Абдуқаюм Беккамов. Мукофот (ҳажвия)

Бошлиқ юзидаги тажанглик эрталабданоқ бутун бошли идоранинг ҳаловатини ўғирлади. Ходимлар кўнглига ғулғула тушди.
“Да-аа-аа, — дейишди айрим ходимлар, — хўжайин эрталаб янгамиз билан роса жанжаллашган кўринадилар. Энди бутун аламини биз бечоралардан олмоқчилар, шекилли”.
Хўжайиннинг амри билан барча ишчи-хизматчилар ҳайҳотдек хонага тўпландилар. Даставвал бошлиқ тўсатдан ўзининг ўринбосарига “ташланди”:
— Ўзингизни ҳаммадан ақлли, ҳаммадан билимдон санаб юрасиз. Қани, айтинг-чи, доноларнинг доноси, ишда илғор ходимларни моддий жиҳатдан рағбатлантириш… Яъни, яхши ишлаган кишига нима берилади?
Муовин бундай мужмал саволдан довдираб қолди чоғи, елка қисди.
— Вот, мана, — бошлиқ курашда ғолиб чиққан полвондай қўлларини ҳаволатди, — ана, билмайсиз! Ўртоқ пираписсур, бил-май-сиз! Гап деса — қоп-қоп, иш деса — Самарқанддан топ!
Энди бошлиққовоғини уюб, ништарли нигоҳини бош ҳисобчига тикди:
— Ўртоқ бошбух, рақамни рақамга уриштиришда-ку, жаҳон бўйича рекорд қўйяпсиз. Балким сиз биларсиз: яхши иш қилган кишига бериладиган нарса нима ўзи?
Бош ҳисобчи виқор билан аста қўзғалди.
— Энди-ии, Аббос Муродович, яхши ишлаганларни ранжитаётганимиз йўқ. Ойлик маошларини ўз вақтида бериб турибмиз…
— Ни-и-ма-аа? Ойлик маош?! — Аббос Муродович бир сапчиб тушди-да, иш столи устидаги қоғозларга тез-тез разм солди ва нордон нарса егандай бирдан афти буришиб кетдию чеккага “чирт” эткизиб тупирди. — Ойлик маош эмиш! Мутлақо тополмадингиз! Сизам во-обще билмайсиз! Ўт-те-еринг-гг, жойингизга!..
Аббос Муродович энди бош муҳандисга юзланди:
— Қани, темир-тақаларнинг эгаси, сиз нима дейсиз?
Ҳамкасблар нигоҳи бош муҳандисга қаратилди. Бош муҳандис эса кўзларини аланг-жаланг қилиб, талмовсираганича ўриндиқдан секингина жилди. Бу ҳолдан бошлиқнинг ҳафсаласи пир бўлиб жеркиб берди.
— Ўт-тир-рр, ўтт-тирр-ее, жойингга! Ҳе, саҳти-сумбатингдан ўргилдим!
Хўжайин бош иқтисодчига ҳўмрайиб тикилганди, иқтисодчининг эсхонаси чиқиб, саросимага тушди. Ўрнидан ирғиб турдию, ҳеч бир заруратсиз кўйлагининг ёқаларини тузатган бўлди.
— Ҳақиқатан ҳам тўғри айтаяпсиз, Аббос Муродович, — дея калласини лиқиллатиб-лиқиллатиб бидирлай кетди. — Яхши ишлаган ходимларнинг садағаси кетсанг арзийди. Ишчан одамлар билан фахрланиш лозим. Керак бўлса, уларни кўкларга кўтаришимиз зарур. Пешқадамлардан ҳаммамиз ўрнак олишимиз…
— Бўлди-е — Аббос Муродович ғазаб билан тишларини ғижирлатганди, бош иқтисодчи тилини тишлаб қолди ва беихтиёр шалвираб курсисига чўкди. — Ишлашимиз, ўрнак олишимиз, фахрланишимиз лозим эмиш. Тағин алланимабалолар… Тавба, топган гапини қаранг! Мен сендан нимани сўраяпману сен бўлсанг…
Бошлиққошларини учириб, ўткир нигоҳини хонадагиларга бирин-кетин қадади:
— Ҳой биродарлар, менинг саволимга аниқ ва лўнда қилиб жавоб бераоладиган биронта мард одам топиладими ёки йўқми? Ях-ши иш-ла-ган ки-ши-ни ни-има-аа қилишимиз керак? Вот, ҳамма гап — шунда!..
Ҳеч кимдан садо чиқмади. Хонага сукунат чўкди. Орадаги ноқулай вазиятдан ўнғайсизландими, ниҳоят сочларига оқ оралаган кексароқ бир киши:
— Мен сизларга очиғини айтадиган бўлсам, — дея ийманибгина жойидан қўзғаларкан, ютуниб-ютуниб, салмоқлаб гап бошлади, — жамоамизда эришилган ҳар қандай муваффақият энг аввало бевосита раҳбарга боғлиқ бўлади. Раҳбар ишчан, уддабурон, ташаббускор ва ниҳоят, қўйингки… айтайлик, у кишида комил инсонга хос барча, яъниким, жаъмики фазилатлар мужассам бўлса, албатта иш жуда яхши кетади, оламшумул муваффақиятларга эришилади. Бу — биринчидан… Аксинча бўлса… Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, бизнинг ҳурматли бошлиғимиз Аббос Муродович аъло даражада ишлаяптилар.
У, мен хўжайиннинг саволига жавоб топдимми дегандек, хонада бўйинларини ичига тортган кўйи қўнишиб ўтирганларга гердайганича мағрурона боқди.
— Бизнинг ҳурматли бошлиғимиз жон-жаҳдлари билан шунчалик куйиб-ёниб ишлаяптиларки, биз эса ҳар доим ҳам у кишининг қадрларига етяпмизми, иззатларини жойига қўйяпмизми?
— Йўқ, йўқ, йўқ! — дея Аббос Муродович бўғилган ҳолда асабийлашиб чинқирди.
Бундан эса қария янада илҳомланганича жўшиб кетди:
— Ҳа, балли, топдингиз! Ҳақиқатан ҳам йўқ! Биз ҳурматли раҳбаримиз Аббос Муродовичнинг қадр-қимматларини ҳамиша ҳам ўз жойига қўя олмаяпмиз. Шу нуқтаи назардан олганда…
— Бас қилинг! Бас қилинг, деяпман сизга! — Аббос Муродович жаҳл билан чийиллаб қўл силтади. — Жавоб тополмадингиз.
Аббос Муродович тағин тўмтайиб, овозини баралла қўйиб юборди:
— Бизлар ўзи қандай одамлармиз-а, оппа-оддий нарсаларгаям жавоб беролмаймиз-а! Билимимиз — ғўр, савиямиз — паст даражада. Бўш вақтимизни қандай ўтказишни мутлақо билмаймиз. Ахир биз қаёққа қараяпмиз, ўзи?
Шу маҳал бошлиқнинг ўнг ёнидаги столча устида турган телефон қўнғироғи чўзиб-чўзиб жиринглади. Хиёл фурсат ўтмай котиба қиз қалтираб, эшикни қия очганича хона ичига қимтинибгина бош суқди:
— Аббос Муродович, телефонда сизни янгам сўраяптилар!
Бошлиқ креслода ястаниб ўтирган кўйи ўнг тарафига бурилиб, столча устидаги телефон дастагини шахдам кўтарди ва:
— Ҳа, топдингми? — деди зарда аралаш. — А? Нима, ним-ма-аа? Фахрий ёрлиқ?! Қанақа Фахрий ёрлиқ?
Аббос Муродович бир дам олдидаги қоғозларга кўз югуртирди-да, тутақиб кескин бош чайқади:
— Йўқ, йў-ў-ўғ, асло тўғри келмайди. Тағин бу кишим ўқитувчи эмиш-а? Ёш авлодни тарбиялармиш! Уҳ-ҳҳ, каллаварам! Ҳе, кепакдан бўлган каллангдан ўргилдим!
Телефон гўшагини жаҳл билан “тақ” эткизиб жойига қўйди ва кўрсаткич бармоғини “бигиз” қилганича кадрлар бўлимининг мудирига буйруқ оҳангида деди:
— Баримиз — ғирт саводсизмиз! Ўз устимизда ишлашни билмаймиз! Бу ерда ўтирганларнинг ойлик-маошларидан йигирма фоизини чегириб ташланг! Булар учун мен ўйлашим, мен бош қотиришим керакми? Уҳ-ҳҳ, ландавурлар, лапашанглар!..
Кекса ходим эса бундай “жазо”га чидай олмай беихтиёр ҳайқириб юборди:
— Ахир мукофот, шуми мукофот?..
— Нима-нима?! Мукофот?! — Аббос Муродовичнинг кўзлари қўққисдан “ярқ” этиб очилди-да, ҳайратланиб, кекса ходимга нигоҳини қаттиқ тикди. Сўнгра столга оҳистагина энгашди. Мўйсафид бўлса айб қилиб қўйган боладай ўкинганича кифтини силкитиб-силкитиб сўзида давом этарди:
— Ахир бу қанақаси бўлди? Эртадан кечгача ўлиб-тирилиб ишласаг-у тағин бизга берган мукофотингиз — шуми? Мен бундай адолатсизликка ҳечам тоқат қилолмайман!
Бошлиқ унинг кейинги гапларини эшитмади: тилло топгандай суюниб кетди.
— Мукофот, мукофот! Как раз! Тўппа-тўғри! Топдингиз, раҳмат! Ахир, қари билганини пари билмайди, деб шунга айтадилар-да! Ишда илғор ходимларни моддий жиҳатдан рағбатлантириш… Еттита ҳарфдан иборат сўз… Биринчи ҳарфи — “М”, охирги ҳарфи — “Т”… Мукофот!.. Ва ниҳоят, жавобини ҳам топдик!..
Аббос Муродовичнинг чиройи ҳийла очилиб, устидан оғир юк қулагандай енгил тортди ва жилмайганича бошқотирма чиққан журналнинг сўнгги саҳифасига шоша-пиша қалам юргиза бошлади…