Қуюқ дарахтлар соясидаги чорпоянинг бир тарафини ўзиники қилиб олиб, гупириб ўтирган Гупирдин навбатдаги қадаҳни бир кўтаришда бўшатди-да, бўшаган пиёлани гуп этиб дастурхонга тўнтарди. Улфатлардан “Э, яшанг”, “гап йўқ”, “маладес”, деган олқишларни мамнуният билан қабул қилиб олгач, катта ишни дўндириб қўйгандай ялтироқ тишларини кўрсатиб илжайди. Кейин “бировдан чатағим йўқ”, деган яхши кўрган гапини яна бир карра қайтариб қўйди.
Беш сўм, ўн сўм пулнинг бетига қарамаганиданми, ё хизмат қилиб юрган йигитларнинг хуштакаллуфлигиданми, ҳар ҳолда бу чойхонада Гупирдиннинг ўзига яраша обрўси бор. Қолаверса, ҳалиги йигитчалар уни “серёзний бойвачча” деб билишиб, юқори мартабали меҳмондай кутиб олишади. Шундан бўлса керак, кўнгли тусади дегунча қадрдон улфатларини бошлаб шу ерга келаверади.
У газакка олган луқмани кўзларини юмиб олганча, ҳузур қилиб чайнаётганди, ўчакишгандай қўл телефони “жиринглаб” қолди. Оғзидагисини апил-тапил у ёқдан-бу ёққа ўтказиб ютиб юборди-да, ёғли қўлларини наридан бери артиб, “сотка”сини ғилофдан чиқарди.
— Да!.. Эшитаман! Ким бу?!
У тарафдан овоз келди:
— Ассалому алайкум, Илҳомжон дўстим!
Гупирдин тутоқиб кетди:
— Қанақа Илҳомжон, Илҳомжон нима қилади бу ерда?! Кимга телефон қилаётганингизни биласизми ўзи?
— Кечирасиз, биродар! — деди у тарафдаги киши хижолатомуз. — Минг бор узр! Мен бошқа шаҳардан қўнғироққилаётган эдим. Илҳомжон дўстимиз менга мана шу рақамни берган эди. Бошқа “компанияга” ўтиб кетибди-да… Ҳм… демак, унинг телефони эмас, узр! Узр!
— Узир-пузирингни йиғиштир, оғайни! Эндиги сафар аввал билиб туриб, кейин тилпон қил бировга! Ҳў-ў “тупкани тагида” туриб олиб, бўлар-бўлмасга тилпон қилаверма! Одамни безовта қилиб! Э, ярамас!
Гупирдин “бопладимми” дегандай қилиб, рўпарада ўтирган улфатига бир кўзини қисиб қўйди:
— Кечирим сўраяпману, ахир, жон биродар, кечиринг! Мен сизни бу даражада ўта банд, “крутой одам” эканлигингизни билмабман. Узр!
Гупирдин у тарафдаги кишининг гапини бўлиб:
— Мени тушингандирсан-а?!… – деб сўкинди, кейин ўшқириб ҳам берди. — Э, ўргилдим сендақа телефонбоздан!
— Тушундим, сиз мени кечиролмадингиз, билиб турибман. Энди, минг афсус, ўзингиздан кўринг… Биринчидан, мен сиз айтган “тупканинг тагидан” эмас, пойтахти азим Тошкентдан қўнғироққиляпман, иккинчидан, бу ўта муҳим ишларни бажарувчи давлат идораси ва мен иш юзасидан подполковник Илҳомжон Мардоновга қўнғироққилаётган эдим. Учинчидан, эртагаёқ менинг номимдан ўша Андижондаги бизга қарашли идора йигитлари олдингизга ўтиб, “сизни кечирим сўраттириб” келишади. Мана, менинг телефонимда соткангиз рақами турибди. Агар мард бўлсангиз, яшаш жойингизни, исм-шарифингизни айтиб юборсангиз!
Мулоқотнинг бунақа тус олишини кутмаган Гупирдиннинг капалаги учиб кетди. Номаъқул иш қилиб қўйган боладай жовдираб қолди… Пешонаси ва сергўшт бўйинларидан оқаётган муздек терни артиш учун чап қўли билан чўнтагидаги рўмолчасини пайпаслаб зўрға топди. Юзи, пешоналарини артар экан, “сотка”сига қараб аранг:
— Исмим Гупир… Гупир… Гупирдин, — деёлди, холос.
Гупирдиннинг дами ўчиб қолганиданми, давраям совиди. Яхшиям Одил шайтон кириб қолдию, жонланиш бошланди. Аммо Гупирдин “музлаб” ўтираверди.
— Ҳа, таваригим, нимага музлабгина ўтирибсиз? Бунақа одатингиз йўқ эди-ку?! Рангингиз ҳам бир аҳволда. Бирор ёқмайдиган нарса еб қўйдингизми?
— Йў-ўқ! Қовун тушириб қўйдим, қовун, — дея олди, холос.
— Ширин қовунми ишқилиб? Нима гап бўлди ўзи, мундай тушинтириб гапир-чи?
— Танимасдан, кайфчиликда битта нозик одамни сўкиб юборибман.
— Кайфчиликда?.. Қачонги гап бу? — талмовсиради Одил.
— Э, ҳозир бўлди. Сен кириб келишингдан сал олдинроқ…
— Кайфчиликда деяпсан, соппа-соғсан-ку.
— Ҳа, кайфим учиб кетди, оғайни…
Одил ўйланиб қолган киши қиёфасида дастурхондан бир шингил узум олди-да, бош ирғаб деди:
— Ҳа, бошингга не бало келса, тилингдан келади. Тилни тийиш керак эди дўстим, тилни! Айниқса, танимаган, билмаган одамга!
— Тўғри айтасан, Одил. Ўзимдан ўтди. Энди нима бўларкин?
— Билмасам, ўйла. Каллани ишлат!
Гупирдин ҳар қанча калласини “ишлатиш”га уринмасин натижа чиқмади. Аксинча бошини қашлайверганидан сочлари ҳурпайиб кетди. Улфатлар ҳам “Биз нима ҳам қилиб бера оламиз”, дегандай мум тишлаб ўтиришибди. Айримлари уни-буни баҳона қилиб, туриб кетишди. Бир пайт қўл телефони яна жиринглаб қолса бўладими, юраги “шув” этиб кетди. Минг бир ҳадик билан олиб қаровди, уйдан хотини қўнғироққилаётган экан. Уйда у-бу нарса тугаб қолгани учун эртароққайтишини сўраётган хотинига кутилмаган мулойимлик билан жавоб қилди:
— Бўпти, хотинжон, бўпти, ҳаммасини “есть” қиламиз. Қолганини ҳали, уйга борганда гаплашамиз, ҳозир катталар билан ишимизга тааллуқли зарур нарсани ҳал қилаётган эдик, — дея гапни қисқа қилди, кейин: — Ошна, бирон ўринли маслаҳат бер. Жон ошна, мени ғалвадан қутқар, — дея Одилга ошкора ёлворишга тушиб кетди. Одил қошларини жиддий чимирганча у ёқдан бу ёққа юриб, унинг гапларини охиригача эшитди. Кейин салмоқлаб гап бошлади.
— Энди мундай, сенинг гапинг бўйича эртагаҳалиги идорадан неча киши келаркин? Уч кишими, беш кишими, буни билиш қийин. Лекин ҳар ҳолда, бирорта яхшироқ жойга, ҳеч бўлмаса ўн кишига дастурхон тузаб қўйишимиз керак! Меҳмонларни эса сенинг ўрнингга мен кутиб оламан. Ўзимни “сен” деб таништираман. Бошимни кундага қўйиб бўлса ҳам кечирим сўрайман. Қисқаси, муаммони иложи борича тинчлик билан ҳал қилишга ҳаракат қиламан-да… Эртага эрталабдан, то “операция” тугагунга қадар, сен менга мутлақо сим қоқмайсан, телефонинг менда туради, меники эса сенда.
Гупирдин Одилнинг тадбирини эшитиб, хурсанд бўлганидан кўзлари чақнаб кетди:
— Э, бормисан, Одил! Энг яқин дўстим эканлигингни билардим илгариям!..
— Э, тўхта, тўхта! Гупирма! Гапни охиригача эшит! Энди, бир йўла масаланинг иқтисодий томонларини ҳам ҳал қилиб олсак… Сенингча, дастурхонга қанча кетаркин?
— Э, неча пул кетса кетар, ғалва чиқмаса бўлди.
Одил ўзича бўладиган харажатларни ҳисоблай кетди… Кейин анчагина думалоқ рақамларни Гупирдинга кўрсатди. Гупирдиннинг ранги ўчиб, эътирозга оғиз очмоқчи эди, Одил қўлларини ёзиб, “Унда ўзинг биласан, ихтиёринг”, деди. Гупирдин дарҳол таслим бўлди.
Шартлашилгандек улфатлар икки кун кўришишмади ҳам, гаплашишмади ҳам. Гупирдин шу икки кеча-кундузни Боғишамолда, амакисининг дала ҳовлисида ўтказди. Битта чўпни у ёқдан бу ёққа олиб қўйишга ўрганмаган Гупирдин, ипакдеккина бўлиб дарахтлар остини ўтлардан тозалади, юмшатди, тартибга солди.
Учинчикуни эрта тонгда учрашишди. Одил Гупирдинга меҳмонларни қандай кутиб, қандай кузатиб қўйганлиги тўғрисида ҳисобот берди. Гап орасида, яхшиямки келган меҳмонларнинг ичида иккитаси таниш чиқиб қолгани, биттаси катта холаси томонидан яқин қариндош эканини ҳам қистириб ўтди. Масаланинг бунақанги осон ечимидан Гупирдиннинг оғзи қулоғида эди. Дўстига қандай қилиб миннатдорлик билдириб қўйишнинг йўлини тополмасди.
— Дўстим, биласанми, муаммонинг бунақа ижобий ҳал бўлиб кетгани хурсандчилигига келгуси дам олиш кунига битта зиёфат қилиб бермоқчиман, — деб қолди негадир Одил. — Театрда ишлайдиган оғайним бор, актёр, униям таклиф қиламиз, — деб қўшиб қўйди. Келишилгандек ўша кунги ўтиришга жўралар жам бўлишиб, не маҳалгача чақчақлашиб ўтирдилар.
Муҳим ишни қотириб бажариб қўйган актёр йигит саҳнада ўзи ижро этган роллардан парчалар кўрсатиб, қўшиқлар айтиб қизиқчиликлар қилиб улфатларни роса қувонтирди. Аммо даврадагилардан ҳеч ким Одил билан актёр йигитнинг ҳар замонда бир-бирларига маъноли қараб, кулиб қўйишаётганини сезмасди.
Гупирдинбой эса даврада бор-йўқлигини билдирмай, камсуқумгина бўлиб ўтирарди…