Бахтиёр Нуриддинов. Алвидо, Баҳор (ҳикоя)

Биласанми, қишлоққа яна баҳор келди. Ҳаммаёқ ям-яшил тусга кириб, жонланаётгандек гўё. Дарахтлар ҳам гуллай бошлади. Эндигина тугуни ечилаётган гулбарглар кўзингни қамаштирворади: ҳаммаси пушти рангда. Қир-адирлар қип-қизил лолақизғалдоққа бурканган. Сен яхши кўрган бинафшалар ҳам очилди. Ариқ бўйларидаги чучмомаларни яшнаганини кўрсанг эди… Оҳ-оҳ-оҳ! Уларнинг хушбўйлигини айтмайсанми. Димоғни калака қилгани майли, юракни ўйнатгани ёмон. Ифори дунёни бузади. Тасаввур қиляпсанми, бизни соғинтирган баҳор келди. Сен учун қанчалик қувончли билмадиму, аммо биз уни совуқларда жунжикиб-жунжукиб жуда узоқ кутдик. Ҳа-ҳа! Бизнинг ёқларга баҳор келди. Қаҳратон қишнинг бағрини ёриб бойчечаклар униб чиқди. Эсингдами, қояларга урилиб тушаётган шаршарага борганимиз. Ирмоқларни томоша қилиб, мириқиб-мириқиб зилол сувларидан симирганимиз… Мажнунтолларнинг новдаларида икковлашиб учганларимиз. Толпопукдан кокил таққанларинг-чи!? Момақаймоқлардан чамбар ясаб берганимни унутмагандирсан ҳойнаҳой?! Ҳеч йўғи адирда варрак учирганимиз ёдингдадир. Майсазорда қиқир-қиқир қувлашмачоқ ўйнаганларимизни, Етимқирда кўм-кўк осмонга тикилиб орзуларимизни куйлаганларимизни, елиб-югуриб шамолларни қучоқлаганларимизни, ариқ бўйларида пичирлаб тушларимизни айтганларимизни, ойдин кечаларда юлдузлар билан сирлашганларимизни бир эслаб кўргин-а! Қандай бахтли дамлар эди, тўғрими?.. Ўшанда сенга бир гапни айтмоқчи бўлардим, Баҳор. Авваллардагидек исмингни баҳорга қиёслаб мақтаганларимдан бутунлай ўзгача изҳорларим бор эди. Тушуняпсанми, ичимдагини тўкиб солишни хоҳлардим сенга. Лекин қандайдир кўринмас куч бунга йўл бермасди. Унинг нималигини ўзим ҳам билолмасдим. Бутун борлиғим чирмаб ташлангандек эди. Муносабатларимизнинг бари дўстона туюларди-да. Ўйлаб кўрсам ўзимни ўзим алдаб юрган эканман. Ҳамма гапни айтишни орқага ташлабман-у, сенга етишишга шошилмабман. Энди бўлса кечикканимни тушуниб турибман. Қанақалигингни билсам-да, туйғуларингни англаб етмаганим учун ҳозиргача азоб чекаман. Ҳамма айб ўзимда. Ё атай дунёнинг ҳажрини бўйнимга илиб кетдингми, а?.. Баъзан саволлар гирдобида қийналаман, Баҳор. Нима бўлганда ҳам сенинг йироқдалигингга кўникдим. Бироқ бир зум хаёлимни тарк этганинг йўқ. Ҳар баҳор сени кутардим. Бизнинг қишлоқда яйрашингни кўриб қувонардим. Далаларга, боғларга термилиб янаям очилиб кетишингни бир неча марта зимдан кузатганман. Сен буни сезмагансан ҳам. Ўша диққинафас шаҳарда ўсган ҳар қандай жон бизнинг Қорадарё бўйларида қувнашини жуда яхши биламан. Ақлимни таниб сени қидириб борганимда ўзим ҳам бўғилиб ўлай деганимни кўнглингга олмагин, деб айтмагандим. Тўғрида, шовқин-сурон уфуриб турган шаҳарнинг аждарҳо кўчалари манаман деган мавжудотни ямламай ютиши аниқ-ку! Менга худди шундай туюлганди-да. Яна ким билади дейсан. Биринчи бор катта шаҳарда эсанкираб қолганимни жуда яхши эслайман. Атрофдагилардан нажот кутишнинг фойдаси йўқ экан. У ернинг одамлари бизнинг тўпори қишлоқ кишиларига ўхшашмайди. Ўзим гувоҳ бўлганман бунга. Ўша куни тўйингнинг устидан чиққандим. Сени оппоқ либосларда кўриб анча улғайганингни ҳис қилувдим. Негадир келинлик қиёфанг кечагидек кўз ўнгимда турибди. Шаҳарга қанчалик катта умид билан борган бўлсам, ўшандай ноумидлик билан қайтганимни тасаввур қилолмайсан. Узоқдан чеҳрангга тўйиб-тўйиб тикилганларимни пайқамадинг ҳам. Ахир қаёқданам кўрардинг. Бутунлай қувончу шодлик оғушида эдинг-ку! Кўзларингни бахтиёрлик пардаси қоплаб олган, лабларингда ним табассум барқ урарди унда. Ўша пайт ҳеч нарса ҳақида ўйлагим келмасди. Дунёнинг бўлгани шу-ку, ахир. Бироқ катта шаҳар назаримда бутун борлиғимни тортиб олгандай эди. Мен эски сарқит бўлса ҳам ўзимнинг ширин хотираларим, одамларга бўлган меҳрибон ўйларим, сенга нисбатан ширин туйғуларим билан яшардим. Уларнинг бари бир зумда ҳавога сингиди-ю кетди гўё. Яна нима қолди?.. Ўша эски-туски, ашқал-дашқалларга ўхшаш ўйларми? Керак бўлса ол уни ҳам, эй ҳиссиз, шармсиз шаҳар, деб ҳайқиргим келарди.
Сен мен учун бошқача эдинг, Баҳор. Очиғи яна қишлоғимизга келишингга кўп бора интизор бўлганимни яшириб ўтирмайман. Энди бунинг унчалик аҳамияти йўқ. Йўлларимиз айро тушган. Бу инкор қилиб бўлмас ҳақиқат, шундайми?.. Бари орзуларимиз чиппакка чиққани ҳам рост-ку. Биз у вақтларда бола эдик, буни жуда яхши биламан. Бутун борлиққа беғубор қарашимиз ҳам табиий эди унда. Ҳозир у кунларни эслашни истамайман. Шундай бўлса-да негадир сенга барибир бир омонат гапни айтишдан ўзимни тия олмаяпман. Бу сенинг бувинг – доимо хархашаларингга чидаб, юракдан севиб эркалагувчи ўша Қумри холам ҳақида. Наҳот уларни унутган бўлсанг. Бизга иссиқ кулчалар ёпиб берганини эсингдан чиқардингми!? Бечоранинг дарди ичида. Қачон мени кўрса сен ҳақингда гапиради. “Баҳорим яқин кунларда келади” дейди. Шаҳарга боролмаслигидан зорланади. Ҳатто тўйинг куни олиб кетмаганингга ҳайронман. Шунчалар бағритош эканлигингга ишонгим келмайди. Унақа эмас эдинг-ку! Ёки мен пайқамаганманми? Тўғриси сени кўп марта унутишга ҳаракат қилиб кўрдим. Аммо уддалай олмадим. Вақт ўтиб яна сени эслатувчи баҳор келади, Баҳор. Ўша қаҳ-қаҳ отиб кулишларинг, қувончли чеҳраларинг сени ёдга солаверади.
Шу кунларда худди жонсиз касга ўхшайман. Тирикману аммо ҳаётимда мазмун йўқдай. Мен шунчаки болалик хотираларим билан яшаяпман, холос. Вақт шунчалик тез ўтишини билмаган эканман. Мен учун қадрдон бўлиб қолган туйғуларни йўқотишни ўйлаб ҳам кўрмагандим. Улғайган сари ҳаммасини тушуниб етяпман. Вақтни ортга қайтариб бўлмас экан, Баҳор. Бир кун келиб сени ҳам унутарман. Аммо барча хотираларни таг-туги билан ўчириб юборишга қурбим етмаса керак. Буни эплай олмайман, деб қўрқаман. Доим шаҳарга қайтаётганда мендан хат ёзишимни сўрардинг. Уни жўнатмасам ҳам иккимизнинг исмимиз ўйилган анҳор бўйидаги бақатерак ғовагига қистириб қўйишимга шама қилардинг. Қишлоққа келганингда албатта олиб ўқишингни айтардинг. Бугун истагингни бажармоқчиман. Бу сенга ёзган биринчи ва сўнгги мактубим. Ҳа эсим қурсин! Сенга айтишни унутаёзибман. У бақатеракни бу қиш совуқ урди. Ўрни келганда билиб қўйсанг ёмон бўлмас. Балким менинг хатойим сабаб азоблангандир. Танасига озор бериб исмимизни ёзмасам бўларкан ўшанда. Яна қайдам. Ёзганларимни сен сўрагандек унинг сўлиб бораётган танасига жойлайман. Балким ёмғир ювиб мактубимни ўқишга улгурмассан. Шу билан дарахт ҳам бутунлай қуриб битар. Мен унга ачинаман, Баҳор. У билан бирга кўп яхши кунларни ўтказгандим. Сояларида офтобдан жон сақлаганман. Ҳар қалай қадрдон дарахт эди. Агар билсанг қишлоқдаги ҳар бир гиёҳ мен учун азиз. Буни сенга тушунтиришнинг ҳожати йўқ. Бундай дейишдан ҳижолатдаман, албатта. Ичимдагиларни тўкиб-солганим учун мени койимассан, деб умид қиламан. Бу сенга айта олмаган сўзларим эди, холос. Билиб қўй, дунёнинг қай четида бўлса ҳам яхшилаб эшит! Мен сени… Энди бу унчалик муҳим эмас. Бироз чалғидим, шекилли. Сенга бошқа бир гапни айтмоқчи эдим. Қишлоғимизга баҳор келди, Баҳор. Қалдирғочлар уйимизнинг томларига ин қуришяпти. Сумалаклар чаккиллаб хаёлни бузишяпти. Ариқларда сувлар шилдираб-шилдираб оқа бошлади. Эшитяпсанми, Баҳор! Бизнинг баҳор келди. Мен бўлса бугун сен билан хайрлашмоқчиман: хайр, Баҳор.
Алвидо!..