Отабек Тиллаев. Ҳазин (ҳикоя)

У вақтини китобга мук тушган кўйи ўтказарди. Одамлардан ётсирар, ўзича завқланиб, аллақандай сирли маъволарда сайр этарди. Мутолаа қилаётган китоблардаги турфа воқеаларни айтмаганда, кунлари икки томчи сувдек бир-биридан фарқ қилмасди. Олам якранг эди.
Қай куни туйқусдан муқоваси йўқ аллақандай қўлёзмани топиб олди-ю, унинг ҳаловати йўқолди. Қўлёзмада алламбало бир хазина ҳақида ёзилганди. Қизиғи, унда тасвирланган макон жуда таниш туюлди. Ҳа, ишонасизми, худди қўлидаги бармоқларидек таниш туюлди. Кўз ўнгидан мубҳамлик тумани чекиниб, ўша жойни аниқ-тиниқ тасаввур эта бошлади. Шундан кейин у уйда ўтира олмай қолди. Кетмон ва белкуракни кўтариб далага отланди.
…мана ўша ажин босган кекса қайрағоч.
Мана ўша тинмай ниманидир чулдираётган анҳор.
Мана ўша туянинг ўркачидай ғўдайиб турган шўр босган дўнглик. Қўлёзмада битилган маконнинг ўзгинаси! Бир туси ҳам ортиқча ёки кам эмас. Тавба! Девонанинг ишини худо ўнглабди, дегани шудир-да!
Тўғри, ортиқча ҳовлиқишнинг мавриди эмас ҳозир. Ишга тезроқ киришган маъқул. Ҳадемай қоронғу тушиб, ишнинг белига тепади.
У қўлёзмадаги қайдда ёзилганидек, қайрағочдан дўнглик томон ўн уч одим ташлаб, ерни кавлашга тушди. Ҳали тизза бўйи чуқур қазиб улгурмай, қора терга ботиб қолди. Кўйлаги баданига чиппа ёпишиб, ғашини келтира бошлади. Эгнидагини ечиб, қайрағоч шохига илиб қўйди ва яна ишга шўнғиб кетди. Кетмон уриб қўли қовармагани боис, азобга гирифтор бўлди: нафаси сиқилиб, жони ҳалқумига келди.
Силласи қуриб, бироз тин олиш учун ўрнига чўккалади. Шу пайт томоғи қуруқшаб, чанқаганини сезди-ю, ногаҳон чашмага дуч келган ташна йўловчидай, ариқда оқиб турган сувдан ҳовучлаб-ҳовучлаб ичди. Ютоқиб-ютоқиб ичди. Кафтлари орасидан тўкилган сувдан кўксини қоплаган қалин жун ҳўлланди. Шунда ҳам қаноат қилмай, бағрини ерга бериб ичди. Ҳовури бироз босилгач, хаёллар уни ўз измига олди. Шу кўйи қанча ўтирди, билмайди. Бир маҳал ток ургандай илкис ўрнидан туриб, яна ишга берилди.
Кўп ўтмай атрофга қоронғулик чўкди. У қотиб қолган белини зўрға тиклади — оғриқдан юзлари буришиб кетди. Ўранинг ичидан туриб осмонга унсиз термулди. Энди бодраб чиқаётган юлдузлар ҳозир унга жуда яқиндек туюлди. Гўё қўл узатса етгудай. Аммо у тилларанг жило таратаётган бу юлдузлар ўзидан нечоғли олис эканини тасаввур этолмасди.
…Қазилган уч-тўрт қулоч хандақни айтмаганда бир куни зое кетди. Лекин у умидини узмади. Кўнглидаги милтираб турган илинж учқунининг буткул сўниб қолмаслиги учун ҳам астойдил ҳаракат қилди.
Кундан кун ўра чуқурлашиб бораверди.
Аммо хазинадан дарак бўлмади.
Энди унинг ғазаби қўзий бошлади. Кимдир мени калака қилаяпти, деган гумонга ҳам борди. Юрагининг туб-тубида ғимирлаган бу шубҳа, бахтга қарши, вақт ўтган сайин теранроқ илдиз ота бошлади. Шунда ҳам у бўш келмас, тун-кун тиним билмас: қазийверар, қазийверар, қазийверарди… бироқ хазинадан дарак йўқ эди.
Одамлар унинг телбанамо ишини кўриб, ўзларини кулгидан тия олмади. Ўтган-кетган эрмак қилиб гап отади. Лекин у эътибор бермасликка тиришади. Барига тишини тишига босиб тоқат қилади. Бора-бора бу ҳолга қишлоқдагилар ҳам кўникиб қолди — уни ортиқ масхараламай қўйишди. Шу зайл, тасбеҳ доналаридай, кунлар кетидан кунлар ўтиб бораверди.
Тушкунлик умидга, умид эса яна тушкунликка эврилди.
Хазинадан ҳали-ҳамон дарак йўқ эди.
…Мана, у ҳозир ҳам ўра ичида.
Яна ташналаб.
Яна тердан кўйлаги баданига ёпишган. Юзида ажин-эгатлардан реза-реза томчилар қуйилади. Оғриқдан беллари зирқирайди…
Тақққ!!!
Во дариғ, кутилмаганда белкурак қаттиқ бир нарсага урилди. Ишониш қийин. Наҳотки?!..
У сал бўлмаса қувончдан ўзини йўқотиб қўяёзди. Тупроқ сатҳида бўртиб турган темир парчанинг атрофини шоша-пиша ковлай бошлади. Ниҳоят уни қўллари билан тутиб, аста тепага тортиб кўрди. Темир қилт этмади — ерга чуқур ботган кўринади. Бу гал у бор қувватини билакларига бериб силтаб тортди. Шунда ўранинг деворида “тирс-тирс” этиб илдизга ўхшаш ёриқлар пайдо бўлди. Яна бир оз куч ишлатгудек бўлса, хандақ устига ўпирилиб тушиши тайин. У нафасини ичига ютганча мурдадек тош қотиб қолди. Гўё нафас чиқаргудек бўлса, ўра ўпирилиб тушадигандек туюларди. Қулоқлари том битган, боши тинмай ғувилларди. Вужудини чирмовуқдек чирмаб олган ваҳмдан баданини совуқ тер қоплади. Бир неча сония ичида у барча уринишлари, илинж-умидлари интиҳосининг фожеа кўламини идрок этди. Ҳаммаси тамом бўлаётганга ўхшар, аммо қалбининг бир четида кулга айланиб сўнаётган чўғ мисоли нимадир милтилларди.
У одамларни чақирмоқчи бўлди. Бироқ овози бўғзига тиқилиб қолди. Товуши бўғзида ваҳимали акс-садо берди. Тағин бақиришга оғиз жуфтлади-ю, туйқус бу фикридан қайтди. Ажал чангалида турган эса-да, беҳад олисдаги ўша мазаххўр одамларга элангиси келмади. Улардан имдод тилаб, ажалидан илгари ўлишни истамади.
Чўғ ҳам сўниб битди…
У кафтларидан қон сизган қўллари билан темир парчани маҳкам тутамлаб бор кучи билан силтаб тортди!
Ўра ўпирилди…
Йироқлик яқинликка, қаттиқлик юмшоқликка айланди — бўғзидан вулқондай отилган сўзни эса устига ўпирилиб тушган тупроқ кўмиб ташлади:
“ҲА-З-И-И-Н…”