Юсуф Рўзиев. Пойканднинг алп полвони (ҳикоя)

Тонг ёришмоқда. Жомеъ масжидлари ва Минораи Калондан таралаётган азон овозлари бутун шаҳарга эшитилмоқда эди. Жомеъ масжидларида оламлар Раббийси ва унинг Расули — Муҳаммадга, ўз валенеъматлари — подшоҳ олий ҳазратлари номига дуолар ўқиб, ёришаётган мунаввар тонг ҳақига шукрона билдираётган мўминлар юзлаб, минглаб эди.
Муаззинлар овози тиниб, кўп ўтмай бомдод намози адо қилингач, Арки Олий дарвозаси устидаги ноғорахона айвонидан таралган улкан духуллар (икки томонига чўп билан уриб чалинадиган ноғора) товуши бутун шаҳарни тутиб яқин қишлоқларгача эшитилди.
Ноғорахона айвонида чалинаётган саккизта улкан духулнинг саси масжидлардан эндигина қўзғалган муллалар, шаҳар ва яқин қишлоқлар аҳлининг эътиборини ўзига тортди. Йиғилиб келаётганларнинг кўпчилиги бугун ҳам кураш бўлишини тахмин қилишаётган бўлсаларда, аксарият одамлар бундан бехабар эдилар.
Очиғи, падари бузруквори ва боболари йўлидан борганида Амир Саййид Олимхон бундай қилмаган бўларди. Бобоси Саййид Амир Музаффархон ва отаси Саййид Амир Абдулаҳадхон уч кунлик Наврўз байрамидан сўнг, “одамлар ер ишлари ва экин-тикинга кечикмасинлар”, деган мақсадда байрамга якун ясаб, дилхушлик қилмоқчи бўлсалар Моҳи Хосса ёки Карминада байрамни тор доирада давом эттирганлар. Амир Саййид Олимхон эса, курашга азбаройи қизиққанидан, фавқулодда машҳур паҳлавон — Мурод полвоннинг курашини катта даврада кўришни истади.
Бу аслида ҳафталаб, ойлаб нишонлаш мумкин бўлган қадимий байрамга яна бир забар қўшарди, холос. Дарвоқе, Амир Саййид Олимхон 1893 — 1896 йиллар оралиғида Русиянинг Санкт-Петербург шаҳрига юборилиб, салтанат ва мамлакатни идора қилиш қонунларини эгаллаш мақсадида падари бузруквори истагига кўра таълим олади. Бу йилларда Оврупо маданияти ҳамда истеъмолда бўлган рус ва француз тилларини яхшигина ўрганади. Таҳсилдан қайтгач, отаси Абдулаҳадхон мамлакатни идора қилишни ўргатиш мақсадида уни икки йил ўзи билан бирга олиб юради. Мамлакатни идора қилиш борасида етарли тажриба ва дунёқарашга эга бўлгач, Саййид Олимхонни отаси Қарши вилоятига ҳоким қилиб тайинлайди. Мадрасаю масжидлар, кўприклар қуриб, элнинг турмушини яхшилаш борасида кўп саъй-ҳаракатлар кўргизган Саййид Олимхоннинг халқ орасида обрўйи ошгандан ошиб боради. Бу шаҳарда ўн икки йил ҳокимлик қилган Саййид Олимхон падари бузруквори амри билан Бухорои Шарифга қарашли Хўрак водийси (ҳозирги Навоий вилояти)даги Карминага ҳукмдор этиб тайинланади. Элпарварлиги билан яхшигина обрў топиб бораётган Саййид Олимхон орадан икки йил ўтиб отаси вафот этгач — 1329 ҳижрий йили муҳаррам ойининг ўнинчи куни (милодий 1911 йил) ўзига мерос бўлиб қолган амирлик тахтига ўтиради.
Бухоро аҳли бундан хурсанд бўлиб, ўз валенеъматларига содиқ хизмат қилишга қасамёд этадилар. Амир Саййид Олимхон бутун музофот халқини бир йиллик хирож тўлашдан озод қилиш ҳақида фармойиш берган эди. Шунинг учун ҳам бухороликлар Арки Олийнинг ҳар бир ноғорахабаридан неклик кутиб, жондилдан Регистон майдонига ошиқар эдилар. Кўп ўтмай майдон одамларга гавжум бўлиб кетди.
Кураш томошасига ўта қизиқувчан бухороликлар Регистон майдонига аробаларда қум келтириб ёйилаётгани — кураш майдони ҳозирланаётганини кўриб, ўзларида йўқ хурсанд эдилар. Кўп ўтмай Арк дарвозасининг ўнг томонида, Регистон майдонининг ўртасида беллашув майдони тайёр бўлди. Бу ердаги курашни Арки Олийнинг юқорисида жойлашган тахтиравонда туриб Амир бемалол кузатиши мумкин эди. Томошага йиғилган одамлар ясовуллар имдоди билан майдоннинг гир атрофини ўраб олдилар. Давра атрофига номдор полвонлар жойлашди.
Мурод полвон шу куни Мулла Мирзонинг меҳмони бўлган эди. Давранинг жануб томонидан Мулла Мирзо ва Мурод полвон кириб келдилар. Полвоннинг келишини кутиб турган шинавандалар гур этиб ўринларидан туришди. Полвоннинг даврага кириши учун йўл очилди. У Мулло Мирзонинг орқасида юриб борар экан, ўзини интиқ кутаётган давра аҳлига “Ассалому алайкум” деб салом берарди. Мулла Мирзо полвонга даврадан жой кўрсатиб, “Аллоҳдан сенга омад тилайман”, деди. “Раҳмат, тақсир!”ни эшитгач, даврадан чиқиб кетди.
Мурод полвон ўтирган жой давранинг нари томонидаги Тўра полвонга рўбару эди. Уларнинг нигоҳлари тез-тез бир-бири билан тўқнаш келиб қоларди… Бухородаги байрамлар раис ва қозикалон раҳнамолигида ўтказилар эди. Бугунги курашни Амир Саййид Олимхон кузатади. Шунинг учун ўзларини ишга камарбаста қилиб кўрсатмоқ ниятида раис ва қозикалон ҳам даврани тик айланишмоқда. Улар ясовулларга одамларни ҳақорат қилмасдан, таёқ билан урмасдан, тушунтириш ва илтимос билан тинчлантириш — тартиб сақлаш лозимлигини бот-бот уқтириб туришарди. Чунки Амир бирон-бир амалдорнинг ёки ясовулнинг одамларга зўравонлигини ёқтирмас эди.
Даврада шов-шув кўтарилди. Амир Саййид Олимхон Арки Олийнинг юқорисида, Регистон майдонига қараган кичкина эшикдан супачага чиқиб, тахтиравони сари бормоқда эди. У ўз тахтига бориб ўтиргач, бутун давра аҳли баланд овозда: “Ассалому алайкум, зоти олийлари!” деб такбир айтиб, ҳукмдорни дуо қилди. Амир бу ҳурматга жавобан: “Ваалайкум ассалом!” деб, ҳиёл бош эгиб қўйди. Амирнинг тахтиравонга ўтирганини кўрган қозикалон дастлаб Аллоҳга шукрона айтиб, Амир номига дуолар ўқиди. Давра аҳли ҳам унга қўшилди. Сўнгра:
— Раис, курашни бошлаб юборинг! — деган хитоблар эшитилди. Раис ўз навбатида баковулни чақириб:
— Баковул, тезроқ бўлинг! Курашни бошланг! Бирон ножўя ҳаракат ва ғирромликка асло йўл қўйилмасин! — деди.
— Бош устига!
Баковул Ширбадан сайилгоҳида ҳам курашни бошқарган Ўрмон полвон эди. Амирнинг қозикалонга эрталабки кўрсатмасига биноан Мурод ва Тўра полвонлар аввалига учтадан номдор полвонлар билан курашга тушиб, Амирга ва давра аҳлига яхши томоша кўрсатишлари, сўнгра икки полвон кураш тушишлари лозим эди.
Мурод полвон ўзи билан курашга тушган уччала полвонни ҳам қоқма, дастпеч, қалмоқи каби турли усулларни ишлатиб, ҳалол йиқитиб бўлгач, даврага Тўра полвон чиқди. У ҳам кўп ўтмай рақиблари устидан ҳалол ғалабага эришди. У қуймич, яккачил, ёнбош ортма усулларини яхши қўлларди.
Амир ҳам, давра аҳли ҳам полвонлар курашидан мамнун бўлишди. Аммо томошанинг энг зўри ҳали олдинда эди.
— Рақибларни ҳалоллик билан йиқитган Мурод полвон Пойкандий ва қаршилик Тўра полвонлар кураш тушадилар! Марҳамат, полвонлар, даврага чиқинглар! — эълон қилди баковул.
Баковул рақибларнинг кийимларига бир-бир разм солиб олгач, кураш одатига кўра, уларнинг белбоғларини бир-бир тортиб кўрди-да, сўнг беллашишни бошлашни буюрди. Полвонлар давра ўртасида бир-бирларига қўл бериб кўришдилар. Кураш бошланди. Иккила полвон ҳам бир-бирига неча бор яқинлашиб, узоқлашишди. Улар рақибининг енги ёки ёқасидан тутишга ҳаракат қиларди, аммо ҳар иккови ҳам бунга эриша олмасди. Чунки иккала полвон ҳам бу курашнинг нечоғли аҳамиятга эгалигини тушуниб туришарди.
Одамлар кураш тушаётганларнинг иккови ҳам кучли ва чаққонлиги, чапдастлигини билганлари учун ҳам, гарчи кечаги даврада Мурод полвоннинг қўли баланд келган бўлишига қарамай, ким устун бўлиши мумкинлигини, токи у рақибини йиқитмагунча аниқ айтолмасди. Баъзилар: “Кеча Тўра полвон йиқилган эди. Бугун у бор кучини ишга солиб, йиқитиб орини олади” дейишса, бошқа бировлар “Мурод полвонни йиқита олмайди. У Тўрадан анча бақувват кўринади” дер эдилар. Ана шундай тортишувлар авжига чиқаётганда полвонлар бир-бири билан жиддий олишишарди. Тўра полвон шиддат билан бот-бот қоқма усулини ишга солар, сўнгра рақибини чалғитиб, тўсатдан дастпеч усулини қўлларди. Мурод полвон бу усулга чап беришни биларди. У чап оёғини ҳарифининг чап оёғига ўтказиб илдирди ва уни олдинга сурди. Тўра полвон узала йиқилди.
Рақиблар яна бел олишдилар. Тўра полвон чаққонлик билан аввалгидек қоқма усулини қўлламоқчи бўлди. У Мурод полвоннинг ҳиёл олдида турган ўнг оёғига чил солди. Бу унинг ўзи учун қўйилган “тузоқ” бўлиб чиқди. Тўранинг чап оёғи Мурод полвоннинг ўнг оёғига қоқма бергани билан уни сира қўзғата олмади. Аксинча, Мурод полвон бир силтанди-да, ўзини қулай вазиятга келтириб, Тўра полвоннинг чап оёғига ичкари томондан ўнг оёғини солиб фавқулодда куч ва шиддат билан чил берди, оқибатда Тўранинг чап оёғи юқори кўтарилиб кетди. Тўра полвон вазиятдан чиқмоқ учун ўнг оёғида бир-икки ликиллаб, чап оёғини Муроднинг ўнг оёғи илмоғидан чиқармоқчи бўлди. Аммо давра кўрган полвон бунга йўл қўймади. Тош кўтариб ўзини азалдан чиниқтирган Мурод Тўра полвоннинг оёғини ердан узиб, ўзини даст кўтарганча қум устига оҳиста ташлади.
Даврада олқиш садолари янгради. Буни кузатиб турган Амир ҳам ўрнидан туриб қарсак чалиб юборди. Мурод полвон рақибининг қўлидан тортиб туришига кўмаклашди. Елкасига уриб дўстона қучиб қўйди. Тўра бундай мард, содда ва айни пайтда кураш майдонида тенгсиз полвонга ҳавас билан боқди. Ўзининг енгилганини мардона тан олган бўлиб, рақибини қучиб кўтариб қўйди. Сўнг:
— Пишиқ йигит экансан. Пойканд деганлари қаерда ўзи? — деб сўради.
— Қоракўлда.
— Вақт топиб, сен билан бир давра қурмоғим бор, полвон.
— Боринг, ака, бошим осмонга етади, — деди Мурод полвон.
Баковул уларнинг олдига тез етиб келиб, ғолиб полвоннинг қўлини юқори кўтарди ва баланд овоз билан эълон қилди:
— Мурод полвон Пойкандий бу йилнинг тенгсиз полвони — амирликнинг олд полвони бўлди!
Давра аҳли ғолибни олқишлаб, қутларди. Амалдорлардан бири Амир томонидан белгиланган иккита зарбоф тўн, бахмал ҳамёнчада тилла тангалар, Амирнинг ёрлиғи ёзилган чўпхатни олиб келиб, баковулга топширди. У Мурод полвонга тўнни кийдирди. Давра аҳли Амирга ва полвонларга қуллуқ қилдилар. Тўра полвон даврадан чиқиб кетди. Баковул кураш ғолибига бахмал ҳамённи ҳам узатди ва давра аҳли эътиборига эълон қилди:
— Мана бу ёрлиқ Бухоронинг олд паҳлавони Мурод полвон Пойкандийга Амиримиз Олий ҳазратлари томонидан берилди, — деб ёрлиқни ҳам ўпиб Мурод полвонга узатди. У ёрлиқни оларкан, икки қўл билан бошидан юқори кўтарди, сўнгра уч маротаба ўпиб пешонасига суртди, Амирга қарата қуллуқ бажо келтирди.
Қозикалон даврага якун ясаб, узундан-узун дуолар ўқиди. Амир ўрнидан туриб, эшик томон юрди. У токи эшикдан ичкари киргунга қадар ҳамма бош эгиб, қуллуқ қилиб турди.
— Раҳмат, иним, отангга раҳмат! Бизни жуда хурсанд қилдинг, — деди қозикалон Мурод полвоннинг олдига келиб.
— Аллоҳга шукур. Ўзи қўллади.
— Худой ёрлақаган полвон бу, демабмидим, тақсир. Ана кўрганингиздек, унинг қўли яна баланд келди, — деди ҳовлиқиб келган Мулла Мирзо.
— Раҳмат, биродарлар, раҳмат! — деди полвон.
Шу пайт Амир нималарнидир уқтириб юборган амалдор ҳовлиққанча келиб, Муродга юзланганча деди:
— Полвон, Амиримиз жаноблари буюрдиларки, пешин намозидан сўнг ҳузурларига кирар экансиз.
Икки зўр полвоннинг кураш санъатини мириқиб томоша қилган мухлислар, ёшлар унга ҳавас билан боқиб тўда-тўда бўлганча баҳсни қизитмоқда эдилар…
— Қани, юринглар, намозгача бир пиёла чой ичайлик, — деди қозикалон.
Улар сарой сари юрдилар.