— Буюк кашфиёт!
— Мисли кўрилмаган буюк кашфиёт!
— Инсон заковатининг мўъжизаси!..
— ТАСС ахборотидан…
— «Рейтер» хабар қилади…
— «Франс-Пресс» маълумот беришича…
Тўхтанг, тўхтанг, Америка Колумб томонидан аллақачоноқ очилиб, космик кемаларимиз Зуҳро бағрини тилишга тайёрланаётган бир пайт яна қанақа буюк кашфиёт бўлди у?..
— Ракнинг давоси топилибдими? — дея энтикиб жойидан туриб кетади врач.
— Бе-э, терма командамиз жаҳон чемпиони бўлиш усулини ўйлаб топган! — деб луқма ташлайди футбол ишқибози, суюкли командасининг содиқ мухлиси.
— Йўқ! Прогулчиларга қарши.. кураш!..— деб худди мажлисдагидек бармоғи билан ҳавони чўрт, кесади касаба союз аъзоси…
Лекин биз қуйида ҳикоя қилмоқчи бўлган «кашфиёт»нинг ҳеч қанақа «Рейтер»у «Франс-Пресс»ларга алоқаси йўқ, бирор кимса энтикиб: «Буюк, мисли кўрилмаган!» ёки «Инсон заковатининг мўъжизаси!», дея наҳ урмаган ҳам у ҳақда, эгасидан бўлак ҳеч кимнинг хабари ҳам йўқ ундан — оддий, дунёдаги деярли барча инсонларга хос «ҳеч ким кашф этмаган «Америка»ни очишга уриниш»дек муқаррар ички эҳтиёждан келиб чиққан, холос, бу кашфиёт…
Жаҳонгир бугун одатдагидек барвақт чиқди ўқишдан. Лекин нимагадир одатдагига хилоф равишда йўлни шундоққина бекат биқинидаги кинохона томон бурмади: касса дарчаси қошида чумолидек уймаланганча ур-сур қилиб икки серияли янги ҳинд фильмига билет олишга уринаётган оломонга ҳасад билан бир қараб қўйди-да, хўрсиниб йўлида давом этди. Ҳатто пешонасига «мороженое» деб ёзиб қўйилган дўкон олдида ҳам тўхтамади у бугун — бошини бурганча худди кўрмагандек ўтиб кетди. «Ҳозир келиб харид қилади», деган одатий хаёлда оғзининг таноби қочганча ён томонидаги темир қутидан музқаймоқ чиқарган таниш магазинчи аёл ҳам донг қотди жойида. Мижозининг ноодатий қилиғидан ҳайрон, қўлидаги музқаймоқни қоғоз-поғози билан ланг очиқ оғзига тиқди.
Ахир қаёқдан билсин у, Жаҳонгир ўқишга кирсам бўлди — маза қилиб ўйнайвераман, деб ўйлаганини-ю, лекин умидлари пучга чиқиб, бугун, ўқишнинг биринчи куниданоқ аллақанақа семинар ёзиб келишни уйга вазифа қилиб беришганини. Уйдагилар ҳам билишмайди; йўқса ҳайрон бўлишмасди Жаҳонгирнинг кела солиб ҳар кунгидек магнитофонини варанглатмасдан, диванга чўзилганига; ҳайрон бўлиб эшик тирқишидан мўралашмасди. Ахир хаёл сураётган эди-да Жаҳонгир, Ньютон ёки Эйнштейн даражасида бўлмаса ҳам, ишқилиб, бош қотираётган эди. Бир пайт ёстиқдан бошини кўтардию эринибгина қўлини чўзиб телевизор тугмасини босди. «Ойнаи жаҳон» бир неча муддат визиллаб, худди ишлагиси келмаётгандек хўмрайиб турди-ю, охири «шиғғ» этиб ёришди…
Жазирама қумтепалар оша бир туя лўкиллаб кетяпти. Устида — унинг лўкиллашига монанд чайқалиб бораётган туякаш. Атрофда эса ҳеч зоғ йўқ. У ер-бу ерда яккам-дуккам сарғиш саксовул билан шувоқ кўзга ташланади. Туя ҳануз лўкиллаганча кетиб бормоқда… Ана, олдинда қудуқ кўринди. Тўхтаб дам олишармикан-а, бир оз? Ахир йўлга чиққанларига қанча бўлди-ю, бирор ерда тўхтаб дам олишгани йўқ. Ахир чарчоқ, ташналик, ҳордиқ деган нарсалар ҳам бор-ку ҳаётда?! Туяга қолса-ку… Аммо на илож, тўхташ-тўхтамаслик — биргина туякашнинг измида. У эса…
Ер — мисли копток. Шундай экан, бу чўлларнинг адоғи ҳам йўқ. Кетаверади туя лўкиллаганча; кетаверади, кетаверади, тўхтамайди…
Жаҳонгир миясига келган ажойиб фикрдан сакраб туриб кетди. «Эврика! Эврика!» деб қичқириб юборишига сал қолди, лекин ўзини босди — ҳаммомда, сув тўлдирилган тоғоранинг ичида эмас, ўзининг хонасида, пардек юмшоқ диван устида ётгани эсига тушди бирдан. Устига-устак, девор-дармиён қўшнилари ҳам ўша — уни кўрса: «Неварамни бераман-да, шу болага!», деб юрадиган Рузвон хола, унинг қичқириғини эшитиб, «Ие, жинни экану бу бола?!», деб неварасини беришдан айниб қолмасин тағин.
Бўлак ҳеч нарсани ўйламади у. Бир дақиқа ҳам ўтказмай кашфиётини амалда қўллашга киришди — тез юриб рўпарадаги китоб жавонига яқинлашди…
Нега бузоқнинг югургани сомонхонагача? Нима учун ароқхўр қўлига пул тегди дегунча берган ваъдасини унутади? Нима сабабдан ит суяк берилган заҳоти ҳуришдан тўхтайди? Бу саволларнинг жавоби битта: дунёдаги барча ҳодисанинг ниҳояси бор!.. Бузоқнинг югургани — сомонхонагача. Ичмайман деб тавалло қилган пиёнистанинг тавбаси — кейинги моянагача. Итнинг ҳуриши — суякка етишгунича. Студентнинг ялласи эса…
“Ёшлик” журнали, 1990 йил 5-сон