Тошқўрғон тошли қўрғон эди, Қодир Оллоҳ, сангтарош дунё тоғларни тарашлаб сумбат берган бўлса, Тошқўрғоннинг тоши одам қўли билан тарашланиб бино қилинганди. Аммо, у тошдан бино бўлган бўлса ҳам тўзим билмади, бир оти Бойқўрғон бўлса-да, фақирга ҳам насиб қилмади. Замоннинг зайли билан Тошқўрғон қулаб, сукунатнинг минг йиллик сўроғига жавоб бераётгандек тилсиз, забонсиз эди. Тошқўрғонда бир пайтлар қўш булоқ қайнаб турган. Элдан барака қочдими, бойнинг давлати бошдан учганидан дарак бўлдими ёки бу кўргилик, бу қисматга йиғлай-йиғлай унинг ҳам кўзида ёш қолмадими булоқлар қуриб қолди. Аммо кун келиб булоқнинг кўзи очилди…
Солиқул чўпон тоғдан қайтиб, ҳориб отдан тушганида, унинг ити Шерпанжа тоғдан қайтган қўйларни қўтонга ҳайдаб ирғишларди. Унинг ёлғондакам қўйларнинг биқинига тиш ботириши, тўхтаб-тўхтаб ҳар замон эгаси Солиқул чўпонга қараб ҳуриб қўйишлари ҳам одатий ҳол эди. От якка михга боғланиб, унинг эгари араванинг узун дастига минганида, Қоратовнинг тоғ қишлоғи Кўчгандарага анчайин тун қоронғиси чўкиб қолганди.
– Саломат! Отам бозордан қайтдими? – деди Солиқул чўпон қўлини офтобадан сув қуйиб юваркан.
Аввалига жавоб бўлмади, сўнгра чақалоқ йиғиси билан бирга уй ичидан Саломатнинг:
– Уйғотмай қўймадингиз шуни, қайтди! Тавба, ҳафтада бир қайтсангиз ҳам довул қоқиб қайтасиз, – деган нолиши эшитилди.
– Эй, қайтганимга хурсанд бўлмайсанми, бўри-пўри нимталаб ичагимни тошга ёйиб кетса нима қилардинг? Чўпон эмас, чўпоннинг хотинисан-да, дарама-дара от устида лўккиллаб, зах ерга биқинингни бериб ётиш нима эканини ўшанда билардинг. Чўпоннинг таёғини Хизр, пайғамбар тутган билан кўз-қулоқ бўлиб турмасанг, юввош қўй ҳам одамни кўп сарсон қилади, – деди Солиқул чўпон остона ҳатлаб бешикка разм солиб.
Саломат эса эри ҳар доим тоғдан қайтганда қиладиган ноз-гинаси ортиб, эрининг рўпарасига келиб, эшикка имо қилиб:
– Қочиб туринг, – деди.
– Нега қочарканман? – деди Солиқул чўпон хотини Саломатнинг белидан маҳкам қучоқлаб.
Аммо ташқаридан эшитилган узуқ-юлуқ йўтал билан томоқ қиришдан улар чақмоқ ургандек шошиб қолди.
– Отам! – деди Саломат эрини ўзидан итариб, остона ҳатлаб, ҳовлидаги қоронғилик қўйнига шўнғиркан.
– Э, ота! Б-бозордан қайтибсиз-да, – Солиқул отаси Норқул билан қўшқўллаб кўришгач, бешикдаги боласи томон талпинди:
– Ҳа-ҳа, ана боваси келди, пешинда ухлатганми дейман буни, эса бунча жағи тинмайди? – деди бешикдаги ўғлининг қўлбоғини бўшата туриб.
– Уламас, улиган бўри бунинг, туни билан йиғлаб, куни билан ухлайди. Уйқуси адашган чоғи, – деди Норқул ота қўллари билан аввал деворга суяниб, кейин тиззалаган кўйи, ўтиришга чоғланаркан.
– Аканг бордими? – деди сўнг Норқул ота нимадир ёдига тушгандек.
Худди шу гапни кутиб тургандек Солиқул ҳам:
– Борди. Чечамни бекор жўнатибсизлар, ҳали тоғнинг қори эриганмас. Ўзи белини бод олган деб Зуҳра момом чечамни тандирга солиб, ўчоқни беллатиб юрган бўлса, – деди.
Норқул ота юриб келиб эмас, ўтириб чарчаб ҳансираб-ҳансираб нафас оларкан:
– Қўявер, нима дейсан энди. Шулар ҳам тирноқ кўриб – туёқ кўриб тинчимади. Онанг раҳматли ўзи кетиб, бу савдоларни менга ташлаб кетди. Оти келин, оти аёл бўлса, мен бир нарса деёлмасам. Келин, “Эчки соғаман”, деди, “Бор”, дедим. Аканг Алиқул ҳам шу кунларда Тўбалисойдаги сўгал тошданам оғир бўп қолган. Бир нарса десанг “тўқ” этади.
– Менам подани ёлғиз боқаяпман-ку?! Ана Турдининг оёғи юмронқозиқ инига кириб қолиб, сингандан бери, қўйларни ўзим боқаман, – деди Солиқулнинг ғайирлиги тутиб.
Норқул ота лаҳзалик сукунатдан жавоб топгандек:
– Ҳамманики ичида, сенинг манов боланг борлиги учун кўнглинг тўқ, – деди. – Бир кун қабатимга киради деб умид қилиб яшаганинг учун ҳам буни сезмайсан. Одамнинг эгизи ичидаги умид бўлади. Умиди йўқ одам…
Акаси Алиқулнинг бефарзандлиги, ёлғизлигига куюниб отаси бу гапларни айтгунча неча бор чўкиб, қаддини букиб турганини сезиб Солиқул:
– Айтганча, Тошқўрғонда бугун пешинда қўйларни ўтлатгандим, Қўшбулоқдан сув чиқибди! Шу баҳор булоқларнинг кўзи очилади чоғи, – деди гапни бошқа ёққа буриб.
– А?!
– Ҳа, ўзим кўрдим. Қор энган гардишидан буғ таралиб турган экан. Бориб кўрсам, милдираб-жилдираб…
– Худога шукр! – деди Норқул ота кўзларини юмиб.
– Ота, бу йил тоққа қор кўп ёғди, шу булоқ қайнамасаям…
– Э, болам, сен билмайсан. Бобонг айтган бу гапни менга: Агар Қўшбулоқ қайтадан қайнаса, эл озод бўлармиш. Буни бобонгга бир девона башорат қилиб айтган экан.
Солиқул гап ўзанини бошқа томонга бурганидан бироз кўнгли кўтарилиб:
– Девона-я? – деди.
– Девона, девона эмас, тентак текка тентак бўлмайди, улим. Девонанинг оти девона. Унинг юриб билгани, кўриб билганини биз билмаймиз. Эса Тошқўрғонга, элга барака қайтибди. Акангни ўзи шу кунларда уй тикиб, бўлак қилсам, деб юрувдим. Аканг кўчиб бориб ўша ернинг хосияти билан ул кўрса, отини Эркин қўямиз, – деди Норқул ота ўртадаги сим дастакка осилган чироқнинг пилигини кўтариб. Пилик билан Норқул отанинг кўнгли кўтарилди. Аммо, кўтарилган пилик барибир тутади…
– Шу гапингизга ҳайрон қоламан, доим шундай дейсиз, озод бўлмай нимамиз? Тоғ кенгиш бўлса, – деди Солиқул хотини Саломатнинг бояги “иш”дан кейин қизаринибгина, кўзини ерга тиккан кўйи, дастурхонга сузиб келган косадаги овқатни отасининг олдига суриб.
– Ай! Оёғинг тушовда эканини билмайсан-да, болам. Боққанинг колхознинг қўйи, ўйнаганинг бировнинг тўйи бўлса. Бир қўй тоқ туғса ҳам, хатда эгиз ёзади булар. Бари сонда йўқ саноқнинг ортидан қувган билан ошно бўлсанг. Шу рўшнолик кўрганинг бўладими? – деди Норқул ота косадаги овқатни ёғоч қошиқ билан, кўнглидаги чўғни оташкурак билан ковлаб.
– Бундай гапларни қайдан биласиз-а, ота? – деди Солиқул бошини қашлаб.
Орадан бир ҳафта ўтиб Алиқул билан хотини Зулхумор тоғдан қайтишганида Норқул ота дилидаги гапни айтди:
– Алиқул, улим, келин сенам эшит, Тошқўрғонга кўчасизлар. Қўшбулоқдан сув чиқибди. Эгам берганига эгалик қилиш ҳам давлат. Зора шу билан ниятларингга етиб… Энанг шу кунларда тушимга кириб юрипти.
Тошқўрғон давлатлининг ўрни. Бугун Турдининг уйига бориб шу гапни айтгандим уям, “Майли қўйларни ўзим боқиб тураман, менинг оёғим синган бўлса, отники бут-ку, ҳозир анча оёғим дуруст”, деди. Оёғидан тахтакачни олишганигаям, беш кун бўлибди.
Тошқўрғоннинг қулаган тошларини қайта териб, Тошқўрғонга тиргак қилиб, бир кулба сол. Уканг Солиқул ёнингда бўлади. Энанг сенга кўчиб чиқса бераман деб атаган омонати, ўзимнинг атаганим ҳам бор, ўйланма, бари сеники. Сен Тошқўрғонда томир отиб, ниятингга етиб кетсанг, менинг ҳам кўзим орқада кетмасди.
Алиқул ҳам анчадан бери кўнглидагини айтолмай юрган эканми, ё келини Саломатнинг бир-икки хотини Зулхумордан болани, бешикни қизғанганини кўриб кўнгли эзилиб юргани учунми, бунга рози бўлди. У яна ўша Тўбалисойдаги сўгалтошдек вазминлик билан ҳаммасига бош ирғаб, розилигини билдирди. Хотини Зулхумор эса ўгирилиб, кўзидаги ёшини яшириб, супрада ун эларкан, кўнгли эланди, кўкайи эланди, эланиб-эланиб ичида, “Ё Раббим, Яратган Эгам!” дея ёлворди. Супрага томган кўзёши супрада қотди.
Кўчарини ўйладими, болалиги кечган, онаси бир пайтлар эркалаб-суйган уйдан кечарини ўйладими, Алиқулнинг шу кеча уйқуси қочди, ўзини мудраганга солиб ётаверди.
– Тур, Алиқул жойингга бориб ёт, – деди Норқул ота, шу гапни айтиб турса-да, ўғлининг устига чопонини ташлади.
Алиқул чопонни устига тортиб:
– Ота, шу бугун ухламанг! – деди худди ёш боладек қайсарлик билан.
– Бу нима деганинг, кечаям ухлаган эмасман, – деди Норқул ота кинояли кулги аралаш ўғлига дардини айтган бўлиб. – Қариганда уйқу қочади деса ишонмасдим. Бу кўз юмилмайди, юмилса ачишади, Оллоҳнинг зикри билан тонг оттираман, улим.
– Тошқўрғонда бой ўтган, қизиллар билан курашиб кетган, дейсиз. Кўп сўрама, бу сўровли замон, билганинг бошингга етмасин, дейсиз. Нимани сир тутасиз ўзи, оти ким бўлган у бойнинг? Нега ҳар доим тайинли бир жавоб ололмаймиз сиздан. Энди у ерга кўчиб борсам, сиздан кейин менам невараларимга айтиб берадиган нимадир қолиши керак-ку, – деди Алиқул аввал отасининг шаштини, кейин кўрпани кўтариб сандалда қолган чўғни чамалаб.
Норқул отанинг ўғли Алиқулда умид уйғонаётгани, унинг “невараларимга” деб атаб сўраётганидан бироз кўнгли кўтарилди.
– Шундай дегин? Эса шу бугун сенга ҳаммасини айтаман. Шерпанжа боя ғингшиб назаримда хавотирли кўринди, қиблага – Калавашчўққига қараб ҳуриб-ҳуриб қўяяпти, сен бир қўзилаган қўйлардан хабар ол. Тишинг сингурлар қўйнинг қорнидаги боласини ёриб егани етмагандай, яна қўзисиданам умидвор, – деди.
Алиқул қўтондан хабар олишга кетганида Норқул ота яна ўйга толди: “Бу анча эси кириб қолди. Кўргилик эсини киритдими, ё онасини соғиниб иссиқ сандалнинг бошидан кетгиси келмадими, не бўлса шунга айтайин”, деди.
Алиқул ташқаридан ўчоққа ташлаб қўйилган бодом чўғидан бир ҳовуч олиб кирганида, унинг кўзларида ҳам чўғдек ловуллаган бир илинж бор эди.
Янги олиб келинган чўғнинг ҳили кўрпадан буғланганида Норқул отанинг чуқур ботган қирғий кўзларида минг йиллик дард липпилаб турарди.
– Алиқул, сен каттамсан, ҳарна давлатимнинг эгаси, тобутимнинг чегасисан. Бу кунлар ҳам ўтар, ўтмайдиган кун бораканми?.. Кўчгандаранинг кўпи кўчиб келган билан бир элнинг одами. Худо бировнинг ризқини бошоқдан берса, бировникини туёқдан бераркан. Нима бўлса ҳам бошоқли бўл, бошли бўл, туёқли бўл, тошли бўл экан. Элда матал кўп, қайси чин эканини зўри бор билан ори бор айиради.
Қоратовнинг қораси қоралигида эмас, не-не қора кунлари шундан башоратми, билмадим… Аммо, одамнинг оласи ичида бўларкан.
…У кунлар қизиллар қизамиқдек тошган, ҳаддидан ошган бир кун эди. Сотган ҳам, отган ҳам ўзимиздан чиқиб, Тошқўрғоннинг тик қўрғони қулади. Тошқўрғон асли эл кечирганини бошдан кечирди. Мен кичкина эдим, аммо биламан. Милтиқ тутган отлиқлардан қочиб, Жўш тарафга бир қариндошимизникига яшириниб, энам билан икки аммам, Саид акам, тоғ ошиб пою пиёда борганмиз.
Бойнинг оти Бектурди бўлган. Элнинг беги, элни қўриган қўрбошиси бўлган у одам. Отам шундай дерди… Қўй-қўзисининг, давлатининг ҳисобини билмаса-да, элнинг ҳисобин билган одам бўлган экан. Тоғни, элни қўриб турган одамни тошлоққа тиззалатганлар ҳам ўзимиздан чиққан сотқинлар бўлган.
Сулаймон суллук деган одам бўларди, болалигимда “Тоғда толоймонни кўрдим, сувда сулаймонни кўрдим…” деган топишмоқни эшитганимда, Сулаймон шу одам бўлса керак деб ўйлардим. Аммо Сулаймон сувдаги балиқ экан, қилган яхшилигингни сувга ташла, балиқ билар, балиқ билмаса Холиқ билар дейишади. Холиқ Худонинг тўқсон тўққиздан бир оти. У Сулаймон эса, Худодан қайтган бир одам экан. Элдан чиқиб, қизил байроқ тутиб, қон ичганларга қўшилган шу одамни эл ҳали-ҳамон лаънатлайди. Қарғиш тегиб “оқариб қолган” дейишарди, буям етмагандай, тавбаси ёқасидан тутиб, уруғи қуриб кетган.
Ҳо-ов, Азлартўбадан қуйироқда, ҳозир жийдалар ўсиб ётган жой – ўша одамнинг уйининг ўрни бўлган дейишади. Ҳозир ит ҳам қадам босмайди.
Ўз ўғли милтиқда отиб ўлдириб, ўзи кўмган дейишади. Аёли буни кўтаролмай эсдан оғиб қолган экан. Кимга дуч келса кўринган тошни кўрсатиб, “Шу тошнинг тагига эримни кўмиб қўйган, кавлаб беринг”, деркан. Бечора, ҳар тошнинг тагидан эрини излаб, бўзлаб ўтиб кетган. Бежаноза кўмилган деб шундайларни айтишади. Бировлар, “Ўғлини ҳам ўшалар йўлдан уриб, “қизил сир”ларни билгани учун Сулаймон суллукни ўз ўғлига оттирган”, дейишади. Билмадим, бу ёғи бир Худога аён. Ўғлиям дом-дараксиз йўқ бўлиб кетган.
Ўшанда мен сенга айтган Сулаймон, қизил аскарларга йўлбошловчилик қилган экан. Бир кунда… Бир кунда-я?.. Бойни қўлга туширолмаган босқинчилар бир кунда унинг икки аёли ва олти боласини бўғизлаб кетишган.
Тоғ ичида тўс-тўполон, қирғинбарот бошланиб одамлар қизилларнинг ўқига учиб ўлганларни тобутда эмас, яширинча жаноза ўқишиб, кўрпада олиб бориб қабристонга кўмишган экан. Кўрпа-кўрпа ўлик кўмилган дейишади ўшанда. Шаҳидлик шундай бўлган, улим, шаҳидлар устидаги кийими, кафани – кўрпаси билан кетган. Улар беайб хизматкорларни, бойнинг хизматидаги чўпонларни ҳам сўровга олиб кетишган. Аммо, сўровга кетганлар ном-нишонсиз кетган.
Бу – бойни иккинчи марта қизил аскарлар ахтариб келганда содир бўлган. Биринчи мартасида улар Бектурдибойдан олтинларини қаерга яшириб қўйганини сўрашган. Бой ўша пайтлари Жизмон тарафга чопар жўнатган экан. Тўғрироғи, Жизмонсойдаям бир қўрбоши бўлиб, беклар эрк деб, ор-номус деб талашган кунда, уларни талашган. Худо берган давлатни таласа камаймас, аммо улар итдек талаб, яна кўп нарсани улардан талаб қилишган. Ким ҳам истаб ўз қўлига кишан кийиб, оёғига тушов соларди. Жизмондан мадад кучи етиб келмасидан қилишган бу ишни.
Бекнинг навкарлари ҳам бек учун, ҳам эрк учун ҳам курашишган. Чўпонлар бекнинг навкарлари билан бойни биринчи марта қутқариб қолишади, аммо, иккинчи марта бунинг иложи бўлмайди.
Улар яна қайтиб келишганда Бектурдибойнинг Ёнаркўз деган оти бўлган экан. Қизил аскарлар дарада кўринганда бой Ёнаркўзга “чуҳ!” деб бир қамчи босибди. Бойнинг қамчиси зарбидан ўқдай учган Ёнаркўз бойнинг энг сўнги умиди бўлган. Сабаби, Бектурдибой қурол сотиб олиб, беклар билан бирлашиб, босқинчиларга қарши курашишни режалаштирган бўлади. Шунинг учун ҳам бой бир ҳовуч олтин тангаларни, танга катталигидаги кичкина-кичкина қора халтачаларга тугиб, отнинг думига териб, тикиб чиққан экан. Отнинг қора ёлига олтинларни яшириши кимнинг хаёлига кепти дейсан…
Шундан сўнг Ёнаркўз Питов томонга қараб кетган дейишади. Сабаби, кўпкари улоқларда от эгаси Шерматнинг номи эмас, Ёнаркўзнинг номи чиқа бошлайди. Синчилар ҳам синлаб отнинг қаердан бу чавандознинг қўлига келиб қолганини билишолмаган, ё билса ҳам туби бойга тақалишини билиб айтолмаган.
Айтишларича, Ёнаркўзни туққан биянинг парқида қирқ газ қаноти бўлган экан. Бой бу товдан у товга ўтар бўлса ҳар замон, ҳар замон унинг туёғи “тўқ” этиб тошга тегаркан. Менга қара, уйқунг кемадими ишқилиб? – деди Норқул ота ўғли Алиқулнинг эшита туриб кўзларини юмиб-юмиб олаётганини кўриб.
Аслида эса Алиқулни юрагидаги оғриқлар отаси айтаётган воқеани кўз юмиб эшитишга мажбурларди.
– Қаерга кеп қолдим? – деди Норқул ота ўғлига хаёли бўлиниб.
– Ёнаркўзни туққан бия ҳақида айтаётгандингиз… – деди Алиқул эртак тинглаётган боладек отасига маҳтал бўлиб.
– Э, ҳа-а, шундай қилиб… зотдан зот қолади-да барибир… Бойга келсак, шунча кўргилиги етмагандай уни қамоққа олиб кетишади. Бой жуда имон-эътиқодли одам бўлган. Қалб билан Худога етишиш осонмас, бойнинг дуо ўқиб қулфларни очадиган каромати бор экан. Ҳибсдалигида ҳам соқчилар бундан ажабланиб, “Боя бой ота ташқарида таҳорат олиб юргандай бўлувди, қандай қилиб яна ўзи панжарага кириб олди?” деб ҳайрон бўлишаркан.
Кароматлари сабабми, ё бекларнинг бирлашаётганидан хабар топган қизилларнинг қўрқуви сабабми, ё қамоқдан қочишига кимдир ёрдам берганми, беш йил ўтиб бой ўзимизга – Тошқўрғонга қайтиб келган дейишади. Шунда бой отининг дарагидан эшитиб, уни кўрган чавандозларнинг таърифидан танийди. Фақат у пайтлар Шермат чавандоз эмас, эл-элат бу учқур тулпорга Қораёл деб ном қўйишади, Ёнаркўзнинг оти алмашиб кетган бўлади. Сўраб-сўраб бой Ёнаркўзни питовлик Шермат чавандоздан топган дейишади.
– Ота, – деди кутилмаганда Алиқул тун яримлаб сандал совий бошласа-да, ичи қизиб ҳайратини жиловлаёлмай. – Ёнаркўз ҳам эмас, Қораёл ҳам эмас, шу отни Олтин тулпор деса бўларкан!
Сўзамол, айтимчи эл эмасми, Норқул ота бу сафар ўғли Алиқул айтганидек ҳикоясидаги отнинг номини Олтин тулпор деб давом эттира кетди:
– Шу Олтин тулпор сабаб Бектурдибой қайта куч тўплаган. Шермат отга қандай эгалик қилганини тан олиб, бойнинг омонатини ўзига топширади. Отни ҳам Бектурдибойнинг ўзига беради. Шу-шу Шерматнинг Қораёли, айтганча, Олтин тулпорни йўқотиб қўйгани элда кўп шов-шув бўлади. Чопсон отда улоқ чопгани учун эмас, элда номус, ор учун талашгани сабаб иззат топади билсанг. У вақтда чопағон – чопсонлар бир сўзли бўлган, эрлиги эркида бўлган. Шундагина кўчгандараликлар бу от Бектурдибойнинг оти эканлигини билиб қолишади. Билган билан элнинг сири эл ичида, енгдаги енг ичида қолади.
Шундан сўнг Бектурдибой беклар билан бирлашиб, озодлик йўлида курашади. Минг афсуски, унинг кейинги тақдиридан ҳеч ким хабардор эмас. Интиқом олинмас кун бораканми, тунов куни бозордан қайтаётганда бир гап эшитдим улим, бўй-сун-маётганмиш…
– Ким? – деди Алиқул негадир отасининг овози пастлаб, томоғи шамоллагандек хишиллаб гапираётганидан ажабланиб.
– Ким бўларди, эл-да. Биз тенги босиб олинган элатларда тўполон бошланибди. Биздаям бир шамоли бор, эл сукут сақлаган билан “кел-кели” келиб қолган кўринади. Қўшбулоқнинг қайта қайнаб чиққани ҳам бир башорат. Бойнинг отини ҳам атаёлмай яшадик. Тошқўрғон қулади, Қўшбулоқ қуриди. Эгали жой беэга бўлмасин дедим, энди яшаш сенинг галинг, ўйлаб кўр, улим, – деди Норқул ота чуқур хўрсиниб.
Алиқул эса ҳали-ҳамон Олтин тулпорнинг хаёлида эди…
Тун Қораёлнинг ёлидек қора ранглари жилваланиб оқара бошлаганда Ёнаркўзнинг кўзидек тонг юлдузи осмонда чарақлаб турар, отаётган тонгдан эса Олтин тулпорнинг ер депсиниб кишнаши эшитиларди…
«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 9-сон