Ўтирса отнинг бели майишадиган одамни учратсам керак, деб ўйлаган эдим. Турсунбой отанинг андак ўктамлигини, тетик ва чайирлигини ҳисобга олмаганда одатдаги хушмуомала мўйсафидлардан ҳеч фарқ қилмасди. У мени қир бағрида жойлашган ҳовлисига бошлади. Ҳовлидаги каттакон сада тагидаги супага жой қилинди, дастурхон ёзилди. Бир пиёла чой устида гурунг бошланди.
– Э, одамлар, одамлар-а… – деб гап бошлади Турсунбой ота, – бир умр одамларнинг ардоғида, олқишида яшадим. Полвон деган ном чиқардим. Отам тайинлагандек солин учун эмас, элнинг ори учун майдонларга тушдим, қўл синса, енг ичида, бош ёрилса, дўппи тагида қабилида яшашга интилдим. Бироқ бир воқеа сабаб…
Турсунбой отанинг беихтиёр овози титради. Кўзига инган ёшни белбоғига артар экан, нафасини ростлаб, туйғуларини жиловлаб, пиёлада совий бошлаган чойдан бир ҳўплам ичди-да, давом этди:
– Ярамни тирнадингиз-да, ҳа, майли, дардимни бировларга айтмай, ичимда сақлагандим, лекин негадир сизга гапиргим келди… Баъзан ўтганларни, уларнинг сиймоларини, иши-ю юриш-туришини эсласам ҳам, хаёлга бериладиган, кўзимга ёш оладиган бўлиб қолибман. Қандай одамлар ўтди-я… Ҳай, сиз менга кўп эътибор қилаверманг. Қарилик-да болам, қарилик. Одам кексаяверса шунақа бўб қоларкан, илгари раҳматли кампирим билан бир-биримизни сўзсиз тушуниб, суянчиқ бўб яшаётгандик…
Полвонни чалғитиш ҳам овутиш мақсадида:
– Э, ота, ҳали бизга ўхшаган ёшларнинг бир-иккитаси билан бемалол бел олишасиз, – дедим мулозамат қилиб.
Гапим қарияга маъқул тушди.
– Қани чойдан ичинг, дастурхонга қаранг… Манави қатиқ уйники. Қаранг, косада қошиқ тик турибди. Тоғнинг қатиғи-да. Сиз шаҳар боласисиз, кам қувват кўринасиз, исталовойнинг пирашкаси билан лойқа чойи овқат бўлармиди, болам.
– Лойқа чой деганингиз нимаси, – деб сўрайман азбаройи қизиқиб.
– Сизлар уни кўфеми, капеми дейсизлар.
Кулгудан ўзимни аранг тутаман. Лойқа сувдай чайқалиб турган қаҳва тўла идиш кўз ўнгимда жонланиб чолнинг топқирлигига ичимда қойил қоламан.
Ҳазил қилишга уринганидан сездимки, Турсунбой ота хаёллар гирдобидан қутулди. Яна полвонлик феъли уйғонди.
– Лекин болам, бугун кетиш йўқ. Ўзим сизни бир меҳмон қилай… Эчкининг така тегмаган боласини қозонга босамиз. Куласиз-а… Бунинг маънисини билмайсиз-да. Эчки пақат ўтнинг гулини териб ейди. Кийикдан тарқаган-да. Унинг сутини ичган улоқчаси минг дардга даво бўлади.
Гап оҳангидан шаҳарлик билмаган нарсани ўргатаётганидан, мени ҳайратга солиб қўйганидан ғурурланаётгани сезилади, кўзларида аллақандай ёлқин пайдо бўлди.
– Энди меҳмон бироз зерикмай ўтириб турасиз. Ўзим бориб сизга аталган жонлиқни олиб келай. Ёш-ялангга айтсам ҳам бўлади-ку, лекин улар бунинг маънисини билмайди. Анави зормандадан ҳам бўсин-а?..
– Сўраб бергунча, уриб бер, дейишган…
Турсунбой ота у ён-бу ён аланглаб:
– Ислом полвон, ҳов, Ислом полвон, Самантойни опкелинг-чи, – деб овоз беради.
Ҳовли этагидан беш-олти яшар бир бола саман отни етаклаб келди.
– Акангизга салом бермайсизми, полвон… Акаси хафа бўмайсиз-да… Жуда ўр-да, укангиз…
Турсунбой ота дастурхондан бир бурда нон олди-ю, ўрнидан турди. “Самантой, Самантой” деб қўлидаги нон бурдасини отга егизди. Сўнгра “Ё пирим” деб ўзини енгилгина эгарга олди. Ҳаракатларидан умр бўйи от мингани сезилиб турибди.
– Энди меҳмон, мана укангиз билан атрофни айланиб турасиз, пастда чорбоғимиз бор. Бемалол кириб, томоша қилиб туринг…
Миннатдорчилик ҳам розилик аломати сифатида қўлимни кўксимга қўйиб бош ирғайман.
Ўр укамиз бобоси кетгач ҳам барибир меҳмоннинг олдига келмади. Бу ҳовлида ким хўжайин эканини кўрсатиб қўймоқчидай, хўроз-товуқларни, нўхтасини узиб ҳовлига кириб қолган бузоқчани қувиб солишга тушади. Қулоқлари кесилган баҳайбат итига “Бўрибосар, ол, ол деяпман”, деб буйруқ беради. Бироқ унинг бу пўписаларига ўрганиб қолган шекилли, Бўрибосар парвоям қилмайди, бошини яна тиззалари устига қўйиб мудрашга тушади.
– Эна, эна-а, дейман, – деб бақиради бола яна. Ўзини тутишидан, овоз оҳангини ўзгартиришидан бобосига тақлид қилаётгани билиниб туради. Боланинг овозини эшитиб, чорбоғ тарафдан бағрига қўғирчоғини босиб олган қизчани етаклаб чиқиб келган жувон, мени кўриб рўмолининг учини тишлаб, овозсиз бош ирғаб саломлашган бўлди.
– Чарос, сен қоч, бузоқча босиб кетади, – дейди бола. Афтидан ҳамон бу ҳовли эгаси ўзи эканини менга пеш қилишга тиришарди. Жувон бир тарафдан, бола бир тарафдан ўйноқлаб югуриб юрган бузоқчани оғилхонага ҳайдашди. Боланинг гапини эшитган қизалоқ эса, турган жойида бир бармоғини оғзига солиб, менга анграйиб тикилиб тураверди. Бузоқчани оғилхонага қамашди шекилли, бояги жувон қизчани етаклаб этак томон кетди. Бола эса кўринмади…
Улкан чинор остидаги супада шу ўй-хаёллар оғушида қандай мудроқ босганини сезмай қолибман.
– Ислом полвон, ҳов Ислом полвон, – деган овоздан уйғониб кетдим.
Саман отининг эгари қошига бир улоқчани ўнгариб олган Турсунбой ота келган экан. Ота отдан тушиб, улоқчани ҳам пастга олди. Дийдорига югуриб чиққан неварасини отга мингазди.
– Қани, полвон, отни жойига элтиб боғлаб қўйинг-чи…
Пастда турган офтобадан сув қуйиб юз-қўлимни ювдим-да ота ҳузурига юрдим.
– Зерикмадингизми, меҳмон… Баҳузур дам олавермайсизми?..
– Турсунбой ота, келинг мен ҳам ёрдамлашай, шаҳарга бориб ёр-у жўраларга айтиб юраман-да.
– Маъқул… Маъқул… Келин, ҳов келин…
Чақириқни эшитган бояги жувон, кўп бора кўравериб кўзи пишган шекилли, зарур нарсаларнинг барчасини бир зумда муҳайё қилади. Саманни боғлаб келган невара ҳам бобосининг ёнида пилдираб қолади. Шунча яхши гапирмай менга ҳалиям ёв қарашини қўймайди. Ўзини худди катталардек тутиб бобосига қараша бошлайди. Менинг нўноқ ҳаракатларимдан манманларча кулиб ҳам қўяди.
Ниҳоят янги сўйилган улоқча қозонга босилгач, бобо билан супага қайтамиз. Пешин намозини ўқиган Турсунбой ота ҳам яна бир салом бериб супачага жойлашади.
Янгиланган дастурхондан бир тишлам-бир тишлам нон ейилгач, ота кўп таърифини келтирган қумғонда қайнаган чойдан ҳўплаб гурунгни давом эттирамиз.
– Энди ўғлим, оилада ёлғиз фарзанд бўлиб ўсганман, – деб салмоқ билан гап бошлайди Полвон, – менгача опа-акаларим туришмаган. Шу сабаб исмимни Турсунбой қўйишган. Отамиз асли тоғликлардан, волидамиз даштдан. Раҳматли падаримиз шу атрофда донғи кетган полвон бўлган. Курашчи полвон эмас. Кўпкари чопган. Бизда улоқчи чавандозларниям полвон деб улуғлашади… Хуллас, ёлғиз фарзанд бўлганимданми, ота-онам мени ҳеч нарсага зориқтирмай ўстиришди. Айтганим – айтган, деганим деган денг… Эрта от минишни ўргандим… Отамнинг сабоғини олиб улоқ чопдим.. Озми кўпми номим чиқди. Фақат тўғриси, шу илмга кўп тобим бўлмади. Шунинг учун ўқиган одамларга ихлосим катта. Меҳмон қилгим, суҳбатларини олгим келади…
Турсунбой ота чойдан ҳўплайди. Бироз ўй сургач, яна давом этади.
– Қишлоқнинг энг сулув қизига уйландим… Отам раҳматли полвонларга хос чапани, тилга ботир, чўрткесар одам эди. Ўғил невара кўришни интиқиб кутди. Бироқ, дастлабки беш фарзандимиз қиз бўлди. Отам билдирмаса-да ҳар сафар ўғил невара кутиб интиқаётганини барчамиз сезиб юрардик. Ҳар гал аёлим юкли бўлганда бир саман тойчоқни етаклаб келарди. Лекин ўғил неварасини кўриш отамга насиб қилмади. Ўғлим туғилишидан бир ҳафта олдин омонатини топширди…
Турсунбой отанинг яна ўпкаси тўлди. Нималарнидир пичирлади. Балки, отасини эслаб дуо қилаётгандир, балки… Сўрашга ботинолмайман. Кўнглининг туб-тубидан отилиб чиқаётган туғённи бўлиб қўйишдан қўрқаман.
– Лозим маъракаларни ўтказиб, ўғлим бир ёшга етганда элга катта тўй бердим. Мақтаниш эмас, ўзиям кўпкаримисан кўпкари бўлди. Буёғи Олойдан, буёғи қозоқдан полвонлар келди. Довруғини ҳали айтиб юришади. Отам ўлиб бироз чўккан кўнглимга яна нур ўрлади. Бутун меҳримни боламга бердим. Буям полвон бўлсин, ота-бобосининг йўлини берсин, деб ният қилдим. Ўзим билган азиз-авлиёларнинг зиёратидан айирмадим… Лекин, тавба, полвоннинг боласи, полвоннинг қони… Отга қизиқмаса бўладими. Қўлидан китоб тушмайди. Охири бор-э деб қўл силтадим. Қизлардан тараган невараларимни чавандозликка ўргата бошладим. Аммо, улардан ҳам бирорта довруқли полвон чиқмади. Буям энди Худодан экан-да, болам… Барибир ўғлимни жуда яхши кўрардим. Меҳр билан ўстирдим. Ота, рухсат беринг, шаҳарга бориб ўқимоқчиман, деб қолди бир куни. Бироқ ёлғиз ўғил, олдимдан силжитгим келмади. Рухсат бермадим. Анча кўнгли ўксиб, сиқилиб юрди. Бироқ, менга терс иш қилишга ботинолмади. Уйланиб, бола-чақали бўлса, шаҳарни унутар, деб эрта уйлантирдим. Келиним юкли бўлганда жўрттага, кўз тегмасин деб, қиз невара бўлсаям майли розиман деб юрдим. Аммо юрагимнинг туб-тубида интиқ бўлиб ўғил невара кутдим. Кечалари илтижо қилиб Худодан сўрадим. Ҳеч кимга билдирмай азиз-авлиёларнинг қабрига чироқ ёқиб келдим. Аёлим раҳматли, отаси, суюнчи беринг, ўғил невара муборак деганида қанча суюнганимни энди тасаввур қилинг. Ирим қилиб ҳовлига саман от опкирмовдим. Афсус қилдим. Неварамнинг қулоғига “азон” айтдим-у қирғиз оғайниларнинг олдига югурдим. Отнинг зўри шуларда бўлади-да. Битта саманни етаклаб келиб, эртасига элга ош бердим. Неварамнинг отини Исломбек қўйдим. Билмайсиз, полвонларда озгина ўпкалик ҳам бўлади. Элнинг эркатойи бўлиб ўрганган-да… Фарзанд кўрганидан боши осмонда бўлса-да мендан уялиб-қимтиниб юрган ўғлимни ёнимга чақирдим-да, шу бола атак-чечак бўлган куни, сенга рухсат, шаҳарга бориб ўқийвер, деб юбордим. Энди унинг боласи атак-чечак бўлишини интиқиб кутганини, бошқатдан китоб-дафтарини олиб, дарс қилишга киришиб кетганини кўрсангиз. Бир ғашим келади, бир ғашим келади, яна ўзимни овутаман. Ҳа, ўзим ўқимадим, бу полвон бўлмаса, олим бўлар, дедим… Бироқ, ҳалигача шу ишимдан афсусдаман. Олдингдан силжитма, деб Худойим кўнглимга солган экан-да… Неварам атак-чечак бўлиб, “тушов узди” ўтказдик. Бунинг маъниси юриб бошлаган боланинг оёғига иримига тушов солиб, кесиб юборилади. Нега дейсизми? Билмадим. Энди буям, ота-бободан қолган удум-да. Хуллас, ўғлим шаҳарга отланди. Чол-кампир дуо билан кузатиб қолдик… Лекин, кўнглим қандайдир нохушликни сезди, болам, сезди. Бироқ ўзимни овутдим. Шаҳарга, болаларимга бир қўйни тандир қилиб, хуржунга сут-қатиқ, мева-чева солиб боришимни, неварам озиб кетибди, деб уларни койишимни, кейин неварамни елкамга мингизиб “от-от” ўйнаётганимни кўз олдимга келтириб, бир эпкинлаб, бир севиниб ўзимни овутдим. Сал эсини танисин, Худойим бошқа фарзанд берса, бунисини барибир қишлоққа олиб келиб полвонликка ўргатаман, – деб неварамга тикилиб-тикилиб ўтирдим… Лекин ўғлимнинг шаҳарга етиб бориши насиб қилмаган экан… Йўлда машина ағдарилиб…
Турсунбой ота яна жим қолади. Лекин бу сафар кўзига ёш инмади. Афтидан кўнглининг туб-тубида ётган армонлари тилга кўчиб, зардоб бўлиб чиқа бошлаган ва бундан у ўзини енгил сезаётган эди.
– Шумхабарни эшитган аёлим “вой болам” деб бир оҳ урди-ю қулади. Шу-шу ўзига келмади. Маъракалар ўтгач фақат сояси қолди. Менга билдирмайман, дейди. Неварасини олдидан бир қадам силжитмайди. Қоқинса тагига поёндоз бўлсам, дейди. Барибир куйик ёмон бўлар экан,болам, ёмон бўлар экан. Одам ичдан куймасин экан. Куйик барибир қулатди, аёлимни… Боламнинг боласини сизга, сизни Худога топширдим, илоё, тилаганингиздай полвон бўлсин, рози бўлинг, деб омонатини топширди. Шунда билибман денг, у шўрлик ҳам бизга бир полвон тилаб, худди ёлғиз ўғил туққанига ўзини айбдордай сезиб юрганини… Ичдан куйдим, болам…
Турсунбой отанинг овози титради. Ўктам юзига ярашиб турган соқоли тагидан лунжларининг қимтингани, кўзига қуйилиб келаётган ёшни ичига ютаётганидан, қанча вақтлардан бери уни ўртаган ҳиссиётлари билан олишиб келаётганини билдиради. Афтидан, у бу ҳақда ўйламасликка, безовта ўйларни хаёлидан қувиб яшашга интилган ва буни уддалай ҳам олган. Ҳозирги ҳолати полвон билан юзма-юз ўтирган ҳар қандай одамни ларзага солгулик эди…
– Худо дедим, болам, Худо дедим, – яна ҳикоясини давом эттирди Турсунбой ота. – Полвонман, дедим, бегонадангина эмас, яқинларимдан ҳам куйигимни яширдим. Ўзимдан ўтганини эса ўзим биламан. Суянганим, овунчоғим шу неварам бўлди. Яна Худога шукр қилдим. Шу болани қариган чоғимда пешонамга берганидан ҳикмат изладим. Энди тақдирнинг ҳазилларини қаранг. Эртага нима бўлишини одам билмас экан-да. Бўлмаса, қўшнимнинг қизини келин қилармидим. Бошқа бўлганда боласини олиб кетиб қолганда, қайтардим… Келиним, умридан барака топсин, мана энди икки уйнинг суянчиғи бўлиб турибди. Отасиникида тунасаям, эрталабдан кечгача шу уйнинг хизматида, иссиқ-совуғимиздан хабар олиб туради. Қудам ҳам имонли, мўмин одам. Ўзи синфдошим. Ҳозир уйда йўқ. Бўлмаса, бир танишардингиз. Кичик ўғлини ўзи билан олиб қолган. Кўрган бўлсангиз керак, бир қизчалари бор. Афтидан ота-бола чўлга тушиб кетган чиқар…
Турсунбой ота бироз тин олади. Совуқ чойдан бир ҳўплаб томоқ ҳўллади-да, фикрини йўқотишдан чўчиётгандек яна ҳикоясини давом эттиради.
– Неварам ўзини тутиб олгандан полвон пирларига бир жонлиқ атаб боламни эгарнинг олдига ўтирғизиб, кўпкарига олиб бора бошладим. Боланинг отдан чўчимаганини, “ўзим-ўзим” деб юганни ушлашини кўриб бир севинаман-бир севинаман, денг… Бир куни нариги бетдаги қўшнимизнинг ити болалабди. Неварамнинг шаштини қайтармай ўстираётганимни ҳамма билади, шу итнинг кучугини, неварам қўшнининг бола-чақасини изиллатиб, бермайман десаям уйга кўтариб кепти-да…
Шу ўриндаТурсунбой ота мийиғида билинар-билинмас кулиб қўяди, овозида яширин ғурур сезилади.
– Кейин денг бола тушмагур шу кучукка боғланди-қолди. Фақат ухлаганда ёнидан олиб қўямиз. Бундай қўлга олиб қарасам кучук – сиртлон. Бу дегани бундай зотдор итлар кам учрайди. Ота-боболаримиз уларни бўридан тарқаган дейишади. Сабаби, уларда олти тирноқ – олти панжа бўлади. Ҳа, ақли етмасаям, кўнгли сезибди-да неварамнинг, бўлмаса шундай кучукни уйга кўтариб келармиди, деб қўйдим ичимда…
Турсунбой ота ўзи билмаган ҳолда ҳар қандай ота-она боласининг қилиғидан, гапидан маъно излаб ҳайратлангандай ҳайратланар, неварасининг полвон кўнгли уни бошқарганига комил ишонч билан гапирарди. Полвоннинг гапларини жон қулоғим билан тинглар эканман, ундаги ишонч менга ҳам ўтган, бунда, албатта, қандайдир синоат яширин эканига чиппа-чин ишонган эдим.
– Ҳеч кимга билдирмай мен ҳам кучукка хом гўшт, бир парча қуйруқ бериб юрдим. Нега ундай қилдим – билмайман… Энди меҳрдан-меҳр қайтар экан-да. Сиртлон бир ит бўлди, бир ит бўлди… Биринчи бўрини олганда тўртгаям кирмовди… Ажабланманг, бизда итнинг ёши ҳар олти ойда бир йил, деб ҳисобланади… Атрофда, Полвоннинг Сиртлони бўри опти, деган гап тарқагач, узоқ-яқиндан чўпон-чўлиқ эринмай уйга келиб итни кўриб кетгич бўлди. Зотидан берасиз, деганнинг саноғи йўқ, денг. Энди ўзингиз тушунасиз, чорвадор халқмиз. Яхши от, яхши ит бизда тилло баҳо…
Бир куни уйга тоға юртдан даштлик оғайнилар келиб қолди. Иззат-ҳурматларини жойига қўйиб кутиб олдим. Гурунг чоғи уларнинг ниманидир айтишга чоғланаётганини, лекин ботинолмаётганини сезиб турганимдан, даврада ҳаммамиз яширишга уринган ноқулайлик ҳукмрон, денг. Меҳмон атойи Худо. Мен сўролмадим. Улар эса бир неча бор ўзаро кўз уриштириб, гапга оғиз жуфтлайди-ю айтолмайди. Дастурхонга фотиҳа ўқилиб, хайр-хўш қилар чоғи, охири меҳмонлардан бири юрак ютиб, дардини айтди:
– Турсунбой оға, сизни биз ўзимизга яқин қариндош деб биламиз. Орқангиздан мақтаниб юрамиз… Тантилигингиз Олойгача тилда… Энди келишимиздан бир мақсад бор эди… Шу сиртлон итингизни бизга берсангиз. Қанча десангиз, нархини берайлик…
Бир зум лол қотиб қолдим. Полвон халқида шундай удум бор, меҳмон. Аввалам, ҳеч ким бир-бирининг отига харидор бўлмайди. Агарда, кўнгли суст кетиб оғиз солинса, албатта, берилади ё сотилади. Йўқса, от полвонга буюрмайди. Лекин, ит сотилганини тўғриси, ота-боболаримдан ҳам эшитмаган эдим.
– Тоғалар, ҳурмат қилиб, хонадонимга келибсизлар, минг раҳмат. Бошим осмонга етди. Мана қўрам тўла мол, истаганларингни олинглар. Хоҳласаларинг Саманниям совға қилай. Лекин, итни сотинг деганларингиз…
– Кўнглингизга олманг, Полвон оға. Йўлига айтдик-да. Замона зайли. Ҳозир ҳамма нарса сотилаяпти-да… – деб минғиллашди улар
Меҳмонлар ҳурмати яна ўзимни босдим.
– Сўрасаларинг шундай ҳам берардим. Лекин, итни эмас. Тоғалари, бу ит неварамники. Ундан сўрамай беролмайман. Бўлмаса, йигитнинг сазасини ўлдирармидим…
Мен бир хижолат, меҳмонлар бир хижолат, хайрлашдик. Сездим, бироз ранжишди. Кўнглим хира тортди. Боя айтдим, полвон элнинг ардоғидаги одам. Шу сабаб, хонадонига бир нарса сўраб келган инсонни ноумид қайтармайди. Етса моли билан, етмаса сўзи билан елкадош бўлади…
Турсунбой ота яна тин олади. Полвонга тикилиб ўша пайтдаги вазиятни кўз олдимга келтирдим. Беихтиёр ўзим ҳам ўша кездаги ноқулай аҳволни бошдан ўтказгандай бўлдим.
– Ҳали ўзимга келиб улгурмай, тоғлик амаки қариндошлар меҳмон бўлиб келишди, – ҳикоясини давом эттирди Турсунбой ота. – Уларнинг ҳам ҳурматини жойига қўйиб кутиб олдик. Ўтганларни, кўпкари – улоқларни ёдга олиб гурунглашдик. Аския қилиб хумордан чиқдик. Қишлоқнинг ярми меҳмонга келди, десам ёлғон бўлмас. Давра қизиб турган пайт, озгина ширакайф меҳмонлардан бири, тирсагимдан ушлаб четга тортди.
– Полвон, – деди тамакисини бурқситиб, гарчи мендан анча ёш бўлса-да тенгидай муомала қилиб.. – Сиз энди ўзимизнинг довруқли полвонлардансиз. Биз томонларда номингизни эшитмаган одам йўқ. Эшитдик, даштлик тоғаларингиз ҳам келишган экан, сўровларига йўқ, дебсиз. Энди биз шу итингизга харидор бўлиб келдик. Ҳар ҳолда бизга йўқ демассиз… Оғзингизга сиққанини айтинг…
Шу билан гапини тугатсаям майли эди. Камига беўхшов ҳазил ҳам қилиб қўяди денг, нима эмиш, биз амаки, ота бир эмишмиз. Отаси бошқа эл бўлмасмиш.Бир жаҳлим чиқди, бир жаҳлим чиқди. Бир кўнглим, ҳе ўргилдим, сендай амакидан дегим келди-ю…Бошқа жой, бошқа давра бўлганда-ку ўзим билардим. Бироқ, мен мезбон, улар меҳмон эди, болам… Ичимдан отилиб чиқаётган ҳапқириқни куч билан зардобдай ютдим. Сабабини тушунтириб, узримни айтдим…
Бир кун-икки кун қўноқлаймиз, деб ўтирган меҳмонлар эрталаб зарур ишлари чиққанини айтиб хайрлашиб жўнаб кетишди. Оғир ўйда қолдим. Элчилик-да, баъзан улоқ-кўпкарида тортишиб қолсак, тоғлик оғайнилар “барибир даштлигига борди” деб, даштлик оғайнилар “тоғлик-да” деб ғайирлик қилишини сезиб қолардим. Ҳа, энди ютқизиқ аламидан-да деб кўп эътибор қилмасдим. Энди бир итнинг орқасидан “ўзимизнинг тоғлик”, “ўзимизнинг даштлик” бўп қолганим алам қилди, ўғлим, қаттиқ алам қилди… Элнинг оғзига элак тутиб бўладими, ўғлим. Ён атрофга “полвон итини фалон сўмга сотаётганмиш” деган миш-миш тарқабди. Мен бундан бехабар. Қудамдан эшитиб, яна куйдим. Энди кўринганни тўхтатиб, бу ёлғон деёлмайман-ку… Шунча йил элнинг ардоғидан эпкинлаб юрган одам, тўй-у маъракада ўзимни қандай тутишимни билмолмай доғман денг… Кўнглимга чироқ ёқса, ёришмайди. Энди, ўғлим, ҳамма одамда, яхшими-ёмонми ўзига яраша дўст-душмани бўлади. Биров кучингизни, биров обрўингизни кўролмайди. Очиқ майдонга чиқиб, бел олишса, хўп-хўп, аммо ўзини дўст кўрсатиб, ичиқоралик қилиб юрганлардан қўрқ экан. Майдонда ноилож тан берганлар яна ғимирлаб қолди, денг. Бир кун…
Шу куни шивалаб ёмғир ёғиб турганди. Нимадандир кўнглим алағда бўлиб кечаси ҳовлига чиқдим. Остонада Сиртлон кўринмади. Оғил томонга ўтдим. Қарасам, ит ўсал бўлиб, қон қусиб ётибди. Шошиб қолдим. Саманни ёйдоқ миниб, молдўхтирникига чоптирдим. Қишлоғимизда Сафарали деган молдўхтир бор. Ўзи яхши бола, молниям билади. Бир айби манави “зорманда»га ишқибозроқ… Ўзи қўлга қараган бола эмас. Шу келиб итни обдон текширди.
– Турсунбой ота, итингизга биров игна едирганга ўхшайди. Энди умид йўқ…, – деди.
Менинг ичимдан бир нима узилиб кетгандай бўлди. Сафаралиси тушмагур ҳолатимдан хабари йўқ, ҳазил қилиб қўяди:
– Эрталабгача кутасиз, бўмаса сўйиб юбораверасиз…
Ўша тунни қандай ўтказдим – билмайман. Сиртлон дув-дув ёшланган кўзи билан худди одамдай тикилиб, мадад излаб мўлтирайди, денг…Қўшилиб менинг ҳам кўзимдан ёш оқади. Нима қилишимни билмайман…Тонгга яқин ўзини у ёқдан бу ёққа уриб жон берди…
Эрталаб неварам итини излаб тополмагач, йиғини бошлади. Нима деб овутишга ҳайронмиз. Унинг изиллаб йиғлаганини кўриб, охири йиқилдим, ўғлим. Умримда бир марта “вой жоним” демаган одам кўрпа-тўшак қилиб ётиб қолдим. Ким қилди экан, деб ўйлайман. Ахир бегона қилмагани кундек ойдин-ку. Дўст-у душманнинг гапини чиғириқдан ўтказаман. Аммо, гумон иймондан айирибди. Қўлидан ушланмаган ўғри – ўғри эмас. Ўйлаб ўйимнинг тагига етолмайман. Қўпол бўлса-да, аламда одам нималар демайди, итимга нисбатан ҳам итлик қиласиларми, деб ўша нобакор билан тортишиб ўртанаман. Ўйлаган сайин ўйларимни ҳазм қилолмайман. Ҳазм қилай десам, уларни одам дейиш ҳам маъқулмикин, деб ўйлаб қоламан…
Турсунбой отанинг овозида аламга йўғрилган нидо сезилади. Ўша кунларни худди яна бошидан ўтказаётгандай бошини сарак-сарак қилиб “Одамлар-а, одамлар…” деб қўяди.
Полвоннинг ярасини янгилашга сабаб бўлганимдан ноқулай аҳволга тушаман. Бироқ, Турсунбой ота яна ўзини босиб олиб, ҳикоясини давом эттиради.
– Вақт ҳамма нарсани даволаркан, ўғлим. Неварам ҳам бола-да, бироз ўтиб итини унутди. Яна кула бошлади. Унинг қийқирган кулгуси мени яна ҳаётга қайтарди…Яна оёққа турдим, болам… Мана энди шу неварамни деб яшаяпман. Унинг биринчи марта мустақил улоқ чопганини кўрсам, зот ташлаб, элдан олқиш олганини эшитсам, раҳматли отамнинг руҳлари шод бўлганини билсам, деб Худодан сўраб яшаб келаяпман-да…
Келинга ҳам ичим ачийди. Гарчи ичимдан қиринди ўтса-да, онаси орқали “Майли, минг бора розиман, энди бошқа оила қилсин”, деб айтиб кўрдим. Ораларида не ҳангома бўлган билмадим, лекин келиним ўғлимни унутолмаяптими ёки яна бошқа ўй-хаёли борми, бошқа оила қилмайман, дебди.
Турсунбой ота тин олиб узоқ вақт сукут оғушида қолади. Мен ҳам ўз хаёлим билан андармон эдим.
Чамаси ярим соатлардан сўнг супачада, очиқ ҳавода Турсунбой отанинг ҳикояси таъсирида осмон тўла юлдузларга тикилиб ётар эканман, беихтиёр, қаердадир ўқиганим ёки эшитганим бир гап хаёлимга келди. Шаҳарда негадир юлдузлар камдай кўринади. Қишлоқ жойларда эса аксинча. Осмон тўла юлдуз. Гўё улар катталашгандек, кўпайгандек, ёрқинроқ нур сочаётгандек…Бунинг боиси, шаҳарда одамлар кўпда осмонга қарайверишмаса керак, деб ўйладим-у ўз ўйимдан ўзимнинг кулгим келди…Болалигим ёдга тушди…
Эсимда, ўқитувчимиз Товбой муаллим бир куни синфга глобус олиб кириб, коинот, қуёш, юлдузлар, ер шари ҳақида сўзлаб берди. Ҳайратланарлиси, улар доим ҳаракатда экан. Ҳатто ўтирган жойимизда ҳам ер шари ўз ўқи атрофида айланганда бир кеча кундузда биз ҳам замин билан бирга айланиб, қуёшу ойга рўбарў бўларканмиз. Қолаверса, йил давомида замин билан бирга бутун коинотни кезиб чиқарканмиз.
– Ер шари доим шундай коинотни айланиб юрадими, муаллим, – деб сўради синфимиз билағони Бахтиёр. – Айланиб-айланиб, нега яна ўз жойига келади? Нега бошқа жойларга кетиб қолмайди?..
– Чунки, улар Қуёш атрофида айланади, ўғлим, Қуёш атрофида. Дунё яралибдики шундай. Бутун олам тортишиш қонунининг моҳияти ҳам шунда.
– Оймомо-чи, – деб сўрайди синфимиз шоираси, қақажон Меҳрибон.
– Оймомо ҳам, қизим, Оймомо ҳам. Оймомо еримизнинг табиий йўлдоши ҳисобланади. У Қуёш атрофида ҳам, Ер атрофида ҳам айланади.
Адабиётдан бошқа дарсларда охирги партада ўқитувчилар кўзига кўринмай ўтиришга интиладиган камина эса бу гапларни эшитиб ҳайратга тушаман. Чексиз коинотда қуёш атрофида айланаётган ойни, планеталарни, ерни, ундаги одамларни, улар қатори ўзимни тасаввур қилишга уринаман… Ноқис шуурим қамрови камлик қилиб, ўхшатиш излайман. Ана Қуёш – Бобом, ана елкаларида бизни кўтариб турган Ер – Отам, Оймомо – Онам…Юлдузлар эса бизлар…
Хаёлларим қаерда тўхтаб, тушларимга уланиб кетганини сезмабман. Қанча ухладим – билмайман, эрта тонгда уйғондим. Тоза тоғ ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олдим… Мезбонлар эса мендан ҳам олдин уйғонишган, афтидан ҳовлидаги юмушларни саранжомлаб ҳам бўлишганди… Ювиниб-тараниб келганимда супага жой қилинган, иккита янги узилган нон, косада қаймоқ…
Турсунбой ота тунни бедор ўтказган шекилли, қовоқлари сал салқиган, невараси тиззасида, менга тикилиб, мийиғида жилмайиб ўтирарди.
Нонуштадан сўнг йўлга отландим. Саманга неварасини мингазиб, арқонидан ўзи етаклаб олган Турсунбой ота йўлгача мени кузатиб чиқди. Узоқдан автобус кўрингач хайрлашишга тушдик.
Ниҳоят, менга эл бўла бошлаган бола ҳам отдан тушиб қучоқлашиб хайрлашар экан, “Бизникига яна келасизми?”, – деди.
– От минишни ўргатсангиз, албатта келаман. Ўргатасизми? – дедим Турсунбой отага кўз қисиб.
– Бу қийин эмас, – деди бола жонланиб. – Яна келсангиз ўзим ўргатиб қўяман…
– Насиб, насиб, – деди Турсунбой ота. Яқинлашиб қолган автобусга назар солар экан, қўшиб қўйди:
– Бир илтимосим бор эди, ўғлим.
– Бажонидил, Турсунбой ота.
– Кўриб турибсиз, неварамдан узоқлашолмай қолдим. Сиз эл кезадиган одамсиз. Мабодо азиз-авлиёлар ётган маконларга йўлингиз тушиб қолса, шу полвон укангизнинг ҳаққи учун ҳам бир дуо қилиб қўйинг…
Кутилмаган бу илтимосдан довдираб, беихтиёр Турсунбой отанинг сўзлари билан жавоб қайтардим:
– Насиб, насиб…
Автобуснинг орқа ўриндиғига жойлашиб, шарққа қараб кетаётган, бир кечада менга қадрдон, азиз бўлиб қолган бобо билан неварани то кўзларимни қуёш нурлари қамаштиргунча кузатиб турдим…
“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 5-сон