Азиз Норқулов. Қўрқинч бағишлаган севинч (ҳикоя)

Ширқ-ширқ…
Ширқ-ширқ, ширқ-ширқ…
Абдураҳмоннинг ихтиёри қўлдан кетди. У қабристонда туриб, мозорларни суратга олаётганди. Юрагида милт этган нур йўқ. Нажотни нимадан кутишни ҳам билмайди. Кўзёшлари неча карра юзини ювди. Тонг отгунча қанча ёстиқлар ёш томчиларидан ивиб кетди. Юрагига изтироблар дунёсидан қувур очилгандек эди. Ямаб-ясқаб бекитишнинг сира иложи йўқ.
Ҳоли қолмаган Абдураҳмон қабристон четидаги ним¬қоронғи кулбага узала тушди. Хаёлларига эрк беришга ҳам мажоли қолмади. Ҳаёт билан боғловчи сўнгги толаларнинг чирт-чирт узилаётганини сезиб турарди. Қанча муддат ётди, хотирида йўқ. Эти жунжикиб уйғонди. Ҳадиксираб атрофини кузатди. Вужудига сезилар-сезилмас таралаётган титроқ бор хаёлларини тўзғитиб юборди.
Болалигида тонг маҳали том бошига чиқиб, гўё қуёшни қаршилаган бўларди. Жимирлаётган уфққа узоқ-узоқ тикиларкан, пастда жиғибийрон бўлаётган онаси ҳеч нарсани тушунмасди. Балки соддадил ўғлидан хавотир ҳам олган чиқар.
Бу тонг эса на тириклар орасида, на ўликлар орасида ҳисобда йўқ. Тақдир ўйинлари виждон «математика»си билан чиқишмади. Уни марҳумлар қабр битгунча вақтинча сақланадиган мана шу кулбага улоқтириб юборди. Бетизгин туйғуларнинг асирига айланган ожиз инсон УМИДни шу ерлардан ахтарибди. Қабртошлардаги суратлар билан сўзсиз суҳбатлашганларини хотирлади. Мунгли нигоҳлар унга ҳаёт сабоқларини берарди.
– Бу дунё ва охират бир лаҳзалик таҳлика ва хавотирингга арзимайди.
Қабрлар орасида узоқ, бемақсад тентиди. Суратлар уни таъқиб этаётганди, нигоҳлардан паналаш эса имконсиз. Журъатини жамлади, уларга тик боқди. Марҳумларнинг бири меҳр, бири ўкинч билан ҳасрат халтасини кавлаштирар, нималарнидир уқтиришга уринарди. Улар дунёнинг дардини опичлаб ётганини ҳис қилди. Нега, нега бу сасларни шу пайтга қадар туймадим-а?!
У биринчи маротаба ўлимдан қўрқди. Нажот ўлимда ҳам эмас экан! Нега паймонам тўлмасдан бурун ўлим тўшагига ётдим? Абдураҳмон ўлимдан қўрқаётганидан қўрқди. Ҳақли эди. Илгари ўлимдан сира чўчимаган. Аксинча, нажотни ўлимдан кутиб яшайдиганлар тоифасидан эди. Мар¬ҳумларнинг «вой-вой»ларини эшитгач, бу ерларга тезроқ келиш истаги тамоман сўнди. Тезроқ кун ёришса-ю,¬¬ мўъжаз дунёда яшаб-яшаб қолишга шошилса. Шуни истади унинг юраги.
Бир маҳаллардагидек туйғулари билан ҳисоблашмаслик одатини энди тарк этади. На ўзгаларнинг, на ўзининг юрагига қулоқ тутарди. Оқибат-натижа эса уни бу маконларга муддатидан илгари етаклаб келди. Бироқ «индамаслар дунё¬си» яна ҳам ваҳима ва изтиробларга тўла эканини кеч англади. Хаёлланди: «Энг улуғ ўлик ҳам изтироб чекишдан маҳрум»1.
Тирик эканидан, изтироб чекаётганидан қувонди. Тириклик нишонаси, деб билди изтиробларни…
Бир оз йиғиштириниб олган Абдураҳмон ҳовлига чиқди. Уфққа болалигидаги каби узоқ-узоқ термулди. Кўз илғар-илғамас қуёш шуълалари пайдо бўлаётганди. Севиниб кетди. Вужудидаги қўрқинчли титроқ тарқала бошлади. Мийи¬ғида жилмайди. У севина олаётганидан севинаётганди.

Улкан одам
(Афсона эмас)

Қўлингизни силтаманг, сиз мени нотўғри тушунаяпсиз!?
Бундай бўлишини сира истамагандим. Ҳаммаси дабдурустдан содир бўлди. Йўлакдан ўтаётганимизда қаттиқ тайинланди: «Кўзларингни маҳкам юмгин-у, очма!»
Димоғимга урилаётган хуш бўйларга дош беролмадим. Атрофни кўзларим билан кўргим келди. Аввалига мўраладим. Сезмади. Кейин томоша қила бошладим. Гўзалликлардан ҳушимдан айрилар маҳалим осмонда муаллақ кетаётганимизни сездим. Ҳаракатланаётган биз эмасдик. Жонҳолатда силтаниб, ўзимни ерга ташламоқчи бўлдим. Мувозанатим бузилди. Ёнасига пастга қуладим. Бошим пастга қараб кетаяпти-ю, оёғим жойидан жилмасди. Қўрқиб кетдим. Мен УЛКАН ОДАМга айланаётгандим. Шу алфозда неча йиллар Ўзим билан ўзим овора бўлдим. Улкан одамларнинг майда ташвишлар билан иши бўлмас экан. Узун-узун қўлларим оёқдек ҳаракатлана олар, узайгандан-узайиб, узатган жо¬йимга етарди.
Бироқ ҳаммаси жонимга тегди. ОДАМга ўхшаб яшамаганингдан кейин бекор экан. Азобландим. Неча-неча қайта силтандим, эслолмайман. Бир замон оёқларим бўшаб, бор бастим билан заминга қуладим. Унинг бир бурчида юмаларканман, қанча ҳаракат қилмай ўзимни тўхтата олмасдим. Думалаганим сайин кичрайиб бордим, ниҳоят, ёшгина болакай тўхтатиб қолди. Унга меҳрим тушди. Қилиқлари, эркаликлари, яна нималаридир ўзимга ўхшарди. Иккаламиз баб-баравар улғайиб бордик. Унинг мен қилган хатоларни такрорлашини ҳеч хоҳламасдим. Танбеҳни кўп бердим. Охири мендан безиб, ҳайдаб юборди.
Иложсизман.
Жимгина кузатиб яшайдиган бўлдим.
Ҳозир у жуда ҳам УЛКАН ОДАМ. Фақат оёқлари осмонда, қўлларини эса қаерга узатса етади.
Қўлингизни силтаманг, сиз мени нотўғри тушунаяпсиз!

Таскинга муҳтож тасалли

Ер курраси наздимда кичик бир заррага айланди. Унда алланималар элас-элас кўзга ташланарди. Яна ҳам узоқларга учиб кетдим…
Чексизлик гирдобида кезиндим. Сайёралар ийманган кўйи ёнимдан айланиб ўтарди. Юрак яна ҳам, яна ҳам кенг¬ликни истади. Турфа галактикалар, турли оламларни ортда қолдирдим. Бироқ кўп ўтмади, ўзимни йўқотдим. Маъносиз ҳаракатлар жонимга тегди. Юрак ўз гўшасини қўмсай бошлади. Миллионлаб сайёралар орасидан Заминни қидирдим. Ана – у!
Аммо оёқ босарга жой йўқ. Бу макондан ўзимни топиш, Ўзимни ажратиб олиш ўйи босди мени. Узоқ тентидим. Кундалик юмушлар билан куймаланаётган вужудда яшашим қийин кечишига кўзим етаётганди. Уни опичлаган кўйим бошқа оламга кетгим келди. Аммо бунинг сира иложи йўқ. Ўзимнинг ҳам ўз кўнгли бор. Баъзида туйғуларим билан ҳисоблашмайди ҳам. Танбалликларию худбинлигидан жоним ҳалқумимга келди. Ташлаб кетишнинг ҳам мавриди эмас. Юрак ўз маконида қолишни истайди. Кўнглимга тасалли бераман, аммо тасаллиларим таскинга муҳтож.
Чунки юрак осойишталик тарафдори.
Чорасиз қолган, дунёларга сиғмаётган «олифта» Руҳ бир умр вужуд қафасида мум тишлаб яшашга мажбур.

Юраксиз  ВУЖУДсиз  юрак

Тонг ёришиб уйғонганимда нимагадир кўнглим ғаш эди. Сокинликдан юрагим ёрилай деяпти. Беихтиёр томирларимни ушладим, бирор нарсани англаш мушкул. Ногаҳон дераза рахидан ошиб ўтаётган юракка кўзим тушди. Вужудсиз юрак қаерга ҳам кета оларди. Бепарволик қилдим…
Юраксиз вужуд билан қанча муддат ётдим, билмайман. Аммо юрагим лойларга беланди. Икки маротаба ёмғирда қолди. Бир гал кимдир янчиб ўтгандек ҳам бўлди. Шу аснода воқеа¬лар қоришиб кетди.
Оғриқнинг зарбидан чўчиб уйғонганимда босинқираётгандим. Дарҳол дераза рахига, ромларга кўз югуртирдим. Иккаласи ҳам берк. Юрагимга қулоқ тутдим, ўз ўрнида ишлаяпти. Шукрона келтирдим.
Юраксиз вужудга ачиндим.
Вужудсиз юракка раҳмим келди.

Арз ва дунё аразлашганда

Арз атворини ўзгартиришга қарор қилди. Шу пайтга қадар ҚАЛБнинг сасларига қулоқ тутмаcди. Ташландиқ қалб ахири бўғилди. Ўлмоқ ёки қайта тирилмоқ истагида ёнди. Тирик бўла туриб, яшай олмасликдан ўлмоқ афзал – қалби билан ҳисоб-китоб қила бошлаган Арзнинг сўнгги хулосаси шу. Очилар-очилмас сўнган «чечак»ларнинг уволи тутмасидан парваришлашга улгуриш лозим. Арз бунга тўла ишона бошладики, у қалбига қулоқ тутар экан. Дунё ҳам, албатта, ўзгаради. Зотан, бу Арз учун яшаб қолишнинг ягона чораси эди.

* * *

Дунё бугун ҳар доимгидан кечроқ уйғонди. Чиркинлаша бошлаган вужудига боқиб, ўз-ўзига ачиниш ҳиссини туйди. Шундоғам яшашга мажоли қолмаганди, ошиб тушди. Бисотидан гўзалликка бурканган маҳалларидаги жилва қиладиган зиракларини ахтариб топди. Эндигина аёллик остонасига қадам қўйган пайтларидаги гўзал тусга кирди. Сандиқчасидан олган кийимлари ўрнига шармни беркитди. Юзларини қоплаб улгурай деган тарам-тарам ажинларга нафрат билан тикилди. Либослари вужудидаги кексаликни, руҳиятидаги ғарибликни ичига ютиб, яшаб қолишига қувват бағишлаётганди. Кўзгуга қаради, жилмайишга ҳаракат қилиб, кўчага отланди.

* * *

Эртасига Арз Дунёга қўл силтади. Йиғлаб-ёлворганларини-да, унутди. Нима бўлса Яратгандан, деб билди. Дунёни қўлга киритиш имкони бўлгани ҳолда ҚАЛБ амри ила яшамоқни лозим кўрди. Эрта тонгданоқ увадаси чиққан қалбининг астарини ағдарди, тиниқлаштирмоққа тиришди. Тез кунларда Дунё унинг кетидан чопишига ич-ичидан ишонди. Тиззалаб тиз чўккан дамларини унутмоқ истади.

* * *

Дунёнинг кўзлари ёшланди. Ёш томчилари қалбини бир сидра ювиб ўтди. Шу он ёға бошлаган раҳмат ёмғири унга эш бўлди. Бу улар учун покланиш имконияти эди.