Газета муҳаррири таҳририятга янги ишга келган мухбирга топшириқ берди:
— Ҳаётни ўрганинг, ука. Турмушимизда учраб турадиган муаммолар ҳақида ёзинг. Кейинги пайтларда газетамизда танқидий мақолалар камайиб кетди. Тезроқ ҳаракат қилинг.
Мухбир хурсанд бўлиб кетди. Тўғри-да, ҳар кимга ҳам бундай муҳим топшириқ берилавермайди. Демак, у бу борада қобилиятли кўринади.
Ёш ходим кўчага чиқди. Шоҳбекат йўловчилар билан гавжум. Бундай жойларда муаммолар кўп бўлади. Уларнинг қай бири муҳим эканлигини аниқлаб олса бўлди. Ишхонага боради-да шартта ёзиб ташлайди.
Кутиш майдонининг четроғида жойлашган чоғроқ ўриндиқда чолу кампир суҳбатлашиб ўтиришарди. Мухбир уларнинг ёнига бориб:
— Ассалому алайкум, отахон, онахон! — деди гувоҳномасини кўрсатиб. — Танқидий мақола тайёрламоқчи эдим. Эҳтимол сизларни баъзи муаммолар қийнаётгандир? Шу ҳақда…
— Муаммони қўятур, болам, — деди чол ажабланиб, — ундан кўра, ёшларимизнинг тарбияси ҳақида ёз. Жуда бевош бўлиб кетишган. Қара, ҳаммаёқ ифлос. Сигарет сабил қолгурни тинимсиз чекишади, музқаймоқни еб, қоғозини ерга отишади. Оғзиларидан чиқаётган бемаъни сўзларга чидаб бўлмайди. Отаси тенги одамни ҳурмат ҳам қилишмайди.
— Отахон, исмингизни айтсангиз, ёзиб олай. Сизнинг номингиздан чиройли мақола тайёрлайман.
— Газетага чиқармоқчимисан?! Ҳм… — чолнинг афт-ангори ўзгарди. Кейин қўл силтаб деди:
— Ўзингнинг номингдан ёзавер, нима қиласан мени бунақа ишларга аралаштириб.
Мухбирнинг ҳафсаласи пир бўлди. Ўйлаб ўтирмай бозор томонга йўл олди. Бозорда муаммо тўлиб ётган бўлиши керак.
Йўловчи автобусда туман марказидан бироз четроқдаги бозорга бир амаллаб етиб олди. Автобус хусусий тадбиркорга қарашли экан. Тиқилинч, ўриндиқларга қараб бўлмайди. Бунинг устига, йўлнинг нариги томонида бир одам кўринса ҳам, тўхтайди. Моторига сифатсиз бензин қуйилганми, автобуснинг ичи тутун билан тўла.
Йўловчилардан бири минғирлай бошлади:
— Инсоф қолмади ўзи буларда. Пулни қурутдай санаб олишади, манабу синиқ ўтирғичларни тузатиб қўйишса бўлмайдими…
Мухбирга жон кирди. Уриниб-суриниб, минғирлаётган одамнинг олдига ўтди.
— Ака, газетага муаммоли мақола ёзаётган эдим, танқидий фикрларингизга қўшиламан, шу десангиз… фамилиянгизни ёзиб олсам…
— Мухбирмисан? — асабийлашиб сўради ҳамон минғирлаётган одам.
— Ҳа, таҳририятнинг топшириғи билан юрибман.
— Юрган бўлсанг, менга нима? Ўзинг ёзиб, қалам ҳақисини ўзинг олавер, мени аралаштирма, билдингми?
Мухбир бозоргача миқ этмай кетди. Қизиқ экан-ку бу одамлар, ўзлари бошлашади-да…
Бозорда бундан ҳам баттар бўлди. Кираверишда бир одам йиғлагудай бўлиб турган экан, содда мухбир ундан ҳол-аҳвол сўради.
— Э ука, сен сўрама, мен айтмай, — деди у ҳасратидан чанг чиқиб. — Олибсотарнинг қўлига тушиб қолдим. Икки қоп сабзи олиб келгандим. Ўзим пешона тери билан Бўкада етиштирганман. Ўзим сотмоқчийдим, қўйишмади. Арзон-гаровга кетди.
— Бўкадан келдим денг, исмингизни ёзиб олсам майлими. Мухбирман, бундай текинхўрларни газетага боплаб ёзиш керак…
Мухбирнинг гапи оғзида қолди. Деҳқон дуч келган автобусга ўзини урди…
Шўппайиб таҳририятга келди. Иш столига ўтириб, ҳаммасини қоғозга туширди. Ёшлар тарбияси яхши эмас, шахсий транспорт воситалари таъмирга муҳтож, бозорни олибсотарлар эгаллаб олишган…
Муҳаррирнинг пешонаси тиришди.
— Ука, бу гапларни қаердан олдинг, роса тўқибсан-ку. Мен сенга ҳаётни ўрган дегандим-ку, нега тушунмайсан?
Мухбир тушунди.