Ўсмир ўн олтига қадам қўйди. Беқарор ҳаёт, мўъжизакор табиат бошқача кўрина бошлади. Ўзини тушунадиган одамнинг суҳбатига интиқ бўла бошлади. Ким бўлса ҳам майли… Лекин ким у? Ўнидаги одамларми? Улар бепарво, лоқайд. Тириклик ташвишларига кўмилиб қолишган. Тенгқур ўртоқлари, синфдошларими? Йўқ…
Кундан-кунга ўжарлашиб, одамовига ўхшаб қолди. Фақатгина китоблар унинг содиқ сирдоши, ажралмас ҳамроҳи эди. У стол устида турган «Физика»га қараб қўйди. Ўта мураккаб, қора ҳарфларга бурканган физика қонунлари у ўқиган ажойиб фантастика оламига кўпам яқинлашавермасди.
Эйнштейн… «Табиатдаги ҳамма нарсалар нисбийдир. Борлиқ нисбий…». У қачон буни сезиб қолган, қай ҳолатда иқрор бўлган?
У ўзи кашф этган оламда танҳо эди…
У стол устига кафтларини тираганча ҳовлига назар ташлади.
Бу уй тўсатдан кириб қолган одамга сирли қасрдай кўриниши шубҳасиз. Отаси рассом эди. Рассом бўлгандаям донғи кетган, таниқли рассом эди. Ўғли отаси чизган рангтасвирларни яхши кўрар, отаси билан фахрланарди. Энди у пайқаган воқеалар шундай ҳашаматли хонадонлариниям кўзига ғамгин ва ғариб кўрсатарди.
Отаси бошқа бир аёлни севиб қолганди. Ўғли унинг феълини яхши билса-да, одамови бўлиб қолганининг сабабини ана шу севгига боғлади.
Отасининг қизиқ одатлари бор. Ўзи ётадиган хонани доимо қулфлаб юради. Ҳеч кимни киритмайди. Гоҳида онаси ётоқхона чангларини артиб чиқади холос, укалари бўлса эшик яқинига йўлашмайди ҳам.
Отаси ётадиган ўриннинг бош томонига чиройли аёлнинг сурати илинган. Аввалига, бола уни шунчаки яхши ишланган санъат асарларидан бири деб қаради. Отасининг тунги юришлари, ичиб жазавага тушганда ҳамма нарсадан камчилик топиб онасига ўдағайлашлари, ҳали гўдак укаларини зириллатишлари, сўнг эса ўша сурат қаршисига бориб қадалиб қолишлари, шундан кейин ювош тортиб ухлашларини ўзича кузатган ўсмир аниқ хулосага келди. Отаси худди шу суратдаги аёлни севиб қолганди.
— Бечора онамнинг айби нимада? — деб ўйлади у. — Гуноҳи ўқимаганлигими? Кеча-ю кундуз отамнинг инжиқликларини кўтариб, келди-кетдисига қараганими? Ҳаттоки, аёллар ҳам уйга келиб машқларини кўрсатиб кетишади. Онаси бечора уларниям бетаъма, малол келмай кутиб олади, кузатиб қўяди. Бу аёл ҳам иккита расм чизиб: «Илтимос, шуни қараб беринг», — деган. Отаси эса у чизган суратдан ҳам кўра, унинг чиройига маҳлиё бўлиб қолган.
— Ҳайвонлар суратини чизишни яхши кўраман, — деган аёл расмларини узата туриб, — манави тулки билан хўроз. Икковиям овга чиққан.
— Боплабсиз, — телбаларча тикилган отаси, — жуда чиройли чиқибди. Икковиям емиш илинжида йўлга чиққан. Ва кутилмаганда учрашиб қолишган. Тулки хурсанд, хўроз эса… Ҳм..: Яхши…
— Ўтиринг, сизнинг суратингизни чизаман, — деган отаси.
Омади келган жувон оромкурсига ялпайиб ўтирақолган. Чиройли кулиб берган. Таниқли рассом болаларига, хотинига меҳрсиз эканини мана шу девонавор қилиғиданоқ билиб олган…
Бола ўрнидан туриб, каравот суянчиғига тиралганча ингранди. Бу олифта хотин олдида ўзларининг нечоғли таҳқирланганини, отасининг қанчалар ожизлигини кўз олдига келтириб беихтиёр йиғлагиси келди… Эҳҳ, ҳамманинг назарида фаровон, тўкис туюлган ҳаётга минг лаънат. Онаси эса бунча содда, бунча гўл бўлмаса. «Ҳеч нарсани сезмайдиям, — ғазаби келди, — балки, сезар… Болалари учунгина эрининг хиёнатига кўниб яшар».
Бу — даҳшат. Боланинг кўзлари катта-катта очилганча девордаги бир нуқтага тикилиб қолди. Отасига нисбатан тенгсиз нафрат дилини ўртади. Қанийди, мактабни тезроқ тугалласа-ю, бир чоғроққина кулба бўлсаям топиб, онасини, укаларини олиб бу уйдан кўчиб кетса.
Бироқ ҳозир ўзининг иложсизлигини, онаси сингари ожиз эканлигини тан олиб баттар сиқила бошлади. Эсини таниганидан буён отаси улар билан бир дастурхонда овқатланмайди, очилиб гаплашмайди. Ота бўлиб болаларини суймайди, эркаламайди. Отаси ҳовлига кириши биланоқ укалари ўйинларини йиғиштириб қочиб қолишади. Яхши еб-ичиш, кийинишу мол-дунё деб онаси отасига қарши ҳеч нарса деёлмаслигини ҳис этиб, бола қийналади.
Отасининг яқин дўсти Юсуф амакининг бир гапи эсига тушди: «Катта ўғлинг онасига ўхшайди, худди онаси-а, қўйиб қўйгандай, ё тавба».
— Ҳим, — отасининг ёқимсиз овози эшитилади. — Ўхшамай қаёққа борарди… Қўй… шуни эслатма ҳозир…
Боланинг алами келди. Каравотга ғужанак бўлиб ётиб олди.
— Анвар…
Каттакон гулли товоқда қовурдоқ кўтарган онаси кириб келди. Овқатни столга қўйиб, ўғли ёнига ўтирди. Ҳозиргина сузилган овқатдан хонага ёқимли ҳид тараларди.
— Ҳалиям ётибсанми, болам, — кафтини ўғлининг пешонасига босди, — ҳеч қаеринг оғримаяптими?
— Йўқ, ҳеч жойим оғригани йўқ.
— Ҳозир ўсадиган, суягинг қотадиган пайт, яхши овқатланиб, ўзингга қараш ўрнига, кундан-кунга озиб кетаяпсан…
Бола онасининг қўлларидан тутиб кўзларига термулди.
— Онажон! Сиз бирам яхши, бирам яхшисизки…
— Ростдан-а? — онанинг юзлари қувончдан ёришиб кетди.— Биз жуда бахтлимиз. Ҳамма нарсамиз етарли. Соғмиз. Қорнимиз тўқ. Истаган нарсангни олиб беришга қурбимиз етади. Ўғлим, сен ҳали ёшсан. Фақат яхши ўқишни ўйла. Овқатингни евол, совиб қолади, — кетишга чоғланди у.
Онажоним… — маъюс термулиб қолди бола. Юраги ғашлангани боис беихтиёр тезроқ кеч тушишини, тун бўлишини истаб қолди. Жимлик, сукунат, қоронғу тун ва тушлар унинг ёлғиз овунчи эди. Фақат тушларидагина бир чиройли, фариштамисол гўзал нигоҳ уни авайлаб олиб юради, бир меҳрибон қўл силаб-сийпаб, суйиб-суйиб эркалайди. Сўнг, ширали овозда эртаклар айтиб беради. Шунақанги ажойиб эртакларки!.. То эсини таниганидан буён бу шарпа унинг севимли ҳамроҳи. Унинг эртаклари тонг ёришгач, уйқудан туриши биланоқ бутунлай ёдидан кўтарилади, ҳарчанд урингани билан ҳеч эслолмайди. Гўёки қуёшнинг бешафқат нурлари унинг жозибадор мўъжизакорлигини кўмиб ташлайди. Гўёки уларни ёлғонга айлантиради. Худди ҳеч қачон улар бўлмагандек…
Тўғри, онаси тушидаги ўша меҳрибон аёлдек яхши эртак айтолмайди. Шундоқ бўлса ҳам онасини жуда яхши кўради. У ёзувчи бўлади. Ёзганларини эса ҳеч кимга кўрсатмайди. У фақат ўзи учун ёзади. Бу дунёнинг зиддиятларини ўзича ечгандан сўнг, уларни қоғозга туширади.
Муҳаббат, севги ҳақида эса ҳеч қачон ёзмайди.
Замон яралгандан буён муҳаббат энг олий туйғу деб қаралган. Уни бошидан ўтказгандан кўра, ҳис эта билмаган одамлар тўлиб-тошиб ётибди дунёда. Модомики, севги телбалик, девоналик, оиласига нисбатан бефарқликни келтириб чиқарар экан, яхшиси бу туйғудан бегона бўлган маъқул. Ундан қочиш керак. Унинг қаҳрамонлари шижоатли одамлар бўлади…
Эртаси куни кутилмаган воқеа юз берди. Отаси хона эшигини очиқ қолдириб, қўшниларникига чиқиб кетди. Анвар югуриб ичкарига кирди-ю, каравот тепасида илинган аёлнинг суратига қаради.
Жуда гўзал аёл. Илҳом билан чизилган. Сурат ёнига эса катта картина илинган. Пастида ёзув «Ой. Ярим тун». Диққат билан тикилди. Манзара жуда табиий чиққан. Қараши биланоқ, киши ўзини гўёки ўша жойда тургандай ҳис қилади. Ғамгин дарахтлар. Катта-катта, шапалоқдек барглар оралаб ойнинг ёғдуси зўрға ерга интилади. Ой нурлари бирам кучсиз, бирам ожиз. Боланинг юраги увишди: бунча оғир манзара. Барглар ой ёғдуларини заминдан қизғаниб тутиб олишга ҳаракат қилаётгандай. Дарахт шохлари эса ўзига итоат қилмаётган бебош япроқларидан озорланиб, бошларини айбдорона қуйи эгганди. Ажойиб чизилган. Уф-ф… Нимадир бор… Нимадир… Нигоҳи беихтиёр аёл суратига қадаларкан, хаёлан гаплаша бошлади «Нимага куласан? Бизнинг устимиздан кулаяпсанми? Ё отамни телба, девонавор қилганингдан мамнунмисан? Айт, уни биздан бегоналаштириб нимага эришмоқчисан?!…
Сен… Сен гўзал эмассан. Энг хунук аёлсан дунёда. Минг лаънат сенга. Мен барибир ўч оламан сендан, тинч қўймайман, — бола қачон, қай тарзда қасос олишини ўзи ҳам билмай ўжарона қайта-қайта такрорларди, — барибир ўч оламан»…
Қадам шарпасидан хавотирга тушган бола тезгина эшикка йўналаркан, сўнгги марта тун манзараси чизилган картинага қаради — «Ой. Ярим тун…». Барибир бу ерда нимадир бор. Нима у?
Даҳлизда икки жуфт кўзлар совуқ тўқнашишгач, сўзсиз ўтиб кетишди. Ўсмир сезди — отаси фақат онасини эмас, униям ёмон кўради… Бола ҳали олдинда ўзи учун бундан ҳам изтиробли, нохуш воқеалар борлигини тасаввур ҳам қилолмасди. Бу тўсатдан рўй берди.
Мактабдан айни пешин вақти қайтди. Ҳар доимгидек тайёр овқатни еб, устидан шарбат ичди-да, жавондан «Сирли ҳодисалар антологияси» китобини олиб хонасига йўналди. Дадасининг хонаси очиқ эди, эшикдан секин мўралади. Онаси супуриб, сидириб хонани тозалаётган экан. Ажабо, онаси кутилмаганда ҳўл латтани полга ташлади-ю, қуруқ латта билан стулга чиқди. Сўнг, сўнг… анави..: аёл портрети четларини арта бошлади. Худди шундай бўлиши керакдек. Анварнинг ичидан бир ингроқ келиб, шарт ортига бурилди-ю, ташқарига отилди.
Пайт пойлаб онаси хонадан чиқиб кетишини кутиб турди. Сўнгра… Қулоқлари шанғиллади…
«Онасига ўхшайди, ўғлинг-а, худди онаси…». Ўсмирнинг кўзларига аламли бир ўкинч қалқиб чиқди. Карахт тортган миясига ана шу сўзлар ярқ этиб урилдию, шаҳд бурилиб хонага кирди. Сулув жувон суратига қаттиқ нафрат билан тикилди. Кўз олдида ҳозиргина бу сурат четлари чангларини бепарво, бетуйғу артаётган онаси кўринди.
Йўқ, у онасига ўхшамайди. Умуман, ўхшамайди. Ўхшамаслигини ҳозир исбот этади. Биринчи ўчини олади бу аёлдан, фақат биринчисини. Оппоқ чойшаблар тўшалган каравотга иккиланмай шиппаги билан чиқди-ю, портретни девордан куч билан ажратиб олди. Мушти билан бир уриб рамкасидан чиқарди. Мана, у кулиб турган хушсурат жувонга жуда ҳам яқин келиб қолди, истеҳзоли илжайди.
—Мана бўлмаса, — лаблари аламли бурилиб суратни узунасига шарт иккига йиртди.
Сўнг, яна, яна…
— Тўхта, ярамас… — тоғни титратгудек гулдурак овоздан чўчиб тушди. Отасининг юзлари даҳшатли эди.
— Нима қилиб қўйдинг, ахмоқ, — полда ётган сурат парчаларини қўлига тутамлади, — уни нега йиртдинг, гапир!
Кўзлари ола-кула бўлиб, ўғлига тармашди.
— Гапир, ҳозир сени ўлдираман, ўлдираман…
Ваҳший ҳайқириқни эшитган она ота-боланининг ёнига югуриб келди:
— Вой, нима қилаяпсиз?
Аёл ўғлини ажратиб олиш учун эрининг қўлига ёпишди.
— Қўйиб юборинг дейман, сизга нима бўлди, эҳ худойим-эй…
— Йўқол! — эри тирсаги билан шундай туртди-ки, аёл полга гурсиллаб тушди. Бола икки қўллаб бор кучи билан отасининг кўкрагидан итариб онасига отилди. Уни полдан турғизмоқчи бўлди.
Рассомнинг овози бу сафар йиғлагудек инграниб чиқди:
— Ахир у… ахир… у онангнинг расми эди-ку!!!
Бола полга чўк тушганча қотиб қолди. Онаси эса:
— Барибир айтдингиз-да шуни, — дедию йиғлаганча ташқарига чиқиб кетди.
Рассом бошини қўллари билан чангалланганча стулга ўтирди.
— Бу сурат энг ноёб нусха эди. Унинг қанчалар қимматли эканини билсайдинг-а, номард! — ўзига ўзи гапиргандай давом этди у, — уни ўзига қараб чизган эдим. Худди мана шундай қаршимда ўтирган эди. Ўшанда у қанчалар бахтли эди. Биз сенинг туғилишингни кутардик. У етим ўсган эди. Қисмат энг аччиқ синовларни кичкиналигиданоқ унинг бошида синаб кўрган эди… Яхши яшашга, яшагандаям жуда бахтли яшашга ҳаққи бор эди. Унинг учун кучимни аямадим. Пулдор одамларнинг буюртмаларини, портретларини кечаси билан чизиб чиқардим. Шундай кунларнинг бирида у секин ортимдан келиб ёнимга ўтирган. Фақат пул учунгина жон куйдираётган карахт кўзларимга, чарчоқ вужудимга гўё таскин, куч, ором бермоқчи каби сенинг туғилишинг яқинлигини эслатган. Кейин, кейин шундай чиройли табассум қилди-ки… Ҳамма нарсани йиғиштириб, онангнинг портретини чиза бошладим.
Рассом полда ғужанак бўлиб ўтириб қолган ўғлига қаттиқ тикилди.
— Мен энди ҳеч қачон бунақа сурат чизолмайман. Сен менинг ёлғиз қувончимдан жудо қилдинг!
Яхшиси… сен туғилмаслигинг керак эди… У қанчалар қобилиятли эди. Агар ҳозир тирик бўлганда ажойиб ёзувчи бўларди. Шундай ҳикоялар ёзарди-ки, гўё шеърга ўхшарди, — рассом гўё аламли, ўта қайғули жудолик йиллари орасида зўр бериб, машаққат билан энг ёрқин дамларини териб олаётгандек тўхтаб-тўхтаб гапира бошлади:
— Ўзимни қийнаган аллақандай, номлаб бўлмас дардларни, ҳаётнинг энг мураккаб пайтларини ўз-ўзимча таҳлил этаман, маъносини англагач қоғозга тушираман, дерди. У ёзарди, мен эса чизардим, у менга ранглар танлаб берарди. Биз қанчалар бахтли эдик. Гўё иккимиз бир одамдек эдик. Бундай бир хил табиатли одамларнинг топишиши, озод, ҳеч озорсиз муҳаббат дунёсини қуриши, биласанми, ер юзидаги жуда кам инсонларгагина насиб этган. Сен уни мендан жудо қилдинг. Сен менга умуман керакмассан!
Рассом вужудига аллақандай даҳшатли куч қуйилиб, кўзлари олайиб кетди. Ўғлига девонавор тикилди.
— Сен уни икки маротаба ўлдирдинг, биринчисида кечирувдим, бу сафар бу қотиллигингга яраша жазо оласан. Мен сени ўлдираман!
У телбаларча кела солиб ўғлини бўға бошлади. Итоаткорона, ҳайратли кўзлар билан бу дунё аллақачон ўзи учун барибирга айланган, сабр косаси тўлган ваҳший нигоҳлар учрашдилар. Шунда… Кутилмаганда рассомнинг қўллари шалвираб тушди. Шарт бурилди-ю, тўсатдан дераза томон интилди.
— Ув-в-в…
У энди одам эмас эди. Инсон қиёфасидаги шер эди. Шер бўлгандаям сайёд томонидан энг нозик жойидан яраланган шер эди. У энди бу тор хоналарга сиғмасди…
Алламаҳал, ярим тунда қайтган рассом ҳар доимгидан ҳам баттар тунд, ўжар қиёфада эди. У секин, шарпадек юриб ўғлининг хонасига кирди. Хона ёруғ эди. Каравот тепасига келди. Рассом эгилиб унинг юзларига тикилди. Ухлаганда ҳам чеҳраси ўкинчли, норози эди. «Йиғлабди, болам бечора, қовоқлари шишиб кетибди».
Рассом неча йилдан буён ўғли иккаласи орасида ёқимли яқинликни ҳис этди. Бола қадрдон, азиз туюлди. Беихтиёр уни қучоқлагиси, сочларидан силаб, эркалагиси келди. Лекин уйғотиб қўйишдан чўчиди. Кўз-кўзга тушса яна қандай ҳолат юз беришидан хавотирланди.
Энди эътибор қилди, бола сурат парчаларини шундай ёпиштириб чиқибдики, узоқдан қаралса ҳечам билинмайди. Ёнига бориб синчиклаган кишигина сезиши мумкин, ғижимлариниям текислабди!
Кулимсиради. Четларига ялтироқ қоғоз қилиб, деворга осиб қўйди. Сўнг, ўғлининг ёстиғи тагидан учи чиқиб қолган қоғозни қизиқсиниб тортиб кўрди. Худди шундай қиёфа чизишга ҳаракат қилибди. Аламми, ўкинчми, алланимадир халақит қилган. Йўқса, ўхшатарди. Рассом бу ишни ўғли эплай олишига астойдил ишонди. Чироқни ўчириб, тунчироқни ёқди. Стулни ўғлининг каравотига яқинлаштириб ўтираркан, миясига хотиралар қуйила бошлади…
Эслади. Оппоқ палата. Ёлғиз каравот. Хотинининг сўнгги кунлари… Олдинига кўп гаплашишга рухсат этишмади. Сўнг, сочларига оқ оралаган ўрта ёшли дўхтир:
— Майли, қанча мумкин бўлса шунча гаплашаверинг, — деб шарт бурилиб жўнаб қолди. Рассом сезди. Унинг кўзларида ёш бор эди. Отилиб кириб, хотинини бағрига босди.
— Келдингизми? Худога шукур, — хотини дардли пичирлади.
Сўнг у негадир равон гапира бошлади:
Тузалишим қийин…
— Ундай дема. Ўтинаман, ёлвораман, унақа демагин…
— Ўлсам кўп йиғламанг, сўз беринг менга, касал бўп қоласиз. Кейин… Сиз уйланинг, хўпми?
— Гапирма… керакмас, — ингради эри, — агар сенга бирон нима бўлса, мен ҳам яшай олмайман.
— Йўқ, гапимни бўлманг. Дўсту душманларингиз олдида хор бўлишингизни, ҳовлимизда фақат сукунат билан ғам яшашини хоҳламайман. Болаларингизнинг қийқириб кулишларини истайман…
У оғир-оғир нафас ола бошлади. Гапириш қийин бўлаётганди. Кейин тўсатдан эсига тушиб:
—Ўғлимни кўргим келяпти. Уни авайланг, исмини Анвар қўйинг. Нур дегани. Маъюс отларни ёмон кўраман… мен энди борай…
Қўллари шалвираб тушди…
— Йўқ, — рассом ўкирганча унга ташланди, — кетма!
Шундан сўнг, у уч йил уйдан ташқарига чиқмади. Уй ишхонага айланди. Қоғоз, қалам, бўёқ, ранглар унинг дардларга, изтиробларга тўлган ҳаётининг овунчи бўлди.
Чақалоқни катта опаси ўраб-чирмаб етти боласи устига олиб кетди. Шу кунларда опасидан яқин суянчиғи, сирдоши, кўмакчиси йўқ эди. Бор топган-тутганини унинг уйига ташиди. Машинасиниям янглигича поччасига бериб қўйди. Қаерга бормасин жомадонини кийим-кечакларга тўлғазиб келарди.
Бола тўрт ёшгача отасидан бегонасираб юрди. Гап уқадиган бўлгач, ҳар қалай аммаси таъсирида бўлса керак, отасини кутадиган, соғинадиган одат чиқарди. Бола табиатан тунд, индамас отасидан ўзи қизиқтирган барча саволларига жавоб беришини талаб қиларди, жавобидан қониқмагунча ҳоли-жонига қўймасди. Гап орасида эса тинмасдан онасини сўрар, ярасини баттар янгиларди. Аммаси бола кўнгли учун унинг онаси узоқда, фақат самолёт билан борадиган жойда, дўхтирда ётганлигини, тузалса ҳадемай келиб қолишини айтган, ёш гўдак юрагида ёқимли бир умид уйғотган, шунга ишонтирган эди. Бир куни ичиб келганида, ўғилчаси хархаша қилиб қолди.
— Ойимни қачон олиб келасиз?..
Бунақа саволларига бирон нима важ қиладиган ота ортиқ дош беролмаслигини билиб, бақириб юборди. Қачонгача чидаш мумкин. Энди унинг гап англайдиган ёши. Майли билсин. Қайтангга ёлғонларга чек қўйилади. Умиди узилиб, ҳамма қийноқлар барҳам топади.
— Онанг ўлган, тушундингми? Сени туққан пайт ўлган. Эвазига сен дунёга келгансан. Мен уни ўз қўлларим билан кўмганман, эшитдингми? Қаро ерга мана шу қўлларим билан ўзим кўмганман. Энди билгандирсан унинг қаердалигини… — алам билан стол устидаги чиройли вазани полга улоқтирди.
— А-а-а!.. — боланинг кўзлари катта-катта очилганча ғужанак бўлиб олди, сўнг тиришиб, қалтирай бошлади.
Отаси кайфи учиб телефонга чопди, қўшниларига югурди…
Ўғли бир ой касалхонада ётди. Юрагида жиддий ўзгариш бор, тутқаноқ бўлиш хавфи яқин, қаттиқ қўрққан дейишди. Опаси тўқиган ёлғонда эркак киши ҳис этолмайдиган аллақандай нозик сир яширинганини тан олди:
— Кечир, болажон, мен сени алдадим. Ароқ ичган эдим, маст эдим. Онанг узоқда даволанаяпти. Биласан-ку, ахир, мен ҳар доим уни кўргани бораман.
Боланинг кўзлари чарақлаб кетди. Бахт уфурди. Ишонч ғолиб келди. Гўдак тез орада бу кўнгилсиз воқеани унутди. Беғубор тасаввурлари билан яна топишди. У энди ҳеч қачон отасидан она ҳақида сўрамасди. Нохуш гаплар эшитишидан, отасининг феъли ёмонлигидан, алдамчилигидан зада бўлиб қолган эди.
Фақат сўзсиз, садосиз маъюсгина кўзлари билан сўрайди. Отасининг нигоҳлари эса бемаъно.
Рассом уйланди… Ҳар қалай, ўғли тузалиб кетган бўлса-да, уни тез-тез дўхтирлар кўригидан ўтказиб турди. Соғлиғи ҳақида қайғурди. Вафот этган хотинини яна тушида кўра бошлади. Аллазамондан буён тушларига кирмай қўйганди. Боласига озор етганини сездимикан?
Боласи камдан-кам одамларгагина насиб этадиган мўъжизавий, муҳаббатдан яралган эди-ку. Уни ноҳақ хафа қилди. Олдингидай касал бўп қолса-я!
Энди нима қилиш керак?.. Рассом ўрнидан туриб айвонга чиқди. Тамакини бурқситиб ичига тортаркан, ён томондаги хонага совуқ, бепарво нигоҳ ташлади…
У ерда қисматнинг энг азобли дамларига гирифтор бўлган меҳрибон, мунис бир АЎЛ, жафо билан лиммо-лим қадаҳларни ҳар куни симираётган сабр-тоқатли АЎЛ уч гўдаги билан қушдай ухлаб ётарди. Гоҳ совуқда болалари усти очилиб қолишидан қўрқиб, гоҳ…
Рассом деразадан оқиб кираётган тунга нажот билан бир пас термулиб турди-да, сўнг ўғлининг ёнига қайтди. Эгилиб сочларидан ўпиб қўйди. Деразадан эса қоп-қора тун ичра бир нигоҳ уларга жуда маъюс, жуда ғамгин боқиб тургандай эди…