Бахтиёр Нуриддинов. Унутилган хотира (ҳикоя)

Ўшанда улар шаҳарга кўчадиган бўлишди. Отаси “Орзуларим хаёлга айланишини хоҳламайман. Бетакрор истеъдодимни танамга қўшиб қишлоққа кўмишларини ҳам истамайман”, деганди. Бу гапларни унчалик тушунмаган бўлса-да, негадир яшаб турган ҳовлиларини ташлаб кетгиси келмасди. Айниқса, маҳалладаги яқин ўртоқларидан ажралиш у учун катта йўқотиш эди. Янаям тўғрироғи, қўшни қиз – Ифорга ўрганиб қолганди. Буни ҳеч кимга айтолмаса ҳам, мурғак қалби дукуллаб исён қиларди. Аниқ эсида. Воқеалар кўз ўнгида ҳануз бугунгидек жонланаверади…
…Йўл тараддуди кўрилганди. Жўнаб кетиш олди ҳамма атрофга бирма-бир термиларди. Қадрдон уй уларни қўйворгиси келмаётгандай эди гўё. У югургилаб Ифорларникига чиқиб кетди. Ортидан ота-онаси ҳам кириб келишди. Ифор алланечук бўлиб йўлакда турарди. У барисидан хабардор эди. Онаси ошхонада нималардир тайёрлар, яна алланарсаларни қоғозга ўраб ғимирларди. Уларни кўриб:
– Ҳозир чиқиб бормоқчийдим, – деди қўлларини сочиққа арта хижолатомуз.
– Биздан рози бўлинг. Яхши-ёмон гап ўтган бўлса, ёмонликка йўймайсиз, – деди онаси ўтира туриб.
– Қизиқмисиз, бу нима деганингиз? Ахир, яхши қўшниларимдан айриляпман-ку. Ҳозир йиғлавораман, – деди қўшни аёл онасини қучоқлаб.
Аммо бу гаплардан нима фойда. Ҳаммаси кўнгил учун қилинаётган мулозаматга ўхшайди. У Ифорнинг олдига борди.
– Кетяпсанми? – деб сўради у пичирлаб.
Истар-истамас бошини қимирлатди.
– Қайтиб келасанми? – беғуборларча сўради қизча.
– Билмадим, – деб жим бўлиб қолди. Бироздан кейин чўнтагидан унга атаб олиб қўйган қип-қизил олмани чиқариб ўйнай бошлади. Буни қандай беришни билмай каловланарди.
– Катта бўлсам, ёнингга келаман, – деди худди бир нарса эсига тушгандай шошиб.
– Бу менгами? – деди-да, Ифор унинг қўлидаги қирмизи мевани шарт тортиб олди.
У гапиришга улгурмади. Ташқарида ишчилар уларни чақириб қолишди. Ота-онаси апил-тапил ўрниларидан туриб, хайрлашишди. Онаси келиб унинг қўлидан тортқилади.
– Ифор билан хайрлаш, – деди табассум билан.
– Яхши қолинглар. Шаҳарга ҳам боринглар, – деди отаси.
– Йўл узоқ. Буни қорнинг очганда еб оласан, – деб Ифорнинг онаси қоғозда ўроғлиқ егулик тутқазди.
У индамади. Кўчага чиққунча лом-мим демади. Худди бир нимадан хафа бўлгандек қовоқларини уйиб олди. Йўлда ўзини тутиб туролмади, йиғлаб юборди. Нимага бундай қилганини ўзи ҳам тушунмасди. Онаси ҳолини кўриб:
– Нега йиғлайсан? Ўлгани кетмаяпмиз-ку, ахир! – деди жеркиб.
– Унгамас.
– Нимага?
– Ифор олмамни қўлимдан тортиб олди, – деди ҳиқиллаб.
Отаси кулди. Онаси ўғлининг бошини силади.
– Ўз ҳолига қўй уни, – деди отаси.
Ўша-ўша Ифорни кўрмади. Вақт кутиб турмас экан. Йиллар ўз ҳукмини ўтказди.
Бугун тонгда – ўн беш йилдан сўнг рўпарасида Ифорнинг анграйиб туришини ҳатто тасаввур ҳам қилмаганди. Ҳа-ҳа. Ҳаммаси худди шундай юз берганди. Кичкина қизи кўчада мева сотиб юрган аёлнинг овозини эшитиб хархаша қилмаганда, бу гапларни эсламаган ҳам бўларди. Қаршисида шууридаги каби шўх-шаддод, ерга урса, осмонга сапчийдиган чайиргина ўн ёшлар чамасидаги қизалоқ эмас, жувонлардек тўлишиб, ҳаётнинг заҳматлари кўзига эна бошлаган муштипаргина Ифор турарди.
– Холам яхшими? – сўради хижолат бўлиб, уч яшар қизини қўлчаларидан маҳкам ушлаганча.
– Ўтган баҳор хасталикдан ўтдилар, – деди Ифор ва жим бўлиб қолди.
У сўраганидан пушаймон еди. Ярасига туз сепиб, дардини янгилагани учун ўзини ич-ичида койий бошлади. Шундай бўлса ҳам, барибир, одоб юзасидан отасининг аҳволини сўраши лозим эди. Рисоладагидай қилдиям. У онасининг вафотидан сўнг отаси ўзини олдириб қўйганини, эси кирди-чиқди бўлиб қолганини айтди. Ифор оиладаги кенжа қиз эди. Опалари ҳақида сўрашга ботинолмади. Улар турмушга чиқиб, оила қуришган бўлса керак. Қолган гапларни ўзича тасаввур қилди. Сўрамай қўя қолди. Ифор яна жавоб беришга шай, термилиб турарди. У учун буларнинг бари аҳамиятсиз эди. Унинг ўткир нигоҳларига чидай олмади. “Сўра сўрайдиганингни”, деяётгандек эди гўё. У шаҳарга тирикчиликка тушган. Ҳар куни тонг саҳар боғларидаги мевалардан териб, олиб келади. Сотиб, рўзғор учун у-бу харид қилиб уйларига қайтади. Ҳаммасини икир-чикиригача унга айтиши шарт эмас. Муҳими бошқа. Миясида фақат бир савол айланарди. Шуни бериш-бермаслигини билмай боши гаранг эди. Минг истиҳола билан охири:
– Болаларинг яхшими? – деди жиддий.
Ифор ярқ этиб қаради. Унинг бундай савол беришини кутмаган, шекилли. Истеҳзо билан мийиғида кулди. Оёқларига суйкалиб, бир нималар деб чуғурлаётган қизчани даст кўтариб олди. У ёқ-бу ёқдан гапириб эркалаган бўлди. Ифор унинг бетамизларча сўровларининг барисига жавоб қайтаришга мажбур эмасди. Қизчани ерга тушириб:
– Энди отангнинг олдига бор, – деди жилмайиб. Сўнг уларникига кўтариб кирган вазминроқ қутини тимирскилаб, узоқ кавлади. Ниҳоят, қидирганини топдими, каттакон бир қирмизи олмани олиб қизчага узатди. Бу ўша – унинг қўлидан тортиб олган олмага ўхшарди.
– Ойингга салом дегин, – деди дарвозахонадан чиқиб кета туриб.
У нима деярини билмай карахт бўлиб турарди. Қизчаси қичқириб, айюҳаннос солмаганида яна қанча бу ҳолатга чидаши мумкинлигини тасаввур қилди. Ичкаридан хотинининг овози келди.
– Ифор, сенга нима қилди, қизгинам? – деди чиқа солиб хотини.
Ифор, чақин ургандек кескин ортига ўгирилди. Бирдан орқасига қайтмоқчи бўлди. Аммо бунга ҳожат йўқ эди. У индамай йўлида давом этди.
– Ким хафа қилди, а? Қизалоғим, – деди хотини қизининг ёнига келиб. – Ким берди бу олмани?..
Қизи эркаланиб Ифорни қўли билан кўрсатди. У кетиб борарди. Хотини қутидаги қип-қизил олмаларни кўриб яшнаб кетди.
– Мунча чиройли бўлмаса булар. Ҳаммасини сотиб олдингизми? – сўради хотини гўлларча.
Қути тўла қирмизи олмаларни кўриб унинг ўзи ҳам ҳайрон эди. Ростдан ҳам улар кўзни қамаштирарди. “Булар ҳеч қаерда сотилмайди, сотиб олиш мумкин эмас”, дегиси келди. Хотини олмалардан қўлларига сиққанича олди. Сўнг қизини етаклаб ичкарига кириб кетди.
У Ифорни бироз кузатиб турди. Қутини олиб ортидан югурмоқчи бўлди. Бироқ кўтараётганда тугилган тугун ечилиб, олмалар ҳаммаёққа сочилиб кетди. У шошиб уларни қайта қутига жойлади. Олмаларни кўтариб кўчага чиққанда Ифорнинг қораси ҳам йўқ эди. Аланг-жаланг атрофга қаради. Кўзи билан пана-пастқам жойларни қидирди. Қучоғида бир дунё олмалар. Уларнинг ҳар бирида ўзи каби журъатсиз болалик туйғулари яширин эди. Бири қадрдон уйини, бири дўстларини эслатса, яна бири Ифорнинг онасини, унинг йўлга ўраб берган ширинликларини ёдга соларди. Қирмизи олмаларнинг бари-бариси эса, Ифордек ифор таратарди. Уларни бирма-бир қарс-қарс тишлаб ейиш кераклигини ўйлаб ўкинди. Бу қанчалик азоб бўлмасин, уларнинг қисмати шу эди. Яна ким билади дейсиз?
 
“Шарқ юлдузи” журнали, 2014 йил, 6-сон