Икки дугона совуққина хайрлашишди. Саодат Қумрини катта йўлгача кузатиб қўйиб ортига қайтди.
Кейинги кунларда бўлиб ўтган воқеалардан кўнгли бироз ғашланди, ўртоғининг ҳам шундай қилишидан умидвор бўлдими, кўнглини хотиржам қилиб кетгиси келдими, ҳарнечук Қумри йўл-йўлакай орқасига ўгирилиб қаради.
Бироқ Саодат бундай қилмади, ўгирилмади. Уни кузатиб кетаётган Қумрининг назарида эса дугонасининг нозик елкалари гўё оғир юк кўтаргандай букилганнамо кўринди ва айни чоғда негадир у янада кучлироқдай туюлиб кетди. Елкасига юк ортган сари кучлироқ кўринади шекилли одам.
Саодат эса нохуш нарсаларни тезроқ унутмоқчидай шахдам юриб кетди.
Ҳар доим ҳам деб бўлмайди-ю, аммо баъзида бир-бирларига шунақа аччиқ-тизиқ қилиб туришар, бироқ кўп ўтмай ҳеч нарса бўлмагандай яна иноқлашиб кетишарди.
Бу гал ундай бўлмади. Бир сафар Қумри Саодатга “Ҳадеб хафа бўлаверасанми” деганида, унинг “Агар сендан хафа бўлмай қўйсам, қўрққин” дея жавоб берганини эслади. Нима қилсин энди, қўрқсинми? Ўзи кишилар кўпинча мана шунақа сафарларга чиққанларида бир-бирларини яхшироқ билиб олишаркан. Шу чоққача билдим деганлари беҳуда экан.
Хуллас, атрофдагилар ораларидан қил ўтмайди деб юришган дугоналарнинг орасидан мана энди ола мушук ҳам бемалол ўтиб кетяпти.
“Нима, бироз ошириб юбордимми”, – ўйлади Қумри, – эҳ, нега одамлар доим бировларнинг ишларидан қийиқ ахтариб юришаркан, ўзларига келганда-ку кўз юмиб қўя қолишади. Яна илгаригидек бўлиб кетишармикин, э, бўлмаганда-чи, йўғ-э, уни йўқотиб қўйишни истамайди, қадрдони ахир!”
Аслида-ку ҳаммаси арзимаган нарсадан бошланди, қайтиб келсин-чи, бир гап бўлар.
Ўй-хаёллар оғушида бекатгача қандай борганини сезмай ҳам қолди. Бирон машинага ўтириб тезроқ уйига етиб олсайди.
Бироқ уйига келганда ҳам уни соғиниб қолган яқинларининг меҳрибончиликлари татимади.
“Ҳа, болам, серхаёл бўлиб қолибсанми?” дея онасининг берган саволига ҳам мийиғида кулиб қўяқолди. Кеча уйига қандай шошилган бўлса, энди оромгоҳга қайтишга ҳам шундай ошиқа бошлади.
Ёз фаслининг сўнгги ойи.
Оқшом чоғи айвонда ўз ўрнига чўзиларкан, ўй-хаёллар уни яна олиб қочди.
Шу ўқишга тасодифан кириб қолган бўлса-да, ҳозир афсусланмайди. Орзусидагидай бўлмаса ҳам ҳартугул тузук. Қолаверса, Саодатни ҳам шу ўқув даргоҳида учратган. Танишган пайтларини эслади. Қумри ўқишга кириш учун ҳужжатларини кеч топширган. У келганида абитуриентлар аллақачон бир-бирлари билан танишишга улгуришган, қизлар ҳам икки-учтаси бирга юрадиган бўлишганди. Бирор даврага суқилиб кириш ғурурини поймол қиладигандай, паришон юрган кунларининг бирида янги қиз келиб қолди. Эшикдан кираверишда Қумрини учратиб ёнига келган, саломлашишгач “Сиз ҳам шу гуруҳданми?” деб сўраган эди. Шу-шу бўлди-ю иккалови бирга юрадиган, ҳеч ажралмайдиган бўлишди, дунёқарашлари яқин экан.
Баъзан ўқишга, ишлашга бўйин ён бермайдиган пайтлар бўлади. Саодатда эса ўқишу ишлашга доим ҳафсала топилади. Ўзи ўртоқларига ёрдамлашади, жамоат ишларига-ку боши билан шўнғийди. Қизиқ, унда бундай шижоат қайдан?
Шуларни ўйлаб ётаркан, у билан ғижиллашганига ҳозир ўзи изза бўлиб кетди. Лекин унинг гина сақлаш одати йўқ-ку, ахир барча олижаноб хислатлар унга хос-ку, дея ўзича кулимсираб қўйди. Эрталаб барвақт туриб йўлга отланишни режалаштириб, айвон шифтига ин қуриб олган кўршапалакларнинг қоронғу тушиши билан тепасида чарх уришларидан ғашланиб уйқуга кетди.
Эрталаб йўлга тушиб, оромгоҳга етиб келди. Болаларни далада деб ўйлаганди. Бироқ уларнинг ҳалигача шу ерда тўпланиб туришганини кўриб таажжубга тушди.
“Уйга қайтишга рухсат беришдимикан?” – хаёлига келган нарса шу бўлди.
Аммо, у янглишган экан. Маълум бўлишича, кеча кечқурун Саодатнинг бироз тоби қочгандай бўлибди. Уни фарзандларини кўргани келган ота-оналарнинг машиналарида уйига кузатишибди. Эрталаб эса шаҳардан қизнинг касалхонада оғир аҳволда ётгани ҳақида хабар қилишибди.
Қумрининг тиззалари букилиб кетгандай, томоғига бир нима тиқилгандай бўлди. Ҳеч ақлига сиғдиролмас, ахир туппа-тузук эди-ку, дея ажабланарди.
Наҳотки ундан буткул ажралиб қолсам?! Туйқус хаёлига урилган ўйдан Қумри чўчиб тушди. Кўз ёшларини арта-арта шаҳарга отланаркан, лаблари беихтиёр пичирлар эди:
– Мени кечир.
“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 12-сон.