Кўча бўйлаб жажжи оёқчалар у ён-бу ён югуришяпти. Тўрт ёшлар чамасидаги қизчани ундан икки ёш катта бўлган акаси гўёки кучи борича қувлар, синглиси ҳам жон-жаҳди билан қочарди. Улар ота-оналари чақириб қолгунга қадар шу зайлда ўйнашарди. Дарахтлар ва гуллар эса уларнинг бу зерикилмас ўйинларини мароқ билан томоша қилишар, гоҳида барглар бу жажжи одамчаларнинг ўйинига берилиб, қарсак чалганча қўллаб-қувватлашарди. Эҳтимол, улар ҳаётнинг югур-югурдан иборатлигини ўзлари билмаган ҳолда исбот қилишмоқчидир.
Иккалалари ҳам тўхтаб чуқур-чуқур нафас олишди. Қизча акасига қараб кулди-да, яна югуриб кетди. Ака ўрнидан турди-ю бор кучи билан синглисини яна қувалай бошлади. Ана, етай-етай деб қолди. Югуравериб сабри тугаган ака қочаётган синглисини тўхтатиш мақсадида кўйлагидан тортди. Уларнинг ўйинини томоша қилаётган гуллар тўсатдан “ув” тортиб юборишди. Сабаби қизча орқасига қараб йиқилиб тушган, тақдир чизиқлари битилган кичкинагина кафтчалари ва тирсаги салгина шилиниб, оз-моз қон силқиб турарди. Болалик қонунига мувофиқ қизча “дод” дея бақириб йиғлай бошлади. Оғриқдан кўра қўлларидаги қизил ранг унга кўпроқ таъсир қилганди. Акаси овутишга урингани сари сингил йиғининг авж нуқтасини оларди. Қизча ҳўнграр экан, яна қўлларига қаради ва яна қонни кўрди. Бу сафар биратўласи ерга ётволиб, оёқларини тапиллатганча йиғлашда давом этди. Аканинг кўзи ҳам сизиб чиққан қонга тушди-ю синглисига қўшилиб йиғлай бошлади. Сўнг онасини чақириш кераклиги ёдига келди ва югургилаб кетди. Болакайлар бир томчи қонни ўлим деб ўйлашарди, чоғи.
Шамол кўзларидан шашқатор ёш оқаётган қизчанинг у ёғидан, бу ёғидан айланиб овутишга ҳаракат қилар, дарахтлар ҳам уни йиғидан тўхтатиш илинжида ўз эртакларини бошлаб юборганди. Энди Қизча акасини ташлаб кетган гумон қилиб, лабларини чўччайтирганча бақириб ҳўнграй бошлади. Аммо шу пайт бирданига йиғи овозидан атрофнинг қулоғи тинди. Қизча ёш томчилари ҳаракатдан тўхтаган мунчоқдай кўзлари билан осмонга тикилган кўйи ерда жимгина ётарди. У аҳён-аҳёнда бурнини тортиб қўяр, ёшлардан суғорилган киприкларини пирпиратиб осмондан кўзини узмасди. Осмон денгизида эса оппоқ елканларини кўтарганча булутлар изма-из сузиб юрарди. Улар шу қадар оқликка бурканган, шу қадар майин, шу қадар ажойиб эдики, Қизча беихтиёр қўлларини юқорига чўзди. Сўнг ўрнидан аста кўтарилиб, қўлчаларини яна кўкка узатди. Йўқ, етмаяпти. Ҳа, сакраш керак. Сакраса, албатта, қўллари билан булутларни ушлаб кўради, эҳтимол, уларнинг устига чиқиб осмонни сайр қилар. Шу мақсадда қизча қўллари ва кўзларини осмонга тикканча оғриғу қўрқувни унутиб қайта-қайта сакраб кўрди. Эҳ, озгина етмаяпти. Нигоҳларини осмондан узмаган кўйи ерга қайтиб ўтирди. Унинг бутун руҳи, бутун вужуди, барча хаёллари ана шу оппоққина булутларга айланиб бораётган эди. Узоқдан йиғлаётган ўғлини судраб келаётган онасининг товуши қизча айланаётган булутларни гўёки қуёшдек эритиб юборди. Қизча сергак тортди ва онасини кўрди-ю ўзи негалигини англамаган ҳолда яна йиғлаб юборди. Ҳа, бу вақтда у тўрт ёшда эди…
Кеча онаси билан бирга ёзган сўзлари қаторлашиб турган дафтарларини олиб, эринибгина портфелига жойлади. Онасининг қистови билан нонушта ҳам қилиб олди. Шу пайт нимадир ёдига тушди-ю дарҳол дераза олдига югурди. Деразадан ўз чексизлигини ёйиб мақтанаётган осмонга бир муддат қараб турди. Аммо онаси дарсга кеч қолаётганини айтиб огоҳлантиргандан сўнг орқасига портфелини илганча мактабига қараб жўнади. Йўлда кетар экан, ўша – йиқилиб тушган кундан бери унинг нигоҳлари осмон билан кўришиб туришга келишиб олгандек эди гўё. Ҳарҳолда осмон бунга ишонарди. Қизалоқ бир муддат осмонга қараб юрди-да, тўхтади ва қўлларини қаттиқ-қаттиқ силкитиб оёқларини ердан кўтарди. Қизалоқ назарида , у оз-моз баландлагандай бўлди. Югуриш керак. Йўл бўйлаб орқасидаги портфелини силкитиб-силкитиб, қўлларини тепадан пастга тез-тез ҳаракатлантириб югурди-ю “Ҳозир учиб кетаман” деган хаёл билан кучи борича сакради. Афсус, ўхшамади. “Эҳ, портфелим халақит беряпти-да, – хаёлидан ўтди қизалоқнинг. – Ҳа, майли, уйга қайтганимда яна бир уриниб кўраман”. Мактаб қўнғироғининг жаранги қизалоқни бу сафар “қанот”ларини қоқмасдан югуриб кетишига мажбур қилди. Етти ёш ҳам у билан бирга югуришдан чарчамас эди…
– Онажон, қаранг, ака, сиз ҳам қаранг, қаранглар! Осмондан бувим айтган ўша оппоқ фаришталар тушяпти, ҳа фаришталар! – қувонганча қичқирарди қизалоқ ёғаётган лайлакқорга ишора қилиб.
– Кўп валдирайвермасанг-чи! – жиғибийрондан матоларни қирқиб ўлчамни чиқара олмаётган она. Ёзмаётган ручка пастасининг учига тинмай пуфлаётган ака эса чақириқни эшитмаганликка олди.
– Эҳ, қанийди, уча олсам! Бу фаришталарни қаердан тушаётганини кўриб келар, ёки улар билан қувлашмачоқми, қорбўронми ўйнардим, қаранг, улар уча олади-да. Кейин улардан-чи, онажон, дадам айтиб берган ўша шайтон ҳақидаям сўрардим. Сизлар йўғлигингизда у фаришталар билан бирга яшаган-ку. Сизлар бу ерга кўчиб келганингиздан сўнг шайтон сизларнинг олдингизга келган-ку, а? Кейин сизлар…
Қулоқларига фақат аллақандай ғўнғир-ғўнғир товуш кираётган аёл қайчисини столга қаттиқ урди-да, қошини чимирганча қизига қаради. Қизалоқнинг тўсатдан юмилиб олган лабларида тўсиққа учраган сўзлар ортига қайтиб кетишга мажбур бўлди. Бир оз муддатдан сўнг калласига келган бир фикр ифодаси юзида ярқ этди-ю, яна сўнди ва ўзига:
– Эртага Ҳайит байрами. Бугун Хизр бободан ёстиғимнинг остига қанотлар ташлаб кетишини сўрайман, – деб ғўлдираганча кўчага чиқиб кетди. У ерда кўзларини осмонга қадаб, кимгадир нималардир ҳақида гапирди. Тўққиз ёш ана шу оппоқ фаришталар каби қизалоқнинг бармоқчаларига оҳиста қўниб эриб кетаётган эди…
“Тақ, тақ, тақ…” Қиз тахтанинг устида турган бармоқлари орасидаги михни болта билан урарди. “Тақ, тақ…”
Кеча онасининг таъбири билан айтганда “Ҳадеб супуришга мажбур қилаётган” тут дарахтини чопиб ташлашди. Бир пайтлар устига чиқариб учишига ёрдам берадиган тут дарахтининг гурсиллаб тушган товушидан қизнинг юраги алланечук бўлиб кетди. Эсида, тутнинг йирик шохига чиқиб, парвоз этиш умидида қўлларини пириллатиб сакраганида оёғи синишига бир баҳя қолганди. Қиз кеча отаси билан акаси арралаб қўйган тутнинг ёғочларини бир-бирига улаб қоқаркан, шуларни эслади. Аммо, мана, тут ўзини қурбон қилиб бўлса-да, қизнинг учиши учун яна, фақат сўнгги маротаба ўз ёрдамини аямаяпти. “Ана, тайёр бўлди, – ўйлади Қиз. – Энди бу матони тахтанинг мана бу ерларига қоқсам бўлди”. Уйдагиларнинг бозорга кетганидан фойдаланаётган қиз ўз мақсадини амалга ошириш учун иложи борича тезроқ ҳаракат қилишга шошиларди. “Уйимиз томидаги тарнов четига ин қурган мусичанинг ҳам қанотлари деярли ана шундай шаклда. Ниҳоят, қушлар билан бирга парвоз этадиган бўлдим!” Қиз учбурчак қилиб ясалган икки бўлакдан иборат қанотларнинг уланган жойини елкасига қўйди. Қанотининг остки қисмидаги махсус ушлагичлардан ушлади. “Дарвоқе, аввал томга нарвонни қўйишим керак”. Шоша-пиша нарвонни судраб келди. Ўзи кутганидан бир мунча оғирроқ қанотларини тақди. Аввалига томнинг пастроқ қисмидан учиб тажриба қилиб кўриш керак. Мана, чиқиб ҳам олди. У юқоридан туриб ҳовлисининг ичига нигоҳ ташлади ва ҳайрон қараб турган кучугига қаердандир ёдлаб олган “Мени кутгил ва мен қайтарман! жумласини айтди ва “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” деди. Ота-онаси ҳар бир ишни “Бисмилло”дан бошласа, хайрли бўлишини уқтиришганди. Мана, базўр-базўр қанотларини силкитганча томдан кўча томонга қараб сакради. Бу пайтда у ўн икки ёшда эди. Қаттиқ чинқириқдан қўшни ҳовлидаги аёл қўллари унга беланганча югуриб чиқди…
– Нега энди рухсат бермайсизлар? Ахир, бор йўғи дугонамнинг туғилган куни-ку. Кечқурун чақирган бўлса нима қилибди, уйи узоқ бўлса таксида бориб, таксида келаман. Нима, мен сизларга ёш боламанми?! Ҳамма ишимга аралашаверасиз! Дарсдан қачон қайтишимни ҳам, қачон кетишимни ҳам гапираверасиз, бундан кейин билганимни қиламан! Жонимга тегиб кетди бундай ҳаёт! Эй Худо, қанот берсанг бўлмасмиди, ҳамма-ҳаммани ташлаб учиб кетардим! – Қиз онасига шундай деб қичқирар экан, бир неча йиллар олдин “қанот қоқаман” деб оёғи чиқиб кетгани ва Мош табибга солдириб келишгани ана шу лаҳзаларда ёдига тушмади.
Қизнинг бу гаплари онасининг қалбидаги узилмас нозик торларни чертиб-чертиб ўтар экан, қизига хавотирли тусда назар ташлаб қўйди. Аммо Қизининг ўн олти ёшдалиги ва бу даврнинг ўткинчи эканлиги борасидаги фикрлар онасига тасалли берди. Қизнинг ўзи ҳам айтишни у даражада истамаган гаплари оғзидан чиқиб кетганига ўксинди ва қандайдир шаҳд билан деразанинг олдига келди-да ёш мўралаб турган кўзларини осмонга тикди. Беихтиёр оёқларини кўтарди…
– Ота, ўксинманг, ўзингизни айблайвермасангиз-чи. Она, сиз ҳам кўп йиғламанг. Худо хоҳласа, албатта, кейинги йили кираман, мана кўрасиз. Энди қўшимча дарсларга бормай, фақат ишлайман, ҳа ишлайман! Кейин қарабсизки, тўплаган пулларим мени бюджетга етаклаб турибди.
Қиз уйдагиларини тинчлантиргач, дўкондан нон олиб келиш баҳонасида ўзини кўчага урди. Кўчада чўзилиб ётган йўл бу қадамларнинг анча оғир эканлигини ҳис қилди. У узоқ юрди. Дўкон ҳам ортда қолди. Сўнг йўлини кўп вақтдан буён қаровсиз қолган далага қараб бурди. Булутлар бир-бирларидан аразлашгандек қўнғир тўнларини тескари кийиб олишган. Дала бағри кенг бўлиб, унда турли хил ўсимликлар, гуллар ўз ҳолича ўсиб ётибди, одамларнинг қораси эса кўзга ташланмайди. Қиз арзини кўзида ёш билан айтмоқчи бўлиб турган майсаларга ҳам, оёқларига чирмашиб уни тўхтатмоқчи бўлган чирмовуқларга ҳам, этагига суйкалиб эркаланмоқчи бўлган гулларга ҳам қарамай даланинг ўртасига келиб юришдан тўхтади. Нигоҳларини осмонга тикди ва чиқишини кутиб бўғзида тиқилиб турган сўзларни йиғи аралаш ҳайқирди:
– Нега?.. Нимага ахир…
Аммо йиғи Қизнинг яна оғиз жуфтлашига йўл қўймади. Қиз майсалар устига ўтирди. Юзларини дув-дув ёш ювар экан, кўзларини унга қўшилиб йиғлаб юбориш арафасида лунжини осилтириб турган булутларни ўз бағрига олган самога яна қадади. Сўнг, бирданига ўрнидан сапчиб турди-да дала бўйлаб қўлларини силкита-силкита югура бошлади. У жон-жаҳди билан чопар, қўлларини ҳам қаттиқ-қаттиқ силкитарди. Йўқ, дала бўйлаб югураётган бу йигирма яшар Қиз қанча уринмасин, ердан баландлай олмади…
– Ойижон, ойижон, мана бу мушичани қаянг. Қаясайиз-чи, э, учиб кетди – деди жажжи қизча йигирма олти яшарлик Қиз – онасига қараб. – Тўхта, мушича, менам сен билан учаман.
Қизча ҳовли бўйлаб қўлчаларини тепага кўтарганча югургилади. Умидлари пучга чиққач, онасининг олдига келди-да:
– Ойижон, манам катта бўсам, айтиб беядиган эйтагиздаги қизга ўхшаб учиб кетаман-а? Чиёйли қанотлайимам бўладими?
Нимадир “жиз” этди. Она жилмайганча бош ирғади-да осмонга узоқ тикилиб турди ва анча мустаҳкамланиб қолган иродаси билан кўзидан думаламоқчи бўлиб турган ёшларини базўр тўхтатди…
Қизлари билан дастурхонни тузаётган қирқ олти ёшли Қиз бугун қувончдан ўзига сиғмасди. Ахир, бугун ўғли хориждан учиб келади. Шиппагини илдириб, нимадир олиш мақсадида қўшни хонага ўтиб кетаётган она тепадан гувиллаган овозни эшитди. Кўзларини осмонга қаратди. Аниқроғи, пастлаб учиб кетаётганми, келаётганми самолётга қаради. “Ҳа, шунинг ичида ўғлим бўлса керак. Эҳ, унинг ҳидини бирам соғиндимки!” – хаёлидан ўтди онанинг. Аммо, шу пайт, Қизнинг нигоҳи беихтиёр елканлари оппоқ булутларни ўз бағрига олган самога тушди. Ҳа, у анча вақтдан бери осмонга қарамаган, у ҳақда деярли унутаёзган эди. Само ва Қизнинг нигоҳлари ана шу вақтда тирикчиликнинг айирмачилиги натижасида узоқ муддатдан сўнг яна кўришиб туришганди. Осмон, эҳтимол Қиз ҳам нимадир демоқчи эдики, аммо Қизнинг қайнаётган қозони ёдига тушиб қолди ва шошганча ёхуд нимадандир қочганча ўзини ичкарига олди…
Бугун Ҳайит арафаси. Мана шу куни Қизча қўлини дуога очиб, хоҳлаётган бирор бир нарсасини Хизр бободан сўрар ва аксарият вақтларда истаги Хизр бобога айланган отаси томонидан амалга ошарди.
Уйдагиларнинг ҳеч бирида эртанги байрам кайфиятидан асар ҳам йўқ. Уларнинг руҳиятини чуқур бир қайғу асир олганди. Ҳаммалари кўрпада ётган етмишдан ошган Қиз-кампирнинг атрофини ўраб олишган. Қиз шу ердаги ҳамманинг юзига ризолик аломати сифатида бир-бир сассиз қараб чиқди. Бутун танасини аста-секин қамал қилаётган совуқлик биргина “Оҳ”га айланиш учун бир жойга йиғилаётганди. Кўзларида нам билан кўпчилик Қизнинг оғзидан қандайдир васиятлар кутишарди. Мана, ниҳоят, Қиз оғиз жуфтлади. Нафақат ўтирганларнинг, балки сукутнинг ҳам бутун вужуди қулоққа айланди. У:
– Деразани очинглар, – деди оҳиста. Тезда пардалар кўтарилиб деразалар ланг очилди. Боядан бери ичкарига киришнинг иложини қила олмаётган майин шамол очиқ деразадан югургилаб хавотирланганча қадрдонининг олдига келди. Қиз деразадан ўзи истаганидай сўнгги кузатувчиси бўлмиш осмонни кўрди. Кўрди-ю кўзидан бутун орзулари бир томчи ёшга айланиб оқиб тушди. Осмонда бир пайтлар ўзига мафтун қилганча парвозга чорлаган ва ҳозир ҳам чорлаётган ўша, ўша оппоқ булутлар турарди. Қиз лаблари оҳиста жилмайиб: “Ана энди, уча оламан!” деди пичирлаб…
Ниҳоят, Қизча анча вақтгача сўраган нарсасини бугун Хизр бобо ёстиғининг остига қўйиб кетганди.
“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 10-сон.