Бектош Исмоилов. Муолажа (ҳикоя)

– Эна, ҳеч бўлмаса бир ҳафта сабр қилинг, – деб зорланди Файзулла шифохона йўлагидаги панжарага суяниб.
– Йўқ, болам. Анча яхшиман. Фақат белимда сал-пал санчиқ бор, дориларимни ичиб турсам, у ҳам ўтиб кетар.
– Эна, шаҳардаги энг зўр шифохоналардан бири бу. Сизни бу ерга аранг ётқизгандик. Энди андак чиданг, яхши даволанинг, қишлоққа қайтиш қочмас.
Бувигул хола кенжасини уйлантиргач, ўртанча ўғил – Файзулланинг ялиниб-ёлворишидан қутулиш учун шифохонага ётган эди. Йўқ, бу гал боласига осонгина эргашиб жўнамади. Ахир жонга ишонч йўқ, баъзи бир юмушларни ҳам адо этиш зарур. Ёшлигида онасидан ҳар бир қиз фарзанд учун она битта бешик қарздор бўлишини жуда кўп эшитганди. Шунинг учун ҳам беш қизига ҳамма расм-русумлари билан бешик бериб бу қарзларидан қутулган. Зим­масида ўтган йили узатилган кичкина қизи Нафисанинг боласига бешик бериш мажбурияти қолган. Шуни кўнгилдагидай адо этса, сўнг… Яратгандан, қисматдан бошқа ўпка-гинаси йўқ.
Бувигул хола шифохонага жўнашдан бир кун аввал қўшни қишлоққа тушган қизлари Дилдора билан Дилбарни чақириб кенжа куёви, Нафисанинг эрига, қуда-қудағайларга анчадан бери йиғиб қўй­ган сарполарини сандиқдан олдирди. Бешикни ҳам яхшилаб безатиб, қудасиникига бериб келишни та­йинлади. Қизлари билан тўйиб-тўйиб суҳ­батлашди.
“Уйга ҳеч хавотир бўлманг, яхшилаб даволанинг, харажатларини ўзимиз қиламиз”, – дея қизлари ҳар икки гап орасида такрорлаб туришди. Бувигул хола индамайгина бош ирғаб қўярди. Ҳа, турмуш ташвишлари билан бўлиб соғлиги ҳақида унча ўйламай қўйган экан. Бу ёғи қаричилик-да, гоҳ бели санчади, гоҳ юраги ўйноқлайди. Болаларига булар ҳақида умуман гапириб бўлмайди. Сал оғзингдан чиқиб кетса, дарров қўлтиқлаб касалхонага йўрғалашади. Шукур, шундай меҳрибон фарзандлар ато этганлиги учун Парвардигорга шукур. Кўплар бу ҳаётга келиб нима кўрдим, бир этак бола туғиб, уларни боқиб одам қилгунимча умримнинг ярмидан кўпи ўтиб кетди, деб нолиб юришади. Бувигул хола бундай шикоятларни ҳатто хаёлига келтиришга ҳам чўчийди. Аҳён-аҳён, турмуш ташвишларидан чарчаган кезлари гоҳо беихтиёр оғзидан норизо сўзлар чиқиб кетган ҳоллар ҳам бўлган. Бундай пайтлари хола дарҳол тавба устига тавбалар қилиб қолади. Эҳ, эри Турсунбой ёнида бўлган кезлари қанчалар бахтиёр эди! Машаққатлар буткул кўзига кўринмас эди. Эру хотин қўш ҳўкиз деганларидай, рўзғор қийинчиликларини баҳамжиҳат ҳал қилишарди. Энг яхши дам уларнинг наздида ҳовли этагидаги сўрида ўтириб, аччиққина кўк чойдан ичиб ҳордиқ чиқариш эди. Афсус, тақдир экан, эри энди етмишнинг этагидан тутдим деганида, бандаликни бажо келтирди. Худди кечагидек эсида, Турсунбой бобо ўлимидан бир ҳафта олдин баланд қилиб осилган вайишларга узоқ тикилиб маъюс пичирлади: “Бу баҳоргаям етдик. Кейингисигача бормизми, йўқмизми, Худо билади”
Бироздан сўнг секин ўрнидан туриб намоз ўқигани уйга кириб кетди. Эрининг сўзларини Бувигул хола ҳар қандай кекса киши айтадиган гапга йўйди. Орадан бир ҳафта ўтгандан кейин Турсунбой бобони жанозасига қишлоқдошлар тўпланишди. Ўшанда чоли тушмагурнинг кўнгли кетар пайтини сезган экан. Шуларни хаёлидан бир-бир ўтказавериб дили вайрон бўлади. Бувигул хола ҳам ўшанда эллик йил бир ёстиққа бош қўйган чолидан айрилиб, ўзини анча олдириб қўйди. Тўғри, бу дунёда ҳеч ким абадий яшамайди. Бироқ бир умр тоғдай суянч бўлган инсонингдан кутилмаганда айрилиш ҳар қандай одамни ҳам довдиратиб қўяркан. Болалар ўзи билан ўзи овора. Бироқ қишлоқдаги дўхтирлар ҳам ўзига яраша. Ҳамма малакали дўхтирлар, ҳойнаҳой, марказда. Умуман, катта шаҳар қулайликларига нима етсин. Шунинг учун ҳам ўртанча ўғли Файзулла институтни битиргач, унинг пойтахтда қолиб ишлашига рози бўлишди. Эри ўлгач, Бувигул хола гоҳо шаҳарга, ўғлиникига қишлагали отланади. Аммо орадан ўн кун ўтар-ўтмас тўрт девор орасида юраги сиқилиб, яна ўзининг қадрдон қишлоғига ошиқади. Мана, бугун аҳвол яна шу. Шифохонага ётганига ҳафта тўлмай туриб тағин уйига қайтишни истаяпти. Очиғи, ҳаммаси қизи Дилбарнинг қўнғироғидан бошланди. Қизи, невараси Асилбек болохона шифти орасидаги мусича боласини оламан, деб йиқилиб тушганлиги ҳақида гап орасида қистириб ўтган эди. Бувигул хола “Вой, шўрим”лаб жойида ўтиролмай қолди. Дилбарнинг, ҳаммаси яхши, туман марказидаги врачлар қўлини гипслаб қўйди, деганлари ҳам қулоғига кирмади. Ётса ҳам, турса ҳам невараси хаёлидан кетмади. Ахир кенжасининг тўнғичи. Зерикканда овунчоғи, чарчаганда дастёри эди-да. Файзулла хабарлашгали келгандаёқ қишлоққа қайтаман, дея инжиқликни бошлаб юборди. Мана, ўғли бош ҳаким билан гаплашиш учун қайгадир кетди.
Бувигул хола Файзуллани кутиб ўтираркан, оппоқ ёстиққа ёнбошлаган кўйи пинакка кетганини пайқамай қолди…
 …Изғирин эсиб турган эмиш. Қараса, Турсунбой бобо боғ оралаб юриб келяпти. Ҳали қишнинг чилласи бўлишига қарамай, эгнида ҳар доим кийиб юрадиган оқ яктак. Елкасига кетмонини ташлаб олган, боққа сув очиб келаман, дейди.
“Ҳов, бобой, қизиқмисиз, ҳаммаёқ оппоқ қор бўлса, дарахтлар ҳали уйғонмаган. Ариқда сув нима қилади ҳали. Ундан кўра, устингизга бирон нарса кийинг, шамоллаб қоласиз.”
Турсунбой бобо кампирининг танбеҳларига пар­­во қил­май, унинг қўлидан тортди.
“Қиш ҳам охирлаб қолди, кампир, бўёғи кўклам. Юр, сенга бир нарсани кўрсатаман.”
Чоли Бувигулни қатор экилган гилослар ёнига бошлади. Ёзи билан бу ердан ариқ оқиб ўтганлиги учун ҳар баҳорда гилослар тагидан ғужум-ғужум бўлиб ялпизлар чиқади. Бувигул хола уларни келинига тердириб, исмалоқ, жағ-жағ аралаштириб пичак қилдиради.
Бир пайт чоли унинг қўлидан ушлаб қабристон томонга торта бошлади.
“Юр, кетамиз, тезроқ бўл.”
“Шошмай туринг, бобой, ҳали қиладиган ишларим кўп.”
“Бўлди, шунчасини қилдинг-ку! Ўзиям дорилардан қийналиб кетдинг. Қолганини сенсиз ҳам бир амаллашар.”
“Ҳали кетгим келмаяпти.”
Бувигул хола қўлидаги чимиллаган оғриқдан бақириб юборди. Димоғига аллақандай дорилар ҳиди уриларкан, секин кўзларини очди. Хайрият-эй, туши экан. Қаршисида билагига нина санчиш учун томирини қидираётган ҳамширани кўрди.
– Бугун бироз яхшимисиз, холажон. Яна бироз даволансангиз яна ҳам тузук бўларди. Афсус, бу ҳозирча охирги уколингиз. Ўғлингиз сизни олиб кетмоқчи, бош врач билан гаплашди.
Ўша куни Файзулла онасини шифохонадан олиб чиқди. Даволаниш ҳам чала қолди. Файзулла нигоҳларини онасининг дарддан сўлаётган кўз­ларига, кексаликдан эмас, меҳнатдан қаварган қўллари, дарддан оқарган сочларига қадаб кўнгли алланечук бўлиб кетди. Наҳотки, отаси кетгани етмагандай онажонидан ҳам айрилса…
Хаёлига келган ёмон фикрдан қўрқиб кетди. Йўқ! Бундай бўлмайди. Онам ҳали ўлмайди! Бунинг учун қандай дори-дармон керак бўлса топаман. Энг зўр малакали врачларни ишга соламан. Барибир даволашни кечга қолдирмайман, дея ўйларкан, иложсизликдан қишлоққа қайтишга рози бўлганига пушаймон еб ўтирарди.
– Майли, эна! Ҳозирча сизнинг айтганингизга кўндим. Неварангизни кўргач, яна бу ёққа қайтамиз. Муолажани чала қолган жойидан давом эттиришимиз шарт.
Бувигул хола қишлоққа келиб қитмир невараси Асилбекни кўрди-ю баҳри дили очилди. Белидаги санчиқ ҳам ўз-ўзидан йўқолди. Орадан уч-тўрт кун ўтса ҳамки, ўғли Файзулланинг қисташига қарамай, Бувигул хола барибир шаҳарга қайтмади. У тетик бир кайфиятда яна турмуш ташвишлари билан андармон бўлиб кетди.
 
“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 4-сон