Оқ атиргул
Бир дона гул эди у.
Ҳали очилиб улгурмаган. Уринмаган, барглари қатида шудринг томчилари ялтирайди. Нимадандир безовтадек япроқлари титрайди. Боши бир томонга салгина эгилган, уялгандек…
Мен уни тўсатдан кўриб қолдим. Очиқ дераза чамбарагидан ўтказиб, токчага кимдир қўйиб кетган экан. Ҳа, узгану ўша заҳоти олиб келган. Унинг туйғулари покизалиги сезилиб турибди. Балки у менинг содиқ шогирдимдир, балки йиллар давомида айтилмай қолиб кетган муҳаббат эгасидир, балки ёнимдаги дўстим, фарзандимдир.
Кўзларимни юмиб тўйиб-тўйиб ҳидладим. Хаёлан оқ гуллар оғушида эдим.
Гул — ноёб совға. Унинг ифоридан кўнглим кўтарилиб кетди, осмонларда учиб юргандек бўлдим. Дарвоқе, бугун байрам-ку!
Қалбимга шодлик олиб келган эй, оқ атиргул, сенга тасанно! Дунё шодлигини инъом қилган эй, азиз инсон, сенга офарин!
Бир-биримизга гул совға қилайлик, оппоқ атиргул, дегим келди яқин-йироқларимга…
Пуштиранг лола
Борлиқ гулга кўмилган, кўнгиллар яйраган баҳорнинг ажиб бир куни эди. Ҳа, ўша куни Жасур биринчи марта Раънога гул берди. О, у гуллар. Табиат бундай гулларни фақат бир марта яратган бўлса керак. Раъно гулларни кўп кўрди, лекин ўшандай гулни бошқа учратмади. Чунки… чунки у гуллар оғушида… бир кишининг қалби ҳам бор эди-да.
Баҳор ўтди. Пуштиранг лолалар қуриб, хазон бўлди. Аммо улар ўзи билан бирга Раънонинг қалбига олиб кирган серташвиш баҳор абадий қолди.
“Баҳор сенга ўхшайди”
Баҳор яқинлашаётган эди. Осмон ёришиб, илиқ шабадалар кўнгилга илиқлик олиб кирган, қалин кийимлар оғир туюла бошлаган кунлар эди. Сайёра шамоллаб ётиб қолди. Иситмаси кўтарилиб, ўзини ёмон ҳис қила башлади. Дўхтир чақиришди.
— Грипп, — хушқомат дўхтир қиз стулга омонатгина ўтириб, қоғозга керакли дориларни ёзиб берди. Дори-дармонлар ўз кучини кўрсатди. Тўртинчи кун деганда Сайёра соғайгандек ҳис қилди ўзини. “Ишга чиқиб кетгунимча уйларни йиғиштириб олай”, деган ўй билан шкафларнинг чангини арта бошлади. Жавондаги китобларни тартибга келтираркан, қайсидир китоб орасидан бир гулдор расм қоғоз сирғалиб, гилам устига тушди.
Сайёра аввал расмни томоша қилди: баҳорнинг илк кунлари манзараси тасвирланган. Энди куртак ёзаётган дарахтлар ва яшилланиб келаётган далалар. Сайёранинг қалбига илк баҳор шабадаси урилгандек бўлиб, юзи ёришиб кетди. Бепарволик билан орқадаги ёзувни ўқиди. Бир жумла ёзув: “Баҳор сенга ўхшайди”. Сайёранинг кўз ўнги қоронғилашиб, жавонга суяниб қолди. Эҳ-ҳе, қачонлардир ёзилган бу оловли сўзлар. Минг йиллар олдин. Минг йиллар олдин унутилган хотиралар уйғонди. Ҳа-ҳа, Азамат 8 мартда берган эди буни. Олам гуллар оғушига кўмилган жозибали кун эди, ҳамма нарса бошқача эди. Ҳатто, қуёш ҳам ёрқинроқ эди ўша куни.
Талабалар лола сайлига чиқишди. Бир қучоқ лола кўтариб келаётган Азамат лолаларни ташлаб юбордию Сайёрага қараб қичқирди: ”Сайёра, қимирлама, тўхта, шу туришингни чизай!”. Бинойидай расмлар чизадидиган бу шоиртабиат йигит анчадан бери Сайёрани зимдан кузатар, нимадир демоқчига ўхшаб юрарди. Азамат Сайёранинг бошига гулчамбар кийиб, каттакон харсанг устида жилмайиб турган расмини чизди. Расмни Сайёрага бермай, ўз хонаси деворига осиб қўйди.
Улар бахтли бўлишлари мумкин эди, ҳатто, бахтли ҳам эдилар. Мана шу откритка ўша соғинчларга тўлиқ кунларда ёзилган эди. Лекин, Азамат… эҳ, Азамат. У яна кўп қизларнинг расмини чизди. Охири биттаси билан…
Сайёра жуда кўп куйди. Дунё кўзига тор бўлиб, олам рангини йўқотганга ўхшаб қолди…
Эшик тақ этиб очилиб, Сайёранинг хаёли бўлинди. Сўнг ўғли Илҳомжоннинг овози эшитилди:
— Онажон, қаранг, нима олиб келдим.
Сайёра даҳлизга югуриб чиқди. Ўн етти ёшга қадам қўйган бўлса-да, ҳар нарсага ёш боладек қувонадиган Илҳомжоннинг дадасиникига ўхшаш жингалак сочлари тўзғиб кетган, қулида бир сиқим ялпиз ушлаб, кулиб турарди. Хонани ялпизлар ифори тутгандай бўлди.
Сайёра шу қадар севиниб кетдики, ҳозиргина уни дилгир қилган хаёллар ўрнини мусаффо туйғулар чулғаб олди. Энтикканча ялпизни ҳидладию ўғлининг пешонасидан ўпиб, шивирлади:
— Сен баҳордан ҳам, ялпиздан ҳам, ҳамма нарсадан яхшисан, ўғлим!
Сайёранинг кўзларидан севинч ёшлари оқар эди. Илҳомжон эса дам оёқлари остида йиртилиб ётган откриткага, дам онасига қараганча ҳеч нарсага тушунолмай ҳайрон турарди.
Бинафша
Дилбар шу баҳор ўн саккизга тўлди. Унинг орзиқиб кутганини сезгандек, бу йил баҳор эрта келди. Февралнинг ўрталаридаёқ кўклам ҳиди димоққа урила бошлади. Оғир, тунд қиш булутлари увададек тўзиб, осмон кулранг тусдан феруза рангга ўтди. Қиш кунлари нечоғли рутубатли, қорамтир бўлса, баҳор яқинлашган сайин ҳаммаёқ ёришиб кетди. Осмоннинг узоқ-узоқ уфқларга туташган этакларигача тозарди. Кунлар узайиб, тонг қиш кунларидагидек бемалол эмас, шошиб-пишиб, эртароқ отадиган бўлди.
Ана шу кунлар, яқинлашаётган кўклам нафаси юракни қитиқлайди. Кишида ажиб ҳислар уйғотади. Айниқса, ўн саккиз ёшли қиз қалбида. О, оламда унинг орзуларидан гўзалроқ, унинг қалбидан қудратлироқ куч топилармикан?
Дилбар шу баҳор ўн саккизга тўлди. Унинг нозиккина гавдаси хиёл тўлишди, қоп-қора шаҳло кўзларида жиддийликми, интиқликми, шунга ўхшаш янги маънолар пайдо бўлди. Елкасига тушириб қирқилган қалин сочларини ихчамгина турмаклай бошлади. Энг сўнгги урфда бели тор, этаги кенг кўйлаклар тиктирди. Авваллари дугоналари билан кўча айланиш, кинога тушишни яхши кўрарди. Энди эса кўпроқ ҳаёл суришни, бўш қолди, дегунча китоб ўқишни одат қилди.
Дилбарнинг бугун тонгда уйқуси қочиб, саҳарлаб туриб олди. Кифтига иссиқ кофтасини ташлаб, дераза олдидаги стулга ўтириб, ҳовлининг ярмини эгаллаган боғларни кузатганча хаёлга толди. Унинг кўз олдига яна ўша қоп-қора туташ қошли, кўзлари кулиб турадиган шоир йигит келди.
Дилбар уни бор-йўғи икки марта кўрган. Биринчи марта мактабни битираётган йили ўтказилган адабий кечада кўрганди. Ўшанда у шундай шеърлар ўқиган эдики, гўё шеълар Дилбарга бағишлангандек эди. Иккинчи марта автобусда, шундоққина ёнма-ён, кифтлари кифтларига тегай, деб турган. Аммо Дилбар шунчалик ўт бўлиб ёнганки, ҳаяжонланганидан лоақал бирор марта юзига тикилиб қарай олмаганди. Бошқа учратолмади. Тошкентга кетган дийишди. Балки ўша ёқларда…
Дилбар ўрнидан сакраб турди-да, эшикни шахд билан очиб, ҳовлига яланг оёқ тушди. Шундоқ дераза тагига экилган бинафшалар ёнига келиб, тиз чўкди. Эндигина лаб очаётган бинафшалар орасидан кичкинагина бўлса ҳам тўлиқ очилган бир донасини узиб, лабларига босди.
— Сен келдингми, мен сени қанчалик кутдим. Соғиниб кутдим.
Дилбарнинг кўзларида ёш йилтиллади. У бинафшани авайлаб тутганича уйга кирди. Кичкинагина гулдонга солиб, унга термулиб қолди. Бинафша эмас, азиз кишиси билан дийдор кўришгандек кўнгли ёришди, хушнуд кайфиятда кўзи илинганини сезмай қолди. Туш кўрибди. Тушида ўша шоир йигит Дилбарга бир даста бинафша тутиб турганмиш.
Ўн саккиз ёшли қиз тушига нималар кирмайди дейсиз. Умрнинг гўзал фасли ширин ҳислар, гўзал туйғулар билан ҳамоҳанг, деб шунга айтсалар керак-да.
Дилбар шу баҳор ўн саккизга тўлди.