Бошлаб, ҳуштагини чалиб шамол келди. Бесаранжом тўзон кейин кўтарилди. Жаркўчани у бошидан бу бошига ҳаммани ҳангу манг қилганча изғиди.Ҳар бир дарахтни қўлтиқлаб, силтаб-силтаб кўрди. Ҳар бир ғовни ғиққиллатиб очиб-ёпиб, ҳар бир дарвозани дангиллатиб уриб кўрди. Ўзини қаерга қўйишни, қаерга уришини билмай Энанинг дордаги ёйиқлиқ кирлари билан ўйнашди.Бирини байроққилиб пирпиратди, бирини учириб бориб шамолдан чўчиб, пусиб ётган Олапарнинг бошига ёпди. Итқўрққанидан сакраб ўрнидан турди. Бошига ўралиб қолган латтадан қутилиш иложини тополмади. Ўзини тўғри келган томонга урди. Шамол бошига латта ўралган итнинг аҳволига бир майдон кулимсираб қараб турди-ю, барибир кўнгли тўлмади. Қунишиб турган товуқларни қўноқдан ағдарди. Товуқлар бир-биридан ўтарига қишлоқни бошига кўтариб қақағлашга тушди. Қани энди тинса.
Шамолнинг қишлоқда кирмаган тешигию, ушламаган бешиги қолмади. Барини бир қур, қадимгидек кўриб чиқди. Сув тарк этган Туркариқ елкасидаги тегирмонни ҳам бир юргизмоқчи бўлди-ю, шаштидан қайтди. Одамлар нима дейди?Тентак шамол экан дейдилар. Беқилиқлик обрў келтирмаган.
Гули-гулшанҳидларини аввал ўзи яхшилаб қучоқлаб, тўйиб олгач, чошлаб-чошлаб қишлоқ кўчаларига сочаркан, барчанинг димоғини чоғқилди. Тўқсон кун қишда жойида қимирламай ана кетди-мана кетди бўлиб ётган чоллар ҳассага суяниб кўчага чиқдилар.
Мушуклар томга чиқиб мовлашиб қолди.
Ёш-яланглар ҳайҳотдек Тайпоқсойга сиғмай, ўзини қўярга жой тополмади.Шамол кўнгилларга қувват, дилларга шавқ, кўкайга ғурур, дийдаларга ғайрат, ақлларга ишонч бағишлаганча этагини калта йиғиштириб, Ойқор тоғ томон париллаганча ўрлади. Ойқорнинг асрий музликларига тўшини уриб-уриб ҳовуридан тушгандай бўлди. Арчаларни бир-бир санади. Охирида Отамозорга келиб тинди. Мозоротнинг бири бирига ўхшамайдиган қайроқ тошларидаги ёзувларни ўқиди. Шамол тилида ўқиди. Ўқиганини одам тушунмаса-да, шамоллар тушунишди. Ухлаб ётган жойларидан увиллашиб бош кўтаришди. Бир тўпи ота макон — Афросиёбдан, бир тўпи Бийнаймандан, бир тўпи Бадбахтдала, бир тўпи Устюрт, бир тутами Ахсикент, бир боғлами Шоҳруҳия, бир қатими Добусия, бир боғи Миздомканд, бир қопи Ерқўрғон, бир учи Энасой, бир тўпи Қалмоқсойдан изиллаганча етиб келишди. Қирқ шамол қирқ жойдан келиб, бир бўлди. Учрашган жойлари Отамозор бўлди. Отамозор бошида гир айланиб уввос солишди. Бўй етган саноқли саккизта терак аввалига нима бўлаётганини англамайсеррайдилар. Тушунишгач, чапак чалдилар. Икки кўзли булоқдан уйқусираб оқаётган сув ҳам ҳаяжони зўридан бир тўхтаб олди. Кейин нафасини ўнглаб парқиллаб, қайнаган қумғондек вақиллаб оламни бузиб, тўрт тегирмон сувни олдига солганча ғайрат билан Каттасойга ҳайдади…
* * *
Самарқанддаги Хўжаи Хизр масжиди айвонидан кун чиқарга қарасангиз, Отамозор кўринади. Кўзи борга албатта. Катта оқ салла ўраган тоғ — Ойқор. Ойқорнингқори Самарқандга ошиқлигидан бир тўлиб, бир куйиб туради дейишади. Самарқанд Каттатоғнинг сувидан ичади. ОтамозорОйқорнинг шундай кўзи остидаги камар. Камар деб уч томони қир билан ўралган, бир томони очиқ жойга айтилади. Камарнинг очиққисмини оғзи дейишади. Оғзи Самарқандга қараган. У ерда иккита мозор,икки кўзли булоқ, битта каттадан катта, қуриб қолай-қуриб қолай деган, лекиншохларининг учидагина саноқли тўртта барги тириклигини билдириб турадиган якка терак, саккизта бўй етган терак ва улар атрофида бир юз ўн тўртта теракчалар бор. Ўзим санаб чиққанман. Буни сал кейинроқ айтиб бераман.
Мозоротлар усти қайроқ тошлар билан кўтарилган. Кўк, оқ, қора, қизил, яшил… дунёда неча ранг бўлса шунча тусдаги тош бор. Биров биттасини жойидан қўзғатишни хаёлига ҳам келтирмайди. Кўтаролмайдиям.Ҳаромнинг моли тошиб, ўғрининг ўрони ўрмалаган вақтларда қароқчидан баттар биттаси туман раҳбарига: “шу жойда шундай тошлар бор, шундан идоранинг олдига чиройли нарса қилсак сиздан яхши от қоларди”, деган. Раҳбар дарров ўша одамни бош, қурилиш ташкилотини ёнбош, тўртта мошинани уларга қўшиб, бир тўда одам билан ўша ёққа жўнатган. Одамлар Отамозор ортидаги Оқтошдантош терарканмиз, деб тушунишган. Билишсаки… ният бўлак. Катталар чиққан УАЗик Отамозор томон бурилганини кўриб, ўзларини усти очиқ мошиндан ташлаб, келган томонларига қайтишган. Иккита тош ташигич мошина шопирлари “мошина бузилди” баҳонаси билан йўлдаёқ, капотни очиб, моторни сочиб ташлашган.
Палакатпойига илашиб, текин томошадан қуруққолишни истамайдиганлар эса борган. Икки ўрис шопир билиб-билмай мошинларини Отамозорнинг оғзига тираган. Қани энди тошларни биров кўтарса-ю, мошинга ортса. У даврлар қўл телефон йўқ. Катталарга бировни ёмон кўрсатиб яхши кўринадиганлардан биттаси УАЗикка ўтириб, ҳозир булдозер олиб келаман, деб Ўсматга энган. Шу энгандан мошин-пошини билан Қуруқсойнинг қиррасидан учган. Бир шопир тирик қолган. Уям етти ой деганда тили зўрға айланиб, кўрган-билганини бировга айтишга қўрқиб, овқатни оғзига еяётганига хурсанд бўлганича, ишини йиғиштирган.
Айтишларича, зиёратгоҳнинг бири шижоатли оталар, шавкатли ва ғайратли боболарданбирининг сўнгги маскани, бири унинг ёвқур отининг гўри эмиш. Самарқандда узоқ давом этган қирғинбаротдан кейин ёвман деганни қийратиб, ўзиям, отиям ҳориб, ярадор бўлиб, шу ерда тўхтаган, одамлар хабар топиб ортидан етиб келгунча ер уларни бағрига олган. Иккита гўр пайдо бўлган. Булутлар ювиб, Ойқортоғқорлари кафанликка ўтган, дейишади. Кейин, одамлар ҳар бири биттадан тош қўйишган дейишади. Биров Отамозор дейди, биров Оталиқ мозор, биров Отмозор. Лекин, мен уни Оқ камар деб атагим келади. Бу ердаги булоқ кейин чиққан. Тераклар кейин экилган. Ҳар бир қавм биттадан терак эккан дейишади. Барлос, орлот, найман, манғит, кенагас… Терак бўй етса кесилади. Лекин, бу ердаги теракни биров кесмаган. Кесолмаган ҳам. Вақти келиб ўзи йиқилади. Селу селова далаю даштга олиб кетади. Тераклар шунда талош бўлади. Биргина терагини томига босса, бу уйга бало келмаслигини биров-бировга айтмаса ҳам ҳамма билади. Селнинг ғавғосию шовқинидан қўрқмай ҳеч бўлмаса битта шох олиб қолиш учун жонини аямайди. Қўли тегса, ушласа бўлди, ўшаники бўлади. Биров эга чиқолмайди.
Оқ камарга бир вақтлар ёлғизоёқ йўлдан, тикка жар оралаб,туби кўринмас чағат ёқалаб борадиган йўл бор эди, холос. Унга от-улов борадиган йўлни ўрмон хўжалигига Ўнғор отлиқ инсофли, диёнатли одам бош бўлганда солган. Қирнинг биқинини ёриб йўл очган. Икки тарафига бодом эктирган. Бодомлар ҳам қизиқ экан. Бир қарасанг, йиллаб қуриб қолган ўтиндай сўррайиб туради, бир қарасанг тиржайиб гуллаганча, бошига асалариларни тўплаб, дунёни бузади. Оқ камар ўрмончилари бир яхшилик, бир ёмонлик кўрган. Яхшилигини айтдим. Ёмонлиги экканидан йиқитгани кўп, отасиниям танимайдиган биттаси директор бўлганда, зиёратгоҳни чиройли қиламан деган баҳонада илинган теракни кесиб кетган. Шу-шу ранги чиқмайди. Терговини бири тугаса, бошқасига қатнайди. Айтишларича, неча дона терак кесган бўлса, шунча марта сўроққа тортилмагунча бўлмасмиш. Ишқилиб ўзининг умри етсин эмиш. Бўлмаса, болалари қатнармиш. Бу гапни эшитган борки, ёқасини тутади.
Оқ камарни менга отам таништирганлар. Энг эсимда қолгани, Оқ камарда терак қолмай қолган замонларда катта оталари жўралари билан биттадан терак эккан эканлар. У тераклар ҳам йўқолиб кетган. Изидан теракчалар чиққан. Камарнинг бағрини, чала бўлса-да, тўлдириб турган дов-дарахтлар шундан қолган. Фақат катта оталари эккан тераккина қуриб-қақшаб бўлса-да ҳануз турганини, ҳув боя ҳикоямнинг бошида айтганим, қуригандек кўринган, бироқ, учки шохларида бир тутамгина япроқлари илинибгина, пир-пирабгина турган ёлғиз терак ўша эканлигини титроқ овоз билан тушунтирганлар. Оқ камар тераксиз қолмаслиги керак, қилич тебраниб тураркан, душман тебранолмайди, қалам ҳам, дедилар гап охирида.
Иккинчи марта катта энам олиб борган. Мен эна деб чақираман. Катта эна десам узоқлашиб кетгандек бўладилар.
Оқтош авлиё мозороти остидан Каттатоғнинг минг йиллик қорлари, дард-қувончлари бўлиб сизиб чиқаётган булоқ бошида энам билан бирга бўламан. Энам зўрға юрсалар ҳам бор жонларини йиғиб, йўл яқин бўлиши учун тўғри қабристон оралаб булоқ бўйига тушадилар. Йўлма-йўл ҳар бир мозор билан саломлашиб, гаплашиб келадилар. Катта отамни бошига келиб қабр атрофини астойдил тозалаган бўладилар. Катта отам қайтган, қўйилган 1937 йил билан бугуннинг орасини, бугундақўйиладиган жой оралиғини қабристондаги мозорлар билан ҳисоблаган бўладилар. “Анча ўтибди-да. Шунча меҳмон кеб-кетибди-да”, дейдилар ўзларига ўзлари. Кўзлари ўтмаса-да, бир Ойқортоққа, бир катта отамнинг мозорига, бир Дунётепага қарайдилар. Ҳеч бирини кўзлари илғамайди. Шунда мен қўлтиқларига кираман. Энамнинг қуввати ошади. Ойқортоғҳам Дунётепаям кўнгилларидан кўтарилади. Энг азиз нарсаларини топгандек кўзлари қувнаб кетади. Икки томчи ёш қароқлари гардишида ғилтиллаганча айланади. Мен кўрмаганга оламан. Энам мени қўйниларига олиб, бошимни ҳидлаб-ҳидлаб куч йиғиб оладилар. Отамозор деганда Каттатоғни назарда тутадилар.
Оқ камарга учинчи марта қандай бориб қолганимни билмайман. Эрталабки чойни одатдагидек энам иккимиз қилдик. Энам азиз меҳмонлар келганда очиладиган сандиғидан бор-будини олиб дастурхонга тўкдилар. Меҳмон келса керак, деб ўйлагандим, ҳеч ким келмади. Менга туршаклардан кўпроқ ейишимни, юрагим бақувват бўлишини тайинладилар. Биттасини олиб ўзлариям шимидилар. Шунда Оқ камарга боргим кеп кетаверди.
“Боринг, болажон, боринг. Ман қараб тураман” дедилар энам. Ўзим ёлғиз кетдим. Туркқишлоқни тенг иккига бўлиб талтайиб ётадиган Жаркўчадан ўтарканман, оёқ товушларим жарнинг икки қирғоғига урилиб, акс садо бергани ўзимга эшитилди. Қанотларида катта-катта кўзлари бор капалакни қувганча, у билан ўйнаганча Жаркўчадан чиқиб, Мушукжардан ўтиб, Камар оғзига келиб қолгандик. Камар эснаганча оғзини очдию, қайта ёполмади. Эсидан чиқиб кетди. Аввал қадим теракнинг энг тепадаги кўзлари кулди. Хурсанд бўлганини билдириб, кўзларини қисиб-қисиб қўйди. Мен ҳам. Чўлтоққўлларидан уялиб яширмоқчи бўлганди, эплолмади. Капалак йўл бошларди. Унгадарров от қўйдим. Кўз капалак.Капалак мен билан кураш тушди. Билмай қолдим, шамол иккови бирлашиб кўтариб урди. Тупроқ билан тенг бўлиб йиқилдим. Осмон остимизда қолди. Кейин бурнимга бир қўниб, яна қочди. Капалак ҳидини билиб қолдим. Капалак гуллардан гулларга қўниб қочди. Гуллар шамолга қўшилиб тоғ-тошга салом бердилар. Хонқизи тиззамга бош урди. Қўлимга олиб “Отанг чўлда, Энанг қирда”, девдим ўртанча бармоғим учига пилдираб келганча қанотларини бир майдон очиб турдида, учди-да кетди. Кейин, опам ёз бўйи сариёғ йиғадиган қўйни қорнидай келадиган катта, оппоқ тош устига келиб қўнди. Тошни даст кўтардим. Ҳу-ҳулаб бошим узра айлантирдим. Шунда Ойқор ортидан тизгиндаги қўшиндек қорайиб булут бостириб кела бошлади. Келиши дунёни бузгудек, қор-ёмғир аралаш келарди. Қўрқмадим. Тошни авайлаб жойига қўйдим. Булут булутдай тарқаб кетди.
Капалак теракни айланиб қочди. Мен қувдим. Теракка қўлимни теккизиб, теракни қучоқлаб, теракни ҳимо қилиб қувдим. Гир айланиб қувдим. Теракнинг учларидаги барглар деб нотўғри айтган эканман, улар осмонга етган, осмонга қўшилиб кетган барглар экан. Шунда капалак капалак эмаслигини билдим. Шу пайт теракнинг боши айланиб кетди. Аввал қарсиллаган овоз чиқди. Кейин тўртга бўлиниб бирин-кетин осмондан тушиб келишди. Тўғри теракчалар тугаган майдондаги, адоғдаги сойга келиб тушди. Шунда шамолнинг қўлларини кўриб қолдим. Шамол уларни тўртга бўлиб, бирма-бир сойга тахлади. Бирорта теракка зарар етмади. Уларни қир устиданкузатиб турдим.Мени қир устига шамолми ё капалак чиқариб қўйувдиёв.
Булутлар орасидан ерга қуёш нури тушди. Оппоқйўлак очилди. Зинаси бўлмаса-да, йўлакдан осмонга чиқиб кетгудек эди. Йўлак Жаркўчани бошигача кузатиб келди. Қорайиб келаётган булутдан қўрқмасин, деди шекилли. Биров кўрмасин, деб кўча бошида лип-лип этиб хайрлашди-да, зум ўтмай Ойқордан ошиб кетди. Отамозор — Оқ камардан қайтар эканман энам ғов олдида ҳассаларига таянганча тик оёқда турардилар. Ҳайрон бўлдим. Кимни кутиб турган эканлар.
— Ҳа, отажон, яхши келдингизми, — дедилар, қарсларининг учи билан билан кўз ёшларини қайта-қайта артарканлар. — Сизни кутиб турувдим.
Шу кеча туш кўрдим. Оқ камар ғиж-ғиж теракчаларга тўлганмиш. Теракчаларнинг биттаси мен эмишман. Шамол келиб қулоғимиздан тортиб-тортиб қўярмиш. Биқинимизниқитиқлаб-қитиқлаб, юмшоқ жойимиздан чимчиб-чимчиб қўярмиш. Бир-бирингга қараб, бир-бирингни суяб ўссанг, одам бўласан, бир-бирингга соя ташласанг, кўкармайсан, гўрам бўлмайсан, қадим теракларйўл бердилар, дермиш…
Бетимни шоша-пиша ювиб, энамга салом бераман. Кейин кўчадан югуриб келаман-да,бир ирғиб молхона томига чиқаман. Ундан уй томига. Тушим ўнгидан келдими, деб Оқ камарга қарайман. Томлар усти энди етиб келган қалдирғочлардай чуғурлашган болаларга, камар теракларга тўла бўлади. Ҳар бири бир қирдай кўринади. Ҳар бири қиличдай тебранади. Осмонганайзадек интилган бўлади. Ҳеч кимдан кам эмаслигини пасту баландга кўз-кўз қилади. Бу туш бўлмайди.
Таниш шамол ҳуриллаб келади. Жой қуригандек, шолворимни қақраган жойидан кириб ниналарини санчиб-санчиб ўйнашади. Шамолни сўкмайдилар. Қаттиқҳам гапирмайдилар. Қизларнинг қирқ кокилига қирқ шамол осилган бўлармиш. Шамол кетганларнинг оҳи, келарларнинг нафаси эмиш. Энам шундай деган. Бу ҳақда бошқа сафар айтиб берарман.
Теракчалардан бири ичиккан гўдакдек, бири оталарининг гуноҳини бўйнига олгандек маъюс, биридўстга зордек гирён, бири дўстидан куйгандек гаранг, бири ҳийлагар дўст кўзидек ялтираб, бири мурдадил ўртоқдек совуқдан совуқ, бири жонботин жўрадек ботин, бири томошаталаб йўловчидек меровланаб, бири қилич кўтарган аскардек зийрак, бири шу жойда кўкарганидан кўкси баланд, шу макон учун жонфидолиги юз-кўзидан билинадиган кўнгиллардек сокин, минг-минги элнинг оғир-енгилини елкасига олишга тайёр жўмарддек мағрур, бири ер билан осмонни ёқасини бир қилиб тутамлаб урадиган баҳодирдек ғайратли, бири барчани ҳисоб-китобини қилиб кузатаётган қаттиққўл оқсоқолдек кўринарди…
Шамоллар экиб кетган сон-саноқсиз тераклар бошида не-не хаёллар, не-не ниятлар бор эди. Шулар ичидан бирини ёқтириб қоламан ва менинг терагим деб танлайман. Худди оқшомлари жўралар билан Дунётепага чиқиб юлдуз танлагандек.
Терак қўлини силкиб, салом беради. Қадим жўрамни топгандек қувонаман. Ёш болаям хурсанд бўлса кўзидан ёш чиқиб кетаркан. Биров кўрмасин деб дарров артдим.