Дарахт шохларида силкинар
Кузнинг яйдок, сархуш шамоли,
Чирқирар бир қушча…
Рауф Парфи
У эрини ишга жўнатдию ўзи ҳам отланди. Ўша куни анаву кўзлари олма-кесак терадиган ҳабашга ўхшаган йигит: “Йўлингиз тушса, бир кирарсиз”, деган эди. “Бугун Худо бир ол қулим, деворсайди”, деб энтикди у ва кўзгу қаршисига ўтириб, пардоз қутисини очди. Энлик қошларига мўйчинак урди, кўзларига аллақайси танишидан сўраб олган сурмадан қўйди. Оппоқ, силлиқ юзларини сийқалади, гўштдорроқ лабларига нимранг қизил сурди. Халатини ечиб ички кийимларини кўзгуга солиб кўрди: кўнгилга ўтиришмади. Кир тахидан қалин тўрли ич кўйлагини, ялт-юлт тасмали сийнабандини олди: бу сийнабанд кўкракларини икки томондан сиқиб баралла кўтарди. Ўртада оппоқ сут ариқча ҳосил қилди. Сўнг қоматини кўз-кўз қилиб тиқмачоқдек кўрсатадиган кўйлагини кийди. Кўйлакнинг ўмизи чуқурроқ ўйилган бўлиб, анави оппоқ сут ариқча овчи кўзларнинг хадафига айланди. У сочини битта қилиб ўрди-да, силтаб орқага ташлади, сумкасини елкасига осиб, кўзгу қаршисида бирпас ўз-ўзини томоша қилиб турди. Кўзгудан оилали, битта болали жувон эмас, ўзига бино қўйган бокира қиз садаф тишларини ярқиратиб, жилмайиб турарди…
У ўз латофатига маҳлиё бўлиб, бугун омади келишини хаёл қилар экан, этакларига қизчаси ёпишди.
– Ойи, қаёққа кетаяпсиз? Мениям обборинг, – дея ялинди.
– Ҳай, ҳай, кўйлагимни ғижимлайсан, қўлинг ҳам кир экан. Мен дарров келаман, сен катта қиз бўлиб уйда ўтириб тур, эшик тақилласа, овоз берма, хўпми? Қорнинг очгани йўқми ҳали?
Қизча жингалак сочли бошини сарак-сарак қилди.
– Битта ўзим ўтириб зерикиб кетаман, – деди қизча ўксиниб. – Барноларникига чиқа қолай.
– Пишириб қўйибдими Барноларникида! Ўтир кўмилиб! – бобиллади у. – Ўйнагани кетаяпманми?
Қизча мунғайиб қолди. Бурнини торта-торта нариги уйга чиқиб кетди. Яқиндагина дадаси олиб берган, етакласа юриб, ётқизса ингалаб кўзини юмадиган қўғирчоқ диванда ялпайиб, бепарво ётар эди.
У қўғирчоғини кўтариб рўпарасига ўтқазди. “Ойимнинг жаҳллари ёмон, билдингми? Яна икковимиз қоламиз. “Барноларникида пишириб қўйибдими, ўтир кўмилиб”, дедила. Бу сенгаям тегишли. Тушундингми? Ойим шунақала, мени ташлаб кетаверадила. Мен сени ҳечам ташлаб кетмайман. Ташлаб кетсам йиғлайсан-а, шунақами?”
Қўғирчоқ тушунгандек мунчоқ кўзларини чарақлатиб, қараб турарди.
“Кўйлагинг ҳам исқирти чиқиб, кир бўлиб кетибди. Ювиб берайми? Ювилса оқариб, хунук бўлиб қолади-да. Майлими? Янгисини олиб беринг, дейсанми? Мен ҳали ишламайман-ку, қаердан олиб бераман? Ҳали мактабгаям борганим йўқ-ку! Ойингга айт, дейсанми? Айтайми? Уришиб берсала-чи?”
У қўғирчоғини қўлига олди; унинг киприклари пирпиради.
“Қўй, йиғлама, оппоғим! Хўп, ойимлага айтаман, уришсалаям айтаман, қўй энди, йиғлама. Обў, обў!”
– Лола!!!
Лола қўғирчоғини авайлаб диванга ётқизди. Қўғирчоқ ожизгина “инга”лади. “Ҳозир, жоним, сен ётиб тур, ойим чақиряптила”.
– Лола! Гарангмисан?!
У чопқиллаб ойисининг олдига чиқди.
– Ҳм.
– Мен кетдим. Уйни ивирситмасдан ўтиргин, хўпми?
– Хўп.
– Ишим битса, сенга бир нималар олиб келаман, – деб алдади.
Лола ойисининг бу илтифотидан фойдаланиб, қўғирчоғининг илтимосини айтишга журъат этди.
– Ҳа, қўғирчоғинг ордона қолсин! Хўп, эсимда бўлса олиб келарман.
Эшик ширқ-ширқ қулфланди. Лола бир зум эшик тагида туриб, сўнг ягона овунчоғи – қўғирчоғининг олдига кирди. Уни қўлига олди.
“Уйғондингми? – У қўғирчоғининг қип-қизил лўппи юзидан ўпди. – Ойим кетдила. Эсларида бўлса, сенга кўйлак олиб келарканла. Агар олиб келмасала, иккинчи уй пойламаймиз-а, майлими? Шкафда кўйлак кўп, ўшалардан тикиб берсалаям бўларди, ҳаммаси бировники, дейдила. Ҳаммаси чиройли: оқ, сариқ, қизил, кўк… вуй, кўзинг жимирлашиб кетади. Сенга мана шунча бўлса етарди, ойим тикиб бермасала, Барнонинг ойиси тикиб беради. Ойимларгаям тикиб беради-ку. Барнонинг ойиси яхши-а? Барногаям, қўғирчоғигаям кўйлак тикади. Лента ҳам олиб беради. Мунчоқ ҳам. Менинг ойим нуқул пулим йўқ, пулим йўқ, деганлари деган. У куни-чи, шкафларида мана шунча пул кўрдим, – у қўғирчоғига кафтларини даста қилиб кўрсатди. – Ойим ёлғон гапирадила-де ўзи. Дадамгаям ёлғон айтаверадила, кечгача уйда ўтиравериб сиқилиб кетдим, дейдила. Ҳечам уйда ўтирмайдилаю, фақат икковимиз… Зерикиб кетамиз, қорнимиз ҳам очиқади. Ҳозир қорнинг очгани йўқми? Менинг қорним тўқ, яқинда ширин чой ичдим-ку. У куни кўрдинг-ку, печение оламан, деб тарелкани тушириб юбордим. Синиб қолди. Роса урдила. Сен-да, печение ейман дединг. Ўзимнинг ҳам егим келувди. Чарчадингми, ухлайсанми? Майли, ухлай қол. Кел, менинг бўйнимдан ачом қилиб ол. Ҳа, ана!”
У ётгандан кейин ҳам қўғирчоғи билан анча вақт гаплашди. Дадаси ҳақида, ойиси ҳақида, бувиси ҳақида. Дадаси билан ойиси ҳадеб жанжаллашаверганидан бувиси аразлаб кетиб қолганини ҳам айтди қўғирчоғига. Ойиси жуда ғалати-да ўзи. Дадаси билан нуқул жанжал қилаверади, “пул йўқ”, деяверади. Дадаси яхши, бақирмайдиям. Фақат “кунинг ўтиб турибдими, бўлди, олиб-сотарлигингни йиғиштир, бир жойга кириб ишла”, дейди. Бувиси ҳам дадасининг ёнини олган эди, ойиси уввос тортиб йиғлади, бақирди, Лолани “итвачча”, деб туртиб юборди. Бувиси аммасиникига кетиб қолди. “Ҳаром аралашган уйга энди сира келмайман”, деб кетди. Лола бувисини жуда соғиниб кетган эди, у куни дадаси олиб борди. Қўғирчоғига шу кўйлакни бувиси тикиб берди-да.
У қўғирчоғи билан гаплаша-гаплаша ухлаб қолди.
Эшикнинг тарақлаб очилишидан уйғониб кетди. Ойиси экан.
– Вой, ақлли қизимдан айланай! Маза қилиб ухлаб ётибди-я. Мана сенга мороженое. Ол, е! – деди ойиси.
Унинг кайфияти жуда-жуда яхши эди. Юзлари гул-гул очилган, қоп-қора сурма тортилган кўзлари порлар эди. Лола музқаймоққа жуда хурсанд бўлди-ю, аммо қўғирчоғига қараб, кўйлак эсига тущди.
– Қўғирчоғимга кўйлак олиб келмадизми? – деб сўради йиғламсираб.
– Вой, қўғирчоғинг ўлсин! Эсимдан чиқиб кетибди. Ол, морожнийни, е!
У хиргойи қилиб, ликиллаганча нариги хонага кириб кетди.
Лола жуда хафа бўлди, йиғлар эдию қўғирчоғи бақрайиб қараб турганини кўриб йиғисини ичига ютди. “Нега ўлар экан қўғирчоғим, ўлмасин. Ўлса мен ким билан ўйнайман”. У қўлидаги музқаймоққа қаради. Жуда егиси келди. Аммо ойисига жаҳл қилиб аранг стол устига қўйди. Қараб-қараб қўйдию барибир емади. Қўғирчоғини қўлига олди. “Мороженое ейсанми? А? Озгина егин. Ўлсин деганларини эшитдингми? Йўқ, сенгамас, анави магазиндаги қўғирчоққа. Е, ол! Озгина!”
– Лола! Қорнинг очдими? – Нариги хонадан ойисининг эркаловчи, айни пайтда шанғи овози келди. – Ҳозир лағмон қилиб бераман сенга!
– Ана, ойим яхшила. Лағмон қилиб берармишла. Ейсанми лағмон?
У зўр бериб хафа бўлиб қолган қўғирчоғининг кўнглини олишга тиришар эди.
Ойиси эса нариги хонада олиб келган ялт-юлт тўрт кийимлик матони дам елкасига солиб кўрар, дам қаватларини санаб чамалар эди.
Унинг бугун чиндан ҳам омади келди. Ўша ҳабашга ўхшаган йигит ишлайдиган магазинга борди. Йигит ишшайиб кутиб олди. Унинг қадди-қоматига, очиқ кўкрагига суқ билан тикилди. Бироз ҳазил-ҳузул, учирма гаплар қилишди-да, магазиннинг орқасига ўтишди.
– Бизга аталгани қани? – деди у эркаланиб омборхонага киргач.
– Сизга аталганининг тахи бузилгани йўқ, жонидан, – деди йигит таъмакор ишшайиб. – Олдин жиндек суҳбатингизни олайлик, кейин…
– Йўғ-е, уйим ёлғиз, тез бормасам бўлмайди, – дедию, аммо йигит кўрсатган жойга ўтирди.
– Қачон энди мундо-оқ бемалолроқ гаплашамиз, а? – Йигит битта стулни унинг ёнига тақаб ўтириб қўлини ушлади.
– Вой, нарироқ ўтиринг, биров кўриб қолса нима дейди? – У шундай деб, ўз курсисини нарироқ сурди.
Йигит энди дадилланди. “Биров кўриб қолса…” деган жумла унга бир таъминот бериб, даъват этгандек, шартта жувоннинг белидан олиб ўзига тортди. Жувон йигит қучоғига тушгач, питирлади. Иккита курси ғирчиллади. Жувон бир амаллаб ўрнидан туриб олган эди, йигит ҳам чапдастлик билан бағрига босди… Жувон юлқиниб қучоғидан чиқиб олди. Йигит яна хиралик қилган эди, жувон иккала қўлини унинг кўкрагига тираб қаршилик кўрсатди. “Хафа бўламан, ҳозир жойимас, кейин…” – деди шивирлаб. “Қачон, ахир, нуқул алдайсиз”. “Кейин, дедим-ку, ҳозир ишим зарур, эрим ҳали-замон ишдан келиб, йўқ бўлсам тўполон қилади”. У сочларини тузатиб, кўйлагини кафти билан текислаган бўлди. Муроди ҳосил бўлмаган йигит тумшайди. Жувон адо билан жилмайди: “Ҳали қўлимга тушасиз-ку, тишлаш ҳам гапми, еб қўяман”. “Ҳо, ажабми, эримдан тўловга қоласиз”.
Аёл киши ошиғига эрини ё жазманини эслатдими, тамом, ҳар қандай ёниқ эҳтирос писс этади. Йигит ҳам шундоқ бўлди: нарироқ бориб бир тугундан кўйлаклик ялтироқ мато суғуриб, жувоннинг олдига ташлади. Бояги ошиқона эҳтирос, “жоним”лаб шивирлаш, “оҳ-воҳ” бир зумда йўқолиб, икки ўртада “қанча”, “қиммат”, “арзон”, “нapx”, “бозор” деган ўлик сўзлар алоҳида бир ҳаяжон билан талаффуз этила бошланди, дудоқларни силовчи, бўйинга осилувчи оппоқ, момиқ қўллар мато қатларини ўзгача бир шавқ билан сийпалар эди.
У қўлидаги матони диван устига ташлади-да, кўзгу қаршисига келиб гажакларини ҳимариб қўйди. “Ўлгур, еб қўяй деди-я! Ҳарҳолда ишим битди. Битта-яримта қучоқласа эт-бетим ейилиб қолибдими? Ўпса нетар, ювса кетар. Ўзимга пишиқ бўлсам бўлди-да, лақиллатиб юравераман”. У ўзидан бағоят мамнун ҳолда ошхонага чиқди, супра ёйиб, лағмоннинг ҳаракатига тущди. Унинг омади келган куни уйда лағмон пиширилар эди.
Лола ҳамон қўғирчоғи билан андармон эди. Ойиси билмай “ўлсин” деб юборганига қаттиқ хафа бўлди қўғирчоғи. “Юр, сени ўйнатиб келаман”, деди у ва қўғирчоғини ерга тикка қўйиб қўлидан етаклади. Қўғирчоқ ҳам алпонг-талпонг қадам ташлаб юра кетди. “Қаёққа олиб борай? Нариги хонагами? Юра қол, юр!” У қўғирчоқни етаклаганча нариги хонага ўтди. “Ана, ойим ёлғон гапирибдила-де, сенга кўйлаклик олиб келибдила, қара. Бу бировникимас, бировники шкафда туради. Шундан сенга кўйлак тикиб берадила. Ўзим тикиб берайми? Мен тикишни билмайман-де. Ҳа, майли, бузиб қўйсам ойим, йўқ Барнонинг ойиси тузатиб беради. А? Сен мана бу ерга ўтириб тур, мен қайчи, нина-ип олиб келаман. Хўпми? Ўтир”. У қўғирчоғини авайлаб ўтқазди. Қўғирчоқ бутини керганча ўрин устидаги матога бақрайиб ўтириб қолди.
Лола қўлида катта қайчи, кўрпа қавийдигаи игна, бир ғалтак ип билан қайтди ва қўғирчоғига бир кулиб қараб қўйди-да, матони ёйиб, дуч келган жойига қайчи солди…
Ойиси хамир қориб ёйди, шокилда қилиб қирқди, шақиллаб қайнаб турган сувга солиб, соч бўлиб кетган хамирни пиширди, пишган хамирни човли билан сузиб олиб, тоғорага солди. Эрининг улушини пиширмай олиб қўйди-да, ўзи билан қизига сузди.
– Лола! Лола!
– Ҳм, – деди Лола ишидан бош кўтармай.
– Кел, овқат пишди, қўлингни юв!
“Ана, овқат пишибди. Қорнинг очдими? Агар яна овқат емасанг, атата қиламан. Ҳм…”
Лоланинг ҳадеганда чиқавермаганидан хавотир олиб аланглай бошлади; унинг овози чиққан хонага кирди. Лола эшикка орқа ўгирганча пичирлар, нимадир қиларди. Ажабланиб қаради. Қаради-ю ичидан ғайритабиий бир чинқириқ отилди. Бир зарб билан Лолани эшик томон улоқтириб юборди. Қизча чирқиллаб қолди. Қўғирчоқни тепиб юборган эди, боши узилиб, “инга” дедию Лоланинг устига бориб тушди. Жон ҳолатда қиймаланган матони қўлига олди. Не кўз билан кўрсинки, Лоласи тушмагур уни жуда зўр ҳафсала билан қиймалаб улгурганди…
У ваҳший бир қийқириқ билан қизчага ташланди, буйдалаб ура бошлади. Урар-қарғар, қapғap-ypap эди.
– Жувонмарг бўл-а! Ўлигинг чиққур! Қўлгинанг сингур! Ер юткур-а! Қўлларинг акашак бўлиб орқангга ёпишсин-а!
Қарғишларнинг, муштларнинг сон-саноғи йўқ эди. Лола чирқиллар, “ойижон, иккинчи қилмайман”, деб зорланар, аммо унинг қулоғи том битган, қарғиш ва дўппослашдан тинмасди. Чарчади шекилли, қаддини ростлади, гилам устида тарвақайлаб ётган қайчига, ялтиллаган игнага кўзи тушиб қолди. Қўлига игнани олдию қизининг кафтларига порт-порт тиқа бошлади. Бола илон чаққандек чинқириб юборди, қўлларини онасининг чангалидан тортиб олишга зўр бериб беҳуда уринарди. Лола чириллайвериб нафаси ичига тушиб кетди. Онаси игнани ерга отиб уриб, ўзини диванга гурс этиб ташлади-да, ўкириб юборди. Бироздан кейин Лоланинг “хиқ-хиқ” қилиб овози чиқди, онаси томон қўрқа-писа қараб секин ўрнидан турди-да, ўз хонасига қочиб кириб, ўрнига ётиб олди.
Косаларга сузилган лағмон шамдек қотди.
Эри келганда ҳам ўрнидан турмади.
Наим у ётган хонанинг ивирсиғига чандон эътибор бермади, “яна жазаваси тутибди”, деб қўя қолди. Косалардаги лағмонни иситди-да, йиғидан шишиб ухлаб қолган қизини уйғотди. Лола ҳуркиб кўзини очди, тепасида дадасини кўриб йиғлаб юборди.
– Дадажон, энди қилмайман, ҳечам тегмайман! – деб зориллаб йиғларди у.
У қизини бир нарсадан чўчиган деб ўйлаб, даст кўтариб бағрига босди.
– Хўп, хўп, оппоқ қизим, энди қилмайсан! Бўлди, бўлди!
Дадасининг уни жазолаш нияти йўқлигини сезиб бaғрига бошини суқди, ўксиниб-ўксиниб йиғлай бошлади.
– Кап-катта қиз ҳам йиғлайдими? Вой, уят!
Қизча ўзини тутолмас, ўпкаси тўлгандан гапиролмасди. Дадаси бош-кўзларини силаб-сийпаб овутди.
– Кап-катта қиз йиғласа, уят бўлади. Бор, бир юзингни ювиб кел-чи, чопа қол.
Лола ваннахонага кириб қўлларини юва бошлади. Кафтларида қон қотиб қолган эди, ювиб тозалади, юзини ҳам ювди.
Лола шикоят қилишга ўрганмаган эди. Ойиси урса ҳам дадасига шикоят қилмас, кўчада бир гап бўлса ҳам индамай кириб келар, сирдоши қўғирчоққагина шивирлаб ҳаммасини тушунтирарди.
Бу гал ҳам, гарчи кафтлари оғриётган бўлса-да, шикоят қилмади. Аммо кечаси билан иситмалади. Меҳмонхонадаги диванда ётган Наим (хотини терс пайтда яқинига йўлай олмасди) Лоланинг инграши, алаҳлаши қулоғига чалиниб уйғониб кетди. Боланинг иссиғи ўттиз тўққиз даража эди! У қўрқиб кетиб “тез ёрдам” чақирди. Ярим кечада Лолани касалхонага олиб бориб, азонга яқин қайтиб келди.
– Латта-путтангнинг падарига лаънат. Боланинг юрагини олганга ўхшайсан. Нуқул алаҳсираяпти, – деди Наим койиниб. – Қўлига нима қилувдинг?
У бўзариб “ҳеч…” деди, холос.
– Иккала кафти яра бўлибдию! – Наим, эҳтимол, биринчи марта хотинига тешиб юборгудек ҳайбат билан тикилди.
Аёл эски усулини қўллади:
– Вой, нима қипман! Ўзимнинг туққан болам, ўлдирсам ҳам ҳаққим бор. Бир-икки урсам, осмон узилиб ерга тушибдими? Намунча!..
Наим тўнғиллаб озгина мизғиб олиш учун диванга ёнбошлади.
Эрига баланд келдию, аммо юрагига ғулғула тушди. Ҳали иш бошланмасданоқ касалхонага кириб борди.
Лоланинг иситмаси сал қайтган, аҳволи ҳам бироз енгиллашди. Тағин ҳам дардни бола кўтаради.
Уришқоқ одам ярашқоқ бўлади: у Лоладан айланиб-ўргилди, синиқиб кетган юзларидан чўлпиллатиб ўпди.
– Сиз Лоланинг ойисимисиз? – деди кирган ҳамшира саломлашмасданоқ. – Сиз билан эрингизни бўлим мудири чақиряпти, киринг! Эрингиз қани?
“Мунча совуқ, мунча қўрс!” – хаёлидан ўтказди у. Аммо дилига ғашлик кирди. “Тинчликми?” – деб сўради нафаси зўрға чиқиб.
– Кирганда биласиз! – Ҳамшира шундай деди-да, чирт бурилиб чиқиб кетди.
У биров бўйнига арқон солиб судрагандек бўлим мудирининг хонасига кирди.
Хонада алланималарни ёзиб ўтирган баланд бўйли, ўрта ёшлардаги, қоматдор киши дарров ўрнидан турди.
– Сизмисиз Лоланинг ойиси? – Овози ҳам гулдираб чиқди. – Дадаси бор-а Лоланинг?
“Мунча совуқ”, дилидан ўтди аёлнинг ва “ҳа” ишорасини бериб бошини эгди, гапиришга ҳоли қолмаган эди чоғи.
– Жуда соз, бирга олиб келинг, гап бор!
– Нима гап ўзи? Айтаверинг, – деди у юраги пўкиллаб.
– Нима гаплигини сизлардан сўрамоқчи эдим! Қизча нима гуноҳ қилган эдики, шунчалар жазо берибсиз. Иккала қўли гангрена бўлган. Кесиб ташлашдан бошқа иложим йўқ. Кафтдаги қон юриши тўхтаган, тўқималар қаттиқ шикастланган, йиринглаб кетаяпти.
Докторнинг ҳар бир сўзи унинг бошига тўқмоқ бўлиб урилар, юрагига ўша кўрпа қавийдиган игнадай санчиларди. У икки қўли билан юзини беркитганча ўкириб йиғлаб юборди.
– Қилғилиқни қилиб энди йиғлаяпсизми?
У бирдан докторнинг оёғига ўзини ташлади.
– Жон дўхтир, бир иложини қилинг. Бола-чақангизнинг орзу-ҳавасини кўринг. Чўрингиз бўлай! Пешонамда битта шу қизим!
– Ие! Туринг ўрнингиздан! – Доктор уни қўлтиғидан суяб турғизди-да, стулга ўтқазиб қўйди.
У эса йиғидан тўхтамас, ялинищда давом этар, жағи-жағига тегмас эди. Эшикдан одамлар мўралай бошлади. Доктор хижолат бўлибми ё бу жувонга ҳозир бирон гап уқдириш мушкуллигини англадими, уни тезроқ жўнатиш пайига тушди.
– Дадасини бошлаб келинг-чи, гаплашамиз.
У докторга умидворлик билан мўлтираб қаради, негадир “раҳмат”, деб учиб чиқиб кетди.
У қизининг олдига ҳам киришга сабри чидамай, Наимнинг ишхонасига югурди. Наимга докторнинг гапини айтган эди, у ҳангу манг бўлиб қолди.
– Нима, нега? – деди у шошиб. – Нима бўлган экан? Кеча ҳамшира тузалиб қолади, деган эди-ку!
– Билмадим, – деди у ҳиқиллаб. – Жон Наим ака, юринг, гаплашинг. Бу гапни эшитиб адойи тамом бўлдим. – У серрайиб қолган Наимнинг елкасини силай бошлади. – Эркак кишини эркак киши тушунади. Наим акажон! Нима бўлсаям гаплашинг. Иккала қўли-я! Meни ўлди деяверинг. Оғзига сиққанини сўрасин! Ҳамма нарсамни сотиб бераман, ўзимни гаровга қўяман.
Наимнинг қулоқларига унинг гаплари кирмас, фақат касалхонага шошар эди.
Доктор Наимнинг ўзини қабул қилиб узоқ гаплашди.
– Ҳеч иложи йўқми, дўхтир? – Наим зўрға шуни сўрай олди, холос, унинг юраги узилиб пастга тушиб кетгандай, нигоҳи қаршисида ҳамма нарса айқаш-уйқаш эди. Кўзларидан шашқатор ёш оқарди.
– Мен ҳам энг аввало инсонман, уч фарзанднинг отасиман, – деди доктор ўпкаси тўлиб. – Наҳотки, иложи бўлсаю шу иложни мурғак қизчага қўлламасам, дўстим!
У дераза томонга ўгирилиб, қуйилиб келган ёшини артди. Сўнг синиқ овозда ғафлатдаги шўрлик отани овута бошлади:
– Албатта, тушунаман, қийин, қийин бўлади. Аммо илож? Сўнгроқ протез қўямиз. Ҳозир Европа мутахассислари ишлаган протезлар инсон организмидан жуда кам фарқ қилади. Ишни орқага сурмайлик, бу ярамас касал тез юксалади, онасини чақиринг, тилхат ёзинглар.
У бир варақ қоғоз олиб Наимнинг олдига қўйди…
Эртасига Лола каравотда ётар, бинтланган икки қўли икки ёнида жонсиздек чўзилган эди.
Онаси телбасифатроқ бўлиб қолганлиги, касалхона ҳовлисида сочлари ёйилган, юзлари тимдаланган ҳолда бўғиқ овоз билан нималарнидир жавраб юргани учун Лоланинг олдига Наимни қўйишди. Бу ҳам ўзида эмас эди. Фақат эркаклик номигина уни ушлаб турарди.
Доктор кирди. Лола уйғоқ эди. Доктор уни эркалади. Башарасини қизиқ бир ҳолатда буриштириб қиқирлатиб кулдирди. У энди хайрлашиб чиқиб кетмоқчи эди, Лоланинг қўнғироқдек овози уни тўхтатди:
– Амаки, қўлларимни қайтиб берасиз-а? Энди ойимларни кўйлакларини ҳечам қирқмайман. Қўлларимни қайтиб беринг! Қўлларим бўлмаса, қўғирчоғимни қандай ўйнатаман…