Истам Ҳамроев. Келин (ҳикоя)

Йигитлик чоғларида нафақат туман, балки қўшни вилоятда ҳам ном таратган Ҳамдам полвоннинг уйи синиб, кампиридан айрилганига ҳам уч йил бўп қолди. Чол-кампир олтита ёшига етиб-етмай нобуд бўлган болаларидан кейин элликнинг остига бориб, тилаб олган ёлғиз ўғиллари Турдимурод бояқишларнинг пешонасига сиғмаган экан. Тақдирни тадбир қилиб бўлмас экан-да, начора. Қиш куни шаҳардан йўловчи машинада келаётиб, музлаган йўлда ҳалокатга учраган Турдимурод оппоқ қорни қизилга бўяб бу оламдан шаҳид кетди. Бу вақтда ёшгина келин икки яшар боласи билан бева қолди. Полвон «ўғлимиздан ёдгор, неварамиз бор-ку» деб, ҳарчанд далда бўлишга ҳаракат қилмасин, ёлғиз ўғлининг доғида адо бўлган кампири ҳам кўп ўтмай вафот қилди. Каттакон ҳовлида Ҳамдам полвон келини Шоира ва невараси билан қолди. Қайнота ва келин, айниқса, кампирнинг вафотидан кейин бир-бирларига жуда суяниб қолишганди. Асли яхши оиланинг фарзанди бўлган Шоира фаҳму-фаросати, қўл-оёғи чаққонлиги учун чол-кампир хонадонларига келган кунлариданоқ унга меҳр қўйиб қолишган эди. Келин дарров қайнонасининг қўлидан ишларини олган, айниқса дастурхон тузаш, ҳар хил аччиқ-чучук, газакларни қойил қиларди…
Чол кўнглини ёзиб келсин деб, вақти-вақти билан неварасини қўшиб, келинни ота-онасиникига юборар, ўзи юбориб яна ўзи йўлга кўз тикиб ўтирар эди. Келин ҳам сигир-бузоқ баҳона, аслида қайнотасини кўзи қиймасдан, борган жойида кўп қолмасди. Шоира қишлоқ амбулаториясида ҳамшира бўлиб ишларди. Шу воқеалардан сўнг ишдан ҳам бўшади. На қайнотаси, на ҳамкасблари юрак ютиб уни ишга қайтаролди. Уйда сигир-бузоққа, томорқага қарар, бошқа турмуш қилмасдан ҳовлида қолишга қатъий аҳд қилган эди у. Қайнотасини ҳам ёш болага қарагандай астойдил парвариш қилар, шу юмушлар билан овуниб кунни қаритар эди. Чол ҳар азон турганида уйининг эшигида таҳорат суви тайёрланган турар, келини сигир соғаётган бўларди.
Лекин шунча кўргиликлардан кейин саксонга бориб қолган чолнинг барваста жисмидан соат сайин мадор кетиб борар, сўнгги пайтларда кўкси симиллаб, юраги безовта қиладиган бўлиб қолган эди.
Қудалари ҳам андишали одамлар экан, йигирма тўрт-йигирма бешга кириб-кирмай бебахт бўлиб қолган қизларини дарров олиб кетишмади. Аммо орқаваротдан қудалариникига қизларини сўраб у ёқ-бу ёқдан одам қўйишаётганлари қулоғига чалинарди. Шоира бир неча марта отасиникидан авзойи бузилиб келганидан, бошқа қайтиб бормайман, деб аччиқ қилишидан чол ҳаммасини фаҳмлаб турар эди. Полвоннинг ўзидан ҳам бир неча бор келинини сўратишди. Баъзи сўраб келган жойларни полвон ўзига маъқул бўлмагани, айримларини эса танимагани учун ҳам рўйхушлик қилмади.
Ҳамдам полвон бунақа туриш-турмушга иложи борича тезроқ барҳам бериш, келинини бирор маъқул жойга узатиб кўзи тириклигида эгалик қилиш, сўнг хотиржам омонатини топшириш илинжида бор азобларга матонат билан бардош бериб келар эди.
Шундай кунларнинг бирида
— Полвон бува, уйдамисиз? — деб чақириб кеп қолди ён қўшниси уста Расул. — Ассалому алайкум, бардаммисиз, — уста ийманиброқ қўл бериб кўришди полвон билан. Сўнгра Ҳамдам полвоннинг дангал ва ўзидай одамларни хушлашини билганлиги учун дарров мақсадга ўтиб қўяқолди:
— Бир қошиқ қонимдан кечсангиз, полвон бува, мен… қулчиликка келдим, — полвон индамади. Расул бува унга бир қараб давом этди, — ҳув анови Учтутдаги жияним Адолатни яхши танийсиз, полвон. Кўп йил ўқитувчилик қилиб нафақага чиққан, раҳматлик эри Абдунаби ҳам ўқитувчи, олим одам эди, — Ҳамдам чол тасдиқлаб бош силкиди. — Ўғли Абдураҳим ҳам ўқимишли йигит, шаҳарда бир корхонада ишлайди, иши яхши. Хабарингиз бор, йил бўп қолди-ёв, шу Адолатнинг келини туғруқ пайти нобуд бўлди, чақалоғиниям сақлаб қолишолмади, олти-етти ёшли бир қизчаси қолган. Келинингизга қанча жойдан харидор чиқди, ҳеч бирига розилик бермадингиз. Эшитишимча, келин бошқа рўзғор қилмасликка қарор қилган эмиш, лекин полвон куни борнинг куни ортиқ, дейишган.
— Гапиравер, Расулбой. Келинни уйда ушлаб туриб, бошимга ёстиқ қилмайман. Аммо менга қулчилик деб кўндаланг келма. Мен қиз узатаётганим йўқ, оримди беряпман, хўпма? Бул бояқиш, бизнинг уйга келганиданоқ меҳрим тушиб, ўз қизимдай бўлиб қолган. Дидимга ўтирмаган жойга бериб юборишга кўзим қиймаяпти. Ҳей, Расулбой невара бор, невара. Орқамдан қоладиган нишоним, Турдимуроддан ёлғиз ёдгор.
— Йўқ демасангиз, ана шу жойга келинни битишсак, деб келган эдим, полвон бува? Яна билмадим-ку, бундан ортиқ яхши жой бўлмас. Домла билан ҳам бир пайтлар қадрдон эдингиз, ўзингиз таниган, билган одамлар.
Қўшни айтаётган хонадонни полвон чиндан ҳам яхши билар эди, боиси деярли олтмиш ёшгача кураш тушганлиги, ундан ҳам кўпроқ тандирчилик касби сабаб узоқ қишлоқдагиларнинг ҳам кўпчилигини полвон яхши танирди, ўша ҳовлига ҳам уч-тўрт тандир қилиб бергани эсида.
— Маъқул, — деди чол бир муддат ўйланиб, — лекин келин бошқа рўзғор қилмайман деб оёқ тираб олган, иш пишгунча бир оз муҳлат берасан Расулбой, ҳартугул, охир-оқибат менинг сўзимни икки қилолмас.
Чоллар шу битимга келишиб, хайрлашишди.
Кечки овқатдан кейин полвон мавридини пойлаб деди:
— Келин, сен билан Азимжонниям бирор ишончли қўлга топширсайдим, кейин бемалол жон берсам ҳам бўларди. Шоира бу гапни эшитиб ҳушёр тортди, кейин овозини баландлатмасдан, қайнотасининг юзига тик қарамай:
— Бува, мен бошқа эрга тегмайман, сиз ҳам ўлмайсиз, — деди.
— Дунёга устун бўладиган одам борми, мен ҳам оёғимни узатиб, хотиржам омонатимни топширайин-да, келин. Келин индамасдан қошини чимириб, идиш-товоқларни йиғиштириб чиқиб кетди.
Чол шу тахлит кун оша бир неча марта гап қистирди. Шоира ҳар гал ўша қайсарлик билан бўш келмас, қайнотасининг феълини яхши билгани учун бу гапларининг ортида нима борлигини сезиб турарди. Беш-ўн кун ўтиб чол масалани узил-кесил ҳал қилишга қарор қилди ва тушки овқатдан кейин яна гап очди, бу сафар масалани анча кескинроқ қўйди.
— Энди келин, гап бундай, гапимни бўлмасдан охиригача эшит, — қайнотасининг даромадларини эшитиб юрган келиннинг юзига қандайдир кўнгилсиз воқеа содир бўлишини сезиб, хавотир соя солди, — пешанамизда шу кўргилик бор экан, кўнмасдан иложимиз қанча. Биласан, ҳув Учтутда уста Расулнинг Адолат деган жияни бор, холаваччаси. Ўтган йили келини туғруқ пайти вафот этган, мактабга борадиган бир қизи қолган. Шулар устани ўртага қўйиб, сени сўратишган. Чол шу ерда келинга кўз остидан бир қараб, бир пас жим қолди.
— Тўймаган қорним борми, бува, ишлай десам ишим бўлса. Неварангизниям ҳеч кимдан кам қилмай боқиб, катта қилиб оламан. Бўлди, бошқа бу ҳақда оғиз очманг.
— Ўлганнинг ортидан бир умр аза тутиб яшаб бўлмайди. Эркакми, аёлми, ёлғиз одамнинг кўрган куни қурсин, айниқса, аёл кишининг. Азимжонни катта қилгунингча, эҳ-ҳе, биласанми, қанча сув оқиб кетади. Орқангда бир суянадиган тоғинг бўлмаса сенга қийин бўлади, болам.
Қайнотасининг феълини яхши билгани учун нияти жиддийлигини фаҳмлаган Шоиранинг кўзида ёш айланди, орқасидан танғиб олган рўмолининг учи билан кўз ёшларини артди-да, пиқиллади:
— Неварангиз билан бирга ўтирибман-да ўғлингизнинг чироғини ёқиб, энди сиз ҳам мени ҳайдаманг, бува. Мен барибир бошқага тегмайман.
«Сиз ҳам ҳайдаманг». Бу гапнинг маъносини чол тушуниб турар эди. Келини куни кеча отасиникидан яна қош-қовоғи осилиб, хийла паришон бўлиб қайтган эди, демак у ердаям яна шу масалада гап-сўз бўлган. Полвоннинг юраги эзилиб кетди, бўғзига тиқилиб келган хўрсиниқни босиш учун сездирмай, чуқур-чуқур нафас олди. «Ҳа-а, бир кам дунё-я, боламнинг ўрнига менинг жонимни олсанг бўлмасмиди, худойим, қўшқўллаб топширмасмидим. Шу гўдаккинанинг нима гуноҳи бор эдики, унга бунча кўргиликни раво кўрдинг», деган хаёл кечди кўнглидан. Ажаб! Эркак кишининг йиғлаганини ор деб билган полвоннинг шу топда шу маъсум жувоннинг бошини кўксига босиб, тўйиб-тўйиб йиғлагиси келди. Аммо у бундай қилолмас, олдинда турган ораларидаги муқаррар айрилиқдан ҳар иккисига, айниқса, келинига етадиган жароҳат олдига қўйган мақсадига фақатгина халал беришини у тушуниб турарди. Шунинг учун у келини билан қаттиққўл бўлиши лозим эди.
— Уч йилдан бери ихтиёрни ўзингга қўйиб келдим келин, бирор марта сенга бу ҳақда оғиз очмадим. Бу хонадонни яхши билганим учун ҳам шунга қарор қилдим, улар ҳалол-покиза одамлар, ўқимишли оила. Адолатнинг ўғли Абдураҳим ҳам бамаъни бола.
— Мен бошқа рўзғор қилмайман, сизниям ёлғиз ташлаб кетмайман ҳовлимизни ҳувиллатиб, — деди келин яна ўша оҳангда аввалгидек қайсарлик билан ер чизиб.
— Нега ёлғиз қолар эканман, уста кенжа ўғли Аброрга келин туширмоқчи, ўртанчаси Асрорқул иморатига энди пойдевор қўяяпти, тўй устида туришипти. Иморатни тўхтатиб, Асрорқулнинг бизникига кўчиб келишини ўзим айтдим. Оқибатли одамлар, ҳовлини обод қилиб туришади. Ўн беш-ўн олти йил ҳадемай ўтиб кетади, ўғлингни уйлантирсанг, яна ота ватанига қайтиб келиб, ҳовлига эгалик қилаверади, васиқани ўғлингнинг отига ҳужжатлаштириб қўйганман. Мен бир пишган ош бўлсам, «пуф» этиб омонатини топширсам, орқамда сен суянчиқсиз қолсанг, икки кўзим очиқ кетади болам, менга йўқ дема?
Энди келиннинг гап қайтаргудек ҳоли қолмаган, пиқ-пиқ йиғлашда давом этарди.
— Гап шу келин, сени шу жойга битишамиз, ҳозирлигингни кўр. Шуни айтиб полвон суҳбат тугаганини билдириб, оғир гавдасини кўтариб туриб кетмоқчи бўлди. Лекин Шоира ҳамма ишнинг аллақачон майда-чуйдасигача ҳал қилиб қўйилганидан, энди қаршилик кўрсатишнинг бефойдалигидан ўпкаси тўлиб, бошидан рўмолини юлқиб, икки қўли билан юз-кўзига босиб уйдан ҳўнграб чиқиб кетди.
Оқшом сигир ҳам соғувсиз қолди. Кечки овқатни жимгина ейишди, тўғрироғи, келин қайнота ва ўғлига овқат сузиб келди, рўмолини юз-кўзи аралаш боғлаган кўйи, бурнини тортиб, кўз ёшини арта-арта қошиқ билан боласига овқатини едирди-да, ўзи туз ҳам тотмади.
Эртаси куни чол одатича намоз ўқигани турганида, даҳлизда ҳар доимгидек илиқ таҳорат суви тайёр турар, келини оғилхона томонда куймаланар эди.
Ҳамдам полвон сабр-тоқат билан келинининг ўзига келиб олишини кутар экан, у ҳовлида юрганида илгариги шодмон кунлари, ўғли, кампири кўз олдидан ўтар ва дили вайрон бўлар эди: Турдимурод ҳовлида, томорқада иш қилганида, келин ҳам одмироқ кийимларини кийиб эрига кўмаклашар, эр-хотин гангир-гунгир иш қилишиб, экин-тикинга қарашар эди.
Уч-турт кун ўтиб келин яна аввалгидек рўмолини сочининг орқасидан танғий бошлади, рўзғор ишларини ҳалиям аввалгидек ўрнига қўйиб қилар, лекин ҳаракатлари вазминлашган, аввалгидек шаҳд билан иш қилмас, энди кўз қарашларида ҳам қандайдир маъюслик зоҳир эди.
У энди қайнотасининг қарорига, тўғрироғи, тақдир ҳукмига бўйин эгган эди. Ҳамдам полвон қўшниникига кириб ўтди-да, бўлган гаплардан хабардор қилиш учун шаҳарга, қудалариникига йўл олди.
Келаси шанба ўттиз чоқли эркак-аёл йиғилишиб, кичиккина маросим ўтказишди, ош дамлаб, Шоирани янги хонадонга кузатишди…
Уста Расулнинг кенжа ўғли кечаси полвон ётган меҳмонхонанинг ёнидаги уйда ётар, чолдан хабар олиб турар, чол эса унинг қораси кўриниши билан «ётавер» деб ишора қиларди. Қўшнининг уйидан ҳар қозон қайнаганда чолга ҳам овқат олиб келишар, деярли ҳар куни кечқурун уста ётар маҳалгача уни ёлғиз қолдирмасдан гурунгга келар, кечки овқатни кўпинча бирга қилишар эди. Уч-тўрт кундан кейин полвон устанинг ўғилларидан келини тушган хонадонга сигир-бузоқни ҳам етаклатиб бериб юборди. Қўйни эса уста ҳовлисига ўтказиб, cурувга қўшиб қўйди.
Ҳафта-ўн кун чамаси ўтиб, Абдураҳим машинасида Шоира билан неварасини, уларга қўшиб ўзининг қизчасини ҳам олиб келди. Шундан кейин баъзи-баъзида гоҳ биргаликда, гоҳ аввал Шоира болалар билан келиб уйни йиғиштириб овқат қилар, Абдураҳим эса кечроқ келиб оқшомлашиб кетишадиган бўлишди…
Уч-тўрт ой шу алфозда ўтди. Ҳамдам полвоннинг тушларига энди тез-тез ўғли Турдимурод ва кампири кириб чиқадиган бўлди. «Фурсат бўлди-ёв, энди омонатини топширсам ҳам бўлар», деб ўйлади чол. Орада бир муддат Абдураҳим билан келинидан ҳам дарак бўлмади. Бир куни эрталаб, катта йўлга чиқди-да, машина кира қилиб, Учтутга борди.
— Вой, полвон бува, шунча пайтдан бери шу ердаям бир қизим, невараларим бор, деб бир келай ҳам демайсиз-а, — ҳам гина, ҳам ҳурмат билан чолни қаршилади Адолат хола. — Ассалому-алайкум, бардаммисиз? Ахир, домла билан эски қадрдон эдингиз, келадиган жойингиз. Раҳматли чол ҳаётлигида ўзингиз қуриб берган тандирингизгаям ўн йилдан ошипти. Ҳали-ҳанузгача бузишга одамнинг кўзи қиймайди, бир қўлтиқ ўтин билан қизаради-қолади.
— Ҳа, Адолат, ўн йил-а. Бу дунё дегани кўп ғалати экан-да. Домла мендан роппа-роса ўн ёш кичик эди. Мен эса мана, ҳалиям тупроқдан ташқарида юрипман.
— Энди илож қанча, Турдимуроджоннинг умриниям Азимжонимга қўшиб берган бўлсин. Абдураҳим ўғлимниям ўз ўғлингиз қатори кўринг, полвон бува, биз ҳаммамиз сизнинг дуойи-жонингиздамиз.
Меҳмон келганидан хабар топган Шоира Азимжонни етаклаб келиб қолди.
— Бува, у киши — Садоқатнинг дадаси уч-тўрт кунга сафарга кетган эдилар, — ийманиб деди Шоира, — сиздан хабар ҳам ололмадик.
— Ҳечқиси йўқ, қизим, мендан хавотир олманглар, — деди Ҳамдам полвон бобосига келиб ўзини ташлаган неварасини бағрига босганича, — сизлар тинч бўлсанглар, бўлди.
Таом тортилди, еб бўлиб гурунглашиб туришган эди, уй эшиги очилиб Абдураҳимнинг қизчаси кириб келди. Китоб-дафтари солинган жилдни ва яна қандайдир бир қора пакетни пойгакдаги стол устига қўйиб, хонтахта олдига ўтди, қўлида нимадир солинган салафан халтача ҳам бор эди. — Ассаломалайкум, — деди. Чолнинг олдидан ўтаётганда полвон қизчани пешонасидан ўпиб қўйди.
— Ҳа, Азимжон, яхшимисан, — болалар кулиб «қарс» этиб бир-бирларига дўстона қўл ташлашди. Кейин қизча Шоиранинг олдига чўкди-да, икки қўли билан унинг белидан қучоқлаб олди, Шоира ҳам меҳр билан қизчанинг елкасидан қучиб, ўзига тортди.
— Қўлингдаги нима, қизим?
— Ҳм, буми, ўсма.
— Қаердан олдинг?
— Ҳилоланинг бувиси берди.
— Ахир, ўсма ўзимизникидаям бор эди-ку, сен учун атайлаб экканман. Пакетингдаги нима? — пойгак томонга ишора қилиб сўради Шоира.
— Ўрик, униям Ҳилоланинг бувиси сизга бериб юборди.
— Ҳа, жовпазак пишиптими?
— Кейин-чи, ойижон, — қизалоқ жуда муҳим бир гапни айтаётгандек кулгили алфозда кўзларини катта-катта қилиб деди, — Ҳилоланинг бувиси сизни «Умридан барака топсин шу келинчак, жаннати аёл экан» деди. “Жаннати” нима дегани, ойижон? — қизалоқ шу гапларни айтиб Шоирага қаради. Қизчанинг оғзидан ўз шаънига бировлар томонидан айтилган мақтовдан келин ўнғайсизланди, уни бу аҳволдан Адолат хола кутқарди:
— Жаннати дегани сенга она бўлгани бўлади, билдингми? Устингни алмаштиргинда, қўлингни ювиб кел, ойинг овқатингни сузиб беради.
— Ўсмангни супага ёйиб қўйгин, сўлисин, — деди Шоира қизчани қўли билан ўзига қаратиб, — овқатингни еб бўлганингдан кейин ўзим сенга қўйиб қўяман, хўпми? — қизалоқ хушнудлик билан кемшик тишларини кўрсатиб кулиб бош ирғади.
Полвон аста келинига назар солди, унинг юзига соя солган аввалги ажинлари йўқолган, юзлари тўлишиб, қизиллик югурганини илғади. Лабларининг бурчида худди аввалги саодатли пайтларидагидек ним кулгига, табассумга мойиллик пайдо бўлган, баъзида чолга тушган нигоҳида эрка қизнинг ўз отасига бўлганидек меҳр, ўзининг бугунги тўкис ҳаёти учун чолга миннатдорлик белгилари кўринар эди.
«Мана, бу оила ҳам бут бўлди, келин ҳам ҳаловат топди. Болаларимдан хотиржам бўлсам ҳам бўлади», деган хаёллар билан полвон Адолатнинг «Кечки салқин билан кетасиз» дейишига ҳам қарамасдан, кетишга чоғланди.
— Сигирни сотсаларинг ҳам бузоғини йўқотманглар, худди сигирнинг ўзидек говмиш бўлади, Адолат, — деди чол хайрлаша туриб.
— Сигир жониворгинаям кони-хазина экан, оғзи-бурнимиз мой, полвон бува. Келиним ҳам сигирни иккита қиламиз, деяпти.
— Адолат, болаларимни сизларга, сизларни Худонинг паноҳига топширдим.
— Хотиржам бўлинг, полвон бува, болаларингизни ўзимнинг болаларимдай асрайман. Келин келиб уйимга яна файз кириб қолди, уйдаги бир неварам иккита бўлди. Ҳай, полвон бува, жуда узоқлаб кетмай тез-тез кеп туринг, — деб хайр-хўшлашди Адолат, — келин, бувангизни кузатиб қўйинг.
Дарвоза олдида қайнота-келин бир муддат жим туришди, кейин полвон энгашиб неварасини ўпди.
— Энди сендан хотиржамман, шу ерда палак ёзгин, келин, — деди-да аста узоқлашди.
Икки кун ўтиб полвоннинг кечаси мазаси бўлмай чиқди. Уста эрталаб хабардор бўлиб, қишлоқ амбулаториясидан врачни, кейин тез ёрдамни чақирди. Лекин Ҳамдам полвон касалхонага боришга кўнмади, врач буюрган уколларни олишга ҳам аранг унади. «Ўзим айтмагунча Шоирага хабар берманглар», деб устага тайинлади. Унинг аҳволи яхшиланмади, ётиб қолди, лекин чол хотиржам кўринарди. Икки кун ҳеч нарcа татимади, фақат аҳён-аҳёнда бир қултум сув ичиб, томоғини ҳўлларди, холос. Кўзи очиқлигида лаблари овозсиз пичирлаб калима ўгирар, кўзи юмилиб пинакка кетганда эса ўғли ва кампири билан гаплашарди. Уйқуси қочганда «Азизларим, мана ҳадемай мен ҳам сизларнинг олдиларингизга бориб қоламан, оз қолди» деб қўярди. Деразадан қўшнининг ўғиллари ҳовлини тартибга келтириб, бўяб-оқлай бошлашганини кўриб, устага «маъқул» ишорасини қилди. Учинчи куни эрталаб, келинига хабар беришди, сартарошни чақиришди. Шоира боласи билан етиб келди, қайнотасининг аҳволидан кўзига ёш олганини кўриб:
— Мен ошимни ошаб, ёшимни яшадим келин, ўлсам ортиқча йиғи-сиғи қилиб, ўзингни кўпам уринтирма, — деб тайинлади. Кун оққанда яна пинакка кетди ва шу кўйи кўзини очмасдан, кун ботар-ботмас узилди…
Маъракаларни уста Расул ва Абдураҳим биргалашиб ўтказишди. Марҳумнинг йигирмасини ўтказишгач, иморатнинг чол-кампир турган томонига устанинг ўғли Асрорқул оиласи билан кўчиб ўтди.