— Тўғрисини айтсам, — деди Адҳам иккинчи шиша бўшаганидан кейин қулфи дили бироз очилиб. — Асли ўзи дўхтирман, Тиббиёт институтини тугатганман. Тез ёрдам соҳасида оз-моз ишлаганман ҳам.
Унинг бу гапидан Ғиждувоннинг баркашидек катта ва силлиқ башарасига, айиқдек сержун ва баҳайбат гавдасига анграйиб қараб қолдик. У салкам икки йилдан бери биз билан ёнма-ён бозорда майда-чуйда сотар, ҳар ойда бир марта уч-тўрт бозорчи қўшилиб, гап-гаштак ўйнар эдик. Аммо шу ўтган қарийб икки йиллик танишлигимиз даврида унинг ўтмиши билан лоақал қизиқмаган, тиббиёт ходими эканлиги эса етти ухлаб тушимизга ҳам кирмаганди.
— Хўш, ундан кейин-чи, — гапни чуқалади Аъзам найнов оғзига катта бир бўлак гўштни тиқиб газак қилар экан, кўкка мойил кўзларини шиғрайтириб. — Одам дўхтири бўлганмисиз ишқилиб… Ў боягидек… ҳалиги… нимайди? Мол дўхтири бўлгансизми?
Адҳам бўлиқ сонларини қорнига тортиб, ўнғай ўтириб олди-да, оқига тўлатилган навбатдаги пиёлани кўтариб юборди, оғзини карракдай очиб, чўзиб бир кекириб қўйди. Сўнг хотиралар уммонидаги дуру гавҳарларни соча бошлади:
— Отам калхўзнинг райиси эди. У доим мени эркалаб: “Болам каттарса райис қиламан!” — дерди. Энам эса тез-тез касал бўп тургани боис дўхтир бўлишимни истарди. Ниҳоят мактабни битирганимдан кейин энам устун келиб, Тиббиёт институтига киришимга отамни кўндирди. Ўзиям институтга кириб, битириб чиққунимча бир калхўзнинг пули кетди-ёв! Садағанг кетгур бу институтда одамнинг мурдасидан тортиб, ҳар хил дарди бедаво касалларни ҳам кўришингга мажбур қилишаркан! Айниқса, касалхоналардаги тунги навбатчиликларни айтмайсизми?.. Аммо чиндан ҳам “Талабалик — олтин даврим” деганлари рост экан! Қизлар билан кинома-кино санғишми, каллайи саҳаргача давом этадиган ўтиришларми, зиёфатларми — ҳаммасини беармон кўрдик. Хуллас, шу тариқа олти йилнинг кўкини кийиб юборибмиз. У пайтлари институтни битирганингдан кейин давлат тақсимотидан ўтардик. Хуллас, бизни ҳам тақсимот кенгаши сахти-сумбатимизга қараб ўтирмасдан “Тез ёрдам” дўхтири сифатида тақсимлаб юборди, денг.
Бирор ой институтни битирганимиз шарафига зиёфатма-зиёфат юрдик. Ундан кейин “Тез ёрдам” станциясига илимилиққина бўлиб кириб бордим. Ўшанда бош ҳаким аллақандай бир дўхтирчага қўшиб, бир ой тажриба ўташга қўйди. Мен сўтакдек ёш боланинг орқасидан “Тез ёрдам” жомадонини кўтариб, мазанглаб юришни ўзимга эп кўрмасдан, у билан яхшиликча муомарла қилдим-қўйдим.
Дўхтирчанинг чўнтагига беш сўмни юмалоқ-ёстиқ қилиб тиқдим-да, яхши тавсифнома берасан, қолганини ўзимга қўйиб беравер, дедим. У ҳам ўзимиздан экан: “Майли, укахон, — деди. — Фақат хол қўймасанг бўлди!”
Хуллас, тажриба ўташ муддати тугади. Ҳамма қатори оҳори тўкилмаган оппоқ халатда талтайиб турибмиз, денг. Бир маҳал нозикниҳолгина диспетчер қиз мени йўқлаб, қўлимга чақирув қоғозини тутқазди. Унда: “Бемор Фалончиева Писмадончи, 78 ёшда, қон босими кўтарилган, писмадон манзилда”, — деган битиклар боракан.
Шундай қилиб, “Тез ёрдам” мошинасида айюҳаннос солиб, қизил-яшил чироқларни ярақлатиб кампиршонинг ҳовлисига кириб бордик. Йўлда қўлимдаги доришунослик дарслигини варақлаб, босим туширадиган дориларнинг номларини, миқдорини ёдлаб бордим. Бўсағада баланд-паст бўлиб, кампиршонинг кам эмас, кўп эмас, нақ саккизта барзангидек ўғли турганакан. Уларни кўриб, капалагим учиб кетди.
— Шу келбатинг билан қўрқдингми? — уни мазах қилмоқчи бўлдим мен.
— Тўғрисини айтсам,жўра, улардан зиғирча ҳам қўрққаним йўқ. Аммо қўлимга умримда эмловчи игнани ушламаган, амалий дарслардан қочиб, кайфу сафода юрган мендек дўхтир нима ҳам қила оларди, дейсиз. Бунинг устига китобдан ҳозир ўқиб олган дориларим ҳаммаси миямда алғов-далғов бўлиб кетди. Таваккал қилдим-да, ўзимни кампиршо ётган айвонга урдим. Бояқиш кампир менинг иштирокимда асфалософилинга кетиб қолмаса гўргайди! Титраётган қўлларим билан жомадонни очиб, китобдан қараб олган бир неча ампула дорини аралаш-қуралаш қилиб, “эми-деми шу бўлсин, куф-суф” дедим-да, кампиршонинг томирига бир амаллаб санчдим. Барзангилар пойгакда тимрайиб туришарди. Бирпасдан кейин кампиршонинг аҳволи баттар оғирлашди. Шошиб-пишиб босимни қайта ўлчадим-у, кўзларимга ишонмадим, асбоб 60 га 30 мм. симоб устунини кўрсатарди.
— Ичиб-пичиб кирмаганмидинг, ишқилиб, — воқеаларнинг ривожи ўз комига торта бошлаганидан қизиқсиниб сўрадим мен ҳам.
— Қаёқда дейсан, — деди у. — Аммо ёлғон бўлмасин, бир кун аввал Жийдазор кўчасидаги чойхонада собиқ ҳамкурслар билан мириқиб ичгандик. Бу рўёмикан, деб қайта ўлчаб кўрдим, кўрсаткичлар боз — боягидек. Босим бундай кескин камайиб кетса, одам ҳушидан кетиб қолиши ёки дорулбақога рихлат қилиб юбориши турган гап. Кейин доришуносликдан ёдимда қолган босим кўтарувчи дориларни эслашга уриндим, жомадонни титкилаб кўрсам, икки-уч хили боракан, уларни аралаштириб кампиршони эмладим. Барзангилар мендан кўзларини узмайди, денг. Бироздан кейин кампиршо ўсал бўлиб, тили калимага келмай қолди.
— Нима, ўлдими, — ваҳимага тушиб сўради Азиз яна нима учундир карраги синган бурнини эҳтиётлаб.
— Ўлмабди-ю, ундан ҳам баттар бўлипти, — ҳикоясида давом этди у. — Қон босимини қайта ўлчаб кўрсам, 320 га 280 мм.ни кўрсатиб турибди, денг. Мен лаванг, шошганимдан кампиршога филнинг меъёрини юбориб қўйибман.
— Қон босимини ўлчайдиган асбоблар 300 дан зиёдни кўрсатмас эди, шекилли, — ҳайрон бўлиб сўрадим мен.
— Эй, оғайничалиш, — деди у сўлжайиброқ. — У замондаги асбоблар 350, ҳатто 1000 мм. симоб устунини ҳам кўрсатарди. Фақат шундай касални топсанг бас! Хуллас, бундай ҳолда бир сония вақт ҳам ғанимат, касалнинг умрини лаҳзалар ҳал қилади. Ўзимни йўқотиб ўтирмадим-да, бирваракайига 5-6 ампулани аралаш-қуралаш қилиб, кампиршонинг дуч келган жойига суқдим. У ҳатто нинанинг оғриғини ҳам сезмай қолди. Босимни ўлчаб кўрсам, 40 мм.га 0 ни кўрсатиб турарди. Мен секин, заҳар танг қилганини баҳона қилиб, ҳожатхонага йўналдим-да, ўша жойдан қуённинг расмини чизиб юбордим.
— Шундай қилиб кампиршони тинчитдингми? — орамиздан кимдир палағда овозда сўради. У эса нимкосадек пиёлага қарийб бир шиша ароқни ағдарди-да, бир кўтаришда бўшатиб, орқасидан саримсоқни газак қилар экан:
— Лекин жони қаттиқ экан кампиршонинг, — деди хомушроқ оҳангда. Одам яшайман деса, тиббиёт ҳам ҳеч нарса қилолмасакан. Мен суриб юборгандан кейин барзангилар ўлим тўшагидаги кампиршони касалхонанинг жонлантирувчи бўлимига олиб келишибди. Муолажадан сўнг у икки-уч кунда отдек бўлиб кетибди. Айтишларича, у ҳозир тўқсонлардан ошиб, давру даврон суриб юрганмиш. Мен эса шу қочганча, “Тез ёрдам”нинг остонасига ҳам қайтиб қадам босмадим. Ҳали ҳам ҳужжатларим ўшоқда ётган бўлса керак.
У ҳангомасини тугатди. Биз эса ана шундай дўхтирнинг қўлига тушиб қолишдан Яратганнинг ўзи асрасин, деб охирги қадаҳни бўшатганимизда, тун ярмидан оққан эди.