўйди-да, ўзини ўриндиқ суянчиғига ташлади. Дам-бадам алмашиниб турган манзараларни лоқайдлик билан кузатганича мудроқ бир алфозда ўтираверди.
Шу кунгача Козим фақат ўз қайғуси билангина яшаган эди. Йўқ, худбинлигидан эмас, бировларнинг ишига аралашишга ўзини маънавий ҳақсиз деб билганидан. Мана энди хизмат тақозоси билан «Ширинбулоқ»даги баъзи ишларни адолат қилгани кетяпти. Аммо буни уддалай оладими, йўқми, билмайди.
Козим редакцияга ишга кирган куни онаси: «Қилар ишинг ҳақ, айтар гапинг рост бўлсин, омин!» деб дуо қилган эди. У биринчи марта қаламкаш сифатида ҳақиқатни юзага чиқариб, рост гапни айтгани кетяпти. Қўлидан келармикин? Рост гапни эплаб айтиш ҳам мушкул-ку.
…Машина шаҳарни кесиб ўтиб, яна қишлоқ йўлига чиқиб олди.
— Боғишамолга келдик, — деди Нуриддин йўлнинг ўнг томонидаги дарахтзор тепаликка ишора қилиб.— Бу ер шаҳарликлар дам оладиган оромгоҳ бўляпти.
— Нега энди фақат шаҳарликлар учун? Қишлоқдагилар-чи…— кулимсираб сўради Козим.
— Қишлоқдагиларга дам олиш қаёқда дейсиз,— Йўлдан кўз узмай жавоб берди Нуриддин.— Пахта экилиб турса бу одамларга тиним йўқ.
— Бундан чиқди, пахтада ишлайдиганларнинг ҳаловати йўқ экан-да.
— Нега энди? Дам олишади,— Нуриддин бошини буриб, Козимга қараб қўйди.— Меҳмон келиб турса дам олишади. Меҳмон — отадан улуғ. Меҳмоннинг шарофати билан бир-икки кун ишга чиқишмайди. Уйга меҳмон келиб қолди, деса биров индамайди.
Улар қадимий кўшкларни эслатувчи икки қаватли бино олдига келиб тўхташди.
— Янги чойхона қурилган. Бир пиёла чой ичиб кетамиз, а?— Нуриддин пастга тушиб, машина эшикларини қулфлади.— Шу ерлик усталар қуришган. Қаранг!
Козим мармар зинадан кўтариларкан, бинони қизиқсиниб томоша қилди. Устунлар нақшинкор, бино пештоқларига дид билан ранг берилган. Шифт тоқи қилиниб, тенг қисмларга ажратилган, ҳар бир қисм ўзига хос рангга бўялган. Деразаларнинг устки қисми қубба шаклида бўлиб, бинонинг кўркини ошириб турарди. Нақшинкор эшикдан ичкарига кирилгач, Козим бир зум тўхтаб қолди. Кенг хонага икки қатор қилиб саккизта сўри қўйилган. Оппоқ дастурхонлар солинган хонтахталар атрофига атлас кўрпачалар тўшалган. Тўрда саҳнага ўхшатиб супа қилинган. Чўғдек гиламлар солиниб, хонтахталар қўйилган. Нуриддин кираверишдаги сўридан жой кўрсатиб, чой чақирди.
— Дурустми, меҳмон?— деб сўради у чой қуйиб тутаркан.— Чойхона маъқул тушдими?
— Жуда ажойиб-ку,— Козим девордаги ганжкор нақшлардан кўз узмай жавоб берди.— Худди кошонага ўхшайди.
— Булоқбошига борганда яна бир жойда тўхтаб ўтамиз. «Булоқбоши оқшоми» ресторанида. Тош тобут чиқди деб овоза қилинган эски мозорнинг ўрнига қурилган. Жуда хушхўр гўжа пиширишади. Зоғора нон ёпишади.
— Мозорнинг ўрнига ресторан қуришганми?
— Илгариги замонда мозорлар ҳам баҳаво жойларда бўларкан шекилли. Булоқбошидаги мозориинг ўрни ҳордиқ чиқарадиган жойга жуда мос экан. Шартта бузиб, ўрнига ресторан қуришди. Ҳозир мозорнинг ўрнини текислаб кинотеатрми, томоша боғими қуриш расм бўлган-ку, меҳмон. Буям шунга ўхшаш бир гап-да.
— Ўша рестораннинг остида не-не алломаларнинг хоки бордир…
— Бўлса керак, меҳмон. Даштдан чиққан икки тош тобут ҳақида китоб ҳам ёзишган. Ўқиганмисиз?
Козим бош ирғаб қўйди.
— Чой ичмаяпсиз-ку, меҳмон.
— Раҳмат, ичдим. Тура қолайлик, а?
— Майли, майли,— Нуриддин итоаткорлик билан ўрнидан қўзғалди.— Тезроқ бориб раисни топганимиз яхши. Бир жойда ҳеч тиниб ўтирмайдиган киши, деб эшитганман.
— Дала айланиб юрарканми? — машинага ўтира туриб сўради Козим.
— Дала ҳам кезаркану, аммо кўпроқ ҳар хил идораларга чопиб юраркан.
— Арзчилар билан даъволашибми?
— Йўғ-э,— Нуриддин машинани ўрнидан жилдира туриб орқасита қайрилиб қараб қўйди. — У киши даъволашмайди. Билишимча, бунақа нарсаларга вақти йўқ. Бир идорага бориб қувур ундиради, бошқасидан, топгапда янгисини олиб бериш шарти билан мотор сўрайди. Лекин ўла қолса қайтариб бермайди. Ё пулини тўлайди, ё мева-чева билан рози қилади.
— У кишини тошдан ёғ чиқарадиган хасис дейишади, ростми?
— Унисиии билмадим. Ўзим кўрмаганман.
— Ҳеч учрашмаганмисиз?
— Йўқ, кўришмаганмиз.
Йўлнинг икки чети адир, ора-сира текис майдонлар ҳам учраб турарди. Ҳамма жойга, ҳатто адир ёнбағирларига ҳам пахта экилган. Бу ерларга қандай сув чиқариб, қай йўсин ишлов берилишига ақл бовар қилмайди. Адирда трактор юролмайди, демак ғўза кетмон билан чопиқ қилинади. Қўлда чилпишади. Энг мушкули, кафтдек текис ердаги ғўзаларни суғоришга баъзан сув етмайди-ю, тепаликлардаги ғўзаларнинг ташналигини қондириш» учун қўшимча сув ундириш, уни мотор орқали юқорига чиқариш керак. Бир ариқ сув олиш учун раис ҳам, партком секретари ҳам, агроном ҳам, сувчи ҳам овораи-сарсон… Деҳқоннинг мардлигига, бардошига тасанно айтмоқдан ўзга чора йўқ. У бир зум тиним билмаса ҳам майли, кафтдек ҳам ер бекор ётмасин, дейди. Пахта экади.
— Булоқбошига келдик,— деди Нуриддин тантанавор оҳангда.— Ресторанга кириб бир чиннидан гўжа ичиб кетамизми?— Козимнинг ҳуши йўқлигини сезди шекилли, дарров изоҳ берди:—Директори яқин ошналаримиздан. Жуда кўнгли очиқ йигит. Хурсанд бўлади.
— Бошқа сафар кирсак-чи…
— Меҳмоннинг амри вожиб,— Нуриддин моторни қайтадан ўт олдирди.
Пастак-пастак уйлар лип-лип этиб орқада қола бошлади. Ер бағирлаб турган бу иморатлар кўнгилда ғашликка мойил бир ҳис уйғотарди. Кўпгина деразаларга полиетилен плёнка қоқилган. Плёнканинг букланган жойлари қоп-қорайиб қолган. Ариқ лабида қатор саф тортган толларнинг барглари чанг қўнаверганидан кулранг бўлиб кўринади. Ариқлар қуриб-қақшаб ётибди — сув йўқ. Ўт-ўланлар қовжирай бошлаган. Ҳозир деҳқоннинг эс-ҳуши пахтада. Сув фақат пахтазорга борадиган ариқлардан оқади.
— Нуриддин, Султоновни танисангиз керак-а? Нуриддин пешанаси тепасидаги кафтдек ойнага ялт этиб қаради. Ҳамроҳининг ойнадаги аксига боқиб, унинг авзойини, дабдурустдан нега бундай савол берганини билмоқчи бўлди. Козим ўзини орқага ташлаганича ундан куз узмай ўтирарди. Нуриддин бош ирғади.
— Қандай одам?— Козим ташқарига юзланди. Ўзини жуда ҳам бепарво, ҳатто бир оз лоқайд қилиб кўрсатишга уринди. Токи, суҳбатдоши унинг қизиқувчанлигидан шубҳаланмасин.
— Нима десам экан…— Нуриддин чайналди. Ясама кулиб, орқасига қараб қўйди. Унинг юзида, кўзларида хижолатдан ҳам кўра қўрқувга ўхшаш бир ифода бор эди.— Энди… ака, тўғрисини айтсам, мен у кишини яхши бплмайман. Ош-қатиқ бўлмаганмиз. Шу энди… Нима десам экан…
Козим нигоҳиии олдинга йўналтирди. Нуриддин унинг кўзига кўзи тушиб қалишидан қўрқнб, ойнага қарамади. Негадир пешанасини тер босди.
— «Ширинбулоқ»нинг раиси билан бир-бирини унча хушлашмайди, деб эшитганман. Ростми?
Козим тилини тишлади. Чакки гапириб қўйди. Нуриддин унга сирдош жўра бўлмаса. Баобрў икки одам ҳақида дабдурустдан бундай гап айтиши дуруст эмас.
— Энди… ростини айтсам, мен ашинақа гапларга кўпам қизиқмайман, ака,— Нуриддин сўзларни ямлаб, қийналиб гапирарди.— Уларнинг ўртасида нима гапи бор… билолмадим. Бир четда юрган одаммиз…
Нуриддин бирдан кичрайиб, бечора ҳол бўлиб қолди. Олдинга энгашганича, рулга маҳкам ёпишиб олди. У боягина аеропортда редакцияга шеър олиб борганини эслатиб қувонган йигитга мутлақо ўхшамасди.
— Яхши одатингиз бор экан. Қизиқмаганингиз тузук, — Козим хатосини тузатишга шошилди.— Битта ёмон гапга қулоқ солган одам юзта яхши гапнинг савобини йўқотаркан.
Нуриддин бирдан енгил тортди. Чеҳраси ёришиб кетди.
— Ашинақа деб бунақа гаплардан четроқ юраман-да…
Машина ўнг томондаги шағал тўкилган йўлга бурилди. Яна пахтазор бошланди. Йўлнинг бир томонидаги далалар пастак тоққа бориб туташарди. Козим тоғ тепасидаги элас-элас кўзга чалинаётган дов-дарахтларга тикилганича хаёлга чўмди…
Султоновни ўзи ҳам бир марта кўрган. Ҳамхоналари билан тушликка чиқишаётганида йўлакда беўхшов семирган одамга дуч келишди. Табиат атайлаб майна қилгандек унинг бошини ҳаддан ташқари кичкина қилиб яратган, худди хамакка ўхшарди. Қўлтиғида иккита катта қоғоз халта. У жадал юриб келаркан, редакторнинг қабулхонасига бурилди. Аммо фалокат босиб, остонага қоқилиб, мункиб кетди. Қўлтиғидаги қоғоз халталардан бири тўп этиб ерга тушди. Йўлакка уч дона лимон думалаб чиқди.
— Камбағалнинг боласи сочиққа қоқилиб ҳам йиқилади, деганлари шу-да,— деб кулди саноат бўлимининг мудири.
Семиз киши йўлакка отилиб чиқди. Апил-тапил лимонларни териб оларкан, томошаталаб бўлиб турган одамларга ёвқараш қилди.
— Хафа бўлманг, домла, эмаклаган боланинг ҳам этагидан тортадиган душмани бўларкан. Бу остона ҳам келиб-келиб сизни чалди,— деди мудир тасалли берган бўлиб.
Семиз киши қулоқларигача қизариб кетди. Бу гап уни юпатиш учун эмас, мазах қилиш учун айтилгаиитш фаҳмлаган эди. Аммо чурқ этмади. Шошганича қабулхонага кириб кетди.
— Бопладингиз-ку,— деди Мусо исмли йигит сочини силаркан.
— Қоқилиб иллат халтаси йиртилмаганда, ҳозпр нақ ҳиқилдоғимдан оларди-я. Афсуски, бечора ночор қолди.
— Биласизми бу ким?—луқма ташлади Мусо.— «Ширинбулоқ» колхозининг собиқ раиси Султонов. Ҳозир теплица хўжалигига бошлиқ.
— Э, иллат халтасига сиғмай сочилиб кетган лимонлар ўша теплицада пишган денг,— деди мудир ғазабланиб.— Редакциядан қадамини қирқиш керак экан бунинг…
Нуриддиннинг овози Қозимнинг хаёлини бўлди.
— Мана Назар аканинг хўжалиги бошланди,— у машина ойнасидан қўлини чиқариб, пастак тоққа ишора қилди.— Ана, тоғдаги боғ. Темир қувурлар билан тепага сув чиқарган. Тоғнинг қоқ тепасига шунақанги ажойиб меҳмонхона қурдирган, ҳавасга бир кеча ётиб кетасиз.
— Раис шунчалик яхши ишларни қилаётган экан, нега устидан тўхтовсиз думалоқ хат ёзишади?— ажабланиб сўради Козим.
— Ким билади дейсиз, ака…— деди Нуриддин чайналиб.— Раиснинг ишлари бировга маъқул бўлгани билан бировга ёқмаслиги мумкин.
— Албатта…
— Лекин жуда аломат қишлоққа келяпсиз, ака. Роса диққатингизниям оширишади, мазаям қиласиз.
Машина икки қаватли чойхона олдига келиб тўхтади. Йўлнинг икки четига қизғиш харсанглардан девор урилган. Чойхонага кнраверишга худди шундай тошлардан шарқона усулда қопқасиз дарвоза қурилган. Дарвозадан ўтиб, тош зиналардан пастга, ҳовуз бўйига тушилади. Ҳовуз атрофидаги сўриларда одам камчил. Далада айни иш қизиган пайт эканини шундан ҳам билса бўлади. Улар четдаги сўрига ўтириб улгуришмасдан чойхоначи бир чойнак чой билан иккита пиёла кўтариб келди.
— Келинглар, меҳмонлар,— деди у тавозе билан чойнакни Нуриддиннинг олдига қўяркан. У юз-кўзи тайин бирор маъно уқтирмайдиган, киприкларигача сап-сариқ одам эди. Эгнидаги сурп яктаги билан шойи қийиғи унга ҳеч ярашмаган, маллалигини фош этиб турганга ўхшарди.
— Меҳмон Тошкентдан,— деди Нуриддин ҳамроҳини кўрсатиб.— Раисга учрашадиган иши бор.
— Раисни ҳозир топамиз-да,— чойхоначи қўлини кўксига қўйиб чекинди.— Сизлар баҳузур чой ичиб туринглар.
У илдам бориб чойхонанинг иккинчи қаватига кўтарилди. Ўртадаги ланг очиқ деразада аввал унинг ўзи пайдо бўлди, сўнг мулойим овози эшитилдп.
— Назаржон ака керак эдилар. Ҳа… ўзингизми? Тошкентдан меҳмонлар келишган экан. Чойхонада чанқов босди қилиб ўтиришибди. Идорага бораверишсинми, ака? Ўзингиз келасизми? Ҳа-а… Хўп, хўп, ака…