Ҳайдар мўйловнинг ишламаган жойи қолмаган. Хотини эса мўйловнинг қаерда ишлаётганини сўраб ўтирмайди. Гап-сўзию муомаласидан билади-қўяди.
— Азизим, — деб келарди бир вақтлар мўйлов, — сизнинг қаддингиз кўзага, овозингиз пиёланинг жарангдор мусиқасига, кулишингиз биринчи нав чинни косага ўхшайди.
Хотини майингина куларди. Билардики, эри чинни заводда ишлаяпти.
Яна бир куни Ҳайдар муйлов гапга бошқача тўн кийдирарди.
— Хотинжон, сенинг секин-секин юришингни юк машинасига, кулиб пешвоз чиқишингни “Мерседес”га ўхшатаман. Оҳ-оҳ, баъзан “Нексия”дек лип-лип қилиб енгил учасанки, қани энди, доим шундай бўлсанг?!
Демак Ҳайдар мўйловнинг “машина саройи”га ишга киргани ёлғон эмас экан.
— Ҳи-ҳи, — деб келди яна бир куни, — тилинг бирам пўлат қайчига ўхшайдики, ҳар гапирганда қийиб-қийиб гапирасан. Айрим хотинларга ўхшаб умрнинг эгови бўлма, дейман… Ҳай-ҳай, ҳар гапинг худди қисқичга ўхшайдики, узиб-узиб гапиришингни…
Ҳайдар мўйловнинг хўжалик дўконида ишлаётганини рўкач қилиб, ҳар куни хотини билан шундай «арралашаётганини» кўрган киши ажабланмаса ҳам бўлади.
Мўйловнинг одати кўп қизиқ… Кеча, денг болаларига қараб бақиряпти.
— Санлар чўлтоқ супургисанлар, чўлтоқ супурги!
Шунда хотини ҳайрат билан тикилиб ундан сўради:
— Дадаси, наҳотки фаррош бўлиб ишлаётган бўлсангиз?!