Юмшоқ гиламлар солиниб, мебеллар ҳусн берган шинамгина хонада Қадима хола Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий” китобини мутолаа қилиб ўтирарди.
Ногоҳ ташқаридан эшитилган “Эгачию, эгачи!” деган сас хаёлини бўлди. Китоб саҳифасини хатчўп билан белгилаб, токчага қўйди-да, “Лаббай!” деганча ташқарига йўналди. Чиқиб қараса, Оқибатхон — қўшни жувон.
— Келинг, Оқибатпошша, — очиқ чеҳра билан кутиб олди Қадимахон. — Эсонмисиз, уй ичларингиз билан тинчмисиз? Ҳаяллатиб қўймадимми, ишқилиб?
— Қўйсангиз-чи, Қадимабону! — деди Оқибатхон, алланечук сирли илжайиб. — Ҳечам куттириб қўйганингиз йўқ-да, айланай! Илгари эди, алмисоқдан қолган пастак дарвозангизни уввало тақиллатсак ҳам, ўтираберар эдингиз, чиққингиз келмай. Иқболингиз кулиб, мана, Қутлуғмуроджон ағнай деб турган кулбани қасрга айлантирдию, шабада тақиллатсаям, қанот ёзиб учиб чиқяпсиз…
Ҳасадданми, ҳавасданми, ҳайтовур, яниб айтилган бу гаплар Қадимахонга айил ботди.
— Ажаб, Оқибатпошша… Сизга шундоқ туюлаётгандир, ҳойнаҳой. Бироз тикланган бўлсак, буям Эгамнинг марҳамати-да… Элдан ошиб, қаёққа ҳам борардик? Вой, нима қилиб турибмиз-а, бу ерда ўзи? Юринг, ичкарига кирайлик.
Оқибатхонга бу каби такаллуфлар ҳамиша мойдек ёқиб тушади.
— Маъқул, маъқул, эгачи! — деди Оқибатхон, юзига мамнунлик ифодалари тошиб, — Хўб ажойиб янгиликлар бор!
Уйга киришди, ўртага дастурхон ёзилди. Мезбон аёл нон ушатди, пиёлаларга чой қуйди. Кейин манзират қилди:
— Қани, дастурхонга марҳамат, Оқибатпошша.
— Ташаккур, Қадимабону, — деди Оқибатхон, лаб-лунжини тўлдирганича. — Зап келинингиз бор-да, айланай! Оёқ-қўли чаққонгина, пазандагина. Оҳ-оҳ, мураббомисан — мураббо бўпти, ўзиям!
— Ош бўлсин, ош бўлсин, Оқибатпошша…
— Уҳ-ҳ, кунни қаранг, ёнаяпти-я! Анув муздек ўрик кампўтдан босиб қуйинг, эгачи. Кейин, айтмоқчи, сиз бир гапдан бехабарсиз, чоғимда, қўшни? — савол қотди дабдурустдан Оқибатхон, сирли иршайиб. — Агар суюнчи берсангиз, бир гап айтайки, бир гап айтайки!.. Қувончдан бошингиз кўкка етади!
— Қандай хушхабар экан? – сўради Қадимахон, юзларида таажжуб акс этиб. — Шунчаликми, а?
— Ҳумайрахон бор эди-ку, бойвучча хоним, эсингиздами? — дея чап қўлининг кафтини оғзига тўсиқ қилиб шивирлади у, мезбонга яқин сурилиб. — Ўша ўладиган касал бўбқопти, билсангиз! Эри ва касофат ўғли дастидан хонавайрон бўлгани камлик қилгандек, энди куни битибди! Ўл-а, дейман ичимда, сенга ҳам боққан бало бор экан-ку, оламда! Зап кўпчиликнинг кўнглидаги иш бўлди-ёв, ўзиям, ваҳ!
Қадимахон ёқасини ушлаб қолди. Бир муддат шу алпоз анграйиб турди-да, чуқур хўрсиниб қўйди. Кейин ҳамон бир маъноли илжайиб турган Оқибатхонга совуқ нигоҳ қадади:
— Астағфурилло, аввало, Ҳумайрахонга худойим ўзи шифо берсин. Қолаверса, беморнинг оғир аҳволидан ҳузур қилиш мусулмончиликда йўқ. Айниқса сиз… Худоё тавба!
— Гапирманг, гапирманг! — зарда қилди Оқибатхон, ўнг қўлини “келиб-келиб, сенга гапирдимми!” қабилида ҳавога сермаб. — Дўппингизни осмонга отасиз деб ўйласам, заҳрингиз учиб ўтирибди-я, аксинча, қўшни?! Эсланг-чи, ўша кеккаймажон бойвучча хотин дилингизга қанчалар озор берган эди-я! Нуқул: “Ипирисқи, ипирисқи!” деб, хотинлар ошидан қувиб чиқарган эди! Сиз эса, мусулмончилик дейсиз, раҳмингиз келиб. Ҳатто, бир тиланчи ўрнида кўрмасди сизни! Тағин, Қутлуғмуроджондан ҳазар қиларди, “гадойвачча!” деб… Бугун акси: сиз — бой хотин, у — гадойдан баттар! Ўл-а дейман, туриб-туриб, бировнинг ҳолига сен кулма зинҳор, сенинг ҳам ҳолингга кулгувчилар бор!..
Қадимахоннинг баданини муздек шамол тешиб ўтгандек бўлди… “Ё Раббано, инсон ҳам шунчалар тубан бўладими, а?! – қалбан хитоб қилди у, недир ҳислар ғалаён қилиб. — Ахир, шу Оқибатхон эмасмиди, Ҳумайрахоннинг соясига ҳар вақт кўрпача ёзган? Ҳар қадамда етти букилиб, таъзим бажо қилиб юрган? Қанот-қуйруғига кирволиб, маҳалла-кўйда нуфуз орттирган? Энди эса, Ҳумайрахон бор шудидан мосуво бўлиб, мусибат чангалига тушиб қолганда, кераксиз матоҳдай улоқтириб юборилдими?! Қадр деган тушунча шунчалик оёқ ости бўлдими?! Наҳотки одамлар шу қадар риёкор, мунофиқ бўлиб кетишмаса, а?”
Қадимахон афсуснамо бош чайқаб қўйди:
— Тавба қилинг, Оқибатпошша. Жудаям чакки фикр қилибсиз! Бир бандаи нотавон аёлга ўлим соғиниш — гуноҳи азим. Ҳайронман, ўтмишдаги унут гапларни бемазмун титкилаяпсиз. Мен кек-адоват сақламаганман бу хил гапларга. Дилингизда нима гап ўзи, англаёлмадим.
Оқибатхон, ўпка қилгандек, қошларини аразсимон чимириб қўйди:
— Қўйинг-э, бир нима деса, дарров эскичадан келасиз! Гуноҳ дейсиз, тавба-тазарру дейсиз… Ҳай, майлига, хафа бўлмадим! Энди гапнинг лўндасини эшитинг: баъзи бир обрўли аёллар эртага Ҳумайрахонни кўргани ўтмоқчимиз. Сиз ҳам бизга қўшилинг. Бугун, боя бошқа аёллар кетди. Нафсиламри, энди оддий аёл эмассиз, бой хотинсиз, ўргулай! Ҳар-хил қаланғи-қасанғи аёлларга яқин юраверманг, дейман-да! Пўрим кийиниб олинг. Тилла тақинчоқлар тақиш эсдан чиқмасин тағин…
Қадимахоннинг устидан мисоли бир челак муздек сув тўнкарилгандек бўлди. Қаршисида Оқибатхон эмас, мунофиқлик, риёкорлик ва тубанликнинг жирканч тимсоли тургандай, эти жунжикиб кетди.
— Оқибатхон! — деди илкис таассуф назари билан, — Ҳумайрахондан хабар олайлик деяпсиз, бу — мақбул фикр. Бемор ҳолидан хабар олишлари – эзгу фазилат. Лекин, назаримда, касал кўриш орқасида бошқа маъно борга ўхшайди. Пўрим уст-бош, тилла тақинчоқ дейсиз! Ажаб, ресторанга қуда тўйига кетяпсизларми?.. Агар биз жиндек мол-давлат орттирган бўлсак, бу — Оллоҳнинг бир марҳамати. Лекин мен бошқача ният қилмаганман, худога шукр…
Оқибатхон бир нафас лабини буриб, тўрсайиб олди. Кейин истеҳзоомуз ишшайиб деди:
— Ҳай, бошқача тушунманг-да, эгачи? Биз ҳам ҳали инсоф-виждон деган нарсалардан жа-а унчалик бенасиб қолганимиз йўқ. Лекин агар… Мабодо ўрнингизда бўлганимдами! Қўша-қўша тақинчоқлар тақволиб, Ҳумайрахонни нақ жонини олардим! Қайтар дунё деб қўйибдилар!..
Оқибатхон кетди. Қадимахоннинг юрагини нохуш ҳиссиётлар тимдалай кетди. Кириб, диванга ҳорғин ёнбошладию, яқин ўтмиш хаёллари қаърига сингди…
* * *
Дарҳақиқат, Қадимахон бир амаллаб кун кўрар эди. Маҳалла-кўйда хокисор феъл, ҳақир бир аёл эди. Эри — Сайдамат боғбон бахтсиз тасодиф туфайли оламдан ўтгач, оила мушкул аҳволда қолди. Бева аёл, қайси тошга бошини уришни билмай, зор йиғлаб қолди: бир ёқда бўй етиб келаётган икки қиз ташвиши, бир тарафда — ўғил тақдири… Рости, кимлардир ўртага тушди, лекин бошқа турмуш қилмади, фарзандлари олдида ор-номус қилди. Қизлари билан баҳарҳол дўппи тикди, чеварликка зўр берди. Минг машаққат билан қизларини турмушга берди. Тор-таранг вазиятларда акаси – нонвой Умармирза рўзғорига баҳоли имкон кўмаклашиб турди. Лекин у ҳам серфарзанд, топгани ўзидан ортмайди. Опаси Гулсумбиби ҳам рўзғорига маълум вақт қарашиб турдию, кейин оламдан ўтди. Йўқчилик суяк-суякдан ўтгач, худога илтижо қилиб, бир сиқимгина давлат тилади…
Бахтига ўғли Қутлуғмурод ўтли-шудли, уқувли чиқди. Бирваракай икки-уч ҳунарнинг бошидан тутди. Усталардан фотиҳа олгач, мустақил иш бошлади. Уч-тўрт йилда мўмайгина жамғарма йиғди. Уйланди. Пастаккина уйларни бузиб, киройи иморат солди. Чорва фермаси тузди, иссиқхоналар барпо этди. Ҳалол бойлик орқасидан “Ласетти” олди. Эл-юрт ичида ҳурмат қозониб, мартабаси улғайди.
* * *
Кўпқаватли уйлардан бири. Тўртинчи қаватда, бир хонали хонадонда ҳазин вазият ҳукм сурмоқда. Бурчакдаги каравотда тирикдан нари, ўликдан бери бемор ётибди. Бу – Ҳумайрахон. Ҳа, инсон ёзуғига нелар битилгани ёлғиз Оллоҳга аён… Эри Ёндошали узоқ йиллар мобайнида нуфузли ташкилотга раҳбар бўлиб ишлади. Ҳумайрахон, агар таъбир жоиз бўлса, тилла бозорининг “энг олди фигураси” эди.
Фалокат келса, қўша-қўша келади, деганлари рост экан. Аввалига ташкилотдан катта камомад чиқиб, Ёндошали қулоғигача қарзга ботди. Ёлғиз ўғил, арзандаи-кироманда Эргашали эса қимор ўйинидан боши чиқмай, ота-она бойлигини кўкка совурди. Ўлганнинг устига тепган деганларидек, шу кунларда Хатибахон деган бир шаллақи жувон шовқин кўтариб, “Қўлимдаги бола неварайиз бўлади, агар квартира обермасанглар, ўзларингдан кўринглар — ўғлиззи шартта қаматиб юбораман!”, деб Ҳумайрахоннинг жонини олди…
Хуллас, ҳовли сотилди, машина қўлдан кетди. Ёндошали ака нафақат камомадни қоплади, қўшимчасига беш йилга кесилиб кетди. Бу мусибат камлик қилгандай, нобакор ўғил Эргашали наркотик модда савдоси устида қўлга олинди. Келинлари Шарофатхон: “Юзи шувут оилада келин бўлиб яшашдан иснод қиламан!”, дея икки фарзанди билан қайтмас бўлиб чиқиб кетди.
Ҳумайрахон адо бўлди, сўнг тақдирга тан берди. Чекига тушгани — шу биргина каталак бўлди. Хайриятки, боши ёстиққа текканда, қаровчисиз қолмади. Жиянлари — Раънохон ва Ўғилхонлар мудом бошида парвона…
Июннинг оловли кунларидан бири. Ҳумайрахон, дим ҳаводан нафаси қайтиб, оғриқдан азоб-уқубат чекиб ётибди. Бир тутамгина гавдасини ҳали у ёнга, ҳали бу ёнга ташлаб, беҳуд бўлаверади.
Завол пайти туйқус эшик тақиллаб қолди: “Ҳумайрахон-ув, Ҳумайрахон!..”
Ошхонада овқатга уннаётган Раънохон дарҳол бориб эшикни очди.
— Ассалому-алайкум, келинглар, холалар…
— Ваалайкум ассалом, кўп яшанг, қизим, — алик олди баббаравар тўрт нафар аёл. — Ҳумайрахон шу ерда турсалар керак?
— Шу ердалар. Ичкарига марҳамат, — таклиф қилди Раънохон.
Аёллардан уч нафари ўзига оро бериб, башанг кийинган, фақат биттаси одмигина кийимда, қўлида дастурхонга ўроғлик тоғораси бор эди. Ҳарҳолда, димоққа хушбўй фаранг атирлари аралаш “гуп” этиб палов иси урилди.
Келгувчиларни кўриб, Ҳумайрахон сурат бўлиб қотиб қолди. Негаки, уларга шу аҳволда кўриниш бериш унинг учун ўлимдан ҳам қаттиқ эди…
— Келинглар, пошшойимлар… — деди Ҳумайрахон, дармонсиз вужудини базўр қимирлатган кўйи. — Уй-ичлар билан эсон-омонмисизлар? Раҳмат, қадр-қиммат қилиб кепсизлар…
— Вой, эгачи, шунчалик азоб-уқубат чекиб ётибсизми, а?! — ичи ачишган бўлди Оқибатхон, кўзларига ёлғондакам рўмолча суртиб. — Бордондай хотин рамақижон бўб кетибсиз-ку! Эҳ, шундоғ бойвучча хотин шу кўйларга тушиб қолдингизми, а? Худойим-эй, нима гуноҳ қилиб эдингиз? Бирам ачиниб кетяпманки!
— Начора, Оқибатхон, пешонамда шу ёзуғлар бор экан…
Нафис батистдан кўйлак кийиб, қулоқларига тилла балдоқлар осган, гупчакдек семиз Кароматхон бурнини жийирганнамо:
— Зап квартира опсизми? Қуллуқ бўлсин бағи энди! — деди пичингнамо кесатиб. — Лекин андак бадҳид экан. Шу, аттеги-баттеги шикаст-реҳтини ремўнт қилдириб кирмабсиз-да аввалбошда, ўргулай? Лекин салга эзилаверманг. Бурун дуркун эдингиз, ушоққина бўб қопсиз…
Бу сўзлар Ҳумайрахоннинг юрагига наштар бўлиб санчилди.
— Қисмат экан, начора… — йиғламоқдан бери бўлди Ҳумайрахон. — Беайб Парвардигор… Гуноҳкор банда эканмиз. Кимнинг тушига кирибди, дейсиз…
— Бало қайда? Боссанг, оёғинг остида, деганлари рост экан, — кесатди Марҳаматхон, бағбақасини силаб. — Боғи Эрамдай кошонангиз бор эди-я, кўз қамаштиргудек! Куниз шу каталакка қолдими энди? Ўрнингизда ман бўлсам… Нақ приступ бўбқолардим-а!..
— Шунисига куяман-да, эгачи! — дарров илиб кетди Оқибатхон, юзларига гўё ҳамдардлик тусини бериб. – Панжарагулчин дарвоза, “иномарка” машина! Не ҳасратда орттирилган лак-лак бойлик тўсатдан алвидо деб, шамолга учса! Ё Худойим-эй!
— Секинроқ айтасизми! – қўшилди яна Кароматхон, қиёфасида кибр ўйноқлаб. — Айтинг-айтинг, ўлганнинг устига тепган қилиб, Шарофатхоннинг қочворганини айтинг! Эсиз-эсиз… Ажаб дунё экан, ҳай!
Ҳумайрахоннинг жони ҳиқилдоғига келди. Бутун жисми алам, хўрлик туйғуларидан оташ бўлиб ёна бошлади.
— Қўйинглар, шу лузумсиз гапларни! — деди илкис Қадимахон, танбеҳ оҳанги билан. — Оқ-қорани таниган, кап-катта аёлсизлар!.. Дунёда ҳеч нарса инсондек азиз, мўътабар эмас. Инсоннинг инсонийлиги асло бойлигида эмас, иймон тозалигида… Сиз, Ҳумайра опа, унар-унмасга кўнглингизни чўктираверманг. Иншоолло, ҳали ҳаммаси бинойидек изга тушиб кетади. Худо шифо берсин, отдек бўб кетинг! Дард — мисоли ўткинчи меҳмон…
Нариги аёллар кўз остидан бир-бирига маънодор қараб олишди.
— Вой, Қадимабону, бизларам асли шундай демоқчимиз-да! — таънаомуз чимирилди Оқибатхон, кўзларини юмиб-очиб. — Ростини сўрасангиз, сиздан кўра мани юрагим кўпроқ куйиб кетяпти. Осонми, эр билан ўғил қамалиб, бор давлатдан маҳрум бўлмоқ? Қаранг, машу ажина кулба Ҳумайрахонга мосми?..
Ҳумайрахоннинг асаби қақшади, юзлари азобдан бужмайиб, иҳраб юборди ва чап қўлини юқори кўтариб:
— Кетинглар! — деди. — Бас, етади, керакмас!.. Қаёқдасиз, Раънохон?
Ошхонадан дарров Раънохон чиқди.
— Лаббай, аммажон?
— Меҳмонларни кузатиб қўйинг, бошқа киритманг. Уқдингизми?..
Калондимоғ аёллар, “бу кунингдан баттар бўл!” дегансимон, афтларини буриб чиқиб кетишди. Ҳумайрахон туйқус:
— Қадимахон, сиз қолинг! — деди, алланечук ўтинч аралаш.
Қадимахон қолди. Беморнинг дардли кўзларида ёш ғилтиллади.
— Олдингизда юзим шувут, Қадимабону. Дилингизни кўп оғритганман.
— Қўйинг, айтишга арзимайдиям, — деди Қадимахон софдиллик билан, — ўзингизни бекорларга койиманг. Ҳай, фаромуш бўлганимни қаранг! Палов дамлаб келгандим, иссиғида еб олинг. Раънохонга айтинг, дастурхон солсин…
Беморнинг юзлари чуқур миннатдорлик туйғуларидан ёришиб кетди.
— Ташаккур, Қадимабону. Илоё, қўлингиз дард кўрмасин. Оллоҳ уйингизга файзу баракот берсин. Эҳ, нақадар кўр эканман-а! Мана, бу сўқир кўзлар энди очилди. Лекин сиз менинг ор-номусимни сақлаб қолдингиз. Мендан қайтмаса, Худодан қайтсин.
Ҳумайрахон унсиз йиғларди.
Қадимахон ҳам ўзини тутиб туролмади. Кўзидан ёш қуйиларкан, ўйларди: бир терининг ичида кузу қишда неча бор семириб-ориқлайдиган жонивордек одамзод ҳам бир бойийди, бир қўли калта бўлиб муҳтож ҳам бўлади. Лекин оқибати, ҳамияти бўлмаса, яшашдан маъни нима…
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 36-сонидан олинди.