Улар дарёдан ўтиб олганлариданоқ чек-чегараси йўқ саҳрога дуч келдилар. Ҳозиргина қўлбола солда ваҳимали дарё билан олиша-олиша қирғоққа қадам қўйганларида елкадан тоғ ағдарилгандек енгил тортган бўлишса-да, бироқ лоп этиб пайдо бўлган тушуниксиз, дарёдан-да ваҳшатли бу сарғиш-қорамтир, тиккайган бута ҳам кўзга ташланмайдиган, кимсасиз кенглик олдида шунчалик ожиз ва ғариб эдиларки, асов дарёнинг туғёнларини енга олганлари туфайли қалбларида пайдо бўлган музаффарона масрурлик шамолга сочилган кулдек бир зумда тарқаб кетди. Уларнинг олдини баҳайбатлигидан нариги қирғоғи зўрға кўзга илинадиган, бўғизланган жониворнинг сўнгги томчи қони янглиғ қуюқ ва бўтана суви қайнаб, яқинлашишга журъат топа олган ҳар қандай жонзотни бир зумда ўз комига тортмоққа тайёр бўлиб оқаётган туганмас сув тўсганида ҳам бу янглиғ саросимага тушиб қолмаган эдилар. Тўғри, ўшанда дарё уларнинг олисдан-олис, сирли ва машаққатли йўлларида гўёки сўнгги бир синов, шундан
эсон-омон ўта олсалар, бу ёғи манзилларига етишларига ишонишарди. Шу ишонч ҳар иккалаларига ҳам далда бўлиб улкан дарёдан соғ-омон олиб чиққан эди. Энди эса…
…Ўшанда, отлари бор пайтда қароқчилар қўлидан эсон-омон қутилиб, улар таъқиб қилмаётганига ишонган лаҳзаларида, нега ортга қайтишга кўна қолмадийкан. Унда ҳали кеч эмас эди. Бир-икки кун юрганларида яқин қишлоққа етиб борган, қишлоқдагилар буларнинг кимлигини билган заҳоти от-улов бериб уйларига эсон-омон қайтариб юборган, агар шундай қилганида ҳозирги машаққатларга дуч келмаган, ҳаёти эса ўзи ўрганиб қолган ўша эски маромида кетаверган, хўжайиннинг ўтинини ёриб, сувини ташиб, берса еб, бермаса чалақурсоқлигига ҳам шукр қилиб юраверган бўлармиди. Энди эса кеч… Демак, у танлаган йўлнинг машаққати то маҳшар қадар туганмас экан-да…
Шом қўнаётган эди. Қуёш қирмиз косасини аста-секинлик билан бўтана сувга ботира бошлади. Иккаласи бир томони хун янглиғ қип-қизариб жилваланаётган дарё, бир томони куйиб, қовжираб кетган қорамтир малларанг қумтепалар орасида серрайиб туриб қолишди.
– Мен оч қолдим, – деди Жилва бегим, қора қўнғироқ сочларидан лойқа томчиларни сиқиб чиқарар экан, бир пайтлар маликаларга хос бўлган, аммо, ҳозир бир уюм увадага айланган кўйлагини текислашга ҳаракат қилаётиб, амирона қўшиб қўйди: – Бирон егулик топиб келсанг-чи!
Нургелдининг ўзи ҳам оч эди. Аммо унинг миясида ғужғон ўйнаётган хаёллар ҳозир очликни ҳис қилишга имкон бермасди. Шу сабаб кимсасиз саҳрода мавқелари тенглашиб қолган, ҳаттоки, тақдири ўз қулининг тадбиркорлигига ва одамгарчилигига (тўғри-да, ҳозир Нургелди, бор-э десаю, ўзи боши оққан томонга кетса кимсасиз саҳрода уни ким ҳам қутқариб қоларди?) боғлиқ бўлиб қолганида ҳам ўз ҳукмфармолигини ўтказишга уринаётган бегимга ғазабли нигоҳ ташлади. Ўгирилиб дарё қирғоғи томон юриб кетди. Бир томони сувга ботиб турган катталиги сандиқдек келадиган тошга ўтирганча яна ботаётган қуёш нурларида қизғиш товланаётган дарёга термулганча сукутга чўмди.
– Менга қара, Нур, сенга айтяпман! – Жилва бегимниг фиғони фалакка чиқди. – Нега индамайсан қулоғинг карми?!
Нургелди секин ўгирилиб бегимга ўқдек нигоҳини қадади.
– Қулоғим кар эмас, бегим. Аммо ейишга ҳам ҳеч вақо йўқ. Буни тушунишингиз керак.
– Тушунишни истамайман! – Қайсарлик қиларди бегим. – Сен менинг буйруғимни бажаришинг керак! Бўлмаса… – У бирдан ўзининг қаердалигини эслаб, тутилиб қолди.
– Айтаверинг, бегим, бўлмаса нима қилмоқчисиз?
– Сени… Сени… – Бегимнинг ғазабдан тили калимага келмай қоларди, – Сени калтаклатаман! Кейин зиндонга ташлатаман!
Кутилмаганда Нургелди хохолаб юборди. Увада яктагининг остидан бўртиб турган кенг кўкраклари силкиниб-силкиниб куларди.
– Кимга калтаклатасиз? Зиндонни қаердан топасиз? – заҳарханда қилди йигит.
Бегим минг ғазаблансин, аммо ўзини тийиб туришга мажбур эканлигини, бу ишни амалга ошириш учун ҳали Аркка етиб бориши лозимлигини, агар шу қулвачча уни манзилга олиб бормаса, бир ўзи икки дунёда ҳам ета олмаслигини ўйлаб, ғазабини босишга мажбурлигидан беихтиёр тишларини ғижирлатса-да индамади. Жим тураверди.
Улар иккинчи тунни ҳам оч ўтказдилар.
Эрталаб. Қуёш ҳали юз кўрсатмаган эса-да, атроф ёришиб улгурган, улкан дарё ҳам энди тундагидек сирли ва мудҳиш пишилламас, сокин, баъзан кўпириб оқарди. Олисда қуёшнинг заррин тожлари орасидан кўм-кўк оролча элас-элас кўзга ташланар, тинимсиз ўзига чорларди. Жилва бегим негадир шу оролчага боришни ва бутун умр шу ерда қолиб кетишни истади. Кейин хаёлини кутилмаганда қароқчидек босиб олган бу истакни қувиш учун кўзларини юмиб олди. Бироздан сўнг кўзини очиб кўкариб келаётган осмонга термулди.
Ўрнидан турмоқчи бўлганида устига ёпиб қўйилган Нургелдининг увада чопонига кўзи тушиб ажабланди…
… – Жилва, – деди бир куни ўсмирликдан йигитлик палласига ўтиб, ияклари ва лаблари устини майин мўй қоплашга улгурган амакиваччаси Менгли унга ғалати назар ташларкан, – сенда бир гапим бор эди.
Ўн тўртга кириб анчагина дуркун қизалоқ бўлиб етишган Жилва бегимнинг ҳам юраги орзиқиб кетди.
– Не гапинг бор, оға?
Менглининг кўзлари чақнади, аммо тили калимага келмади.
– Гапингни унутиб қўйдингми, оға? Нега гапим бор дейсан-у, лекин гапирмайсан?
– Мен… мен сени олиб қочиб кетмоқчиман!
– Қай томонга, оға? Нега?
Менглининг пешонасини совуқ тер қоплади.
– Амаким сени менга бермайди. Шунинг учун ҳам олиб қочаман!
Жилва бегим бечора йигитчанинг қалтираб туришидан авжи келди. Кулгиси қистади. Болаликдан бирга ўйнаб катта бўлишганиданми, Менглини содда, бироз довдирроқ, журъатсизгина бола деб биларди. Наҳотки, у шунчалар ўзгарган бўлса-я…
– Мен рози бўлмасам-чи? Унда қандай олиб қочасан?
– Не учун рози бўлмайсан? Ахир амаким сени амирга чўри қилиб бермоқчи бўлиб юрибди-ку!
Қиз қиқирлаб кулиб юборди. Бундан Менгли баттарроқ саросимага тушди.
– Билсанг, оға, мени амирга чўри эмас малика қилиб бермоқчи отам. Мен малика бўлишни хоҳлайман. Сенинг ис босган қора уйингда чилик йигириб, кигиз бостириб юргандан кўра, Амирнинг саройида зарга кўмилиб юрганим яхши эмасми?
– Жилва…
Қиз унинг мўлтираб турган кўзларига қараб туриб кулгиси қистаганини билдирмаслик учун ўгирилганча чопиб кетди.
Менгли йиғлаб юборганди ўшанда…
… Нургелдининг қораси кўринди. У кўтарилаётган қуёшни тўсганча йирик лаққа балиқни елкалаб келарди. Жилва бегимнинг ёнига келганида юкини ерга қўйди. Балиқнинг қорни ёрилиб ичак-чавоғи олиб ташланган бўлса-да, шундайлигича ҳам бир пуд тош босарди. Нургелди индамай балиқни тилкалай бошлади.
– Қаердан ушладинг буни, Нур? – Жилва бегим кечаги дилхираликни унутиб унга биринчи бўлиб сўз қотди.
– Нарироқдаги кўлмакдан, – Нургелди ишдан бошини кўтармай жавоб қайтарди.
– У ерда балиқ борлигини қандай билдинг? – қизиқишини қўймасди бегим.
– Тонгга яқин сув шалоплади. Шунинг товушига қараб боравердим. Дарё тошганида сув қирғоққа чиқиб бир чуқурликни тўлдирган экан. Сув қайтганидан кейин у ер кўлмак бўлиб қолибди. Энди эса кўлмакда сув қурий бошлаганидан лаққа дарёга ўтиб олиш учун сакраётган экан. Зўрға ушлаб олдим.
– Буни хомлигича еймизми?
– Пишириб еймиз, бегим.
– Қандай пиширамиз?
Нургелди индамади. Балиқ бўлакларини тош устига тартиб билан териб чиқа бошлади.
– Айтсанг-чи ахир, қандай пиширамиз? – сабрсизланарди Жилва бегим.
– Агар пиширилган балиқни емоқчи бўлсангиз, бориб шох-шаббаларни териб келинг, унгача мен олов ёқишга ҳаракат қиламан.
– Мен-а?!
– Сиздан бошқа бекор ўтирган бирор киши йўқ-ку, бу ерда!
– Сен… сен менга иш буюряпсанми, ҳали?! – Бегимнинг жаҳлдан чиройли тўгарак юзи қийшайиб кетди.
– Буюраётганим йўқ, бегим. Пиширилган балиқни емоқчи бўлсангиз, ўтин териб келишингизга тўғри келади.
– Сен-чи, сен ўзинг ҳам ейсан-ку!
– Менга хоми ҳам бўлаверади. Ахир мен қулман-ку! – Нургелди шундай деганча бир бўлак хом балиқни оғзига ташлади. – Пишганидан кўра хоми мазали бунинг.
– Ёввойи! – тишларининг орасидан шивирлади Жилва бегим нафрат билан ва дарё чиқариб ташлаган шох-шаббаларни териш учун истар-истамас ўрнидан турди.
Нургелди Бешим оқсоқол хонадонига қачон келганини эслай олмайди, аммо шу йиллар давомида биринчи марта хўжайини устидан зафар қучганидан қалбида аллақандай ифтихор туйди. Тўғри-да, дағдағали оқсоқолнинг шаддод қизига иш буюра олди. Бунинг устига буйруғини бажаришга мажбур қилишга ҳам ўзида куч топди!
…Карвон эрталабдан йўлга тушган бўлса-да, қош қорая бошлаганда ҳам Сандиқли қумидаги Тошқудуққа етиб кела олмасди. Аввал режалаштирилганидек, маҳобатли карвон шу қудуқ ёнида оёқ илиши ва тунни шу ерда ўтказиб, эрталаб йўлга чиқиши керак эди. Лекин мўлжални нотўғри олишганиданми, ё секин юришганиданми, қудуққа ўз вақтида етиб кела олишмади. Қуёш ҳам қизариб-бўзариб бота бошлади. Ҳамон қудуқдан дарак йўқ. Охир-оқибат Абдурайим офтобачининг сабри тўлди шекилли, карвоннинг олдида қора тўриқ отини йўрттириб бораётган Сарбонга қошини чимириб яқинлашди. Офтобачи синалмаган бир кимсани карвонга йўлбошловчиликка тайинлаганидан ўкина бошлаган эди. Аслида келган йўлларидан қайтмоқчи эдилар. Бироқ йўлга тушганларидан сўнг бу кимса келиб, яқин йўлни билишини, ўша йўлдан юрсалар Бухорога қарийб икки ҳафта олдин етиб боришларини айтиб кўнглига ғулғула солиб қўйди. Аслида ҳар битта қадамини ўйлаб босадиган, шунинг учун ҳам бирин- кетин тахтга ўтирган уч
та амир даврида ҳам юксак мавқеини бой бермай келаётган офтобачи унинг гапига лаққа тушиб ўтирибди. Энди эса йўлнинг анчагина қисмини босиб ўтгандан кейин, қарорини бекор қилиб, яна ортга қайтишга юраги бетламади. Бу кимсанинг ҳатто отини ҳам билмайди. «Сарбон» эса албатта лақаби бўлса керак…
– Бу қанақаси бўлди, Сарбон, қудуққа пешин намозига қадар етишимиз керак эди-ку?
Сарбоннинг бир-бирига номутаносиб юзлари буришди. Чап кўзи ўнгига қараганда қисиқроқ бўлганидан ғилайсифат кўринадиган, энгагидаги нечта тукдан иборатлигини хатто санаса бўладиган даражада сийрак чўққи соқолининг гапирганда силкиниб туришидан пихини ёрган туллак одам, деган таассурот уйғотар, аммо, йирик ўнг кўзидаги жиддий нигоҳ унинг кўпни кўрган мулоҳазали ва бошлаган ишини охирига етказмай қўймайдиган қатъиятли эканлигидан дарак бериб турарди.
– Биз сал секинроқ юрганимиздан вақтида етиб кела олмадик, айбдорман, офтобачи жаноблари.
Хатосини тан олиб турган карвонбошини яна койиш, офтобачининг феълига тўғри келмаса-да, норозилигини ичига ҳам ютиб кета олмасди.
– Ўзимиз билган йўлдан юрсак яхшироқ бўларди. Бир-икки ҳафта кейин бўлса-да бехавотир етиб олган бўлардик. Бу йўлни сиздан бошқа ҳеч ким билмайди. Шунинг учун ҳам, сиз барчасига жавоб берасиз! Тушундингизми, Сарбон?
– Бош устига, офтобачи жаноблари.
Сарбон осмонга бир қараб қўйиб, яна отини йўрттириб кетди.
Бу пайтда Нургелди амирнинг шоҳона соябон аравасида ўзининг жорияси ва канизлари билан кетаётган Жилва бегимнинг ортида пиёда келарди. Бешим оқсоқол амирнинг ишончли амалдорларидан бўлган ва Жилва бегимга тождор куёвдан совчиликка келган Абдурайим офтобачи бошчилигидаги карвонни асъасаю дабдаба билан кутиб олди ва бир ҳафта тўй қилиб, едириб-ичирди. Кейин Бухорога қайтишларида келиннинг сепи дея ўн аравани сандиғу сандиқчалар билан тўлдириб жияни Менгли бошчилигида қирқ йигит ва яна шунча қулни араваларни кузатиб манзилига эсон-омон етказиш учун карвонга қўшиб жўнатди. Нургелди шу қуллар сафида, Жилва бегимнинг хос ғуломи сифатида эди. У йўлга чиқаётганида хўжайин Бешим оқсоқол унга қайтиб келиш тўғрисида ҳеч қанақа топшириқ бермаган, бундан келиб чиқардики, агар бегим унга «қол» деса, амирнинг ҳарамида қолишга мажбур бўларди. Омади келмай бегим унга қолишни буюрадиган бўлса, ҳарамда хизмат қиладиган қуллар цингари ўзининг бичилишини билар ва шундан қ
аттиқ қўрқарди. У куну тун Худога ёлвориб бегимнинг кўнглига инсоф тилар ва уни олиб қолиш жаҳдидан қайтаришни ялиниб-ёлвориб сўрарди.
Кун қоронғилашиб, осмонда илк юлдузлар милтирай бошлади ҳамки, ҳамон ваъда қилинган қудуқдан дарак йўқ эди. Шу пайт кичикроқ барханни айланиб ўтаётганларида олисдан гулханнинг милтиллаган шуъласи кўринди. Сарбон буни кўрганидан кейин отини йўрттириб Офтобачининг олдига келди ва гулханга ишора қилди.
– Офтобачи жаноблари, гулхан шуъласини илғадингизми, бу ўша қудуқ бўлиши керак. У ерда биздан бошқа ҳам йўловчилар бўлсалар керакки, гулхан ёқмоқдалар.
– Балки, бошқа кимсалардир? Мен йўлларда қароқчилар кўплиги ҳақида эшитган эдим. – Абдурайим офтобачи негадир сарбоннинг номутаносиб юзларига ишончсизлик билан қаради.
– Офтобачи жаноблари, бул кимсасиз саҳрода қароқчилар не қилсин. Мен олдин ҳам бу йўлдан бир неча марта ўтганман, ҳали бирон ерда қароқчига дуч келмаганман. – Негадир карвонбоши офтобачини ишонтиришга уринарди.
– Не бўлганида ҳам, эҳтиёт бўлганимиз маъқул. – Офтобачи ортига ўгирилиб амир сарбозларини сардори Ҳакимбекка юзланди. Чамаси у ҳамон Сарбонга ишонмасди. – Сардор, сиз сарбозларингиз билан олдинга ўтинг. Ортдаги аравалар билан заифаларни Менглининг йигитлари қўриқласинлар.
– Хўп бўлади, офтобачи жаноблари, – Ҳакимбек ҳарбийларга хос бошини сал эгиб таъзим қилди-да сарбозлари томонга отини йўрттирди. Сарбозлар бир зумда жанговар ҳолатга келиб, карвоннинг олдига ўтиб ёйсимон саф тортдилар. Менглининг чавандозлари ҳам аравалар сафини ўраб олдилар. Машъала ёқиш тараддудига тушган карвонбошини Абдурайим офтобачи тўхтатди.
– Ўзимизни элбурутдан билдириб қўйиш ярамайди, Сарбон.
Карвонбоши офтобачининг эҳтиёткорлигидан ижирғанганча, машъалани ўчириб, отини йўрттириб олдинга ўтмоқчи эди яна офтобачи қаршилик қилди.
– Сарбон, олдинда сарбозлар боришади. Сиз биз билан юраверинг.
Карвон эҳтиётлик ила яна олдинга силжий бошлади.
Нургелди карвонда аллақандай безовталик бошланганини кўриб, олдин нима гаплигини тушунмади. Кейин Менглининг йигитлари гап-сўзларига қараб қароқчилар ҳужум қилиши мумкинлигини сезиб ўзи ҳам ҳовлиқиб қолди. Бу чеки-чегараси йўқ саҳрода агар қароқчилар ҳужум қиладиган бўлса, жонини қандай сақлаб қолади? Қул бўлса ҳам барибир жон ширин. У безовталаниб ён атрофига назар солди. Навкарлар жиддийлик ва сергаклик билан боришарди. Унинг ўзи қатори қуллар эса бошларини қуйи солганча аравалар ортидан судралишар, аммо баъзан кўзлари олазарак йилтиллаб қўярди. Демак, улар ҳам ўз терисининг ташвишига тушиб қолишган. У хавфу хатар олдида ўзининг ёлғиз эмаслигини кўриб бироз юрагини босиб олди. «Кўпга келган тўй, булар нима бўлса мен ҳам шу-да».
Карвон гулханга яқинлашганида шунча ташвишлангани бекор бўлиб чиқди. Тошқудуқ ёнида йигирма чоғли киши гулхан атрофида суҳбатлашиб ўтиришарди. Чамаси бунақа йўловчиларни кўравериб кўзлари пишиб кетганидан бўлса керак, карвонни кўриб ҳам улар пинакларини бузишмади. Ниҳоят қуролланган сарбозларни илғаганларидан кейин улар ўринларидан туришди.
Улар ҳам Бухорога боришаётган экан. Офтобачи уларни роса сўроқ қилиб, шубҳалироқ нарса топа олмаганидан кейин, шу ерда тунаб қолишга буйруқ берди. Бироздан кейин тошқудуқ атрофида ўнлаб гулханлар ёқилди. Қуритилган гўшт солинган қозонлар гулханга қўйилиб, иштаҳани қитиқлайдиган шўрва ҳиди тунги саҳронинг илиқ ҳавосида суза бошлади.
Кун буйи жазирама саҳрода йўл босиб чарчаган йўловчилар, тошқудуқнинг муздек сувидан қониб ичиб мазали шўрвадан қоринларини тўйдириб олгач мизғий бошладилар. Шунда бирдан қиёмат қўпди…
…Нургелди қўйнидаги чақмоқтошни олиб, чопонининг астари остидан чиқиб турган пахтадан узиб олдида тошни бир-бирига уриб учқун чиқарди. Тутаб турган пахтани куҳ-куҳлаб ўт олдирди ва устига бир сиқим хас ташлади. Хашак хурр этиб ёниб кетди. Нургелди унинг устига кичик-кичик шохчаларни ташлаб гулханни катталаштира бошлади. Жилва бегим олиб келган бир қучоқ ўтинини ерга қўйиб, Нурбелдининг ишини кузата бошлади. Йигит йўғонроқ шохларни оловга тартиб билан териб чиққач, устига чойнакдан сал каттароқ япасқи тошни қўйиб унга балиқ бўлакларини тера бошлади. Орадан чорак соат ўтмай улар пишган балиқларни иштаҳа билан туширишарди.
– Нур, энди буёғига нима қиламиз?, – Жилва бегим балиқнинг қилтаноғини гўштидан ажратаркан, Нургелдига умид билан термулди. – Бу саҳродан қандай ўтиб оларканмиз, а?
– Бу ёғини пешонангиздан кўрасиз, бегим. Пешонангизда бор бўлса, бир амаллаб Бухорога етиб олармиз.
– Нега бунақа деяпсан, Нур? Сенинг пешонанг-чи, нима, бу йўлнинг сенга алоқаси йўқми?
– Мен қулман, бегим. Шу ерда саҳрода қовжираб ўлиб кетаманми, ё хўжайиннинг қамчисининг остида ўламанми, бунинг фарқи йўқ.
Жилва бегим унинг жўрттага қўрслик қилаётганини, лекин ўзи ҳам саҳрони қандай кесиб ўтиш тўғрисида ўйлаётганини тушуниб турарди.
– Менга қара, тўғрисини айт, сен нега мен билан бирга юрибсан? Ҳозир мени ташлаб ўзинг ҳоҳлаган жойингга кетаверишинг мумкин-ку, тўғрими? Нега сен кетмаяпсан? Агар шундай қилсанг, хўжайиндан қутулардинг. Ўзинг орзу қилган озодликка ҳам эришардинг?
Нургелди индамай кўзларини ерга тикди. У шуни ўйламаганмиди. Шу тўғрида ўйламаган бирон дақиқаси борми ўзи унинг. Бугун тонгда ҳам у кўлмакни балиқ шалоплаши товушидан топгани йўқ-ку, ахир. У ухлаб ётган бегимнинг устига чопонини ташлаб, ўзи эса боши оққан томонга кетмоқчи эмасмиди.
Шунда кўлмакда шалоплаётган балиқни кўриб қолиб, фикридан қайтди. Бегимнинг икки кундан бери туз тотмаётгани эсига келиб, кимсасиз саҳрода заифани оч ва ёлғиз ташлаб кетишга аҳд қилганидан уялиб кетди ва балиқни кўтариб ортига қайтди. Ўзи бутун умр орзу қилган озодлигига эришишига бир неча қадам қолганида, ортга чекингани учун асаби бузилиб турган эди. Шунинг учун ҳам бегимни ўтин теришга мажбур қилмадими…
…Ўшанда унинг бутун вужудини ғазаб, нафрат, алам ва хўрликнинг аралашмасидан бино бўлган ғалати бир исён буткул қоплаб олган эди. Ўн тўртга кириб лабининг устини илк баҳорда бош кўтарган майсадек майин мўй қоплай бошлаган, бўйи чўзилиб, билагига қувват иниб қолган паллалар эди. Шомда оқсоқолнинг сурувини қўрага қамагач, ўзининг тегиши бўлган обиёвғондан қуруқ қолмаслик учун қуллар учун таом пишириладиган ўчоқхонага йўртаётганида оқсоқолга дуч келиб қолди. Бешим оқсоқол негадир тунд эди. Бир у эмас, ички ҳовлидаги барча хотин-халажу бола-бақранинг барисининг қиёфасидан заҳар томарди. Оқсоқол унга бургут қараш қилди. Боланинг тиззаси қалтираб, ҳатто салом беришга ҳам ҳоли қолмай дудуқланиб қолди.
– Ҳой, етимак, нечун салом бермайсан?! – ўшқирди у. Шу пайт қаердандир қўлида қамчи пайдо бўлди. – Эрганжа ит эмганнинг ҳаромиси, сенинг ҳам бошингни сапчадек узиб ташлаш керак!
Таканинг терисидан тилиб тўқилган қамчининг қаттиқ арқоғи, кўзлари алланечук ғайритабиий ғазабдан хонасидан соққадек отилиб чиқадиган даражада бақрайган, чўгирмаси қийшайиб кетган боши устидан бир айланиб боланинг бўйни аралаш чаккасига зарб билан урилиб узун қонталаш из ҳосил қилди. Нургелди юзини кафтлари билан тўсиб, мункиркан, оқсоқолнинг ғазабдан титраётган така соқолига кўзи тушди. Шунда негадир унинг шу соқолидан чангаллаб туриб бўғзига пичоқ тортишни, тизиллаб оқаётган қонга қўлини ювгиси келиб кетди. Бу истак шунчалар кучли эдики, устма-уст тушаётган қамчи зарблари ҳам кор қилмас, ожиз бўздан тикилиб, уззукун офтоб тиғида юрганидан ҳилвираб қолган гупписи тилка-тилка бўлиб учаётгани, қонга беланаётганини ҳис қилмас, негадир оғриқни унутган, фақатгина хомсемиз оқсоқолнинг ҳар зарбдан кейин ҳарсиллашинигина эшитарди. Оғзида қон таъми ўтириб қолган, кўзлари олдида эса кесилган бошдан оқаётган қон қотиб қолганди.
Кейин қутурган оқсоқолнинг қўлидан Аёз чол билан Нусрат чопиб келиб ажратиб олишганини элас-элас кўрди. Ўша кеча Оқсоқолнинг тўқсондан ошган онаси жон берганини билди. Шунгача у қисмати шу эканига ишониб келган, даштда қўй боқиб, оқшом чоғи ўзига етган заранг косадаги оби ёвгонни иштаҳа билан тушириб юраверган эди. Ўша қамчиланган оқшом унинг юрагига исён келиб ўрнашди. Болалиги тугаб, машаққатли ва заҳардан-да аччиқ ҳаёти бошланган кун бўлиб хотирасига ўрнашди…
– Сиз менинг озодликни орзу қилишимни қаердан биласиз? Балки шу ҳаётимдан бошқа нарсани орзу ҳам қилмасман?
– Йўқ. Мен аниқ биламан, сен озодлик истайсан. Баъзан кўзларинг ёввойи мушукникидек ялтираб кетади. Шунақа пайтда мен сендан қўрқаман!
– Сиз-а? Наҳотки сиздек олийнасаб бегим, таги паст қулдан қўрқсангиз! Буни бошқа бировга айтсангиз устингиздан кулишади.
Жилва бегим нигоҳларини дарё томонга буриб сукутга толди. Ўша тунда қўлларини қайириб, тагига босиб олаётган қароқчига ташланиб кўксига пичоқ санчган Нургелдининг кўзларидан ёввойи ва совуқ аланга сачраган паллани ҳамон кўз ўнгидан узоқлаштира олмасди…
…Қаердандир пайдо бўлган қора кийимли кишилар мудроқ сарбозларни аёвсиз қиличдан ўтказа бошладилар. Улар шафқатсиз ва совуққонлик билан ўзларининг қонли ишларини аниқ бажарардилар. Бир зумда саҳрони хотинларнинг уввоси билан ярадорларнинг ингроқлари тутиб кетди.
Нургелди бу даҳшатли гўшт қиймалагичдан қандай омон чиққанини ҳалигача ҳам тушуна олмайди. У Жилва бегим ўз жорияси билан ётган соябонли араванинг каттакон ғилдирагига суянганча мудраб ўтирарди. Қиличларнинг совуқ жарангги ва танасини қилич тилган ярадорларнинг фарёдидан ўзига келди. «Қароқчилар ҳужум қилганга ўхшайди!» У эмаклаб араванинг тагига кириб олди ва даҳшат билан ён-атрофида бўлаётган хунрезликка қараб ўтирди. Қароқчилар Ҳакимбек сардорнинг сарбозларини тинчитиб бўлишди шекилли, энди араваларни қўриқлаб турган Менглининг йигитларига ташланишди. Нургелдининг шундоқ ёнгинасида бир йигит чопиб ташланди. У ола-ғовурда қиличини олишга улгурмаганидан ханжар билан рақибига ташланган шекилли, жонсиз қўллари билан ҳамон дудама ханжарини маҳкам сиқимлаб турарди. У диққатини жамлаб олгач Менглининг қонга ботган жасадини таниб қолди. Ханжар ҳам таниш, Менглининг талаби билан Аёз чол ясаб берганди. Нургелди унинг қўлидан секингина ханжарни ажратиб олиб қўйни
га солди. Чамаси қароқчилар Менглининг йигитларини ер тишлатишган бўлса керак, энди араваларни талашга ўтишди. Шунда тепасида жориянинг чинқирган товуши эшитилди.
– Маликага зинҳор қўлингизни теккизманг!
– Ў-ҳў, малика?! Ўлжамиз чакки эмасга ўхшайди! Ушла уни!
Шунда Жилва бегим иложсиз ёрдам сўраб нола қилди.
– Эй, бадбахт малика, бу саҳрода сенга ёрдам бериши мумкин бўлган тирик жон қолмади! Нимаям қила олардинг, кўнасан-да!
Аллақандай ёввойи хохолаш эшитилди. Нургелдининг юрагидаги қўрқув бирданига қаёққадир чекинди. Арава остидан чиқиб ўрнидан силкиниб турди. Ва шунда, соябони пора-пора қилиб ташланган араванинг бурчагида жория қўлларини юзига босганча ҳўнг-ҳўнг йиғлаётгани, бир барзангги кимсанинг бегимни тагига босиб олганча, ҳадеб унинг этагини кўтаришга ҳаракат қилаётгани, сочлари тўзғиб кетган бегим эса унинг остида типирчилаётганига кўзи тушди. Йигит ғазабдан бўғриққанча бир сакраб арава устига чиқиб олди ва қароқчининг кураклари орасига ханжарни урди.
– Иҳ, – инграб юборди барзанги ва бегимнинг устидан ағанаб тушди. Шунда Нургелди бегимнинг шохона куйлаги дабдала бўлганини, оппок кўкраклари очилиб колганини кўриб юзини бурди.
– Туринг бегим, қочамиз!
У қизнинг қўлларидан судрагудек бўлиб саҳро ичкарисига чопиб кета бошлади.
– Тўхта!
Орқаларидан кимдир бақирди. Кейин отнинг дупури эшитилди. Ортда чопиб келаётган жорияни олдинга ўтказиш учун бегимнинг қўлини қўйиб юбориб, ўгирилганида от чоптириб келаётган кимса қиличини бир ўйнатиб олди. Шилт этган товуш элас-элас қулоққа чалинди ва жория мункиб кетди ва ерга шалоплаб қулади. У қилични иккинчи марта уришга улгура олмади. Нургелди чаққонлик билан отнинг юганидан ушлаган заҳотиёқ бир сакраб чавандознинг биқинига ханжарини санчди. Қулаётган отлиқнинг оёғини узангидан чиқариб юбориб дарҳол ўзини эгар устига олди-да, жиловни силтади. Кўзларини катта-катта очганча нималар булаётганини англаб-англамай қотиб турган бегимни мингаштириб, саҳро қўйнига от қўйди…
…Менгли нега уни кузатиб боришга отасидан рухсат олдийкин. Бунга ҳечам ақли етмайди. Балки йўлда шунга ўхшаган тасодиф рўй беришини ва иккалаларининг ёлғиз қолишларини жуда-жуда истагандир. Балки, бирон иложини қилиб уни карвондан олиб қочиб кетишни ўйлагандир. Қандай режа ўйлаган бўлса ҳам бу йўл унинг бошини еди. Қизиқ, Менгли наҳотки ўзини қурбон қилар даражада уни севиб қолган бўлса… Ахир, у билган Менгли оғаси бунақа бола эмасди-ку. Ё буни сезмаган, ё бўлмаса у шунчалар ўзгариб кетган экан-да. Ўша даҳшатли тундан бери қанча вақт ўтдийкан. Ҳисоблаб кўрса бир ойдан сал ўтибди. Аммо, худди юз йил бўлгандек. Ўзини ўн олтига кирганигаям, йигирма олтига кирганини ҳам билмайди. Ўтган шу бир ой наҳотки уни шунчалар ўзгартириб юборган бўлса… Атиги бир ойча олдин қулнинг буйруғига итоат қилиб ўтин-териб келишни ҳатто тасаввурига ҳам сиғдира олмасди. Энди эса …
Менгли ўшанда аравага ташланаётган барзанги қаршисига дудама ханжари билан чиққанди, кўксига қилич санчилиб қуларкан, юпқа лаблари титраб юзлари қийшайиб, оғзидан қон фаввора бўлиб отилаётган ҳолати ҳамон кўз ўнгидан кетмайди. Қанчалик истамасин уни хотирасидан ўчириб ташлай олмайди. Негадир Менглининг арвоҳи мудом уни таъқиб қилаётгандек. Баъзан бир неча кун уни унутгандек бўлади, бироқ, шундай кунларда Менгли лоп этиб унинг тушида пайдо бўлади…
…– Тўғри айтасиз, мен озодликни истайман. Ҳамма қатори эркин одам бўлишимни, менинг рўзғорим, бола-чақам бўлишини, мен ҳам одамлар ичида яшашни истайман. Бироқ, агар қочиб кетадиган бўлсам, бутун умримни таъқибда ўтказишим керак бўлади. Мудом қўлга тушиб қолишдан қўрқиб, жон ҳовучлаб юргим келмайди. Ҳаётим ёлғиз, шу кимсасиз саҳрода ўтишини истамайман.
– Унда сени кимдир отамдан сотиб олиб, кейин озодлик васиқасини бериши керак. Лекин унақа олийҳиммат одамни қаердан топасан бу замонда?
– Ўша одам сиз бўласиз, бегим.
– Нима? – бегимнинг кўзлари ҳайратдан катта-катта очилиб кетди. – Наҳотки сен менинг шунақа қилишимга ишонсанг?
Нургелди мийиғида жилмайиб қўйди. Кейин юзлари жиддий тортди.
– Биласизми, бегим, текинга мушук ҳам офтобга чиқмайди деган нақл бор. Мен сизни қароқчиларнинг қўлидан қутқариб чиқдим. Асраб-авайлаб олиб кетяпман. Худо хоҳласа, сочингиздан бир толасини ҳам нобуд қилмай Бухорога етказиб бораман. Бунинг эвазига эса сиз менга озодликни ҳадя этасиз. Мен қорақуюнли элатига ё озод киши сифатида бораман, ё мутлақо қайтмайман, деб қарор қилганман.
– Мен сенга озодлик беришимга ишонасанми?
– Ҳозирча менда ишонч бор. Аммо ишончим сўнган куни мени қайтиб кўрмайсиз.
Унинг кўзларида аллақандай шиддатли аланга чақнагандек бўлди. Бу олов бегимга таниш эди. Бегим сукутга толди. Бироздан сўнг эса дарёга майда тошчаларни отиб ўйнаётган Нургелдига қаради.
– Қачон йўлга тушамиз, Нур?
– Билмадим. Бир-икки кун шу ерда ҳордиқ чиқарсак яхши бўларди. Олдимиздаги саҳрони мутлақо билмайман. Бир ҳафта юрамизми, бир ойми… Шунга яраша егулик ғамлаб олишимиз керак.
– Бу ердан қанақа егулик топа олардик?
– Кўпроқ балиқ тутиб қуритиб олишимиз керак. Бу ерда кўлмаклар кўп экан.
Нургелди кетди. Бегим унинг туни билан ўтириб чиққан тошига чиқиб олди…
…Уларнинг оти бор эди. От унинг касофатига қолиб ўлди. Агар ўшанда озроқ сабр қилганида эди, отлари ўлмасди. Саҳрода қолиб кетишдан қўрқмасдан йўлга тушаверган бўлармидилар. Нега ҳамиша шунақа бўлади? Худди кимдир юқорида уни кузатиб турган, сабри, иродасининг кучини синаётгандек туюла бошлади. Уни худди қўлига тушган сичқон билан ўйнашаётган мушукка ўхшатди. Бечора сичқон қоча бошлайди ва энди қутулдим деб енгил нафас олганида елкасига ўткир тирноқ санчилади…
От бақувват, саҳрода юришнинг ҳадисини олган экан. Аввалига улар қароқчилар ортдан қувиб келишидан қўрқиб, отни елдириб кетишди. Туни билан йўл босиб тонгга яқинлашганда ортларидан ҳеч ким таъқиб қилмаётганлигини билиб бироз хотиржам тортишди ва энди бамайлихотир юра бошладилар. Улар тунда фақатгина жонларини қутқаришни ўйлаб дуч келган томонга от сурганликларидан ҳозир қаерга қараб кетаётганликларини мутлақо билмасдилар. Отнинг жиловини бўш қўйганларидан бутун умидлари шу отда бўлиб қолганди. Чарчаган от эса битта-битта қадам ташлаб олдинга судраларди. Улар отдан ҳам баттарроқ чарчашган, иложини топиб мизғиб олишга қулайроқ жой излардилар. Шунда олисда итларнинг акиллаган товуши эшитилди. Аллақаёқлардан эса қўй-қўзилар маъраши эшитиларди. Демак, шу яқин атрофда чўпонларнинг қўналғаси бўлса керак. Саксовулзорни кесиб ўтганларидан кейин бирданига ялангликка чиқиб қолдилар. У ерда ёйилиб кетган сурувга кўзлари тушди. Айиқдек келадиган бўрибосар ўтов олдида
лўкиллаганча айланиб юрарди. Уларни кўриб вовуллаганча бостириб кела бошлади. Ўтовдан қайтарма қалпоқ кийган, сийрак соқолига оқ оралаган кичик жуссали чўпон чиқиб, аввал уларга бироз хавотирли қараб турди, кейин эса акиллаётган итини чақирди.
– Бўлди! Бас, Йўлбарс!
Ит қандай тезликда уларга отилган бўлса, худди шундай ортига қайтди.
Чўпоннинг башараси ҳар иккалаларига ҳам ўтиришмади. Бир кўзи қисиқ, соқоли сийрак, жиккак юзида негадир некликдан аломат бергувчи бирон аломат кўринмасди.
– Келинглар, бахай, кимсизлар?
– Биз йўлдан адашиб қолдик.
Чўпон йигитнинг қон сачраган яктагига, қизнинг рўмолсиз, паришон тўзғиган сочига қараб уларнинг шунчаки йўлдан адашган ўткинчи эмаслигига ишонсада, буни сездириб ўтирмади.
– Эмаса тушингиз. Сал дам олингиз. Сўғин йўлди ўзим кўрсатиб юбораман.
У отнинг жиловидан ушлади. Нургелди эгардан тушиб Жилва бегимнинг ҳам тушишига қарашиб юборди.
– Аялингиз ўтовга кирсин. – Чўпон ўтов томонга товуш берди, – Улбўсин, ҳов Улбўсин, қара қўноқ келди. – Кейин Нургелдига юзланди, – сиз мен билан юринг. Отингизга Мирза қарайди.
У анграйиб қараб турган ўн тўрт-ўн беш ёшлардаги ўспиринга отнинг жиловини тутқазиб юборди.
Ичкаридан чиққан тўладан келган кенг ва юмалоқ юзли хотин аввал бегимга қараб анграйди, кейин бирдан ўзига келиб уни ичкарига бошлади. Бегимнинг аҳволи у қадар яхши эмаслигига унга қараган ҳар қандай кимса шубҳа билдирмасди. Шоҳи дуррачаси аравада барзанги билан олишаётганидами, ё от чоптириб қочаётганларида тушиб қолган, сочлари тўзғиб кетган, атлас кўйлаги билан бахмал камзулининг ёқаси йиртилган, юзи тимдаланиб, бўйни ва томоғининг ости кўкарган эди. Устига устак силласи қуриган, оёқларида зўрға турарди. Буни кўрган аёл уни ортиқча саволга тутиб ўтирмади.
– Томоқ ейсизми, миймон?
Бегимнинг қорни оч бўлса-да, иштаҳаси йўқ эди. Тили қақраб кетганидан зўрға айланди.
– Бир пиёла сув беринг, опа.
Аёл зипиллаганча бориб каттакон кўзадан бир коса сув қуйиб келди. Бегим уни шоша-пиша бошига кўтарди ва тўкиб-сочиб ичди. Вужуди енгил тортиб, таранг тортилган мушаклари бўшашди.
– Чарчабсиз, миймон, озроқ мизғиб оласизми?
Бегим бош ирғади. Аёл ташлаб берган тўшакка ўзини ташлади.
– Кўйлагингизни ечинг, сиз уйғонгунча ямаб қў¬яман.
Жилва бегим ихтиёрсиз ечиниб, аёл берган кенг кўйлакни кийганча бошини ёстиққа қўйди ва шу заҳоти ухлаб қолди.
Аёл эса унинг йиртилган куйлагига, чиройли юзининг тирналган жойларига, бўйни ва кўкрагидаги доғ¬ларга қараб лабини тишлаганча бош чайқаб қўйди. У қизнинг бундай абгор ҳолатидан шубҳаланса-да, бироқ кўнглининг бир четида унга меҳр уйғонганди. Қиз ҳақиқатан ҳам гўзал эди. Бутун умри чўлда ўтиб, феъли саҳродек қаттиқ ва ўзгарувчан, қаҳру ғазаби баъзан тошиб ичидан чиқиб кетадиган, тийиқсизроқ бўлса-да, қизнинг маъсум таровати олдида ия бошлади. У секингина қизнинг сархил матодан тикилган бойвуччаларга хос кўйлагининг титилган жойларини чоклай бошлади.
Ўтовнинг соясига ташланган шолчада ўтириб чў¬пон билан бир косадан айрон ичиб ўтирган Нургелди ичкаридан чиқиб келган аёлнинг қўлидаги бегимнинг кийимларини кўриб юраги шувиллаб кетган бўлса-да, билинтирмади. Аёл имо билан чўпонни ёнига чақирди. Бироздан кейин эса у қиёфаси тундлашиб қайтиб келди.
– Бу заифа аялингизма? – сўради у шубҳаланаётганини яшириб ҳам ўтирмай.
– Йўқ, – деди Нургелди ҳам унда қандай ўзгариш бўлганини ўзича тушуниб, унга диққат билан разм соларкан.
–Ўғирлаб келаётирмисиз?
– Йўқ.
– Унда нега унга доридингиз?
– Доримадим. Қароқчиларнинг қўлидан қутқариб олиб келяпман.
Чўпон унга ишонқирамай қаради.
– Қароқчилар дейсизма, бу заифа аялингиз бўмаса, нега уни қутқариш учун жонингизни гаровга қўйдингиз. Тушунуксиз.
– Бу заифа менинг бекам. Мен унинг қули бўламан. Шунинг учун ҳам бекамни қутқардим. Бекам Бухоро амирига маликаликка бормоқда эди. Мен уни Амирнинг олдига бешикаст элтишим лозим.
– Эй-би! Сен ҳали қулмисан?
Ҳозиргина тахдидли саволлар бераётган бўлса-да, унинг ҳурматини жойига қўйиб турган чўпоннинг бирдан сенсирашга ўтиши Нургелдини ҳушёр торттирди. Унинг юзига яна разм солиб бу башарани қаердадир кўрганга ўхшатаверди. Кейин эса хаёлига кеча кунботар олдидан отда йўртиб кетаётган карвонбошига рўпара бўлгани хаёлига келди. Бу чўпоннинг юзи қайси жиҳати биландир ўша Сарбонни эслатарди. Унинг ҳам чап кўзи қисиқроқ, сийрак соқолли…
– Ўзимам ўйлагандим, нега бу аялнинг усти бойбичаларникидек-у, буниси қуллардек юпун деб. Гап шунда, де! Тўғрисини айт, қаерга олиб кетяпсан уни?
– Бухорога. Амирнинг олдига.
Чўпон энди унинг мутлақо ёлғон гапираётганига ишонди. Юзидаги тундликнинг ўрнини ғазаб эгаллади. Барча саҳройилар каби унинг ҳам феъли торроқ эди. Бутун умрини чўлда, одамлардан йироқда ўтказаётган чўпон одамлардан кўра кўпроқ бўрибосар итига ишонарди.
– Эмаса айт-чи, нега бекангнинг кўйлаги йиртилган?
– Айтдим-ку карвонимизга қароқчилар ҳужум қилишди. Мен уни зўрға қутқариб қолдим!
Чўпон унга барибир ишонмагани совуқ йилтираб турган қўй кўзларидан билиниб турарди.
– Ҳали буни кўрамиз. Беканг уйғонсин. Унинг ўзи айтиб беради.
Ўзи айтиб бергани минг марта яхши. Аммо бу тўнг ва қайсар чўпон нега уни миршаблардек сўроқ қилаверади. Бундан Нургелдининг жаҳли чиқса-да, унинг меҳмони эканлигидан иззатини сақлашни маъқул топди. Аммо бир нарсага у тушунмай турарди. Агар унга ишонмаётган экан, бунақа қовоқ-тумшуқ қилиб ўтиргандан кўра, кўтар лаш-лушингни деб ҳайдаб юборса биров унга ғинг дея олармиди. Киритишга киритиб, кейин бунақа қилишнинг нима кераги бор. У хаёл суриб ўтириб мизғиб қолган экан, чўпоннинг тап-туп қадам товуши уйғотиб юборди. Чўпон қўлида бир товоқ қайнатилган гўшт билан чўққа кўмиб пиширилган нон олиб келарди. Унинг чеҳрасидаги тундлик тарқаган, ёноқ суяклари бўртиб, қисиқ кўзлари янада қисилиб жилмайишга мойил ифодани зоҳир этарди.
– Ол, томоқдан е, кейин бафуржа гаплашиб оламиз.
Нургелди оч эди. Гўштнинг каттагина бўлагини олиб иштаҳа билан тушира бошлади. Чўпон қумғондан чой қуйиб узатди.
– Сенинг оға-иниларинг борми? – сўради гўшт чайнаб устидан чой ичаётган йигитни кўз қири билан кузатаркан.
– Билмайман, – деди Нургелди овқатдан бошини кўтариб. – Эсимни таниганимдан бери бекамнинг отасининг эшигида хизмат қиламан.
– Ҳа, бечора, – ачингандек кўринишга ҳаракат қиларди чўпон, – қулнинг кўрган куни қурсин.
Нургелдининг иштаҳаси ғиппа бўғилди. Қўлини сочиққа артди. Чўпон бу мизғиб қолганида ниманидир ўйлаганини ва шунинг учун ҳам турқини бирдан ўзгартирганини тусмол қилди. Унинг хаёлига нима келганидан бехабар, бирон шумликни ўйламадимикин, деган ташвиши ҳам йўқ эмасди. Чўпоннинг ўзи ёрилишини кутиб индамай турди.
– Бухорога қандай етиб бормоқчисан? Отда ахир бир ойлик йўл-ку. Яна дарёни ҳам кечиб ўтишларингга тўғри келади. Бекангни уринтириб қўймайсанми?
Нургелди ҳам шуни ўйлаб боши қотиб турарди. У ўша тунда қароқчини ўлдириб, бегимни отга мингаштириб олиб қочганида шу кетишда тўғри Бухорога боришни мўлжаллаганди. Агар бегимни бешикаст элтиб топширса Амир унинг бу жасорати эвазига озодлик васиқасини беради, деб ишонганди. Аммо то Аркка етиб боргунича йўлнинг бу қадар узоқ ва машаққатли эканини ҳечам ўйламаганди.
– Ҳа, буёғи осон бўлмайди. Нима қилишга ҳам ҳайронман.
– Бундай қилсанг-чи, – деди чўпон оғир муаммонинг ечимини топган олимдек ҳовлиқиб, – Сен яхшилаб ҳордиқ чиқариб олганингдан сўғин эрта саҳарда йўлга чиқсанг. Беканг эса шу ерда қолса. Сен Бухорога бориб, унинг шу ерда соғ-саломат эканлигини амирга етказсанг бас. Унинг ўзи бекангни олиб кетиш ташвишини қилади.
Ўйлаб қараса чўпоннинг гапида жон бор. Бегим билан судралиб юргандан кўра бир ўзи бўлса тезроқ етиб боради манзилига. Аммо барибир охирги сўзни бегимнинг ўзи айтиши керак. Кейин унинг бир ўзини бегона кишилар орасида қандай қолдиради. Буниси ҳам бор ҳали бу режанинг. Эсон-омон амирнинг ҳузурига етиб ҳам борди дейлик, агар бу ерда бегимга бир нарса бўлса амир ҳам, Бешим оқсоқол ҳам уни тирик қўйишмайди. Ўшанда унинг озодлик ҳақидаги орзуларининг рўёбга чиқиши ўрнига, кундага бош қўйиши ҳақиқатга яқинроқ. Йўқ, бунга кўниб бўлмайди.
– Бўлмайди, оға, – деди фикрларига якун ясаб Нургелди. – Мен бекамни ёлғиз ташлаб кета олмайман. Агар шундай қилсам, сизни ҳам, ўзимни ҳам хатарга қўйган бўламан. Бошқа йўлини топиш керакдир.
Чўпоннинг қиёфаси яна олдинги ҳолатига қайтди.
– Не учун бўлмасакан? Сен менга ишонмаяпсанми?
– Йўқ, нега унақа дейсиз. Мен кетганимдан кейин агар бекамга бир нарса бўлса мен ҳам, сиз ҳам тирик қолмаймиз. Буни ўзингиз англаган бўлсангиз керак?
– Ахир йўлда бирон кор-ҳол бўлиши мумкин-ку, унда нима қиласан?
– Унда пешонамдан кўраман. Хатарга сизни шерик қилиш ниятим йўқ. Бола-чақали одам экансиз…
Чўпон аллақандай ғалати қараш қилди. Йигитнинг анчагина жўяли мулоҳаза қилганидан унга тузукроқ жавоб топа олмай, чаккасига қон тепди шекилли, қизариб кетди.
Нургелди билмасдики, у ухлаб қолганида чўпон ўтовга кириб, уйқудаги қизнинг ҳуснини кўрган, энди қандай қилиб бўлмасин уни олиб қолиш ҳаракатига тушиб қолганди. Шунақа, шошганда лаббай топилмас деганларидек, у йигитга тузукроқ баҳона топиб бера олмай қийналарди. Охир у ўйлай-ўйлай, миясига жўяли фикр келмаганидан кейин тиккасига ҳужумга ўтишга мажбур бўлди.
– Мен, бекангга уйланмоқчиман! Мен бўйдоқман. Улбўсин эса менинг синглим бўлади. Буни шунчаки қилмоқчи эмасман, сенга юзта қўй бераман. Сен шу қўйларнинг ярмининнг пулига ўзингга озодлик сотиб олишинг мумкин. Сен қизни қўйиб, бир сурув қўйни ҳайдаб кетасан. Ўйлаб кўр!
Нургелди худди шундай гап бўлишидан қўрқ¬қанди. Ҳақиқатан ҳам шу гап айтилди. Бунга эса жавоб қайтариш лозим. Лекин Нургелди унга жавоб қайтаришга улгура олмади. Ўтовда қий-чув кўтарилди. Олислашиб кетаётган от туёғи товуши эшитила бошлади.
Жилва бегим уйғониб кетиб, ўтов ташқарисидаги гап-сўзларни эшитиб турганди. Чўпоннинг ниятини тушунган заҳоти, ташқарига отилди. Эшик олдида турган ўзининг кийимларини қўлтиғига тиққанча ташқарига чиқди. Отнинг боғланган ипини қозиқдан еча солиб узангига оёқ қўйди. То ўтовдагилар нима бўлганлигини англаб улгурганларича у қуёш ботиб, саҳронинг меъдага тегиб кетган сарғиш қорамтир ранги тим-қорага айланаётган қумтепалари ортига сингиб кўздан йўқолиб кетди
– Ҳай, тўхтат уни! Ҳозиргина жемиш жеган отни човиб бўлама?! –Ҳирқироқ овоз билан бақирарди чўпон. – Қочиб ҳеч жоққа кеталмайди-я, лекин отни жейди! Зотдор эканлиги туёғидан кўриниб турганди-я, эссиз!
Чўпон муштдек бошини сарак-сарак қилганча қолаверди…
…Улар учинчи куни йўлга тушдилар. Нургелди елкасига осиб олган тугунда нималар йўқ дейсиз: Бегимнинг духоба кўйлагига ўралган қоқ балиқ, яна ипу игна билан биргаликда, ўзлари ўлдирган қуёну бўрсиқнинг терилари, бир қадоқ келадиган туз, бир меш сув ҳам жой олганди. Тонг қуёши кўтарилаётганда дарёни тарк этиб саҳрога қадам қўйдилар. Улар бориши лозим бўлган олис шарқдан қуёш кўтарилиб келар, шунчалик беғубор ва маъсум эдики, гўё у саҳрони оташ тафти билан қовжиратиб ташламагандек, гўё у атрофга дўзах алангасини сачратиб, бош кўтарган бута ёхуд жонзот борки, қақратиб, йўқлик сари равона қилмагандек, атрофга келинчакдек қимтинибгина, маъсум ва ҳуркак назар ташларди.
Салқинда имкон қадар кўпроқ йўл босиш учун шошилиб юришарди. Кундузги жазирамадан кейин, тунда совуб улгурмаган майин қум ҳамон илиқлигидан оёқлари роҳатланар, баъзан қуш уйқусидек қисқа баҳор палласида гуллаб, яна уруғ сочиб улгурган равочнинг қовжираб қолган танасида сақланиб қолган яккам-дуккам шохларида ялтираётган шабнам томчилари яланг оёқларига тўкилиб сескантириши ажабтовур ҳисларни уйғотиб юборарди. Улар офтобнинг шундай майин ва маъсум бўлиб туришини хоҳлашар, тонгги сарин шабаданинг ҳам ўзларига йўлдош бўлиб қолишини исташар, бироқ, ҳали замон, майин нурларнинг қиличдек кескирлашишини, шабаданинг гармселга айланишини билиб турсаларда, бу тонг абадиятга қадар чўзилишига ишонгилари келарди. Қуёш дақиқа сайин кўтарилиб борар экан, аввало қовжираган шохларда энди маржондек илиниб турган шабнам томчилари ҳавода эриб йўқ бўлаётганидан муздек томчилар оёқларини сескантирмай қўйганидан кейингина, уларнинг қалбларини тўлқинлантирган тонг чекингани
ни ҳис қилиб, ҳавойи туйғулар ўрнини қуёш тиккага келганида паналайдиган жой топиш ташвиши эгаллаб олди. Яйдоқ саҳрода бундай жойни топишнинг ўзи бўлмайди.
Ниҳоят, саҳронинг бўронларига басма-бас туриб ўсган қари саксовулнинг яшил ва сувга тўла нина барглари, аждардек хунук буралиб ўсган, худди кўсанинг соқолидек якам-дуккамгина қолган шохлари остидан паноҳ топишди. То бу ерни топгунча, бир неча соат офтоб тиғи остида юришган, бунинг устига бир зумда тандирдаги чўғдек қизиб, товонларини аёвсиз куйдираётган қумда бўлари бўлиб ҳолдан тойган бечораларга саксовулнинг олачалпоқ сояси жаннат боғидан авло туюлиб кетди.
Нургелди тугунни ечиб бегимнинг узун, кимхоб куйлагини саксовул шохига ёйиб сояни қуюқлаштирди. Кейин пўстак бўлиб қолган териларни ерга тўшади. Улар ёнма-ён чўзилганча мудраб ўтиришарди. То шом қўнгунча бу дўзах саҳрода йўл юриб бўлмасди. Мизғий-мизғий ростакамига ухлаб қолганларини сезмай ҳам қолишди…
…Кейинги кун кечга бориб мешдаги сув тугади. Юриш энди ростакамига азобга айланди. Бунинг устига бегимнинг иситмаси кўтарилиб кетиб, алаҳлай бошлагач Нургелди юришни бас қилиб, чоғроқ бархан панасида тунаш учун жой ҳозирлай бошлади. Бу ерларда ётиш хавфли эканлигини билар, кундузги жазирамада ер остидаги инларига бекиниб олиб, офтоб тиғидан яширинган барча чўл жониворлари тунги салқинда ташқарига ўрмалаб чиқишган, саҳро жонланиб қолганди. Бу ерда шундай камқувват ва чалажон ҳолда ётишса, илон чақиб кетиши ёки бирон чўл йиртқичининг емишига айланишлари ҳам ҳеч гап эмасди. Аммо бегимнинг бу ҳолатида юришни давом эттириш уни ажал жарига итариб юборишдан бошқа нарса эмаслигини ҳис қилган Нургелди аросат ўтида қовриларди. Агар эртага қуёш тиккага келгунича сув топа олмасалар, иккалалари ҳам саҳро оташида қоврилиб ўлишларини ҳис қилишнинг ўзиёқ уни даҳшатга соларди. Илиқ қум устида ётган қиз инграй бошлади. Унинг ҳар бир нолакор ва заиф товуши йигитн
инг қулоғига ўқдек санчилар, бироқ унга ёрдам беришдан ожиз эканлигидан, имконсизлигидан бўридек улиб юборгиси келарди.
У юрагини пармалаб тешиб юбораётган бу товушни эшитмаслик учун қулоқларини бекитиб олди. Йўқ. Ингроқ товуши аксинча кучайиб келарди. Гўё унинг бутун вужуди қулоққа айлангану, жисми жони фақатгина жон бераётган бегимнинг ингроғини тинглашга маҳкумдек эди. Нургелди чидолмади. Ўрнидан сакраб туриб зулматга бурканган саҳронинг дуч келган томонига чопа кетди…
…Нургелди олисда байроқдек ҳилпираётган бегимнинг кўйлагини кўздан қочирмаслик учун, ҳаллослаганча унинг ортидан чопаркан, бор кучи билан ҳайқириб бегимни тўхтатишга уринарди. Қуёш ботиб борган сари узоқлашаётган отлиқни илғаб олиш шунчалик қийинлашиб борар, устига-устак йигитнинг ўпкаси бўғзига тиқилиб, чополмай, мадори қуриб борарди. Кейин эса шилқиллаб қумга йиқилиб тушди. Шу буйи қанча ётганини билмайди, бир пайт ўзига келса, аллақачон осмонга ой кўтарилган, саҳро сутдек ёришиб кетганди. У ўрнидан туриб қумга чуқур ботган от изларини қоралаганча йўлга тушди. Тонг оқарди ҳамки, бегимнинг қораси кўринмасди. Қуёш тиккага келганида негадир осмонда калхатлар пайдо бўлганига эътибор берди. Улар осмонда ярим доира ясаб, нарироқдаги қумтепа орқасига шўнғишарди. Ўша ерда нимадир борлигини ҳис қилган Нургелди ўпкасини қўлтиқлаб шу томонга югурди. Қумга тойғониб-тойғониб тепаликка чиқиб олганида, энг аввал пастда орқа оёғи беўхшов кўтарилган от чўзили
б ётганини кўрди. Унинг ёнида эса бегим бошини чангаллаганча отга термулиб ўтирар, атрофни эса юзга яқин калхат зич ҳалқа бўлиб ўраб олганди. Нургелди, бу ўлаксахўрлар худди бегимга ташланиб, бир зумда бурдалаб ташлайдигандек қўрқиб кетди. Устидаги яктагини ечиб боши узра айлантириб қийқирганча, чопиб туша бошлади. Калхатлар, ундан чўчиб, бир зум ҳавога кўтарилдилар, аммо узоққа кетмай ўн-ўн беш қадам нарига қўнганча, кўзларини лўқ қилганча улар томонга хунук, патсиз бўйинларини чўзганча қараб туравердилар. Бегим уни кўриб йиғлаб юборди. Кейин жазавага тушиб қичқира бошлади.
– Яқинлашма! Яқинлашма, деяпман, таги паст! Сен лаънати ҳали мени юзта қўйга алмаштирмоқчи бўлдингми?! Йўқол!
Нургелди бирдан тўхтади. Қиз томонга ҳайрон кўз ташлади.
– Нималар деяпсиз, бегим, тушунолмаяпман?
Қиз баттарроқ ҳўнгради.
– Эшитдим! Барини эшитдим. Анави тепанинг ортида шилпиқ чўпонинг ҳам кутиб тургандир?
– Сиз хато эшитгансиз, бегим. Тўғри, чўпоннинг нияти шу экан. Аммо, мен унинг гапига кўнмаганимни эшитмадингизми?
Жилва бегим, чўпоннинг паст овозда Нургелдига бегимнинг эвазига юзта қўй бермоқчилигини айтганида кўзи қонга тўлиб кетганидан йигитнинг унга не жавоб қилганини англай олмаган эди. Унинг назарида Нургелди уни юзта қўйга алишиб юборадигандек туюлган ва отга мина солиб, саҳро қўйнига елдириб кетганди.
Бегим унга ишонишни истарди. Бироқ феълидаги қайсарлик ўзининг шошилиб калта ўйлаганини тан олишга йўл қўймас, шунинг учун ҳам ўзини ишонмагандек кўрсатиб, тугунини ердан юлқиб кўтарганча пойи-пиёда йўлга тушди.
Нургелди бесўнақай чўзилиб ётган отнинг жасадига хўрсиниқ билан назар ташлаб, пухта чармдан ишланган жиловининг тасмасини қўйнидаги ханжари билан кесиб олди. Икки қулочлик тасмани елкасига ташлаганча бегимнинг ортидан йўлга тушди. Ўн қадамлар узоқлашганидан сўнг, отга сўнгги бор назар ташлаш учун ўгирилганида, қузғунлар аллақачон зиёфатни бошлаб юборишган, отнинг фақат тиккайган орқа оёғигина кўринарди холос…
…Отни у ўлдирди. Нега ўшанда шунчалик ғазабланиб кетдийкин-а. Агар, уни туни билан чопишга мажбур қилмаганида от ўлмасди. Отда аллақачон манзилга етиб борган бўлардилар. Нур қаерга кетдийкин. Балки йўлга ярамайдиган ортиқча дардисардан қутулиш учун уни ташлаб кетгандир.
– Нур, ярамас қулвачча! Ҳали сени қирқ дарра урдираман. Теринг парча-парча бўлиб кетмагунча савалатаман! Кейин ярангга туз бостираман! Қани ўшанда таёқ еган итдек ангиллашингни эшитиб бир ҳузур қилай!
Нурнинг сопол қўғирчоғини синдириб қўйгани кўз олдига келди. Ўшанда Менгли унинг қўлларини қайириб ўтирган, ўзи эса унинг юмшоқ жойига жуволдиз тиқиб олганди. «Пурт-пурт» кираётган жуволдиздан эти сесканса-да, увада иштони қип-қизил қонга беланса-да, ўспирин ёшига етиб қолган Нургелди миқ этмаган. Ўшанда агар истаса қўлини қайириб турган Менглини бир зарб билан қулатган, инжиқ ва эркатой бекнинг қўлидан қонга беланган жуволдизни тортиб олган бўларди. Бироқ у бундай қилмади. Бегим қачонки, бу эрмакдан зерикиб, жуволдизни ирғитиб юбориб нари кетмагунча жим ўтираверди. Кейин бир неча ҳафта кетини ерга боса олмай қийналиб юрган бўлса-да бу ҳақда бировга оғиз очмаганди.
У шунча қийнаганларининг аламини олиш учун кимсасиз саҳрода очлик ва сувсизликдан азоб чекиб ўлишини хоҳлагани учун ҳам ташлаб кетдимикан. Йўқ, у кетмаган, қандай қийналиб жон беришини мириқиб томоша қилиш учун бирон жойда писиб, кутиб ўтирибди.
Наҳот, ажал унга шунчалар яқин келган бўлса… Кимдир шу атрофда айланиб юрибди. Қаноти ҳам бор! Узун ва қопқора. У ўлаксахўр кузғун-ку! Ана, яна биттаси келиб кўнди. Наҳотки, у ўлган бўлса?! Қузғунлар фақатгина ўликларнинг гўштини ейиш учун келишадику, ахир. Қузғуннинг кўзлари таниш кўринмокда. Бошига чўгирма кийиб ҳам олибдими…
– Менгли! Менгли оға! Сен наҳотки қузғунга айланиб қолган бўлсанг? Кулма! Нега куласан?! Тўғрисини айт, мен ҳам ўлганманми? Кетма! Ҳеч кўрса саволимга жавоб бериб кет! Менгли оға-а-а!
Менгли қанотларини кенг ёйганча унинг оёқ учига қўнди. Кейин беўхшов ва баҳайбат қанотларини кенг ёйиб унинг устини қоплаб олди. Шунда унинг қанотлари қора булутга айланиб юзига ёмғир томчилари туша бошлади. Қақраган лаблари орасидан қуриб ётган томоғига бир неча томчи сув тушди. Бегим ютоқиб ичди. Ёмғирдан балчиқнинг қўланса ҳиди анқирди. Боши узра эгилиб турган, қузғун – Менгли аста-секин Нургелдига айлана бошлади. У қўлидаги тиришиб кетган тошбақа косасидан унинг оғзига қорамтир бўтана сув қўярди. Бегимниннг юраги тўлқинланиб кетди.
– Ну-ур…
Қуёш аллақачон тиккага келган. Боя қузғуннинг қаноти бўлиб кўринган нарса иккита чўпни қумга санчиб, устига кўйлак тортиб, номигагина ясалган соябон экан.
– Ну-ур, тунда сен мени ташлаб кетганингга ишонгандим. Шу саҳрода ўлиб, жасадим қузғунларга ем бўлишини ҳатто, тасаввур ҳам қилгандим, Нур!
– Мен қайтиб келдим-ку, бегим. Мен эски, қақраб ётган қудуқни топдим.
– Энди ўлмаймизми, Нур?
– Йўқ, бегим. Сизнинг ўлишингизга йўл қўймайман.
Бегим титроқ қўллари билан йигитнинг бўйнига осилиб олди.
– Энди ўлмаймиз-а? Қудуқни топганинг ростми?
– Рост, бегим. Бу ердан узоқ эмас.
Бегимнинг ҳолсиз танасига қувват киргандек бўлди.
– Нарсаларни йиғ, ўша ёққа борамиз.
Нургелди чексиз саҳрода ёлғиз иккалалари қолиб кетганларидан бери, бегимнинг бунақа буйруқларини бажаришдан бош тортиб келган бўлса-да, бу сафар индамади. Мутеларча нарсаларни йиғиштириб тугунни елкасига ортди ва тунда тақдир инъоми билан топган қудуқ сари йўл бошлади…
…Тунда бегимнинг инграшига чидолмай зулматдаги саҳронинг дуч келган томонига ўзини урган Нургелдининг ягона мақсади юрагини талка-тилка қилаётган бу заифгина умидсиз ингроқдан имкон борича узоқроқ кетиш эди. Тақдир ҳар иккалаларининг пешоналарига шу даҳшатли саҳрода ўлим топишни битган экан, бир-бирларининг қандай азобдан жон таслим қилишларини кўрмаганлари маъқул.
Хаёлига келган фикр ўзига ҳам маъқул кўриниб, бегимдан имкон қадар узоқроқ кетишга интилар, то қуввати етгунича юраверишга, қадам ташлашга ҳоли қолмаганидан кейин тўхташни ва ўша ерда сўнгги сонияларини кутишга аҳд қилди. У қадамини судраб босаркан, ортидан аллақандай қадам товушлари эшитилгандек бўларди. Нургелди тўхтаб қулоқ солса товуш ҳам тинар, юрса яна эшитила бошларди. Силласи қуриганидан, ўзининг қадам товушини бошқа жойдан эшитгандек туюлди. Ўлим онлари яқинлашгани сари шунақа кўзига аллақандай шарпалар кўринадиган, қулоғига ғалати товушлар келадиган бўлиб қолади, дейишгани хаёлига келди. Балки бу товушлар уни изма-из таъқиб қилаётган ажал шарпасидир. Агар ажал уни таъқиб қилиб келаётган бўлса, уни ҳам, ўзини ҳам овора қилиб нима қилади. Жонини олмоқчи бўлса шу ерда олақолсин. Нургелди тўхтади. Қумга чўккалаб ўтириб олди. Қани кел, бекинмачоқ ўйнагунча шу сабил жонини ола қол! Зора шу билан ором топса… Ҳатто нафас ҳам олмай, тиқ этган то
вушни ҳам эътибордан четда қолдирмасдан ўзининг сўнгги сонияларини кута бошлади.
Саҳро жим-жит эди. Тим қоронғу саҳрода умргузаронлик қилаётган жонзотлар ҳам йигитнинг сўнгги лаҳзаларидаги улуғвор сокинликни бузишга журъат қилмай жойларида ҳайкалдек қотгандилар гўё. Шу тариқа асрларга тенг ўн дақиқа ўтди. Йигит ўлимга маҳкум этилиб, боши кундага қўйилган, барчасига кўнган, муаллақ турган жаллод ойболтасининг пастга тушишини кутаётган маҳбусдек, бошини хам қилиб, кўзларини юмганча ажалини кутиб ўтирарди. Шунда нимадир унга яқинлашаётганини ҳис қилди. Шарпа бир неча қадам қолганда тўхтади. Оғир-оғир нафас олганча ғингшиб қўйди.
– Бўри! – хаёлига келди унинг.
Ажал шу йиртқич қиёфасида унинг олдига келган. Ҳозир ханжардек кескир тишлар бўғзига қадалади ва бу сарҳад билмас азоблар ниҳоясига етади. Нургелди кўзларини янада маҳкам қисиб, бошини қуйироқ эгди. Лекин бўғзига санчилиши лозим бўлган тишдан ҳамон дарак йўқ. Гўё вақт тўхтаб қолгандек, бу кутиш сўнгсиздек, то маҳшар қадар шундоқ давом этадигандек эди. Сўнгги лаҳзанинг залворига чидолмай йигит инграб юборди. Шу пайт шарпа яна ғингшиди. Унинг қисқа-қисқа нафас олиши шундоққина бурнининг тагидадек эди. Ҳатто иссиқ нафасининг юзига урилишини ҳам ҳис қилиб турарди. Яна то қиёмат қадар чўзилгандек туюлган бир лаҳза ўтди. Нургелди энди ортиқ бардоши етмай кўзларини очиб юборди. Аста-секин кўз олдида тилларини осилтириб турган итнинг йирик боши намоён бўлди. Йигит беихтиёр унинг бошини силади. Шуни кутиб тургандек ит унинг қўлини ялай бошлади. Унинг ҳозиргина ўлимнинг барча азобига тайёр бўлиб турган кўнгли юмшаб, дийдаси эриди. Саҳро тунининг салобатли
сукунатини бузиб бор овози билан йиғлаб юборди.
Тонг оқара бошлади. Ғира-шира ёруғда итнинг бир оёғи чўлоқлиги, қовурғалари саналиб қолганидан боши гавдасига нисбатан каттароқ эканлиги кўринарди. Ит унинг қўлларини ялаганча ғингшир, ёришиб келаётган уфққа қараб ожиз вовулларди. Нургелди тунда ажал шарпаси бўлиб кўринган итнинг нажот фариштаси эканлигига имон келтириб, ўрнидан турди. Шуни кутиб турган ит бошини осилтирганча оқсоқланиб йўрта кетди.
Кун найза бўйи кўтарилганида улар тошновини қум бироз кўмган, ташландиқ қудуқнинг рўпарасидан чиқиб қолдилар. Нургелди данакдек тошни қудуққа ташлаганди, бироздан сўнг ожизгина шипиллаш эшитилди. Демак, қудуқ тубида озгина бўлса ҳам сув бор! Қудуқдан балчиқнинг қўланса ҳиди анқир, бироқ йигит бунга эътибор берадиган даражада эмасди.
У тунда қуёшнинг чиқишини энди қайтиб кўрмаслигига ишончи комил эди. Энди эса бирдан яшагиси, жудаям узоқ умр кўргиси келиб кетди. Майли, қолган ҳаёти шу ғазабкор саҳро ичида минг машаққатлар орасида ўтсин, бироқ тириклик деб аталган неъматдан бебаҳра қолмаса бўлди. Саҳрода чопиб юрган нотавон калтакесак цингари қуёш чиқаётганини, гиёҳлар гуллаб, муаттар бўй таратаётганини кўрса, чанқаган палласида бир пиёла зилол сув ичганидаги роҳатни туйса, ҳаммасидан ҳам ўзининг тириклигини ҳис қилиб юрса, бас.
Нургелди сув солишга яроқли идиш қидириб анча овора бўлди. Қумга кўмилиб ётган тошбақанинг косасини топиб олганида кун анча кўтарилиб, саҳрони қиздира бошлаган эди. Йигит шоша-пиша йўнилмаган тош қаланган қудуқ деворига тирмашиб тубига тушиб олди. Қудуқ саҳро шамоли натижасида қумга кўмилганидан туби анча саёз, балчиқ орасида тошбақанинг косаси зўрға ботадиган сув бор эди. Нургелди сабрсизлик билан шу қўланса сувга лабини босди. Бироз нафси ором олгач, уни шу ерга бошлаб келган ит эсига тушиб косани тўлдириб сув олди-да юқорига кўтарилди. Ит сувни шалоплатиб ичар экан, баъзи-баъзида йигитга ялтоқланиб, думини ликиллатиб қўярди. Нургелди иккинчи бор қудуққа тушиб косани тўлдириб чиқди ва бегим ётган томонга йўл олди…
… Қудуқнинг ёнига кун пешиндан оғиб, жазирама авжига чиққан палладагина етиб келдилар. Нургелдининг аҳволи ҳам бегимникидан авло бўлмаса ҳамки, у қудуқ тубига яна бир марта тушиб чиқишга мажбур эди. Бегим сувдан қониб ичиб олгач, тошнов соясида уйқуга кетди. Чанқоқлари қонганидан кейин бир неча кундан бери туз тотмаганлари эсларига тушди. Нимадир қилиб бўлса-да ошқозонни алдамаса бўлмасди.
Бегимнинг иссиғи тушган бўлса-да, ҳолсизланиб қолганди. Нургелди бирон қушми, жонзотми учрарми, деган умидда офтоб тафтидан жизғанаги чиқиб кетган саҳронинг олис кунжакларигача синчиклаб разм солиб ўтирди. Қарайверганидан кўзлари тиниб кетса ҳам, ҳаракатланган бирон бир қорани илғай олмади. Яна қалбини умидсизлик кемира бошлади. Бегим ҳар-ҳар замонда заиф товуш чиқариб, ухлаб ётарди. Саҳронинг бешафқат қуёшидан нозик лаблари пўрсилдоқ боғлаб ёрилиб кетган, ориқлаганидан ёноқ суяклари бўртиб, юзлари дағаллашган бўлса-да унинг кўзларига дунёда ундан гўзалроқ қиз йўқдек туюлди. Наҳот иккалалари ҳам шу ерда очликдан тиришиб ўлиб кетсалар. Йигит беихтиёр қизнинг тўзғиб кетган сочларини силай бошлади. Кейин, нима қилаётганлигини идрок қилиб қўрқиб кетди ва бирдан қўлини тортиб олди.
Ит негадир безовталана бошлади. У эллик қадам наридаги қумтепа ёнига лўкиллаб борар, ерни искаб-искаб қаза бошлар, кейин лўкиллаб, бошларини силкитганча унинг ёнига келар, ғингший-ғингший яна ортига қайтарди. Бу ҳол бир-икки қайтарилганидан кейин Нургелди ўрнидан туриб у қазаётган жойга борди. Ит думини ликиллатар, ва ўзи қазиган чуқурга қараб ҳуриб қўярди. Нургелди ўша қароқчилар ҳужум қилган тундан бери ёнидан қўймай олиб юрган ханжарини қўйнидан чиқариб чуқурни кавлай бошлади. Бироз овора бўлганидан кейин, ханжарнинг учи қаттиқ нарсага тегиб тақиллади. Нимадир бор эди. Йигитнинг вужудига ғайрат инди. Чуқурга қўлини тиқиб йирик-йирик иккита тошбақани чиқариб олди.
Нургелди тошбақанинг косаси ва ликопи бирлашган жойига ханжар тиқиб иккига ажратди. Юмшоқ гўштини ажратиб тошнов устига қўйиб тузлади. Қолган қисми эса итга тегди. Кечга яқин бегим уйғонганда, йигит гулхан ёқиб, кабоб пишириб ўтирарди. Улар мазали кабобни еганларидан кейин яна уйқуга кетишди…
…Аёз чол негадир уни яхши кўрарди. Қачон борса чоғроққина устахонасида, ёши нечадалигини билиб бўлмайдиган, юзига қараб туриб бемалол қирқдан ошганлигини чамаласа бўладиган, аммо, ўспиринларникидек озғин ва кичик жуссаси ва ингичкага мойил овози мутлақо башарасига мос келмайдиган шогирди – Нусратга дам бостириб, лаққа чўғ темирни болға билан текислаётган бўларди. Уни кўриши билан Аёз чолнинг муттасил чўғга қарайверганидан хиралашиб қолган кўзларига нур инар, Сандиқлининг барханларидек қатма-қат бўлиб кетган ажинлари ёйилиб, ўт тафтидан кўмирдек қорайиб кетган башарасига жилмайишга монанд тус кирарди.
– Кел, келавер, Нурбой! Ишқилиб, эчкиларни бу сафар тўйдириб келдингми?
Сандон устидаги қорая бошлаган темирни қисқич билан ушлаганча яна кўкимтир алангаланиб ёнаётган ўтда куяр экан, қат-қат ажинларини кир белбоғига артиб, тумшуғи цинган чойнакдан каттакон пиёласига гиёҳлардан дамланган чой қуйиб ҳўплайди. Бу гиёҳларни эчки боқишга чиққанида Нургелди териб келарди. Чойдан ҳўплаб-ҳўплаб, болани гапга тутади.
– Ҳўш, Нурбой, чўлда нимани кўрдилар? Бугун ҳам кунботардан карвон ўтмадими?
– Йўқ, бува, – дейди Нургелди, – шом киргунча қарадим. Биттаям туя кўринмади. Бува, нега ҳадеб, кунботардан келадиган карвонни сўрайсиз?
Аёз чол индамайди. Негадир юзидаги жилмайиш ифодаси йўқолиб, ўрнини адоқсиз ғусса қоплаб, нурсиз кўзлари чўкиб қолади. Чолнинг кайфияти бузилганини кўриб Нусрат болага қошларини чимириб хўмраяди. Нургелдига ҳам чолнинг ғуссаси кўчгандек, чуқур хўрсиниб қўяди, елкасини қуништириб жим қотади. Нусрат чолга қарамаслик учун дамнинг арқонини тез-тез торта бошлайди. Чол шу туришида, чой қайнарлик фурсат бир нуқтага тикилиб ўтиради. Кейин аста-секин бошини кўтаради. Аллақандай иддао билан лахча чўғ бўлган темирни атрофга учқун сачратиб болғалай бошлайди. Ҳар зарбда бир харсиллаган чолнинг калта мош-гуруч соқолига тер тўкилади, чўғланган темир ханжар шаклига кириб боради. Чол қорая бошлаган темирни тошохўрдаги сувга вошиллатиб тиқади.
– Ўтни ўчир, – дейди Нусратга.
Чол каттароқ одам зўрға суқилиб кира оладиган, тахталари ҳилвираб кетган торгина эшикдан ботаётган қуёшга унсиз термулиб туради.
– Ўша томондан келадиган карвонни эллик йилдан бери кутаман. Унда Биби Фотима келар дейман… Ўҳ-ҳў, эллик йил… Ўшанда у ўн олтига кирган санама раста эди, – ўзича ғулдирайди чол. – Ҳисоблаб кўрсам, энди олтмиш олтига кирган бўларкан. Ҳилвираган бир кампир бўлиб қолгандир… Ё омонатини Оллога топшириб қўя қолдимикин… Йўқ, у ҳали ўлмагандир. Мен ҳам унинг илинжида ўлиб ўлолмай, қолиб қололмай юрибман-ку…
Чол яна эшикка термулади. Энди қуёш ботган, осмонда унинг қонли шафақ бўлиб изи қолган эди. Кўзлари билан шафақ чўкаётган уфқ томонга имо қилади.
– Менинг юртим ўша томонларда эди. Ўзим йигирма бешга кирган Сиёвуш келбатли йигит эдим. Отам қип-қизил темирни сандон устига қўйиб турар мен сандонни урардим. Ҳар урганимда худди тоғни ийлаётгандек атрофга учқун сачратардим. Тоғамнинг қизи Биби Фотима менга айтилган эди. Шу қизнинг тирқишдан мени кузатиб ўтиришини ҳис қилган сайин бутун жисмим ўтга қўйилган темир парчасидек қизиб кетарди. Тўйни кузга белгилагандик. Қишлоғимиздаги Муталлиб деган энг катта бой отамга учта омоч билан, йигирматадан чолғи-ўроқ буюртма берди. Бу анчадан бери мижоз кутиб, бекорчиликдан пичоқ чархлаб ўтирган темирчи учун ҳақиқий омад қушининг бошига қўнгани эди. Ҳали ҳеч қайси темирчи бундай катта иш олмаган, бунинг устига бой ҳам қизғанчиқлардан эмас, шу ишни эпласак, битта эмас, иккита тўйни ҳам қийналмасдан ўтказишимиздан ташқари қишлик у-бу нарсани ғамлаб олишимиз мумкин эди. Буларнинг орасида отни тақалаш, кетмон, белни тузатиш каби майда-чуйдалар ҳам чиқиб турар ва у рў
зғорнинг кундалик харажатларига асқотарди. Бой сахийлигини кўз-кўз қилишни яхши кўрарди. Шу феъли сабабми, ишини тезроқ битириб берсак, устамасига битта қўчқор беришини айтиб, ғайратимизга ғайрат қўшиб кетганди. Отам иш кўплигидан, тоғамнинг катта ўғли, Биби Фотиманинг акаси Кабирни ҳам ёрдамга чақирди. Ишни йигирма кунларда якунлашни режалаштираётгандик. Ўн бешинчи куни фалокат босди. Бир девор ён қўшнимиз бўлган тоғамнинг уйига тунда босқинчилар киришган, Кабирни ўлдириб, Биби Фотимани ўғирлаб кетишибди. Ўша куни иш кўп бўлганидан, уйга киришга ҳам мадорим етмай дўконда ухлаб қолгандим. Отам билан Кабир эшикни устимдан қулфлаб уйга кетишганди. Шунинг учун ҳам бу мудҳиш хабарни тонгда эшитдим. Кейин отамнинг савдогар биродари Али оғанинг отини олиб улар кетган томонни тахминлаб ортидан тушдим.
Аёз чол қумғонда совуб қолган чойни сирқиратиб чети учган пиёлага тўкади. Қақраб кетган томоғини ҳўллаб олгач, тишсиз оғзини чапиллатиб қўйганча яна эшикдан ташқарига термулади. Энди уфқдаги шафақ ҳам сўнган, қош қорайиб осмонда битта-яримта юлдузчалар милтираб қолганди.
– Қишлоқдан чиқиб саҳро томонга от қўйишим билан мен ҳам қўлга тушдим, – чуқур хўрсиниб қўяди чол. – Беш-олтита чўгирма кийган бақувват отлиқ йигитлар ўраб олишди. Улар билан солиша кетдим. Бироқ бир зумда отдан ағдарилиб қўл оёғим боғланди. Уларга отим керак, деб ўйлагандим. Адашибман, уларга отим ҳам, ўзим ҳам керак эканман. Менинг темирчи уста, бунинг устига забардаст эканлигим учун мен отдан кўра қимматроқ турарканман. Буни Чоржўй бозорида шу Оқсоқолга етмиш тангага пулланганимда билдим. От эса бор-йўғи ўн танггага сотилганди. Ўшандан бери шу ердаман. Ўшанда Биби Фотимани ҳам Ҳиротда бир бойга чўриликка сотиб юборишганди. Шундан бери кунботардан келадиган карвонга кўз тикиб юрибманда, Нурбой.
– Бобо, мен қаердан келиб қолганман бу ерга? – сўрайди Нургелди, чолнинг муттасил чўғланган темирга қарайверганидан хиралашиб, ёшланиб турадиган бўлиб қолган кўзларига термулганча.
– Сен ҳеч қаердан келмагансан, сен шу уйда туғилгансан.
– Қандай қилиб, – тушунмайди болакай, чолга кўзларини катта-катта очиб қараркан.
– Ҳамма қандай туғилган бўлса, сен ҳам шундай туғилгансан.
Нургелди тушунмайди. Агар у шу ерда туғилган бўлса, унда ота-онаси қани? Шуни Аёз чолдан сўрайди.
– Онанг ўлган, болам, – дейди чол.
– Отам-чи? – бўш келмайди Нургелди ҳам.
– Отанг… Отангни билмайман!
Чолнинг алдаётганини кўзларига қараб сезган бола, барибир қистайверишини сезган чол, ўрнидан туриб, гап тамом дегандай этагини қоқади. Нургелди истамайгина ўрнидан туради. Оқсоқолнинг етимлари турадиган бир хона ва даҳлиздан иборат уйчага қараб йўл олади…
…Улар шундай уч кун ухлашди. Тошнов сояси салқин эди. Бунинг устига Нургелди ёнларидаги тери ва бошқа латта-путталарни соябон қилиб икки киши зўрға сиғадиган пана жой ясаб қўйганди. Жилва шу уч кун ичида анча қувватга кириб қолган, тонгда ва оқшомги салқинда қудуқни қазаётган йигитга қумни чиқариб ташлашга кўмаклашарди. Қудуқ тубидан балчиқ аралаш қумдан тозалаганларидан сўнг сув анча тиниқлашиб, қўланса ҳид ҳам йўқолди. Негадир иккалаларининг ҳам кетгилари келмас, гўё бархан ортида саҳронинг аждаҳоси уларнинг қудуқдан узоқлашишларини кутиб пойлаб тургандек, ундан озроқ четлашсалар, оташ нафаси билан куйдириб кабоб қиладигандек, тошновдан жилгилари келмасди.
Нургелди қудуқ атрофида бир пайтлар чўпонлар сурувни суғорадиган обхона бўлган, кейинчалик қаровсизликдан нураб, саҳро бўронларидан дув тўкилиб тушган харсангтошларни тўплаб, уларни девор қилиб тера бошлади. Икки кунлик уринишдан кейин, кўтарилган тош деворнинг устига шох-шаббадан том ясади. Энди ҳар қандай иссиғу бўронга бардошли кулбача бунёд бўлганди. Бундан улар шунчалик қувониб кетгандиларки, бундай бахтиёрликни ҳатто янги қасрга кўчган амир ҳам туймаган бўлса керак. Жилва учиб-қўниб аллақандай бекаларга хос саришталик билан пўстакни тўшаб, чанг-чунгларни супуриб чиқди. Кейин, Нургелди хом теридан тиқиб, чокларини тошбақанинг чарвиси билан мойлаб чиқиб, сув ўтмайдиган қилган чоғроқ қовғада қудуқдан сув тортиб атрофга шакароб қилиб сув сепгач, шамол тўзғаб ўйнаётган қумнинг хуружи босилиб, кулбага салқин ҳаво уфургандек бўлди. Бундан йигитнинг ҳам кўнгли кўтарилиб, нимадир қилгиси кела бошлади. Ўйлаб кўриб, тугунларни илдирганча елкалаб юрадиг
ан икки қулочлик юлғун таёқни букиб терини тилиб эшган пишиқ арқон тортганча ўқ-ёй ясади. Қидира-қидира топган қуриб қолган юлғуннинг майда шохларидан ўнтача ўқ кесиб олди. Нишини нимадан ясашга кўп бош қотирса-да, тузукроқ ечим топа олмади. Шунда унга бека ёрдамга келди. Нарироқда сочилиб ётган, бирон эчкинингми, ё жайроннингми, чамаси бўрилар хомталаш қилган, кейин саҳро офтобида тараша бўлиб қотиб кетган устихонларини келтириб берди. Нургелди ханжари билан уларни кесиб, тошга ишқалаб ўткирлаштирди. Натижада дуппа-дуруст пайконга эга бўлди. Энди овга чиқса бўларди. Нургелди ўнта пайкони бор ўқ-ёй ва ханжар билан қуролланиб, итни эргаштирганча эрталаб овга кетди ва кечқурун ҳам, эрталаб ҳам, шом қўнганда ҳам қайтмади…
…Жилва бегим тошновнинг устига чиқиб кетган томондан кўзини узмай кутиб ўтираверди. Тонгга яқин, кўзи илиниб ухлаб қолган экан, тушига отаси кирибди. Оқсоқолнинг энгагидаги соқоли силкинар, кўзидан ғалати ўт чиқар, жон-жаҳди билан Нургелдини қамчиларди. Бу туш шунчалик қисқа, кўз илғамас лаҳзаларда бир кўриндию ўчди. У қачон кўзи юмилиб, қачон очилганини ҳам ҳис қилишга улгурмай қолди. Бироқ отасининг юз ифодаси хотирасига ширачлаб ёпиштирилгандек, кўз олдидан кетмай тураверди.
…Наҳот энди Нур қайтиб келмаса… У шу мудҳиш саҳрода ёлғиз қолиб кетади ва охир-оқибат пайкон қилиб ясалган устихонлардек суяклари қумлар орасида сочилиб ётади. Қачондир, яна ўзидек бахтиқаро кимсалар ундан пайкон ясашади. Таранг тортилган ёйдан учиб чиқади. Учаверади, учаверади. Шунда ўзи билан ёнма-ён учаётган қушга кўзи тушади. Қанотлари улкан, тирноқлари чанг солишга тайёр, қайрилган ва учли. Тумшуғи бургутникидек, боши кал – биттаям пат йўқ. Бу калхатга ўхшайди, бироқ тез учади. Улкан қанотларини силкитиб уни ушламоқчи бўлади, бироқ эплолмайди. Бирдан қанотларини қўлтиғига қисганча пастга қулайди. У ҳам қуш билан биргаликда пастлаётганини, ер даҳшатли тезликда яқинлашиб келаётганини кўриб қўрққанидан қичқириб юборади.
Шунда кўз олдидаги хира қорамтир доғлар тиниқлашиб кимсасиз ва қизғиш-малларанг кенгликка – саҳрога айланди. У кўзларини очганча туш кўраётганини ҳис қилиб қўрқиб кетди. Атрофда қимирлаган қора кўринмайди. Ҳатто қилт этган шабада ҳам йўқ. Унинг назарида отасининг уйидан чиққанидан сўнг ўтган балки уч ой, балки уч йил орасида дунё шунчалик ўзгариб кетган ва ер юзидан инсон зоти супуриб ташлангану ҳаммаёқ қип-қизил саҳрога айланган. Яна минг йил улоқиб юрса ҳам шу кўчманчи қумлар уюридан бошқа ҳеч нарсани кўра олмаслигига ишонч ҳосил қила бошлади. Унинг ёнида тоғдек таянч бўлиб турган Нурнинг ҳам қайтиб келишига умид қилмай қўйди. Гўё унинг олдинги ҳаёти хотирасида элас-элас қолган тушдек, ундаги Бешим оқсоқол ҳам, онаси ҳам, Нур ҳам, Менгли ҳам, ва яна саройида маликалик орзусида йўлга тушган Амир ҳам саробдан пайдо бўлган шакллардек бир пайдо бўлиб, туман янглиғ тарқаб кетган рўё эди холос. Ҳатто ўзининг ҳам бу ерда бор эканлигига шубҳа уйғон
ди. Уни борлиқ эмас, йўқлик ўраб турганди. Бу йўқликнинг кўз илғамас кенглигида фақатгина У бор. У борлиқни йўқликка, йўқликни эса борлиққа айлантира олади. Қолган ҳаммаси бекор. Қолган ҳаммаси қорахаёлдек, саҳродаги саробдек бир нарса. Кўзга кўринади, бироқ ушлаб бўлмайди. Балки, мутлақо кўринмас, худди кўринаётгандек туюлар…
…Аста-секин қош қорая бошлади. Саҳро қумтепаларининг қизғиш бўёғи қуюқлашиб, бўғиз қони цингари қорая бошлади ва охир оқибат буткул зулматга бурканиб олди. Жилва бегим ҳамон тошнов устида чўнқайиб ўтирганча зулматга тикилиб турарди. Қаердадир илонми ё калтакесакми қумни шувиллатиб ўтиб кетди. Яна қаердадир шоқол увлади. Ҳозир бирон йиртқич унга ташланиб қолса, индамай тураверган бўлармиди. Бахтига, саҳродек бахтсиз, саҳродек ёлғиз қизга саҳронинг ҳам иши бўлмади. Гўё борлиқ унинг ўзи билан ўзи ёлғиз қолишини истаётгандек эди…
… Қиш чилласи эди. Бир куни оқсоқолнинг хизматкорлари ва қуллари турадиган орқа ҳовлига бир кампир кириб келди. Нургелди кампирнинг увада эгнидан ҳам кўра кўзларига қараб унинг эси жойида эмаслигига амин бўлди. Унинг қорачиқлари кенгайиб кетган кўзларидан бирон нарсани уқиб олишнинг иложи йўқ эди. Шунда кампир босқоннинг сандонга урилган товушлари учиб чиқаётган Аёз чолнинг устахонасига юра бошлади. Чолнинг унга кўзи тушгач, бир зум анграйиб қолди. Қўлларига қалтироқ иниб қисқични тушириб юборди. Кампир эса унга бақрайганча қотиб турарди. Кейин эса маънисиз кўзлари нурлана бошлади. Девоналарга хос ўлик юзи жонланди.
– А-аёз!
Чол ҳам ўрнидан туришга мажоли қолмай харракдай шалвираб турарди.
– Би-би…
Қолганига чолнинг кучи етмади. Секин танаси қийшайиб боши осилиб қолди. Нусрат нима юз берганини англаб, чолнинг ёнига етиб боргунича, бечора омонатини топшириб бўлган эди. Унинг очиқ кўзларида шу пайтга қадар Нургелди кўрмаган аллақандай нур жилваланарди. Бироздан кейин ўлимнинг хира пардаси унинг юзини қоплаб олганидан кейин, бу нур ҳам сўнди. Бироқ бахтиёрликнинг сармаст ифодаси қотиб қолган чолнинг чеҳраси йигитнинг онггига ёпишиб қолди.
Ҳамма Аёз чол билан бўлиб девона кампирни унутиб юборган экан. Кампир ҳам қандай дафъатан пайдо бўлган бўлса шундай тўсатдан ғойиб бўлганди. Орадан бир неча соат ўтиб, хизматкорлардан бири гап топиб келди. Ҳовли деворининг шундоққина кунгай томонида бир жулдур кийинган кампир, совуқда қотиб қолибди.
– Тушунмадим, – дерди жиккак хизматкор, – ўзи қотиб қолгану, аммо, худди кулиб тургандек туюлади. У ёшлигидаги алланимани эслаб илжайиб турганида жони узилган бўлса керак.
Бешим оқсоқол одамгарчилик қилди. Дайди кампирни ҳам Аёз чолнинг ёнига дафн этишга рухсат берди…
…Нургелди қуёш тиккага келиб, саҳрони мумдек эритиб юборар даражага олиб келганида, олисда ҳаракатланаётган қора нуқталарга кўзи тушди. Нуқталар муттасил катталашиб келаётганларидан, ўзи томонга чопиб келаётган қандайдир жониворлар тўдаси тусмол қилди. Улар яқинлашиб қолганида эса сув қидириб чопиб юрган ўттизтача жайронни аниқ кўрди. Дарров иссиқни ҳам, чарчоқни ҳам унутиб ўқ ёйни қўлига олди ва уларнинг мақбул масофага келишини пойлаб турди. Юрагида овчиларга хос эҳтирос уйғонди. Нафас олишни ҳам унутиб, пайконнинг учи ёйнинг чўпига тиралгунича тортди ва энг биринчи кийик билан ўртасидаги масофа ўн беш қадамча қолганда қўйиб юборди. Пайкон жониворнинг бўйнига санчилди. Жайрон бир мункиди, бироқ бирдан ўнгланиб йўналишни ўзгартирганча чопа бошлади. Нургелдининг иккинчи пайкони унинг сепкил тошган юздек хол-хол нуқтали сонига икки энликча ботиб, санчилганча туриб қолди. У учинчи ўқни ҳам узишга улгурмади. Тўда бурилиб, ўнг томондаги улкан қумтепа
орқасига ўтганча кўздан ғойиб бўлди. Фақатгина шамолсиз ҳавода улар туёқларидан кўтарилган чанг муаллақ қотиб қолди. Ит ҳаллослаганча уларнинг ортидан чопди. Нургелди ҳам қумтепа ортига ўтганида тўда анчагина олислаб кетган, улар бир қаторга тизилиб олганларидан бўлса керак, бир тутамгина, арқондек ингичка чанг чувалиб улар кетган томонни кўрсатиб турарди. Нургелди яраланган жайроннинг қаердадир қонсираб йиқилишига умид қилиб, чангнинг изидан йўлга тушди. Бироздан сўнг эса тиллари осилиб, чўзилганча қисқа-қисқа нафас олиб, кутиб турган итга йўлиқди.
Тили қақраб кетган бўлса-да, белига осиб олган мешдан сув ичишни истамади. У борса гумон йўлга тушганди. Бу йўл қанча давом этишини: бир соатми, ё бир неча кунми, билмас, шунинг учун ҳам сувни эҳтиёт қилишга қарор қилганди. Қош қорая бошлаганда гўё қирмизранг денгизнинг улкан тўлқинидек ястаниб олган кўчма қумтепага дуч келди. У кийикдан умидини узиб бўлаёзган эди. Ҳатто янтоқ-да ўсмаган майин қум енгилроқ шабадада ҳам кўчиб аллақачон тўданинг изини кўмиб юбораётган, оқшом чоғи ҳаво бироз салқинлашиб, шабнам ҳиди димоққа урилаётган маҳалда, муаллақ турган чанг оғирлашиб, аста секинлик билан ерга чиқаётганлигидан, у тўданинг изини йўқотишига шубҳаланмай қўйди. Тунни барханнинг устида ўтказишга аҳд қилиб, қумни пастга шовуллатиб сурганча тепага ўрмалай бошлади. Ит ҳам тилларини осилтириб унга эргашди. Тепага чиқиб олганидан кейин атрофга умидсиз нигоҳ ташлади ва бирдан кўнгли яшнаб кетди: тўда шундоққина барханнинг пастидаги сийраккина хазори
спанд ўсган ялангликда ғуж бўлиб ётарди. Ит ташланишга ҳаракат қилди, бироқ Нургелди бўйнидан босиб, силжитмади. Ҳозир улар ҳуркитилса бепоён саҳро бўйлаб олислаб кетиб қолиши ва изини бутунлай йўқотиши мумкин. Жайрон тунни шундоққина ёнида ўтказгани яхши.
У мешдан бир ҳовуч сув олиб қақраган ва чангдан лойқа тиқилиб қолган оғзини чайди. Яна бир ҳовучни эса итнинг оғзига тутди. Ит тилларини чапиллатиб ичди. Сув қуригач эса унинг юқи қолган ҳўл кафтини ялай бошлади. Нургелди итга раҳми келса-да бошқа сув тутмади. Қуёш ботиб, атроф зимистонга чулғонар экан, жонга ёқар салқин шабада уйғониб, қовжираган саҳрони роҳатижон елпуғичида елпиб совутаётгандек эди. Саҳрони ёқимли салқин ҳаво қамраб олди. Бу ҳол қанчадир давом этиб, саҳро қандай исиган бўлса шундай тезликда совий бошлади. Танаси жунжика бошлагач эса ҳали тафтини йўқотиб улгурмаган майин қумга кўмилиб ётди. Алғов-далғов ўтган кун уни анча толиқтириб қўйганидан дарров кўзлари юмилди.
Итнинг ғингшиб акиллашидан уйғониб кетганида у қаерда ётганини бирданига англай олмади. Осмонга термулиб, етти юлдуз дастаси кунботарга қараб анчагина оғганини кўриб тонгга яқин қолганини ҳис қилди ва шундан сўнггина жайрон ортидан тушиб, қумтепа устида ётгани хотирасига келди.
Ит ҳамон ириллар, иложсиз ғингшир, пастда эса дупир-дупир ва аллақандай йиртқич, чамаси шоқол бўлса керак, ғалати увлаб қўярди. Нургелди сакраб ўрнидан турди ва қуюқ кўкимтир тус олаётган осмоннинг таъсириданми, ғира-шира ёришаётган саҳрони тиниқроқ илғай бошлаганида, ғалати манзарани кўрди. Тўда уч юз қадамча нарига борган ва барчаси ғуж бўлиб бархан томонга қараб туришарди. Кеча кийиклар ётган хазориспандзорда эса бир нечта шоқол ярадор кийикни ҳалқа қилиб ўраб олишган, ташланишга юраклари бетламас, бироқ уни қўйиб юборишга ҳам кўзлари қиймай туришарди. Нургелди ўрнидан туриб бархандан пастга судралиб туша бошади. Ундан олдин пастга қум шувиллаб тўкилганидан ҳушёр тортган шоқоллар ириллаганча арра тишларини тақиллатиб ўдағайласалар-да, лекин зич ҳалқани бузиб, нақд ўлжа бўлиб турган ярадор кийикни қочириб юборишни ҳам исташмасди. Ит ёнида Нургелди турганидан шерланибми, қаттиқ вовулганча шоқолларнинг тўдабошисига ташланди ва кўкраги
билан босиб тушди. Шу пайт тўданинг зич ҳалқаси тарқаб, жайрон шериклари томонга катта сакради, аммо ярадор, ҳамон суяк нишли пайкон санчилиб турган ўнг оёғи панд бериб аввал мункиди, кейин кўп қон йўқотиб ҳолсизланиб қолганидан, ўзини ўнглаб ололмай ағанаб тушди. Қулай фурсатни кутиб турган шоқоллар, итнинг остида қолиб пийпаланаётган шерикларининг зорланиб инграганига эътибор ҳам бермай кийикка ташландилар. Нургелди қўлига ханжарини олди.
– Йўқолларинг бу ердан! Бу менинг ўлжам!
Унинг ҳайқириғига оч йиртқичлар ваҳшиёна ириллаш билан жавоб қайтариб, кийикнинг бўғзига тиш ботиришга уринишларини бамайлихотир давом эттиравердилар. Нургелди сал пайсалга солса кийикдан фақатгина устихон қолишини тушуниб, оқариб келаётган тонг нурларида тиккайган ёли қизғиш товланаётган жондорларнинг дуч келганининг биқинига ханжар урди. Суғуриб олиб, иккинчисининг бўғзини тилиб юборди. Учинчиси эса лип этиб унга чап берди ва болдирига оғиз солди. Исканадек қисиб олган жағдан болдирини бўшатиш учун эгилган йигитнинг устига тўртинчи шоқол сакраб чиқиб бўйин аралаш елкасига тиш ботирди. Сал бўш келса йирқичлар уни бир зумда хомталаш қилиб ташлашини кўз олдига келтиргач, бор кучини йиғиб бир силкинди ва елкасини тишдан халос қиларкан, йиқилаётган шоқолнинг курагига ханжар санчишга муваффақ бўлди. Оёғини силкитганча шоқолни учириб юборишга уринаркан, бешинчи жуссаси кичикроқ йиртқич аллақачон ўлжанинг бўғзига тишини ботирганини кўрди. Бе
чора жайрон оёқ қоқиб, жон талвасасида хирилларди. Нургелди минг бир азобда оёғини тирик қопқондан ажратиб олди. Жағини очишни истамаган шоқолнинг жағида болдиридан узилган бир тишлам гўшт ҳам қолди. Тишини-тишига босиб жайронни саранжомлашга уриниб ётган йиртқичга қараб икки қадам ташлаганида ёлғизланиб қолган шоқол энди ўлжадан буткул умидини узиб, истар-истамай ўзини четга олди. Ҳамон жон талвасасида хириллаб ётган бечора жониворнинг бўгзига ханжар тортиб, азобини енгиллаштирган йигит ҳолсизланиб ўтириб қолди. Жароҳатланган болдиридан томири узилган шекилли, шариллаб қон оқар, негадир кўнгли айниб кўз олдида саҳро чир айлана бошлаган эди.
Шунда кўзларининг олдида тошновга чўнқайиб ўтириб олганча маъносиз кўзларини олис-олисларга қадаб ўтирган Жилва бегимнинг қиёфаси намоён бўлди. Қизнинг бошини осилтириб, елкасини қуништирганча қилт этмай туриши негадир ўлжасининг ўлимини пойлаб ўтирган улкан калхатга ўхшарди.
Шундай ўтиравериш уни муқаррар ўлимга бошлаши аниқ эди. Ҳаракат қилиш керак. Бунинг учун эса олдин оқаётган қонни тўхтатиш лозим.
Нургелди бир ҳовуч тоза қум олиб жароҳатига босди. Қум бир зумда шафақранг лойга айланди, бироқ қоннинг йўлини тўсди. Қон оқиши тўхтагач, йигитнинг бош айланиши ҳам секинлашди.
Така жайрон икки пудча тош босарди. Уни кўтариб кетишнинг ўзи бўлмасди. Нургелди қорнини ёриб ичак-чавоқларини чиқариб итга берди. Жигаридан бир бўлак кесиб олиб оғзига ташлади. Бу орада ит ҳам ўзига теккан насибани паққос тушириб бўлди. Хом жигар Нургелдига куч бағишлади. Енгиллашиб қолган жайронни елкалаб, оқсаганча йўлга тушди. Бироз юрганидан кейин анчадан бери бундай зиёфатга юзи тушмаган, омади келиб қолганидан, тўйиб, анчагина оғирлашиб қолган ит бироз эриниб бўлса-да, олдинда йўл бошлаб кета бошлади. Тушгача йўл юрганларидан кейин, дам олишга ўтирди. Жайроннинг бироз қайрилган, учи ўткир ханжарсимон шохли чиройли боши билан ингичка, пайдор оёқларини кесиб ташлашга мажбур бўлди. Ўлжа бирозгина енгиллашди. Бироз ўтиб, жайроннинг фақатгина икки сонини қолдириб қолган жойларини ҳам ташлашга мажбур бўлди. Офтоб тиғида, бунинг устига ярадор оёқ ва елкада шунча юк билан йўл босишнинг ўзи бўлмасди.
Қош қорая бошлади ҳамки, ҳамон тошқудуққа етиб келишнинг иложи бўлмас, йигит бутун инон-ихтиёрни итга қўйганча ҳуд-беҳуд унинг ортидан судраларди. Мешдаги сув аллақачон тугаган, томоғи қуриб кетганидан ҳатто тили ҳам айланмасди. Бутун тунни оёқда ўтказган йигит тонг оқара бошлаганида итнинг шодон хурганча чопқиллаб қолганидан ҳушёр тортди. Олисда бир неча кун олдин ўзи қурган кулбача қорайиб кўзга ташланиб қолганди. Унинг вужудига қаердандир куч иниб, қадами тезлашди…
…Сен келмаслигинг керак эди, Нур. Сенинг қайтишингдан умидимни узиб бўлгандим. Назаримда сенинг қайтмаганинг ҳам маъқул эканлигига ўзимни ишонтириб бўлган эдим. Кўнгилда умид ва илинж тугаганида ўлим сўнгги бир илинжга айланаркан. Шунда барча азоблардан қутқариб, осойишталикни келтиргувчи Халоскорни кутаётган лаҳзаларда сен бир қоп умид ва илинжни етаклаб қайтиб келдинг. Энди ўлим, халос қилгувчи осойишталик бахш этгувчи эмас, балки, барча нарсалардан мосуво этгувчи қароқчидек туюляпти. Энди ўлгим келмаяпти. Энди ўлишнинг ўзи бўлмайди, Нур…
…Нургелдининг аҳволи оғирлашиб борарди. Шоқол бир тиккасини узиб олган болдири йиринг боғлаб шишиб кетди. Кейин эса иситмаси кўтарилиб туни билан алаҳлаб чиқди. Тонгга яқин кўзи илингачгина Жилванинг кўнгли бироз тинчиганди, бироқ бу осойишталик ҳам узоққа чўзилмади. Тонг оқара бошлаганида йигит совуқдан тишлари такиллаб, эти жунжика бошлади. Бека ўша куниёқ у елкалаб келган кийикнинг этини майдалаб тош устида қовуриб олган ва саҳройиларнинг одатича терига ўраб, қумга кўмиб қўйганди. Ўшани олиб ёғини ажратди ва Нургелдининг танасига суртиб уқалай бошлади. Буни бека онасидан ўрганган эди. У Бешим оқсоқолнинг иссиғи чиққанида елкасига қўй ёғи суртиб уқалар ва шу билан оқсоқол тузалиб кетарди. Дарҳақиқат, унинг ҳаракати бежиз кетмай, Нургелди бироз тинчиди. Қиз унинг устига кийик терисини ташлаб ўзи кулбадан ташқари чиқди. Бир пайтлар бувиси – кўпни кўрган кампир, хазориспанднинг қайнатмаси, яра-чақани тузатади дегани эсига тушганди У тошқудуқ атрофида сийра
к ўсган хазориспанднинг гармселдан қовжираб қолган шохларини юлиб келди. Хас-хашак ва унда-бунда учраб турадиган шох-шаббадан олов ёқди. Тош қудуқ атрофидаги тошлар орасидан топиб олган, чети учган сопол косани сувга тўлдириб ичига хазориспандни ташлаб гулханга қўйди. Сув қайнаб, қорамтир тусга кирди. Жилва гулханни ўчириб қайнатмани совутди. Кейин эхтиёткорлик билан патос бойлаган ярани юва бошлади. Кунига бир неча марта шу ишни такрорлагач, тадбири эм бера бошлагани сезилди. Яра қурий бошлади…
…Мен сизни танимай қолдим, бегим. Мен ўлаётган эдим. Жаҳаннам оғзидан тортиб олдингиз. Мен отамни кўрдим. У қўлида қонли ханжар билан кимнингдир бошини кесиб олаётган эди. Унинг ханжар тутган қўли то тирсагигача қонга ботган экан. Нега отам унинг бошини кесяпти, тушунмадим. Лекин ханжарни танидим. У менинг ханжарим эди. Отам нега бу кишига қасд қилган? Ҳамон кўз олдимда турибди. У жайронга ташланган шоқолдек, кўзларидан совуқ аланга сачратиб, қора соқолли бир кимсани чўккалатди. Кейин унинг бошини тиззалари орасига қисиб, диккайган соқолидан торта-торта бошини тепага қаратди ва ўйнаб турган кекирдагига ханжар тортди. Ҳаммасини ўз кўзим билан кўрдим. Бегим, мен отамни ҳеч қачон кўрган эмасман. Мен уни ҳатто тасаввур ҳам қила олмасдим. Лекин ўша бош кесаётган жаллоднусха кишининг отам эканлигини билдим. Қизиғи ҳеч ким менга ана шу кимса отанг бўлади деб ҳам айтгани йўқ. Мен мақтулнинг кесилган жойидан ликиллаб турган кекирдагини, оппоқ томирларидан сўнгги қони томчилас
ҳини, жон тарк этаётган танасининг аҳён-аҳён диркиллаб туришини ҳам кўрдим. Бошидан жудо бўлиб, шалвираб қолган жасаднинг эти пир-пир учаётгани, тупчадек дум-думалоқ каллани қонга беланган соқолидан ушлаб кўтариб турган отамнинг кўзларидаги мастона тантанани ҳам кўрдим.
Атроф тумонат одам эди. Уларнинг ярми маҳқум, ярми эса жаллод эканлигини билдим. Мен ҳам ўша тўдада эдим. Лекин уларнинг қайси фирқасига киришимни билмадим. Мен мақтулмидим ёхуд қотил, шуни билмадим, бегим. Сиз буни англашимни истамадингизми, менинг ҳам қўлларим қонга булғанмаслигини истадингизми…
…Нургелди бир ойда ўрнидан турди. Қовурилган кийик гўшти ҳам бир ойда тугади. Саҳро ҳам ғазабини шу бир ойда сарфлаб бўлдими, энди офтоб олдингидек жизғанак қилғулик оташини пуркамас, оқшомлари салқин тушиб этни жунжиктирар даражага олиб келар, кунлар кисқариб бораётганди. Мезон кириб келаётганини билдириб, ҳавода ўргимчак тўрлари сузиб қолганди. Улар нима қилишни билишмас, тўғрироғи эртанинг ташвишини қилишни, ўйлашни исташмасди. Қоринлари тўйгудек ўлжа топилса бахтиёр, бўлмаса чалақурсоқ бўлсалар ҳам индамай кийик терисига ўралиб ётишар, тонг отгачгина яна бир ўзлари учун мавҳум куннинг бошланишини аллақандай ғалати хурсандчилик билан кутиб олишарди. Кунлар кун-кундан совуй бошлаган, шунинг учун кулбанинг ичида гулхан ёқишга мажбур бўлишаётганди. Қиличини қайраб қиш келаётганини ҳис қилишар, бу омонат кулба қаҳратондан ўзларини сақлаб қололмаслигини ҳам билишар, бироқ икковлари кетиш ҳақида сўз очишмас, гаплашганларида ҳам шу мавзуни четла
б ўтишарди.
Негадир Нургелди озодликка чиқиш ҳақида ўй суришга ҳам қўрқарди. Жилванинг амир саройида малика бўлиш орзуси унутилганди. Яна қиз ўзининг бегойим эканлигини, йигит эса бечора қул эканлигини ҳам унутгандилар. Улар гуё қирқ йилдан бери бир ёстиққа бош қўйиб келаётган эр-хотиндек, бир-бирларини кўз қарашидан тушунадиган бўлиб қолган эдилар. Нургелди эрталабданоқ туриб, ўқ-ёйини елкасига илганча овга чиқиб кетар, омади келса, бирон илвасин кўтариб келар, бека эса кулбани супуриб-сидирар, қудуқдан сув тортар, гулхан учун шох-шабба териб келар, агар йигит овдан ўлжадор бўлиб қайтса, куйдириб-пишириш ҳаракатини қиларди. Уларнинг бир оила бўлишларига етишмаган битта нарса, у ҳам бўлса тунлари айри ётишлари эди. Йигит кундузлари ёлғиз қолганида фақат шуни ўйлар, бу тун албатта мақсадини амалга оширишга аҳд қилар, бироқ кўзи беканинг кўзига тушиши билан кундузги ботирлигидан асар ҳам қолмас, бирдан совуб, шалвираб қолар, ҳақида кундузи ўйлаганларидан уялиб кетарди. Ж
илва ҳам кундуз кунлари кулбада ёлғиз қолганида тошновнинг устига чиқиб олиб, Нургелдининг келишини кутар экан, унинг кенг қучоғида тўлғонаётганини тасаввур қилиб, ҳаяжонга тушиб терга ботарди.
Шундай кунларнинг бирида уларнинг тор кулбасига исқирт бир чол кириб келди. У бир кўзи ғилай, қош ва киприклари куя тушган пўстакдек илвираб қолган, бурни япасқилигидан нафас олганда ингичка, ҳуштакмонанд товуш чиқарар, ич-ичига ботиб кетган чаккалари ёноқ суякларини янада бўртиқроқ кўрсатар, эчкинидек энгагида битган соқоли сийрак, бошига қўндирган кулоҳи билан устига ташлаган жандаси кирликдан ялтираб кетган, оёғидаги хом теридан уқувсизларча тикилган чориқни ола-чипор жун арқон билан ўраб боғлаган, кишининг кўзи илкис тушгудек бўлса, саксовул кундасига чипор илон чирмашиб тургандек совуқ таассурот уйғотар эди.
Қуёш ботган бўлса-да, атроф қоронғулашиб улгурмаган, уфқда пайдо бўлган яккаю ягона булут парчаси қип-қизил шафаққа айланган, кун ботаётган томондан эсаётган совуқ шамол этни жунжиктириб, саҳродаги ғариб қумтепаларни янада қорайтира бошлаган, аллақандай ўксик ўйлар юракни эзғилаб, ғижимлаб юборадиган завол палласида осмондан тушган ёхуд қумдан бош кўтарган илондек қўққисдан пайдо бўлди бу чол. Анчадан бери ўзларидан бошқа кимсага кўзлари тушмаган, ўзларидан бошқа ҳамсуҳбат топмаган бўлсалар-да, бу кимсанинг мурдор қиёфаси ҳар иккалаларига ҳам мутлақо ўтиришмади. Бироқ уни кулбага таклиф қилишга бу ҳолат негадир монелик қилмади.
– Мен бир қаландар, Оллонинг саргардон бандасидурман. Ҳаргиз, инжимангиз. Менга бир қултум сув, бир тишлам емак бўлса бас. Кулбангизнинг бир четида тонг отдирсам, тонгда йўлга чиқажакман.
Унинг қиёфаси қанчалар даҳшатли бўлмасин, якка-ярим қолган сарғиш-қорамтир тишли ўрадек кенг оғзидан чиқаётган сўзлари шунчалик майин ва хушёқар эдики, улар бирдан чолнинг тинимсиз сўзлашини истаб қолдилар.
Нургелди гулхан ёқди. Кулба бирдан ёришиб, таналарига ёқимли илиқлик югурди. Жилва чолнинг остига пўстак ташлади. Кейин яккаю-ягона бисотлари бўлган чети учган сопол косани сувга тўлдириб, ичига уч бўлак қуритилган гўштни ташлагач, гулханга қўйди.
– Бу ожизанинг канглуни нечун озорламоқдасиз, бўтам? – деди чол Жилва ташқарига чиққанида Нургелдига ягона кўзини каттароқ очиб қараркан.
– Билмадим. Жилванинг кўнглини олиш менинг илкимдан келмайдурғон иш кўринадир. – Йигит оғир сўлиш олиб бошини хам қилди.
– Эр кишининг қўлидан келмайдирғон ишнинг ўзи йўқтур. Унинг учун юракда жаҳд бўлса бас. Олло Одам¬атонинг қийшиқ қовурғасиндан Момоҳавони бунёд этканинда, унинг кангул сурурини шул лаззатга боғлаб қўймишдур. Эрта баҳорда униб чиққан чечак агар ёмғир бўлмаса қуриб хасга айлангани цингари Момоҳавонинг насли ҳам шу сурурдан бенасиб қолса қовжирай бошлайдир.
Жилва кириб келса ҳам, чол авзойини ўзгартирмай, гапини давом эттираверди.
– У бировни паст, бировни юқори қилиб яратмаган. Ҳеч ким Унинг даргоҳида табақаланмагай, бўталарим. Сен қул, мен ҳожа деганлари бу ерда, – у тирноқлари ўсиб кетган, иркит кўрсаткич бармоғини пастга нуқиди, – ўзини тирик деб атайдиган мавжудотлар орасиндадир. Одамотанинг қавми Момаҳавонинг наслига қовушмоғи шарт. Бунга ҳеч қандай монелик бўлмас. Аксинда Унинг ўзи яратган инс қавми йўқолиб битмагайми?
Унинг қисилган ғилай чап кўзи ҳам очилиб кетгандек эди гўё. Ундан оҳанрабодай ўзига тортгувчи қандайдир сирли қувват таралар, илк бор кўрганларидаги ирганиш қаергадир изсиз ғойиб бўлган, унинг бўш қолган ўрнини эса тушуниксиз ҳурматга ҳам, ихлосга ҳам, муҳаббатга ҳам ўхшаб кетадиган, уларнинг қоришиғидан пайдо бўлган ҳароми ўғилдек сурбет туйғу буткул эгаллаб олганди.
Жилва гулханда шўрваси билқ-билқ қайнаётган сопол косани тери билан ушлаб кўтариб, иккита тошбақанинг мугуз косасига бўлиб қўйди. Кейин аллақандай ийманиш билан бирини чолнинг, иккинчисини Нургелдининг олдига сурди. Чол шўрвадан бир-икки ҳўплаган, гўштдан тотинган бўлиб косани четга сурди.
Нургелди чолнинг қул ва ҳожа хақидаги гапидан кейин авлиё эканлигига ишонч ҳосил қилди. Кўнглидаги гапларни топиб гапираётганидан мумдек эриб ўтирарди.
– Лут пайғамбарнинг қисмати не бўлганини эшитганмисизлар, – чол тишсиз милкини чапиллатганча бир тишламгина гўштни узоқ чайналиб ютгач, уларга ифодасиз кўзини тикканча қаради. – Лут пайғамбар ҳам Унинг танлаганларидан бири эди. Шул зот бир сабаб билан қавмидан бадарға бўлиб, овлоқ ғорда иккита бўй етган қизи билан яшай бошлади. У қариб қолган, умри ниҳоялаётган эсада ўз наслини давом эттирадиган ўғил фарзанд кўрмаган эди. Бир куни қизлари отасини шу муаммодан халос қилишнинг оқилона йўлини топадилар. Ўша тунда катта қизи ота¬сига чоғир ичириб маст қилгач қўйнига киради ва ундан ҳомила орттиради. Кейинги тунда эса кичик қизи опасининг ишини такрорлаб, ул ҳам ҳомилали бўлади. Отаси тезда ўлим топади. Қизларидан икки ўғил дунёга келади. Шу икки ўғилдан улкан Лут қавми вужудга келади. Кўрдингизми, У Лутга шафқат қилиб, ундан қавм бунёд этди. Илло сизлар ҳам бу саҳрода беиз кетмагайсиз. Сиздан қавм бунёдга келса не ажаб. Сизлар ҳам қовушинглар. Тирикликнинг а
соси шунинг ўзи эмасми, бўталарим, – у бироз танаффус қилганидан сўнг гапини давом эттираркан. – Сизнинг фарзандингиз туғилади. У сизнинг наслингизни давом эттиргуси. Кун келади, сиз бу саҳрони тарк этасизлар. Шунда ул фарзанд шу ерда қолади.
Жилванинг кўзларида ғалати, тушуниксиз аланга кўринди. Йигит эса ҳамон бошини ердан кўтара олмас, нигоҳлари билан ер чизиб ўтираркан, танаси чўққа қўйилган тошдек қизий бошлади. Агар чол бўлмаса, Жилвани бағрига босган, лабларидан, оппоқ бўйнидан бўса олган бўларди.
Ташқарида негадир ит увлади. Унда бунақа одат йўқ эди. Увлаши ҳам хунукдан-хунук, этни жунжиктирар даражада совуқ туюлди.
– Ие, ҳали ит ҳам борми? Увлаган ит бехосиятдир. Ул хожасига ўлим тиласагина увлайдир. Уни ўлдирингиз! – Чол негадир безовталаниб қолди.
Ит кулба атрофини безовта айланиб чопди. Ғингшиди. Кейин яна бир карра увлаб юборди.
– Тонг ҳам оқариб қолди, – деди негадир чол қалт-қалт титраганча. – Энди кетар фурсатим ҳам келди. – Чол ўрнидан туриб кашкулини белига осаркан, бир нарса эсига тушиб қолгандек Жилвага ўгирилиб, унга бир ғалати қараш қилди. Кашкулдан бужмайиб кетган олмани чиқариб унга узатди. – Буни иккалангиз бўлиб есанглар эр-хотин бўласизлар. Бу илоҳий олма. Фарзанд кўрганингизда унинг исмини Сотуна қўясизлар. Эсингиздан чиқмасин. Сотуна.
Чол ташқарига йўналди. Ҳақиқатан ҳам машриқ уфқи қизара бошлаган эди. Бундан ҳайратга тушишга улгурмадилар. Қаердан пайдо бўлган ит акиллаганча чолга ташланди. Чол ҳай-ҳайлаганча таёғини силкиб, йирик-йирик қадамлар билан кунботарга қараб лўкиллай бошлади. Лаҳза ўтмай зулматга қоришиб кўздан йўқолди. Бироқ, ит ҳамон вовуллаганча унинг ортидан эргашар, қумтепадан ошиб кўздан йўқолган бўлса-да, анчагача унинг товушлари келиб турди. Шундан кейингина улар ичкарига қайтиб кирдилар.
– Сизнингча бутун тунни гаплашиб ўтказдикми, бегим? – ҳайратини яширмай сўради Нургелди чол ўтирган пўстакка чўкар экан.
– Мен ҳам англамай қолдим. У кунботарда келиб эди. Ўшандан кейин бир шўрва қайнар фурсат ўтирди. Ё шўрва шунақа секин қайнадимикан…
– Гулхан ҳам ўчгани йўқ. Ё ўтин ташлаганмидингиз? – Ҳамон ҳайратини яшира олмасди Нургелди.
– Йўқ, ташламадим. Ўша ўтин, – елкасини қисди қиз ҳам.
– Ҳа, биз ҳизргами, ё бирон авлиёгами рўпара бўлганимиз ҳақиқатга ўхшайди. Айтганча, у сизга олма бергандими?
Жилва қўйнига қўл солиб кўрди – олма йўқ. Наҳотки, ҳозиргина кўрганлари туш бўлса?
– Йўқ, – деди қиз кўзларини катта-катта очиб, – наҳотки йўқотиб қўйган бўлсам. Ҳозиргина қўйнимга солиб қўйгандим-ку!
– Балки ташқарига чиққанимизда тушириб қолдиргандирсиз.
Шундан сўнг ҳар иккалалари ҳам ташқарига йўл олдилар. Олма шундоққина эшикнинг олдида думаланиб ётарди. Бироқ, уни топиб олганлари учун эмас, балки кунчиқар уфқда ҳозиргина кўриниб турган шафақ зим-ғойиб бўлганидан ҳайратланардилар. Атроф ҳали тун ярмидан оғмаганини билдириб зимистонлигича турар, осмон юлдузларга тўла эди.
– Балки, бизга шундай туюлгандир. Ҳали тонгга узоқ-ку, – деди йигит яна бир карра осмонга қараб оларкан.
– Йўқ, чол бизнинг кўзимизни боғлаган бўлса керак.
– Ҳмм. Олмасини кўрсатинг-чи.
Қиз қўлида ушлаб турган олмани йигитнинг қўлига тутқазди. Бужмайган олма унга сирли ва ажабтовур кўринди. Олмани айлантириб кўрди. Кейин ҳидлади, димоғига ҳушбўй ҳид урилиб вужуди енгиллашди. Юраги дукиллаб, танасига ёқимли илиқлиқ югурди. Шартта ханжар билан уни иккига бўлиб, бирини қизнинг оғзига тутди. Иккаласи ҳам бир пайтнинг ўзида қарсиллатиб олма чайнашаркан, бир-бирларига нигоҳлари тушиб илкис жим қолдилар. Кейин секин-секин силжиб бир-бирларига яқинлашдилар. Орадан олисдан-олис чўзилган бир сония ҳам ўтиб улар бир-бирларининг оғушларига сингиб кетдилар…
…Эна, энажон, саҳрода бир ўт бўларкан, туяқорин деган. У туянинг қорнидек катта ва дум-думалоқ бўлиб ўсаркан. Баҳор ўтиб, биринчи гармсел қўзғолганида у томиридан чўрт синиб думаланиб кетарвераркан. Қачонки, бирон илиниб қолардек нарса топганида тинаркан. Кейин шамолда учиб келаётган қумни ушлаб қолаверганидан у тўхтаб қолган жойда катта бархан пайдо бўларкан. Менинг ҳам баҳорим ўтиб, бошланган илк бўрон томирларимни синдириб, саҳрога улоқтириб ташлади. Дарбадарлигим бошланди. Ўша туяқорин цингари сарсон дайдишим бу тунда поёнига етди. Мен Нурга илиниб тўхтадим. Энди саҳро менга шафқат қилиб, қумга кўммагунича, бағрига олмагунча, шу ерда қолавераман, эна.
Сиз энди тушимга кирмай қўясиз. Сиз, юз бериши муқаррар бўлган воқеанинг, бу тунда амалга ошганини билганингизда эди, ҳозир мени ер муштлаб қарғаётган бўлармидингиз. Балки, сиз менинг ўлимим хабарини эшитган, менинг мотамимни ҳам ўтказиб улгурган бўлсангиз, бунга умрбод ишониб юраверинг. Агар қандайдир дайди шамол менинг ҳидимни олиб борса, у шамолни ҳайданг ва унга инонманг. Мен ўлганман. Ўша сизнинг хонадонингиз остонасидан чиққан лаҳзаларимда томирим қуриган, жоним узилган, энажон. Бу шамоллар менинг лошимни судраб юрибди.
Сиз менинг бахтиёр келинчак бўлиб гўшангага киришимни истардингиз. Бугун қисмат етаклаб келган қаҳри қаттиқ саҳрода ўша сиз орзу қилган гўшангага етишдим, эна. Яна қайтиб сизни кўраманми, йўқми, бироқ, отам орзу қилганидек қасрда амирнинг гўшангасига эмас, кимсасиз саҳрода бир қулнинг қучоғида ором топдим, эна! Агар шундан отам хабар топганида иккаламизни ҳам тилкалаб ташлармиди. Худога шукрки, отам қиёматга қадар бундан хабардор бўлмайди. Ҳартугул мен шундоқ бўлишини истайман.
Мен ҳар бир босган қадамим, гарчи минг машаққат билан амалга ошаётган бўлса-да, бироқ фирдавсмонанд ҳаётга, оламнинг энг фараҳбаҳш манзили деб билганим, ўзимча тасаввур қиладиган, ҳатто тушларимга-да кириб чиқадиган Бухорога яқинлаштираётганидан азобларим татимасди. Минг бир азоб билан бўлса-да, қаричма-қарич яқинлашаётганим, Бухоро энди йўқ. Мен бир неча йиллар давомида кўнглимда, фикру хаёлимда бунёд этган, ҳар тун кўнглим билан ёлғиз қолганимда, мириқиб томоша қиладиган, унга неча-неча янги тафсилотларни қўшадиган, ҳар тун осмонимда йўлчи юлдуздек маёқ бўлиб жилваланадиган Бухоромни йўқотдим, энажон. Ичим ҳувиллаб қолди. Бўрон ялаб ўтган саҳродек, кимсасиз ва зимистон бўлиб қолдим, эна.
Энди, ёнғин вайрон қилган қасрнинг устунидек сўппайганча, ҳувиллаган кўнглимда фақатгина Нур қолди. Шу қип-қизил ва кимсасиз ялангликда Бухорони қайта бунёд этмоқни Нур уддалармикан. Билмадим, эна. Билмадим…
…Эрталаб Нургелди кеч уйғонди. Негадир тўшакдан тургиси келмай маза қилиб керишди. Тунги воқеани эслаб ёнига қаради. Бегимнинг ўрни бўш эди. Эриниб ўрнидан турди. У ташқарида ўзи яхши кўрадиган тошновнинг устида, қуёш чиқаётган томонга қараб ўтирарди. Нургелди Бешим оқсоқолга тақлидан томоқ қириб қўйди. Шунда қиз бирдан ўрнидан туриб, тошбақа косасига тўлдирилган сувни олганча пешвоз юрди. У сув қуйиб турди, йигит ювинди. Ўтган тун уларнинг ҳаётидаги барча нарсани ўзгартириб юборган, энди йигитнинг хизматини Жилва бажарарди. Йигит аввал ўзини шунча хўрлаган Бешим оқсоқолнинг арзанда қизи гирдикапалак бўлиб хизматини қилаётганидан мағрурланиб қўйди. Кўксида неча йилдан бери тошдек қотиб ётган қасос олиш истаги ушалаётгандек туюлиб, ҳузурланди. Бироқ қизнинг самимий юзидаги болаларча содда ва беғуборликни кўрганидан кейин отасининг аламини шу ожизадан олиш йигит кишига ярашмаслигини ўйлаб, қовоғини очди. Унга жилмайиб қаради. Жилва ҳам унинг чи
ройи очилганини кўриб, жилмайди.
– Нега куласиз….куласан? – жўрттага қовоғини солди йигит.
– Сиз-чи? Сиз нега куляпсиз? – қиқирлади қиз, унинг бир сизлаб, бир сенлашидан завқланиб.
– Нега кулаётганимни айтайми, а. Айтайми?
– Айтинг.
– Айтсам, ана эшит. Сенинг юзингга қоракуя суртилибди!
– Қаерига?
– Мана бу ерига, – йигит унга талпиниб қўлидан ушламоқчи бўлди. Бироқ Жилва ҳам жайрондек чаққонлик билан қўлидан сирғалиб чиқиб юзига сув сепиб юборди. Йигит бирдан тўхтади. Қиз эса қиқирлаганча қоча бошлади.
Нургелди унинг ортидан кулимсираб қараб тураркан, юраги бир энтикиб кетди. Ўтган умри давомида ҳеч қачон таъмини тотиш насиб этмаган бахт унга шу кимсасиз саҳрода ўзининг бутун ҳусни таровати билан бўй кўрсатган эди. Нургелди унга сармаст бўлиб тикилди. Бу лаҳзалар учун бутун бошли умрини қурбон қилса ҳам арзирди. Унинг кўзларига шу пайтгача фақат ёлғизлик ва бадбинликнинг тимсоли бўлиб кўринган ғариб қумтепалар шунчалик яшнаб кетгандики, худди жаннат шу ерда бино бўлгандек, қанчалик тикилмасин, ундан кўз олиш қийин бўлиб борар, вужудида туганмас қудратни ҳис қилиб, худди бургутдек қанотларини ёйганча, бу фирдавсмонанд саҳронинг осмонини қулочлашни истаб қолди. Қиқирлаб кулаётган, фариштага ўхшаб кетаётган қизнинг ортидан бир ҳовуч сув олиб чопа кетди. Унга етиб олганида қўлидаги сув тўкилиб адо бўлган эди. Қизни қумга йиқитиб олди ва юзларидан, бўйнидан, ҳилвираб қолган кўйлаги яшира олмаган оппоқ сийналаридан ўпа бошлади…
…Улар шу лаҳзаларнинг тоабад давом этишини исташарди. Бироқ бахтга қарши кунлар чопқир отлардек бир-бирини қувалашиб елиб ўтаверарди. Саҳронинг саратондаги жазирамасидан амаллаб омон қолганларига ҳеч қанча ўтмай, қиш изғиринига дуч келишди. Амаллаб баҳорга чиқиб олганларида Жилванинг кўзи ёриди. Уларга унчалик ўтиришмаса-да барибир чолнинг гапини икки қилмасдан паҳлавондек туғилган чақалоққа Сотун деб исмни қўйишди.
Сотун дуркун бўлиб ўсди. Икки ёшга кирганида чопқиллаб юра бошлади. Улар саҳрони макон тутганларига уч йил тўлганида пилдираб юрган болакай қумтепалар орасидан билакдек келадиган илонни судраб келди. Буни кўриб Жилванинг ўтакаси ёрилиб кетди. Илон тирик эди. Бола уни худди мушукни ўйнагандек эзғилаб ўйнар, оғзига қўлини тиқиб, айри тилини ушлаб олишга уринарди. Жилва кўзларини чирт юмганча чинқириб юборди ва чопиб бориб илонни унинг қўлидан тортиб олиб саҳро бағрига ирғитиб юборди ва шилқиллаб ўтириб қолди. У тилдан қолганди…
…Тушимга яна отам кирибди, Бегим. Негадир бу сафар барчасини аниқ-тиниқ кўрдим. Бунинг устига барча тафсилотларини миридан-сиригача эслаб қолдим. Отам барзанги одам эди. Зулукдек қора оти ҳам ўзидек баҳайбат эди. У оқсоқолга ўхшаб кетадиган, аммо, ундан ёш ва ияк остига ўстирган соқоли ҳам қоп-қора кимсанинг чўгирмасини олиб ташлади ва, тақир бошини тиззалари орасига қисиб туриб, бўғзига ханжар тортди. Аниқ кўрдим, ҳатто унинг жон талвасасида хириллашини ҳам, аёлларнинг чуввос тортишини ҳам эшитиб турардим. Отам ул кимсанинг бошини кесиб олди ва соқолидан ушлаганча баланд кўтарди. Кейин уни ирғитиб юборди. Атрофда қий-чув кўтарилди. Кейин бирдан сукунат қоплади. Отам қонга беланган бошни тепиб думалатиб юборди ва даҳшатдан кўзлари олайиб кетган қизнинг кўлидан ушлади. У қиз қаердан пайдо бўлганини илғай олмадим. Қиз негадир сенга ўхшаб кетарди, Жилва! Лекин у сен каби дадил ва мағрур эмас, аллақандай ўксик, аллақандай тушуниксиз, ғуссага чўлғонгандек эди. Отам
уни бир силтаб бағрига босди…
Шунда қаердандир бир башара намоён бўлди. У башара менга нақадар таниш эканлигини ҳис қилдим. У сарбонга ҳам, шилпиқ чўпонга ҳам, авлиё чол бўлиб кўринган дарвишга ҳам ўхшаб кетарди. Бироқ яна қайсидир жиҳатлари билан уларга мутлақо ўхшамасди ҳам.
Бегим, сен тилдан қолгандан бери кўзим илинган заҳоти кўра бошлайман. Билмадим, бу нимадан дарак…
…Кундан кунга бегимнинг аҳволи оғирлаша бошлади. Уни бир ҳозик табибга кўрсатиш керак эди. Ниҳоят уларга уч қишу уч ёз бошпана берган, яхши- ёмон кунларига гувоҳ бўлган, ва негадир юрагидан жой олган қадрдон саҳродан ризқлари узилганини ҳис қилган Нургелди нарсаларини йиғиштира бошлади. Хотинини опичлаб, ўғлининг қўлидан етаклаганча йўлга тушди…
Дарёнинг нариги томонидаги бир қишлоққа етиб келганларида Жилванинг аҳволи анча танглашган, Нургелдининг ўзи ҳам силласи қуриганидан биринчи дуч келган эшикка зўрға етиб келди. Итнинг ҳурганини, кимнингдир овоз берганини элас-элас эшитиб, йигит бегимни елкасидан тушириб, ерга ётқизди. Ўзи ҳам унинг ёнига чўзилди. Кўзини очганида аллақачон тонг отган, шифтдан осилиб турган қамиш дарчанинг тирқишидан тушган бир қатимгина нурданми, аллақандай қизғиш товланарди. Ташқарида аввал отнинг дупури эшитилди. Кейин қандайдир эркак кишининг қаттиқ-қаттиқ гапириши эшитилди. Бироздан кейин, ўсиқ юнгли чўгирма кийган барваста киши хонага кириб келди. Нургелди ҳолсиз бўлса-да ўрнидан инқиллаб туриб чўккалади. Келгувчи унга эътибор ҳам бермади.
– Шуларми? – сўради у ортига ўгирилиб.
Шунда унинг кенг елкалари ортида кўзга ташланмай турган кимса овоз берди.
– Ҳа, шулар, тақсир.
Нургелдига бу товуш таниш туюлди. Қаерда эшитганийкин.
– Аёл билан болани аравага олинг. Буни отга ўнгаринг, – буйруқ берарди барзанги. – Оқсоқолнинг қўлига тирик етказиш керак!
– Бош устига, тақсир! Ўрнингдан тура оласанми?
Шу пайт овоз эгаси келгувчининг ортидан чиқиб, кўриниш берди. Уни шум тақдири етаклаб юрганидан бери дуч келаётган кимсаларнинг яна биттасининг иркит башараси намоён бўлди. Яна ўша ғилай ва шилпиқ кўз, сийрак соқол, куя тушган пўстакка ўхшаган қош ва кинояли илжайиш қотиб қолган юз…
Унга қараб туриб, Нургелди барчасидан чарчаганини, барчаси тузсиз ошдек меъдасига урганини ҳис қилди. Энди унга барибир эди. Уни тушию ўнгида тақиб этаётган бу башараларга қаршилик кўрсатишга энди унда мажол қолмаганди. У ҳорғинлиқ ва лоқайдлик билан кимсанинг ортидан эргашди. Бешим оқсоқолнинг ҳовлисига етиб келганида ҳам онги фаромуш бўлиб анграйиб турарди…
… – Ҳа, Эрганжанинг ҳаромиси! Ўшанда сенинг бошингни олиб ташласам бўларкан, итвачча! Ўшанда жон бераётган энамнинг илтижоси ерда қолмасин, дегандим. Сен лаънати мени наҳсга ботиришингни туш кўрибманми! Отанг Эрганжа қароқчи, укамнинг бошини олиб, синглимнинг номусига теккани, шундан сен ҳаромини тўратгани каммиди?! Менглининг отасиз ўсгани етмаганидек, сен уни ҳам жувонмарг қилдинг!
Мункиллиб қолган оқсоқолнинг сўнгги йилларда бирорта қора толаси қолмаган энгак ости соқолига заҳардан-да аччиқ икки томчи ёш думалаб тушди.
– Ўлдир уни, Нормат, – деди тишлари орасидан чиқариб. Ўгирилиб эшик томон юрар экан, паст овозда қўшиб қўйди: – Учаласини ҳам!
…Негадир бола изсиз йўқолганди. Кейинроқ, одамлар бир қаландарсифат кимса уни етаклаганча саҳро томонга кетаётганини кўришганини айтиб юришди. Қаландарни батафсил тасвирлаб беришар, бироқ боланинг қандай кўринишдалигини айтолмасдилар…
Ҳа, у болани ўзи бино бўлган саҳрога олиб кетганди. Сотун шилпиқ чўпонни излаб топиши, унинг қизига уйланиши, ундан икки ўғил кўриши, вақти келиб, улардан саҳрони титратиб, карвонларни қон қақшатадиган қароқчилар қавми бунёд бўлиши битилган ўз қисмати изидан кетганди…
Ҳовлида қирқ чоғли одам йиғилган бўлса-да, оқсоқолнинг шивирлагандек паст товушда айтган икки жумласини барча эшитди. Ҳовлига ўлик сукунат чўкди. Барзанги Нормат негадир бирдан тетиклашиб қолган Жилвани ҳам қўллари боғлик Нургелдининг ёнига тиз чўктириб қўйди.
Бошини эгиб жимгина чўккалаб турган бандиларнинг олдида бир зум серрайиб турганидан кейин пичирлади: «Калима келтир, йигит!» Нургелди секин бошини кўтарди. Кун ботаётган томонга қаради. Уфқ негадир қип-қизил эди. Кўзларини қисиб бироз термулиб турди. Кейин Жилвага қаради. Жилва ҳам уфқдан кўз узмай турарди.
– Жилва, – шивирлади, йигит, – Жилва, мен Уни кўрдим! У кўринмоқда!
Жилванинг қонсиз юзи ҳаяжондан бўғриқиб кетди. Бирдан тилга кирди:
– Мен ҳам…
Норматнинг кескир қиличи Нургелдининг бўйнига зарб билан урилди. Бош тарвуздек уч-тўрт қадамгача думалаб бориб тўхтади. Унинг очиқ кўзлари ҳамон шафақ қоплаган уфққа термулиб турарди. Шу пайт қиличнинг иккинчи маротаба юмшоқ этга шилт этиб урилгани эшитилди ва ҳаммаси тугади.