Қулаҳматнинг ҳушёрхонадан чиқадиган куни эди. Зулукдайгина мўйлов қўйган ёш лейтенант уни хонасига чақирдию, бундай вақтда қиладиган «ўтит-наснҳат»ини бошлаёлмай, тимискиланиб қолди. Столидаги қоғозларни йиғиштирди, тунги навбатчилар булғаб кетган кулдонни қаёққа тўкишни билмай, ноилож қайтиб жойига қўйди. Бу ҳамон ғашига тегарди шекилли, тағин олиб стол тагидаги сим саватга, ғижим қоғозлар устига тўкди. Чекмайдиган одам, тамаки кулининг ҳидига бурнини жийирди. Бош кўтармай, Қулаҳматга гап қотди:
— Яра битмабди-ку ҳали ҳам…
— Бу… ўтган сафарги,— деди Қулаҳмат ҳам бош кўтармай, иягида соқол аралаш кўтирлаб қотган эски ярани силади. Кейин кир кўйлагининг ёқасини қайириб елкасини кўрсатди.— Кечагиси мана, билинмай кетди…
Еш лейтенант яна анча эзмалаиди-да, ахири уиинг юзига тикка, ачиниб боқди:
— Менга қаранг, Қулаҳмат ака,.. ёшингиз элликдан ошибди. Мен сизга ўғли тенги одам, ҳар гал ўгит-насиҳат қилиб ўтирсам…— у гапидан тўхтаб қолди. Қулаҳматнинг турқи ҳақиқатан ҳам жуда аянч эди.
Ҳушёрхонада душ бор, совун бор, мажбур қилиб чўмилтиришади, соч-содолларини қириб қўйишади. Бу бўлса ўшанда ҳам бир умр совун кўрмагандай… Йўқ, у ўзи шупақа, турган-битгани шу, қандайдир юзиқсизнинг нусқи бор афти-башарасида… Қовоқлари салқи, ёрғоқ бошига қасмоқ дўппини бостириб кийган, билакларида ювса кетмайдиган доғлар, қорамой юқи, қўллари чақа, кулранг юзида эски-янги яра излари, бўйинларн тирналган…
— … барибир насиҳат қилишга тўғри келади,— деб давом этди лейтенант.— Ҳеч ким сиз билан мендай мулойим гаплашмайди, билиб қўйинг. Иш жойингизга ҳам бу гал, майли, қоғоз ёзмайман. Бунинг қадрига етиш керак. Агар яна бир марта муштлашадиган бўлсангиз…— қараса Қулаҳматнинг хаёли узоқда, қулоғига гап кираётгани йўқ. Лейтенант ўриндан туриб эшикни маҳкамроқ жипслаб ёпиб келди.
— Менга қаранг, гражданин Қулаҳмат ака, агар ичмасликнинг иложини топмасангиз, ичинг…
— Мен пиёниста эмасман.
— Ичинг, майли,— деди лейтенант эшик-деразага яна аланглаб қўйиб,— лекин жанжал-сурон кўтарманг, худо ҳаққи, муштлашманг! Ҳеч бўлмаса шуни эплай оласизми?
— Мен ҳеч кимни урмайман… Мени…
— Нега мени ҳеч ким урмайди-ю сизни уради? Бекор гап! Жим ётган итни ҳам ҳеч ким тепиб ўтмайди… — Лейтенант, сўз оғзида қолиб, камгап Қулаҳматга ер остидан қараб — кечирасиз…— деб қўйди-ю, ўзи ҳам ўнғайсизланиб,жим бўлиб қолди.
— Ўтган гал ҳам шундай дегансиз,— деди овозини пасайтиб.— Ким урди десак, худди безабон, индамайсиз. Безориларни, жиноятчини яширганлик учун қонунда алоҳида модда бор, биласизми?
Лейтенант амин эди: Қулаҳмат ашаддий ичкиликбоз. Ичса шундай маст бўладики, ким билан ади-бади айтишиб, кимлар билан муштлашганини ҳам эслолмайди.
— Менга қаранг, Қулаҳмат ака, одамнинг тақдири ўз қўлида, ҳа, ҳар ким…
Илгари кўп эшитган одатдаги бу ўгитлардан зери-киб ўтирган Қулаҳмат шу ўринда бир ҳушёр тортгандай, сесканиб қўйди, қизарган мижжаларини пирпира-тиб лейтенантга тикилди.
— Қўлингизда ҳунарингиз бор, отам, шу ёшга кириб ўзингизии эплолмагапингизга… Аҳволингизга қаранг… Менинг сизга гап уқтириб ўтиришим уят. Боринг.
Қулаҳмат худди шундай бўлишини кутгандай, енгил туриб эшикка қараб юрди, лекин остонада орқасига қайрилиб, худди ёш бола сингари:
— Иккинчи қилмайман, лейтенант,— деди-да эшикни товушсиз ёпиб чиқиб кетди.
ЖЭКка қайтиб келганида соат тўққиздан ошган, хоналарда ҳеч ким йўқ эди. Телефон жиринглади, Қулаҳмат трубкани олиб, «Ҳеч ким йўқ, ҳамма объектда» деди-да, ўзининг диванига чўзилди. Унинг ётадиган жойи шу, ўртоқлари ўрнига кечалари навбатчилик ҳам қилади, шунинг учун ҳамма ходимлар ундан хурсанд. Кечаю кундуз тинмай жиринглаб турадиган телефонга бериладиган жавоб ҳам ёд бўлиб кетган, худди автоматдай: «Ҳеч ким йўқ, ҳамма объектда».
Ҳозир ётдию ёш лейтенантни ўйлаб кетди: яхши бола. Милисага сира ҳам ўхшамайди. Тақдир одамнинг ўз қўлида эмиш… Жўн гапини қара. Ҳай, тўхта, бордию чиндан ҳам шунақа бўлса-чи? Эҳ-ҳе… Айтишга осон. Содда-да, нимани ҳам кўрибди. Нима бўлса ҳам, болани қийнамаслиги керак. Йўқ! Энди бошқача яшайди, гап битта!
У ишчанлик билан ўриидан туриб, буюртмалар ёзиладиган дафтарни варақлади. Титилаб кетган варақларга сантехникка кечаси билан тўртта буюртма тушгани ёзилган экан. Шерикчилик тумбочкасидан кечаги сомса билан иккита олмани олиб, тикка турганча чай-нади, устидан шишани бошига кўтариб кефир ичди-да, асбоб қутисини олиб яқинроқ манзилгоҳга қараб жўнади. Қаерларидир зирқирар, боши ғувиллаб, қоқилиб-сурилиб борарди.
Қулаҳматнинг қўли гул. Ҳунарига эҳтиёж ҳам кўп. Занг босиб ишдан чиққан винтиллар, резинаси ейилиб оқиб ётган кранлар, латта тиқилиб қолган оқова қувирларн, тирсиллаб деворга урган қайноқ сув… Бу оғир, гоҳи нопок, қора ишларнинг охири-кети йўқ. Бу билан бир умр кун кўрадиганлар кўп. Қулаҳмат ҳам юраверса бўларди, ҳеч ким халақит бермайди. Лекин тирикчилик экан, баъзан бир нимага дуч келиб қоқилади-да, ке-ин… Айб албатта ўзида. Ёки тақдир ўз қўлингда дегани шумикин? Тақдир… тақдир дегани бу умр-ку ахир? Бутун бир умрга битта лейтенант билан дучлашув нима дегак гап, бир ҳафта вақтнинг ўтиши-чи? Мана, бир ҳафтаси ҳам ўтди, воқеасиз, машмашасиз… Ҳаммаси жойида, ҳамма бурютмалар беками-кўст бажарилиб турибди. Қулаҳматнинг яралари ҳам битиб кетди, милисага ҳам дуч келгани йўқ. Зулукмўйлов лейтенаитни ҳам энди елкасйнинг чуқури кўрсин!
Лекин оиласиз одамнинг иши қийин, баъзан ёлғизлик ич-ичини ейди, юраги эзилиб кетганда дил тортиб кимларгадир яқинлашади, улфатга қўшилади. Маиа, ҳафта тинчгина ўтди деганда, тўққиз қаватликнинг бнқиннда бир тўда ремонтчилар учраб қолди. Кранини тузатган квартиранинг иссиқ сувини очиб, подвалдан чиқиб келаркан, бу суронли, хушчақчақ болалар кекса сантехникни касбдош дея ўзларига яқин олишиб илиқ саломлашишди. Шокир деган бир чўлоғи бор экан, оғзи қулоғида, чўнтагидан яритмани олиб кўз-кўз қилди.
— Қаёқдан олақолдинг дарров, Ланг?
— Текин! Осмондан тушди!— деди Шокир чўлоқ,— олтинчи қаватдан батареяни кўтариб тушаётсам, бир кампир тушмагур этагимга осилиб олса бўладими! Кирсам, сув оқиб ваннаси жездай сарғайиб ётибди. Савоб бўлар деб, шундоқ олиб қайта бураб қўювдим, таппа тўхтади, жонивор. Энди чиқай десам, кампир мануни қўйнимга тиқаяпти. Йўқ, буви, дедим, бизга ойлик тўлашади, бўмайди, дедим. Қани энди кўнса, ҳансираган-ча, ҳадеб тиқиштираётибди-да кампир тушмагур. Атай навбатга туриб, сенга деб олиб қўйганман, бир ҳафта кутдим сени, дейди. Мени сантехник деб ўйлаган экан. Так что, бобой, сизнинг ҳам ҳаққингиз бор бунда, юраверинг,— дея Шокир Қулаҳматни енгидан ушлади.
— Иўқ, болалар, менга тўғри келмайди!
— Бе, беш кишига нима бўларди яримта, юринг,— дейишди шериклари ҳам.
— Ростини айтсам болалар, кеч қоламан…
Қулаҳматнинг бўшгина қаршилигини ноз деб тушунган улфатлар қўярда-қўймай уни тўққиз қаватлининг подвалига олиб тушиб кетишди.
Бу подвални Қулаҳмат яхши биларди: озодагина иссиқхонаси бор. Созловчилар ахлатхонага ташлаб юборилган эски стол билан шалоқ диванни ҳам слиб кириб, уёқ-буёғини тузатиб олишган. Гоҳо совуқ кунлари шу ерда яшикларга ўтириб нонушта қилишади.
Бу гал у ердан анчагача аҳил гангур-гунгур гап, баъзан эса баралла кулги, гоҳида ўқтин-ўқтин гурунг бир маромда эшитилиб турди. Салкам бир соатлардан кейин лодвалда нимадир тарақлади, шовқин-сурон кўтарилди, яна кейинроқ эса бақириқ-чақириқ, сўкиниш, хуник товушлар янгради. «Иссиқхона»нинг тунука қопланган пачоқ эшиги тарақлаб, қулоғигача қизариб кетган Шокир отилиб чиқди. Кетидан созловчи болалар ертўла эшигидан бир-бир чиқиб ҳар томонга тар-қалдилар, кайфдан асар йўқ, ҳаммаси беҳафсала, қовоғи солиқ, гап-сўзсиз, бири тиш орасидан чирс этиб туфлаб, бири жаҳл билан ниманидир тепиб, жўнаб қолишди.
Қулаҳматдан дарак йўқ эди. Ёмғир савалай бошлади. Чанг босган япроқлар ёқимли шитирлаб, тупроқ ҳиди анқиди. Тарновдан подвалнинг зинасига шариллаб сув оқар эди. Шу маҳал пиллапоялари кўчиб кетган ўша ифлос зинада Қулаҳматнинг қасмоқ дўпписи, кейин ўзи кўринди. У икки қўли билан деворларни ушлаб, гоҳи эса «тўрт оёқлаб», зўрға чиқиб келар эди. Эндигина ҳушига келганга ўхшайди. Ёруғ жаҳон борлигига ишонмаётгандай, кўкариб кетган кўзларини чимириб осмонга боқди, ҳансираб кесакига суянди, кейин ўпка тўлатиб нафас олди-да, дуч келган жойга, деворга суйкалиб ўтириб қолди. Ёмғир қуяр, рўпарасидаги дарахт баргларидан елкаларига лойқа сув томар, у эса, сулайиб ўтирганча, сесканмас ҳам эди. Худди шу жойга кулми, жарбит қолдиғими тўкилган экан, ости ивнб қўланса ҳид таралди. Лекин Қулаҳмат буни ҳам сезмади, ҳушига келиши билан ҳалиги улфатларини кўз олдига келтиришга урина бошлади. У бундай «кампания»ларни куп кўрган. Ичувчиларнинг ажаб турфа хиллари бўлади. Биров сал кайф қилса ширингина жинни бўлади-қолади. Отангдан ҳам меҳрибон, умрида кўрмаган одамнинг бетига сўлагини суркаб ўпишгани-ўпишган. Биров бўлса енгилтак, шилқим бўлиб қолади. Умрида қилган ҳамма ифлосликларини ҳаёсизлик билан тўкиб солади. Яна бири бекордан бекор йиғлаб, жигарингни эзиб кўксингни ҳўл қилворади. Бошқа бири зса ҳайвон бўтшб кетади, бутун дунё унинг оёғига тиз чўкиши керакдай, пичоғига қўл югуртиради. Биров беозор кўпириб мақтанса, биров дунёни душман босгандай, эсига келган одамни ёки ўз хотинини ёмонлаб кетади. Уни бўғиб ўлдиришга ваъда беради. Яна бировнинг эса бир умр ичини таталаб, бағрини заҳардай тилиб ётган бирон дардн қўзғаб, аччиқ алами посоддай ёрилади-да…
Қулаҳматнинг ҳаёли бўлинди: ёмғир ювиб ўтган йўлкадан билагига қизил тасма таққан учта назоратчи гурунглашиб борарди. Қулаҳмат ўтирган жойидан ёнидаги бута тагига аста ағанади. Чунки кўз қовоғи кўкариб бу аҳволда ўтирган одамни кўришса, назоратчилар индамай ўтишмайди. Қулаҳмат юмалаб ётган жойи билчиллаган лой бўлса ҳам, биқинига совуқ ўтса ҳам, чидади, бордию пайқаб қолишадиган бўлса уларга нима дейишини ўйлаб кетди. «Танимайман улар-ни… Мен бошлаганим йўқ. Нега бўлмаса одамнинг юзига туфлайдн?.. Мен нима қилибман уларга…» Кўкарган кўзини ушлаб қўйди Қулаҳмат. Назоратчилар ўтиб кетишди.
Уҳ… ҳали ҳам ор-номуси бор-да. Унинг ўрнида бошқа биров бўлса бу милиса-ю ҳушёрхоналарни аллақачон писанд қилмай қўйган бўларди. Ҳа, номусини сақлаб қолган, нақадар азоб бўлса ҳам у билан яшаш…
Аммо-лекин жўнаш керак бу ердан. Маҳаллага отнинг қашқасидай бўлиб қолди. Умуман, бу туманда, иложи бўлса бу шаҳардан бутунлай гумдон бўлиш ке-рак. Юрадими энди батта зулукмўйлов болага чап бериб… Нега иложи бўлмас экан? Бедананинг уйи йўқ, қайга борса питбилдиқ.
Эртасига аризасини ташлаб, асбоб қутисини олди-да, автобусга чиқди.
— Битта. Оҳангаронга.
— Автобус Чирчиққа боради.
— Майли, Чирчиққа,— деди Қулаҳмат. Паттачи унинг афтига бир қараб қўйиб патта йиртиб берди.
Қулаҳматнинг йўлдаёқ омади юриша бошлади. Бир ўриндиқда тўрхалталарини тиззасининг орасига олиб ўтирган қўшниси, бақалоққина порум йигит, жуда очиқ, сергап экан, бир пасда ўзини ҳам батамом танитиб, Қулаҳматни ҳам миридан-сиригача билиб олди.
— Бизни хоним мана шунақа — тўрттани туғиб қўйиб… Ана энди бу қопу тугунлардан аканг қарағайни елкаси яғир… Хўш, знди мундай қиламиз, Қулаҳмат ака. Автобусдан тушиб тикка капратипга борамиз. Темирни қизиғида бос, деган машойихлар. Бизда ишлайдиганлар албатта камида икки-уч ҳунарни эгаллаган бўлиши керак, амолайким бошлиғимиз ўғилбола йигит, сизнинг аҳволингизни ҳисобга олади. Кейин, сантехник дегани бизда йўқ ҳисоб.
— Менга қаранг, Ҳожимат ука… Бошлиқ деяпсиз, мен унинг олдига бу қиёфада кирсам…
Ҳожимат қўшнисига разм солиб, бошидан оёғигача яна бир кўздан кечирди.
— Ҳечқиси йўқ, ундан аввал сартарошхонага бирров кириб, пардоз қилиб чиқамиз, ака.
Қулаҳмат хурсанд бўлди.
— Сиз ўзингиз қайси ҳунарларни…
— Менми? Мен,— деб илиб кетди Ҳожимат,— ҳозирча сувоқдаман. Амолайким зарур бўлганда обой елимлашни ҳам эплаб турибман. Э, йигитга ҳунар касот эканми, ўрганиб кетасиз, Қулаҳмат ака, бизда нима кўп икир-чикир юмуш кўп. Муҳандис, дезайнер, агроном, ҳатто педагоглар ҳам бор амолайким. Ушаларнинг орасида сиз билан биз ҳам юрсак нима қипти, ака. Даромад бўлса чакки эмас.
— Буниси менга барибир…
— Менга ҳам! Амолайким мана бу зумрашалар бор-да,— деб Ҳожимат негадир яна тўрхалталарини кўрсатди. Бу бақалоқ Қулаҳматга борган сари ёқарди, кўпдан бери биринчи марта ичи илиб, жилмайиб қўйди.
Улар тўрхалталарни кўтаришиб тушгач, сартарошга кириб чиқдиларда, шаҳар боғининг орқасидаги бир қа-ватлик бино ёнида тўхтадилар. Ҳафсала билан текнс оқланган бино пештоқига «Файз»—кооператив «УЮТ» деган лавҳа қоқилган эди. Ҳожимат «Дадил бўлинг, ака, бошлиғимиз ўғил бола йигит, ҳа!» деб Қулаҳматни шу ерда қолдириб «зумрашалари» ёнига шошди. Бошлиқ чиндан ҳам ўғилбола йигит экан, сиёсат, қилиб ўтирмади:
— Бизда ҳозир биринчи галдаги масала —«Файз» нинг обрўсини ошириш. Жамоамизда ҳамма зиёли.
— Тушунарлик. Мен ичмайман. Агар қоидаларин-гизга хилоф бир иш ўтса иккинчи куниёқ бўшатиб юборинг, розиман.
— Иш бўшатишгача борса, кеч бўлади. Мен сиздан ҳеч нарсани яширмайман.
— Мен ҳам яширмайман, сизга халақит бериши мумкин бўлган иккита камчилигим бор: биринчидан, ҳунарим биттагина, иккинчидан, тураржойим йўқ.
Бошлиқ бироз ўйланиб, кулди:
— Бу иккитагина камчиликдан иккита фазилат ясамасак, кооператор бўлиб қаёққа бордик!
Қулаҳмат тушунмади-ю юзи ёришиброқ унга тикилиб қолди.
— Бизга «тунги директор» ҳам керак, ҳунарингиз иккита бўлади. Шу ерда, — қўлларини ёзиб, яхши жиҳозланган кенг хонани кўрсатди,— ҳозирча шу ерда ётиб ҳам юраверасиз. Шу билан иккинчи камчилигингиз ҳам…
Қейин у «тунги директор»нинг вазифаларини узоқ тушунтирди.
Шундай қилиб ажойиб одамлар орасига тушиб қолди Қулаҳмат. Бунақанги омад тушига ҳам чалинган эмасди. Уй-хўжалик ишларининг ўнлаб хилларини бажариб турган «Файз» кооперативини бутун шаҳар биларди. «Файз»данман, чақирганмидингиз?» деса қўли гул болаларга ҳамма эшиклар ланг очиқ. Қулаҳмат икки ой деганда умрида киймаган костюм олди, ҳушёрхоналарда қирилавериб унутилиб кетган сочлари ҳам қорайиб чиқди. Чаккаларигина жиндай кумушранг эди. Юзидаги, бўйнидаги яралар чандиқсиз битиб кетди.
Аммо бу юзаки ўзгаришлар, юзадаги яралар экан.
Уларнинг битмайдиганлари борлигини оддий бир телефон қўнғироғи эслатиб қўйди.
Қулаҳмат тунги буюртмаларни диспетчерга топширгандан кейин, кабинетни шамоллатиб, энди нонуштага чиқмоқчи бўлиб турган эди, бошлиқнинг хосхонасида телефон жирииглаб қолди.
— Алло, ҳа, «Файз,— деди Қулаҳмат трубкани олиб.
— Ижроқўмдаи гапиряпмиз, алло, мен Миртожиевман… эшитяпсизми?
Қулаҳмат бўшашиб, оқаринқираб кетди.
— Ким? Ким гапиряпти?
— Комил Миртожиевичман…
Ижроия комитетининг ходими кейин кооператив би-лан тузилган шартнома-ю унинг аллақайси моддалари, қандайдир инструкция ҳақида эзмаланиб гапирди. Бу танбиҳу эслатишлар Қулаҳматнинг қулоғига киргани йўқ, у тарашадек қотиб қолган эди. Трубканинг жойини зўрға топиб қўйди-ю, ҳозир Комил Миртожиев эшикданми, деразаданми кириб келадигандай, атрофга аланглади. Кейин эсини сал йиғиб олди шекилли, диванга ўтириб қолди, кўзига столдаги телефон аппаратидан бошқа ҳеч нарса кўринмас, ҳалиги овоз ҳавода муаллақ осилиб турар эди: «Комил Миртожиевман…»
Аввал, у мени атай қидириб топиб тусмоллаб теле-фон қиляпти, деган фикр келди, ундай бўлса, танидими-йўқми? Тўхта-чи… овози ўхшамайди шекилли? Э, шунча йиллардан кейин овозни таниб бўлар эканми. Қўчада рўпара бўлишса ҳам бир-бирини танимас… Дарвоқе, бу бошқа одам бўлса-чи? Исми-фамилияси ўхшаш одамлар камми!
Бу ўйлардан Қулаҳматнинг жонига ором етмади. Бу ўша Комилми, бошқами, энди бунинг аҳамияти йўқ, гўё бутун умрининг астар-пахтаси ағдарилиб, ўй-хотиралари ҳам, кўнгил мулки ҳам алғов-далғов бўлган эди.
Эртасига Қулаҳмат ғойиб бўлди. Тошкент вокзалида тасодифан ўша Ҳожимат порумни кўриб, «Файз»га энди қайтиб бормаслигини айтди. У худди туман ичида адашгандай, боши оққан томонга қараб юрарди, қаёққа бўлса ҳам, фақат олисроққа кетса бўлгани…
Кечаси бир маромда тақа-туқ, тақа-туқ қилиб, шалдираб кетаётган бўш вагон ичида ҳушига келди. Мудраб қолган қариянинг тиккайтириб қўйилган қопига суяниб ўтирганча мизғиётган экан, кўзларини йиртиб, деразага қаради. Ушанда ҳам, бу вагонда қаёқларга кетаётганини эмас, ўша Комилни ўйларди. Бу узуқ-юлуқ хотиралар тушларини ўнгига улаб қанча давом этди — ўзи ҳам билмайди.
…Ўқиш муҳимми, ғоявий софлик муҳимми? Ғоявий софлик муҳим. Бу исбот қилинган. Бу исбот талаб қилмайдиган аксиома эди. Шунинг учун дарс эмас, мажлис биринчи ўринда турарди. Комсомол мажлиси уч кун сурункасига давом этганда ҳам педагоглар ҳеч нарса деёлмай муаллимлар хонасида интизом сақлаб, кун-узун шумшайиб, бекор ўтиришарди.
Институтнинг катта залида бу шовқин икки кундан бери тинмайди. Учинчи куни Миркомил (у вақтда Комилнинг оти шундай тўла айтилар эди) мажлисни қарийб бутунлай ўз қўлига олди. Унинг овози ҳамма суронларни босиб тушар, кескин, дадил эди. Аввал залнинг ўртароғида курсининг устида тикка туриб, қўлларини пахса қилганча, бақириб гапирди. Кейин минбарга чиқиб олди. Минбар саҳнада, баланд жойда бўлиб, унга чиқиб қўлларини ёйган одам залдаги халқнинг устида учиб кетаётган бургутдай кўринарди. Миркомил дастлаб минбарга бир неча газеталарни ёйиб ташлади-да баланд овоз билан ундаги йирик сарлавҳаларни ўқиди:
— «Газандалар халқнинг қаҳри ғазабидан қочиб қутилолмайди!» «Ҳукмимиз беаёв: халқ душманларига ўлим!» «Итга ит ўлими — азми қароримиз қатъий!»— залдаги мудҳиш жимликка бир зум қулоқ солгандан кейин Миркомил давом этди — Мана шу адолатли ҳукму қарорларда институтимиз коллективининг ҳам муносиб ҳиссаси, виждон овози бор! Совет кишилари ҳалқаро империализмнинг қонхўр жосусларини темир супурги билан супуриб ташлаётган бир пайтда биз ўз сафларимизнинг ғоявий софлигига лоқайд қарай оламизми?! Фош этилган халқ душманларининг арзандалари орамизда бемалол юрса, биз бунга чидаб туришимиз мумкинми? Хўш! Мана, ҳали ҳам комсомол сафида юрган иккинчи курс талабаси Қулаҳмат Назировнинг отаси қаерда ҳозир, биласизлар! У ўз арзандасининг қулоқларига, унинг юрагига қандай қора ниятларни, ўзининг қандай чиркин умидларини шипшиди экан, хўш, буни ким айта олади? Мен сафларимизни бундай шубҳали унсурлардан тозалашни қатъий талаб қиламан!
Уч кундан бери шундай суронлар ичида гангиб ўтир-ган студентлар зални бошларига кўтаришди. Шунда ҳам Миркомилнинг бақироқ чақириқлари ҳаммадан баланд эшитилар эди.
— …комсомол сафида ўрин йўқ!
— …ўчирилсин!
— Ҳайдалсин!
— Отасининг ёнига борсин!
Қулаҳмат, бу сурон оёқдан йиқитадигандай, қулоқларинн икки қўллаб бекитиб, бақириқ-чақириқлар остида қоқила-суқила залдан чиқиб кетди. Уни овозга қўйиш, қўл кўтариш йўли билан эмас, қувиб ҳайдаб солдилар. Уни комсомол сафидан эмас, ҳаётдан ҳайдаб чиқардилар. «Отасининг олдига борсин!» Қаёққа боради, отаси қамалганига икки йил бўлди, отилдими, сургун қилиндими — дарак йўқ. Қаёққа боради.
Тентираб яна ўша институт ётоқхонасига бориб қолди. Бегона кўздан яшириниб, қўрқа-писа ётоғига кириб, ечинмаёқ, кўрпага ўраниб ётди. Кўзидан тирқираб чиққан ёшларидан ори келиб, гўё ўт ичида тўлғаниб кунни кеч қилди. «Дадажон, ўзингиз душман бўлсангиз ҳам, менга ёмон ишни ўргатмагансиз-ку! Қулоғимга ҳеч нарсани шипшимагансиз! Нега бундай қилишади? Энди қаёққа бораман, энди қаёққа сиғаман? Миркомил-ку, майли, у мендан Муршида учун ўч олаяпти, кўргани кўзи йўқ. Бошқалар-чи? Газабда тўс-тўполон кўтарган зал кўз ўнгига келди бақириқ-чақириқ, ноҳақ ҳақоратлар қулоғида янграб, бошини кўрпага буркаб олди.
Эртасига Муршидани ҳеч қаердан тополмади. Дардини айтиб кўнглини бўшатадиган бирдан-бир яқини шу эди, нима “бўлди, наҳотки у ҳам… Институтда дарслар йўқ ҳисоб. Мажлислар давом этяпти. Қулаҳматнинг эса энди борадиган мажлиси йўқ. Гаплашадиган одами ҳам йуқ. Моховдай яккаланиб, ҳеч қаерга сиғмай қолди. Фақат ётоқхонадаги фаррош кампир «дардингни олай, бой бўлгур» деб будкасига чақиради-да, чой узатиб гурунглашиб ўтиради. У бир куни хунук гап айтиб қолди: Муршида қишлоғига кетиб қолганмиш.
Кейин Қулаҳмат бу гапнинг тагига етди. Миркомил унинг ётоғига бостириб кириб шилқимлик қилибди. Аввал ялтоқлик билан: «жазманингни кавушини тўғ-риладик, энди отасининг олдига кетади, умидингни уз» депти. Шу гапига Муршидадан тарсаки егандан кейин, «манжалақи, газанданинг қуйқаси!» деб ҳақорат қилиб чиқиб кетибди. Тарсакининг алами жуда ўтиб кетган экан, бунга ҳам қаноатланмай талабалар орасида Муршида ҳақида фисқи-пасот тарқатибди. Энди мажлисга олиб чиқмоқчи бўлиб юрганмиш: «Фош этилишини билиб, институтдан қочиб кетди, шунинг ўзи исбот қилиб турибдики…»
Қулаҳмат бунисига дош беролмади. Узи ҳар нарсага, ҳарқандай турткию тепкилашларга кўниши мумкин, аммо Муршидани таҳқирлатиб қўйишга унинг йигитлик пайлари тортишиб.
Қулаҳмат ҳали нима қилмоқчи эканини билмасди. Бундай пайтда одам ўз тарбиясига, ўз муҳитига, ўз замонасига яраша иш тутади. Даврлар бўлганки, бундай вазиятда ёшлар бир-бирларини дуэлга чақиришган. Лекин Қулаҳмат ўз даврининг боласи, унинг мня-сига дуэль эмас, бошқа тадбир келиши табиий эди.
«Тўхтаб тур, Миркомил!—деди у яиа,— тўхтаб тур, тавбангга таянтирмасам! Узингни шу кунга солмасам!»— бу таҳдиднинг давоми борга ўхшайдию нима эканлиги дарров эсга келақолмасди.
Эсга аввал бошқа бир нарса келди, бундан бир йил-ча аввал бўлган бир дарс. Химиядан, тажриба дарси.
Химия лабораторияси камдан-кам очилар, қаровсиз эди. Фаррош хотиннинг пақиру супургилари, ёнғинга қарши асбоблар ҳам шу ерда сақланар, фото тўгарагининг машғулотлари ҳам шу ерда бўлар, кейинги вақтда эса бу қоронғи хона нақ омборга айлантирилган эди. Тажриба дарси бошланганда муаллим бу тартибсизликни кўриб, ўзича нимадир деб дўнғилладию, дарсни давом эттирди. Оёқ остида қандайдир портретлар тескари қилиб деворга суялган, шиор ёзилган қизил алвоилар ғижимланиб чанг босиб ётар, эски курсилар бир-бирига мингаштириб тахланган, ҳатто бири пачоқ, бири бутун қандайдир ҳайкаллар, бюстлар ҳам бурчак-бурчакка юмалатиб қўйилган эди. Сирка, олтингугурт ҳиди анқиб, девордаги крандан чак-чак сув томар; муаллим спиртовкаю пробиркалар қалашиб ётган ўз столи ёни-да у ёқ-бу ёққа юриб туриб гапирардию, кўриниб турардики, оёқ остида тартибсиз ётган лашлуш жиғига тегарди. Айниқса, ганчдан ясалган битта оқ бюст бемалол юриб гапиришига халақит берарди. Кимнинг бюсти экани маълум эмас, лекин ғира-ширада худди тирик одам оёқ остида юмалаб ётгандай, муаллимнинг ғашига тегаверди. У ёққа ўтди — оёғи тегиб кетиб бир қара-ди, буёққа ўтди — оёғи тегмаса ҳам эгилиб яна бир қаради. Ахири ўша юмалаб ётган лаби кемтик оқ бюстни эгилиб қўлига олди-да, дўқ этиб дераза рафига ўтқизди, кейин башарасига бир қараб, дераза пардасининг орқароғига суриб қўйди. Дарс давом этди.
Ўша вақтда қоронғи омборхоналарга ташлаб, кўздан яшириб қўйилган синиқ-пачоқ бюсту ҳайкаллар кўп бўлар, бу ўшалардан бири, Акмал Икромовнинг бюсти эди. Хўш, аллақачон ўтиб кетган, одатдаги, жўнгина бу дарс нима учун ҳозир аламзада Қулаҳматнинг ҳаёлита келди, дерсиз. Гап шундаки, ўша химия муаллими, мулойимгина зиёли одам, Миркомилнинг дадаси эди.
Қасос жазавасида қолган Қулаҳмат «ҳапсаними!» деб тишини тишига босди-да ётоғига бекиниб, қўлига қоғоз-қалам олди.
Халқ душманининг ҳайкалини рўпарасига қўйиб совет ёшларига «дарс» берадиган газанда озодликда юрармиди! Тез орада Қулаҳматнинг қора куни Миркомилнинг бошига тушди. Мажлислар эса давом этарди. Ўқишлар-чи? Ўқишлар муҳим эмас, ғоявий софлик муҳим. Бу — Миркомилнинг ўз ибораси.
Йиллар ўтиб, Қулаҳматнинг дадаси, юпун, орриқ, қариб қолган бўлса ҳам, эсон-омон қайтиб келди. Ўқишдан қолиб кетган бўлса-да, ақли-хуши бутун ўғлига тўймасди: «Мен ўзимдан эмас, сендан хавотирда эдим, ўғлим, хайрият!—деб Қулаҳматни қайта-қайта қучарди,— давр ахир одамларни не куйларга солмади, отасидан кечиб кетган болалар бор. Ёмон йўлга кирганлар қанча…»
Қулаҳмат ҳали ёмон йўлга, кирмаган эди. Яна бир йилдан кейин химия муаллимининг отилиб кетганлиги маълум бўлдию, Қулаҳмат, ичига ловуллаган чўғ ташлангандай, ўзини қаёққа қўйишни билмай, узлат истаб бориб «бетонка»даги холи ресторанда биринчи марта «тўйгунча» арақ ичиб, йиқилиб қолди. Мастликда кимга нима деди, эслолмайди, лекин номаълум одамлардан калтак еб, сулайиб қайтди. Унинг кимгадир нимадир дейиши керак эди. Лекин ҳушёр вақтида айтолмайди. Ичиши керак. Бу қилиғи билан уч йил деганда отасининг ўлиб кетишига ҳам зомин бўлди. Аммо бу кудфат ҳам ичидаги чўғни ўчиролмади. Назарида унинг яллиғини фақат арақ сал паслатарди. Негадир, уни кўп калтаклар эдилар, у эса ўчакишиб, яна ичаверди.. Гоҳо тийилди ҳам, бунга иродаси етарди, лекин, ҳаёг эқан, гоҳида бир қоқилиб…
…Вагон тарақ этиб, тормозлар хунук ғирчиллади. Қулаҳмат узоқ уйқудан уйғонгандай, бир сесканди-да, қоп эгаси қарияга узр айтиб вагондан тушди. У худди шу шаҳарга келаётган йўловчидай чаққон тушди, лекин қаерга келганини ҳали билмасди. Бунинг аҳамияти ҳам йўқ эди.
Бундай пайтларда Қулаҳмат Убайдулла тоғани эслайди. У теги молдавиялик лўлилардан бўлиб, асли оти Бодулай. Бурни доим қип-қизил, сочлари жангалак-патак, билмаган ҳунари йўқ, қўли гул одам эди. Қулаҳмат иккинчи курсдан ҳайдалиб, беҳужжат, бекасб, саргаштаю саргардон бўлиб юрганида шу одам уни қаноти остига олди. «Сенга бир ҳунар ўргатаманки, ҳужжатнинг ҳам ҳожати бўлмайди», деди. Чиндан ҳам, Қулаҳмат сантехник бўлганидан бери ҳали беиш қолгани йўқ. Бодулай тоғанинг бир ҳикматли гапи ҳозир яна ёдига тушди: «Шаҳар йўққи, унда ЖЭК бўлмаса, ЖЭК борки унда сантехникка албатта эҳтиёж бўлади!»
Шунинг учун қаерга келиб тушганининг аҳамияти йўқ эди. Дарвоқе тез орада маълум бўлдики, бу ер Беговот экан.
Қулаҳматнинг олдида эшиклар яна очилди. У ишдан қўрқмайди, дуч келган жойда тунаб кетаверишга ҳам ўрганган. Фақат яна ўша эски дард — ёлғизлик. Айниқса, чарчаб келганида у жисмоний оғриққа айланади. Гоҳи шундай туюладики, ёнида бир суҳбатдоши бўлса, балки боши ҳам чатнаб оғримас, бели ҳам зирқирамас эди. У одамларга интиладию улфатдан ҳадиксирайди. «Одамови экан» дейдиганлар унинг дардини билмайди албатта, тасодифан учрашиб, икки оғизгина гап қилиб ўтиб кетадиган одамлар, ўткинчи мулоқотлар унинг учун бирдан-бир нажот.
Беговотликлар одамшаванда, хушмуомала, содда-софдил бўларкан. «Уста» деганни Қулаҳмат шу ерда эшитди: «Бўлдими, уста?», «Барака топинг, уста!» Шамолини айтмасангиз, шаҳарнинг ўзи ҳам дуркунгина экан. Шамол нима, Қулаҳматнинг иши юзада эмас, шаҳарнинг тагида. Бинолар янги бўлганиданми, «ер ости хўжалиги» ҳали анча ботартиб, занглаш, ёрилиш, авариялар кам, кўпинча майда-чуйда иш: кран, винтил, дегандай… эшик қўнғироғи жиринг этади, «Техник, чақирганмидингиз?», «Ҳа, келинг, уста!» Унга ҳамма пешвоз, ҳамма хурсанд.
Кунлардан бир кун заводга қарашли тўрт қаватли уйдан буюртма тушди. Бу ҳам ўшанақа, арзимаган юмуш: ошхонада идиш-товоқ ювадиган кран ҳуштак чаладиган бўлибди. Уйнаб-кулиб бориб, ўйнаб-кулиб тўғрилаб келади.
Учинчи қаватда ёқимтойгина аёл эшик очди, тистарилиб йўл берди. Уйда ёлғиз экан шекилли, Қулаҳмат унга разм солиб боққани ҳам йўқ, саломлашгач, оёғини артиб ошхонага ўтди-да, қутисидан асбобларини олди. Кран чиндан ҳам анча хунук чинқириб, ғашга тегадиган бўлиб қолган экан. Буради, ейилиб кетган резинкаларини олиб ташлаб, зангларини тозалади. Қу-тисидан янги резинка топди. Арзимаган шу ишга тер-лаб кетганини сезиб, хижолат тортди. Манглайини ҳўл қўлининг сирти билан артиб, нима иш қилаётганини унутгандай, бир пас тўхтаб қолди. Негадир хаёли жойида эмас. Орқасида… ҳалиги аёл тикилиб тургандай бўлаверди. Ошхонага-ку ёлғиз ўзи кирди, ундан бошқа ҳеч ким йўқ, буни билади, лекин кимдир… Қимдир эмас, уй бекаси, ҳалиги аёл, назарида ҳамон елкасига тикилиб турарди. Қулаҳматнинг қўли қалтираб, калитки зўрға буради, энди текшириб кўриш керак, кран ҳуштак чаладими-йўқми… Чаладими-йўқми… Қараса, қўллари худди шол, ҳеч нарса қилолмай шамдай қотиб турибди. Орқасига қайрилиб қарашга юраги дов бермайди.
— Муршида…— деди беихтиёр шивирлаб. Қаёқдан келди кўнглига бу исм… Бадани ёнар эди. Орқасига қайирилиб қараса — ҳақиқатан ҳам, ҳеч ким йўқ.
Отилиб ташқарига, ҳавога чиққиси келди, нима бўляпти ўзи, ёлғизлик дарди унга турли кўринишларда келиб ёпишадиган бўляпти, бу аҳволда жинни бўлиб қолиш ҳам ҳеч гап эмас. Ҳали эшик очганида бамайлихотир ёнидан ўтган бепарво аёл нега ҳозир бирдан миясини ловуллатиб қолди?
Қўлини чайишии ҳам унутиб, ошхонадан чиқди. Ичкариги хонанинг эшиги очиқ, ундан босиқ йиғи товуши эшитилди. Бурчакдаги юмшоқ курсига мукка тушиб юзини яшириб олган уй бекасининг елкалари титрар эди.
— …Ҳамма… си… бўлди…— деди Қулаҳмат одатига кўра. Лекин беҳис, беихтиёр.
— …Раҳмат… уста…— деди уй бекаси бошини кўта-риб. Қизарган ёноқлари нам, кўзи ҳеч нарсани кўрмаётгандай мўлтираб турар эди.
Қулаҳмат кетолмади. Бу йиғлаган хотинни юпатмоқчи эмас, ўзининг йиғлагиси келарди. Маъносиз термулишиб турдилар. Ниҳоят, Қулаҳмат бунинг туш эмаслигига ишонди шекилли:
— Муршида,…— деди секин, нимадандир қўрқиб, иккиланиброқ.
Аёл ўрнидан туриб, юз-кўзини арта-арта, бурчакдан ёруғроққа чиқди.
— Шубҳаланманг, Қулаҳмат ака, менман, мен…— тўлишган юзида кулгичи ёйилди. Қулаҳматнинг тизза бўғинлари бўшашиб кетди, бу ўша кулгич эди, ўзи тўлишиб анча ўзгарган бўлса ҳам, болаларга хос кулгичи ўша-ўша. Йўқ, кулгичи ҳам ўзгарган албатта, илгаригидек нурланиб турадиган сеҳри чуқурча эмас, жилмайганида кўз тагидаги ажинларга туташиб кетадиган ғамгин хотирага ўхшарди. Муршида ҳам йўқ, умр ҳам йўқ, бу тасодифий учрашув ҳам йўқ, ҳаммаси хотира! Ғамгин хотира!
— Хушнуд эмасга ўхшайсиз… ўтиринг ахир. Учрашармиз деб мен ҳам ҳеч ўйламаган эдим,— деди уй бекаси. Қулаҳмат дуч келган курсига чўкди, кўз олдида ғужгон ўйнаган қора нуқталар тарқай бошлади.
— Муршида…— деди яна, энди унга астойдил тикилиб. Унинг илк муҳаббати! У нималарни, кимларни кўрди, ҳаёт уни ҳам аёвсиз мижигладими, ундан нималар қолди? Шубҳасиз нимадир қолган, ёшликнинг ўша сеҳридан нимадир қолмаса, улар ҳозир бир-бирларини танимаган бўлар эдилар.
Улар бу сафар кам гаплашдилар, тикилишиб ўтириб, бир пиёладан чой ичдилар-да, Мурашиданинг ёлғизлигини билгандан кейин, Қулаҳмат негадир кетишга шошилди.
Нега шошиб чиқиб кетганига ўзи ҳам ҳайрон, ёлғизликдан қийналиб юрган одам ёлғизлик истаб қолгани ғалати эди. Униинг хаёлига бошқа ҳеч нарса сиғмай қолди, бир вақтлар беш қўлдай билган Муршидаси знди унга номаълум бир оламдек, тцбора уни кўпроқ билгиси келаверди.
Бир баҳона билан, асбоб қутисини кўтариб яна борди. Бу сафар улар ўтган йиллар ҳақида узоқ, очиқ гаплашдилар. Узлари ҳақида бир-бирларига ҳикоя қилиб, гўё бошқатдан танишдилар. Муршиданинг эри таксист экан, машина ҳалокатида нобуд бўлибди. Ўзи ҳозир завод болалар боқчасида мураббия. Бир қизи бор, эри билан туради.
— Мен шу ерда қолдим, иш жойига яқинроқ.
— Уйинг файзли экан. Ана у тикка қувирларни алмаштириш керак холос. Қурувчилар калибрни нотўғри танлашибди.
— Камчилиги кўп…— деди Муршида қандайдир айтилмаган ўйдан уялгандек, бош эгиб.
Қулаҳматнинг кейинги келишига Муршиданинг ўз «буюртма»си баҳона бўлди. Умуман кейинги вақтда унинг «буюртма»лари тезлашиб, кўпайиб қолди: гоҳ сув босади, гоҳ душ ишламайди. Дуч келган жойда қуруқ-совуқ тамадди қилиб юрган, бошпанасиз Қулаҳматга бундай кунлар — байрам. Муршида бинойидек пазанда экан, буни ёлғизликда ўзи ҳам билмаган экан, очилиб кетди, плита ёнида юзлари лов-лов, қўли қўлига тегмайди.
Бир куни қизи келиб қолди. Жуда очиқ-сочиқ, сергап, серкулги қиз экан:
— Вой, чучваранинг устидан чиқиппан!—деди кирасолиб, ширин таом ҳидларига чиройли бурнини жийираркан. Қулаҳмат унга қараб ҳанг-манг бўлиб қолди.
— Муршида!?—деди кўзларини пирпиратиб.
— Муршида эмас, Мовлуда,— деди онаси кулиб.
У қизига Қулаҳмат ҳақида ўтган сафар гапириб берган, қизи эса унинг ҳазин оҳангларидан бир нималарни пайқаган эди.
— Йўқ, сен эмас, мана бу — Муршида!—деб туриб олди Қулаҳмат. У ўзининг завқли ҳазилига берилиб, Муршидани ҳафа қилаётганини пайқамас эди. Аёл четроқда тескари қараб, бош эгиб қолди.— Ахир мана-ку ўша Муршида! Қаёқларда юрган эдинг?—деди яна Қулаҳмат гўё ҳазилдан хаёлатга ўтиб, хотиралар домига тушиб қолгандай. Қиз онаси ёнига бориб, елкасидан қучди. Қулаҳмат бирдан ўзига келгандай хомуш тортиб, курсига ўтирди.
— Жуда ҳам ўхшар экансан-да, қизим…— деди узр сўрагандай. Нега узр сўраш керак — ҳеч бири тушунтиролмас эди. Оний нохушлик орадан тез кўтарилди. Бунга кўпроқ Мовлуданинг «бир қоп ёнғоқ»лиги сабаб бўлди, дастурхон устидаги шўх кулгиси, бетўхтов гаплари билан оғир хотиралардан ўша чалғитди.
— Қулаҳмат амаки, ойимларни ёлғизлатиб қўйманг-а!—дегани яна бир шаддодлик бўлди. Бу очиқликдан кўнгли кўтарилган Қулаҳмат ҳам уни:
— Ёлғизланиб қолмасликлари учун у кишига неварача керак, пучуқ!—деб кузатиб қўйди.
Ўша куни Қулаҳмат кетишга шошилмади. Қизининг шаддод гапларидан уялинқираган Муршида аллақандай ҳаяжонда эди, «уни овутмай ташлаб кетиш ноқулай» дея ўзига баҳона қидирарди, Қулаҳмат ҳам. Ўзининг қаровсиз ҳаётидан, Қўриқда, БАМда ишлаган бошвоқсиз йилларидан гапирди. Диваида қўл ушлашиб, пешана тирашиб ўтириб, тунни ярим қилдилар.
— Муршида… ўша ёниб-куйиб юрган йилларимда ҳам сени ўзимга бу қадар яқин олмаганман…
— Нниб куйибсизу қуйилмабсиз…— деб кулди Муршида унинг қўлини четлатиб…
Хуллас, янаги учрашувда улар, тўй-пўй эмасу, беш ўнта ёру биродарларни чорлаб, кичкина бир ўлтириш ташкил қилиш ҳақида осонгина келишиб олдилар.
Муюлишдаги кафенинг кичик зали жуда қулай, худди шундай камтарин маросимларга мослаб жиҳозланган, бегона кўздан холи, ҳатто гулзор томонга чиқадиган алоҳида эшиги ҳам бор эди. Дам олиш куни кечга яқин шу ерга ўнтача одам тўпланди. Қулаҳматнинг ЖЭК да орттирган бир мўйсафид танитли, боқчадан иккита дуркун жувон, битта кампир, қўшнилардан икки жуфт эр-хотин, кўпи қариялар. Ёшлардан фақат сершовқин Мавлудаю унинг ашаддий кашанда эри, улар ҳам дастурхонга ўтирмай, хизматда бўлишди — бири магнитофолга касета танлашдан бўшамади, бири кабобпаз ёнида.
ЖЭКдан келган — ветеран экан, қўшнилардан бири — бахмал дўппи кийган арвоққина муаллим, иккаласи «келин-куёв» ҳақида ортиқча гапириб уларни уял-тириб ўтирмай, ҳар хил замонавий ҳазиломуз «турмушавий» ҳангомалар билан ўлтиришни қизитиб юбориш-ди. Дастурхон яшнаган, пепси-мепсидан ташқари, бурчак-кунжакда, муаллимнинг иборасича, андак «ақиқаи-таъқиқа»лардан ҳам бор эди.
— Бу, дейман, «Ёвузлик салтанати» деган фикридан қайтибди-а Рейган ҳам,— деди ветеран «оқ»идан
биттасини очиб.
— Қайтмай иложи қанча, мана ўзи келиб ҳурматни кўриб турибди-ку,— деди муаллим. Халқаро аҳволдан гап бошлаган эди. Лекин «битта-яримта»дан кейин хотин-халаж ўз хонаки мавзуига ўтиб кетди. Дастурхон устидаги бу эркин, бемалол ғовур Қулаҳматга яхши тушдай туюлди. У ўша Чирчиқда олган янги костюмини кийиб тўрда ўтирар, Муршидага зимдан боқиб ўзича ширин жилмаяр эди. Шунча ҳақир саргардонлик йилларидан кейин севгисига дуч келиб, шундай тўй қилишни, яхши одамлар даврасида, дастурхон тўрида ўтиришни хаёлига келтирибдими?! Умрни ҳам, умидни ҳам, ўзлигини ҳам, ҳамма нарсани йўқотдим, деб юрган пайтида…
У ҳали куёвларга хос камтарлик билан хўплаб қўйиб қўйган биринчи қадаҳни… олиб ичиб юборди. Ҳа, бугун ичса арзийди! Бугунгиси савоб. Бугун ичмаган ношукр…
Даврада ғовур мусиқа билан аралашиб кетган эди.
Кабоб келганда муаллим билан ветераннинг овозига завқ қўшилди.
— Улар, биласизми, ҳозир бизни нима учун мақтаб қолишди? Билмайсиз, тақсир…— деди ветеран. У муаллимга гапирарди-ю ёнидаги жувонга хушомад қилишни ҳам унутмай, унга иссиқ кабоб тутарди.— Уларга биз эмас, қайта қуришимиз ёқиб қолди.
— Қайта қуришни капитализмга қайтиш деб тушунишяпти улар. Умиди шундан, тақсир, ҳа…
Уларнинг баҳси дам ғовур-ғувурга кўмилиб кетар, дам кутилмаган жойдан яна юзага қалқиб чиқарди.
— Аммо шахсга сиғинишнинг ҳаммасини чиқариш-япти барака топкурлар! Қеча «Оқшом»ни ўқидингизми, тақсир?
— Боплашаяпти, газетада ҳам, телевизорда ҳам.
— Ўзимизам, эй, қўйдай юраверган эканмиз, тақсир, неча ўн минглаб бегуноҳ одам бекордан-бекор нобуд бўлиб кетса-я!
— Ҳеч гап эмас эди-да одамни йўқ қилиш.
— Жуда тўғри айтдингиз, қўшни,— деб Қулаҳмат ҳам гап қотди. У анчадан бери гапга аралашгиси келиб ўтирарди-ю нимадир етишмасди чоғи, дастурхон эгасн эка-нини эслаб, қистаб қолди,— Қани олиб ўтиринглар, ҳадеб гап билан бўлмай…
Яна «қиттак-қиттак» олишди. Гап эса узилмай давом этди.
— Биттаси «душман» бўлиб кетса, кетидан ўнтаси «дум» бўлиб кетарди-да, қаранг.
— Нимасини айтасиз, тақсир, бошимиздан ўтган, ҳа. Биронта оила йўқки…
— Жуда жўн эди-да бу иш, мен сизга айтсам, қўшни,— деди Қулаҳмат ҳангомага астойдил киришиб. У овқатни ҳам ер, олдида таом тўла ликобчалар қалашиб кетган, ўзи эса қўлида сомсами, мантими, ниманидир билчиллатиб эзғилаганича гапирар эди. Артилмаган мо.йли бармоқлари билан пиёлани ушлаб, қолган арақни яна ичиб қўйди. Гоҳи адашиб қўшнисидан қолганни ҳам кўтариб юборарди.— Бир парча қоғозга ёзилган жўнгина хат любой одамнинг бошига етарди, мен сизга айтсам.
— Бўлган, бўлган, Қулаҳмат оғайни, нимасини ай-тасиз.
— Бўлганда қандай!— Қулаҳмат энди бировнинг гапини эшитмайдиган бўлиб қолган эди,— душманингиз бўлса, шартта ёзасиз, тамом-вассалом, бир кечада аспаласопинга кетади! Кўрганмизда, мана Муршида гувоҳ. Дейлик, мана сизнинг ўнта душманингиз бор-а? Қани, олдин биттадан ичайлик… олинг. Ҳа, дейлик, мана ўнта, ҳай ўн бешта душманингиз бор. Кечаси ётоққа кириб қаламни аста қўлга оласиз-у битта-битта… нишонга олиб, «чиқ!», «чиқ!» А лаббай? Ҳа, бамисоли қалам эмас, мен сизга айтсам, овозсиз ўқдай гап бу. Фақат тепкисини бошқа жойда бошқалар босади. Мен ўзим ҳам биттасини… Мана Муршида гувоҳ, гумдон бўлиб кетган.
— Қулаҳмат ака…— бу ҳанг-манг бўлиб қолган Муршиданинг заиф ёлворган овози эди. Ғовурга кўмилиб кетди.
— Лекин битта-битта қилиб ўтирмай, автомат билан тариллатса ҳам бўларди. А, лаббай? Бунинг учун ўн бештасини бир хатга рўйхат қилиб тиркайсиз. Дом-дараксиз кетади, мени айтди денг!
Бу пайт кимлардир дастурхонни ташлаб чиқиб кет-ганди. Овқатлар совуган, гап-сўз тугаган, фақат Қулаҳматнинг «маърузаси» эшитиларди.
— Жининг севмаган одамларни пашшадай териб ташлаш мумкин эди-да, а лаббай, қўшни. Бир калима гап топсангиз бўлгани… Оғзингизнинг ели. Гўё халқ подаю ҳукмронсан!
— Қулаҳмат!— Муршиданинг йиғламсираган ожиз товуши яна эшитилди.
— Ёмон одам бўлиши ҳам шарт эмас, менга қаранг. Ўша отилиб кетган химия муаллимимиз ёмон одам эмас эди, Лекин ўғли Миркомил-чи?! Мана Муршида айтсин… Баъзан одамни аяйсан, битта чертиш билан кетади, шўринг қурғур. Лекин навбат унга келганида у сени аяйдими, қани айтинг…
У мурожаат қилган одамнинг ўрни бўш эди. Умуман давра тарқаган, ветеран билан муаллим ҳам етаклашиб чиқиб кетиб борар эдилар. Қулаҳмат гапираверди. Бир вақт барзанги гавдали ветеран эшикдан қайтиб кириб, ҳамкасбининг ёнига келди-да, юзига шартта туфлаб аста чиқиб кетди.
— Мана, кўрдингми, Муршида, нега туфлайди, айт қани! Ҳар гал шунақа… уришади, тепкилашади.— Қулаҳмат панжасида эзғилаб ўтирган гўштни ташлаб, таом юқи қўли билан юзини артдию яна давом этди. Шу вақт кимдир уни қўлтиғидан олиб, «туринг» деди. Бу Муршидамиди, бошқамиди — билолмади. Лекин энди у фақат Муршидага гапирарди.
— Турмайман. Менга қара, Муршида, мен туролмайман, ичимда… тош бор, Ўшанда шум хабарни эшитгандан кейин, пешонамга бир шапати уриб, — у пешонасига тарс зтиб уриб ҳам қўйди,— пешонамга шундай бир уриб, «мен қо-тил-ман!» дедиму, йиқилдим. Ўшандан кейин туролганим йўқ. Ичимда тош эмас, дард бор, Муршида, ўша юзага чиқади. Қандай алфозда чиққанини мен билмайман, эслолмайман…
Муршида эс-эсингдами… Инсон мағрур янграйди, а? Шундай деб ўқиганмиз мактабда, эсингдами? Лекин уни янчиш, латтага айлантириш мумкин. Қаёққа кетишди? Мен уларга шуни айтмоқчи эдим. Латта… мана кўрдингми? Мудҳиш гуноҳ бор, Муршида. Қимда? Билмайсан. Бу муаммо ечиладими-йўқми, қачон ечилади, Муршида?
Биласанми, битта армоним бор: менинг ҳам кимнингдир юзига туфлагим келади. Лекин кимнинг юзига, Муршида? Билмайман. Бир туфласам, маст бўлганда ёриладиган ичимдаги ўша пасод балки туфугим билан бирга чиқиб кетарди…
Қулаҳмат олдидаги идиш-тавоқни нари суриб, атрофига қаради. Ёнида Муршида ҳам йўқ, аллақачон чиқиб кетган эди чамаси. Шундай бўлса ҳам, яна Муршидага гапирди:
— Мендан кўнглинг қолгани дуруст. Самодержавие… Эсингдами тарихда ўқиганмиз. Мен… янги самодержавие даврида яшаб, эндиликда у билан бирга тарихдан тушиб қолган одамман. Юрагим совуқ…
«Куёв»ни чиқариб юборолмай узоқ бурчакда нима қиларини билмай турган официант чаккасига кўрсатгич бармоғини бигиз қилиб буради-да, шеригига шипшиди:
— Қандайдир самодержавиядан гапиряпти…