Абдуқаюм Йўлдош. Биз ўтган йўллар (ҳикоя)

Истибдод нураётган, йўғон чўзилиб, ингичка узиладиган кўклам пайти эди.
Шундай кунларнинг бирида Ўзбековулдаги ягона озиқ-овқат дўконига “талон” бўйича тарқатиладиганидан ташқари уч қоп ун ортиқча олиб келингани ҳақидаги хабар қишлоққа яшин тезлигида тарқалди.
Аста намозшом бостириб келаётган бўлишига қарамасдан бир пасда дўкон олдига тумонат одам тўпланди. Сотувчи Хидирбой ердан қайнаб чиққандай бирдан пайдо бўлиб қолган овулдошларини кўриб, шошиб қолган эса-да, атай қовоғини уйганча, ўшшайиб тураверди. Тўғри, кейинги пайтларда, яъни “талон тизими”га ўтилганидан бери аҳвол шу, яъни дўконга ун келса бас, ҳаммаёқни одам босиб кетади. Ҳатто фуқаролар йиғини раиси Одил чўлоқҳам уларни бошқаролмай қолади. Шўрлик раис ҳар қанча бақириб-чақирмасин, томоғи қирилиб кетгунча қичқирмасин, барибир овулнинг эркаклари ва аёллари ун учун маҳаллама-маҳалла келишни ёки навбатда туришни хаёлларига ҳам келтирмай, бари бирдай мўъжазгина дўконга ёпирилиб киришга уриниб қолишади. Гўё шундай қилишмаса, ун тугаб қоладигандай, етмай қоладигандай.
Ишқилиб, одамлар бақир-чақир қилишар, бир-бирлари билан неча мароталаб уришиб ҳам олишар, жон-жаҳдлари билан ичкарига туртилиб-интилавериб, бир-бирларини тирсаклари билан туртиб, гоҳида эса ошкор итариб ташлабсотувчини ҳам, раисни ҳам баттар хуноб қилишарди. Ора-сира ун олиш учун “очиритсиз” кирган бечоранинг бошига эса қарғишу сўкинишлар дўлдай ёғиларди.
Ниҳоят, бир ой учун белгиланган ун олиб бўлингандан кейингина одамлар сал енгил тортишар ва гўёки катта ишни бажариб қўйган қаҳрамонлардай кўкракларини кериб, уй-уйларига тарқалишарди.
Хидирбой эса норози пўнғиллаганча полга, ерга тўкилиб қолган ун қолдиқларини супуриб-сидиришга тушарди.
Охири яхши тугаган нарса барибир яхши-да. Овулнинг эркак-аёллари ҳар бир оилага белгиланган тўрт кило ун учун ҳар қанча ёқа бўғишмасин, барибир савдо тугаб, мақсадларига етишгач, апоқ-чапоқ бўлиб кетишарди. Балки шу сабаблидир, навбат талаш авжга чиққан маҳаллари ора-сира сал қалтисроқҳазил гаплар ҳам эшитилиб қолар, ҳар қанча асабий кайфиятда бўлишмасин, бунақа пайтлари навбатда турганларнинг аксарияти беихтиёр жилмайиб қўйишдан ўзларини тийиб туролмасди.
Бироқ бугун йиғилганларнинг авзойи бузуқ эди.
Одил раис ҳурпайиб турган эркак-аёлларга бир кўз ташлашдаёқ гап нимадалигини англади. Аммо ҳозирча индамай туришга, то талабгорлар бу масалани кўтармагунча ўзини ҳеч нарса билмагандай тутишга қарор қилди.
Биринчи бўлиб ирғай ҳассасига суянган Олия момо дўкон ёнидаги ўзига хос саҳнага айланган майдончага чиқди ва дабдурустдан мақсадга ўтди-қўйди:
— Мусулмонлар, барингнинг хабаринг бор, келаси ойда бир эмас, икки неварам уйланадиган. Ўзларинг инсоф билан айтинглар: ҳўкимат бераётган тўрт кило ун билан тўй ўтказиб бўладими? Шундай экан, ўша уннинг ҳеч бўлмаса экки қопи биздики бўлиши керак. Гапим туврима?
Ёши саксонга яқинлашиб қолган, ўзбековулчасига айтганда, “тўридан гўри яқин” кампирга бир нарса деб эътироз билдириш мушкулдек эди гўё.
Аммо “Мол аччиғи — жон аччиғи” деганлари чин экан. Олия момо гапини тугатар-тугатмас одамларнинг орқароғида қолгани боис ҳадеб бўйнини чўзиб қўяётган шаддод Каромат хола бобиллаб берди:
— Нима, бизни ёш бола билаяпсизми, момо? Ҳали тўртта кўрпа қавилмасдан туриб тўйни гапирасиз! Шу кетиши бўлса орқаси оғир келинингиз августга бориб тўйга тайёр бўлсаям катта гап. Унгача янги буғдой пишади, ҳаммаёқ “сен же, мен же” бўлиб кетади. Ун мана бизга керак. Энг камида икки қопи…
Аммо вақтида овул фаолларидан бўлиб, не-не эркакларни ўтириб-турғазган Олия момо салга бўш келиб ўтирадиган кампирлар тоифасидан эмасди. Ҳозир ҳам нурсиз кўзларини Каромат хола томон тикканча, шартта унинг гапини бўлди:
— Кароматмисан? Яшшамагур, сенга менинг келинимнинг орқасини ўлчашдан бошқа ташвиш йўқмиди? Бор, ишингни қил, унга кўз олайтирма. Молбозор уч-тўрт кун перашкасиз қолса қолар…
Энди Каромат хола чийиллиб юборди:
— Мен айримларга ўхшаб ғарлик қилмайман, момо, ўғирлик қилмайман. Мен ҳалол ишлаб, пешона терим эвазига пул топаман…
— Кимга ишора қилаяпсан, тилингга куйдирги чиққур!
— Гап эгасини топади, момо!..
Агар қўйиб берилса, аёллар ўртасида даҳанаки жанг олови янада гуриллаб кетишини, орага ўн-ўн беш йиллик гиналар ҳам тушишини тушунди, шекилли, басавлат Карим оқсоқол шопмўйловини силаганча “саҳна”га кўтариларкан, қаттиқ томоққириб қўйди.
— Бу ерда ортиқча гапнинг ҳеч кимга кераги йўқ, — деди оқсоқол ишонч билан. — Хўш, уч қоп ортиқча келган экан… демак, биттаси сельсоветимиз раиси Одил акага. Ҳар қалай, жўжабирдай жон, буёғи энди ўзбекчилик, меҳмон келари бор… Майли, қолган икки қопини биз ола қоламиз. Пули нақд…
Оқсоқолнинг гапига тўй-маъракаларда биров эътироз билдиролмасди. Аммо ҳозир…
— Йўғ-э! — деди аллақандай аламли оҳангда, бошида ўн йиллик шляпа, қуёш тиғида юраверганидан мўридай қорайиб кетган, озғингина Камол сувчи. — Нима, биз олсак насияга оламизми? Мана, бизникиям нақд. — Шундан кейин чўнтагига уриб-уриб қўйган Камол сувчи сотувчига ўгирилиб, маънодор кўз қисди: — Арава тайёр, ука, орттираверинг. Ҳеч ўйланманг, у ёғини келишиб оламиз.
— Нимани келишиб оласиз, Камол ака? — чинқириб юборди ғазабдан кўкариб кетган Тожибой агроном. — Шапкасиними? Ё бир уруғданмиз деб, Хидирбойга орқа қилаяпсизми? Айтиб қўяй, биздинг хотин ҳам сенларнинг уруғингдан. Лекин мен индамай турибман-ку… бизга бир қопиям бўлади деб…
Гоҳ у гапираётганнинг, гоҳ бу гапираётганнинг оғзига анграйиб қараётган Марварид чеча ахийри индамай тураверса ун тўла қоплар эркаклар орасида ими-жимида йўқ бўлиб кетишини тушунди чоғи, бир сакраб “саҳна”га чиқиб олди ва ҳамон бўзрайиб турган агрономга қараб қўлини пахса қилиб, бақириб берди.
— Бекорларнинг бештасини айтибсан! Нима, иккитагина болангни боқолмай қолдингми? Уялмайсанми оғзингни тўлдириб “бир қопи бизники” дейишга?! Закунлашсанг закунлашаман, лекин билиб қўй, ун мана бизники! Мать-гиройники!— Шундай дея чеча ҳар эҳтимолга қарши нимчаси кўкрагига тақиб келган “қаҳрамон она” медалини кўз-кўзлади. — Аввал ўнтасини туғдириб қўй, кейин талаб қиласан ҳаққингни! Бермаям кўр-чи менга! Керак бўлса райком бовога бораман, обком бовага бораман! Лекин ҳаққимни бировга бериб қўймайман!..
Медаль, ҳар қалай, ҳукумат берган сийлов. Ҳукумат эса ўз номи билан ҳукумат… Шуларни ўйлади, шекилли, энди қақшатқич эътироз учун оғиз жуфтлаган Тожибой агроном ҳар эҳтимолга қарши индамай қўя қолди, аммо барибир бир қоп унда ҳаққи борлигини яна бир бор кўрсатиб қўймоқчидай, чеккароқда турган ўғлига қараб сал ўнғайсизроқ тарзда кўз қисиб қўйди.
Аммо Тожибой агроном бир нарсани назардан қочирган, яъни ортиқча уч қоп дардида йиғилганлар сафига аллақачон хотини ҳам келиб қўшилган экан. “Ётиб қолгунча отиб қол”, қабилида чекка-чеккада иш тутишни маъқул кўрадиган Норой чеча ҳозир ҳам одамлар орасидан писиллатиб зарба берди:
— Қаторлаштириб туғиб ташлашни пишак ҳам билади!
Сал нарсага ўт бўлиб ёниб кетадиган Марварид чеча лаблари пир-пир учиб таҳдид билан овоз келган томонга қаради:
— Ким у менинг болаларимни пишакбаччаларга менгзаган?
Аммо одамлар учун бу жанг натижаси эмас, кимлар ортиқча уч қоп уннинг эгаси бўлиши масаласи қизиқроқ эди. Шу сабабли улар аллақачон умидвор нигоҳларини Одил раис томон буришганлари боис Марварид чечанинг саволини тузук-қуруқ эшитишмади ҳам.
Бироқ томоққириб олган раис оғиз жуфтлашга улгурди, холос. Зеро аллақачон саҳнага чиқиб олган Ибройим чўпон ҳеч эътирозга ўрин қолдирмайдиган оҳангда эълон қилди:
— Бошқасини билмадим, лекин бир қопи биздики! Баринг бу ерда ўтирасан тайёрга айёр бўлиб, бизга ўхшаганлар тоғ-тошда нима еб-нима ичиб юрганидан хабарларинг йўқ! Хуллас, бир қопи биздики, тамом-вассалом! Қолганини ўзларинг бўлишиб олаверинглар!..
Аммо одамлар ҳам анойи эмас. Шу сабабли ҳали гапини тугатиб улгурмаган чўпон бошига таъна тошлари дўлдек ёғилди:
— Пулини қуртдек санаб олгандан кейин юрасиз-да тоғда!.. Кўчадаги мой ейди… қуйруқ мойи кўтараяпти муни!.. Тандирнинг қуйруғини оппоққина нонга қўшиб егилари кеп қопти!.. Ортиқча жир битибти-да, жезда!..
Бунчалик шиддатли ҳужумни кутмаган Ибройим чўпон сал довдираган алфозда саҳнани тарк этди.
Энди ўз даъвосини достон қилиш навбати Холида опага етди. Кўп йил боғчада мудиралик қилиб, ниҳоят нафақага чиққан басавлат, ҳамон қош-кўзини бўяб юрадиган опа бениҳоя жиддият ила саҳнага кўтарилди ва оломонга бир қур кўз ташлагач, яна шундай салобат ила маълум қилди:
— Уч-тўртта чарларим бор эди. Кейинга суравериб бетимда бет қолмади. Рухсат берсангизлар, халойиқ, бир қопини бизга ажратишса. Майли, бир қопини раис ола қолсин. Қолганини ўзларингиз адолат билан бўлишиб оларсизлар.
Шундай опанинг илтимос оҳангида гапириши айрим эркакларни ийитиб юборгандир эҳтимол. Бироқ Олтиной эна бўш келмади. У юлқиниб олдинга ўтди ва саҳнада мунғайибгина турган опага қараб ўшқирди:
— Бунча ҳаммангнинг оғзингдан “раис” тушмай қолди. Сенларга кетмондастани бошлиққилиб қўйсаям бўлди, эгилганларинг-эгилган. Раисга нима? Бир оғзининг ели! “Опкел” деса магазинчинг бир эмас, тўрт қопини уйига ташлаб қўяди. Ташламаям кўрсин-чи. Шунинг учун, одамлар, ҳеч ўйланмасдан испискадан раисни чиқариб ташлаб, ўрнига мени ёзиб қўйинглар. Тўрт ой бўлди, уйда бир марта бешбармоққилиб ейишга зорман. Келинларга айтсам, ун ўлгир йўқ. Қачонгача қаттиқ нон камириб, шилдир шўрва ичиб юраман. Шу умидда ҳўкиматга қирқ йил ишлаб берганмидим! Ўроқўрдим, кетмон чопдим, пахта тердим… Аввал-ку, ёшман дердим, энди-чи, энди қариганимда кўрган куним шуми?!.
Митти кўзлари ғилтиллаб ёшга тўлган Олтиной энанинг гапи сиёсий томонга бурилиб кетаётганини кўрган раис жон алпозда унинг гапини бўлди:
— Эна! Ўйланманг! Ҳукумат ҳеч қачон сиз сингари фидойи инсонларни унутмайди. Мана, яқинда ўзингиздек фидойи ўғлингизни медалга тавсия этмоқчимиз.
Кейинги пайтлари винодан бош кўтармай қолган тракторчи тўнғичи Раззоқҳақидаги эслатма юрагига ўқдай қадалган Олтиной эна раис томон ўқрайиб қаради-да:
— Темир тунукангни ўзинг пишириб е! Шусиз ҳам уйда бир ҳовучи ётибди! — деди дағаллик билан. — Мен сендан ун сўраяпман, ун! Милкимда битта тиш қолмаган. Бешбармоқ егим келаяпти деб айтдим-ку сенга!..
Раиснинг бахтига кампирнинг сўнгги сўзларини оломоннинг шовқин-сурони босиб кетди:
— Инсоф борми ўзи, Олтиной эна?! Биз нон учун ун сўрасак, сиз уялмай бешбармоқ деб ўтирибсиз… Нонни чойга ивитиб қўйсангиз, юмшайди-қолади… Тўқликка шўхлик қилманг-да энди…
Мунғайиб қолган Олтиной эна саҳнани тарк этганидан кейин бирдан бу жойга чиқувчи талабгорлар кўпайиб қолишди. Улар энди бир-бирларини итариб-туртиб олдинга интилишар ва зўр бериб ўзларининг ҳақликларини исботлашга ҳаракат қилишарди:
— Мен!.. Мен!.. Сен тўхтаб тур, номард!.. Аввал мен… мен…
Борлиқ шовқин-суронга, бақир-чақирга тўлди. “Саҳна” чеккасида турган, оломоннинг важоҳатидан ранги оқариб, ваҳимага тушиб қолган раис беихтиёр бир қадам ортга чекиниб, дўкон деворига тақалиб қолди.
Оғзидан кўпик сачраётган, кўзлари олайиб кетган, мушт қилиб тугилган қўлларини юқорига кўтарган одамлар оқими бақир-чақир қилганларича раис томон силжиб келарди.
Худди шу лаҳзада…
— Халойиқ! — дея хитоб қилди гулдураган овозда Райим жарчи. — Бир нарсани унутибмиз-ку!
Оломон бир лаҳзага тўхтади. Бундан фойдаланган раис ўзини шартта хавфсиз жойга олди.
Райим жарчи гапида давом этди:
— Ариққазишга кетганлар эсдан чиқибди-ку! Эшитиб қолишса, биздан ўпкалашлари аниқ!
Оломон “оҳ” тортиб юборди. Гап шундаки, катта ариқдан Ўзбековулга сув келадиган кичик ариқҳар йили бўтана сув оқиши оқибатида бир-икки қулоч лойқага тўлиб қоларди. Овул аҳли кўклам чоғи ҳашар уюштириб, ариқни шу лойқадан тозалашарди. Ана шунда тозаланган ариқдан сув ўйноқлаб келиб, далалардаги буғдойга ҳам, пахтага ҳам, томорқага ҳам етарди. Бу йил ҳам овулнинг ўн беш эркаги кетмонларини кўтариб кеча тонгдан ариқ тозалашга кетишган. Бу кўпи билан уч кун давом этади.
Марварид чеча бетини чангаллади:
— Жуда уят бўлибди-ку…
Бирдан оломон ҳовуридан тушди. Тўғри-да, овулнинг ўн беш эркаги далада, ариқ тозалаб юришсаю, булар бу ерда уларсиз уч қоп ортиқча унни бўлиб ўтиришса… Яхши эмас, яхши эмас…
Жаҳл, ғазаб, эътироз ва даъволар олови бирдан пасайди.
Фурсатдан фойдаланган раис ташаббусни қўлига олди ва эълон қилди:
— Ҳозироқўзим одам юбораман! Худо хоҳласа, улар эртага эрталаб етиб келишади. Мажлисимизни ана ўшандан кейин давом эттирамиз.
Одамлар бу таклифга рози бўлишди.

* * *

Ариққазишга кетганлар етиб келишгач, ҳаммаси бошидан бошланди: бақир-чақир, эътироз, даъво, илтимос, пўписа, писанда… Бу гал шовқин кечагидан кўра қаттиқроқ эди — ҳар қалай, ўн бешта эркакнинг қўшилганлиги сезилиб турарди. Бунинг устига, қизиқ томони шундаки, уларнинг ҳар бирига ҳам ҳеч бўлмаса бир қопдан ун керак бўлиб турган экан-да…
Ҳали айтиб ўтилганидай, овулда бир неча уруғ вакиллари истиқомат қилишарди. “Раис фалон уруғдан, барибир ўзиникиларга ён босади” деган қарорга келган бир неча ўзбековуллик кечаси “Адолатсизликдан, таниш-билишчиликдан дод!” деган мазмунда каттагина бир шикоят мактубини юмалоқ-ёстиққилиб ёзиб ташлаб, тонг саҳардан “юқори” идорага ўз вакилларини юбориб ҳам улгуришган экан денг…
Хуллас, бақир-чақир, талашиш-тортишиш авжига чиққан, эркакларнинг сўкинишларига аёлларнинг қарғанишлари қўшилган, издиҳом гоҳ дўкон эшигига яқинлашиб, гоҳ узоқлашаётган палла қоп-қора “Волга-31” машинаси келиб тўхтади. Қора костюм-шим кийган, қора бўйинбоғ таққан “масъул ходим”нинг машинадан тушганини кўрган Одил раиснинг бўлари бўлди!
Аммо масъул ходим чопқиллаб келган раиснинг гапини эшитиб ҳам ўтирмади. У гердайиб дўкон ёнига борди ва дами чиққан пуфакдай пучмайиб, писиб қолган оломонга ўшшайиб назар солди ва саломларга алик ҳам олиб ўтирмасдан:
— Короче, гап бундай, — деди. — Кеча адашиб, овулларингизга уч қоп унни ортиқча ортиб юборишибди. Демак, бошқа бир жойга шунча ун кам берилган. Мен нормадан ортиқча унни олиб кетгани келдим. Қани, машинанинг багажнигига жойланглар-чи лишний унни.
Амалдор келганидан кейин бирдан жонланиб қолган Одил раис бир ишора қилган эди, Хидирбойга қўшилиб яна уч-тўрт киши шоша-пиша дўконга киришди ва шундай шошқинлик ила уч қоп унни олиб чиқиб, қора “Волга”нинг юкхонасига жойлаштиришди.
Ҳамон ўшшайиб турган амалдор раиснинг жон ҳалпида айтаётган “Бир пиёла чой” борасидаги таклифини ҳам эшитиб ўтирмасдан, виқор билан бориб машинанинг орқа ўриндиғига жойлашиб олди.
“Волга” қуюқ чанг кўтарганча катта йўл томон елиб кетди.
Оломон ҳамон сукутда эди.
Ахийри чўнтагидан рўмолчасини олиб, терлаб кетган бўйнини артган Одил раис халойиққа қараб анчайин баланд овозда дўқ урди:
— Бўлди, тарқалинглар! Ҳаммамиз чарчадик. Унни исписка билан кечқурун, ишдан кейинтарқатамиз.
Оломон яна чурқ этмади.
Уф тортиб қўйган раис оқсоқланганча уйига қараб йўл олди.
Хидирбой шоша-пиша дўконни қулфлади.
Шундан кейингина ҳаммаси тугаганини, яъни ортиқча уч қоп ун номаълум томонга олиб кетилганини англаган одамлар бирин-кетин тарқала бошлашди…

* * *

Шундан-шунга бекорга келганлари алам қилган эканми, ўн беш эркакнинг биронтаси қайтиб ариққазишга бормади. Улар ётиб олиб винохўрликка берилишди ва куну тун ўша уч қоп ун ҳақидаги хабарни “юқори”га ким етказгани ҳақида тахмин қилишга ўтишди. Бу мавзу аёллар оғзида ҳам сақичга айланди. Аммо “Мен ёзган эдим!” ёки “Мен хабар берган эдим!” дейдиган мард топилмади…
Хуллас, ўша йили ариққазилмай қолиб кетди. Натижада сувозгинагина майдондаги кузги буғдойга ҳам, ғўзага ҳам етмай қолди.
Вақти келиб ўша озгина майдондаги янги буғдой пишди. Аммо Каромат хола башорат қилганчалик ҳаммаёқ “сен же, мен же” бўлиб кетмади — қониб сув ичмаган ғалланинг ҳосилдорлиги паст эди… Ўзбековул аҳли яна умид кўзини ҳукумат берадиган “талон”га тикди…
Аммо… онг-шуурда, тафаккурда, қалбларда недир ўзгаришлар, эврилишлар юз бермоқда эди. Ва тез орада Ўзбековул осмонида чақинлар чақди…

* * *

Орадан шунча йиллар ўтиб кетди.
Олия момонинг етти мучали, яъни минг ой умр кўргани нишонланаётган экан, шунга чақириб қолишди.
Ўзбековулга бордим.
Қишлоқ энига ҳам, бўйига ҳам кенгайибди. Кенг, равон йўллар бўйида шундай уйлар қурилибдики, қаср дейсиз.
Каромат холанинг биз тенги ўғли Нодир билан анча гурунглашиб ўтирдик.
Нодир каттагина фермер хўжалиги раиси экан. Юз гектарга яқин ғалласи, пахтасидан ташқари иккита тегирмони, нон цехи, биофабрикаси, чорвачилик комплекси бор экан. Шу кунлари компьютер ўқув маркази очиш ташвишида юрган экан.
Гап орасида беихтиёр ўша оғир тўқсонинчи йиллар бошини, Ўзбековулни жунбушга келтирган уч қоп ун можаросини эсладик.
Нодир маза қилиб кулиб олди:
— Э, жўра, у замонлар ўтиб кетди. Одамлар аллақачон текин балиқ сўрашдан кўра, балиқ тутишни ўрганиш керак эканлигини билиб олишган…
Рости, шу куни Ўзбековулда юз берган ўзгаришларни кўриб, ҳам роса ҳайратландим, ҳам қувондим. Балки шу ёқимли туйғулар таъсиридадир, уч қоп ун воқеаси худди ўтмиш замонларданқолган бир эртакдек туюлиб кетди…