Байрам Айтмурод. Қўноқ (ҳикоя)

Азамат алламаҳалда келди, унинг устига, ўзини беҳаловат ҳис қилаверди. Бир нарсани унутгандай, йўқотгандай бўлаверди. Томоғидан овқат ўтмади. Ижарадош жўралари – Нишон билан Сардор бир-бирига қарамай, пишиллаб овқатланишарди.

– Ҳа жўра, мазанг йўқ? – деди Сардор нафсини сал қондириб олгач. – Нима бало, жиғилдонинг шишганми? Ё битта-яримтаси қорнингни тўйдириб юбордими?

Азамат чуқур уҳ тортди.

– Намунча уфламасанг? Дунёни сув босаяптими?

– Севган қизи ташлаб кетган кўринади, – гапга қўшилди Нишон косасини нон билан сидирар экан. – Топдимми? Топди-им. Шу, сенинг севишинггаям қойил қоламан-да, жўра. Бор будинг билан мубтало бўлавермасдан, сал ўзингни аяброқ яхши кўрсанг бўлмайдими, менга ўхшаб? Ҳе, Мажнун! Ай, ўйлама, жўра! Нима кўп, қиз кўп.

– Нималар деяпсан-ей? Қанақа севги, қанақа қиз? – Азаматнинг энсаси қотди. – Мен нима хаёлдаман-у, сен нима дардда!

– Айт-да бўмасам, одамнинг ичини куйдирмай.

– Ўйлаяпман.

– Нимани? – деди Сардор.

– Боя маҳаллага бурилаверишда бир жувон турган экан. Ёнида ёш боласи. Совуқда дийдирабгина, кўзлари жавдираб, ҳар кимдан нажот истаб қараб турибди. Мендан ёрдам сўради. “Ука, шаҳарга меҳмонга келувдик. Аксига олиб, қариндошимиз чет элга кетган экан. Автобуслар ҳам тўхтаган. Эрталабгача тунашга жой топиб беролмайсизми?” деди.

– Сен-чи, сен нима дединг?

– Иложи йўқ, деб келаверибман-да, – елка қисди Азамат.

– Бекор қилибсан, жўра, – Сардор ҳам ўша аёлни кўз олдига келтириб, ичидан бир нарса узилгандай бўлди. – Боласи билан шу совуқда ташлаб келганинг яхши бўмабди.

– Менам шуни ўйлаб ўтирибман. Ҳа энди, ким билсин, ўғрими, тўғрими, дебман-да. Дабдурустдан олдингдан нотаниш биров чиқиб, тунашга жой сўраса, худди киссангдагини чиқар деётгандай довдираб қоларкансан киши. Гапиям сал шубҳали кўринди. Саросимада жуфтакни ростлайверибман.

– Э, олиб келавермабсан-да. Ҳа, танишардик. Тонггача суҳбатлашардик. Биз бўйдоқ, у жувон бўлса? А, лаббай! – беўхшов ҳазил қилди Нишон ва дўстларининг ялт этган қарашларидан буни сезиб, тилини тишлади.

– Мана шу сенинг ифлос ўйга боришингни билиб, олиб келмадим! – жазавага тушди Азамат.

– Вой-вў, ҳазиллашдим-ку!

– Ҳозир ҳазилнинг ўрними? – баттар тутади. – Йўқ, айт, ҳазил қилишнинг мавридими ҳозир?

– Ўзингни бос, жўра! Меники бир омади гап-да!

– Азамат, қўй шуни, нима биринчи марта кўриб турибсанми? – деди Сардор. – Нишон, сенам тилингни тий. Оғзим бор, деб ҳар балони лақиллайверма. Хуллас, нима қиламиз?

– Кетиб қолмаганмикан? – тараддудланди Азамат.

– Қайдам, балки ҳалиям тургандир.

– Анча вақт ўтди-ку. Яна билмадим. Қараб келамизми, ё?

– Менга қаранглар, сизлар ростдан олиб келмоқчимисизлар? – деди Нишон. – У сен айтгандай ўғрими, тўғрими, биз билмаймиз-ку. Шантажчидир балки? Олиб келганингдан кейин, беш минутга қолмай дод-войни солиб, ҳаммани оёққа турғазса-чи? Бутун маҳаллага шарманда бўламиз-ку. Ўзи ижарада аранг суд­ралиб юрибмиз. Бу ердан ҳам бадарға қилишмасин, тағин.

– Ваҳима қилаверма! – жеркиб берди Азамат. – Туринглар, кетдик қидириб келамиз. Бу ерга бўлмаса, уйида аёли бор бирорта қўшниникига жойлармиз.

– Мен бормайман, – деди Нишон.

– Сен қолавер, Сардор иккимиз қараб келамиз.

– Эртага бир нарса бўлса, мен сизларни танимайман, айтиб қўяй!

Сардор ҳам иккиланиб қолди, кўнглига ғулғула тушди.

– Балки, кетиб бўлгандир, а? – деди у ишончсиз оҳангда.

Азамат жўраларига бироз ҳайрон бўлиб қараб қолди, сўнг қўлини бир силтаб, кўчага чиқиб кетди.

* * *

Аёл боласи билан шаҳарга – ота уйига, инисининг тўйига борди. Қайнонаси тўшак тортиб ётибди, эри ўрим-йиғимда. Она-бола тўйни тарқатиб, иккинчи куни пешиндан сўнг йўлга тушди. Эридан уч-тўрт кунга рухсат олиб келган бўлса-да, жувон уйда қолган қайнонасини, рўзғорни ўйлаб, ота-онаси, қариндош-­уруғининг гапини писанд қилмай, “Кетмасам бўлмайди”, деб туриб олди. Ўзи, шаҳар билан туманнинг ораси яқин, автобусда бирпаслик йўл. Аксига олиб, йўлда автобус бузилди ва улар туманнинг ўзига кун ботганда зўрға кириб борди. Бу ёғи қишлоққача яна пою пиёда анча юриш керак. Туманда қолай деса, на таниши, на қариндоши бор…

Она-бола тўлин ойнинг ёруғида икки томони юлғун босган ёлғизоёқ сўқмоқ бўйлаб бораяпти. Кузнинг салқин ҳавоси этларини жунжиктирар, шамол юзларини тимдалар, она енгларини ғижимлаб, дир-дир қалтираб, бола эса бошини чопонига тортиб, ғужинибгина борарди. Узоқ-узоқлардан сойнинг шовуллаши, итларнинг ҳургани, эшакларнинг ҳанграгани эшитилади. Юлғунзордан ўтгандан кейин пахтазор чиқди. Ҳайдов бўлган ғўзапоялари навкарлардек саф тортганча ваҳима солади. Даланинг бу боши билан у боши камида икки чақирим йўл. Чап томонда эса жийдаю тўранғил шохлари бир-бирига чирмашиб кетган тўқайзор. Питир-питир, шитир-шитир, “ғийқ-ғийқ”, “пир-пи-и-ир” этади. “Жийданинг тагида ухлаб қолса, жин чалиб кетади”, деган гапни кўп эшитгани учунми, болани қалтироқ тутар, қанча тез юрмасин, йўл тугамайдигандек эди. Нуқул “Отам тракторида келиб, бизни олиб кетсайди”, деб айтади.

Даланинг ярмига ҳам етмасдан яқин атроф­да шоқол улиди. Она чўчиб тушди, ўғлининг қўлидан маҳкам тутди. Бола пиқиллаб йиғлай бошлади. Тўқайзор томондаги саслар ҳам кучайиб, худди буталар орасидан баҳайбат ҳайвон чиқа солиб, ҳамла қиладигандек иккиси ҳам жойида серрайиб қолди. Она дарров ўзига келиб, қўлига узун таёқ олди. “Қўрқма болам, мен борман, секин юравер” – унинг овози қалтирарди.

Бир овулга кириб бордилар. Зим-зимистон. Милт этган чироқ йўқ. Ой ёғдусида пастқам уйлар янада ерга қапишиб кетгандек туюларди. Она-боланинг тинка-мадори қуриган, қадам ташлашга мажоли қолмаган эди, биринчи кўринган уйни қора тортиб боравердилар.

Жувон илдириб қўйилган ёғоч ирганакни очди. Кенг ҳовлининг ўнг томонидаги қўрадан эчкиларнинг бир-бирини сузиб, хунук йўталгани эшитилди. Аёл ит-пити ташланиб қолса-я, дея қўлидаги таёғини маҳкам ушлаб олган, боласи эса унинг этагини қўйвормасди.

“Ким бор, ҳу-у-в”, деб чақирди. Бекорга хавотирланмаган экан, супа ёнида ётган эшакдай ит вовуллади. Она орқага тисарилиб, қаттиқроқ бақирди. Болани қалтироқ тутди. Ит ҳуриб, улар томон яқинлаша бошлади. Энди қочишга чоғланиб туришганида, уй эшиги очилиб, бир кампирнинг шарпаси кўринди.

– Ҳа? – деди кампир кафтини манглайига тираб. – Ким у?

– Худойи қўноқмиз, эна.

– Киринглар, кираверинглар, нега ийманасан, болам? – деди кампир остонадан ичкарига бош­ларкан. – Келинглар-чи, қани. Вой, қулуним-ов, музлаб қолибсан-ку.

Кампир болага энгашиб, қўлларини силади, юзини юзига босди. Кампирнинг бети илиқ эди, ажин босган манглайи, чаккаларидан кўриниб турган оппоқ сочи момосини эслатарди. Фақат момоси сал тўлароқ, бу кампир эса жимитдеккина эди.

Момо меҳмонларни кичик бир хонага бошлади. Печ ёқилган, иссиққина тафти дарров қизарган юзларини эрита бошлади. Момо чироқни ёқди. Хона ўртасида чоғроқ хонтахта, бурчакда устига тўрт-беш кўрпача йиғилган сандиқдан бўлак жиҳоз йўқ. Тўрда қорачадан келган бола ухлаб ётибди. Момо уни турткилаб уйғотди.

– Ғайрат, тур, болам! Меҳмон келди.

Бола ғудраниб, кўзини очди. Бироз аланглаб турди-да, нотаниш одамларни кўриб, момосига норози қараб, бир нарсалар деб, чиқиб кетди.

– Эна, қўйинг, ётаверсин эди, – деди жувон паст овозда. – Сизларни ҳам овора қилдик…

– Овораси бор эканми, болам? Худойи қўноқ – худонинг қўноғи. Киринглар-чи, устингиздагини ечиб, юқорига ўтинглар-чи…

Момо печга шох-шабба ташлади, қора қумғонни тўлдириб, чой қўйди. Жувон эгнидаги пальтосини, ўғлининг чопонини ечиб, девордаги михга осди. Момо хонтахта атрофига икки қават қилиб кўрпача тўшади. Дастурхон ёзиб, жўхори унидан қилинган тўртта зоғора, пиёлаларда толқон, жийда, иккита ликопчада парварда олиб келди, иссиққина чой дамлади. Жувон ҳам тугунини ечиб, тўйнинг нон-бўғирсоғидан дастурхонга қўйди.

– Олинглар, уялманглар, йўл юриб чарчагандирсизлар, – деди момо зоғорадан синдириб болага узатаркан.

Бола йўл-йўлакай тугундаги нарсалардан чўқилаб келган бўлса-да, жуда очиққан эди. Зоғорани олиб, апил-тапил чайнай бошлади. Қовоқ қўшиб ёпилгани учунми, жуда мазали туюлиб кетди. Момо меҳрибонлик билан олдига толқонниям суриб қўйди. Нонни ютиб бўлмасдан, оғзига бир қошиқ толқон солганди, томоғига югуриб, йўтал тутди. Жувон уятдан қизариб кетди, момога билдирмасдан боласини чимчилаб олди.

– Шошмасдан еявер, қулуним, ҳаммаси сенга, – деди момо жилмайиб. Сўнг чой қуйиб бераётиб, юрт суриштирди:

– Қизим, қай овулдансан? Кимнинг элисан?

– Қумлитовданмиз. Жумабой тракторчининг аёлиман.

– Жумабой тракторчиси ким бўлди экан? Қайнота-қайнонанг борми?

– Қайнонам бор.

– Ҳа, шундан гапир-да, бўлмасам…

– Энамизни ҳамма табиб дейди.

– Табиб? – кампир бир нарсани эслашга уринди, чоғи, унга тикилиб қолди. – Қумлитовда ким табиб эди-я?

Жувон ўғлини туртиб, “Момонгнинг исмини айт”, деб шивирлади. Мезбон буни сезиб, болага юзланди:

– Ҳа, айт-чи қани, кимнинг наварасисан?

– Шарифа момомнинг, – эркаланди бола.

– Шарифа? Э, ҳа, боядан бери шундай демайсанми? Тўй-маъракаларда кўп кўраман уни. Жуда кайвони аёл. Ҳамма мақтайди қўли енгил, деб, – деди мезбон.

– Ҳа, қишлоғимизда ким касал бўлса, энам­нинг олдига чопиб келаверади.

– Тузук, тузук. Ўзи яхшими, ўйнаб-кулиб юрибдими? Ҳов, лақиллаб ўтиришимни қара, – дея момо жувонга чойнакни узатиб, ўзи қўзғалди. – Ҳозир сизлар чой ичиб туринглар-чи, мен қозонни отлантириб юборай.

– Эна, қўйинг. Чой етади, раҳмат.

– Ҳов, ундай дема. Чой томоқ бўлармиди?! Иссиқ овқатга нима етсин.

– Йўқ, эна, илтимос, овора бўлманг. Ўзи, шундоқ ҳам тинчингизни бузганимизга хижолат бўлиб ўтирибмиз. Ҳадемай тонг ҳам отади…

Момо сал каловланиб турди-да, боланинг кўзлари юмилиб кетаётганини кўриб, шаштидан қайтди. Момо ўзига, меҳмонларга қатор жой солиб, чироқни ўчирди. Жувон билан узоқ гаплашиб ётишди. Аёл қаердан келаётгани, нега кеч қолганини оқизмай-томизмай айтиб берди. Момо ҳам ўғли билан келини шаҳарда яшаши, уларнинг қаерда ишлаши-ю, ўзи қишлоқда невараси билан бирга туриши ҳақида тўлиб-тошиб гапирди. Бола уларнинг гангур-гунгур гапларига қулоқ тутиб ётиб ухлаб қолди…

Тонгда аёл боласининг бошидан силаб уйғотди. Бола қараса, ёнида кечаги қора бола чой ичиб ўтирибди.

Кўзини ишқалаб, даҳлизга юз-қўлини ювишга чиқди. Момо бир нарса деди, шекилли, изидан мезбон бола келди, обдастани олиб, сув қуя бошлади.

– Исминг нима? – сўради у.

– Азамат.

– Меники Ғайрат. Адашиб қолдингларми?

– Йўқ, кечқурун қўрқдик.

– Ҳе, қўрқасанми қоронғидан? – истеҳзоли кулди у.

– Ҳа, сен-чи?

– Йўқ. Ҳечам қўрқмайман.

– Кучли экансан-да, а?

– Ҳа, қўрқсам, ёнимга итимни олволаман. Кеча кўрдингми итимни?

– Кўрдим. Итинг катта экан.

– Мактабга борасанми?

– Йўқ, ҳали кичкинаман. Кейинги йил бораман.

– Мен учинчи синфда ўқийман.

– Учинчи синфда? Фақат уч баҳо оласанми шунда?

– Йўқ, бешга ўқийман мен.

– Алдама. Бешинчи синфлар бешга ўқийди. Сен учга ўқийсан, – унинг устидан завқланиб кулди.

– Ҳозир қумғон билан бошингга бир ураман! – Ғайрат обдаста ушлаган қўлини Азаматнинг тепасида сермади.

– Эна, қаранг! Ғайрат мени урмоқчи!

– Ғайрат! Безори! Тегма қўноқ болага! – момонинг таҳдидли овози эшитилди.

– Ўзи-ку, учга ўқийсан, деб устимдан кул­япти, – деди Ғайрат попуги пасайиб.

– Азамат! Ҳозир кўрасан мендан, – жувон дўқ урди.

Меҳмон бола онасининг олдига югурди. Ғайрат изидан кириб, унга еб қўйгудек қаради. Азамат онасига биқиниб ўтириб, чой ичди, қайноққина шўрвани паққос туширди.

Момо она-болани овулдан чиқаверишдаги катта ариқ бўйигача кузатиб қўйди. Ариқни ёқалаб юрса, катта йўлга тушишини айтиб, қўлларига майда-чуйда солинган тугунни тутқазиб, узоқлаб кетгунича қўл силтаб қолди.

– Йўлни билиб олдинглар, энди келиб-келиб туринглар…

Шундан кейин у уйга қайтиб боришмади, момо ҳам буларникига меҳмон бўлиб келмади.

***

Азамат маҳалла бошидан то бекатгача бўлган оралиқни бир неча марта айланди, жувоннинг изиниям тополмай, дами чиққан пуфакдай шалвираб ортига қайтди. Жўралари аллақачон ухлаб қолган, хонада оғир сукунат ва зулмат кезиб юрарди. У жойига ётди, кўзи илинди дегунча ўша кечадаги жимитдеккина момо билан қорачадан келган невараси совуқда қалтираб тургандай кўринаверди.

“Ёшлик” журнали, 2015 йил, 9-сон