Бу воқеани менга бир шифокор гапириб берганди…
— Реанимация бўлимида ишлайман. Навбатчилигимда бир йигитни олиб келишди. Одатда йигитларнинг ҳусни мақталмайди, лекин тан олиб айтишим керак, бу алпқомат, жингалак сочлари қуюқ, қош-кўзи қоп-қора йигит йўлида учраган ҳар қандай қизнинг ақлини олиши тайин. Уч-тўрт жойидан пичоқланган йигит ҳушсиз ётарди.
Беморни олиб келганлар билан гаплашишга ҳам улгурмасимиздан кетиб қолишди. Тезда биринчи ёрдам беришга шошилдик. Пичоқ йигитнинг ўпкасига, ошқозонига ва икки марта юраги атрофига текканди.
Йигит зўрға нафас олар, қон босими бутунлай тушиб кетганди. Сал қимирлатсак кўкрагидаги ярадан қон фавворадек отилиб кетаверди. Ҳар сония олтинга тенг. Тезда қонга беланган кўйлагини йиртиб, йўл-йўлакай наркоз бердик ва каталкани шошилинч операция хонасига етакладик. Умид кам бўлса-да, ҳаракат қилишимиз керак эди. Биринчи ўринда кўкрак қафасини тўлдирган қонни олиб ташлаб, ишга киришдик. Жарроҳлик бўлимидаги навбатчиларни ҳам ёрдамга чақирдик…
Операция нақ беш соат давом этди. Юрагидан ташқари ўпка ва ошқозони ҳам яраланганди. Жароҳатларнинг ҳар бири ўлимга олиб келиши мумкин эди. Агар икки бригада бўлиб ҳаракат қилмаганимизда, билмадим нима бўларди. Чунки бунақа оғир операциялар камдан-кам ҳолда муваффақиятли чиқади.
Беш соат деганда операцияни тугатиб, бир-биримизни табриклаб, ҳолдан тойиб ташқарига чиқсак, йўлакда милиция ходимлари кутиб туришибди. Ўзини Холмуродов деб таништирган майор, беморни кириб кўрмоқчилигини айтди. Аслида йигитнинг ёнига ҳеч кимни киритиш мумкин эмас эди, лекин илож қанча, расмиятчилик.
Жиноят қидирув бўлимидагиларга ўз вазифаларини бажаришга қўйиб бериб, хонамга кирдим. Кўп ўтмай санитаркамиз Ҳабиба хола ҳовлиқиб келиб қолди:
— Вой, Султонжон, ану йигит-чи, ўша қотил эмиш…
— Қайси йигит?.. — тушунмадим.
— Ҳозиргина операция қилганингиз-чи… Астағфуруллоҳ, Юсуф пайғамбардек барно йигит-а?! Одамнинг ишонгиси келмайди…
Менинг ҳам ишонгим келмай бемор ётган палатага шошилдим.
— Ишончингиз комилми? — сўрадим ходимлари билан алланималарни муҳокама қилаётган майордан.
— Аниқ, — деди у. — Бир-иккита хонадонга ўғирликка тушиб, қочиб юрганди. Икки ойдан бери қидирамиз, бугун ўзига ўхшаганлар билан жанжаллашиб, касалхонага тушганини айтишди… Бизнинг рухсатимизсиз, ёнига ҳеч кимни киритмайсиз, ҳеч ким билан гаплаштирмайсиз ҳам. Ўзига келгунча йигитларимиз қўриқлаб туришади, — деди майор.
Ҳаётим давомида турфа хил одамларга дуч келганман. Одамларни анча-мунча фарқлай оладиган ёшдаман. Лекин бу йигит ҳеч жиноятчига ўхшамасди! Ўзимча уни бировга ўхшатишган, ҳозир «узр, биз адашибмиз» дейишади деб ўйлайман. Лекин, жиноят қидирув бўлими ходимлари ишга жиддий киришишди. Менинг навбатчилигимда бўлгани учун мен ҳам анча-мунча саволларга жавоб бердим.
Ҳушсиз ётган йигитга қараб раҳмим қелди. Не азобларда ҳаётини асраб қолгандик, энди умрини қамоқда ўтказаркан-да…
Оғир операцияни бошидан ўтказган йигит бир ярим суткадан кейин кўзини очди.
— Аҳволингиз қалай, оғайни? — сўрадим унга ачинаётганимни сездирмасликка ҳаракат қилиб.
Жавоб ўрнига жилмайиб қўйди. Кейин ҳансираб, тўхтаб-тўхтаб зўрға гапира бошлади:
— Ҳамширалар айтишди… ҳаётимни сақлаб қолиш учун роса ҳаракат қилибсиз. Раҳмат…
— Вазифамиз, — камтарлик қилдим. У яна нималардир демоқчи эди қуймадим:
— Чарчаб қоласиз. Тузалиб кетсангиз, кейин бемалол гаплашамиз, — дедим ва кетишга ҳозирландим.
— Шошманг, — деди йигит шивирлаб. — Илтимос, менга қўл телефонингизни бериб туринг, биров билан гаплашишим керак…
Иккиланиб қолдим. Чунки у билан ҳеч кимни гаплаштирмаслик топширилганди. Бу гапни унга айтгим келмади.
— Сизга ҳозир гаплашиш мумкинмас, кейинроқ… — дедим-у, шошиб чиқиб кетдим. Лекин кўнглим хижил бўлди. Фақат менми десам, бўлимдагиларнинг ҳаммаси унга меҳрибончилик қилишаётган экан. Ҳабиба холани гапирмаса ҳам бўлади, ҳар гал палатага кириб чиққанида йиғлаб олади.
— Ҳеч бўлмаса, нолиса-чи, оғрияпти деса-чи… — деб қўяди ўзига ўзи. Тушга яқин ҳамшира мени шошилинч беморнинг ёнига чақирди. Йигитнинг иссиғи баланд эди. Шунча операциядан кейин бу албатта, табиий ҳол. «Подключичник»ни текшираётгандим йигит қўлимдан маҳкам ушлади. Ҳаракати ҳолсиз бўлса-да, қатъиятли эди. Қарасам, кўзларимга илтижоли боқиб турибди.
— Дўхтир, сизга гапим бор, илтимос… — деди у. Ўзи ҳолсиз йигитни яна қийнагим келмади. Ёнига ўтирдим.
— У оғир касал, саратонга йўлиққан… Бир-икки кунлик умри қолган…
— Кимни айтяпсиз? — тушунмадим.
— Баҳорани… — йигит қуриб қолган лабларини ялаб олгач, давом этди. — У менинг қўнғироғимни кутиб ўтирибди… Сизни ҳам тушунаман, мумкинмас, лекин ўтинаман…
Негадир унинг рост гапираётганига ишонгим келди. Балки умрининг охирги дақиқаларини яшаётган қизга раҳмим келгандир… Нима бўлса, бўлар, деб телефонимни чиқариб «айтинг» дедим. Йигитнинг кўзлари худди дор остидан ҳаётга қайтарилган одамникидек чақнаб кетди. У рақамларни айтиб турди, мен тердим. «Алло» деган маъсум, ширали, шу билан бирга дардли овоз эшитилди гўшакдан. Қизнинг овози шунча чиройли бўлса, ўзи қанақа экан ўйладим ва гўшакни йигитга тутқаздим.
— Алло, жоним… — деди йигит ютоқиб. Унинг худди соппа-соғ одамдек дадил гапиришидан ҳайратда қолдим. Одобдан бўлмасада, ўрнимдан жилмадим. Телефонни унга ташлаб чиқиб кетишим мумкин эмас эди. Йигит ҳам мени тушунгандек телефонни «овозни баландлатиш» тугмачасини босиб қўйди.
— Нега қўнғироқ қилмадингиз?.. — сўради хаста товуш эркаланиб. — Ёки мени севмай қўйдингизми?!
— Сени севмай қуйган куним, ўлган куним, жоним…
— Бўлмаса, яна ўшаларга ўралашиб қолгансиз… Улар билан энди ишламайман, деб ваъда бергандингиз, эсингиздами?
— Эсимда…
— Сиз яхши одам бўлишингиз керак. Иккаламиз учун ҳам… Сизни яхши одамлар қаторида, ўзингизга ўхшаган чиройли, ақлли қизга уйланишингизни кўриш насиб этармикан менга…
— Мен фақат сенга уйланаман…
— Йўқ, яна ўша гапларни бошлаяпсизми? Сиз менга ўхшаган қизга эмас, ақлли, одобли қизга уйланишингиз керак… Келишгандик-ку, гапингизда туринг энди… — аразлади қиз
— Хўп… — деди йигит итоаткорлик билан.
— Ўшанда… яъни, яхши қизни топганингизда, мен билан учрашиш йўлларини қидирмайсиз… Агар мен соғиниб қўнғироқ қилсам ҳам, хатлар ёзсам ҳам жавоб бермайсиз! Чунки мен ўзимни биламан, соғинсам, чидолмай телефон қилишим мумкин. Лекин сиз иродалисиз… Майли, телефон гўшагини бир мартагина кўтара қолинг, лекин жавоб берманг… Хўпми… Шунда мен сизни бағритош дейман ва бирга ўтказган ширин дамларимизни эслаб, йиғлаб-йиғлаб ухлаб қоламан…
— Хўп, жоним, сен нима десанг шу… Сен учун бағритош бўлишга ҳам тайёрман… Фақат қўнғироқларингга жавоб қайтармасликка кучни қаердан оламан?! Оёғим сен томон судраса, қандай қайтараман…
— … севаман деган сўзингизни яна эшитгим келяпти, сўнгги бора, десам ҳам жавоб берманг… Чунки муҳаббатимизнинг ўша куйи, ўша оҳанги йўқолади. Ширин хотираларим ўзгаришини хоҳламайман… Сизни бахтли кўришни истайман… Энди чарчадим, бироз дам олай, кейин яна қўнғироқ қиласиз, хўпми?!. Яна эсингиздан чиқмасин…
— Эсимдан чиқмайди…
Мен худди михлангандек жойимда қотиб турардим. Нима бу?! Бу йигит ким ўзи, кимни севади? Ташқаридагилар уни ашаддий жиноятчи деб, пойлаб туришибди. Лекин унинг севгилисига меҳрибонлиги бунинг аксини айтиб турибди… Бошим қотиб қолди.
Шу пайтгача одамларни яхши биламан деб ўйлардим…
Кўз ёшлари икки чаккасига дув-дув оқаётган йигит телефонни менга узатди.
— Раҳмат, — деди синиқ овозда. Унинг бояги қувватидан асар ҳам қолмаганди.
— У сени қаттиқ севаркан, оғайни, — дедим жилмайишга ҳаракат қилиб.
— Биламан, — деди хўрсиниб.
Унга саволларим кўп эди, лекин жиноят оламида нима қилиб юрибсан деб сўрмадим, буни сўрайдиганлар менсиз ҳам кўп, остонада пойлаб туришибди.
— Нега ёш жонингга жабр қилдинг? Севганингга уйланиб, тинчгина яшаб юрсанг бўлмасмиди? Сендек юраги тоза йигит…
Йигит гапимдан кулиб юборди. Кейин оғриқдан иҳраб:
— Юрагим тозалигига гувоҳлик берасиз-а?! — деди. — Ахир юрагимни очиб кўрдингиз-ку, тозалигини фақат сиз биласиз…
Унинг зукко ҳазилидан мен ҳам кулиб юбордим.
— Сиздан яна бир илтимос… Бугун мени қамоқхона госпиталига олиб ўтишади. У билан қайтиб гаплаша олмайман. Мени олиб кетишгандан кейин телефонингиздан мана шу рақамга — «Сени севаман, барча айтганларингни бажаришга сўз бераман», деган хабарни жўнатиб юборинг… Бу дунёдан мени яхши томонга ўзгаришимга ишончи комил бўлиб кетсин… Ўзи очиқкўнгил қиз, фақат иккаламиз ҳам тақдирнинг чигал йўлларида адашиб қолганларданмиз…
— Ким бўлишингдан қатъий назар, сен менинг беморимсан… — йигитга айтганларини бажаришга сўз бердим.
Мен шифокорман, ҳар қандай шароитда ҳам, бемор ким бўлишидан қатъий назар — жиноятчими, донишмандми, ёрдам беришга қасам ичганман.
— Лекин менинг ҳам шартим бор, оғайни, — дедим бир оз ўйланиб тургач. — У ёқдан қутилиб чиққанингдан кейин тўғри ҳаётга қайтаман деб менга ҳам ваъда берасан! Ҳаётингни асраб қолганман ахир, бунақа ваъда талаб қилишга ҳаққим бор…
У кўзида ёш билан жилмайди:
— Жуда қийин шарт қўйдингиз, бу менга оғирлик қилади… Лекин наилож, икки кишига сўз берганимдан кейин бажармасам бўлмас…
Шу куни йигитни олиб кетишди, мен ҳам ваъдамни бажардим. Лекин ҳануз юрагимда нимадир, бир кун келиб йигит мени қидириб топишига ва «ваъдамни бажардим!» дейишига ишонишга ундайди…