Бу лаънати тўзон бошланишидан икки кунми, ё уч кунми олдин Оллоберди чол омонатини топширди. Худонинг қарғишига қолган шаҳарчани ўраб турган қумтепалар томондан ғалати ҳовур кўтарилар, шамол бу юртни буткул унутиб юборган бўлса керакки, онда-сонда учрайдиган буталарнинг шохлари ҳам зобитнинг олдида турган аскардек қилт этмас, осмон ҳам хира кулранг тусда эди. Биз болакайлар тикансимлар билан ўраб олинган, ҳар жой-ҳар жойда соқчи минораси қўққайиб турадиган шаҳарчадан бир амаллаб чиқиб олиб, бир неча чақирим наридаги, шўр ва сассиқ сувли зовурда чўмилиб қайтаётган паллада, Оллоберди чолнинг жон таслим қилаётганини кўриб қолдик.
Чол бетон панеллардан тикланган тўрт қаватли уйнинг биринчи қаватида бир ўзи яшар, бизнинг мактабда қоровуллик, гўлаҳлик қиларди. У кечқурунлари, ҳаво бироз салқин тортган пайтларда, уйга кираверишдаги йўлак ёнига ўрнатилган харракда ўтириб хаёл суришни яхши кўрарди. Бироқ, ўшанда у қоқ туш палласида, мис товадай қизиб турган харракда боши қийшайиб, ияк қоқиб турарди.
Чолнинг кўриниши даҳшатли эди: яғир дўпписи ёнга сурилиб, кирлигидан сарғайиб кетган оқ сочлари кўриниб қолган, оғзи қийшайиб, лабларидан қон аралаш кўпик сизар, кўзлари олайиб кетган эди. Манзара даҳшатли бўлса-да, ундан кўзимизни уза олмасдик. Биз қўрқа-писа ажал гирдобида қолган чолга яқинлашдик.
– Кетинглар бу ердан, – хириллади чол. – Кетинглар… Тўзон яқинлашмоқда…
Ҳолбуки, бир ҳафтадан бери бу саҳро шаҳарчасида қилт этган ожиз шабадага ҳам зор эдик.
– Мени тўзон олиб келганди… – хириллади чол, сўниб бораётган кўзлари билан бизга тикилиб, – Энди у қайтариб олиб кетади, шекилли…
Чол харракнинг суянчиғига ўзини ташлаб тиришди, кейин бир хўрсингандек ожиз товуш чиқарди ва боши шилқиллаб елкасига тушди. Биз қурбонининг ўлимини кутиб турган калхатлар каби уни ўраб тургандик. Ўлимнинг этни жунжиктирувчи совуқ нафасини ҳис қилиб, саратоннинг жазирамасида, қуёшнинг олов нафаси остида турган бўлсак-да, титраб кетдик. Кейин эса чолнинг мурдасини харрак-да қолдириб, тўрт томонга тирақайлаб қочиб қолдик.
Учинчи қаватга ҳансираб чиқиб, уйимизга кирдим. Отам ишдан келмаган, онам эса уч ойлик синглим билан андармон эди.
– Она-а, – дедим, ҳиқиллаб, – Она-а!
– Бақирма, – деди онам ярим шивирлаб, -синглингни зўрға ухлатдим. Нима илон-пилон кўриб қолдингми, бунча эловрийсан?
– Она, Оллоберди чол… Оллоберди чол ўлиб қолди!
– Нима? Қаерда ўлди? Нега ўлади?
– Йўлакнинг олдидаги харракда ўлиб қолди.
Онам бироз саросимада алланималарни пичирлаб, юзига фотиҳа тортди. Кейин менга ўгирилди.
– Ёнида ҳеч ким йўқмиди?
– Йўқ эди.
– Бир мўминнинг жасади кўчада қолмасин. Чопиб бориб комендантга айт. Тушундингми? Оллоберди бобо харракда ўлиб қолди, дегин. Кейин сандироқлаб юрмасдан уйга қайт.
Менинг ташқарига чиқишга, бундан ҳам ёмони, чол ётган харрак ёнидан ўтишга юрагим бетламасди. Онам тихирлик қилишимга эътибор бермай, нариги кўчадаги комендатурага жўнатди.
Комендант, сарғиш мўйловига тамаки ва ароқнинг омухта ҳиди ўрнашиб қолган, эллик ёшлардаги хомсемиз полковник, биз болалар “Василич амаки” деб атайдиган Алексей Васильевич Дудко, менинг ғўлдираганча, сўзларни чала ямлаб етказган хабаримдан кейин бошидан фуражкасини олиб, ўйланиб қолди. Кейин иккита аскар билан ўзининг шалоқ “УАЗ”ини бизнинг уй томонга жўнатиб, мурдани “Морг”га олиб боришни буюрди. Комендатурадан чиқаётганимда негадир кунботар уфқда хира туманлик пайдо бўлаётганига кўзим тушди. Бунга эътибор ҳам бериб ўтирмай уйга қараб чопдим.
* * *
Отам қамалганида мен икки ярим ёшда эканман. Тўққиз яшарлигимда отамга бироз енгиллик берилиб, қамоқда эмас, балки шу ёпиқ шаҳарчада ишлашга юборилди. Бунинг устига оиласини ҳам кўчириб олиб келишга рухсат берилгач, отам бизга хат йўллаб, ёнига чақирди. Онам бир қўли билан мени етаклаб, иккинчи қўлида оғир жомадонни кўтарганча йўлга тушдик. Менинг эсимда қолгани аввал автобусда қандайдир шаҳарга борганимиз, кейин вокзалда, қумурсқадек ғуж-ғуж оломон орасида сарсон-саргардон бўлиб юрганимиз, кейин бир амаллаб, поездга илашиб, лўлилар, ипирисқи дайдилар билан тўлиб тошган “обши” вагонда икки кун юриб шу овлоқ станцияга тушиб қолганимиз, у ерда эса иккита аскар қуршовида отам бизни кутиб олгани эди, холос. Отам бизни олиб келиб шу, учинчи қаватдаги бетон катак уйимизга ўрнаштиргач, шошганча яна ортга, ишига қайтиб кетди. Биз онам иккаламиз бегона уйда нима қилишни билмай серрайиб қолдик. Кейин мен барча эшикларни бир-бир очиб хоналарга кўз ташлай бошладим. Бирида кўрпа-тўшакли каравот, шкаф, стол ва учта стул, бирида каттакон лаган ва иккита ялтироқ жўмрак, бирида эса газ плитаси ва идиш-товоқлар, яна бири эса полига тўшалган эскироқ палосдан бошқа ҳеч нарсаси йўқ, бўм-бўш хона эди. Онам жомадонни шу хонага қўйди. Бироз ўйланиб турганидан кейин ошхонага ўтиб, коса-товоқларни юва бошлади. Газни ёқиб чой қўйди.
Кўрпачаларни тўшаб, момом туршак, жийда, қурут ва кулча тугиб берган олақуроқ дастурхонни очди. Биз жимгина чой ича бошладик.
Шу пайт эшик тақиллади. Онам сесканиб тушди. (Отамнинг қўлларини қайириб олиб кетишганидан бери онам оёқ остида қисирлаган хазондан ҳам қўрқадиган бўлиб қолган экан). У қалтираганча бориб эшик илгагини туширди. Эшик олдида тўладан келган, малла мўйловидан тамаки ва ароқнинг қўланса ҳиди анқиб турган ҳарбий кийимли киши ва аскар турарди.
– З-здрасти, хозяйка! – деди у билинар-билинмас чайқалиб. – С новосельем!
Онам ҳеч нарсага тушунмай, ўтакаси ёрилгудек бўлиб ортга тисарилди. Мен ҳам унинг кенг кўйлаги ортига бекиндим.
Ҳарбий киши билан елкасига автомат осган аскар ҳеч қандай такаллуфсиз ичкарига киришди. Аскар эшикни ёпди. Ҳарбий кимса худди ўз уйида юргандек бемалол ошхонага кирди ва курсига ўтирди. Аскар эса худди биз қочиб кетаётгандек, автоматининг қайишини чангаллаганча фахрий қоровулда ўтиргандек эшик олдида ғоз туриб қолди.
– Полковник Алексей Васильевич Дудко, комендант колонии У-я 126/74 ! – Таништирди ўзини ҳарбий киши. Онам унинг тилини тушунмасдан қалтираб турарди. Мен ўзимни анча босиб олгандим. Ҳарқалай олтинчини тугатганман. Рус тили муаллимамиз Альфия опанинг таърифи бўйича шу тилни ўзлаштириш бўйича мактабдаги энг иқтидорли ўқувчилардан эдим.
– Она, бу киши шу ернинг каттаси экан, бизнинг қандай жойлашганимиз билан қизиқяпти.
Онам менга кўзларини катта-катта очиб қаради. Бу “чулчут”нинг тилини уқишимга ҳатто онам ҳам ишонмасди.
– Ҳаммаси яхши, деб айт. Тезроқ кета қолсин.
Мактаб дарслиги бўйича рус тилини яхши ўзлаштирган бўлсам-да, ҳали бирор марта тирик ўрис билан гаплашиб кўрмагандим. Тутила-тутила гапирдим:
– Испасиба. Все хорошо.
Менинг рус тилида гапирганим Дудкога ёқиб тушди.
– Ну, ты молодец, парень! Как тебя звать?
– Баҳром, – дедим мен, энди онамнинг этагидан нарироқ сурилиб. Комендантнинг яхши муомаласи менда ўзимга нисбатан ишонч уйғотганди.
– Бах-храм, – деди у бироз қийналиб, – ты не против, если я тебе Борей зову?
– Нет, не против.
– Молодец, Боря! – У энди онамга ўгирилди. – У тебя славний парень, хозяйка! Вот мы и познакомились. Вечером Алик придёт, пусть заходит в комендатуру. Ты понял меня, Боря?
– Да, понял, дядя…
– Василич, – деди у. Кейин қўшиб қўйди: – Здесь детвора меня дядь Василичом кличит. И ты тоже так звать можешь. Ну, счастливо оставаться, хозяева. – Бурилиб кетар экан, яна бир карра менга эслатди. – Не забудь, Борь, Алик вечером заходит комендатуру.
– Не забуду, дядя Василич!
Кечқурун отам келганида комендантнинг келганини ва нималар деганини оқизмай-томизмай айтиб бердим.
– Сен рус тилини қаердан биласан? – ҳайрон бўлди отам.
– Мактабда “беш”га ўқиганман! – Мақтаниб қўйдим.
Отам улкан, темирдек қаттиқ қадоқли панжалари билан бошимни силади.
– Яхши! Бу ишинг зўр бўпти. Тилни билсанг бу ерда қийналмайсан. Тезда ўзингга ўртоқлар топиб оласан.
* * *
Отам тўғри айтган экан, кузда янги мактабга қатнай бошлаганимга кўп ўтмасдан ўзимга яраша ўртоқлар топиб олдим. Биринчи бор синфхонага кирганимда, қатор парталарда ўтирган болалар кўзимга бегона ва совуқ кўринган эди. Ўрта ёшлардаги тўладан келган оқ-сариқ аёл – рус тили ўқитувчимиз ва синф раҳбаримиз Лидия Александровна мени ўрта қаторда ёлғиз ўтирган, малла юзини сепкил босган, бўйи мендан бир калла баланд, суяги бузуқ қизнинг ёнига ўтқазаркан, таништирди:
– Болалар, бу сизларнинг янги синфдошларингиз Бахрам Абдуллаев. Умид қиламанки ҳали дўстлашиб кетасизлар.
Ўқитувчи ортига ўгирилиб, доскага машқнинг қолган қисмини ёза бошлаганида синфда мисли кўрилмаган шивир-шивир тўзони бошланиб кетди. Мен индамай сумкадан китоб-дафтаримни чиқариб партанинг устига қўйдим. Суяги бузуқ қиз менинг ҳар бир ҳаракатимни йирик-йирик мовий кўзларини янада катта очганча кузатиб турарди. Охир сабри етмай сўз қотди:
– Менинг исмим Маша…
– Меникини эса ҳозир эшитдинг, – дедим бироз қўрсроқ оҳангда.
– Исминг ғалати экан… – у бироз тутилиб қолди. – Бироқ, бизда сеникидан ҳам ғалати исмли болалар бор. Мисол учун, учинчи қаторнинг охиридаги болага қара, унинг исми Нур-дау-лет. Биз уни Давка деб атаймиз. Худди бўғма илонни атагандек.
Маша партада ёлғиз ўтириб роса зериккан кўринади, лаби лабига тегмай пичирларди. Мен у кўрсатган томонга қарадим. Учинчи қаторнинг сўнгги партасида бошқаларга нисбатан ёши каттароқ шекилли, баланд бўйли, полвон келбатли, ялпоқ ва кенг юзига унчалик ўтиришмаган митти қисиқ кўзлари йилтираб турган ўспирин ўтирарди. Маша яна алланималарни шошилиб гапира бошлаганида Лидия Александровнанинг қаҳрли овози эшитилди:
– Дудко! Агар яна шивирлай бошласанг, синфдан чиқариб юбораман!
– Кечирасиз, Лидалексанна. Бошқа қайтарилмайди, – деди Маша шоша-пиша ва жим қолди.
– Нима, сен комендантнинг қизимисан, ҳали? – сўрадим унинг фамилиясини эшитганим заҳоти.
– Ҳа, шунинг учун ҳам партада ёлғиз ўтирибман. “Зек”ларнинг болалари мен билан ўтиришни хоҳлашмайди, ярамаслар. – У ғижиниб, йириккина муштини қисиб қўйди. Кейин менга ўгирилди. – Сенинг отанг ҳам аристон, а? Сен мендан нафратланмайсанми?
Василич амаки менга ёмонлик қилгани йўқ. Танишган кунимиздан бошлаб бу хўппа семиз полковник менга содда ва самимий одам бўлиб кўринганди. Болаларга унинг нимаси ёқмаскан. Тушунмадим. Отаси ёқмаса, қизида нима айб.
– Йўқ, – дедим Машанинг сепкил босган юзига қараб. – Сен билан эндигина танишдим-ку. Нима учун нафратланишим керак.
Машанинг кўм-кўк кўзлари қувончдан порлаб кетди.
– Майлими, сени Боря деб чақирсам?
– Ихтиёринг. Отанг ҳам мени шундай деб атайди.
– Сен ҳали отам билан танишмисан?
– Ҳа, келган кунимоқ танишиб олганман.
Машанинг кўзларидаги қувонч алангаси бир зумда сўниб, ўрнини мубҳам, аллақандай ғуссали туманлик қоплаб олди.
– У отангни урдими? – бир оз тин олиб, ҳазин товушда сўради.
– Йўқ, – дедим бироз ҳайрон бўлиб, – нега унақа дейсан?
Маша оғир тин олди.
– Отам ичиб олган пайтларда кўзига ташланган аристонни резина таёғи билан дўппослаб қолади. Гап қайтарганини эса қамоққа ташлайди. Яқинда Давканинг отасини калтаклаб, майиб қилиб қўйишига сал қолди. Шунинг учун ҳам Давка мени ёмон кўради. Агар хилватда қўлига тушиб қолсам, ўлдириб кетишдан ҳам тоймайди, у!
– Лекин отанг унақа одамга ўхшамайди-ку?
– Ичмаган пайтларида яхши одам. Ичса, ҳайвонга айланади, қолади.
Орадан бир неча кун ўтди. Эътибор берсам, ҳақиқатан ҳам Машани ҳеч ким, ҳатто қизлар ҳам ўз сафларига қўшмасдилар. Янгилигимгами, ёхуд, тавқи лаънатга қолган Маша билан партадош бўлиб қолганим учунми, мен ҳам беихтиёр уларнинг нафрат ўқига нишон бўлиб қолгандим. Расман синфга “профессор” лақабли қилтириққина, кўзойнак тақиб юрадиган армани бола Гогик синфбоши бўлса-да, бироқ бутун синф, ҳатто қизлар ҳам муштумзўр Нурдаулет – Давка қозоққа қулоқ қоқмай бўйсунишарди. Бечора синфбоши эса унинг хос ғуломига айланиб қолганди. Машанинг айтишича уни қизлар орқаравотдан “Отнеси-принеси” деб аташаркан.
“Қизиқ, – хаёлимдан ўтди шу тобда биринчи партада ўтирган Гогикка назар ташларканман, – шу гавдасига шунча лақаб оғирлик қилмасмикан: “Профессор”, “Отнеси-принеси”, яна бунинг устига “Синфбоши” ҳам…”
Танаффусда бир четда туриб, тўполон қилаётган кичкина синф ўқувчиларини томоша қилиб турардим. Нарироқда эса Давка бошчилигидаги бир нечта ўғил болалар ниманидир қизғин муҳокама қилишар, аҳён-аҳёнда мен томонга қараб-қараб қўйишларидан, суҳбат менинг синфда қўққисдан пайдо бўлиб қолишим тўғрисида эканлигига ишончим комил эди. Мен табиатан камсуқум боламан. Одамлар билан тез киришиб кета олмайман. Тортинаман. Шу тортинчоқлигимни яшириш учун хўмрайиб оламан. Худди бу “ялангоёқ”ларни писанд қилмаётгандек кўрсатаман ўзимни. Бу қилиғим менга кўп панд берган. Бир неча бор калтак еб қовоқларим остини кўкартириб ҳам юрганман. Бироқ бу одатдан қутулолмайман сира. Ҳозир улар ҳам бу ғўддайган олифтанинг адабини бериб қўйишни ўйлаётган бўлсалар керак. Аччиқ тажрибамдан биламанки, улар бу ишни танаффусда, мактаб ҳовлисида амалга оширишмайди. Балки, шаҳарчанинг биронта хилват гўшасида ора очди қилинади. Улар ҳамон ниманидир қизғин муҳокама қилишарди. Охир-оқибат келишиб олишди, шекилли, бир-бирларига қўл ташлашди.
– Бўлди, – хаёлимдан ўтди, – энди ичларидан биронта нотавонроқни “элчи” қилиб жўнатишади.
Айтганимдек бўлди. Синфбоши Гогик менга яқинлашиб кела бошлади.
– Боря, – деди у кўзойнак остидан қора кўзларини аланг-жаланг ўйнатиб, – юр, гаплашиб олишимиз керак.
Биз четроққа ўтдик.
– Давкага сенинг комендантша билан ош-қатиқ бўлиб юришинг ёқмаяпти! – деди у қарийб шивирлашга ўтиб кетаёзган паст товушда. – Бу ишга шу бугуноқ барҳам беришингни талаб қиляпти!
– Ким? – дедим ўзимни гўлликка солиб, – ким талаб қиляпти?
Гогик худди кирланиб кетгандек кўзойнагини ечиб, чўнтагидан оппоқ рўмолчасини чиқарди ва ҳафсала билан ойнакларини артиб чиқди. Кейин авайлаб узун қирра бурнининг устига қўндирди.
– Наҳотки тушунмаган бўлсанг?! Давка талаб қиляпти!
– Агар Давкангнинг талабини бажармасам-чи?
– Унда ўзингга қийин бўлади.
Ичимдан зил кетиб турган бўлсам-да сир бой бергим келмади. Олифталарча четга “чирт” этиб тупурдим-да, бамайлихотир қўл силкидим:
– Бошга тушганини кўз кўради, – дедим катталардек салмоқлаб ва синфхонага томон юрдим.
Гога етти йилдан бери шу синфда ўқиб, шу етти йил давомида синфнинг тан олинган “қироли”га садоқат билан хизмат қилиб юриб бунақа “қаҳрамонлик”ни илк бора кўриб турган бўлса керакки, кўзларини ҳатто кўзойнакдан чиқиб кетгудек қилиб чақчайтирганча ортимдан ҳангу манг қараб қолди.
Вазият анча таранг эди. Муаммони дипломатик йўл билан ҳал қилишнинг ҳали ҳам имкони сақланиб қолганди-ю, бироқ… Мен Давканинг барча шартига кўнсам ва ҳамманинг олдида ундан кечирим сўрасам, олам гулистон бўлишини Гогик бир неча марта қулоғимга қуйди. Лекин мен мағрурлик тахтидан тушмай ҳар сафар бечора синфбошига беписандларча қўл силтаб қўярдим.
Ҳамма тан олган зўр – Давка қозоқдан қўрқмасмидим? Йўқ, ўлгудек қўрқардим. Ҳатто, сўнгги кунларда у тушларимга кирганида алаҳлаб уйғонадиган бўлиб қолдим. Кун қоронғилашганида остона ҳатлашга юрагим дов бермасди. Ҳар кўринган қора қўйнига ўткир пичоқчасини яшириб пойлаб турган Давка қозоқ бўлиб кўринаверарди.
Мактабда эса ичимдагини сиртимга чиқармай, яна ўша мағрур ва беписанд қиёфага кириб олардим. (Тўғрисини айтсам, бу қиёфага киришнинг ўзи бўлмасди). Бу қиёфа Давканинг нотавон югурдаклари ва қизлар ўртасида анча-мунча обрў қозонишимга ҳам сабабчи бўлди. Тўғри-да, кимсан даҳшатли Давка қозоқнинг дағдағасини бир тийинга олмаган яккаю-ягона кимса мен эдим-да. Худди шу обрўни тўкиб қўйишдан қўрқишим, Давканинг калтаклашидан қўрқишимдан бир неча баравар катта эди ва менинг мағрур қиёфамни сақлаб туришимга кўмак берарди.
Шундай, асаблар таранг тортилган кунлардан бирида Машанинг қўлларимга тез-тез разм солаётгани эътиборимни тортди.
* * *
Отам қамалганида мен икки ярим яшар гўдак бўлганлигимни айтгандим. Орадан беш йил ўтганида мен иккинчи синфни тугатиб учинчи синфга ўтгандим. Турмушнинг бутун ташвиши онамнинг елкасида. Яримжон кекса момом билан мени оқ ювиб, оқ тараб боқарди. Бухородаги аллақандай техникумда ўқийдиган Абдурайим амакимнинг ташвиши ҳам онамнинг бўйнида. Ўн беш кун, бир ойда бир келганида онам унинг чўнтагига тўрт-беш сўм пул тиқиб юборишини биламан.
– Обунага бир сўм пул сўрасам бермайсиз-да, амакимга бус-бутун бешталикни қистириб юборасиз! – деб ғишғиша бошлаганимда онам жеркиб берарди:
– Сен ўз уйингда юрибсан, тирмизак! Амакинг эса мусофирчиликда. Унга пул керак!
Тўшакда ётган момом менинг хархашамни эшитган чоғи ичкаридан овоз беради:
– Баҳромжон, болам, буёққа қаравор.
Мен секин момом ётган уйга бош суқаман. У ёстиққа суяниб ўтиради. Камзулининг чўнтагини кавлаштириб иккита ўн тийинлик чақа олиб менга узатади.
– Ма, болам, хўрозқанд оласан. Ҳали отанг келсин, ўзим сенга кў-ўп пул олиб бераман.
Шоша-пиша момомнинг қўлига ташланаман. Отамни эса эслай олмайман. Лекин ҳали-вери келмаслигига ақлим етади.
Мактабдан келасолиб, чала-чулпа чой ичганча, чоғроқ болтани елкамга қўйиб, тўрт тиррақи эчки ва беш қўйни олдимга солиб дарё бўйига йўл олардим. Кечгача қўйларни тўйдириб, бир боғ юлғунни елкалаганча уйга қайтардим. Эсимни танибманки, шу қўйларнинг ортидаман. Яна тандир-ўчоқни ўтин билан таъминлаш ҳам менинг бўйнимда. Баъзан жонимга тегиб кетади. Бор-эй, деб барчасига қўл силтаб, чимзорда тўп тепаётган болаларга қўшилиб кетгим келади. Бироқ, онамнинг таппи ёпаверганидан, гилам тўқийверганидан тараша-тараша ёрилиб кетган қўллари кўз олдимга келиб, фикримдан қайтаман. Бор кучим билан юлғун поясига болта ураман.
Қиш чилласида момом ўсал бўлиб қолди. Онам югургилаб Улжон табибни бошлаб келди. Табиб хола момомни обдон кўздан кечирганидан кейин бошини чайқаб тилини чуқиллатди.
– Келин, момони анча чарчатиб қўйибсиз. Иллат ўпкаларида. Асал топиладими?
Онам индамай ерга қаради.
– Асал ҳозир отлиққа йўғ-у…
– Топмасангиз бўлмайди, келин. Момонинг куракларига асал ёпиб, иллатни ҳайдаймиз.
– Майли, хола. Шу зормандани топсак, момо тузаладиларми?
Табиб холанинг бироз жаҳли чиққандек бўлди.
– Мен сизга Худомидим, келин! Худо шифо бераман, деса, мен бир сабабчиман-да, ўргулай. Сиз асални топинг, Худо хоҳласа, момо кўрмагандек бўлиб кетадилар. Ҳа, айтганча, истансадаги Рауф нўғойдан сўратинг. Шунда топилади.
Рауф нўғойни мен танирдим. Газета қоғозига тамаки ўраб чекадиган жиззаки чол. Темирйўл бўйидаги кичкина ҳовличасида асалари боқади. Бир банка асални икки шиша ароққа алмаштирганини кўрганман.
Табиб хола кетди. Онам ортидан минғирлаб қолди:
– Рауф нўғойда асал борлигини ўзим билмайманми? Қани унга берадиган пул? Насияга кўнармиди у тиррақи…
Эрназар полвон невараларига курашли тўй беряпти. Кун совуқ бўлишига қарамай даврага югурдик. Қисилиб-сурилиб давранинг олдинги қаторига ўтиб, чордона қуриб ўтириб оламиз. Биз – бу, мен билан Равшан. Бурнимизни камзулнинг енгига артганча тезроқ олиш бошланишини кутамиз. Иккита чолни ёлғондакам олиштириб, даврани бошлаб олган баковул энди болаларни кураш тушира бошлайди. Шунда кимнингдир бақувват панжалари мени ердан узиб давранингдир ўртасига олиб чиқади. Бу панжалар отамнинг энг яқин ўртоғи Ниёз амакимники бўлиб чиқади.
– Полвон бова, – дейди у баковулнинг тирсагидан тортиб, – бизнинг полвончага мос бир рақиб топинг.
Баковул менинг қўлимдан ушлаб даврани айлантиради.
– Баҳром полвонга талабгор борми?! – деб ҳайқиради.
Бир зумда тўрт-бешта талабгор даврага чиқади. Разм соламан. Барчаси мендан бир-икки ёш катта болалар. Зил кетаман. Бироқ билинтирмайман. Баковул қўшни қишлоқдан Зокир деган болани менга рақибликка танлайди. Зокирни танийман. Биздан бир синф юқори ўқийди. Хўппа семиз, шунга яраша кучиям бор. Усулни яхши билмайди. Кучига ишонади. Агар қўлига тушсанг мижғилаб ташлайди. Чап бериб, ёқангни тутқазмай олишсанг, тез чарчайди.
Баковул зотни эълон қилди:
– Баҳром полвонга Зокир полвон талабгор бўлди. Буларнинг зоти уч сўм пул! Қани, полвонларим, ҳалол олишинглар.
“Уч сўм пул. Буни Рауф нўғойга элтиб берсам, ҳеч бўлмаса ярим банка асал берармикан?” Зокир бақалоқнинг ортидан даврани айланарканман, хаёлимдан шу сўзлар ўтади. Нима қилиб бўлса ҳам Зокирни йиқитишим керак. Менга, тўшакда бир бурдагина бўлиб ётган момомга шу пул керак.
Зокир бақалоқ сузонғич буқадек устимга бостириб келади. Чап бераман. Унинг ёқамга узалган қўллари муаллақ қолади. У ғазабланиб бўғриққанча яна ташланади. Чап бера туриб оёғига қоқма бераман. У юзтубан қулайди. Даврани қийқириқ босади.
– Ҳе, яшавор, ота ўғил!
Бу Ниёз амакимнинг овози эди. Баковулнинг гулдираган товуши қий-чувни босади:
– Бу полвонларнинг зоти ошди! Ниёзбой Баҳром полвон учун яна уч сўм қўшди! Бу полвонларнинг зоти олти сўм бўлди! Эшитмадим демангла-ар!
Зокир чарчади. Елкасидан нафас ола бошлади. Чангалида ҳам куч қолмади, шекилли, ёқамдан ушлаганида кескин силтаб ташладим. Бармоқлари шалвираб, ёқамдан ажралди. Пайти келганди. Унинг ёқасидан икки қўллаб чангалладим ва шу заҳоти тиз чўкиб елкамдан ошириб юбордим. Зокирнинг оғир гавдаси қипиқ тўкилган ерга гурсиллаб тушди.
– Ҳалол!
Мен чўнтагимга улкан бойлик – иккита яшилтоб уч сўмликни яширганча истансадаги Рауф нўғойнинг уйига қараб учиб кетдим.
* * *
Қўлларим болалигимдан иссиқ-совуқ кунларда болта ушлаб ўтин чопаверганимдан қорамтир, серқадоқ ва гавдамга нисбатан катта эди. Уялганимдан қўлларимни парта остига олдим. Унинг разм солаётганини сезиб қолганим учунми, Маша “дув” қизарди.
– Сен самбо билан шуғуллангансан-а? –сўради у бироз ўнғайсизланиб.
Самбоси нима эканлигини бироз биламан. Лекин у менга ёқмайди. Баъзи томонлари ўзимизнинг курашга ўхшайди. Лекин унда ётиб олиб ҳам олишавераркан. Қўлни, оёқни қайиришлари ҳам бор. Шуниси бизга тўғри келмайди. Мардмисан, тикка туриб олиш-да!
– Унчаликмас…
– Камтарлик қилма. Ҳамма сени самбист бўлса керак, деяпти. Агар самбист бўлмасанг, нега Давкадан қўрқмаяпсан?
– Сенингча Давкадан қўрқмаслик учун фақат самбист бўлиш керак эканми?
– Гапни айлантиряпсан. Гогик сени самбист, тўрт-бештани бир ўзи чалпак қилиб ташлай олади. Шунинг учун ҳам доим ғўдайиб, ҳеч кимга қўшилмай юради, деди.
Мен қачондир Давка қозоқ билан рўпара келишимга ишонардим. Давкага ўхшаган болалар ё сени енгиб букиб олиши, ё енгилиб, тан бериши керак. Бўлмаса ўртада пинҳоний жанг давом этиб келаверади. Лекин ҳал қилувчи жанг ортга сурилаверди. Давка ё бир зарб билан тарозининг посангисини ўзи томонга оғдириб олишга пайт пойлаяпти, ё бўлмасам, менинг ортимдан юрган миш-мишларга ишониб очиқ жангга чорлашга журъати етмаяпти… Мен эса тезда орани очиқ қилишни хоҳлардим. Аросатда, гумон ва таҳликада юриш жонимга текканди. Яна икки кун чидайман, деб ўзимга ўзим сўз бердим, шундаям бошламаса, ўзим бошлайман!
Кечқурун отам одатдагидан анча эртароқ ишдан келди. Кайфи чоғ, кўзлари йилтираб турарди. Онам ошхонада картошка арчар, мен эса каравотга чалқанча чўзилганча грамматикадан аллақандай мужмал, тушуниксиз қоидани ёдлаб ўтирардим.
– Баҳром! – Бор овози билан шанғиллади отам. – Буёққа чиқ!
Мен китобни тумба устига ташлаб коридорга чиқдим. Отам қўлидаги қоғоз пакетни менга тутқазиб, ўзи қўпол ботинкаси билан пахталигини еча бошлади.
– Ошхонага олиб кир. Бугун сизларга бир қўлбола ош қилиб берай!
Бизнинг шовқинимизга онам чиқиб келди. Қўлида чала артилган картошка.
– Нима? Ош? Мен макарон шўрва қилаётгандим.
– Йўқот макарон шўрвангни. Бугун ош қиламиз!
– Иби, қандай йўқотаман? Қозонга солиб бўлдим-ку!
– Обориб Ванянинг чўчқаларига бериб кел!
Биринчи қаватда турадиган Ваня амаки уйнинг ҳовличаси бурчагида бостирмача қуриб олиб чўчқа боқарди. Шу важдан Худонинг берган куни Оллоберди чол билан жанжал қилар, чол унинг устидан комендантга бир неча бор арз қилган, бироқ Ваня амаки комендантга битта чўчқа боласи ва бир шиша самогон бериб сувдан қуруқ чиқиб кетар ва бемалол тўнғизларини парваришлар, ҳовлини қўланса исга бостириб юраверарди.
– Э, Худо олсин у ислиқини. Ҳалол ошимни ҳаром қилиб унинг тўнғизларига едираманми! Ана балконга чиқариб қўйсам туради. Эртага пишириб берарман.
– Билганингни қил. Беш минутдан кейин қозон тайёр бўлсин!
Отам бугун маошга қўшиб мукофот ҳам олибди. Пулнинг чўғи анча баланд эканлиги қулфи-дилини очиб юборган шекилли, “Мехцех”даги (отам комбинатга қарашли механика цехида чилангар-уста бўлиб ишларди) улфатлари билан мукофотни ювиб, юзта-юзта отгач, шаҳарчадаги яккаю ягона гастрономга кириб ошнинг масаллиғини олганча уйга чопибди.
Отам қаппайиб турган чўнтагидан бир даста қизил ўнталикни олиб стол устига қўйди.
– Ма, Баҳром билан ўзингга қишлик бирон нарса оларсан.
Онам секин пулни олди-да пичирлаб санай бошлади. Кейин бир қисмини ажратди.
– Отаси, буни қишлоққа, момога жўнатамиз.
Отам унга ҳайрон қаради.
– Нега? Яқинда жўнатгандинг-ку. Ўзингга пальто, Баҳромга этик билан қулоқчин олмоқчи эдинг…
– Биз бир кунимизни кўриб турибмиз. Уёқда момо нима қилдилар экан… Ҳали Абдурайим уйланиши керак.
– Абдурайим… Абдурайим! – Жаҳли чиқади отамнинг. – Йигирма бешга кирди у! Ҳалигача онамнинг пенсиясига кўзини тикиб мўлтираб туради! Онам билан иккаланг шу болани ёмон эркалатдиларинг-да!
Онам тўғраётган сабзисидан қўлини олиб отамга ғалати қарайди. Отам бир зумда совийди. Билганингни қил, дегандай қўлини силтаб қўяди. Онам апир-шапир сабзини тўғраб бериб, кўчага ошиқади. Почтахона ёпилмасдан улгуриши керак.
Ошхонада отам билан иккаламиз қоламиз. Отам қизиб турган қозонга бўлакланган думбани ташлаб жаз бўлгунча қовуради. Кейин жазни сузиб олиб устига туз сепади. Қозонга тўғралган пиёзни ташлайди. Ошхонани хушбўй, иштаҳани қитиқловчи пиёздоғ ҳиди тутади.
– Баҳром, анавини олиб кел, бўлмаса ошимиз бемаза бўлиб қолади.
Мен шкафдан шиша билан стаканни олиб стол устига қўяман. Отам тиши билан шишанинг алюмин қопқоғини суғуриб олади ва стаканни яримлатиб қуяди. Худди шуни кутиб тургандек эшигимиз жиринглайди. Отам ғўлдираб сўкинганча стаканни бошига кўтараркан менга кўзлари билан ишора қилади. Эшикнинг ортида тиржайганча юқори қаватда турадиган Мишанинг отаси Сергей амаки турарди.
– О, Алик! – шанғиллайди у. – Значить сегодня пловний день!
– Заходи, Сергей, – дейди отам унча ёқтирмай.
Сергей амаки пилдираб келиб курсига чўкади. Қўйнини титкилай бошлайди. Отам унга эътибор қаратмай қозондаги гўштни кавлайди. Лаганга уйиб қўйилган сабзини қозонга ағдариб қопқоқни ёпади. Қўлини сочиққа арта-арта келиб унинг рўпарасига ўтиради.
– Ичасанми?
Сергей амаки ёйилиб илжайганча қўлларини ёяди. Отам шкафдан иккинчи стаканни олиб столга қўяди ва ҳар иккаласини яримлатиб ароқ қуяди. Сергей амаки қўйнидан битта узунчоқ бодринг билан битта помидор чиқаради. Отам туз сепилган жазли тарелкани унинг олдига суради. Бундан кейин нима бўлишини ёддан билганим учун ўрнимдан туриб нариги хонага ўтаман. Тумба устидаги титиғи чиқиб кетган грамматика қоидалари китобини қўлимга оламан.
Улар шишани қуритишади. Иккала улфатнинг феъли-хўйи турлича. Сергей амакининг кайфи ошгани сари сергаплашиб, шанғиллай бошласа, отам аксинча ҳар бир қуритилган қадаҳдан кейин тундлашиб, индамасга айланиб боради. Шу нарса майхўрлик давраларида тез-тез бўлиб турадиган жанжал ва муштлашувнинг олдини олади. Сергей амаки вайсаб-вайсаб чарчагач, энг асосийси шиша бўшаб, уй хўжаси иккинчи шишани қўймаслигига ақли етгачгина кетиш тараддудига тушади. Отам индамай уни кузатиб қўяди. Сергей амаки кета кетгунча подьездни бошига кўтариб шанғиллайди:
– Алик, ты золотой парень! И твои руки тоже золотые!
Отам индамай эшикни ёпиб ичкаридан занжирлайди. Ташқаридан Сергей амакининг мастона ғўлдираши эшитилиб туради:
– Шундай тилла йигит бу Худо қарғаган жойда нима қилиб юрибди? Ту-шу-нмай-ман! Не понимаю!
Отам индамай бориб қозонга гуручни босади. Кейин идиш-товоқ турадиган шкафни узоқ кавлаштириб ярми ичилган ароқ шишасини топади ва уни бошига кўтаради. Тамакидан сарғайган мўйлови шалпайиб қолади. Газагига босиб-босиб “Беломорканал” тортади. Ошхонани пиёздоғ ҳидига омухта бўлиб тамаки ва ароқнинг ачимсиқ ҳиди тутади. Кўнглим айнийди. Деразанинг бир тавақасини очиб юбораман. Хонага кеч кузнинг қор ҳиди анқиб турган сарин ҳавоси ёпирилади. Отам шундагина ўзининг ёлғиз эмаслигини, хонада мен ҳам борлигимни сезиб қолади. Папирос қолдиғини деразадан отиб юборади. Шишани олган жойига қайта яширади. Дераза олдида кўксини совуқ ҳавога тутиб бир дам туриб қолади. Кейин менга ўгирилади. Унда кайфдан асар ҳам қолмаган бўлади.
– Хўш, ўқишлар қалай? Янги мактабингга ўрганиб қолдингми?
– Ёмонмас, – дейман руҳсизгина. – Чидаса бўлади.
Кўз олдимда Давканинг совуқ башараси пайдо бўлади.
– Тўғри, – дейди отам, кўзимга қаттиқ тикилиб. – Чидай олгангина якунда ғолиб бўлади.
Шунда кундуз куни икки кун чидашга ва Давка жим юраверса жангни ўзим бошлашга қарор қилганимни эслаб уялиб кетаман.
Қарийб икки ҳафтадирки, асаблар жангги давом этарди. Давка зимдан босим ўтказар, қарийб ҳар куни Гогик менга Давканинг қандай кучга эга эканлиги, ҳатто юқори синфларда ўқийдиган нечта жўжахўрознинг эсини киритиб қўйганлигини шипшир, у билан сан-манга бормасдан, айтганини қилиш энг тўғри йўл эканлигини уқтиришга ҳаракат қиларди. Мен эса ҳамон ўша-ўша, Гогикка юқоридан кибрли нигоҳ ташлар ва олифталарча “чирт” этиб тупурар ва “чепуха” деб қўярдим. Вақт менинг фойдамга ишлаётган эди. Олдин бутун синф Давкага сўзсиз бўйсунган ва унга ишонган бўлса, менинг бўйсунмаслигим уларнинг ишонч қалъасини зимдан емира бошлаган эди. Давкага бўйсунмасдан ҳам яшаш мумкин эканлигига мен яққол мисол эдим. Кечагина қулдек хизмат қилган югурдаклари унинг буйруғини оғриниб бажаришар, баъзи бир журъатлироқлари эса бажармай қўя қолишарди.
Кутилмаганда Гогик қалтис қадам қўйди. Уч-тўртта ўзига ўхшаган ўртоғи билан мен томонга ўтганини тантанавор эълон қилди. Бу ҳодиса дарсдан кейин, синф раҳбаримиз Лидия Александровна билан биргаликда ўтказадиган синф мажлисимизда юз берди. Синфбоши сифатида сўзга чиққан Гогик, менинг аълочи ва фаол ўқувчи, яхшигина спортчи эканлигимни мақтаб, синфдан ташқари спорт мусобақалари ўтказишга масъул синф фаоли қилиб сайлашни таклиф қилди. Шу орада олдинги фаол Давканинг ўзлаштириши пасайиб кетганлигини, хулқи ҳам синф фаоли деган масъулиятли вазифага мос келмаслигини таъкидлаб ўтди. Мен синф фаоли бўлиб сайландим. Бу Давканинг мавқеига қақшатқич зарба бўлиб тушди. Эртасига эрталаб мактабга келар эканман, ҳовлида Гогик билан бирга етти-саккиз бола тўпланиб турганини кўрдим. Нарироқдаги Давканинг тўпи эса анчагина сийраклашиб қолганди. Гогик мен билан биринчи бўлиб саломлашди.
– Боря, бугун навбатчиликка кимни қўяй? – сўради у ялтоқланиб.
– Синфбоши сенсан. Кимнинг навбати келган бўлса, ўшани қўясан-да!
– Бугун аслида сенинг навбатинг келган, – деди у айёрона кўз қисиб.
– Бўпти, – дедим тўнғиллаб, – навбатим келган бўлса қилавераман.
– Э, йўқ, – деди қилпанглаб йўлимни тўсганча, – сен кечадан бошлаб синф фаолисан. Турган гапки, фаоллар навбатчиликдан озод қилинади. Бугун Давка навбатчилик қилади. У энди фаол эмас.
“Билганингни қил!” дегандай қўл силтадим ва ичкарига кириб кетдим.
Навбатчилик масаласи Давканинг шу пайтгача тўлиб юрган сабр косасини тошириб юборибди. У очиқ жангга ўтишга қарор қилибди. Катта танаффусда ундан ультиматум келди. Агар барчасини эски ҳолига қайтариб чекинмасам, у ҳолда уруш бўлиши муқаррар экан. Давка ўзига хос тарзда ён ҳам берибди. Ундан узр сўраш мажбуриятидан озод қилибди. Яна ўз ҳолимча юраверишим мумкинлигини, ўзига бўйсунишга мажбурламаслигини ҳам писанда қилиб ўтибди. Фақат унинг мулкига (менимча у ўзининг хизматини қилиб юрадиган югурдакларини назарда тутган бўлса керак) кўз олайтирмасам бас, экан. Акс ҳолда уруш. Жанг майдони қилиб ёзги кинотеатрнинг орқа томонини белгилабди. Дарсдан сўнг ўша ерда очиқчасига гаплашиб оларканмиз.
Мана, ниҳоят мен бироз хавотир ва қўрқув билан кутган кун ҳам етиб келди. Сўнгги дарс тугагунча бу хабар бутун синфнинг қулоғига етиб улгурди. Ҳамма дарс тугашини сабрсизлик билан кутарди. Ниҳоят орзиқиб кутилган қўнғироқ чалинди. Давка ва унинг югурдаклари тезда китоб-дафтарларини йиғиштириб чиқиб кетишди. Қолганлар эса менга кўз ташламасалар-да, чиқишимни кутиб имиллаганча сумкаларини йиғиштиришарди. Сумкамни елкамга илиб, синфдан чиқдим. Ортимдан гуриллаб бутун синф қўзғолди. Кўчада кетатуриб йўлимни чапга солдим. Ёзги кинотеатрга орқа томондан бормоқчи эдим. Ортимдан оёқ товушлари эшитилди. Жўрттага орқага қарамасдан қадамимни тезлаштирдим.
Кинотеатрнинг орқасида Давка тўрт ўртоғи билан кутиб турарди. Давканинг қўлида ҳе ўша, менинг тушларимга кириб чиқадиган ўткир пичоқча, қолган шотирлар эса оқ қайин ёғочидан (бу шаҳар руда қазиб олиш ва уни қайта ишлашга мослашгани учун, шахталарга тиргак вазифасини ўтайдиган оқ қайин ғўлалари ҳамма жойда сочилиб ётарди) ясалган мустаҳкам гаврончўплар билан қуролланиб олишган эди. Рақибнинг тиш-тирноғигача қуролланганини кўриб баданимдан совуқ тер чиқиб кетди. Лекин энди ортга йўл йўқ эди. Тиззам қалтираётганини билинтирмаслик учун янада шахдамроқ юриб уларга яқинлашдим. Давка ҳам икки қадам олдинга юрди.
– Боря, менинг таклифимни ўйлаб кўрдингми?
– Ҳа.
– Розимисан?
– Йўқ.
– Қайсар бола экансан. Ҳалиям кечмас. Менга қўшил. Ўнг қўлим бўласан. Биров пишагингни пишт демайди.
– Бировларнинг қўли, ё оёғи бўлиб ўрганмаганман.
– Унда уруш бўлади!
– Ихтиёринг.
Давка менга еб қўйгудек тикилди. Мен ҳам кўзимни лўқ қилиб унга қараб туравердим. Ниҳоят унинг унинг киприклари пирпиради. Бу менинг илк ғалабам эди.
– Нима, сен қўрқмайсанми?
– Йўқ.
Унинг ўнг қўл бармоқлари букила бошлади. Демак, у тўсатдан мушт тушириб қолмоқчи. Мен эса чапақайман. Буни Давка билмайди. Бу менинг “кузирим”. Унинг мушт бўлиб тугилган ўнг қўлини кўздан қочирмай ярим қадам ортга чекиндим. Буни Давка қочиш деб ўйлади шекилли, олдинга ташланиб, ўнг қўлини сермади. Мен лип этиб қўлтиғининг тагидан ўтиб олдим ва шу заҳоти чап қўлим билан чаккаси ва бўйнининг туташган жойига тушириб қолдим. Давка гурсиллаб қулади.
– Нокаут!
Шундагина ортга ўгирилдим. Ортимда қарийб бутун синф, қиз-ўғил аралаш чувиллашиб туришарди.
Давканинг қулаганини кўрган шотирлари аллақачон қуённи суриб улгуришганди. Жанг майдонида бечора рақибимнинг бир ўзи қолган. Бунинг устига тупроққа қоришган ҳолда. Мен унга қўлимни чўздим. Давка бир зум менга ғазабли нигоҳ ташлаб турди, бироқ охир-оқибат қўлимдан ушлади. Тортиб турғаздим. Курткасига илашган хас-хашакни қоқиб ташлашга кўмаклашган бўлдим. Қўлини қўйиб юбормай кўзига тик боқдим.
– Ярашми?
У бир зум тин олди. Кейин қўлини бир силтаб жилмайди.
– Яраш.
Бизнинг саргузаштларга бой, ажралмас дўстлигимиз худди шу дақиқадан бошланган эди.
* * *
Отам анчадан бери ичмай қўйган. Башараси тунд, қовоғини солганча тишининг оқини кўрсатмай юради. Уйга келганида ҳам ярим коса макарон шўрвани иштаҳасиз ичар, босиб-босиб арзон ва аччиқ “Беломорканал”ни тутатар ва кириб ётарди. Отам уйда пайти ҳатто қадам товушини чиқаришга ҳам қўрқардик. Шивирлашиб гаплашардик. Юрагим сиқилиб кетарди. Уйда ўтиргим келмай қолар, бирон нарсани баҳона қилиб ташқарига отилардим. Кўчани кесиб ўтиб нариги кварталга, Давканинг олдига чопиб қолардим. Давка эса ҳовлидаги болалар майдончасидаги темир ҳалинчакни ғичирлатганча учиб папирос тутатиб турган бўларди.
– Кел, Боря, – сурилиб жой беради у. – Сеникиям ичяптими?
– Э, йўқ, – дейман хўрсиниб, – қайтага ичгани яхши эди. Сиқилиб кетяпман.
Давка папиросни чуқур тортади. Кейин оғзидан паға-паға тутун чиқаради.
– Чекасанми? – У ярми чекилган папиросни узатади.
– Йўқ, – дейман, қўлини қайтариб, – чекиб бўлганман.
Икки ойча олдин илк марта тамаки тутунини тортганим эсимга тушади. Ўшанда аччиқ тутундан бошим айланиб, кўнглим айниган, роса қайт қилгандим.
– Ўзинг биласан.
Давка папиросни сўнгги бор тортади ва қолдиғини ирғитиб юборади.
– Меники ичяпти. Уч кундан бери. Тинимсиз. Кеча онамни дўппослади. Бугун эса комендант уни. Нима қилишга ҳайронман.
Охиргисига мен тасодифан гувоҳ бўлиб қолгандим.
Онам пул бериб, бир шиша ёғ олиб келиш учун гастрономга жўнатди. Ишдан кейинги вақт бўлгани учунми, гастроном гавжум эди. Одамлар икки қатор бўлиб навбатга туришарди. Иккита сотувчи хотин қўли-қўлига тегмай мижозларга хизмат қилишар, бироқ шунда ҳам қатордан норози ғўнғиллаган товушлар эшитилиб турарди. Мен индамай бориб қаторнинг охирида турдим. Энди бир-икки қадам силжигандим ҳам, сафнинг ўртароғида тўполон кўтарилди. Бўйнимни чўзиб қарадим. Тўполоннинг эпицентрида Давканинг отаси Қўнисбай амаки турарди. Оғзида учи чайналган папирос буруқсир, қўлидаги қизил тўрхалтадан винодан бўшаган бир нечта шишанинг оғзи чиқиб турарди. У ҳадеб чувиллашаётган ўрис хотинларга ўзининг шу қаторда туришга ҳаққи борлигини тушунтиришга ҳаракат қиларди. Сотувчи хотинлар эса бу ерда чекиш мумкин эмаслигини айтиб дўкондан чиқиб кетишни талаб қилишар, Қўнисбай ҳам агар фуқаролик ҳуқуқлари тикланмайдиган бўлса худди турган жойида очлик эълон қилишини айтиб дағдаға қиларди. Шу пайт гастрономга яхшигина ютиб олганидан бўлса керак, сарғиш мўйлови шалпайиб, ташлаган қадами мўлжалга етиб-етмай тушаётганидан бироз гандираклаб қолган комендант икки аскар кузатувида кириб келди.
– Бу нима тўполон!? – дағдаға қилди хўппа семиз полковник. – Давай, тез тарқалинг!
– Ўртоқ полковник, – деди малла сочли, тўладан келган аёл, – Манави гражданин ичиб олиб, жамоат тартибини бузмоқда! – У қўлларини бигиз қилиб Қўнисбайни кўрсатди.
Қўнисбай эса бирдан ҳушёр тортиб, сасиб турган папиросини полга ташлаб тезда яғир ботинкаси билан босди. Юзига жиддий тус берди.
– Эҳ, лаънати Конус, яна бошлаяпсанми?
Қўнисбай ғазабдан титраганча, белига осилган резина таёғини чангаллаб турган комендантга қараб танбеҳ берган киши бўлди:
– Ҳали мени пирамида ёки куб ҳам деб атарсиз, гражданин комендант. СССР конституциясида совет кишисини аллақандай геометрик шакллар номи билан эмас, ўз исми билан аталсин деб ёзиб қўйилган.
– Шу ҳолига Конституцияни ҳам билади-я… – пичирлади кимдир. Яна кимдир “пиқ” этиб кулиб қўйди.
– У ҳатто “Инсон ҳуқуқлари декларацияси”ни ҳам ёддан билади! –хириллади кимдир.
Бу овоз танишдек туюлди. Бўйнимни чўзиб аланглагандим, тарих ўқитувчимиз Ян Григорьевичга кўзим тушди. У ҳар доимгидек озода кийинган, тилла гардишли кўзойнаги остидан митти, қўй кўзлари йилтираб турарди.
Шу пайт Василич амаки ниҳоят белидаги қайишидан резина таёғини суғуриб олди ва Қўнисбай амакининг елка аралаш бўйнига гурсиллатиб тушириб қолди. Бечора жабрдийда тўрхалтасидаги шишаларни бетон полга урилиб синишдан сақлаб қолиш учун катта маҳорат ва жасорат намунасини кўрсатиб, тўрхалтани бағрига босганча чалқанчасига қулади. Иккинчи зарбани эса қўллари билан бошини чангаллаб ғужанак бўлиб ётганида қабул қилиб оларкан, шунда ҳам ўз гапидан қолмай ғўлдиради:
– Ана кўриб қўйинглар, коммунистча зўравонликни! Ўз ҳуқуқини талаб қилган мазлум пролетариатни ҳатто империалистлар ҳам бунча хўрламайди!
Ғазабдан қип-қизариб кетган комендант ортида ғўддайиб турган икки аскарга ўшқирди:
– Қани олинглар бу аблаҳни! – Кейин ғужанак бўлиб ётган Қўнисбайнинг кетига ўхшатиб бир тепди. – Ҳали сенга ҳуқуқингни ҳам, империалистларингни ҳам кўрсатиб қўяман! Пролетариатмиш-а!
* * *
Тунги совуқ қалин пахталигимнинг чоклари орқали кириб танамни қалтирата бошлайди. Давканинг ҳам совуқ қотаётгани сезилиб турарди. Бироқ иккаламиз ҳам ҳалинчакнинг муздек темир ўтирғичидан туриб уй-уйимизга тарқалишни истамаганимиздан жимгина қалтираб ўтираверардик. Шу пайт кўзимизга кўриндими, бир шарпа шитирлаб ўтиб кетди. Танглайимизгача музлаб унинг ортидан қараб қолдик. Шарпа худди ҳавода сузаётгандек узоқлашиб бир зумда қоронғилик бағрига сингиб йўқолиб кетди. Иккаламиз бир-биримизга термулиб жим қолдик.
– Сен… сен ҳам кўрдингми? – қийналиб тилга кирди Давка.
– Ҳ-ҳа, – дедим мен ҳам тилим зўрға айланиб.
Қўшни уйнинг деразасидан тушиб турган хирагина ёруғликда Давканинг ранги гезариб кетгани кўриниб турарди. Бир-биримизнинг пинжимизга тиқилиб қанча ўтирдик, билмайман. Бизнинг сукутимизни қуюқ, қоп-қора тун бағрини ханжардек тилиб ўтган қиз боланинг қичқириғи бузди:
– По-могите-е! Маму убили!!!
Бу Машанинг товушига ўхшарди. Дарҳақиқат, комендант Давкаларнинг уйида, фақат бошқа подъезднинг иккинчи қаватида касалманд хотини ва қизи билан яшарди.
Биз худди команда берилгандек, оёғимизни қўлимизга олганча товуш чиққан томонга чопдик. Етиб борганимизда қўшнилар аллақачон эркак-аёл аралаш йиғилиб бўлишган экан. Иккинчи қаватга интилаётган оломон орасида қисилиб-туртилиб Машаларнинг квартирасига кириб борганимизда қиёмат қойимнинг устидан чиқдик. Хона тартибсиз: стол устида егулик қолдиқлари, ичкиликдан бўшаган шишалар сочилиб ётар, эшик олдида Машанинг онасининг ориқ танаси ғалати чўзилган, унинг қоқ пешонасига автоматнинг стволига ўрнатиладиган ҳарбийча найза-ханжар нақ бўғзигача қадалган эди. Жасаднинг ёнида синган тарелка, сочилиб кетган чучвара, икки паллага бўлинган олма ётар, полга тўшалган гулдор патгилам қондан жиққа ҳўл эди. Маша онасининг совиб бораётган кўксига бошини қўйганча ҳиқиллар, ёшгина, капитан формасидаги йигит ранги гезарганча қалтираб, ҳадеб папирос тутатар, комендант эса хира кўзларини оломонга тикканча ҳадеб “Не п-понимаю” дерди. Унинг ғирт маст эканлиги кўриниб турарди.
– Скорий чақириш керак! – ҳиқиллади қўшни хотин.
– Фойдаси йўқ, – деди оқиш шоп мўйловли эркак аёлнинг пешонасига санчилиб турган найза-ханжарга имо қилиб, – жони ўша лаҳзадаёқ узилган.
– Бўлмаса комендатурага хабар бериш керакдир, – жаҳли чиқди аёлнинг.
– Комендатура шу ерда! – деди эркак диванда чўчқадек пишиллаб турган бадмаст полковникка нафратли нигоҳ ташлаб. Сўнг ўгирилди ва хонадан чиқиб кетди.
* * *
Капитан Семён Веремеев У-я 126/74 деган ном билан аталувчи, тикансимлар ва соқчи миноралари билан ўраб олинган ёпиқ шаҳарча комендантининг ўринбосари лавозимига тайинлов қоғозини кўтарганча соат саккиз яримда комендатурага келганида, комендант – полковник Алексей Васильевич Дудко биринчи юз граммни аллақачон отиб улгурган эди. Веремеев унга тайинлов қоғозини топширгач рўпарадаги столга ўтирди. Олдинги ўринбосари бошқа ишга ўтиб, шаҳарчани тарк этганидан бери комендатуранинг ҳужжат ишлари ўлда-жўлда қолиб кетган, шу боис бошлиқлардан дакки эшитишга ҳам тўғри келганди. Табиатан қоғоз ишларига уқуви йўқ полковникнинг ҳужжат титкилаб ўтиришга ҳафсаласи етмасди.
– Яхши бўлди, – хаёлидан ўтди полковникнинг, – ҳисобот-писоботлардан қулоғим тинчийдиган бўлди. Кейин қоғоздан бошини кўтариб капитанга диққат билан разм солди. – Янги вазифа билан табриклайман, капитан. Шу бугуноқ ишга киришишингизни истардим. Комендатуранинг барча ҳужжат ва ҳисоботларини кўриб чиқинг. Чалкашликлар бўлса тузатинг. Янаги ҳафтанинг бошида юқорига ҳисобот топширишимиз керак. Тушунарлими?
– Худди шундай, ўртоқ полковник, – Веремеев ғоз туриб чест берди. Кетишга рухсат беринг, ўртоқ…
– Шошма капитан… – Полковник тортмасидан, бир шиша ва иккита стакан олди. Уларга яримлатиб ароқ қуйди. Биттасини капитан томонга суриб қўйди. – Қани янги ишнинг омадли бошланиши учун…
Иккаласи чўқиштириб қадаҳларни кўтаришди.
– Улфат йигитга ўхшаркан, – хаёлидан ўтди комендантнинг.
Иккинчи қадаҳ бўшаганидан кейин капитан Сёмага, ўртоқ полковник эса Алексей Васильевичга айланиб, қирқ йиллик қадрдонлардек улфатга айланишди-қолишди. Полковникнинг тортмасидаги шиша қоқлангач, кечқурун Алексей Васильевичнинг уйида улфатчиликни давом эттиришга келишиб тарқалишди.
Кечқурунги улфатчилик узоқ давом этмади. Бунга Алексей Васильевичнинг ҳарбийча найза-ханжар билан олма арчиши сабаб бўлди.
Сёма полковникдан найза-ханжарни сўраб олиб, унинг тиғини бош бармоғи билан сийпалаб кўрган бўлди. Кейин бильярд соққасидек келадиган олмани қўлида салмоқлаб кўриб тепага отди ва яшин тезлигида пичоқни сермади. Олма тенг тўрт бўлакка бўлиниб тарелкага тушди.
– Қойил, Сёма! – деди полковник, капитанга истеҳзоли кулимсираб қараркан. – Қани, пичоқни менга бер-чи.
Полковник вазадан яна битта олмани олиб, эшик томон отди ва унинг изидан пичоқни ирғитди. Ҳаммаси оний лаҳзада рўй берди. Эшик очилиб, полковникнинг тарелка кўтарган заҳил юзли касалманд хотини кўринди. Олма хотиннинг қоқ пешонасига урилиб пастга тушишга улгурмай ўткир найза ханжар уни қоқ иккига бўлиб бечора жабрдийданинг бош суягини тешганча санчилиб қолди. Хотиннинг қўлидан тарелка тушиб, буғи чиқиб турган чучвара сочилиб кетди. Бечора мақтула эса юракни зирқиратиб юборадиган даражада бўғиқ инграганча полга узала тушиб чўзилиб қолди. Ҳанг-манг бўлиб қолган полковник нима бўлганини ароқдан хиралашган ақлига сиғдиролмас, ҳадеб бир гапни такрорларди:
– Тушунмайман! Қаёқдан пайдо бўлиб қолди бу жин ургур! Тушунмайман!
* * *
Мактабдан келаман-у белимга икки қулоч арқонни боғлаб, елкамга болтани ташлаб, бир парча нонни кавшаганча дарё бўйига югураман. Бу пайтда момом қамишзорда қўйларни ўтлатиб юрган бўладилар. Ёнларида ҳамишагидек мен “Мишка” деб атайдиган қўчқорча. Момом камзулларининг чўнтагидан бир ҳовуч пахта олиб, чигитлаб ўтирадилар. Мишка эса тушган ҳар битта чигитни исроф қилмай паққос тушириб туради. Шунинг учун момомдан бир қадам нари жилмайди.
– Ҳали отанг эсон-омон қутилиб келса шугинани унинг оёғининг остига сўямиз. Болам, шуни яхшилаб боқ. Хўпми? – дейдилар ва ўринларидан туриб уйга қайтиш тараддудини кўрадилар.
Қўйлар тўйиб, бир-бир дарё бўйидаги қумлоққа чўккалаб оладилар. Мен ҳам чалқанча ётиб, кўм-кўк баҳор осмонида чизиқ тортиб учаётган реактив самолётни томоша қилиб кўзим кетиб , мизғиб қолибман. Дарёнинг нариги қирғоғида қўй боқиб юрган болаларнинг қийқириғидан чўчиб уйғониб кетдим. Болалар дарёга имлаб нималарнидир тушунтиришга уринишарди. Ўрнимдан туриб сув томонга шошдим. Не кўз билан кўрайки, момомнинг арзандаси – Мишка қўчқорча баҳорги тошқин дарёнинг қоқ ўртасида, бир кўриниб, бир кўринмай оқиб борарди. У анча узоқлашиб қолганидан, қувиб етишим учун қирғоқ бўйлаб анча ҳаллослашимга тўғри келди. Мен билан баравар нариги қирғоқдаги болалар ҳам етиб келишди. Қўчқорча оқиб кетаётганди. Бироз ҳаялласам тўғон томонга кетиб қолади. Кейин уни тирик қутқариб қолишнинг иложи бўлмайди. Нима қилишнинг иложини тополмай анграйиб турганимда нариги томондаги биздан уч синф юқори ўқийдиган Карим деган бола эшагининг ипини ечиб олди.
– Мен ипни отаман! Сен сувга тушиб уни қўчқорчангнинг шохига боғла! Биз тортиб оламиз.
Дарё бўйида ўсган боламасманми, сузишни эплардим, бироқ баҳорги тошқинда гувранаётган дарёга тушишга юрагим бетламасди. Лекин агар Мишкани оқизиб юборсам, момомнинг, онамнинг кўзига қандай қарайман?!
Кўйлак-иштонимни ечдим-да, кўзимни чирт юмганча, ўзимни дарёга отдим. Бир амаллаб қўчқорчам олдига сузиб бориб, унинг шохларидан ушлаб олдим. Каримнинг отган арқонини ушлаб олиб, ҳўпиқа-ҳўпиқа уни Мишканинг шохига боғладим. Уёқдан болалар кучаниб арқонни торта бошлашди. Мишка иккаламиз аста-секинлик билан қирғоққа яқинлаша бошладик.
Бу воқеани эртаси куниёқ момом эшитибди. Мен мактабдан келишим билан қўлида юлғун хипчинни ўйнатганча койий бошлади.
– Шу битта беақл жониворни деб ўзинг оқиб кетсанг нима бўларди, бетийиқ! Кейин отангга нима дердим, шуни ўйламадингми?!
– Лекин момо, мен Мишкани қутқариб чиқдим-ку!
– Иккинчи шунақа қилма, касофат!
* * *
Комендант мавқеидан фойдаланиб хотинини тинчгина кўмиб юборди. Капитан Веремеев ҳам бу қабиҳ жиноятга шерик эканлиги учунми, ё ўзининг биринчи иш кунидаёқ шунақанги ишкал чиққани учунми бу воқеага аралашмай турди. Бошқа гувоҳларнинг кўпчилиги аристонлар бўлгани учун ҳам қаҳри қаттиқ комендантга қарши чиқишни истамасдилар. Қўнисбай амаки ва унга ўхшаган бир-иккита тили узунлар эса комендантнинг “дубинка”си мазасини яна бир каррадан татиб, ўн беш суткани қоронғу ва зах зиндонда ўтказиб, тавбасига таяниб чиққанларидан кейингина тинчиб қолишди.
Бироқ, Машанинг кўзидаги мунг аралаш алам ҳеч сўнмас, кундан кунга у одамовилашиб, камгаплашиб борарди.
– Боря, – деб қолди у бир куни кутилмаганда, – сенда зарур гапим бор эди. Кечқурун бизнинг “дом”имиз ёнидаги болалар майдончасига ўтсанг, гаплашиб олардик. Давкани ҳам оливолсанг, яхши бўларди.
Онаси ўлдирилгандан бери болаларнинг унга бўлган муносабати мутлақо ўзгарган. Чунки комендантдан энг кўп зарар кўрган шу Маша эди-да. Бошқаларнинг отасини ё онасини урган, сўккан бўлса-да, ўлдирмаган эди.
– Бўпти, кечқурун Давка билан ҳалинчакда бўламиз.
Уйга келсам отам негадир эртароқ ишдан келибди. Ўз одатича гўшт майдалаб ўтирарди. Яна мукофот олганми, кайфияти яхши эди. Эшикни очиб киришим билан, ортига ўгирилмасдан туриб чақирди.
– Буёққа кел, Баҳром.
Дадамнинг рўпарасидаги стулга чўкдим.
– Хўш, ўқишлар қалай?
– Ёмон эмас.
– Баҳолар-чи?
– Яхши.
– Эшитишимча Қўнисбай алкашнинг ўғли билан, кейин анави комендант чўчқанинг қизи билан ош-қатиқ эмишсан?
– Улар ёмон болалар эмас, ота.
– Сен қаердан биласан уларнинг ёмон эмаслигини. Оталарининг кимлигини кўриб турибсан-ку!
Индамадим. Бунақа пайтда отамга гап қайтариш ўзингга дилхиралик сотиб олиш билан тенг.
– Кўзингга қараб юр, бола. Қозонга яқин юрсанг қораси юқади. Сенга ёнингдагиларга қараб баҳо беришади. Тушундингми?
– Тушундим, ота!
– Тушунган бўлсанг, бор, онангга қараш.
Мен секин ўрнимдан туриб нариги хонага чиқаман. Онам хонани тозалаётган экан.
– Келдингми, ҳозир овқатингни сузиб бераман.
Негадир онамнинг ҳам кайфияти яхши эди. Отам сиполик билан буни билинтирмасликка уринган бўлса, онам рўйи рост хурсанд эди.
– Она, нима гап? Бугун бошқачасизлар?
Онам ичидагини сақлай олмасди.
– Отангнинг муддатини қисқартиришибди. Яхши ишлагани учун. Насиб бўлса олти ойдан кейин кетамиз!
Мен момомни, қишлоқдаги дўстларимни роса соғингандим. Юрагим ҳаприқиб кетди.
– Ростданми?! – қичқириб юбордим. – Шунинг учун отам ошга уннаётган экан-да!
Ойим ҳамишагидек бир коса макарон шўрва эмас, тўртта қовурилган тухум сузиб берди. Тухумни паққос туширганимдан кейин онамдан нима иш қилишим кераклигини сўрадим.
– Сен синглингга қараб турсанг бўлди.
Мен ойимдан буни кутмагандим. Дўконга бирон нарса олиб келиш учун жўнатса, ғиз этиб Давкаларнинг домига бориб, Машанинг нима гапи борлигини аниқлаб келардим. Синглимга қараб туриш дегани кўчага чиқишни орзу ҳам қилиб ўтирма деганидир. Машанинг олдида ноқулай бўлади-да.
Синглим билан бир соатча андармон бўлганимдан кейин менинг муаммомни отамнинг ўзи ечиб бера қолди.
– Баҳром, нима қиляпсан?
– Синглимга қараяпман.
– Синглингга онанг қарайди, сен буёққа қаравор.
Синглимни онамга топшириб ошхонага ўтдим.
– Баҳром, сен гастрономга чопиб бориб кел. Менга енгиллик берилганини бир-иккитаси эшитган. Ювамиз деб келиб қолиши мумкин. Шунга иккита ароқ опкелиб қўй.
Отамдан пулни олиб Давкаларнинг уйи томонга чопдим. Гастроном у ерга яқин эди. Ҳовличага кириб ҳалинчакка ўтирдим ва ҳуштак чалдим. Олдин Давка, бироздан кейин эса Маша чиқиб келишди. Бироз уёқ-буёқдан гаплашган бўлдик.
– Мен комендантни ўлдирмоқчиман, – деди томдан тараша тушгандек Маша. – Болалар, менга ёрдам берасизларми?
Давка билан мен ҳайратдан кўзларимизни катта-катта очиб бир-биримизга термулиб қолдик.
– Ним-ма дединг? – ҳайрат билан сўрадим.
– Ҳа, комендантни ўлдирмоқчиман. У онамни ўлдирди!
– Ахир у отанг-ку!
– Нима қипти? Давка, у сенинг отангни бўлар-бўлмасга дўппослайверади. Нима, сенга алам қилмайдими?
– Отам ҳам ундан пеш эмас! – деди Давка ва четга “чирт” этиб тупуриб, чўнтагидан ғижимланиб кетган “Беломорканал” қутисини чиқарди. – У ҳам ичиб олган кунлари аламини онамдан олади. Бир кун келиб мен ҳам уни ўлдириб қўймасам эди, деб қўрқаман. – У жаҳл билан гугурт чизиб, папиросини ўт олдирди.
– Болалар, бас қилинглар! – дедим жаҳлим чиқиб. Индамасам шу ернинг ўзидаёқ бу иккаласи ўз оталарини ўлдириб қўя қолишадигандек. – Мен бунақа тутуриқсиз алжирашларни тинглайман, деб келганим йўқ. Агар тузукроқ бошқа гапларинг бўлмаса, мен кетдим. – Қўлимга иккита бўш шиша солинган тўрхалтани кўтарганча ўрнимдан қўзғалдим..
Маша енгимдан ушлади.
– Тўхтаб тур. Нима қил, дейсан бўлмаса? Мен у одам билан бир уйда яшай олмайман!
Мен ўйга чўмиб қолдим. Унга нима маслаҳат беришга ҳайрон эдим. Мендан кўра Давканинг калласи тезроқ ишлаб кетди шекилли, юзига қизиллик югурди.
– Балки Оллоберди чолникида яшаб турганинг маъқулдир, Маша?
Оллоберди чол мактабимизнинг қоровули. Қиш ойларида эса гўлаҳлик ҳам қиларди. У бизнинг подъездда, биринчи қаватдаги уйида бир ўзи яшар, кўпинча мактабдаги қоровулхонада тунагани учун уйида камдан-кам бўларди. Чол одамови, унча-мунча одам билан очилиб суҳбатлашганини ҳеч ким кўрган эмас. Бадмаст, хўппа семиз полковникдан қўрқмайдиган яккаю ягона шаҳарча фуқароси эди. Ҳаммани қон қақшатадиган комендант Дудко негадир чолни кўрганда қалқони тешилиб, қиличи синган навкардек шалвираб қоларди. Кўчада нохосдан учрашиб қолганларида полковник ғўлдираганча салом бериб, зудлик билан ўтиб кетишга тиришар, шу аснода чолнинг ғалати шуълаланиб турган қора кўзларига нигоҳи тушиб қалтираб кетарди. Чол унга аллақандай ғазаб аралаш нафрат билан термулар, полковник баттарроқ гандираклаганча ундан тезроқ узоқлашиш ҳаракатини қиларди. Бу нигоҳлардаги нафрат ўти айниқса комендант бахтсиз, бечора аёлини нохос ўлдириб қўйганидан кейин янада қуюқлашган, энди полковникнинг бу нигоҳларга дош беришга ҳоли қолмаган, чолни кўчанинг бошида кўриши билан, ортига ўгирилиб, жуфтакни ростлаворарди, қўярди.
Мен бундай ҳолатга бир-икки бор гувоҳ бўлгач, Оллоберди чолда аллақандай ғайритабиий қувват борлигига ишонч ҳосил қилгандим. Бу не қувват эканлигини билишга қизиқар, бироқ буни кимдан сўраб олишни билмасдим. Отамдан сўрашга тортинардим. Чунки етти-саккиз йиллик айрилиқда ўсганим учун отамга яқинлашиб кета олмаган эдим. Онам эса мен қатори келган. Давка ва Машалар эса елка қисиб қўйишарди, холос.
Маша Оллоберди чолникида яшаса, комендант отаси ҳуда-беҳуда уни уни безовта қилишга журъат қила олмаслиги аниқ эди. Бироқ Оллоберди чол ўзи қаттиқ нафратланадиган каснинг зурриёдини уйига киритишга рози бўлармикан?
Кўнглимдан ўтганини сезиб тургандек Давка бунинг йўлини қилишини айтиб қолди.
– Отамдан илтимос қиламиз. Отам чол билан яхши келишади, ўзинг биласан-ку, Боря.
Ҳа, тўғри. Чолнинг яна бир қизиқ томони: ҳамма унга яқинлашса бирон жойига нажосат юқиб қоладигандек етти кўча наридан айланиб қочадиган Қўнисбай амаки чол билан анчагина апоқ-чапоқ эди. Қўнисбай амаки навбатдаги пиёнисталик хуружидан қутулиб, кейингисигача танасига дам бериб, ўзининг таъбирича “тикланиш” жараёнини ўтказаётган паллаларида мактаб қоровулхонасида, ё Оллоберди чол турадиган бизнинг подъездимиз йўлагидаги темир харракда, алюмин кружкадан қуюқ қора чой ҳўплаб, соатлаб гурунглашиб турганига кўп бор гувоҳ бўлганман. Феъли-хўйи бир-бирига мутлақо зид: бири тақводор ва зоҳидона турмуш кечирувчи, иккинчиси эса ҳар маош олганида бўкиб ичиб, уйидагиларни, қўшниларни ва мутлақо бегоналарнинг ҳам безорини чиқармаса кўнгли тинчимайдиган, охир-оқибат комендантнинг резина таёғидан улушини олиб, бир неча сутка зах ва сассиқ авахтахонада ётиб, “мулла минган эшак”дек мулойим тортиб қоладиган ҳамсуҳбатларни нима бир-бирига бунчалар яқинлаштирганини нафақат мен, балки бу Худо қарғаган шаҳарчанинг ярим фуқароси билишни истар, лекин юрак ютиб сўрашга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмасди.
– Лекин отанг Оллоберди чолдан ўзининг душманининг қизини ҳимоясига олишни сўрашга рози бўлармикан?
– Уни сен кўндирасан, – деди Давка менга сирли жилмайиб.
– Қандай қилиб?
– Қандай қилиб бўларди! Ҳозир сен дўкондан арағингни олиб бизникига кирасан. Шишаларни кўрганидан кейин отамнинг кўзи ўйнаб кетади. Ўша пайт унга ҳозирги илтимосни айтасан. “Чолни кўндирганингиздан кейин бизнинг уйга чиқинг, отам палов қиляпти”, – дейсан, вассалом. Ўн беш минутдан кейин гвардиячи катта сержант Қўнисбай Енекеев ҳамма ишни “есть” қилиб меҳмонхоналарингда ўтирган бўлади.
Давка хохолаб кулиб юборди. Машанинг ҳам бироз кайфияти кўтарилгандек бўлди. Мен гастрономга қараб юрдим.
– Ҳа, – деди отам, бўсағада мени кутиб олар экан, тўрхалтадаги “Московское” деган ароқнинг ёрлиғига қараб, – нақ Москванинг ўзидан олиб келяпсанми?
Табиатан ёлғон гапиролмайман. Салгина ёлғон гапирсам ҳам худди рўпарамдаги киши сезиб қоладигандек “дув” қизариб кетаман.
– Гастрономда очирт кўп экан, – сўзларни чала ямлаб ғўлдирадим.
– Шунақами? Демак очередда Қўнисбай билан валақлашиб, вақт қандай ўтганини билмай қолибдилар-да, а?! Кир, мен ошни сузгунимча ошнангни зериктирмай ўтир!
Ичкарига кириб не кўз билан кўрайки, Қўнисбай амаки, ўғли Давканинг таъбири билан айтганда гвардиячи катта сержант Қўнисбай Енекеев меҳмонхонадаги бундайроқ тузатилган столнинг тўрини ишғол қилганча талтайиб ўтирарди! Ё, алҳазар! Давка билан биргаликда уни Оллоберди чолни Машани ҳимоя қилишга кўндириш учун мактаб қоровулхонасига жўнатганимиздан кейин уч дақиқа ҳам ушланмай уйга қайтгандим. Шу вақт ичида у қандай қилиб мактаб қоровулхонасига боришга, чол билан суҳбатлашишга ва уйга келиб мени кутиб туришга улгурдийкин?
Қўнисбай амаки тўрхалтадаги ароқдан кўзини узмай, топшириқ бажарилганини, Маша эртадан бошлаб бемалол чолнинг уйида яшаши мумкинлигини билдирди. Мен шишаларни стол устига қўйиб, унинг рўпарасидаги стулга чўкдим.
– Менга қара, Боря, – деди Қўнисбай амаки битта шишани қўлига олиб, ёрлиғини синчиклаб ўқиб ўргана бошларкан, – бу дейман Давка билан иккаланг анави гўрсўхтанинг қизи билан жа-а яқин бўлиб қолибсанларми?
Мен унга ўзининг услубида жавоб бердим:
– “Отанинг гуноҳи учун фарзанд жавобгар эмас” деган экан ўртоқ Ленин!
Қўнисбай амаки мендан бунақа ақлли гап кутмаганиданми, биринчи марта нигоҳини шишадан олиб, менга юз бурди.
– Шунақа дегин. Буни ҳам ўша тепакал Ян Григорьевич айтдими?
– Йўқ, ўзим ўқиганман.
Унинг қисиқ кўзлари баттар қисилиб, ялпоқ юзи янада кенгайиб кетгандек бўлди. Кейин бир нуқтага тикилиб қолди. Эшик очилиб, онам чойнак кўтариб кириб келганидагина уйқудан уйғонгандек кўзларини катта-катта очди. Мен чойнакни олиб қайтардим ва чой қуйиб узатдим. Қўнисбай амаки пиёлани руҳсизгина олиб столга қўйди.
– Биласанми Боря, ўша Ленининг бекор айтипти! Бола отаси учун жавоб беради! Бергандаям қандоқ! – У чойдан ҳўплаб қўйди. Негадир митти, қисиқ кўзлари йилтираб кетгандек бўлди. – Буни бошимдан ўтказганман! Қани ўзинг айт-чи, катта бўлсанг ким бўлмоқчисан?
– Тарихчи бўлмоқчиман! Пединститутнинг тарих факультетида ўқимоқчиман, – дедим бурро қилиб. Тўғри-да, ахир, синфда тарихни билиш бўйича мендан ўтадигани бўлмаса. Кимсан, мактаб директорини ҳассасининг учи билан кўрсатадиган инжиқфеъл Ян Григорьевичнинг ишонган ўқувчиси бўлсам, тарих факультети мендан қочиб қутула олармиди?!
– Агар сен тарихни сув қилиб ичиб юборган бўлсанг ҳам, сени бу даргоҳга яқин йўлатишмайди. Чунки сенинг отанг қамалган. У жиноятчи! Тарих сиёсий фан. Унга ҳар қандай ўтмиши шубҳали шахслар яқинлаштирилмайди! Тушундингми, Боря? Хўш, бу отанинг гуноҳи учун фарзанд жавоб бермаслигими?
Менинг бошимдан бир челак совуқ сув қуйиб юборилгандек бўлди. Наҳотки орзуларимнинг барчаси сароб бўлса?! Бироқ юрагимнинг чет-четида бир сиқимгина бўлса ҳам илинж сақланиб қолганди.
– Нега энди? Менга институтга кириш мумкин эмасми?
– Қоғозда мумкин. Бироқ амалда сени у ерга яқинлаштирмаслик учун барча чорани кўришади. – Қўнисбай амаки қўлидаги пиёлани ўйнаб ўтириб, кўзларини қисганча менга термуларди. – Бу гапларни институтнинг кўчасига ҳам яқинлашмаган, қозонхонада гўлаҳлик қилиб юрадиган одам қаердан билади, деб ўйлаётгандирсан-а, Боря. Тўғрисини айтаман. Мен ҳам ёшлигимда тарихни яхши кўрардим. Айниқса кишилик жамиятида яратилган қонунлар тарихини. Мен ҳуқуқшунос олим бўлмоқчийдим. Бироқ, мени у ерга яқинлаштиришмади. Чунки отам 37-йилда “халқ душмани” тамғаси билан отилиб кетган эди. У пайтда Сталин тирик эди. Жимгина колхозга қайтиб молбоқарлик қилдим. Орадан кўп ўтмай Мўйлов инига кириб кетди. Хрушёв унинг кирдикорларини очиб ташлагач, кўпчилик қамалганлар оқлана бошлади. Мен ҳам Бош прокурор номига хат ёздим. Орадан икки ойлар ўтиб, отамнинг ўлимидан кейин оқлангани тўғрисида расмий хат олдим. Шу хатни кўтариб яна институтга бордим. Истар-истамас ҳужжатларимни қабул қилишди. Бироқ, конкурсдан ўта олмадинг деб ортга қайтариб юборишди. Мен эса улар устидан ҳатто цекагача ёздим. Устма-устига, тинимсиз. Вазият эса тошқотгандек, ўзгарай, демасди. Қишлоқдан олиб келган охирги чақаларимга бир шиша пиво сотиб олиб дўконнинг ўзидаёқ бошимга кўтардим. Чунки мавҳумликдан ичим ёниб кетганди. Шишани қайтариб пештахтага қўйишим билан иккита норғул йигитнинг қўлтиғимдан олаётганига эътибор қаратгунимча бўлмай қорнимга келиб тушган кучли зарбдан кўз олдим қоронғилашиб кетди ва бир зумда ўзимни “қора қарға” деб аташадиган, аристонларни олиб юрадиган мелиса машинасида кўрдим.
Қўнисбай амаки оғир сўлиш олди. Пиёласидаги совуб қолган чойни бир ҳўплашда қуритиб, менга узатди. Яна чой қуйиб бердим. У бу сафар калта-калта ҳўплаб ўтирди.
– Ана шунгаям йигирма етти йилдан ошибди. Шундан бери ўтирсам ўпоқман, турсам сўпоқман. Анави гурсўхта комендантга ўхшаган назоратчиларнинг резина таёғидан улушимни олиб юрибман. Лекин синганим йўқ! Бу лаънати тузумнинг қулаганини кўрсам армоним қолмасди. Агар Оллоберди чолнинг башорати рост бўлса, бир даҳшатли тўзон яқинлашаётган эмиш. У ер юзидан бу иккиюзламачи иблис салтанатини супуриб ташлармиш…
Маша Оллоберди чолникига кўчиб ўтишга улгура олмади. Отам Қўнисбай амаки ва юқори қаватдаги улфати Сергей амаки билан икки шиша ароқни қуритишган кечанинг эртаси куни, қоқ туш маҳали қизиб турган мис товадек харракнинг устида, ияк қоқа-қоқа Оллоберди чол омонатини топширди. Мен қўрқа-писа Оллоберди чолнинг жасади ёнидан ўтиб комендантга хабар қилган куним кечга томон шаҳарчани ўраб турган бийдай саҳронинг кунботар уфқида хира сарғиш, булутсимон туманлик кўзга ташланиб қолган эди. Негадир тикансимлар билан ўраб олинган бу шаҳарча худди осмонўпар хитой девори билан ўралгандек, шамол айланмас, ҳаво дим ва оғир эди. Негадир бугун нимадир содир бўладигандек, кўнглим ғаш, уйга оёғимни зўрға судраб босганча истар-истамай яқинлашдим. Кўз олдимда Оллоберди чолнинг жон таслим қилиш манзараси қайта-қайта жонланар, қулоғим остида эса чолнинг хирилдоқ товуши эшитилиб туради: “Тўзон яқинлашяпти…” Қизиқ, кеча кечқурун Қўнисбай амаки ҳам чолнинг аллақандай тўзон яқинлашаётганини айтгани хаёлимга келарди. Бугун қуёш уфққа секин бош қўймади. Кунботар томонга сал оғгач, сарғиш туманлик ичра бироз қизариб турди-да, бироздан кейин буткул ғойиб бўлди. Шаҳарчани хира сарғиш қоронғулик эгаллай бошлади. Уйга яқинлашдим. Подъездимиз олдидаги Оллоберди чол жон таслим қилган харракда отам ва Қўнисбай амаки қайғули алфозда сукут сақлаб туришарди. Мен қарийб пичирлаганча уларга салом бердим. Отам бошини кўтариб менга маъносиз тикилди. Давканинг отаси эса нималарнидир ғўлдираб қўйди. Чамаси саломимга алик олган бўлса керак. Мен индамай юракни эзиб юборадиган сукунат ҳукмронлик қилган йўлакни тарк этиб зинапоядан юқорига кўтарилдим.
Кечаси деразамиз остида Давканинг ҳуштагини эшитиб пастга чопқилладим. Кечқурун ожизгина бошланган шабада бироз кучайган, шамол саҳродан қум аралаш хас-чўпларни шаҳарчага етказиб кела бошлаган эди. Шамол дақиқа сайин кучайиб борар, ғалати чанг шаҳарчанинг кўчаларига, кўпқаватли уйларнинг томларига ёғиларди.
– Тезда комендантнинг уйига бормасак бўлмайди, Боря, – шошилганидан Давка апил-тапил гапирарди. – У ерда нимадир содир бўляпти!
Нима содир бўлаётганини тушунмасам-да, Давканинг ортидан оёғимни қўлга олганча чопа бошладим. Комендантнинг подъездига етиб келганимизда иккаламиз ҳам елкамиздан нафас олардик. Шамол энди уйларнинг тунука томларини даранглатар, очиқ қолган дераза тавақаларини қарсиллатиб урарди. Шу шовқин-сурон орасида кимнингдир, қизболанинг эзгин, ғуссали йиғи товуши элас-элас қулоғимизга етиб келарди.
– Бу Маша, – деди негадир қатъий ишонч билан Давка. – Юр, уларникига кирамиз.
Машанинг онаси ўлдирилган ўша машъум кечадан бери бу хонадонга киришга юрагим бетламасди. Бу даҳшатли квартирада Машанинг қанчалар қийналаётганини ҳис қилиб, унинг Оллоберди чолникида яшаши учун ҳаракат қилганларимиз эсимга тушди. Машани лаънати отасининг чангалидан қутқара олиши мумкин бўлган ягона одам ҳам энди йўқ…
Бўйнимдан судралгандек майда қадамлар билан Давканинг ортидан эргашиб зинапояга қадам қўйдим.
Эшик қўнғироғини узоқ жиринглатдик. Бир пайт сочлари тўзғиб, қовоқлари йиғидан қизариб, шишиб кетган Маша очди. Бизни кўргандан кейин ошкора ҳўнграб, пойафзаллар териб қўйилган кичик тумба устига ўтириб қолди. Бизнинг сўраб суриштиришларимизга жавобан қўли билан балкон томонга ишора қилди. Биз ошхона орқали кенгиш балконга чиққанимизда офицерлар қайишига осилганча, башараси кўкариб, даҳшатли қиёфага кирган хўппа семиз полковникнинг жасадига кўзимиз тушиб, даҳшатдан қичқириб юбордик. Комендантнинг жони узилганига бир неча соат бўлган, дум-думалоқ қорни баттар катталашиб, дўмбира бўлиб шишиб кетган, тили ярим қарич осилиб, гириҳ тишлари билан ғарчча тишланган эди.
– Қўшниларни чақириш керак, – дея пичирладим, комендантнинг ваҳимали жасадидан кўзимни узолмай.
Кейин худди команда берилгандек ҳар иккаламиз эшикка қараб югурдик.
Комендант хотинини ўлдириб қўйган кечадан бери ҳеч қайси қўшни унинг уйига қадам босмас, қотил полковникдан иложи борича ўзларини олиб қочишарди.
Қўшниларнинг эшик қўнғироқларини боса бошладик. Кимдир ғўлдираб сўкинганча бизни ҳайдаб юборар, яна кимлардир эшикни мутлақо очишмасди.
Охир-оқибат Давкаларнинг уйига бориб, Қўнисбай амакини уйғотишга мажбур бўлдик.
– Охири тўнғиз қўпибди-да, – деди уйқусираб Қўнисбай амаки. У кундуз куни Оллоберди чолни дафн этганидан кейин анча пайт отам билан унинг уйи олдида баъзан жим, баъзан шивирлаганча гурунглашиб узоқ қолиб кетган эди. Шунинг учунми, Оллоберди чолнинг мусибати сабабми, у ҳар кунлик режаси – ярим литрни ютмаган, ҳушёр эди. Бироқ ўзининг азалий душмани – комендантнинг ўлимидан қувонганини ҳам, хафа бўлганини ҳам билиб бўлмайдиган ҳолатда, асабий юриб коридордаги телефон гўшагини кўтариб рақам терди-да, гапни қисқа қилди:
– Алло, комендатурами? Бўлмаса эшитинг. Комендантингиз Дудко балконида ўзини осиб қўйибди! Кимнинг хабар берганини билишингиз шарт эмас! Хайр.
У гўшакни қўйиб, бироз тин олди. Кейин бизга ўгирилди.
– Комендантнинг қизи уйида ёлғизми?
– Ҳа, – деди Давка, – бир ўзи йиғлаб ўтирибди. Биронта қўшни бизга эшик очишни истамади.
– Лаънати… – деди у қўлларини асабий силкиб.
У кимни лаънатлаяпти, қўшниларними ё комендантними – билиб бўлмасди.
– Сизлар Машани пастга олиб тушиб кутиб туринглар. Ҳозир комендатурадан келишади. Кейин уни буёққа олиб келасизлар. У уйда қизни ёлғиз қолдириб бўлмайди.
Ташқарида эса шамол қарийб бўронга айланаёзган, у хас-хашакка қўшиб йирик-йирик қум зарраларини юзимизга урар, осмон қоп-қора, “милт” этган ёруғлик кўзга ташланмас, тинимсиз юзимизга урилаётган қум зарралари кўзни очиргани қўймас, тишларимиз орасида ёқимсиз ғичирларди.
Шу пайт осмондан тушгандек рўпарамизда отам пайдо бўлиб қолди. У менинг бирдан йўқолиб қолганимдан ташвишга тушиб қидира бошлаган ва анчагина овора бўлганлиги юзидаги ғазабдан аксланиб турарди.
– Қаерда юрибсан, аблаҳ!? – У юзимга енгилроқ тарсаки туширди.
Шу пайтгача бунақа тарсаки еб кўрмагандим. Йўқ, оғриқдан эмас, балки алам, ғазабдан юзим ловуллаб ёниб, кўзларимга ёш келди.
– Алик амаки, Боряни урманг! Уни мен чақиргандим. Биласизми, комендант ўзини осиб қўйибди. Шунга Машанинг олдига келгандик. – Давка пойинтар-сойинтар қилиб вазиятни тушунтирганча орага тушди.
– Нима дединг? Комендант?
– Машанинг дадаси… Балконда ўзини осиб қўйибди. Маша йиғлаб ўтирибди.
– Шунақами… Сенинг отанг қаерда?
– Уйда, ҳозир комендатурага телефон қилди…
Отам бир пас бошини қашлаб турди.
– Сен уйга бор, – деди менга ўгирилиб, – онанг хавотир оляпти.
Мен шаҳарчамизга кунботар томондан бало-қазодек бостириб келаётган қум бўронига қарши қийналиб қадам босганча уйга қайтдим.
Кейинги кун эрталаб анча лоҳас бўлиб уйғондим. Осмон сарғимтир, қуюқ тўзон булути қоплаб олганидан кун нимқоронғи, ҳаво эса нафас олиб бўлмас даражада қуйқа ва оғир эди.
Оллоберди чол ўлими олдидан башорат қилиб кетган тўзон бор бўй-басти билан ўзини намоён қила бошлаган эди.
Онам чойга чақирди. Истамайгина ўрнимдан туриб ювиндим. Мен дастурхон бошига келганимда отам ўрнидан туриб, аллақандай эзгин кайфиятда ишга йўл олди. Онамнинг қовоқлари ҳам солиқ. Атиги бир ярим кун олдинги, отамнинг муддати қисқартирилиб, бир неча ойдан кейин қишлоққа қайтишимиз дарагини эшитганидаги хурсандчилигидан асар ҳам қолмаган эди. Ҳатто жажжи сингилчам ҳам хомушгина, беланчагида сўрғичини сўриб ётарди.
Чойни чала-чулпа ичиб, папкамни ортмоқлаганча уйдан чиқдим.
Бўрон тундагидек увилламас, озгина бўлса-да шашти пасайган, бироқ сарғиш чанг туман шаҳарчани буткул ишғол қилганидан, икки қадам олдинни кўриб бўлмасди. Кеча тунда отам мени уйга жўнатиб юборганидан кейин нималар бўлганлигини аниқлаш мақсадида йўлимни Давкаларнинг уйи томонга бурдим. Яқинлашганимда Давка билан Машанинг бирга чиқиб келаётганларига кўзим тушди.
– Кеча комендантнинг жасадини олиб кетишганидан кейин, Маша бизникида, синглимнинг ёнида қолди. Ҳозир бизникидан чиқиб келяпмиз.
Машанинг ҳамон қовоқлари салқиган, кўзлари қизариб турарди.
– Энди мени детдомга топширворишаркан, – ҳиқиллади Маша яна кўзларига ёш олиб, – мен ҳам ўзимни осворсаммикан. Негадир яшагим келмай кетяпти.
Унинг гапи менга жўялидек туюлди. Юрагим сиқилиб борарди. Негадир тўзон нафақат шаҳарчамиз ҳавосини, балки бизнинг миямизни, қалбимизни хиралаштириб ташлаган эди. Тўзон энди абадий давом этадигандек, бизнинг қолган умримиз шу туманликда хира кўланка бўлиб кечадигандек, олдда “милт” этган ёруғлик йўқдек туюлиб кетди. Тўзон шаҳарча кўчалари билан бирга бизнинг кўнглимиз кўчаларини тўс-тўполон қилиб ташлаганди, гўё.
Мактабга келганимизда негадир синфхоналар жим-жит, унда-бунда кўриниб қоладиган ўқитувчилар ҳам шошганча пичирлашиб ўтиб кетишар, бизнинг анграйиб туришимизга эътибор ҳам беришмасди.
Ҳаммасини синфбоши Гогик гапириб берди.
Тарих ўқитувчимиз Ян Григорьевич кеча тунда билак томирларини кесиб ташлабди. Тонгда уни ваннахонадан ўлик ҳолда топишибди. Ҳозир унинг тобутини мактабга олиб келиш, мотам митингини ўтказиш тўғрисида ўқитувчилар маслаҳат қилишаётган экан. Бугун дарслар ўтилмаслиги ҳам мумкинмиш.
Гогик муҳим маълумотни етказиб, енгил тортгандек бўлиб, ортига қайтди. У негадир Машанинг кўзига қарай олмасди. Йилтираган қора кўзларини деворга, баъзан дераза ортидаги тўзон ичида қолган шаҳарчамизга боққанча гапирди.
Ян Григорьевич ёши эллик билан олтмишнинг миёнасида, тўладан келган, тилла гардишли кўзойнак тақиб юрадиган басавлат киши эди. У ҳаммага беписанд, юқоридан назар ташлар, шунинг учун ҳам шаҳарчада дўстлари йўқ, икки хонали уйда қаримсиқ кампири билан яшар эди. Улар бефарзандлиги учунми, каттакон бульдог ит боқишарди. Кечқурунлари эр-хотинлар ўша кўппагини сайр қилдирганча, паркни айланиб юришганига кўп бора гувоҳ бўлганман. Улар ҳеч ким билан гаплашишмас, салом берганларга эса билинар-билинмас бош ирғаш билан жавоб қайтаришарди. Шунинг учун ҳам шаҳарчанинг асосий фуқаролари бўлган собиқ аристонлар бу зиёлинамо олифта кимсаларни хушламасдилар. Бироқ у билан бир кунда нариги дунёга сафар қилган комендант унга ҳурмат билан муомалада бўлар, учрашиб қолганларида эҳтиром билан бошини эгиб саломлашарди.
Мактабда эса Ян Григорьевичдан ҳатто директор ҳам ҳайиқиб турарди. Биз ўқувчиларни эса айтмай қўяқолай. Бироқ мен тарихдан бошқаларга қараганда яхшироқ эдим. Бунинг устига у негадир отам билан чиқишарди. Шунинг учун ҳам мен ушбу “кибор” домланинг марҳаматига сазовор бўлган саноқли ўқувчилардан эдим. У менга юксак марҳамат кўрсатиб, уйидаги кутубхонасидан баъзи китобларни олиб ўқишга рухсат берган эди. Бироқ унинг бу “марҳамати” менга унчалик хуш ёқмасди. Сабаби у менга китобни ўзи тавсия қилар, китобни қўлимга тутқазганидан кейин уни қандай асраш, бетларини ғижим қилмаслик, сиёҳ чапламаслик тўғрисида чорак соатча тушунтириш берарди. Бу ҳам етмаганидек орадан бир ҳафтани ўтказиб китобни қайтарганимда, уни ўқиган-ўқимаганимни обдон текшириб, савол беравериб миямнинг қатиғини чиқариб юборарди. Шу мулоқотлар туфайли унинг уйига бир ҳафта-ўн кунда бир ташриф буюриб, Ян Григорьевичнинг оилавий аҳволи тўғрисида яхшигина билимга эга бўлиб улгургандим. Тўзон бошланмасдан бир кун олдин олган китобимни топшириб, навбатдагисини олиш учун тарих ўқитувчимизнинг озода ва сокин квартирасига боргандим ва эр-хотинларнинг мотамсаро ҳолатини кўриб ҳайрон қолгандим. Ян Григорьевич эса бугун мен билан суҳбатлаша олмаслигини ғўлдираганча тушунтириб, опкелган китобимни қўлимдан олганча эшикни юзимга ёпди. Қўшниларининг айтишича уларнинг арзанда кўппаги ўша куни омонатини топширган экан. Шунга чол-кампирлар аза тутиб, кўнгиллари хуфтон бўлиб ўтирган паллалари экан. Мен ҳам ҳар доимги мужмал саволлардан қутилганимга шукр қилиб, шаталоқ отганча кўчага чопган, эртаси куни шаҳар ташқарисидаги зовурга чўмилишга бориш ташаббусини Давка ва бошқа болаларга ёйишга шошилган эдим. Биз ушбу режани муваффақиятли амалга ошириб қайтган кунимиз эса Оллоберди чол омонатини топширган кун, яъни якшанба эди. Душанбада эса Ян Григорьевичнинг бемаъни ўлим топгани хабарини эшитиб турибмиз.
Негадир юрагим сиқилиб борарди. Мактабдаги мотамсаро кайфият менга ёмон таъсир қилаётганди. Ўтган соатларда кутилмаганда кетма-кет содир бўлаётган бу воқеалар мени эсанкиратиб қўйганди. Негадир уйга кетгим келаётганди. Ўқитувчилар ўзлари билан ўзлари овора бўлиб қолганликлари учун билинтирмай уйга суриб қолишни афзал билдим.
Отам негадир уйда эди. Аслида бунақа пайтларда ишда бўларди. Ошхонада Қўнисбай амаки билан ярми бўшаган шишани эрмак қилиб ўтиришарди. Ҳамишаги одатга мос бўлмаган тарзда иккалаларининг ҳам кайфияти жойида эмасди. Қўнисбай амакининг қисиқ кўзлари баттар қисилган, сийрак мўйлови шалпайиб, лаблари устига осилиб қолган, тинимсиз уф тортарди. Отам эса миқ эмасдан тинимсиз папирос тутатар, папироснинг қолдиғини кулдонга босиб ўчиргани заҳоти ароқни тақсимлар, Қўнисбай амакининг олишини ҳам кутиб ўтирмасдан, стаканни қуритар ва газагига папирос тутатарди. Менинг ошхонага кирганимни Қўнисбай амаки сезиб қолди.
– Кел, Боря. Мактабда нима гап?
Мен жавоб беришга улгурмадим. Отамнинг илкис бош кўтариб, зилдек оғир нигоҳлари билан қаттиқ тикилишидан дудуқланиб қолдим.
– Нега мактабдан бунча эрта қайтдинг?!
– Т-тарих ўқитувчимиз Ян Григорьевич…
– Бундан хабарим бор.
– Ш-шунга ўқитувчилар митинг қилишмоқчи. Дарслар ўтилмасакан.
– Ундай бўлса бор, гастрономга ўтиб кел.
Отам чўнтагини кавлаб папирос ва бир шиша ароққа етадиган пулни санаб берди.
– Имиллама. Тез бориб кел!
Мен сумкамни қозиққа илиб, яна кўчага чиқдим. Тўзон ҳали вери тинадиган эмас, қайтага забтига олаётган эди. Кўчада одамлар сийрак, борлари ҳам устига ёғилаётган чанг ва қум зарраларидан қочиб тезроқ уйига киришга ошиқишарди. Мен ҳам харидор йўқлигидан пашша қўриб ўтирган бадқовоқ хотиндан отам буюрган нарсаларни олиб, аждаҳонинг бўғзидек ваҳимали ва ёқимсиз кўчани тезроқ тарк этиб уйга кириб олиш учун оёғимни қўлимга олиб чопдим.
Улар яна ича бошладилар. Менинг эса дераза ортидаги сарғиш туманлик қоплаган кулранг тусдаги уйларга қарашга юрагим бетламас, бу тўзон бирин-кетин бутун шаҳар аҳолисини ўз комига тортадигандек туюларди. Тушга бориб бошим лўқиллаб кўнглим айний бошлади. Онам пешонамни ушлаб кўргач типирчилаб қолди. Ошхонада ичишиб ўтирган икки улфат ҳам бирин-кетин пешонамга қўлларини босиб кўришди.
– Скорий чақириш керак, – деди Қўнисбай амаки.
Отам ҳам нимадир деди, бироқ унинг овози узоқдан келаётгандек тушунарсиз эди. Қовоқларим ўз-ўзидан юмилиб, кўз олдимни кўчадаги хира туманликдан бироз ёрқинроқ сарғиш туманлик қоплаб олди.
Аллақандай қоришиқ нарсалар орасида узоқ вақт сарсон юрдим. Бунда тишини иржайтириб юрган шоқоллар ҳам, юзи кўкариб, тиллари осилиб қолган комендант ҳам бор эди. Бунинг устига улар тинимсиз ўзгарар, тишлари иржайган шоқол зум ўтмай комендантга, комендант эса қип-қизил тилини ярим қарич осилтириб, ириллаб турган шоқолга айланарди. Кейин эса улар кўз олдимдан йўқолиб уча бошладим. Сал эътибор берсам, мен тўзон булути орасида сузиб юрган эканман. Кейин булут пастлаб, тарқади. Ўзимни қадрдон қишлоғимизда кўрдим. Момом билан иккаламиз қўй боқиб юрган эканмиз. Дарё, менинг қадрдон дарём ҳам тўлиб-тошиб оқаётган экан. Шу танамнинг шўрлаб кетганини ҳис қиламан. Ўзимни дарёга отаман. Момом ортимдан ҳай-ҳайлаганча қолаверади. Мен тўлқинлар билан беллашиб узоқ сузаман. Нариги қирғоқдан Абдурасул амаким кўринади. Негадир унинг қўлида оддий юлғун таёқ эмас, комендант белига тақиб юрадиган резина тўқмоқ бор бўлади. У менга тўқмоқни ўқталиб, ёнига чорлайди. Кўриниши важоҳатли. Мен тўлқинлар устида, уларнинг оқимтир-сарғиш кўпиклари орасида сузиб кетавераман. Абдурасул амаким ҳам, момом ҳам ортда қолиб, кўздан йўқолишади. Бирдан дарё яна тўзон булутига айланиб мени юқорига кўтаради. Яна ўша тусини тинимсиз ўзгартириб турувчи махлуқлар орасида парвоз қила бошлайман. Атрофимдаги махлуқларнинг тинимсиз ҳайқириши, бўкириши, чинқириши ва чириллашидан қулоғим қоматга келади. Ўзимни аллақандай тушуниксиз, негадир худди култепаларга ўхшаш қум барханлари саф тортган беҳудуд саҳрода кўраман. Саҳрода тўрт томонга чопаман. Тиккайган бута тугул, ожиз хас-хашак ҳам кўзга ташланмайди. Битта ҳам тирик жон йўқ. Сарҳадсиз саҳрода бир ўзим… Интиҳосиз ёлғизлик комида қолганимни ҳис қиламан. Махлуқлар билан қилган парвозим пайтидаги юрагимни қоплаб олган қўрқув ўз-ўзидан йўқолиб кетади. Ўрнини тубсиз тушкунлик ва ғусса эгаллаб олади. Шунда олис-олислардан овоз эшитилади.
– Баҳромжон! Боламу-у!
Бу товуш жудаям олисдан келаётган бўлса-да, аниқ-тиниқ эшитаман. Бу онамнинг овози эди. Кўз олдимни қоплаб олган қорамтир саҳро чекина бошлайди. Олисдан онамнинг оппоқ рўмоли шамолда силкинаётганини кўраман.
Атроф секин-аста ёриша бошлади. Уйғониб кетдим. Секин кўзимни очдим. Тепамда йилтироқ кўзойнакли, тепакал киши ўтирганини кўрдим. Оқ халатига кўзим тушгач унинг докторлигини, ўзим эса касалхонадалигимни англадим.
– Ўзига келди, – деди доктор ёнидаги сариқ сочли хушбичим жувонга ва мен тушунмайдиган аллақандай атамаларни айтганча унга топшириқ бергач, чиқиб кетди.
Жувон эса билагимга нина санчиб укол қилди. У чиққанидан кейин палатага онам кириб келди.
– Яхшимисан, болам, – деганча пешонамга қўлларини босди. Иссиғим анча тушган бўлса керакки, бу сафар унинг юзи хавотирли эмасди. – Бизни анча қўрқитдинг-да, Баҳром.
Шоша-пиша уйда тайёрлаб банкага солиб келган товуқ шўрвасидан мажбурлаб бир неча қошиқ ичирди. Ичимга кирган иссиқ ва мазали шўрва анчагина тетиклаштирди. Миямдаги хиралик тарқаб, атрофга дадилроқ назар ташладим. Кейин менга нима бўлганлигини сўрадим.
– Икки кундан бери ҳушсиз ётгандинг, болам. Бугун ниҳоят кўзингни очдинг. Анави ўртоғинг бор-ку, қозоқ бола. Ўша ҳам икки кундан бери шу ерда эди. Доктор ҳушингга келганини айтганидан кейин шошилиб чиқиб кетди.
Демак, мени бу ерга олиб келишганига икки кун бўлибди. Шу вақт мобайнида Давка касалхонада бўлган. Негадир уни кўргим, қучоқлаб бағримга босгим келди.
* * *
Кечроқ отам келди. Унгача бошимда гиргиттон бўлиб турган онам унинг бир имоси билан палатани тарк этди.
– Ўзингни бироз тутиб олгин, ўғлим, – деди отам йўғон қадоқ қўллари билан пешонамни силаб. – Ҳар нарсани ўзингга олаверма. Тузалганингдан кейин қишлоққа кетасан. Ҳозирча бехавотир ётавер, бўптими, Баҳромжон?
– Бўпти, ота.
– Майли бўлмаса, мен кетдим. Кечроқ хабар оламан.
Отам тез-тез юриб чиқиб кетди. Бироздан кейин эшик қия очилиб Давканинг пахмоқ сочли боши кўринди. Унинг кенг ёноқ, қисиқ кўзли башарасидаги хавотир, мени кўргач тарқалиб, ёйилганча илжайди.
– Салом, Боря. Кирсам майлими?
У жавобимни кутмасдан ўзини ичкарига урди.
– Қалайсан энди? Тузалиб қолдингми?
– Раҳмат. Ўзингнинг ишларинг яхшими?
Давка айтсамми, айтмасамми, дегандек бироз иккиланиб турди. Кейин бир қарорга келди шекилли, “яхши” деб қўйди. Кейин бироз уёқ-буёқдан гаплашиб турган бўлиб мен билан хайрлашишга чоғланди.
– Бўпти, Боря. Эртага яна келаман. Бугун бир зарур ишим бор эди.
Давканинг ўзини тутиши менга ғалати кўринди. Олдинги дангалчи, кўнглидан кечганини сира тортиниб ўтирмасдан айтиб юбораверадиган, жанжал ва муштлашувга суяги йўқ Давкага сира ўхшамасди. Гўё кутилмаганда бошланган тўзон уни бутунлай ўзгартириб юборгандек эди. Унинг бир гапи бор эди-ю, лекин айтишга иккиланиб қолганлиги, апил-тапил хайрлашиб чиқиб кетиши менда ғалати таассурот уйғотаётган эди. Унинг қанақа зарур иши бўлиши мумкин. Бундай тўзонда у олдингидай кўча чангитиб юрмаса керак. Фикрларим чувалашиб бошим оғриб кетди. Бироздан сўнг ҳамшира келиб билагимга нина санчди. Осма уколнинг шаффоф қувуридан томчилаётган дорини кузата туриб ухлаб қолибман.
Анча тетик бўлиб уйғондим. Кейинроқ дўхтир келди. У қулоғига стетоскопни тиқиб томир уришимни текширди. Қовоғимни йириб кўзимнинг оқига назар ташлади. Қон босимимни ўлчади. Оғзимга термометр тиқиб қўйди. Охирида енгил тортгандек бир сўлиш олди-да, “Ҳаммаси жойида”, деб қўйди.
Кечга яқин отам келди. Менинг ёнимга киришдан олдин дўхтир билан гаплашиб олган шекилли, юзи олдингидек ташвишли эмас эди. У илжайганча эрта тонгда менга жавоб берилишини дараклади. Охирги муолажани бугун кечаси олиб, эртага уйга кетаверишим мумкинлигини дўхтир айтибди.
Эрталаб онам келиб лаш-лушларимни йиғиштирди. Тушликка қолмай биз ўз уйимизда эдик. Эрталаб сал авзойи очила бошлаган осмон яна тундлаша бошлади. Шамол кучайиб сап-сариқ чангни шаҳарча кўчаларига ёғдира бошлади. Отам тушликка яқин қўлида икки қадоқча гўшт, ҳамишагидек ёнида иккита шиша солинган тўрхалтани кўтариб кириб келди. Орқасида Қўнисбой амакининг тиржайиб турган башарасини кўриб, ўша касал бўлиб қолган кунимдагидек, кўнглим айниб кетди. Ичкарига кирдим. Китоб ўқишга ҳолим келмади. Каравотга чўзилганча шифтга термулиб ётдим. Хайриятки, отам менга иш буюрмади. Ҳаммасини онамнинг ўзи бажарди. Онам бир қўлида инжиқ синглимни кўтариб, бир қўли билан қозон кавлаб, отам билан Қўнисбой амакига гўштни қовуриб берди. Қовурдоқни лаганга солиб, устига пиёз тўғраётган пайтда эшик жиринглади. Онамнинг икки қўли ҳам банд эди. Меҳмонхонадан отамнинг овози эшитилди:
– Баҳром, қаравор. Ҳойнаҳой Сергей бўлса керак. Ҳид чиққан жойни икки юз чақиримдан билади, бу суллоҳ. Мен эринибгина ўрнимдан туриб, эшикнинг илгагини туширдим. Отам ҳақ эди. Остонада оғзидангина эмас, балки бутун танасидан ароқ ҳиди уфуриб турган Сергей амаки чайқалиб турар эди. Унинг бир чўнтагидан алюмин қопқоғи ўрнига сабзи тиқиб қўйилган яримлаб қолган шиша чиқиб турарди. У бетакаллуф, худди ўз уйига кириб келгандай, ичкарига кирди. Тўғридаги очиқ эшикдан кўриниб турган отам билан Қўнисбой амакига қараб самимий, шанғиллади.
– Алик! Здорово мой приятель! Коля, ты тоже здесь? Молодец, поздравляю!
– Раҳмат, Сергей, – деди отам бироз қовоғини солиб. Кел, ўтир биз билан.
Отам Сергей амакининг суллоҳлигини, сўраб-нетиб ўтирмасдан бостириб кириб келаверишини ёқтирмасди. Бироқ кириб келганида кўксидан итармасди ҳам.
У киссасидан сабзи тиқилган шишани чиқариб столга қўйди. Қўйнини пайпаслаб иккита иссиқхонада етиштирилган ва бизнинг гастрономга тез-тез келиб турадиган узунчоқ ва тепасига “ҳуснбузар” тошиб кетган бодринг ва сарғиштоб помидор олиб қўйди. Кейин менга ўгирилди-да, туз ва пичоқ олиб келишни буюрди.
То мен туз олиб келгунимча, Қўнисбой амаки узатган пиёлани қоқлаб, ўзи олиб келган бодрингдан биттасини бетуз қарсиллатганча чайнаб турарди.
– Боря, сен нега анави комендантнинг қизини қидиришга бормадинг? Менинг Мишам, манави Колянинг ўғли ҳам икки кундан бери солдатлар билан уни қидиришяпти. Сени қара-ю….
Отам столни гурсиллатиб урди.
– Бас қил, Сергей! Баҳром ҳозиргина касалхонадан келди! Бошини қотирма!
– Тўғри,– деди Қўнисбой амаки отамни қўллаб. Ҳеч ким йўқолгани йўқ. Давка ҳозир ўқишда. Дарси тугагач, албатта, Боряни кўришга келади. Сен эса алжирама. Кайфинг ошган бўлса уйингга кириб ёт.
Сергей амаки норозиланиб яна нимадир демоқчи эди, отам гапиртирмади:
– Баҳромжон, бор, хонангга кириб ётақол. Сенга чарчаш мумкин эмас. Кўриб турибсан, Сергей маст бўлиб қолди. Нима деяётганини ўзи ҳам билмайди.
Мен хонадан чиқаётганимда Сергей амаки ғудранди:
– Мен ҳечам маст бўлиб қолганим йўқ! Нега оғзимга урасизлар?! Комендантнинг қизи қочиб кетган! Буни янги комендант Веремеевнинг ўзи айтди! Ҳа, худди ўзи! Ўз қулоғим билан эшитдим.
* * *
Ўша пайтда отам темирйўл станцияси ёнидаги геологлар шаҳарчаси қурилишида улкан самосвал ҳайдаркан. У қурилишга бетон, ғишт ва алламбалолар ташиб бераркан. Абдурасул амаким эса ўқишни шу йил тугатган. Институтга ҳужжат топшириб, бироқ у ердан қиличи синиб, қалқони тешилган ношуд аскардек қайтиб келиб, кўчага чиқишга ҳам юзи бўлмай қоронғу уйга қамалиб олган амакимни отам машинасига миндириб қурилишга олиб бориб ишга жойлаб қўйибди.
Бир куни амаким кечга яқин усти боши дабдала, бир қовоғи кўкариб кириб келади. Отам эндигина машинасини қантариб, супада майкачан бўлиб олганча совуқ чой ичиб ҳузурланиб ўтирган бўлади. Амакимнинг ҳолини кўриб момомнинг эсхонаси чиқиб кетай, дейди. Онам эса ўчоқбошида куймаланиб юраркан, унинг ҳолига эътибор бермайди. Амаким индамай уйга зипиллаб қолмоқчи бўлганда отам тўхтатиб қолади.
– Қани буёққа кел-чи, жўжахўроз. Афтингни ким бунчалик безаб қўйди?
Амаким худди оёғига тош боғлангандек, супага қараб судралади. Бироқ саволга жавоб бермай кўзлари ер чиза бошлайди.
Отамнинг жаҳли чиқади. Бунақа пайтда чап қоши сал кўтарилиб, юз мушаклари пириллай бошлайди.
– Сендан сўраяпман?! – паст, аммо бўғма илоннинг ўлжасига ташланаётганида чиқарадиган товушидек вишиллайди.
Амакимнинг гапиришдан ўзга чораси қолмайди. Секин бошини кўтариб аввал отамга, кейин момомга қарайди. Момом лабларини қимтиганча эркатойини бағрига босиб, юз-кўзидаги ғурра ва яраларини силагиси келар, бироқ отамнинг ҳайбатидан ҳайиқиб, типирчилаб туради.
Отам Абдурасул амакимнинг онаси олдида гапиришга уялаётганини сезиб момомга ўгирилади.
– Анави келинингиз ҳамма жойни тутунга тўлдириб юборди. Ўзингиз ёқиб бермасангиз, ҳозир ҳамма бўғилиб ўлади.
Ҳолбуки, ўчоқда ўтин гуриллаб ёнарди.
Момом сергак кампир эмасми, дарров тушунади. Оғир уф тортганча ўрнидан қўзғалиб, ўчоқбоши томонга йўналади.
– Гапир! – дейди отам укасига ғазаб билан тикиларкан.
Амаким чайналади. Бироқ отамнинг ўқдек қадалиб турган нигоҳига кўзи тушгач, ўзини ўнглаб олади.
– Ким?!
Амакимнинг кўзлари пирпирайди.
– Магомед… – дейди қалтираб.
– Ким-ким?!
– Магомед чечен…
– Лаънати чеченга қандай илакишиб қолдинг?! Унинг кимлигини билмасмидинг?!
Отамнинг чеҳраси қийшайиб кетади. Ёноқ мушаклари янада қаттиқроқ пириллаб уча бошлайди.
– Мен унга илакишганим йўқ. Ўзи тирғалди.
– Нимани бўлиша олмадинг у билан?
Амаким гапни нимадан бошлашни билмай бироз каловланади. Жим турса акасининг ғазаб алангасига баттарроқ дучор бўлишини билиб гапира бошлайди.
– Алфия билан дўкондан чиқиб келаётгандик. Магомед бир-икки улфати билан пиво ичиб ўтирган экан. Гап отди…
Воқеа бундай бўлган эди.
Кечки пайт. Куни билан саҳронинг сап-сариқ қумига бор оташини пуркаган офтоб ётоғига равона бўлгач, саҳро бағрида қад ростлаётган шаҳарчага оқшомги салқин шабада ёпирилиб киргач, куни бўйи иссиқда қоврилган кишилар ўзини бу ердаги яккаю ягона дўконга урар, бир зумда дўконнинг улкан совутгичларидаги бор пиво заҳирасини жиғилдонларига жойлаш ҳаракатида бўлишарди.
Бу саҳролар минг йиллардан бери бировга керак бўлмаган. Уч-тўртта туябоқар қозоқларнинг ўтовидан бошқа тиккайган бута кўринмайдиган бу чўлни тиккасига кесиб ўтган темирйўл станцияси ёнида бир нечта темирйўлчиларнинг ғиштин уйлари анча кейин қурилган. Нима бўлди-ю, бу саҳролар бағри ермойи ва кўкимтир аланга бериб ёнадиган газга тўла эканлиги аён бўлгач, ширага талпинган чумолидек одамлар ёпирилиб кела бошлади. Аввал геологлар, кейин пармаловчилар, кейин қазиб чиқарувчилар ва қурувчилар келишди. Албатта, бу саҳролар бағрида қовурилиб ишлаганлар кам пул топишмасди. Бу келгувчиларнинг ичида шу пулнинг ортидан қувган, такасалтанг ва каззоблар ҳам йўқ эмасди. Дўкон олдига танда қўйиб, пиводан бўшаган яшикка ўтирганча қўлидаги шишани қоқлашаётган Магомед чечен ва унинг уч-тўрт ҳамтовоғи шу тоифадан эди.
Амаким айтган Алфия эса қурилишда кассир бўлиб ишлайдиган қиз эди. Ота-онасига эргашиб, олис Уфадан келиб қолган бу қизга амакимнинг ишқи тушиб қолган. Ўша куни Алфия билан дўкондан чиқиб келишаётганида анчагина “етилиб қолган” Магомедга шаҳарчадаги энг кетворган қизнинг шу қишлоқи билан етаклашиб юриши эриш туюлади.
– Алфия, – дейди у кўзи кайфдан сузилиб, – Фея! Ҳа, сен Алфия эмас, Феясан! Фаришта!
Ўрнидан туриб, бироз гандираклаганча уларнинг ёнига келади. Қизнинг ёнида турган амакимга худди кераксиз буюмга нигоҳ ташлагандек менсимай қарайди. Бу қараш амакимнинг суяк-суягидан ўтиб кетса-да, ўзини босади. Маст одам билан пачакилашгиси келмайди. Қизнинг қўлидан тутади:
– Кетдик, Алфия.
Лекин кетишга улгура олишмайди. Магомед қўлидаги ярмидан кўпроғи ичилган пиво шишаси билан амакимнинг бошига тушириб қолади. Ёнидаги улфатлари ҳам бу “хайрли” ишдан четда қолмаслик учун қўли етгани муштлаб, оёғи етгани тепкилаб қолишади. Бир зумда амаким тупроққа беланиб, юз-кўзлари ғуррадан безалади. Алфия қичқириб ёрдам сўрайди. Узоқдан милиционернинг ҳуштаги чалинади. Магомед ва унинг улфатлари бир зумда “қуённи сурворишади”.
Отам амакимни ёнига олиб самосвалини гуриллатганча оқшом қўнаётган қишлоқнинг тупроқ кўчасини чангга тўлғазиб шаҳарчага йўл олади ва шу кетганича қайтиб келмайди. Момом билан онам эса тиқ этган товушга қулоқ тутиб тонггача мижжа қоқишмайди. Саҳарда амакимнинг ўзи ёлғиз келади. Унинг айтишича, Магомедни дўкон орқасидаги ишчилар ошхонасидан топишади. Магомед улфатлари билан отамни ҳам масхараомуз ҳақоратлар билан кутиб олади. У ғирт маст эди. Шунинг учун ҳам отамга йўллаган мушти мўлжалга аниқ етиб бормайди. Отамнинг залворли муштидан у учиб кетади. Улфатлари ҳам бирин-кетин тупроққа қорилади. Шу пайт ўрнидан турган, бироз кайфи тарқаган Магомеднинг қўлида қаердандир ярим қулочча арматура пайдо бўлиб қолади. У арматура билан отамнинг елкасига тушириб қолади. Отам гандираклаб кетади, бироқ йиқилмайди. Магомед қўлида арматурани ўйнатганча иккинчи зарба беришга чоғланганда амаким ғишт парчаси билан энсасига зарб билан уради. Ўзини ўнглаб олган отам оғир кирза этиги билан башарасига тепиб юборади. У йиқилаётиб боши билан бетон пойдеворга урилади ва оғзидан қон аралаш кўпик оқа бошлайди. Шу пайт шаҳарчадаги яккаю ягона милиционерга тегишли “Урал” мотоциклининг товуши эшитилади.
– Сен кет! – дейди отам амакимга. Бу ерда сен йўқ эдинг. Тушунарлими?!
Амаким отамнинг ғазабидан қўрқиб ўзини панага олади. Милиционердан кейин ”Тез ёрдам” машинаси келиб ҳушсиз Магомедни касалхонага олиб кетади. Отамни милиционер кажавага ўтқазиб мелисахонага олиб кетади. Амаким эса уларнинг ортидан қорама-қора мелисахонага бориб отамнинг чиқишини кутиб ўтиради. Ярим тунда ўзида журъат топиб мелисахона эшигидан мўралайди.
– Ким керак, сенга? – уйқусираган милиционернинг қўпол ва хирилдоқ товушидан у бироз каловланади.
– Акамни қидириб келувдим.
– Э, анави муштумзўрнинг укасимисан? Ие, сенинг ҳам башаранг бузилибди-ку! Жанжалда сен ҳам қатнашганмисан?
Амаким сесканиб кетади. Бироқ отамнинг унга айтган гапи эсига тушади.
– Йўқ. Йиқилиб тушдим. Акам шу ердами?
Милиционер темир панжара билан ажратилган хонанинг тўрига ишора қилди.
– Ана, ўтирибди қаҳрамон аканг.
Отам ўрнидан туриб панжарага яқин келади.
– Абдурасул, сен уйга бор. Онам хавотир олаётгандир. Уларни тинчит. Мендан хавотир олишмасин. Тез орада ўзим ҳам бориб қоламан.
– Боради-я боради, – заҳарханда қилади милиционер. – Агар анави Магомед ўлиб қолмаса, уч йилдан кейин, тўнғиз қўпадиган бўлса, ўн йилдан кейин боради!
Отамнинг шўрпешонасининг яна ҳам тузини кўпайтирганча Магомед икки кун ҳушсиз ётиб, учинчи куни омонатини топширади.
* * *
Тўзон бошланганининг еттинчи, Маша йўқолиб қолганининг учинчи куни мен кўчага чиқдим. Мақсадим Давкани қидириб топиш эди. Мактабда Оллоберди чол ўлганидан кейин янги келган қоровул ва иккита фаррошдан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Ўқитувчилар ва юқори синф болалари Машани қидириш учун аскарлар билан бирга тўзон қоплаган саҳрога чиқиб кетишган экан. Нима қилишни билмай яна уйга қайтдим. Кўчамиз бошида эса ҳаллослаб келаётган Давкага кўзим тушди.
– Боря! – чинқириб юборди у. – Боря, буёққа қара!
Тўзон одамларни бир неча кун ичида шунчалик ўзгартириб юбордими, ё бўлмаса мен ўзгариб қолдиммикан, Давканинг ўзини тутиши менга мутлақо ғалати туюларди. Бўлмаса мен унга қараб рўпарасида турибман-ку.
– Боря, ҳозиргина Машани топишди!
Бу яхшиликка-ку, бироқ Давканинг юзида яхшилик аломатидан асар ҳам йўқ эди. Рангги бироз оқариб, дўрдоқ лаблари пир-пир учиб турарди.
– Биласанми, Боря, унга қарашга ҳеч кимнинг журъати етмади… Бир қўлини нарироқдаги бутанинг орасидан топишди, танасининг ярмини қум босиб қолган, юзи ўрнида оппоқ ғажилган суяк…
Давка гапини давом эттира олмади. Ҳўнграб юборди. Мен қотиб қолдим.
– Қанақа қилиб?!
– У саҳрода адашиб қолган шекилли. Чиябўрилар ғажиб ташлаган бўлса керак…
Воқеа бундай бўлган эди.
Маша кўчада узоқ тентиб юради. Кетма-кет онаси ва отаси фожеали вафот этган мудҳиш уйларига киришга юраги бетламас, отасининг ҳарбийлар қайишига осилганча кўзлари бақрайиб, тиллари осилиб қолган даҳшатли башараси кўз олдига келар ва қўрқувдан ўзини қаерга уришни билмай қоларди. Тўзон увиллар, сарғиш чанг эгаллаган кўчалар эса кимсасиз эди. Бошини хам қилганча юраверди. Юриб-юриб у шаҳарча четига, тикансимли тўсиқ ва қўққайиб турган соқчи минораси ёнига келиб қолган эди. Минора устидаги соқчи аскар дарҳол унга автоматини ўқталади.
– Тўхта!
Маша уйқудан бехос уйғониб кетгандек кўзлари чарақлаб очилиб, таққа тўхтайди. Қаерга келиб қолганлигини билиш учун атрофга аланглайди. Тўзон уст-бошини сарғимтир чангга белаган аскарга ҳайрон бўлиб тикилади. Соқчи унга ҳамон автомат ўқталганча хўмрайиб турарди.
– Орқангга қайт! – яна ўшқиради аскар.
Маша беихтиёр ортига ўгирилади ва имиллаганча қадам ташлайди. Аскарнинг чангга беланган башараси ва бақириши уни уйқудан уйғотган, кўз олдидаги отасининг даҳшатли қиёфаси чекинганди. Шунда хаёлидаги хира туманлик тарқалиб, негадир қалби ғазабга тўлиб кетади.
Нимага у ўшқиради? Нима, аристонмидики уни тикансим ортида қўриқлашса? Ҳатто аристоннинг боласи ҳам эмас! Хоҳлаган жойига боришга ҳаққи бор!
У юришдан таққа тўхтайди. Кескин бурилиб соқчи минораси томонга юра бошлайди.
Соқчи аскар яна автоматини елкасидан олиб унга ўқталади.
– Тўхта! Отаман!
Маша тўхтамайди. Минора томон тикка бостириб бораверади.
– Тўхта! Отаман!!! – қаттиқроқ бақиради аскар ва қўлидаги автоматинининг сақлагичини шарақлатиб туширади.
Маша тўхтайди. Ғазабланган аскарнинг башарасига бу сафар қатъийроқ тикилади.
– Ўтказиб юбор, – дейди у паст товушда.
– Мумкин эмас! Ортингга қайт!
– Менга мумкин. Мен аристон эмасман! – овозини кўтаради Маша.
– Мумкин эмас!
– Ўтказмайсанми?!
– Йўқ! Қани бу ердан жўнаб қол!
– Барибир ўтаман, кўрасан!
Шу пайт унинг хаёлига биз чўмилишга бориш ёки саҳрода дайдиб юриш учун тикансим девордан махфий тирқиш очганимиз келади.
– Яна бир қадам яқинлашсанг отаман!
– Отиб бўпсан, қўриқчи!
Маша унга тилини кўрсатади ва ортига ўгирилиб чопа кетади. Унинг сарғиш гулли сарафани тўзонда липиллаган ожиз гулхандек гоҳ кўриниб, гоҳ кўринмай боради.
“Жинними бу қизча, – хаёлидан ўтади соқчининг, ё бу лаънати тўзон унинг ҳам бошини айлантирган, шекилли”. У чўнтагидан арзон папирос чиқариб, бармоқлари билан эзғилай бошлайди.
Бу пайтда Маша бизнинг махфий тирқишимиз томонга жон жаҳди билан чопарди. Унинг хаёлида бу бақироқ соқчини лақиллатиб, устидан роса кулишдан бошқа фикр йўқ эди. Бу истак бутун вужудини эгаллаб олган ва ҳорғин оёқларига куч-қувват бағишлаган эди.
Соқчи ҳали папиросини чекиб улгурмай яна қизчанинг овозини эшитиб ғазаби алангаланди. “Тинч қўядими, йўқми бу тентак!” Қизчанинг таниш сарафани энди тикансим ортидан келарди. Аскар қотиб қолади. “Лаънати, жинми ё шайтонми бу…”
Маша унга қўл силкийди.
– Кўряпсанми бақироқ, мен буёққа ўтдим! Сен эса қўққайиб ўтиравер, полиздаги қўриқчи!!!
Маша хо-холаб кулади ва соқчини баттар ҳайратда қолдириб тўзонда гувранаётган саҳро томонга чопа бошлайди. Бироздан кейин унинг сарғиш гулли сарафани чанг туманлиги орасида ғойиб бўлади.
Уни уч кун излашади ва ниҳоят шоқоллар ғажиган лошинигина топа олишади. “Уни саҳро иблиси олиб кетган экан-да,” – хаёлидан ўтказади аскар ва чўқиниб қўяди.
* * *
Шундан кейин кўчага чиққим келмади. Қачон қишлоққа қайтишимизни кутиб, кун санаб уйда ётавердим. Ниҳоят уч кундан кейин отам тўзон бошланганидан бери илк бора чиройи очилиб келди. Қўлидаги ҳар қачонгидан кўра семизроқ тўрхалтасини стол устига қўйиб, кўкрак чўнтагидан бир нечта қоғозни олди. Улар озод қилинганлиги тўғрисидаги ҳужжат ва учта қизғиш темирйўл чиптаси эди. Мен ҳаяжонланганимдан қичқириб юбордим. Онам нариги хонадан синглимни кўтариб чиқиб келди.
– Ҳаракатингни қил онаси, эртага жўнаймиз!
Отам қўлидаги ҳужжат ва темирйўл чипталарини елпуғичдек силтади. Онам эса стулга ўтириб қолди. Ҳаяжонланганиданми тилида фақат битта калима айланарди:
– Вой, Худойим! Вой Худойим-эй!
Эртасига чанг ва хас-хашак босган стансияга бизни кузатгани Давка ва унинг отаси Қўнисбай амаки, Миша ва унинг отаси Сергей амаки, Гогик бошчилигидаги бизнинг бутун синфимиз чиқишди. Барчаси билан қучоқлашиб хайрлашдим. Отам Қўнисбай ва Сергей амакилар билан скамейкага ўтирганча “кетар жафосига” юзта-юзта отаётган эди. Скамейкага газета тўшалган ва унда Сергей амакининг доимий ҳамроҳи бўлган оғзига сабзи тиқилган шиша ва иккита узунчоқ иссиқхона бодринги турарди.
Тепловоз гудок чалди. Оташ шошилиб стаканни бошига кўтарди ва биз жойлашган вагон томонга чопди. Унинг ортидан Сергей амакининг мастона ғўлдираши эшитилди:
– Алик золотой парень! Теперь без него наш несчастный городок ещё скучнее станет…
Поезд тарақа-туруқ қилиб жилди. Бироздан кейин тикансимлар билан ўралган, тўзон исканжасида жон бераётган илондек тўлғонаётган шаҳарча кўздан йўқола бошлади.
Орадан йиллар ўтиб, хотирамда бу шаҳарчадан фақатгина тикансимлар, тўзон ва Давканинг қисиқ кўзли кенг юзи қолди холос.
“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 6-сон