Асрор Сулаймонов. Ўша сурат билан (ҳажвия)

Бир неча кундирки, янги ҳажвиямни ҳеч ниҳоясига етказа олмайман, ҳар тарафдан набираларнинг тўпалони. Уйда ёзаман дейман-у, шароит кўтармайди. Ишхонада эса ҳали бошлиқ чақиради, ҳали ташкилий ишлар. Энг ёмони — телефоннинг тинимсиз жиринглаши.
—Лаббай, ҳа редакция. Адашмадингиз, эшитаман. Эй, Қувончбек ака! Ўзларими? Ҳа, бизни ҳам йўқлар экансиз-да.
— Шу десангиз ука, бир мақола жўнатган эдим. Сизга беришган бўлса, иложини топиб, илтимос…
— Акажон асарингизни олдик. Келаси сонларнинг бирига режага киритганмиз.
—Энди, ука, шу мақола билан суратимиз ҳам бирга чиқса, деган эдик-да. Иложи бўлса, фаввора олдида тушган суратдан фойдалансангиз. Ўзиям жуда бошқача тушганман-да, нима дейсиз? Ҳа-ҳа-ҳа…
— Қувончбек акажон, сиз илтимос қиласиз-у, биз йўқ десак уят бўлар.
Мана, миядаги фикрлар ҳам тарқади-кетди, бугун ҳам ҳажвия охирига етмайди чоғи.
Газетанинг навбатдаги сони чиққач, Қувончбек “Уйдан қочиб кетганда” сарлавҳали асари билан суратига кўзи тушган, чамаси, дарҳол қўнғироққилди.
—Ассалому алайкум, укажон. Газетани кўрдик. Бир оғиз раҳмат деб қўяй дедим. Жуда чиройли жойлаштирибсиз, айниқса сурат гўзал чиқибди.
—Акажон, бир оғиз сўзингиз. Ҳар ҳолда ҳурматингиз бор, хизматлар бўлса тайёрмиз.
— Яна бир маслаҳат, ука. Жиддий асарларга, ҳикояларга ҳам муаллифнинг сурати билан чиқиш қилаяпсизлар. Бир кичикроқҳикоя қоралаб қўйган эдим. Мабодо қўлингизга бориб тушса, илтимос ўша фаввора олдида тушган сурат билан чоп этсангиз жуда хурсанд қилган бўлардингиз-да, ука.
—Бўлди акажон. Кўнглингиз хотиржам бўлсин. Албатта шу сурат билан чоп этамиз.
Бу қурмағур суратнинг бир сеҳри борми дейман-да. Ҳар сафар шу сурат билан чиқсак, дегани-деган. Мана, ҳикоя ҳам матбуот юзини кўрди. Эртага яна қўнғироқ бўлиши тайин. Шундай ҳам бўлди.
—Салом укажон, ҳорманг, ижодлар, ишлар, уйдагилар ҳамма-ҳаммаси яхшими. Бор бўлинг, укажон. Сиз борсиз — биз бормиз-да. Ижодкор бўлгандан кейин ҳар соҳада бир қалам тебратгинг келар экан. Шу десангиз, ука, бир кичкинагина ҳажвия ёздик. Иложини қилсангиз шунга ҳам ўша фаввора олдидаги суратни…
— Қувончбек акажон, сизни тушундим. Ўзи аслида ҳажвий асарлар, катта бўладими ёки кичик бўладими, сурат билан берилмайди. Акажон, ҳаракат қиламиз, бир иложи топилар.
Эртаси куни ишхонага келдим-у, дарҳол гўшакни кўтариб рақамларини тердим.
—Ассалому алайкум, Қувончбек ака. Бу сафар сизга ўзим қўнғироққилдим. Узр, акажон. Бугунги газетани, албатта, олинг. Бир кичикроқҳазилимиз бор. Ахир, бугун кулги куни. Салгина табассум улашгимиз келди сизга…
Газетанинг сўнгги дам олиш саҳифасида каттакон рангли сурат берилган ва бу “машҳур” сувратга шундай тагсўз ёзилганди: “Укажон, иложи бўлса, шу расмни келгуси сонда ҳам чоп этсангиз. Ёшлик бир ўтди-да…”.
Мана, ниҳоят ҳажвия ҳам якунига етди. Лекин ўйлаб қолдим — сурат билан чоп эттирайми, ё шундайлигичами…