Шартнома бўйича Германияга энагаликка борадиган бўлдим. Бегона шаҳар, бегона одамлар, умрида бир ўзи бегона юртга чиқмаган мендек қизни қўрқитиши табиий. Мен борган оиланинг икки фарзанди бўлиб, қизалоқларнинг бири уч ёш, иккинчиси икки ойлик эди…
Ишим қийин эмас, қизалоқлар Андреа ва Эрика бир-биридан ширин, тартибли (ҳа, айнан тартибли). Иш вақтим эрталаб 8 дан 12 гача, кейин 17 дан 19 гача бориб болаларни овқатлантириб, ювинтириб ухлатишга ёрдамлашаман. Мени энг қойил қолдиргани немис болалари кечки соат етти бўлгач, ухлагани ётишарди. Ва ухлаб қолишарди! Шу билан эрталаб соат саккизгача, бизникларга ўхшаб соат бешдан сакраб туришмайди.
Буни иш вақти деб ҳам бўлмайди. Чунки олдинги ишлаган жойимда эрталабдан кечгача, токи иш тугагунча ишлайверардим. Аввалига анчагача мослашолмадим, чунки доим шошиб, нимагадир улгурмай қолишдан қўрқиб, асабларим таранг юришга ўрганиб қолгандим. Кундузи бажариб улгурмаган ишларимни уйга олиб келиб, кечаси қилардим. Доим уйқуга тўймай юрардим. Энди эса ҳеч қаерга шошилишнинг ҳам кераги йўқ… Лекин бу ҳаётга ўрганишим қийин бўлди. Узоғи билан бир ҳафта чидадим. Уйдагиларга яхши яшаяпман, деганим билан ўзимни қўярга жой тополмасдим. Чунки кўп ухлашга ўрганмаганман. Қолаверса, кўп ўтмай ёлғизлигим сезила бошлаганди. Ишдан бўш пайтларим деразадан шаҳарни томоша қилиб ўтираман. Олдинги дўстларим, оила аъзоларим билан ўтадиган қизғин ҳаётимни қўмсам сиқилардим. Бир кун зерикканимдан шаҳар айлангани чиқдим. Дрезденнинг эски шаҳари ҳисобланадиган Альтштадтни айланиб келаман, деб қайтишда уйни тополмай адашиб қолдим. Одамлардан сўрай-сўрай, амаллаб топиб келдим. Шундан кейин шаҳарни ёлғиз айланмайдиган бўлдим. Вақтимни кўпроқ иш жойимда ўтказадиган бўлдим. Шартнома бўйича белгилаб қўйилган вақтимдан ташқари ҳам қолиб уй бекаси Аннага ёрдам берардим. Менинг бу ишимга аввалига улар ажабланиб қарашди. Лекин мен ишсиз ўтириб ўрганмаганман. Қолаверса, болаларни жонимдан ортиқ яхши кўрардим. Аннанинг эри эртадан кечгача ишда, кўпинча хизмат сафарларида юрарди, шу сабаб уйда кам бўларди. Уй ишларида кўмак берадиган дастёр зарар қилмасди. Бир гал эри узоқ муддатга сафарга кетадиган бўлди. Анна иккита бола билан қийналиб қолишини айтиб, кўз ёши тўкиб олди. Унга қараб уч-тўртта боласи билан бирга қайнона-қайнотасини ҳам эплайдиган ўзбек аёллари кўз ўнгимдан ўтди. Барибир унга ачиндим. Унга ёрдам бўлсин, деб болаларга қарашни ўз зиммамга олиб, кўп вақтимни улар билан ўтказа бошладим. Барибир қиладиган ишим йўқ. Болаларга меҳр берганим сайин улар ҳам менга ўрганиб, яхши кўриб қолишди. Ҳар кун эртадан кечгача улар билан ўйнаб вақт ўтганини билмайман. Аннанинг кўнглини кўтариш учун миллий таомларимиздан пишириб бергандим, уларга ёқиб қолди. Энди ишдан бўш пайтларим тез-тез уларга таом тайёрлаб берадиган бўлдим. Улар ошпазликни қаердан ўргангансан ёки махсус курсда ўқиганмисан, деб сўрашарди. Мен эса «ҳа, онамнинг курсларида ўқиганман», деб жавоб берардим. Улар менинг меҳрибончлигимдан хурсанд бўлишарди, яхшилигимни қайтариш учун хурсанд қилишга ҳаракат қилишарди. Буни хонамга қўйиб кетилган шоколадлардан билса бўларди. Секин-секин бу ерда ҳам ҳаётим изига туша бошлади. Ҳафтада икки марта бўш вақтимда немис тили курсларига қатнай бошладим. Танишлар ҳам орттирдим. Курсда мен билан бирга украиналик Таня деган қиз ўқирди. У ҳам рус тилини яхши билгани учун дарров тил топишиб кетдик. Таня мени ўз дўстлари билан таништирди. Улар билан гаплашиб, анча тил бойлигим ҳам ортди. Таня тез-тез мени дам олишга чақирар, «доим банд бўлиш» касалига чалингансан, сени халос этиш керак дерди. Мен эса кўпинча уй ишларидан ортмасдим. Бир куни у мендан шартномангда эрталабдан кечгача ишлаш ёзилганми, деб сўради. Мен ўзим Аннага ачинганимдан ёрдам беришимни айтдим. Таня жавоб ўрнига жилмайиб қўйди.
Дрезденни бекорга «санъат шаҳри» дейишмас экан. Сон-саноқсиз музейлар, ибодатхоналар, Эьба бўйининг гўзаллиги мени ўзига мафтун этмай қолмади. Етти аср давомида герцог ва қироллар қароргоҳи бўлган Дрезден менга ўхшаган санъат шайдолари учун айни муддао эди. Таня мени дам олиш кунлари музей ва ибодатхоналарни томоша қилгани етакларди. Яна олдингидек дўстлар даврасида қувноқ яшаётганимдан қувонардим. Лекин бу қувонч узоққа чўзилмасди, чунки бир-икки соат эркинликдан кейин яна қатъий режим билан яшайдиган оилага қайтардим. Нотўғри тушунманг, болаларни ҳамон яхши кўрардим. Лекин дўст ортирганимдан буён Аннанинг менга муносабати ўзгаргандек эди. Танишларим билан кўп вақтимни ўтказишим уларга ёқмаётганини сезиб қолдим. Мен ўз хизматим, меҳрим билан уларнинг яқин одамига айланиб бўлдим, энди улар ҳам мени тушунишади, деб ўйлабман. Лекин… Бир куни дўстларим мени остонада кутиб туришганда, Анна мени ошхонага чақирди. Бугун Танянинг туғилган куни эди. У билан Эльба буйида сайр қилиб Каналеттони томоша қилиб завқланмоқчи эдик. Шунинг учун Аннадан бир соат олдин жавоб беришини сўрагандим. У жавоб ўрнига қошларини чимирди.
— Лола, — деди Анна жиддий оҳангда. — Сиз билан гаплашиб олмасак бўлмайди. Сиз бу ерга ишлагани келгансиз. Шартномада иш вақтингиз аниқ кўрсатилган, марҳамат қилиб унга риоя қилсангиз…
Тилим айланмай қолди. Чунки унга вазиятни тушунтиргандим.
— Бугун жавоб бераман. Лекин бу иш бошқа қайтарилмасин! — деди совуққонлик билан.
— Хўп, — дедим ичимни қақшатиб кетган титроқни зўрға босиб.
Кўзимдаги ёшни кўрсатмаслик учун, ташқарига югурдим. Менинг кайфиятим йўқлигини сезган Таня сабабини сўради.
— Шунақа одам ҳам бўладими? Мен бутун вақтимни унинг оиласига бағишласам, болаларини жонимдан ортиқ яхши кўрсам, Андреа мени ҳатто «ойи» деб чақиради… Бир марта жавоб олганимни юзимга солса-я! — ҳеч ўзимга келолмасдим.
— Бу ер Германия, Лола! Уларга қилган яхшилигингга раҳмат оласан. Лекин сенга кўмак керак бўлганда, ҳеч ким ёрдам бермайди. Шунинг учун улар учун ишлайверишни бас қил. Шартнома дедими, энди сен ҳам ўша шартномасига амал қил.
— Лекин мендан ёрдам сўрашса, йўқ дея олмайман… Чунки болаларни яхши кўраман.
— Ҳеч ким яхши кўрма демаяпти-ку. Сен ҳам ўзларидек жавоб қайтар.
Ўша куни Таня ўз дўстлари билан бирга мени уйгача кузатиб қўйишди. Анна мени қовоғини очмай кутиб олган бўлса, болалар қувониб кутиб олишди.
Шундан кейин оиладаги муносабатларимиз совуқлаша бошлади. Дугонам уларга ёқмаганди. Чунки у билан танишганимдан кейин улар чаққон, ҳозиржавоб «дастёрларидан» маҳрум бўлишганди.
Бу ҳали ҳаммаси эмас экан. Бир куни курсга ўқишга кетаётганимда ғалати иш бўлди.
— Лола, — деди Анна. — Энди калитни ўзинг билан олиб кетма. Девордаги гулдоннинг ортига ташлаб кет.
— Нега? — дедим ҳайрон бўлиб.
— Мени тўғри тушун, лекин яқинда икки уй наридаги қўшнимизнинг уйини ўғри уриб кетибди.
Бунинг менга нима алоқаси бор экан, деб ҳайратланиб турганимда:
— Сенинг танишларинг шубҳали. Эҳтиёт бўлганим яхши, — деди.
Қотиб қолдим. Мендан гумонсирагани кўнглимга оғир ботди.
Йўл бўйи йиғлаб кетдим. Кечқурун ишларимни тиндириб, Аннанинг ойиси билан гаплашиб ўтирганимда қўнғироқ жиринглади. Анна бўлса керак деб ўйладим, чунки ҳар кун кечки соат тўққизда онасига қўнғироқ қилиб бир кунлик ишларини гапириб берарди. Гўшакни кўтарсам, Аннанинг хавотирли овози эшитилди, Эрика иситмалаб қолибди, шифокор чақиришибди. Кампир шифокор чақириб яхши қилибсан, деди қизига ва бемалол телевизор кўришда давом этди.
— Биз уларникига бормаймизми? — дедим ҳайратимни яширолмай.
— Нега? — деди кампир мендан баттар ҳайратланиб.
Невараси иситмалаб ётаса-ю, битта кўчада яшайдиган бувиси бемалол телевизор кўриб ўтирса? Яна бунинг устига куёви сафарга кетган. Буни тушунишга менинг ақлим ожизлик қиларди.
Кампирининг ҳай-ҳайлашига қарамай устимга курткамни ташладим-у, Аннаникига югурдим. Эшикни очган Анна мени кўриб кўзига ёш олди. Дарров болаларнинг хонасига югурдим. Муолажадан кейин иситмаси тушган бўлса-да, қизалоқ ухлолмай безовталаниб ётарди. Уни қўлимга олдим, Эрика бўйнимдан қучоқлаб олди. Бир пайт оёғимга кимдир суйканганини сездим. Синглисининг бетоб бўлганидан қўрқиб қолган Андреа кўзларини мўлтиратиб тиззамдан қучоқлаб турарди.
— Бугун бувиникига кетмайман, болалар билан қоламан. Эрикага ҳам туни билан ўзим қарайман, — дедим Аннага. У менга бирпас тикилиб турди-да, кейин бағрига босганча йиғлаб юборди.
Ҳамма нарсанинг якуни бўлганидек, менинг шартномам ҳам якунига етди. Қайтиш чипталари олинди. Анна ҳаммамизни йиғиб хайрлашув дастурхони ёзди. Худди кетишимни билгандек Эрика ҳеч қўлимдан тушмасди. Мен ҳам уни ҳеч қўлимдан қўйгим келмайди.
— Болаларим сени жуда яхши кўриб қолишганди, Лола. Айниқса Эрика қўлингда катта бўлди. Бировнинг боласига ҳам меҳр кўрсата олдиган даражадаги марҳаматли миллат экансизлар… Сендан кўп нарса ўргандим. Бизни унутиб юборма, — деди кўзда ёш билан.
— Биз томонларга ҳам боринглар, меҳмон қиламан, — дедим.
Уларни албатта меҳмонга чақиришни кўнглимга тугиб, хайрлашдим. Болалар билан хайрлашишим жуда қийин бўлди. Ортимдан йиғлаб қолган Андреа йўл бўйи кўз ўнгимдан кетмади.
Она юртимда барча яқинларим мени қувонч билан қарши олишди. Шунда яқинлар меҳрини қанчалик соғинганимни ҳис қилдим. Қайтганимдан кейин кўп ўтмай сайёҳлик компаниясига гид бўлиб ишга жойлашдим. Чунки немис тилида бемалол гаплашадиган бўлгандим. Шу ерда Сардор билан танишдим. Бир-биримизга кўнгил қўйгнимизни эшитган ота-онамиз бизга оқ фотиҳа беришди. Тўй куни белигилангач, Аннага қўнғироқ қилдим.
Мени овозимни эшитиб шунчалик хурсанд бўлади, деб ўйламагандим.
«Андреа, тез кел, Лола қўнғироқ қиляпти», деди у ўзига ярашмаган ҳовлиқмалик билан. Уларни тўйга таклиф қилаётганимни эшитиб роса хурсанд бўлди.
— Лола, тўйга икки киши бўлиб борсак, уйдагиларингни безовта қилмаймизми?
Унинг гапидан кулиб юбордим.
— Ҳаммаларинг келсанглар ҳам безовта қилмайсизлар, — дедим хайрлаша туриб. Улар келишса, Дрездендан қолишмайдиган Самарқанд, Бухоро ва Хивани албатта кўрсатишни ният қилиб қўйдик.