Баҳодир Қобул. Эна шамол (қисса)

ИҚРОР

Ўзи уч мартагина ўғрилик қилганман. Бир марта ёлғон гапирганман…
Опани-ая, опачани-опа, юнгни-жун, қарони-қора, касраткини-буқаламун, кўнани-кўҳна деб ёзолмайман. Хат-саводим яхши. Эрони қишлоқлик Исроил муаллим ўргатган. Китобдагига ўхшатиб ёзаман десам, бориям эсимдан чиқиб, чалкашиб кетади. Кўкайда бўлак, ёзиғда бўлак бўлаяпти. Кейин китоб тилида ёзсам, қишлоқ одамлари ўқиса ҳаллозилик қилибди, ичидан тўқибди, ёлғон ёзибди деб кулишади.
Онасини уйда, аслида опа дейди-ю, ёзганда ая деб ёзибди, вах-ха-ха деб биринчи бўлиб жон жўрам Нафас кулади. Кулмасаям, бекор қилибсан жўра, тўғри ёзмабсанда демасаям, шу гапни айтгандай қилиб қараши тайин. Ёлғон гапиргандан ёлғон ёзган ёмон. Гапники тўғриласа бўлар-у, ёзиғ билан куйган терини текислаб бўлмасмиш. Чўғалчилик қилмай, хуш-у – хурсанд, яйраб яшаганга нима етсин. Бу Энамнинг гапи.
Ёлғон гапирган билан ўғрилик қилганни отам ҳам кечирмайди…
Жони бор элнинг жонли тилида ёзаман. Буни ўзим ўйлаб топганман.

ОТАЛАР МАКОНИ

Эрта кўклам тўлдан кейинги уйда иш сал камайган кунларнинг бирида отам орқаларидан юришимга имладилар. Опам билишлари шарт эмас иш эканлигини, менга катта одамдек муомила қилаётганларидан довдираган бўлсамда, билдирмасдан эргашдим. Бир ёни Ой Макон, бир ёни Ой Қортоғнинг белидаги супагача олдинма-кейин индамай бордик. Бу жойларни Сўқоқ дейишади. Сайҳоннинг ўртасидаги супага етиб чоратрофга диққат билан бир қур қараб чиқдилар. Кейин, катта сурпа-супрадек яполоқ тошнинг четига ўнг оёқларини тўшаб устига ўтирдилар. Билдирмай тошни силаган бўлдилар. Худди одам яхши кўрган нарсасини силагандек. Айтайлик, пишакчасини.
Бир майдон ўтиб бу жойлар оталаримизнинг жойи эканини айтдилар. Анави майдонга ёзда қора уй тикиларди. Мана бу жойда ўчоқбоши бўларди. Бу тошнинг устида мен ўйнаб катта бўлганман. Қирни ўйиб омборхона қилинганлиги шундоқ билиниб турган тўртта ғордай-ғордай ертўла оғзини кўрсатиб; бу ерларда ризқимиз сақланарди дедилар, жуда паст овозда.
– Бу ерларни ёзлоқ дердик. Кўклам оёқлаганда мол-қўйларни яйловга ҳайдарик. Қишлоқнинг катта-кичиги, эчки-улоғи ҳаммаси шу ерга чиқарди. Кеч турамогача яшардик. Ҳамманинг ош-қатиғи бирга эди. Ой Қор янги қорга етиши билан қишлоққа қайтардик, дейиш баробарида ҳар бир жойни, ҳар бир қадам ерни изма-из босиб кўрсатардилар. Қизиқиш билан эшитаётганимдан янаям қувонардилар.
–    Қишлоқ дегани қишда яшайдиган жой деганими?
Бош ирғаган бўладилар.
–    Сўқоқчи… ?
–    Кийик дегани.
–    Бу ерларда кийик бўлганми?
–    Саноғига етолмасдик.
Қишлоқда эшитганим: Каттатоққа чиқсанг, Самарқанд кўринади деган гапни рост-ёлғонлигини, бу сеҳрли шаҳарнинг қайси томонда эканлигини эртароқ билишга уринаман.
– Ота, Самарқанд қайси томонда?
Кун ботишни кўрсатадилар.
–    Бу ёқда қибламизку, дейман.
Отамнинг кўзлари кулиб, бир майдон гапирмай, ўзига яқин келишимни имо қиладилар. Қўллари билан икки чеккамни силаб қучоғларига оладилар. Нафас олганларини эшитаман. Бир тутам ҳавони бўлишамиз. Биров эшитмасин дегандек қулоғимга секин,: қибламиз Самарқандда дейдилар. Сап-сариқ ва жингалак бўлиб ўсиб кетган сочимни қулоғларимдан ошириб қўядилар. Ўнг қўллари бўйнимда, чап қўлари ўнг елкамда бўлади. Бетларини бетимга қўйиб ҳидлаганларини ўзларича билдирмайдилар. Кейин кўзимни юмиб, оғзимни очаман. Биламан туфлаб қўядилар.
Опам отанг кулиб қараса оғзингга туфлат деганлар. Бўлмаса отиб қўярканлар.
– Кун ботишга қарайман. Узоқ-узоқларда қуёшдан бўлак зоғ кўринмайди. Қуёш Самарқанга қўшилиб кетган кўринади.
– Кўз билан кўринмайдими?
– Кўринади. Ҳаво тоза бўлса, саҳарда кўринади.
– Юқорироққа чиқса кўринадими?
– Самарқандни кўриш учун тоққа чиқиш шарт эмас…

ТАННОЗ ЛЎЛИ

Жаркўча ёқалаб ўсган сон-саноқсиз наъматакларни биров буташга, шохини синдиришга қўрқади. Уларни остида шайит-шаҳид бўлганлар ётибди деган гапга ҳамма ишонади.
–    Бир кўчада шунча шайит бўлса, бу кўча эмас, жаннат эканда, дейди қилар ишини биров нотўғри қилибсан демаган, гапига биров пач уролмайдиган, бироқ қишлоқнинг тентаги деб ном олган Мардон орқаси қўзиб, кўзига энди одамлар эмас, итбурин гули ёмон кўриниб қолган вақтларда. Мардон ўзи шунақа: бир кун ёмон яхши кўрган нарсасини, эртасига ўлгудай ёмон кўриб қолиши мумкин.
-Бизам бир шу кўчада бировни шайит бўлиб, устидан путта ўсиб чиққанини кўрмадикда, дейди, эшаги рўпарадан келган мошинадан қочиб, итбуринларга яқин бориб, чопонини тикон илиб, эгардан ноилож тушиб, нухтани калта ушлаб, эшагини кетига бир тепиб қайта минишидан олдин.
Қишлоқ аҳли наъматак гуллаши билан ўтганлар шод бўлиши ҳақидаги гапни кўп эшитишган. Кўчага наъматак гули эга чиққанда лўлилар келиш мавсуми бошланади. Улар наъматакни ҳулул дейишади. Гулларини териб чаккаларига қадаб ҳам олишади. Биров бир нарса демайди. Топган яримта нон беради, бермаганни ёқасидан олишмаган.
Кўчани тўлдириб ўтаётган лўлилар галаси билан тенгма-тенг жарни икки лабида ўспиринлар бурни оққан укаларини етаклаганча уларни изма-из таъқиб-томоша қилиб боришади. Кўринишидан лўлиларнинг каттаси семиз ва қора хотин қўлидаги йўргакни таннозланиб, кўзи олма-кесак териб келаётган новчароқ қизга берувди, қиз кўтармади. Бир нарса деб гап қайтарди. Қорахотиннинг жаҳли чиқди. Йўргакни боягидан бўйи пастроқ қизга берди. Оёқ остидан ё сел олиб келган, ё бировнинг ўтинидан тушиб қолган кетмон дастадек таёқ қўлига илинди. Икки қўллаб тиззасига урганди таёқ синмади. Кейин шундайлигича кўтариб таннозга хезланди. Қочмоқчи бўлганди, “мочағар исто” деб бақирди. Қиз тўхтади. Тўхтовсиз ўшқириш остида бир-бир босиб Семизхотиннинг олдига келди. Тиз чўкди.
-Ояжон шуд, дигар намэкунам деди йиғлагудан бери бўлиб, лекин, ёлғондан қилаётгани билиниб турарди.
Хотин таёқ билан илкисдан қизнинг бошига урди. Қиз бошини икки қўллаб чангаллаб қолди. Шунда яна бир таёқ қўллари аралаш тушди. Нимадир қарсиллаб кетди. Яна ва яна. Шунда хотин йўргакни унга беришларини тайинлади. Танноз чақалоғни қўлига олди. Ўрнидан турганди елкаси аралаш тушган гумбуллаган зарблардан қишлоқнинг итлариям вовуллаб юборишди. Оғриётган бошини чангаллашни ҳам, зир қақшаётган қўлларини сийпалашни ҳам билмай серрайганча жойида қотиб қолди. Танноз юра олмасди. Унинг қалтираётганлигини узоқдан ҳам билса бўларди. Қўллари бандлиги учун оғриқларни иягини осмонга кўтариб, бошини гарданига босмоқчи бўлганда қангшари аралаш тушган таёқдан орқага қалқиб кетди. Нима бўлсаям йўргакни қўлдан чиқармаслик керак. Тушириб юборса бу азоблар тўйга боргулик эканини кўрган…
– Ояжон, жон ояжон, ман мэмурам, жон ояжон, жонам дард кайсас деганча, жон жаҳди билан йўргакни кўксига босади. Йиғлаш баробаридаги ўкириши ёлғондакам эмаслигини том устидаги болакайлар ҳам билди. Боши-кўзи демай тушаётган қора таёқ – қизил таёққа, ундан кейин қолаётган оғриқларга қиз энди парво қилмасди. Парво қилишга, оғриқни сезишга имконият берилмаганди. Имконини топмаса жон ҳам оғримайди…
Қорахотин томоша тугади дегандек, кўйлагини ёқасини париллатиб йиртиб шартта чап эмчагини чиқарди. Сўлқиллатиб аввал жарнинг кун чиқиш, кейин кун ботиш томонидаги томоша талабларга кўрсатди. Ўспиринлар қўрққанларидан, кўзларини қўллари билан бекитганча укалариниям ташлаб турра-турра уйларига қочишди.

ЎҒРИГИНА БОЛАЛАР

Туркқишлоқ болалари ўғригина бўлади.
Ўғри бўларкан деб хурсанд ҳам хафаям бўлманг. Йў-ўқ. Унақа катта ўғри эмас. Эл қатори. Ҳаммага ўхшаган. Энамнинг айтишича катта, атоқли ўғриларни ўғри деб ҳеч ким олдида ҳам, ортидан ҳам айтолмасмиш. Улар билан ориғиям, семизиям ҳисоблашармиш. Уларгаям заруратда элни иши тушармиш. Уларга қолган кун қурсин экан. Ўғриям бандаси эмиш. Бетиқаро, куниқаролар эмиш.
Туркқишлоқ болалари эса бирда бирор жойда бирор нарса кўзига яхши кўринганидан илиб кетади, холос. Бирда эгаси қарамаган нарсани олиб қўйишади. Лекин, эгаси билиб қолиб жойига қўй дейишса, олиб чиқиб беришади. Отаси билса ўша нарсани эгасини олдига бориб оғзига сиққанини бериб ўғлини ёмон отлиқ қилмайди. Эгасидан бу ҳақда бирор жойда гапирмаслик шартини олади. Эгалар ҳам мард келади. Йўқолган нарсасига тенг ҳақ олади. Ортиғидан ор қилади. Ёш болани кўзига яхши кўринган, ишқи тушган нарсани қайтариб олишни ўзига эп кўрмайди. Гоҳида товон -тўлов учун келган отанинг кўнглига қараб: ўзи шу нарсани кимга беришни билмай турувдим, олса-олиб яхши қипти, деб қўяди, ўпкаси тўлиб.
–    Болада, болага ярашади, буям болаликни бежови дейишади. Бир-бировларини гапларини маъқуллаган бўлиб. Худди нотоза жойдан келиб илкисдан тоза жойга оралаб кетиб, ноқулай аҳволга, ҳижолатга тушган одамлардай.
Боласи ўғрилик қилса-ю, ота бўлиб, кўчани ўртасига тушиб, куйиб пишиб тирноғи ортидан ор талашиш орзусида сояси эгасиз қолаётганлар қанча… бунгаям етган бормиш етмаган бормиш.
Боя айтганимдек, уч мартагина ўғрилик қилганман. Бир марта Самарқандда автобусда. Бир марта қишлоқда каптар ўғирлашда қатнашганман. Бир марта мактабда.
Мактаб кутубхонасидаги ўғрилигимни ҳеч ким билмаган. Ҳатто ўғрилик қилиб қўйганимни ўзим ҳам билмаганман. Билиб қолиб кутубхоначига айтишга уялдим. Тўғриси китобни қайтариб беришдан қизғондим. Ҳар ҳолда кейинроқ ўйлаб қарасам буям ўғриликка кираркан. Буни сизгаям айтмайман. Каптар ўғирлаш алоҳида гап.

САМАРҚАНД ШАМОЛИ

Қишни куни бир тутам. Қаттиқ келса одам тугул жондор-у, қуши-қузғун ҳам ташқарига ўрмаламайди. Ин-инига кириб кетади. Одамлар уйда неча жон бўлсаям бир хонага, ўтирадиган уйга тиқилишиб олади. Икки уйни иситиш, печкага ўтин етказиш қийин. Икки печка ёқадиганлар ё бор, ё йўқ. Қишнинг узун оқшомларида уй ичида пахта чивиш расм бўлади. Қўлда чивилган пахтани гул пахта, магазинникини той пахта дейишади. Одатда гул пахта юмшоқлиги учун бўлса керак фақат боштаг-ёстиқларгагина солинади.
Кечги овқатдан кейин опам чивиш учун опачаларимга икки, укам ва синглимга бир чангалдан пахта беради. Менга тегишни Энам белгилайди. Ўша оқшом тегишимни тезда чивиб, аслида пахтани шундайича Энамга топшириб ўрнимга кириб ётиб олгандим. Энам ҳеч нима бўлмагандек, хелвагай енгларига бекитдилар. Одатда бу ерда чивилган пахта бўлади. Ухлаб қолган деб ўйлашди шекилли, сўнгги вақтларда Самарқанд ҳақида Энамдан ҳам отамдан ҳам сўраверганим, ким энди Самарқандга борса мениям олиб боришларини, ўзим йиққан пулим борлигини айтаверганим Катта Энамни шу кеч отамга шу гапни айттирди шекилли.
– Баламни Самарқандга бировга қўшиб бўлсаям юборинг. Бир кўриб келсин. Катта Отасининг арвоҳи шод бўлади. Ичикиб қолмасин. Кун исиши билан юборинг.
– Хўп Эна.
Кўрпани остида гапларини эшитиб ётаман. Энамнинг балам дегани, бу ман. Бошқаларни отини қўшиб чақиради. Мен Катта Энамнинг боласи. Отам шундай деганлар. Мени қиладиган ишим битта. Энамга қараш. Кўз- қулоқ бўлиш. Бошқа одамнинг менга иш буюришга, бу ёқа ўтир, ёки тур дейишга ҳаққи йўқ. Кўнглимга ёқса қиламан. Бўлмаса йўқ. Менга биров сал баланд гапирса Энам томоқ қириб қўядилар. Бақирганнинг овози томоғида қолади. Ҳатто ўзидан-ўзи жанжал чиқарадиган, ширинчойни дастурхонга тўкиб қўйсанг ҳам қишлоққа жар солиб бақираверадиган, қўшнимиз Тошбийи аммани “Ўчоғ бошингни тоза тутсанг ўласанми” деганча хўжайинчилик қиладиган опамни ҳам.
Росаям хафа қилишса узу-кун елкасига отамнинг эски чопони ташлаб, бўри ўтириш қилиб ўтирадиган Энамни орқа қилиб, чопоннинг ичига кириб кетаман. Энамни белларидан қучоқлаб оламан. Кулаталари устидан тушиб келган сочпопукларига осилган калит-у, жангул-жунгул ғуббачаларни қайта-қайта санайман. Энам берган иккита қуёнча билан ўйнайман. Улар Энамнинг атрофида юришади. айтишларича қуёнчалар бошқаларга кўринмайди. Шунинг учун бемалол ўйнашим мумкин.
Энди биров мени бу ердан чиқариб бўпти. Овқат вақти бўлсаям чиқмайман. Сув ҳам ичмайман. Чопон остида ухлаб қоламан. Ўйғонганимдан кейин хафа қилишганлари эсимдан кўтарилиб, чопон остидан чиқиб кетсамда, хафа қилганлари эсимга тушса дарров яна чопон остига кириб кетаман. Шунда Энам, уйда ҳеч ким йўқлигини, энди бўлганлигини, ҳали кўп китоблар ўқишим учун овқат ейишим кераклигини, овқат емасам катта бола бўлмаслигимни, ёзда супа устида мусичалар билан гаплашгандек секин ва дона-дона айтадилар.
-Ўзим кўтарганманда. Тўққиз ой кўтарганга эмас, ердан кўтарганга ўхшайман, дегани шуда дейдилар, дил-дилдан қувониб.
– Ўзимга ўхшаганда… йигит одам овқат емаса душманларини димоғи чоғ бўлади, туринг энди, ўсириғи дори болам. Кеч бўлди, ҳамзамон меҳмон келиб қолади. Бундай қилаверсангиз, урчуқ йигира олмайман. Мисқолнинг сигири туғибди. Келагайи яхши экан. Палласидан олиб қўйдим. Туринг…
Энамни айтишларича урчуқ йигириб, нонларини ҳалоллаб еяётган эмишлар. Қўлидан иш келадиган одамни қўли ишда бўлиши керакмиш. Отам топиб келаётган нонни ҳам меҳнат қилиб ейилмаса, сўроғи қаттиқ бўлармиш. Энам хафа бўлмасликлари учун айтганларини қиламан. Чопон остидан чиқиб, токчада турган урчуқ ва ханжалани олиб келиб бераман. Ханжала – йигиришга тайёрланган, унгача қайта-қайта ювилиб, титилган ва бир-бир бирига уланиб узун арқон ҳолатга келгандан кейин, очилган катта атиргулдек чиройли қилиб, йўқ, магазинни кулчаси-буличкага ўхшатиб билакка мослаб ўралган, ўртаси билакузукдек тешик тахланган юнг бўлаги. Ханжала йигирилса ип бўлади, ип йиғилса калава.
Самарқандни кўрмаганман. Уни қандайлигини аслида Энамдан эшитиб, китоблардан кўриб, ўзимдан қўшиб, камига ҳар замонда ўзидан олдин сўмкасининг сассиғи қишлоқ оралайдиган жуҳуд расмчининг расмларига қараб Катта Энамга айтиб бергандим, ҳа, дуруст дедилар.
–    Буни бари энақорин эс эниш, дедилар ўзларига ўзлари. Урчуқларини пириллатиб
Самарқанд Катта Энамга ўхшаса керак…
Бунга Энамнинг Самарқандни кўрмаган бўлсалар ҳам Катта Отамнинг бу шаҳарда ўқиганлари, унинг ҳар бир ғоридан тортиб, булоқларигача, ҳар бир қиридан сойигача, мачит-у мадрасаси, авлиёларга лиқ тўла қабристонлари, қаландархоналари, карвонсаройлари, мусофирхоналари, икки арава сиғмайдиган тору-танг кўчаси-ю, буримигача эринмай айтиб берганларидан бўлса керак, Самарқанд дейилса сергак тортадилар. Шаҳар дейилганда фақат уни тан оладилар. Кўрмаган бўлсамда кўргандайман, дердилар гап орасида гап келганда. Ҳут кириши билан қишлоқни бир зум ости-устин қилиб, кейин икки-уч кунлаб ҳуриллаб турадиган ёқимли шамолни эса Самарқанд шамоли деб атайдилар. Шамол тингунча Энамнинг ғайрати, шиддати ичига сиғмайди.
Ҳут кирди, жони борга қурт кирди, дейдилар. Ўзлари уйдан чиқолмасалар ҳам қимирлаган одамни ишга ҳайдаб. Ерни мустар қилманглар. Ҳеч бўлмаса кетман уриб қўйинглар, савоб бўлади, савоби катта дерди.
Шамол қанча чўзилса деҳқончилик шунча яхши бўлармиш. Тоғда ўт-ўлан, сойда сув сероб бўлармиш. Тўкинчилик бўлармиш. Қаҳатчилик бўлмасмиш. Ой Қорнинг қорларини бу йилдан бу йилга етадиган қилиб тахлаб чиқармиш. Самарқанд ҳайри барака шаҳри эмиш. Унинг шамолидаям қут бўлармиш.

САМАРҚАНДНИ КЎРИШ ОРЗУСИ

– Мана Сариқбола, сизга дедилар, отам галефе шимларининг ўнг чўндагидан иккита йигирма тийинлик оқ танга ва битта яшил уч сўмлик ва иккита сариқ бир сўмликларни олиб.
– Бу ўзингизга. Расм қалам ва дафтарларни пул опачангизда. Келишган нарсаларимизни олиб беради.
– Эҳтиёт бўл, болам, дедилар, опамнинг бўйинсалари, Тошбийи амма.
– Жуҳудлардан эҳтиёт бўл. Ўзи қора, кўзи катта бўлса жуҳуд бўлади. Жонузоқни ўшалар олиб кетган. Зўрға топганмиз, дейдилар жиддий гапни қаттиқ тайинлаган киши бўлиб.
– Апангни қўлини қўйворма.
Бу гапларни айтишларига сабаб, ўғиллари Самарқандга борганда адашиб йўқолиб қолган, кейин бир жуҳуд топиб олиб келиб берганини одамлар унутиб, кимдир нимагадир жуҳудлар ёш болаларни олиб кетиб ейди деган миш-миш тарқатганидан бўлса керак. Мен шу гапни отамдан сўрагандим, ким айтса номаъқулни нонини ебди, шўрликлар ўзи зўрға юришибди-ку, дедилар. Шу-шу бу гапга ишонмайман.
Яхши ўқиганим учун синфда биринчи бўлиб пионерга ўтганман. Буни одамларга билдириш учун галстугимни таққандим, опачам бўйнимдан юлиб қўлимга бердилар.
–    Бугунча энди мударрислик қилмай туринг, Мирзоий деб кенадилар.
Индамай турганимдан жаҳли чиқиб, бақириб кетди.
– Жойига қўй деяпман, Сариқ ошкади. Энди бир ками бозор куниям галстук тақишинг қолувди. Юрарканманда энди сан билан бўйинда бўйинбоғ, кетда шолвор билан Самарқандда қўл ушлашиб.
Шу гаплар билан Хўжатўпдан чиқиб, Жаркўча оралаб Каттасой ёқасига, Тошйўлга тушдик. Икки ёқаси жийдага тўлиб тошган сойнинг кун чиқарини Каттатоғнинг сояси қоплаган. Ҳали тун шарпаси кетмаган. Соя тугайдиган Ўқотар майдонидан этакни саҳар қуёшининг осмонга уриб қайтган шуъласи элас-элас ёритади. Шариллаган сув қишлоқ аҳволининг сокинлигини таъкидлаб туради. Таниш Ота тегирмонидан чиққан ва Калта шаррак номини олган шаршара овози эса узоқ – яқиндаги итларнинг ҳуриши, ғиншиб қўйишларини ҳам ямламай ютиб юборади. Қишлоқ кўчасидан чиқишимиз билан Бозоржойнинг яланг майдони, майдоннинг бир четида турган иккита автобус қораси, уларнинг қизил чироқлари кўзга ташланади. Бири катта, бири кичик. Автобус кетиб қолишидан хавотир олиб, қичаб юрамиз. Автобусларнинг каттароғи Тошкентга қантайди.
Ўсмат-Самарқанд орасига юрадиган, қатнайдиган сариқ пазик қишин ёзин бир вақтда, эрталаб олтида Бозоржойдан қўзғалиб, Ўрайдан бошлаб Самарқанд томон энади. Йўлма-йўл Қўнғирот, Ўрис, Нуғай ёқалаб кейин, Булунғурнинг йил ўн икки ой, йигирма тўрт соат бозори тинмайдиган Оқтепасидан қарзи бордек сўнгги йўловчи олиб, ичида бош тиқарга жой қолмай, нафаси ичига тушганча бир ёнга ёнбошлаб Самарқанд томон ўрлайди.
Менга Ўсматда автобус ҳали бўшлигида теккан жой – олдинги эшикнинг шундоқ ўнг қўлидаги бир кишилик ўринга ўтирганимга минг пушаймон ейман. Ҳайдовчи ёнидаги хонтахтадек келадиган жой бир неча маротиба товуқларга, неча бор халта, тўрвага тўлди. Ҳидига ҳайдовчи ҳам чидай олмай таранг қилиб одамларни икки қур ёппасига сўкди. Икки марта ёши катталарга ўрин бермоқчи бўлганимда устимга ётиб олгандек уч-тўрт кишининг остидан чиқолмаслигимни, жойимдан турсам оёқ остида қолиб кетишимни, кейинчалик эса, ёши катталар бу ўринга ўтира олмасликларини билганман. Қарилар автобусда ёнбош ўтиришса бошлари айланар экан. Хуллас, Самарқанднинг катта йўлига чиққанимиздан кейин шофер автобусни тўхтатди. Тик турганларни туширди. Автобус ойнасини бекитиб келаётган лаш-лушларни эга-эгасининг қўл-қўлига эринмай ушлатиб, йўл пулини териб яна йўлга тушди. Кўз олдимда энди қоплар ва бухчалар эмас, катта йўлда кетаётганимиз билинарди. Кўп ўтмай дарёдан ўтдик. Зарафшонлигини йўл четидаги “Р.Зарафшан” деган ёзувдан билдим. Кейин ўзимизнинг Тайпоқсойга ўхшаш қирлар оралаб юрдик. Қир устига чиққанимизда чап томонда пастликда кўк гумбазлар, китобларда кўрганларим бўй бердилар.
– Бу Улуғбекни ҳайкали, деди опам. Кўришга улгуриб-улгурмай қолдим. Қўлини иягига тираб бир ҳайкал турарди. Ангниганим шу бўлди. Кейин, қишлоқ уйларидан фарқ қилмайдиган кўчага шунғий бошладик. Кейинги манзарадан чўчиб кетдим. Автобус катта қўйинди – қабристонни ўртасидан гўристонни иккига бўлиб, худди энди майит олиб келган улкан тобутдек лапанглаб борарди. Нафасим тиқилиб қолди. Шу соз бир майдон юрдик. Қўйинди тугаши билан, автобус ойнасидан чап томондаги пастликда икки қўлини осмонга чўзганча тўкилиб бораётган қадимий катта иморатнинг қолдиқлари кўзимга ёпишиб қолди.
Мен Самарқандни бундай тасаввур қилмагандим. Кўриш орзуйимдаги Самарқанд бунақа эмасди.
-Бу Бибихоним мачити, деди башараси фақат пайлардан иборат қоп-қора, бўйи узун, ёқасини яғири чиқиб кетган оқ кастимининг кўкрак чўнтагига битта яшил, битта кўк, битта қора ручкаларни қатор қилиб териб қўйган ва ҳар замонда уларни жойидами деб йўлма-йўл ушлаб келган одам.
– Яқинда Фрунзе Чўпон Отадан туриб тўпга тутган, қўшиб қўяди, биров сўрамаса ҳам, ҳудди тўпига ўқ солиб тургандек.
Мен унинг яқинда деганини беш-ўн кун нарида деб ўйлайман ва шундай бинони бутунлигача кўрмай қолганимдан афсусланаман. Фрунзеларни ёмон кўриб қоламан. Чўпон Ота дегани ким, нима, қаерда?
Самарқанд ҳақидаги иккинчи абад ёқимсиз хотира автобуслар тўхтайдиган жой билан тўкилаётган иморатни уловчи узундан узун, беўхшов темир кўпир-кўприк эди. Эрталабдан кўприкдан шошилиб ўтаётган одамлар оқими ўша тўкилаётган иморат томон борарди, Сариқвой, -автобусга мен шундай ном берганман, – кўпирдан узоқ бўлмаган жойда, ўзига ўхшаган сариқвойлар орасидан жой топиб тўхтади. Одамлар ёппасига ўзини эшикка урди. Ўсматликларнинг ўринларга ястаниб олгани учун энг охирида тушишдан бошқа чораси йўқ.

ТАНИШУВ

Автобусдан тушдик. Самарқанднинг қишлоғимизникига ўхшаш салқин ҳавоси димоққа урилди. Биз опачамнинг дугонаси, қўшнимизни Самарқанда катта ўқишда ўқийдиган қизи Бийпар опани касалхонада кўришга келгандик.
Опачам қишлоқда тўлдириб беришган сумкани яна бир, қайта бошдан ичидаги нарсаларни тартибга келтирди. Ўрик қоқи, сузма қурт, қизил ва кўк олмаларни бир бирига қўшилиб кетган жойидан олиб алоҳида-алоҳида газеталарга ўраб, яхшилаб тахлади. Қўни-қўшни берган нарсалар алоҳида катта сумкага аранг сиққан. Йўлга тушдик. Каптар бозорини оралаб, ўша баланд ва беўхшов темир кўприк томон кетдик. Ҳаёлимда Самарқандга кириш учун албатта шу кўприкдан ўтиш керак, шу кўприкдан яхши ўтган одамни Самарқанд яхши қабул қилади, деган ўй билан қадам қўйдим.
Олдимда ўша қўлларини осмонга чўзган иморат. Совуқда қолиб увушган, кейин қор-ёмғирда қарлиқиб қолган қўлларини бир-бирига ишқалаб иситишни истаётган, бироқ совуқ зўрлик қилиб бунинг уддасидан чиқолмаётгандек турарди.
Ортимда. Қирнинг лабига қурилган бир вақтлар қимматли бўлган ва айни вақтда увадаси чиққан эски салласининг печи тушиб кетган, печини кўтариб қўйишга қуввати етмаётган кекса муллага ўхшаган айвонли уй. Атрофида одам кўринмайди. Иморат таккурси Лола тоғанинг тош деворига ўхшаб терилган девор усти кўринади. Кўприкнинг яримига етиб борганимизда опачамга юк оғирлик қилди шекилли, тўхтаб дам олди. Хурсанд бўлиб кетдим. Шунда мен атрофга қарашга улгурдим. Йиғламайман десам ҳам йиғладим. Ичимдан бир нарса эриб кетиб ғилт этиб кўзимга келиб урилди. Ёшим чиқиб кетмасин десам ҳам чиқиб кетди. Бетимни келган йўлимизга қаратдим. Қарасам ҳақиқатан ҳам мазоротни ўртасидан кириб келган эканмиз.
Ёшни кўриб, опачам суроққа тута бошладилар.
-Бир жойинг оғрияптими?
-Йўқ.
-Нега йиғлаяпсан?
-Йиғламасам ҳам йиғлавораяпман.
-Расм чизгинг келаяптими?
-Йўқ.
Кун чиқишда мазоротнинг ўртасидаги қадимий бинолар бошларини ярмигача чиқариб бўй бердилар. Кўприкнинг шаҳарга тушиш тарафида ўпирилиб тушган кўк гумбазлар савзиси қолмаган кераксиз ўрадай оғзини очиб турарди. Кўприкдан тўғри ўрага тушилаётгандек туюлди. Кўприкдан қўрқанидан йиғлашни ҳам унутган гўдакдек бўлиб тушдим. Ерда озроқ юргандик, ҳалиги қўллари осмонга осилиб қолган бинонинг олдидан чиқдик. Опачамдан бинони отини сўрадим.
–    Мен қаердан биламан, дедилар, жеркиганча энсалари қотиб.
–    Ана, деворига бир нарса деб ёзиб қўйибдику?
–    Кўп савол берма, бўлмаса бошқа олиб келмайман.
–    Битта ўқий.
–    Боя автобусдаги одам айтдик-у. Борма. Йиқилиб кетади.
Гапга бекатда умаланиб юрган, қўлидаги нарса ҳассалигиям, узун супургилигиям билинмайдиган кекса чол қўшилади. Бўйи узун, кийими оппоқ, соқоли ҳам.
– Бу Темур жомъе масжиди. Бу эса Бибихоним мақбараси дейди, йўлнинг нарига тарафида фақат ўпирилиб тушган кўк гумбазнинг учигина кўриниб турган, қолган қисми одамларнинг ҳовлилари ичида қолиб кетган иморатни кўрсатиб.
Қўлим билан Жомъе масжиди кўрсатиб, сўрайман: буни энди қайта қуриб бўлмайдими?
-Бўлади. Нимага бўлмас экан. Фақат эгаси қилади бу ишни. Буюрилган одам қилади. Шамолнинг ўнг келишига оз қолди.
– Олдига борса йиқилиб кетмайдими?
– У ҳеч қачон йиқилмайди.
Опам қўлимдан силтаб кўп савол бермаслигимни таъкидлаганча лабини буриб, юзини қишлоқнинг энг хунук кампири Қорамомонинг бетига ўхшатиб, аччиғи чиқаётганигини билдиради.
Соат энди саккиз бўлганини “Сиябский рынок” деб ёзиб қўйилган катта дарвозанинг ўртасига ўрнатилган соатдан билса бўларди. Шу вақт бозор эшиги олдидаги бекатга бир неча автобус орқама кетин маташгандек тўхтади.
Чолдан яна бир нарсани сўрайман деб қайрилиб қарагандим, тополмадим.

ЎЗИМИЗНИНГ ЖУҲУД

Опачам билан Регистонни томоша қилиб, орқа тарафидаги автобуслар калла-поча бўлиб ётадиган томонга ўтдик. Рўпарадаги пешонасига “2500” деб ёзилган магазинга кириб расм дафтар ва қаламлар олдик. Кейин яна Регистонга қараб юрдик. Шунда опам менга газ сув олиб бермоқчи бўлди. Будка олдига келганимизда ҳудди Катта ҳовузни ёқасида савдо қиладиган расмчиникига ўхшаган суратларни кўриб қолдим. Айниқса, Шопнинг расмлари. Фақат бу ердагилари жудаям катта қилиб ишланган. Энди бир стакан газ сув ичиб бўлгандимки, будка орқасидан оғзи кўна калишдай тарвайиб ўзимизнинг жуҳуд кўринди. Аввалига менга бошдан оёқ қараб турди. Кейин таниб қолди. Сўрашган бўлди.
–    Э, э,бачэм, кепсизга. Ўқишга келганму?
-Мен, Самарқандда Тошбийи аммамни айтганини қилиб кўп гапирмаслик учун “ҳа” дегандек бош ирғадим.
Расмчи катта калласини газ будканинг туйнигидан тиқиб, сотувчига бир нималар деди. Жуҳудчалади.
Туйнукдан бош кўринди. Кўзлари катта-катта, бети қаро, мўйлови колхозни раисиникига ўхшаган сотувчи қаради. Билдим, буям жуҳуд.
Менга бош оёқ қараб, менсимайгина:
– Ҳамин бачамэ, деди.
Сотувчи стаконни тўлдириб сув берди.
–    Пулини олмогон. Двойной. Меникидан.
Опачам жуҳуднинг таниш эканлиги ва меҳмоннавозлик қилаётганини аёл бўлсаям тушунди шекилли, эътироз билдирмади.
Газ сувни ичиб кўргандим аввалгасидан ўлса ўлиги ортиқ ва ширин эди. Тагида бир томчиям қолдирмай кўтардим. Сотувчи расмчига қараганди, энсаси қотиб, яна бир стакон берди. Буниси бетаъм чиқди. Худди ўзимиз сотиб олгандек. Бир ҳўплаб туйнук олдига қўйдим. Ўзимизни жуҳуд сўмкадаги дафтар ва қаламларни кўриб, расм солиб беришимни сўради. Расм чизишимни қишлоқда кўп одам сўраган. Лекин, Самарқандда ҳеч ким. Янги расм дафтарлардан бирини очиб, қора қаламда жуҳуднинг ёлғондан тиржайиб турган суратини чиздим. Биламан, нима учун у мендан сурат сўраяпти. Одатда мен бир расмни чизганимда унга тикка қарасангиз бошқа, ёнбошдан қарасангиз бошқа расм бўлади. Шуни у билади. Каттатоғ расмимга тикка қарасангиз тоғ, ёнбош қарасангиз Мулла Оқмирза бобонинг таҳоратдан кейин, салласини тузатаётган пайтини кўрасиз.
Ранги қаламлар очилмаганлиги ва вақтимиз йўқлиги учун ўша варақни йиртиб бериб, кўчанинг нариги бетидаги шашликларни тутуни чиқиб ётган, караватлар қўйилган, самоворлар қайнаётган чойхона томон кетдик. Расмчи расмни туйнукдан киритиб, сотувчига берди. Зум ўтмай ортимиздан чопиб келиб: квартира керак бошад, маники шу будкадан топасан. Маники ҳамэш шунга, деди.
Расмчи расмни ёнбош қилиб ҳам кўрган шекилли. Ёнбош кўрганда учта касратки бир бирига қараб турарди. Иккита каттаси ҳақи кетгандек бўзариб, битта кичкинаси қотирдимми дегандек, тиржайиб.
Биз опачам билан шашлик емоқчи эдик. Тўрт дона шашлик, нон, чойни татрондай қаро, кийимлари худди лўлиларни эслатувчи хотин олиб келди. Битта шашликни еб қўйгандим, опачам: одам барибир шашликка тўймайди, нон қўшиб есанг тўйиш мумкин дедилар. Кейин нон қўшиб едим. Тўймадим. Қора хотин ҳеч кимдан сўрамай яна тўрт шашликни олдимизга қўйди. Опачам шашлик буюрмаганини билдирмоқчи бўлганди, шартта биттасини олиб еб қўйдим. Бир сўмлик сариқ пулни хонатахтага ташладим.

САМАРҚАНДДАГИ ЎҒРИЛИК

Орадан анча йиллар ўтиб билганим ва ҳали кўприк устида печи тушиб кетган кекса мулладек кўринган, қирнинг лабига илиниб турган иморат Самарқандда қурилган биринчи мачит, Хўжаи Хизр эди. Биринчи ўғриликни шу мачит остонасида қилганман. Опачам билан Энам тайинлаган, Регистонни рўпарасида отажамимиз қурдирган мачитни ўз кўзим билан кўрганимиз, Регистонда бўлганимиз, Темур Бобони зиёрат қилганимиз, магазинларни айланганимиздан кейин тиқилинч бир автобус шаҳар ичидан бизни яна ўша кўприкка уланиб кетган катта майдонга олиб келиб туширди. Энди фақат йўлнинг бу бетига. Қир лабига илинган иморатнинг остига.
Бу автобус қишлоқ автобусидан каттароқ ва ҳайдовчи ёнида хонтахта эмас, узун оқ труба тортилган эди. Мен шу трубани маҳкам ушлаганча келардим. Эшик очилиши билан ёнимда турган икки киши қўлимга беш тийинлик тангаларни бериб тапур-тупир тушиб кетишди. Мен шошиб қолдим. Опачам ўрнидан туриб келгунча ва биз бирга тушганимизча яна беш олти одам устимдан ошириб ҳайдовчининг олдига қўйилган катта резинка тавоққа танга ташлаб тушиб кетишди. Мен тангаларни ҳайдовчига беришим кераклигини билардим. Лекин, қўлимдаги тангалар ичида ўзимнинг иккита йигирма тийинлик тангаларим ҳам бор эди. Тангаларни бераётганимда маникиларниям бер деса нима дейман? Нима қилишимни билмай қолдим. Опамга айтаман дегунимча, у қўлимдан ушлаб пастга судради. Шунда қорадан қора бетини тириштириб, оғзи тўла тилла тишини кўрсатганча ҳайдовчи опачамга имо қилиб, менда йўл ҳақлари борлигини билдирди. Очаман десам қўлим очилмайди. Опачам қўлимни икки қўллаб очди. Иккита сариқ беш тийинлик ва иккита йигирма тийинлик турарди. Илкисдан бетимга тарс этиб шапалоқ тушди. Тангалар сочилиб кетди. Кейин териб шоферга узатди. Мен бир муддат карахт бўлиб қолдим. Танноз лўлининг ҳолати кўзим ўнгида лап этиб кўринди. Оёғимнинг учидан вижиллаб келган бир нарса оғзимдан бақириқ бўлиб чиқди. Тўғри, аввалига товушим чиқдами. Чиқмаётганлигини билиб янаям баланд бақирувдим. Чиқди.
Жон ҳолатда: иккита йигирма тийин ўзимники, деганча бақирдим.
Ҳайдовчи тўғри дегандек, тангаларимни қайтариб берди. Энам чийбахмалдан тикиб берган шолворимни чўнтаги йўқ. Тангаларни энди ўнг қўлимда маҳкам сиқимладим. Йиғламайман десам ҳам йиғлайвердим. Одамлар, Самарқанд мени ўғри бола экан деб ўйламасликлари учун овозимни борича йиғлаб бақирардим.
-Мен ўғрилик қилганим йўқ. Одамларни ўзи берди. Энди бераман деб тургандим.
Шунда бир кампир автобусдан мен тенгги невараси бўлса керак, қизча ҳимосида тушди. Кўз ёшларим орасидан кампиринг Энамникига ўхшаган оқ қарси ва ундаги катта-катта қизғиш гуллари кўзимга чўғдек кўриниб кетди. Энамни кўргандек бўлдим. Қизча ҳам пастга тушгач қўлидаги тугун ва ҳассасини берганди, олмади. Кампир опачамни олдига келди. Келганини ковушидан билдим. Мен юзимни кўтара олмасдим. Ерга қараб турардим. Назаримда ҳамма менга тикилган, ўғри болани қаранглар деяётгандек эди. Келиб дашном берди.
– Эр балани бунақа қилмайдилар.Садқайи апа кет. Йигитни бетига уриб имонингни куйдирдингку. Баланиям бетига урадими?
Кейин гулли камзулини тугмасини ечиб, нимчаси-калтачасининг чўнтагидан бир сиқим тангани олдида ҳайдовчининг бетига отиб юборди. Тушиб кетган қарсини учини елкаси оша силтаб ташлади. Ҳассасини қўлига олди.
– Ма, ол. Санга садақа. Ман ўлмай тураман. Эшакдай бўлиб қилган ишингни қара. Уйингда хотингга гапинг ўтмайди-ю, кариллашингни қара. Бегуноҳ балани кўнглини оғритгача аёлларни халтасига ўғрилик қилганинг авли эди. Ўғри бунақа йиғламайди. Балани қақшатдинг, қақшамай қолмайсан. Бетингни мурдашуй ювсин.
– Э,э нима қилопсиз, момо. Маники давлатга пул топшириш керак.
– Момо дема-э имонсиз. Давлатинггаям ўт тушсин куни сандайларга қолган бўлса. Баланиям шаштини қайтарасанми. Олган бўлса нима қипти? Боланинг ўғриси бўлмайди… гойда шундай-шундай бўлади. Зўр бўлса каттангга сал кам берасан. Тур нари, бор. Боланиям қўрқитиб юбординг. Энанг баламласин, сани.
Ҳайдовчи пуссайиб қолди. Мени ёш бола билиб танга бериб юпатмоқчи бўлди. Олмадим. Бақирмаслигимни, йиғламаслигимни сўради.
– Мана ўзимни пулим бор. Отам берган. Расм қалам оласан деганлар. Давлатни пулини нима қиламан дедим, овозим қалтираб, оёғим қийшайиб кетаётганидан зўрға ўзимни тутиб. Ҳайдовчи нима қиларини билмасди. Биров сўрамаган бўлсада, кампир турган томонга қараб: маники унақачангги хотунгга жавобини бийгон, деганча тайсаллаб қолди.
Кейин нотаниш бир одам олдимга келди-ю, гап тополмади шекилли, орқасига қайтди. Ер битта бўлиб оқ тангалар сочилиб ётарди. Бари ўн тийинлик. Худди энам йиғадиган тангалардек. Энам бу тангаларни тўйга йиғаяпман дейдилар. Кимни тўйига десам, кейин айтаман деганлар.
Мен ҳамон ерга қараганча дағ-дағ титраб, ич-ичимдан йиғлардим. Автобусдан тушган одамларнинг оёқ кийимлари атрофимни ўраб олганди. Уларнинг бетига қарашга уялардим. Хаёлимда ҳамма мени-ўғри болани ёпатмоқчи, овутмоқчи бўлишарди. Раҳми келарди. Мени ёш бола ҳисоблашарди. Бир елкамга қўлини қўяр, бири бошимни силарди. Шунда мен Самарқанд одамлари яхши одамлар эканлигини билдим.
Орадан анча йиллар ўтиб унга оёғи теккан, сувини ичган одам ҳам Самарқанднинг бир заррасига айланишини, унга ўхшаб қолишини ҳис этдим. Самарқандни нонини еган унингдек шавқатли, сувини ичган унингдек сокин бўлишдан бошқа иложи йўқлигини минг бор кўрдим. Фақат ҳаммаям, ҳаммасиям эмас… кейинчалик фақат соғинч ва раҳмда таъма бўлмаслигини ҳис этганман.
Саҳар бекатдаги ўша узун бўйли, оқ кийимли ва оқ соқолли чол қўлимдан ушлаб йўл четига олиб чиқди. Айвонли иморатга чиқадиган зинага ўтказиб қўйди.
Кўзларим йиғидан ҳишиб кетган. Ҳеч нима кўринмас, опачам ҳам олдимга келиб бир нарса дейишга ҳайиқарди. Зинадан турдим. Юқорилаб бордим. Айвонли иморат олдидан чиқдим. Кўз ўнгимда саноқсиз кўк гумбазлар яна намоён бўлди. Самарқандни яна томоша қилайлик деганимда опачам тўғри айтган экан. Самарқандни ҳамма жойини кўриб чиқишга бир йил ҳам етмас экан. Йўқотиб қўйган нарсасини топган одамдек суйиниб кетдим. Кўприкка қарадим. Энди одамлар ундан саҳардаги оқимларига тескари юриб келишарди. Назаримда улар имтиҳон топшириб қайтиб уйларига кетишаётгандек эди.
Бир майдон шу тепаликдан шаҳарни томоша қилдим. Кейин, кейин албатта бу ерга келишга, ўзим якка келишга, ўғри деб ўйлаган одамларга кимлигимни ҳали кўрсатиб қўйишга, ўғри бола эмаслигимни исботлашга ўзимга ўзим сўз бериб эна бошладим. Шунда чап қўлим қаламларга тўла эканлиги билдим. Буни ўша мени ўраб олган одамлар ёки қўлимдан тутган чол берган бўлса керак. Одатимга кўра дарров кўрган нарсамга от қўйдим. Чолни Самарқанд Ота деб атагим келди. Самарқанд Отани одамлар орасидан изладим. Тополмадим. Ўзим йиғлаб, ўзим юпандим.
Мен Самарқанддан ерга қараб туриб ҳам одамлар нима иш қилаётганини кўрадиган, юзларига қарамай гапирадиган гапларидан ройишларини, товушидан ниятларини, китобларни бетига қараб ўқишга арзийдиган ёки арзимайдиганини биладиган бўлиб қайтдим… бу Самарқанд Отанинг менга берган биринчи дарси, неъмати, совғаси эканлигини орадан анча вақт ўтгач англадим.
Сариқвой энди ўрнидан қўзғалган экан бир амаллаб сиғишдик. Орқамни икки томонга букилиб очилиб – ёпиладиган эшик қисиб қолди. Оғриқни одамларга билдирмадим. Билишганда енгиллашармиди.

САМАРҚАНД ҲАҚИДА ҚЎШИҚ

Мен энди Самарқандни расмини чизаман! Менга энди рангли қаламларни кераги йўқ. Мен Самарқандни расмини Кампирдеволнинг уводаси чиққан кесаклари билан ҳам чиза оламан. Истасам Ой Қорнинг расм дафтар варағига ўхшаган қорларига, истасам Тайпоқ Сой даласига, кўнгилимга ёқса Қоровул Тепа сув омборининг бетига, истасам осмонни бир четига, йўқ, қоқ ўртасига чизиб қўйишим мумкин. Менга алам қилган. Менга кўп нарса алам қилган. Ва бу расмлар энг чиройли расмлар бўлади. Айниқса қўллари осмонга чўзилиб, қайта тикланишига мустар-у, илҳақ бўлган, қайта тиклайдиган эгасини тўрт кўзи билан кутаётган Темур жомъе масжиди расмини чизаман. Биринчи бўлиб Энамга кўрсатаман. Эна, мана Самарқанд дейман. Эна, мен Самарқандни сизга ўхшатардим дейман. Сизгаям ўхшаб кетаркан-у бироқ, кўрганда, отидан одам қўрқадиган прокурор ҳам, қорнини дўмпоғлиги эгиз қўзилайдиган келинчакларникига ўхшайдиган, мошинидан тушиб келиб салом берадиган мелисаларнинг каттасиям, райком ҳам оғзига қараб нима дер эканлар деб турадиган соқоллари оппоқ Мулла Оқмирза бобога ўхшар экан дейман. Йўқ, бундай десам хафа бўладилар. Ярми Сизга, ярми Оқмирза бобога ўхшар экан дейман. Ҳа, шундай дейман.
Кейин, кейин отамга катта бўлсам Самарқанда ўқишга юборинг дейман.
Ана у. Мен чизадиган иморат. Уни кечаси қоронғуда ҳам, кўзимни юмиб туриб чиза оламан. Отам тўғри айтган эканлар. Самарқандни кўриш учун тоққа чиқиш шарт эмас экан.
Давлатни тангаларини қўлимга ушлаганим ва автобусчи сўраганда қўлимдан чиққанлиги учун ўғриликларим сонини иккитага тушира олмайман.
Энди чизганларимни опачамга кўрсатмайман. Расмимни чизиб бер девди. Энди чизмайман. Чизиб бўпман. Кимга чиздирса чиздирсин. Улар қишлоқликларни расмини чизолмайди. Кўп кўрганман. Чизган расми совуқ бўлади. Нон учун чизилган расмда истара, ёзилган ёзиғида нафас бўлмасмиш. Ёзиғ – чизиғни ичида ичи борларга чиқарганмиш. Ўйнаб қилинмаган иш иш эмасмиш. Энам айтган. Улар ўзига ўхшатиб қўяди. Қошини қалин, кўзини бежо қилиб. Туркқишлоқликлар унақа бўлмайди. Ажаб бўпти. Қишлоқнинг ҳамма одамини, қутирган итини, қўтир эшагиниям расмини ўйнаб-ўйнаб чизаман. Лекин, опачамни расмини чизмайман. У мени ўғри эмаслигимга ишонмади. Мени кўпни ичида ўғри қилди.
Урганини отамга айтсамми, айтмасаммикан?
Самарқандда шашлик еганимни жўраларимга айтиб мақтанмоқчи эдим. Шашликниям заҳар қилди.

МУЗЛАГАН ҚУЁШ

Оқ Тошдан кўтарилган кун аввал Катта Тоғни, кейин унинг боласи Ой Қорнинг елкаси-ю, Бўронқўниш ўнгирига тегиб қорларини эритади. Бир қавати қору-муз, бир қавати чанг-у тўзонлардан нақд пахса девордек пишиб қолган қатламлар, куртинглар орасидан томчилаб чиққан сизотлардан жилғалар бошланади. Жилғаларни санашни имкони йўқ. Балки юз, балки мингта. Сон-саноқсиз жилғалар эрта ҳайитга чиқаётган қизалоқлардек чулдирашиб пастга энишади.
Йўлда сокин ва айни вақтда пишқириб қайнаб чиқаётган булоқларга қўл беришиб, янада шиддат билан Вадиганга етиб келишади. Вадиганда топишишган минг бир жилға ва янгидан кўз очган, эскидан ўрни тайин катта булоқларнинг суви Новус Тепа остига етганда иккига бўлинади. Қор ва муз, булоқ сувлари энди қўшилишганда яна ажралишади.
Тўғри, улар яна қўшилишади. Сал кейинроқ. Қорасовуқ, Барлос, Уяс, Тангатопди, Туркман, Миср ва яна бир қанча қишлоқларнинг ҳовли-ю, чорбоғларини оралаб ўтиб бир қисми аввал Санглоҳда. Кейин тўрткўз тугал бўлиб Сангзорда учрашишади. Сангзорда учрашгунча неча бор йўллари тўсилишини, неча маротиба тоза-нотоза жойларда ўтишларини билишмайди.
Сўнгги шўхликлар Сангзор бўйлаб бир оз давом этадида, сувнинг шўхлигидан асар ҳам қолмайди. Катта ва ҳеч қачон тўлмайдиган тешик қанордек шалпайиб, оғзи ҳамиша карракдай очилиб турадиган сув омборига қуйилиши билан атрофга аюҳаннос солган дарадаги Вадигандан ҳам, қишлоқлар оралаб ялпиз босган ариқларни юзини силаб, балиқни оғзидан тушгандек тиниқ қизларнинг бет-кўзларини ўпиб тушган шалола, гўдакнинг кўр чўчоғи-дингилидан ғўддайиб тушган томчи, қўйнида чўмилган чиройли келинчакнинг иякларидан оқиб тик бўйини ялаб-юлқаб тушган сизғи, бағрида туркона тўлғонган шумгўзални паққос қучоқлаганда эси оғиб терга ботган тош ҳовузданда, толзорлараро пилдираб, чулдираб ўтаётганда севишганлар сирини эшитиб, сир билиб, аҳли асрор бўлиб сокин тортган ҳамоғушсувдан ҳам, пешонасини Жўн Ариқнинг ўртасидаги тошга уриб олганда сачраб, ўт-ўланлар баргига осилган чиқсувдан ҳам, энди тандирдан чиққан чўғдек кулчалар бетига отилганда шошганидан қайнашиниям, бошқаниям билмай бир “пуф” деб қўйиб, болакайларга кулгу бўлган ҳовлиариқ оқизиғидан, тегирмонларни тошини айлантирган ҳисобсиз қудратидан ҳам, кейинчалик гувиллаган Санглоқ ва бирда ёйилиб талтайган, бирда тор жардан кариллаб ўтган Сангзордан ҳам асар қолмайди.
Куппа-кундуз сувга кўйлаги билан ўзини сойнинг хилватига ташлаган содда Туркқишлоқ қизларининг жонни киприк учига олиб келиб қўядиган ҳусни-жамоли, биров кўрмадимикан деганча кийик қилиқ қилиб атрофга гирён қараётганлигини томоша қилаётганда тиззасиниям кўролмасдан, баданларга жиппа ёпишиб қолган кўйлакларнинг куйига чидолмаган Қуёшнинг аламдан Ой бетини юлиб олгани қолади. Ойнинг бетидаги доғлар шундан дейишади. Бўйини бўй қизлар бўйига бўйлаб кўрган Қуёш қизаргандан куйиб кетди. Ой чиройини сув бетида ёнма-ён солиштириб кўрган кунни эртасидан бошлаб кундузлари кўринмайди.
Кўйлакларни кўйи оғир. Кўйлаклар жиққа ҳўл бўлмаган вақтлар беқилиқ хуштордай ўзича қизларнинг бир ғуччасига тегиб, бир қуймични қучиб юрганди. Жиппа ёпишганда қийин бўлади. Аввал, пешонаси – икки кўкрак ораси сергиб қуриб қолади. Кейин бор-бўй иссиқ бор-будини куйдиради, танадан чиқаётган оқ нурлар, шуъур рангини олади. Шундан ранги ҳам ўчади. Кўйлакнинг кўйи лак-лак бўлади. Бировга айтгулиги йўқ..
Билмаганлар “Ух” дейди, билганлар “Ху” дейди.
Ироқи дўппини эгилганда тушиб кетмасин деб ялтироқ симчалар билан сочларига қадашган, бир-бирларининг сочларини иккита-иккита қилиб ўришиб ва парпарак ёқали кўйлаклари тус қуригандан кейин қизларни сойда кўрсанг ҳам, қирда кўрсанг ҳам жонинг довуччадек тўкилиб кетади. Ё икки ўрам сочнинг орасига осилиб қолади. Истасанг ҳам истамасанг ҳам. Бир қараган, кўзинг тушган бўлса бўлди. Уйинг қаерда эканлиги эсингдан чиқиб кетади. Дарди бедавога йўлиқасан.
Ёйилма қишлоғи устида ўз ҳолига ўзи ҳайрон, билтанглаб, мижжаю-марзасини шўр босиб ётган сув омбори кўзларини олисларда ялтираб кўринаётган чўққилардаги қорларга қадайди. Хўрсинади. Хўрсинишидан буғ чиқади. Юксак чўққиларда бўлган вақтлари эсидан чиқиб кетади. Ялтираб кўринаётган нарса нима эканлигига қайта-қайта қарайди. Оғирдан оғир хўрсинади. Ўзини кимлигини унутиб қўяди. Қаттиқ қиш келиб, кимлигини тарс унутганда кўзини ғиппа муз қоплайди…
Топдим. Мен Самарқандни шундай чизаман. Қаҳратон совуқда қолиб кўкариши эсидан чиқиб қолган дарахт кўринишидаги Самарқандни, музлар қуршовида қолган минораларни чизаман. Музнинг бир бурчагини сал эриётган, эриб бораётган ҳолатда чизаман. Регистондаги қуёшга ўхшатиб чизаман. Кўзи бор, зулпаги бор. Бу расм ҳеч кимникига ўхшамайди. расмчигаям роса алам қилса керак. Опачамгаям. Ажаб бўпти. Баттар бўлсин.
Қиш келсин. Қишлоқнинг Каттаҳовузига Самарқандни расмини чизиб ҳаммани ҳайрон қолдираман. Миноралари-қўлларини ҳовуз бўйидаги баланд-баланд толларга боплаб улаб юбораман. Кўклам келса толлар барг чиқаради. Шунда кўрасиз.

ТАЛАБАЛАР

Лўлилар кетиши билан, кунлар исиб, қовун палакларига чумчуқлар паналайдиган, янаям аниқроғи тош деворларгаям таппи ёпса бўладиган вақтда ҳар йили канда қилмай қишлоқни бир тўда талабалар бир эркак, бир аёл ўқитувчиси-олим билан эгаллайди. Тошкентдан келишади. Катта ўқиш – институтдан. Гап теришади. Қишлоқнинг ўзига хос гапларини дафтарларига ёзиб олишади. Бирортаси келин тушириб қолса-ку, берди худо. Келин саломниям расвосини чиқариб, қайта-қайта айттиришади. Янгалар ҳам айтадиганидан адашиб, бирда қайинсингил, бирда қайинука, бирда буйинсингилга салом беришни унитиб, қишлоққа эрмакка яна бир ойлик жанжал чиқаришади.
Қишлоқдан гап терамиз деб, қартайган чол-у, мункайган кампирларни олдига тўдаланиб боришади. Бунча бегона одамни даб-дурустдан устига бостириб келганини кўрган чол-кампирларни оғзидаги гапиям тушиб кетади. Ташвишларини ўриши нима, арқоғи нималигини англаган борки бу ишларни фалончи кампирдан ўтказиб айтиш қийин дейди. Фалончи кампир дегани менинг Катта Энам.
Бирда талабалар эркак ўқитувилари билан бирга бештаси Энамни олдига келишган. Бир ош пишар вақт ўтиришган. Бири тошкентлик, бири шахрисабз, бири андижон, бири фарғона, бири термизлик қизларни Энамга кўзларини катта-катта очиб, ҳайратланиб қараб туришларини кўриб, ичим шувуллаб кетди. Қўрқдим. Кўзлари тегмасайди. Энам уларни қаердан эканлигини суриштирганда, мен эшитиб турдим. Уруғини сўраганди кўпи айтолмади. Бундан астойидил хафа бўлдилар.
– Бу яхши эмас, эна жамни билиш фарз, ота жамни билиш қарз дедилар, ўзларига ўзлари.
– Эна, биз одамларни уруғларини эмас, шевалардаги ўзига хос, жонли сўзларни йиғамиз. Уруғчилик даври ўтиб кетган, деди суманги итдек ориқ ва бир жойда туролмайдиган, тинмай қилпиллайдиган ўқитувчи.
– Тараддингку яхши, лекин қилаётган ишинг подаётоқда кўзга чиройли кўринган тезакни бир чеккадан ҳўли-қуруқ теришга ўхшайди. Тезакниям тоза-нотозаси бўлади. Қумалоқ, қий нима, тезак, таппи, чалма, гўнгу-нури нималигини билмайсан-у, яна тил билан ўйнашасанми? Тиғ билан ўйнашсаям, тил билан ўйнашмайдилар.
– Сен билан бугун энангни тилида гаплашаман. Кейинги сафар бошқа тилда бўлади. Кўкайингда йўқ, дилингга солинмаган иш тўғрисида гапириш одамни эшакликка яқинлаштиради деган бурунғи машойихлар китобида, дедилар, мижжалари қилт этмай, даб-дурустдан.
– Санга бу гаплар ёзилган китобларни ўқиш насиб этадими йўқми билмадиму, ҳар ҳолда шу қишлоққа етибсан, шуни ўзи катта гап. Шу элда туғилганинг ўзи бир хилсат. Ҳақ гапдан ҳақдан хабарсизлар хафа бўладилар.
Сен бола аввал кўнглинг билан ишингни тўғирла. Бировини паст уриб, бировини кўтариб элни маламижир ишларга қўзғатма. Ўтган йили қилиб кетган ишингни айтаяпман. Нималигини билмай чўқилган емиш томоқни йиртади.
Энам ўзига бақрайиб қараб турган, ким билан гаплашаётганини ҳалиям англамаётган ўқитувчининг юзига тушундингми дегандек қарадилар.
Ўқитувчи мулзам тортади.
– Сандан сўряпман. Ер чизган дўстдан кўзга қараган душман пеш.
Ўқитувчи қизларни олдида ер билан битта бўлиб зўрға ҳа дея олади.
– Энди эшит. Сен айтаётган шевани кўчада кўринганни тўхтатиб ёзиб олдинг ҳам дейлик. Бу гапларни ким ишлатади деб ёзасан? Дадарвақи ишлатади дейсанми? Фалон қишлоқ ишлатади дейсанми? Қишлоқнинг худо берган тили нечовлини биласанми? Гапирган одамларни ота-онаси, тайин-тутуруғи йўқми? Фалон гапни фалон уруғ бундай ишлатади, буниси бундай деб ёзсанг ҳақинг кетадими? Билсанг бола, сан қидириб юрган гап-сўзлар ўша элнинг энг қиммат нарсаси. Қалби. Эл бугун бу ерда, эрта бошқа жойда бўлиши мумкин. Қрим татарларнинг кўргулигини кўрмаяпсанми? Элни бори-йўғи, ори-ю, ортидаги соясиям тили. Шуни тушунмасанг бу ишингни қўй. Тил билан ўйнашма. Тек юр. Лафз билан ўйнашганнинг ҳоли оғир бўлади. Бўйнингга олибсанми жон ботин қил. Ёзсанг тўғри ёз. Бўлмаса ознинг кўпига ўхшаб ҳовлингга райҳонингни экиб, ҳидини ҳидлаб, дордаги лозимни пирпирашига маст бўлиб юрганинг маъқул.
Кўнглинг билан ишингни бир қилмас экансан, қайтиб олдимга келма. Хотинларни холаси, қизларни дугонаси бўлмай бу қизлар билан шийпанга тиқилмай одамларни уйига жойлаштир. Ўшанда ота-онасиям тинч бўлишади. Ўқишиниям қилади. Мани отимдан раисга айтиб қўй. Энди бор. Қизлар овқат еганларидан кейин кетади… уйдан қуриқ оғиз чиқма, ана, айвонда дастурхон бор. Ўтир. Марднинг овқатига номардни кўзи тушмасин, деганча кўнглини кўтарган ҳам бўлдилар.
Аслида, бечорани итдан беҳурмат қилдилар. Биламанки, бировни кўпни олдида бекорга изза қилмайдилар. Гапирмайдилар. Ўзидан ўтди. Лекин, нимасидир маъқул кўринган бўлиши керак. Энаси семизгап, каттаоғиз, ман-ман экан деб ўйламанг. Ўқитувчини жини суймаганидан қаттиқ гапиргани йўқ. Ёқмаган одам билан гаплашмай қўя қолади. Вассалом. Олимни одам бўлсин даб уришдилар. Иккови бир кун тил топишади. Сезаяпман.
Менга шу тошкентлик, шахрисабзлик деган қизлар жуда ёқдида. Тошкентликнинг билагидан зўр ҳид келаркан. Мени эркаламоқчи бўлганда билиб қолдим. Шахрисабзлик узунбуй ва оппоқ экан. Сочлари тақимига тушади. Энамнинг эртакларидаги маликаларга ўхшайди. Тўғрисини айтсам қайсисига қарасангиз ўшанисини яхши кўриб қоласиз. Студентлар чатоғ бўларкан. Кўзингиз кўзига тушса бир кўз қисиб бир қош қоқади. Шошгандан нафас тиқилиб қолади. Бекорига улар турадиган шийпон олди бузилган ари инидек гуж бўлмайдиёв. Бўз йигитларку майли, чилладаги куёвларга бало борми? Охири бахайр бўлсин.
Талабалар ҳар куни тушга яқин Каттаҳовуз бўйига йиғилишади. Муаллимлари дарс ўтган бўлади. Улар эшитишган. Шундай кунларни бирида тошкентлик имлайди. Ёнига олиб бошимни биқинига босади. Уялиб кетаман. Яхшиям ҳеч ким кўрмаган бўлади. Оқдан ҳам оқ билагидан келаётган атир ҳиди бетим ва бўйнимга ўтиб қолади. Биргалишиб дарс тинглаймиз. Домла куйиб пишиб дарс ўтади.
-Апе, апа дегани қадимий туркий халқларда хосилдорлик, хайри барака маъбудасига айтилган. Апе дейилганда муқаддас она, чақалоқ кўтарган аёл тушунилган, дейди. Бу ном бугунги кунда ҳам кўплаб қишлоқларимизда сақланиб қолган. Баъзи жойларда апа, баъзи ерларда апе, баъзи ҳудудларда опа дейилади.
– Сапияхон, айтингчи, Тошкентда туққан онасини нима дейишади?
–    Опа.
– Мана. Оддий мисол. Апе бугунги кунда опа, апа формасига кирган. Тилдаги сингармонизм қоидаларига кўра баъзи сўзларда товуш ўзгаришга учраган. Масалан, “ота” сўзи, Тошкентда “ада” дейилади. Маълумки “т” ва “д” битта товуш. Баъзи жойлардаги “ата” дейилиши билан “ада” дейилиши бир. Бу бизнинг тарихимиз минг минг йиллар билан бўйлашишини кўрсатади. Айниқса, жойларга ном бериш санъати қадимий туркий халқларда санъат даражасига кўтарилган. Айтайлик, чуқур жар оралаб оқадиган катта сувни Туя тортар деб аталишига эътибор беринг. Бу туяни ҳам тортиб кетадиган сув, жой дегани. Ёки, Авлиёота, Жартепа, Туркариқ, Тиконлик Мозор топонимларини олайлик. Биринчиси шахс номи билан боғлиқ бўлиб, эл удумларига кўра шахс номини жойга бермаслик нуқтаий назаридан, эъзозлик кишининг номи атайин яширинган. Ерни ўз оти ўзи билан дейилган қоидага риоя этилган. Иккинчи ҳолатда гидротопоним, учинчи ҳолатда этнотопоним, тўртинчи ҳолатда биотопоним деган бўлардим. Уларда шу хусусиятлар яққол кўринади ва номлар Тошкентнинг қаерида айтилишидан қатъий назар айнан ўша жой тасаввурда тикланади. Эътиборлиги ушбу топонимлар шу қишлоқ ва унинг атрофида ҳам бор. Бу манбаларни ўрганишни имкони борича бу ерда, қайтгандан кейин Тошкентда давом эттирамиз. Энди иккитадан ассимлация, иккитадан дессимлацияга учраган сўз топасизлар. Кейин худди Энамдек, “энди боринглар”, деб амр қилди… Мени кўрмаганган олиб юрибди…
…Кейинги сафар бошқа тилда бўлган гапларини ёзсам бир китоб бўлади. Ҳамма гап эсимда. Ҳатто Энамнинг қайси гапни баланд овозда қайсисини эшитилар-эшитилмас айтганича. Ҳар бир гапларини беш бетдан тушинтириш керак. Кейинги гапларга Энамнинг Энасой қўшиғини етти жонботин жўра бир бўлиб қаерга чиқиб, қайси юлдузга қараб, қачон айтса нима бўлишини қўшиб айтмасам бўлмайди.

РАСМЧИ

Расмчи автобусдан катта тўрвасини кўтариб тушиши билан Мардонга рўпара бўлади. Мардон уни қишлоқ ҳовузигача олдига солиб келади. Тентакнинг гапларига расмчи эътибор бермайди. Бир марта гапириб боши балога қолган. Қора қонига ботириб, ўласи қилиб урган. Ўшанда ўзи айб расмчидан ўтган. Мардон унга қўшилиб ёнма-ён келаётган бўлган. Расмларингни кўрай деган. У расмларидан берган. Ўзи бу расмчининг расмлари қизиқ. На қўлда чизилганга ўхшайди, на суратга олинганга. Суратга олинган расмларни устидан мойбўйоқ билан бўяб, кейин орқасига Самарқандни расмини бир бало қилиб ямаб, яна устидан кленка тортиб алмоий расм ишлайди. На рассом, на суратчи. Яна унга ўзи тик турадиган рамка қилганига ўласанми? Рамкани тутамлаб, шуниси текин дейди. Энг қизиғи чол-у -кампирларни қош-кўзларига қаро тортиб, лабига қизил суртиб қўяди. Кампирлар у дунё, бу дунё бу расмни бировга кўрсата олмайди. Чоллар қўлига олиши билан бир четга олиб бориб, фотиҳа ўқиб ёқиб юборишади. Неваралари кўрса нима дейди?
Ўшанда бир даста расмни қўлида ушлаган Мардон бунинг ўхшабди, бунинг ўхшамабди деган. Расмдагиларни барчасини танишини билиб қолган расмчи унга ўттиз чоғли расмларни эгаларига тарқатишни буюргандек бўлган. Мардоннинг нафаси ичига тушиб гапирмай қолганлигини розилик билиб, агар тарқатиб чиқсанг бир сўм бераман деган.. Эсини йўқотгандан буён энамдан бошқани айтганини қилмайдиган, эшагини ҳоҳлаган одамини бедапоясида ўтлатадиган Мардонга бу ботган. Эшакдан тушмай расмчини қулоқ чеккасига қулочкашлаган. Тўрваси бир тараф, расмчи бир тараф бўлган. Қолганини айтмасам ҳам биласиз.
Шундан кейин иккови келишишган. Ҳар сафар расмчи унга ҳинди қизларни расмини олиб келади. Пешонасида холи бор, зулпи гажак-гажак бўлиб кетган расмларни. Кўрган бўлсангиз тракторчилариям ойналарига ёпиштириб олган. Расмчи Мардондан пул олмайди. Бу тартибни Мардон белгилаган. Қишлоқда савдо қилаяптими, қишлоққаям нафи тегсин деган. Шу-шу чиройли қизларни расми унга текин. У расмларга Энамдан ип олиб, ип ўтказиб эшагининг бўйнига осиб қўяди. Кўргиси келганда эшагидан тушиб, юз-ма юз ўтириб, расм томоша қилади. Бир расмга қарайди, бир эшагини турқига. Мардонни соатлаб расм томоша қилгани, йиғлаганини кўрганлар бор. Бировга айтишмайди. Айтса, оти чиқиб кетса, Мардондан тириклай қутилмаслигини ҳамма билади. Кўриб кўрмасликка олишади. Мардон ҳақида гапириш ва эшитишни ҳаёлларигаям келтирмайди. Оч қорним тинч қулоғим дейишади.
Кейин орқама-кетин ҳовуз бўйига келишади. Мардон эшагини толга боғлаб, бежовини келтириб совунлаб чўмилтиради. Кейин туморини ҳам тақиб қўяди. Тумор ҳам кичкина эмас. Пешонани ёвлиқти, тўлиқ олиб, бу қулоқдан бу қулоққача боради. Раққосаларнинг пешонасига тақиладиган жангул-жунгулни ўзи. “Ҳиморга тумор тақдим, ипаклари тиллодан” деб ҳиргойи қилади. Ҳовуз бўйига ёйилган, сотувга қўйилган расмларни томоша қилган бўлади. Ҳинди қизлари, йигитлари. Сталиннинг шапкаси катта, шоп мўйлов расми. Ўзига ёққан расмларни сўрамай ажратиб, хуржинига солади. Расмчига гап қўшган бўлади.
– Санларгаям ҳайронман. Ёвда бўлса тезаги тегади деб, энди расмини сотиб нон ейсанми? Сал қолувди тухумингни қуритишга. Кун кўришинг шу бўлса, санларниям нонинг қаттиқ экан.
Тубут индамайди.
Расмчининг сумкаси, кийим-бошидан келаётган қўлансиқ расм дори ҳиди Мардонга ёқмайди. Асабини қўзғайди.
– Ювиниб юрсанг ўласанми, ҳой тубут. Бу расмларингни ҳидими ўзингникими? Ман, санга гапираяпман. Эшит. Яна такадай сасиб келсан ҳовузга пишиб, толга осиб қуритаман. Мана, сан келувдинг, ҳидингга қушлар ҳам чидамай, инидан кетиб қолди. Тезроқ бозорингни йиғ, бўлмаса барини сувга оқизаман. Чумчуқ болалар оч қолди. Яна қишлоққа ювуқсиз келсанг мандан хафа бўлма.
– Манави расмини катта қилиб кепсанда, дейди Шопнинг мўйловини оёғи билан кўрсатиб: Тошвой маллимга бер, чимилдиғини устига осиб ётсин. Ётоғига ёлғиз кирмасин. Протез оёғини ушлаб туради.
Бир оёғини урушда қолдириб келган Тошвой маллим эски Запорожини орқа ойнасига Шопни иккита расмини осиб олган. Мардон шу муаллимни кўрса кулади.
– У хумпар сани оёғингни эмас, ақлингниям еган экан дейди, кўрган жойида ёқасидан олиб. Тўй бўладими, марака бўладими фарқи йўқ. Одамлар шунинг учун уларни бировни маракасида дуч келмасликлари тараддисини кўрадилар.
Мардон ҳовуз бўйига келганидан кетганигача расмчини ниқтаб гапиради. Расмчи индамай эшитади. Зўр келиб қолса, эшитмаганга солади. Кетиб қолса расмини эгаларига беролмай қолишидан қўрқади. Пулини олувдинг расм қани деб бориб уйига ўт қўйиб келадиган Туркқишлоқда тўлиб ётибди. Биров айтса бўлди. Пул уники бўлмасаям ор талашиб, қўшилишиб кетаверади. Буни расмчи билади. Бирови юр деса-ю, бирови унга қўшилишиб ёнидан турмаса, расм ҳам расмчиям бир ёқда қолиб, гапнинг ўриши ўзгаради.
– Ман ҳали санга ишониб юрувмидим? Ишонган туям сан бўлсанг…
Туркқишлоқ одамлари шунақа.
Аслида расмчи расмларни пулини расмга туширган куни олиб бўлган, эндиги иши уларни эгаларига топшириш. Битта ярим одам “расмларни бер эгаларига топшираман” дейишини истаб ўтган-кетганга мустар бўлади. Мардон бор жойга эс энган катта одам яқинлашмайди. Ўчакишгандек Мардон ҳам кетмайди. Ювиб таралган эшагини усти қуриши учун офтобруйга чиқариб қўяди.
Яна келишишганки, расмларни эгаларига болакайлар топшириб келади. Бунинг учун расмчи уларга бирор расм ёки беш-ўн тийин ҳақ бериши керак. Мардон аслида шунинг учун бу ерда турибди. Ўртада туриб болаларнинг ҳақини олиб беради. Шунинг учун расмчи Мардонни олдига тушиб келиши билан ҳовуз бўйини болакайлар тўлдиради.
– Бўжахўрлар, қани сафланинг дейди.
Болалар бўйларига қараб тизилишади.
– Ишни ҳаммага тенг бўламиз. Узоқроққа катталар боради. Яқинга кичиклар. Бурни оққанлар расм тарқатмайди.
Бу гапни эшитган бурни оққанлар, енглари билан бурунларини артган бўладилар. Тўғрироғи шуваб қўядилар.
Болалар расмларни тарқатиб, ҳақларини олиб бўлишгач, бурни оққанларга Мардоннинг ўзи бирор нарса беради. Шундай кейин бозор қайтади.

ҲИЛВАТДАГИ СУҲБАТЛАР

Одатда Энам урчиқ йигириб ўтирган бўлади. Чап қўлларига билаузукдек ханжала ўтказилган, ундан ажралиб чиқаётган пардек юнг бармоқлар орасидан ўтиб, урчиқнинг гириллаб айланаётган бошига йўлиқар- йўлиқмас пишиқ ипга айланади. Кейин урчуқнинг қорни тўмпайганча пишган ипларни белига бойлайди. Супада бўлсалар атрофларини оқлигиям, сариқлигиям, гулобилигим билинмайдиган мусичалар ўраб олади. Нафақа пулларига атайин бозордан сотиб олинган буғдойларни ҳар замонда уларга сочиб қўядилар. Улар билан ҳудди дугоналари билан гаплашгандек гаплашадилар. Мусичалар кукулашиб Энамнинг этагларига, ўнгирларига ўзларини урадилар. Энам бир мусича келиб урилса ҳам чайқалиб кетадилар. Энамнинг қўлидан дон талашиб, бир-бирларини турткилашди. Энам уларни койиган бўладилар.
– Бўлди, бўлди энди. Биров келиб қолса уят бўлади. Биламан, биламан. Эшитиб қолса қўрқади. Кўп гапирманглар.
–    Эна, мусичалар билан гаплашаяпсизми? Мусичалар нечага кирган?
Энам, чўнтакларидан мен яхши кўрадиган, сариқлигидан ялтирайдиган ўрик қоқисини берадилар.
–    Мана, еб олинг, балажан. Юракни бақувват қилади.
–    Мусичалар дугоналарингизми?
Энамнинг аввал кўзлари кулади. Кейин юзлари. Мен қучоғларига ётиб бошим узра юзларидан саволимга жавоб кутаман. Энам нима дейишларини билмаётганликларини сезиб, ўзим ҳам ўнғайсизланаман.
Мардон билан Энамнинг суҳбатини ҳам кўп эшитганман. Энам уни Далли дейди.
Энамнинг ханжаласи тугаган. Ёнларидаги охирги ханжала ўртасига кириб ухлаб ётган пишак болани ўйғотгилари келмайди. Шу пайт ғовда Мардон кўринади. Дунёни бузгудек важоҳат билан келиб Энамнинг рўпарасига ўтиради.
–    Ҳа, Далли, юришинг дажам, бўри кўрдингми? Одамларни тентагини чиқариб юрибсанми?
–    Бизга буюрилгани шуда, Эна.
–    Бир ҳисобга саникиям тўғри, деганча гапни қисқа қиладилар.
Мардонни овозидан чўчиб кетган пишак бола ханжалага ўралиб ҳовлига қочади.
– Ваҳима шамолинг қурсин, пишагимниям қўрқитдинг, дейдилар.
Мардон сўрамай калавадан икки қулоч ўлчаб шарт узиб олади. Энам кўрмаган бўлади. Мардон бирда бир маслаҳат сўраб, бирда бир гапни айтгани келади. Кўпинча ҳол сўраб.
– Эна, қишлоқда гаплашишга арзийдиган одам кўп-у, бечораларни феъли қисилиб, гапирадиган гапиниям билмай қолган. Шундан бўлса керак пичоққа илинадигани кўчагаям чиқмайди.. Ўзи билан ўзи. Бу уларни йўли. Бундан кимга наф? Тентаклик менинг йўлим. Битта ярим ишларга тентаклик қилиб бўлсада қишлоққа нафим тегади.
– Эшитдим. Тоғни сувини қувурга солганлар шундай катта қишлоққа битта сув очамиз деганда, жанжаллашиб тўртта очтирибсан. Сув очган савоб.
– Эна, ўзингиз айтинг, шариллаб турган сойимиз сувини қувурга солар экану, бизга битта кран беришадими? Бир ками энди эшагим билан мани навбатим-сани навбатинг деб кран оғзини талашишимиз қолувди.
– Айнима. Сал яхши гапирса суйилиб кетасанлар. Йўргакда теккан касалинг барингни.
Икковининг олди-бердиси борга ўхшайди. Ё Энамга пулини қолдириб кетади, ё пул олади. Ҳозирча билмайман. Лекин, сезаяпман.

МАРДОН ДАЛЛИ

Далли Жаркўчани ўртасида эшагига тахта ўнгариб келарди. Магазинни оқ қоғозига ўроғлиқ. Мактабга кетаётгандим. Мени кўриб тўхташимни билдиради.Тўхтайман. Тахтани йўл четидаги тошга суяди.
-Самарқандни кўриб келдингми?
-Ҳа.
– Каттатоғни чизган расмингга кўзим тушди. Яхши. Менгаям битта солиб берасан. Уйимга қўяман. Ким сани урса, расмчи деб устингдан кулса, манга айт. Энасини учқурғондан кўрсатаман.
Кейин, хуржунининг бир кўзидан бир қучоқ расм дафтар ва иккинчи кўзидан бир халта қалам, ҳар хил бўёғ, чўткаларини олади. Тошга суяб қўйган бояги тахтани қоғозидан чиқарди. Оёқлари бор экан. Оёқларини кериб, тик тургандан кейин бетини очди. Тахта ўраган қоғоздан бир парча олиб, тахтанинг бетидан жойини топиб, қистирди.
– Бу санга расм чизгич тахта. Тик туриб чиз. Яхши чизилади. Булар ҳам сенга. Нима керак бўлса менга айтасан. Катта рассомлар тик туриб чизади. Рўзи Чорини биласанми?
– Ҳа, соқоли бор.
– Дўстим бўлади. Учраштираман. Одам.
– Ҳовузга чизган расмингни кўрдим. Музлар эриб кетсаям Самарқанд қолди. Сувнинг бетида қолди. Ранги осмонларга урди. Мен уни кўрдим.
Мен ҳаёлимда чизган расмимни у киши қандай кўриши мумкинлиги, ёки ростанам ҳовузга расм чизганмидим деган ўйда кўринмасаям Каттаҳовуз томон қарадим.
– Сан ўғрилик қилма. Бунақа ишлар бизники. Мани отим ёмонга чиққан, майли, бундан кейин ҳам ёмон бўлсин. Одамлардан ё ўғрилаб, ё тортиб олиш керак деган гап, кунигача турадиган гап. Куни келгач ўғирлаб олинганни ўғирлаб, тортиб олганини тортиб олишади. Қандай келган бўлса шундай кетади. Ўз билгиси билан биров бировга яхшилик қилмаган, қилмайди ҳам. Йўқ бўлса беролмайдиган, бор бўлса кўролмайдиган тўпларга қўшилма. Оғирни остидан, енгилни устидан юриб меҳнатдан қочганлигини галстугим бекитади, дейдиганлардан узоқ юр. Меҳнатни оғирини, нонни кичигини ушла. Меҳнатни оғири ўқиш. Тил ўрган. Меҳнатига чидасанг ивритни, немисни тилиниям ўрган. Тилни керак эмаси бўлмайди. Тил азалда битта бўлган. Тилда хилсат кўп. Сан, жўра ўқишинг, расм чизишинг керак. Қишлоқни танитишинг керак. Ўсмат Ота, Навқа Ота, Ўқотар, Боғмозорларни чизишинг керак. Каттатоғни бор бўйи билан чизишинг керак. Чизганларингни томоша қилган олдидан кетолмай қолиши керак, билдингми? Тутриғи, тайини йўқ тўпларга қўшилма.
Мардон тентакка ўхшамайди.

ЭНАҚОРИН ХОТИРАЛАР

Тоққа ёлғиз чиқишга ёш болаларга рухсат йўқ.
Бола тугул чиги улоқ тоққа ўрмаласа хабар топиб орқасидан бориб суриштирадиган Ширинқул тоғбеги супани кўргим келиб, ҳайҳотдек сайҳонда ота изи йўллардан ёлғиз юрганимга ҳеч нарса дейолмайди. Паналаб-паналаб ортимдан кузатиб турганиниям биламан. Мен аввал отамга ўхшаб, сайҳонни бир қур айланиб чиқаман, кейин, одамларни бош чаноғини эслатувчи суззоқ-суззоқ тошлар хафсала билан терилган йўлакнинг тошларини санайман. Бир, икки… етти юз етмиш етти.. япалоқ тошга ўтириб, отам силаган жойни силаб кўраман. Тош устида ўтган гўдаклигимни эслайман. Қўлимдан ушлаб той-той қилишгани ёдимга тушади. Мана, тошдаги энг катта чуқурча акамники. Мана бу учта бир-бирига яқин чуқурчалар меники. Ёнғоқларимни шу ерга яшириб қўярдим. Тошнинг нариги чеккаси қизларнинг ўйинхонаси. Тош тагида чилликнинг чўплари бўлиши керак. Бориб кўраман. Чиллик чўплар бекитиғлик бўлади. Кейин ўчоқ бошига, қора уй тикилган жойга бориб чордона қуриб ўтираман. Қора тортиб, атрофини жангалу, ёш арчалар босиб кетган ризқхоналар-ертўлаларни яқинига боришдан қўрқмасамда, узоқдан бўлсада сер ташлайман. Отамга ўхшаб Бўронқўниш чўққиси устидаги якка арчага қарайман. Чўққидаги якка арчанинг шамол бетида шохлар йўқ. Бошқа томонидаги шохларини шамол юлқиверганидан узун бўлиб ўсиб кетган. Худди ям-яшил байроқ шамолда ҳилпираб тургандек.
Каттатоғ деганим қаерда экан деб юрманг. Бу Туркистон тизмаси. Унинг учи қийри йўқ. Ойқортоғ унинг боласи, Бўриўйнар, Оқтош, Зоминтоғ, Ургут тоғлар невараси. У бошидан бу бошига қуш учиб етолмайди.
Эл қора арча дейдиган, мактабда Туркистон арчаси деб ўқитиладиган, Каттатоғнинг энг баланд жойларида қор-у шамол, иссиқ-совуқлар билан азалдан олишиб, устун келиб байроқ тикиб, байроққа ўхшаб ўсадиган бу арчаларга мен “Туркистон арчабайроғи” деб от қўйганман. Уни бўжахўрлар-қарқуноқлар экишади. Арчабайроқни ўрмончилар экишмайди. Одамлар ҳам. Уни шу қуш экади. Бу гап узун гап. Совурилмаган умрдек. Насиб этса, кўнглингиз кўтарган куни ҳаммасини айтиб бераман.
Бўжахўрнинг оти ўзи ўндан ортиқ. Худди Каттатоғнинг отидек.
Катта пошшолар, авлиёлар ва сирли жой, нарсаларни оти ўзи кўп бўлармиш. Асл-тоза номини ювуқли-ювуқсиз оғзига олавермаслиги учун эл элмойиш от қўярмиш. Энам шундай деган.
Назарим чўққидан пастроққа энади. Чўққига гувуллашиб чиқаётган аскарлардек саноқсиз арчабайроқларга қадалади.
Кейин, Каттатоғнинг Ой Қор ва Ой Макон тоғлари икки қўлдек бағрига олган, катта қоғозга чизилган чиройли расмдек бўлиб ётган этакдаги қишлоғимизга, ундан ҳам қуйидаги учи-қийриғи кўринмайдиган далага тикиламан. Ёр Яйғоқ-Жарғоқдан урҳо-ур, урҳо-ур деган овозлар келади. Бу жойларда бир эмас, икки эмас минг бор бўлганлигимни ҳис эта бошлайман. Шу жойларда болалигим ўтгандек, асов отларни минди қилгандек, Ўқотарда ёйдан ўқ отишни йиллаб машқ қилгандек бўламан. Жиззах ва Самарқанд ўртасидаги Ёр Яйлоқни тўлдирган отлар дупири далага сиғмай, келиб кўкрагимга бекинади. Бир вақтлар минг газлик мудофаа девори бўлган хона вайрон Кампирдевор бир этагини Харканадан, бир этагини Ҳазорадан кўтариб вазифасига киришганлигини билдиради. Ўчоқ бошидаги тошларнинг бирини остига қачонлардир бир шода жамалак кўмилганлигини эслагандек бўламан. Ўша тошни кўтараман. Остидан Энамни ипидек ипларга тизилган, оҳангжамоли, танга ва ғуббачаларга тўла сочпопук, жамалак чиқади.
Арчаларни суғоргани келган қадим туман ўз ишини бировга оҳ-вой демай, кўз-кўз қилмай, келганиниям кетганиниям бировга билдирмай Ойқортоққа ўнгирини йиғиштирганча жўнайди. Туманлар таниш кўринади. Айниқса, ҳиди. Ундан Самарқанд деворларининг, Энамнинг қалампир мунчоғининг бўйи келади.
Қоп-қора булут Ҳаётбоши чўққиси устига келиб ўтиради. Туманга беписанд қарайди. Ҳурмати жойига қўйилмаган қудалардек қош-қовоқ қилади. Биров билан урушиб хумордан чиқишга ҳадди йўқлигидан қийналади.
Жамалакни энамга кўрсатишим керак.
Тоғбегининг ишдан қолмаслигини истаб тез-тез қадам босиб, пастга туша бошлайман. Аксига олиб Тоғбегиям бекиниб турган дўлана ортидан йўлимга чиқади. Мен олдимга тушган соямни босиб секин, шошмай юришга ҳаракат қиламан. Аэропортни кўрмаган, самолётда учмаган бўлсамда сафарда бўлиб юртини соғиниб қайтган, юртига мукофот олиб қайтган одамдек ҳис этаман. Димоғимда бир ҳид бўлади. Бу ҳид аэропортларда бўлса керак. Насиб этса ҳидларман. Шунда соямдан қўлимни орқамга қилганча сўлқиллаб, отамга ўхшаб юраётганлигимни билиб қоламан. Отамнинг шундай юришини яхши кўраман.

ЭНА ШАМОЛ

Бир ишни менгариб қўйгандек Ширинқул ўрмон йўлиқади.
– Ҳа Отажон, дейди сизлаб.
Мен индамай бош эгаман.
–    Бир ўзингиз чиқманг. Жондор кўп.
–    Тоғда кийик кўрдим.
–    Ҳа, сўқоқларними. Яқинда келишди.
–    Мана нима топиб олдим, деганча жамалакни кўрсатаман.
–    Бу кайвони-Бийнисоларни кулатасига осиладиган жамалакку.
Мен тушунмасликдан елка қисаман.
-Буниси тоза кумуш. Буниси тилло танга, деганча қўлини чўққа бехосдан тутиб олгандек тортиб оларкан. Қўл теккизганликдан қўрққанлиги сариқ юзи кўкариб кетганидан билинади.
–    Энага беринг, Отажон. Энани ҳақи.
–    Ҳалиям.
Мени отига олади. Йўлда Ширинқул ўрмон ўз-ўзидан пиқ-пиқ йиғлайди. Бирор жойи оғриётган бўлса керак.
Қўшиқ айта бошлайди: Бир замонлар келар бўлди, жамолини кўрарманми?
Мен Тоғбегини орқасидан белини қучганча ўзимни ухлаганга соламан.
Тезроқ учинчи синфни битиришни иложи йўқда. Ўзи учинчини ҳамма китобларини ўқиб ёдлаб ҳам бўлганман. Тўртинчиникиниям. Бирдан бешинчига олишмайдида. Мактабни қачон битирар эканман. Эртароқ битирсам Энам айтган катта ўқишда ўқиш учун Ота Самарқандга борардим. Энамдан эшитганман. Ишни ўқдайи, ишни ўқи , ўқдай иш, ўқ иш – ўқиш. Менга қишлоқда ҳамма ҳавас қилишини биламан. Одамлар Энам билан бир марта гаплашсалар бир ой касал бўлмайдилар. Бунақа Эна ҳеч кимда йўқ. Мен ҳеч кимга ёмонлик қилмаслигим керак. Ёмонликни ўйламаслигим ҳам керак. Ўйлаганимни одамлар билмасалар ҳам фаришталар биладилар. Энам ҳам. Энам хафа бўладилар. Эсли болалар эналарини хафа қилмайдилар.
Аввалига аҳён-аҳёнда эсимга тушадган ўй, эндиликда буткул ҳаёлимни эгаллаб олган. Турсам ҳам , ўтирсам ҳам Самарқанд кўз ўнгимда. Қўллари осмонга осилган миноралар. Ичимда иссиқ бир нарса гув-гув қилади. Ўзи билан ўзи уришади. Ўзи ярашади. Гоҳида ёш бўлиб думалаб чиқиб кетади. Мен Самарқандни соғиндим шекилли. Ё Самарқанд мани. Иккита одам бир-бировини бирдек соғинса шундай бўлади. Энам шундай деганлар. Соғинч ва тушни бировга айтмайдилар…
Ҳамма нарсани қайтиши бор экан. Йўқотганни топиш бўлгандек. Бирор нарсани топганингда бирор нарсани йўқотишинг тайинлигини биров билиб биров билмасада, билган, англаган вақтингдан бошлаб бошинг музлаб қолиши, кўкламнинг кўзга ёқимли туюладиган, аслида жонни аззот суғуриб оладиган совуқ ёмғири устингдан ширғираган, яп-яланг катта қирда бадан-баданингни тешиб бораётган шамолдан бекинишга пана жой тополмай, қўлингда биринчи туғиш эмдирмай, аллақачон сурувга қўшилиб кетган шар қўйнинг оғизланмаган қўзиси билан карахт бир ҳолда, нима қилишини билмай қолган ношуд ёрдамчи чўпон ҳолига тушишинг азоб экан.
Мўлтони ёган таёқларнинг қарсиллаган овози Каттатоғдан қайтди шекилли, қулоқларим остига келиб урилди. Иккинчи марта лўлиқиз ҳолига тушдим.
Самарқанд шамоли, йўқ, Энамнинг шамоли дориётганини билдириб, ер-у кўкни тўзон қоплади. Тўзон қанча кучли бўлса, шамол шунча кўп вақт давом этиши, шамол кўп эсса тоғда сув кўп бўлишини, сув кўп бўлса, қишлоқ баракали, тўқчилик бўлишини энди ҳамма билади.
Самарқандни кўрганимдан, топганимдан сал ўтмай йўқотган нарсамни айтишга тилим бормайди. Энамнинг овози тикиб берган чопончаларининг ўнгирига осилиб қолган.
– Ўсмат Ота билан Самарқанд бир қадам. Йигит одамга шуям гапми? Бир ирғисангиз етасиз. Бурунғилар яёв, пиёда бориб келган. Сизга йўлдоштумор тикаяпман. Ийнамга ип ўтказиб беринг……сиз мани кўзимсиз… балажон. Дунёдан оларинг нафас, уям бўлса бир пас, деган қадимгилар. Қоладигани ҳалолланган нафас. Сиз менинг нафасимсиз…
Энамга энаси, энам менга ўргатган қўшиқни айтгим келади. Айтгим келганини шамол билади. Мандан олдин Энамдай қилиб айтади. Мен йиғловорай-йиғловорай дейман.
Эналари Энасойга оқиб кетса,
Болалари тошлар отиб қолса яхши.
Энасойнинг сиртлонлари адо бўлмас,
Бир-бирини турткилашмай юрса яхши.
Эналари Энасойга оқиб кетса,
Болалари тошлар отиб қолса яхши.
Энасойнинг адо бўлмас сиртлонлари,
Бир-бирини искалашиб юрса яхши.
Ичимда, овоз чиқармай унга қўшиламан. Эна шамол қўшиқни Каттатоғнинг у бошидан бу бошига эшиттириб бир зумда олиб бориб, олиб келади. Бармоқларим орасидан эркаланиб-эркаланиб ўтади. Сап-сариқ сочларимни аввал тузитиб ўйнайди, кейин чаккамдан тушиб турганларини қулоқларим устидан ошириб қўяди. Бетимга бетини қўяди. Пешонамни силайди. Нам ҳиди урган бурнини кўзимга теккизиб искалаган бўлади. Кўзига қарашга ҳали кучим етмаслигини билади. Икки қўлимдан силтаб қаддимни тик, димоғимни чоғ қилади.
Кўзимни юмиб, оғзимни очаман…    
Бир марта қаерда ёлғон гапирганимни топингчи?