Бу ерда ҳамиша шовуллаб тупроқ тўкилиб туради. Тепалик ўйилган жойда тикка девордан, белкурагу кетмондан, шўр босган елкалардан, чўкич зарбидан, кажава замбиллардан шитирлаб тўкиларди. Бу шовуллаш ўн беш-йигирма йил наридан келаётгандай, бўғиқ, доим бир маромда аллалаб эшитилади.
Тепалик ўйилиб, қўрадай катта ковак ҳосил бўлган, ичи нимқоронғи, ҳурмат тахтасининг тепасида ёниб турган иккитагина лампочка билан сал ёришиб турибди. Бу ерда иш табиатнинг инжиқликларига қарамай, қору қиров, селу жалада ҳам, совуқда ҳам, иссиқда ҳам тинмай давом этади, тупроқ тўкиладиган жаргача сўқма юл яхши шиббаланган, ўша ердан тепаликнинг қовжироқ шумгияю шилви, бужғун чўкиртаклари чирмашиб ётган сирти бемалол кўринади.
Ишлаётганларнинг бири энг ичкарида, орқа девордан тупроқни метин билан ўйиб бериб турибди. У ўрта бўйли, қорачадан келган бақувват одам, ҳар зарбидан роса ярим замбил тупроқ тўкилади, кўзлари тимқоралигидан ғира-ширада ҳам йилтиллаб кўринади. Иккинчиси тупроқни бел билан замбил кажавасига ташлаб турибди. Ёруғлик орқадан тушгани учун, миёнагина тиқмачоқ гавдаси чодирхаёлнинг қўғирчоқ соясидек липиллаб кўринади, яқинига борган одам қорачўғларида ишга астойдил ихлосни ўтини пайқайди.
Улар ўзи етти киши, иккитаси, яъни учинчи ва тўртинчиси замбилда. Булар ака-ука бўлса керакми, бир-бирига жуда ўхшаш: қорачадан келган юзлари ҳам, пишиқ-пухта жуссалари ҳам қуйиб-қўйгандай. Бир-бирларини кўз қарашларидан тушунишади. Қорачўғ йилт этдими — «кўтар!» дегани, билинар-билинмас им қоқди-ми — «ағдар!» дегани. Тупроқ тўкиладиган жойга мокидай қатнаб, сўқма йўлни шулар шиббалаган.
Бешинчиси ёруғроқда, кираверишдаги эски ёзув столи ёнида… ҳа, дарвоқе. тўхтанг-чи, яхшиси бунисини олтинчи деяйлик. Чунки у…
Бешинчиси эса кетмонда. У бошқалардан шу билан ҳам ажралиб туради, ўйилган ғорнинг ерини қириб текислайди, тупроқдан, думалаган тошу кесаклардан тозалайди. Ўзи кексароқ бўлса ҳам ҳали бақувват, гирдиғум гавдасига чоғ кетмон обдон ярашиб турибди.
Энди олтинчисига келайлик. У, айтганимиздай, эски ёзув столи ёнида (стол устида чанг-ғубор қўнган телефон аппарати ҳам бор) тахтадай койиб туради. Кўзи қандайлиги маълум эмас, чунки у кўзойнак тақади. Қорача юзида одамга лоп этиб кўринадиган нарса шу кўзойнак. Лекин у бошқалардан бу билангина фарқ қилмайди. Фарқи яна шундаки, аввало, ҳали айтганимиздай, стол ёнида қотиб туради, шунга боғлаб қўйилгандай. Сўнгра ишламайди. Бир замонлар, ёшлигида, мана бу «Ҳурмат тахтаси»ии ташкил этиб уни ҳамма кўзларнинг суратлари билан. ғорнинг пештоқини эса шиор билан безаб қўйган. Эндиликда шуларнинг таъсирини кузатиб, қимир этмас миясини ишлатиб турибди.
Еттинчи киши, қўлида кетмони билан, кейинроқ етиб келди. Унинг бўйи паст ҳам эмас, баланд ҳам эмас. ўзи кетмон билан қучоқлашиб туғилгандай, юмалоқ. Тепаликнинг орқа томонидан чиқиб келиб, пастга юмалаб тушгандай бирдан пайдо бўлди.
— Ҳа, шу ерни ковлаш керак эканми? — деб сўради келасолиб:
— Нега ковлаш керак экан?
— Ҳоким Тўраевич айтганлар! — деди Иккинчи.
— Ҳа ундай бўлса… — деб кафтига туфлади-да. барини белига қистириб, ишга тушди. Энди унга шу ерни ковлаш керак эканлиги ҳам, Нега ковлаш кераклиги ҳам аён эди. Офтобда қорайган пешонасига шаррос тер қалқиди.
Лекин унда яна савол туғилди. У бошқалардан мана шу ўринсиз саволлари билан ажралиб турарди.
— Ана у киши нимага ишламаяпти? — деди у ёзув столи ёнида тахтадай қотиб турган Олтинчига ишора қилиб. Унинг бу қадар серсаволлигига ҳам ҳайрон бўлиб, ҳам ғаши келиб турган Биринчи ишдан бош кўтармай тўнғиллади:
— Тепадаги шиорнн ўқимадингми?
— Ўқиш керакми? — деб сўради Еттинчи.
— Яна савол беради-я. Мунча саволи кўп экан?
Кейин шиорни ўқиди: «Қўшимча мажбуриятни муддатадан олдин бажарамиз!»
Унинг овозини эшитгач, қизил алвондаги безаклар бирдан жонланиб кетгандан, ҳамма анқайиб тепага қаради.
— Ана энди тушундингми? — деди Биринчи Еттинчига. Кейин қотиб турган Олтинчига ишора қилди: — У ана шуни ғоявий жиҳатдан таъминлайди.
Афтидан, Биринчи кўп нарсани билар, шиорни ҳам ўқиган экан шекиллию, камтар экан-да. Тарбия кўрган одам камтар бўлиши керак. Каттаодамлар бор, кичкина одамлар бор. Кичкина, камтар одам ҳаргиз ўз хаёлларига изн беравермаслиги керак. Ҳадеб савол ҳам бераверма, дедй ўзига ўзи Еттинчи.
Шу билан гап-сўз тиниб қолди, астойдил меҳнат қилишга шарт-шароит туғилди.
Тупроқ шовуллайди. Бетиним, бир маромда, ҳамма ерда тупроқ шовуллайди. Телефонли стол ёнида турган Олтинчинпиг хаёлига «Меҳнат поезияси!» дегаи таниш сўз бирикмаси келади, қорача юзлари ёришади.
Шундай жимликда ғайритабиий бир шитирлаш эшитилади. Икки марта эшитилди. Савол беравериш нақадар ноқулай бўлса ҳам, Еттинчи ўзини тиёлмади:
— Бу, дейман, жуда ичкарига ўйиб кириб кетдик-ку, тепамиз ўпирилиб босиб қолмасмикин?
— Босмайди. Босмайди дейишган, — деди Учинчи билан Тўртинчи баробарига бўш замбилни ерга қўйиб.
— Ҳа ундай бўлса… — дея, хотиржам бўлиб кажавага тупроқ ташлай бошлади Еттинчи. Тепаликнинг босиб қолмаслигига энди ишончи комил эди, қорача манглайидан меҳнат терини сидириб ташлади.
Лекин бир пастдан кейин ҳалиги шитирлаш яна эшитилди. Илҳомбахш меҳнат жараёнида бунга ким ҳам эътибор берарди. Хиёл ўтиб, кираверишда тепадан топ этиб иккита кесак тушди. Кесаклар ушалиб, сочилиб кетди. Топ этган товушга қайрилиб қарашган ҳам эдики худди ўша жойда тепадан гуп этиб лўмбаздай тупроқ ўпирилиб тушди. Чанг тўзғиб, ташқари кўринмай қолди, яна алланималар гурсиллади. Зимистондай қоронғида чангдан нафаси қайтган одамлар жон ҳолатда аввал уёқ-буёққа югуришиб, кейин гурсиллашу шовуллашлардан қулоқлари ҳам битгач, бир-бирларидан нажот истагандай қўл ушлашиб ўрталиқда гуж бўлиб қолдилар. Даҳшатли гурса-гурслар тинганда ҳам, қулоқларига ишонмай, бир-бирларини қўйиб юборишдан қўрққандек, тирик жон тафтндан умид узолмасдан шу ҳолатда узоқ туриб қолдилар. Ҳеч нарса эшитилмас, ҳеч нарса кўринмас, у дунёдами — бу дунёдами эканликларини билолмагандай гарангсиб, қимир этгани журъат тополмай туравердилар.
Анчадан кейингина қуюқ тўзон аста босилиб аввал ён деворда «Ҳурмат тахтаси» тепасидаги икки чирог хирагина бўлиб кўринди. Одамлар ўз нафасларини эшитиб, бир-бирларининг чангга беланган афти-ангорларинн кўрдилар. Ҳаммага гўё қайтадан жон кирди, тирик эканликларига қувондилар, кўзлари ҳам аста-секин қоронғига ўрганиб ўраб олган қора деворларни илғай бошладилар. Чор атроф куру гумгурс эди. Югура бориб деворларни бир-бир ушлаб, итариб, тепиб кўрдилар. Илгари очиқ турган томон ҳам бутунлан босиб қолган, улар тириклай кўмилган эдилар.
— Э… энди… нима қиламиз? — деди Еттинчи.
Бу чексиз жимликда қора деворлардан титроқ акс-садо берган биринчи журъатли товуш эди. У ҳам бўлса-савол. Шу ҳолатда ҳам савол беради. Еттинчи ўзи бирон жўяли фикр таклиф қилолмайди-ю, савол ташлагани ташлаган.
Аммо шу биринчи садо ҳаммани ҳушига келтирди. Қимирлаб қолдилар, кимдир уст-бошини қоқди. кимдир сал ўзига келиб замбилғалтакка ўтирди, яна кимдир оғзидаги лойни туфлаб ташлади…
Нима қилардик… Ҳеч ким топшириқни бекор қилгани йўқ, ҳар қандай об-ҳаво… тоес ҳар қандай шароитда…
— Ўзи қайси томонии қазиётувдик? — деди бу ваҳимали зимзиёда боши айланиб қолган Иккинчи.
— Мана бу томонни… — Бешинчи қоқила-сурила орқа девор томонга юрди.
— Мана бу ёқ очиқ эди. Мана бу «Ҳурмат тахтаси» — ён девор, демакки… — У гапидан тўхтаб қолди. «Ҳурмат тахтаси» ёнида Олтинчи ишга тушган эди. У «Ҳурмат тахтаси»ни махсус латта билан артиб, унга Еттинчининг ҳам суратини осиб улгурибди. Ўзи тахтада ҳамма бор, фақат битта жой бўш қолган эди. Энди қарабсизки, тахта очилиб кетибди, худди шундан сиқилиб турган эканми… Чиройли! Чироғлар ҳам унинг тепасида. Ғорни ёритиб турган чироғларми, илғорларми — Олтинчининг юзида мана шу завқли ва ҳайратомуз хитоб порлар эди. У омманинг кайфиятини ажойиб тезкорлик билан пайқайди. Тупроқ тагида қолган шиорни ҳам янгиттан ёзиб осиши керак. Стол тортмасидан тиш парошогини олиб, ишга тушди.
— Тупроқ ташидиган йўл бекилиб қолибдику… — деб баробар гап бошлашди Учинчи ва Тўртиичи! Лекин Олтинчи ишни ғоявий жиҳатдан таъминлаш учун жон чекаётган оғир шароитда ортиқча обЪектив важҳу касонга чим қулоқ соларди. Ака-укалар тарбия кўрган одамларга хос одоб билан, жим бўлишди. Аммо саволинг бошингдан қолгур Еттинчининг исёнкорлигини тийиб бўладими! У савол берса бўлгани, кимга савол беряпти — ўзигами, бировгами, жавоб оладими — йўқми, бу билан иши йўқ, ичини бўшатиб олади шекиллида. Яна сўради:
— Ахир, аввал бу қора гўрдан қандай чиқиб қутулишни ўйламаймизми?
— Буни ўйлайдиганлар бор, акаси, — деди барини белига қистириб, кетмонни қўлига олган Бешинчи. Ҳозир унинг иши кўп — ҳамма жойда шифтдан тушган кесаклар сочилиб ётибди. — Тепада сендан катта одамлар ўтиришибди. Ўйлашади.
— Сизнинг гапингиз ҳам гап, — деди Еттинчи, — биз кичкина одамлармиз.
Энди ҳамма ўз ишига киришган эди ҳамки, столдаги телефон чанг-ғуборни тўзғитиб жиринглаб қолди. Яқинроқда турган Олтинчи трубкани олди.
— Аҳвол қалай? — деган овоз эшитилди.
— Аҳвол ёмон эмас…
Трубкадан келаётган овоз, шубҳасиз, Ҳоким Тўраевичники эди. Ҳамма жим бўлди. Бироқ телефон симлари шикаст еган эканми, қанча нафас ютиб қулоқ олишмасин, барибир уёғини яхши эшитишолмади. Лекин Олтинчи тошпириқнни яхши уққан эди, оммага етказди.
— Ҳоким Тўраевич, аввало, қора кўзларга менинг саломимни етказинг, дедилар.
— Ана, айтмадимми, ўйлайдиган катталаримиз бор, акаси, — деди Бешинчи киприкларини қўлқопи билан артиб.
— Ҳа, ўйлашяпти, — давом этди Олтинчи. — Ғордагиларни қутқаришни ўйладик, дедилар. Аммо биз ташқаридан қазийлик десак бу хавфли экан, тепаликнинг бирор жойи бутунлай босиб қолиши бор. Шунинг учун топшириқ бундай: Ўзларингиз шароитга қараб эҳтиёт билан мустақил ҳаракат қилинглар, дедилар.
Топшириқни олгандан кейин ҳамма эркин, чуқур сўраб олиб, хотиржам бўлди. Худди қора ер қаърининг зим-зиё тутқинлигидан бир мўъжиза билан қутулиб, бирдан ёруғликка чиққандай, яйраб ўтириб қолдилар. Ҳоким Тўраевичнинг овозидан эриброқ ўтирган Биринчи Еттинчига қаради:
— Ҳаммамиз учун ҳурматли Ҳоким Тўраевич доно одам-да, топганини қаранг: «Қора кўзлар!» Муомала деб буни айтади. Қаранг, ҳеч кимни бошқалардан ажратиб ҳам атамайди, ҳеч кимни хафа ҳам қилмайди. Ҳаммага ёқимли — «қора кўзлар»! Шу кенглиги оммага маъқулда каттамизнинг.
— Зўр, зўр. Гапга жуббо кийдирадилар.
— Ҳеч-да. Чунончи, мана сени отинг билан айтиб, алоҳида атаса, сен ҳовлиқиб, бир қарич ўсиб, яна, худо сақласин, очидиб кетиб, ҳамма ёқни саволга тўлдириб ташлармидинг! Шундай эмасми?
— Шундай.
— «Қора кўзлар» деганда эса ҳамма бир қолипдан чиққандай баб-баравар. Ҳеч ким ҳовлиқмайди ҳам, камситилмайди ҳам.
— Ҳа.
Еттинчи «ҳа» дедию, лекин яна саволпарастлиги тутиб, ўрнидан туриб кетди.
— Ҳай, биродарлар, айтганча, бу мустақил ҳаракат ҳаракат қилинглар, дегани қанақа бўлади?
— Ўзларинг билиб йўлини топинглар деганидир-да.
— Ўзимиз қаёқдан биламиз, кўрсатма бўлмади-ку? Еттинчининг «саволчи»лигига ўрганиб, бунга парво қилмай қўйган одамлар бу сафар хушёр тортишди. Чиндан ҳам, ўз билгича иш қилиш мумкин эканми, буниси қанақа бўлади?
— Телефон қилиш керак, айтишсин! — деди Иккинчи.
— Телефон қилиб бўлар эканми. Телефон бир томонлама-ку.
— Қандай «бир томонлама»? — деди Еттинчи.
— У томондан гапириб бўлади, бу томондан — йўқ. Уқдингми?
— Қандай?— деди. Сира тинчимади бу «саволчи». Гўё фақат у ҳамма нарсани билиши керак. Дарров била қолиши керак. Биринчи унга яна тушунтириб қўйишга мажбур бўлди:
— Менга қара, телефон икки томонлама ишласа, тартиб бўладими! Сен телефон қилсанг, мен телефон қилсам, сен билан менга ўхшаганлар нечта? Ҳоким Тўраевич бўлса…
«Нима қиламиз бўлмаса?» — бу савол ҳамманинг ҳам кўнглида бор эди. Бу «саволпараст» подани булғатди шекиллида. Биринчи марта бундай безовта бўлишлари. Руҳий безовталик ёмон экан, ҳаловат қочди. Бу қийноқдан кўра, тепаликни ўша кўрсатилган жойдан қазийверган осонроқ эди. Кавлайверилса бир жойдан чиқиладику ахир.
— Биз янги кўрсатма олдик, демакки, эскиси бекор бўлди. Янги кўрсатма шундан иборатки, мустақил ҳаракат қилиш керак, — деди Олтинчи қоғозига қараб қироат билан. — Бу аввалгисидан мушкулроқ албатта. Аммо шундай бўлиши қонуний. Чунки тошпириқлар тобора оғирлашиб бормаса олға қараб силжиш бўлмайди.
— Бир жойдан ковлаб, тешиб чиқиши керак. Ҳаво кирсин, йўл очилсин.
— Ундай кўрсатма бўлган эмас…
— Қайси томонни ковлаймиз?
— Ҳа мана, ўпирилиб тушган томонни. Йўл ўша ёқда.
— У томонни ковлашга ким кўрсатма беради?
— Бўлмаса бир бошлиқ сайлаймиз. Ўша нима деса — шу.
— Йўғе… — деди Биринчи қўрқиб. — Тепада бошлиғимиз туриб, яна бировни сайлаш уни тан олмасликка ўхшаб кетмайдими?
— Кичкина… Кичкинагина бир бошлиқча сайлаймизда. Бизга бўлаверади.
— Кимни?
— Мана, сизни, масалан, — дейишди ака-укалар. Биринчининг мўйи тикка бўлиб, сапчиб тушди.
— Мени?.. Сени ким тайинлади, деса… Йўқ, тарбия кўрган одаммиз, ўзбошимчалик бўлади. Аввало юқоридан менга ишонч билдирилиши… — у бир томонлама телефонга мунғайиб қараб қўйди.
— Йўқ, биродарлар, — деди Иккинчи, — сайлови нимаси. Ҳар ким ўзига бошлиқ сайлаб олаверса… Топшириқнинг ҳар бир сўзини диққат билан эшитдинглар: «Эҳтиёт билан» деган жойи бор. Бу донолик билан айтилган. Эҳтиёт бўлинмаса, мустақилликнинг мана шундай хавфли томонлари бор.
— Жуда мушкул нарса эканда… — деди Бешинчи кетмонини суяб ўтираркан. Кейин у бўхчасидан нон, майиз, талқон олиб, қийиқчасини ерга ёзди. Буни кўриб бошқалар ҳам очиққанини сезди чоғи, бири белбоғдан, бири тўрхалтадан у бу олиб ўртага тўкди. Тортишувлардан чарчаганликлари ҳам энди билинди. Шунча тепаликни ўйиб, шунча турпоқ ташиб мунчалик чарчамаган эдилар. Чиндан ҳам мушкул экан…
У бу тамадди қилгандан кейин, аъзойи баданлари бўшашиб, уйқу тортиб турса ҳам, хотиржам бўлолмас, бехаловат эдилар.
Озиқ-овқатнинг ҳодини олдими. пойгак томонга каламуш югуриб ўтди.
— Ҳув, падарингга лаънат!— деди иштаҳаси қочиб, кўнгли бетинч бўлиб ўтирган Еттинчи. Энди унинг саволи ҳам қолмаган эди. Тўғрироғи — бир-бирига мингашган чигал-чирмов саволлар уни енгган, дармонини қуритган эди. У ҳам энди лоқайд бўлиб қолди, кўпга келган тўй, бошқаларга нима бўлса, унга ҳам шуда.
— Тўхта, тўхта!— деди Иккинчи шу маҳал ҳовлиқиб. Ака-ука Учинчи-Тўртинчиларнинг «дастурхон» қилиб ёйган кўк қоғозини тортиб олди. Ундаги пиёла юмалаб, иккн ҳовуч жийда, туршак, яна алланималар сочилиб кетди. Ака-укаларнинг оғзи очилиб қолди. Иккинчи қўлидаги кўк қоғозга тикилган эди. Қоғоз ғижимланиб, йиртилиб кетган, чети ҳўл, бир бурчаги бутунлай йўқ.
— Менга қаранглар! Мана бу… Ахир бу…
Ҳамма унга қараб энгашди. Иккинчи ғира-шира қоғоздаги катта ҳарфларни ҳижжалаб ўқишга ҳаракат қиларди.
— Инс… Инс…
— Инси-жинс!? Вой-дод!
— Ўзингни бос, хурсандчилик-ку қайтага… «Инс… инстр… «Буёғи сал йиртилибди, аттанг», — деди. Иккинчи қоғознинг йиртилган, букланган жойини бармоғи билан текислаб, ўқиди: — «Инстр — укукция» Инструкция!
— А? — деди ака-ука баробарига, Ҳамма олдидаги таомини унутган эди.
— Инструкция?
— Ҳа-да. Мана! Инструкция топилди, биродарлар!— деди Иккинчи атрофида чарақлаган қора кўзларга тикилиб. Ўзи ҳам хазина топгандай, ўлимга маҳкум этилган дўстларининг нажоткоридай бахтиёр эди, очилиб кетди: — Маданий жамиятда яшаймиз, азизлар. Бундай жамиятда инсон ҳеч қандай вазиятда ҳам йўл-йўриқсиз қолмайди!
Инструкция — бамисоли мушкули кушод. Толиққан вужудларга ҳаловат қайтиб келди. Овқат, чарчоқ, руҳий хотиржамлик, бу омад ҳаммани элитди. Кечадан бери ухламаган одамлар ғам-ташвишдан ариб, оёқларини бемалол узатдилар, аъзойи баданлари роҳатдан ҳалимдай бўшашиб уйқуга толдилар. Энди мириқиб ором олса ҳам бўлади, аҳа, яхшилаб ҳордиқ чиқариш керак, эртага аниқ, тайинли ишлар турибди. Қаёқдадир каламуш шитирлаяпти. Шитирласа шитирлайверсин…
Эртасига нонуштадан кейин ҳамма бел боглаб енг шимариб бўлганида Иккинчи чироғ тагига бориб «Инструкция»ни ўқий бошлади.
Ҳамма тиловат сомедек жим ўтирарди.
— «Инструкция» — деб ўқиди Иккинчи, — «Бирламчи модда. Массани… »
— Массани?
— Ҳа, оммани дегани. «Массани ҳарорат селция бўйича — 5° дан паст бўлмаган салқин жойда сақлаш керак».
— Ҳа салқин жойда.
— «Иккиламчи… » буниси йиртилибди. «Тўртламчи модда. Ўйлаб бўлгандан кейин… қўлларни албатта, ювиб ташлаш керак»
— Ювдик, ювдик!
— Тўхтанглар!— деди ака-укалардан бири, Тўртинчи — Тўхтанглар, биродарлар… бу… «ўйлаб» эмас, «ўйнаб», «ўйнаб бўлгандан кейин» яъни, Кичкина ўғлим қўғирчоқ-одам ясайман деб хархаша қилаверганидан, пластелин олиб бериб эдим, бу ўшанинг қоғози… Нон ўраб келган эканман, биродарлар!
Юзларидаги шуъла ўчди. Бекорга хурсанд бўлишган экан. «Алданиб қолгон ёмон», деб бекорга айтмайди ашулачи. Кечаги ташвишли, сўлғин ҳолат яна қайтиб келди. Ҳатто Еттинчи ҳам бирон савол тополмади. Иккинчи «Инструкция»ни жаҳл билан ташлаб юборган экан. Бешинчи уни аста олиб, авайлаб тахлади-да, ички чўнтагига солиб қўйди. Нима бўлса ҳам инструкция ахир. Ҳурмат қилиши керак тарбия кўрган одам…
Жимжитлик эза бошлади. Яланг ерга кечагидай ғуж бўлиб ўтириб қолишган эди. Қаердадир яна каламуш шитирлагани эшитилди. Ҳар замонда столдаги телефонга қараб қўнишади — кўрсатма бўлиб қолар деган илинж, сира ўлмайдиган умид бор-да…
Жимлик қулоқларда зингиллаб, сабр-бардошни эговлайди. Шу ерда димиқиб ўлиб кетасизлар деса ҳам… ишқилиб, бирон бир кўрсатмача бўлса… Тавба-астағфирулло, шундай ўйга келганлар ҳам бўлди-да. Ахир одамни ҳам ўз-ўзига қўйиб берадими!
Бир пайт бир чинқнриқдан сукут дарз кетди.
— Ануни қаранглар!
Мизғиб ўтирганларнинг қути ўчди. Чинқирган ака-укаларнинг бири — Учинчи эди. Унинг алоҳида овозини энди эшитишди, овози ўткир экан. Ҳамма у кўрсатган пойгак томонга қаради, ўша ердан кичкинагина бир» нуқта ёруғлик қоронғи ғорни тешиб кирган эди. Ингичка шуъла, бир чимдимгина нур ичкари томондаги кўр деворга ўқдай қадалиб турибди.
— Ёруғлик! Ёруғлик! — деб қичқиришди.
— Каламуш тешибди! Каламуш!
Биринчи шу нафис нур тасмасидай сеҳрлангандай, аста ўша томон юриб, девор ёнида тўхтади. Ўйлаб туриб, этиги билан бир тепган эди, икки замбил тупроқ ўпирилиб, шовуллаб тушди-да, одам бўйи тешик очилиб кетди. Кун кириб келгандай бўлди ғорга.
Жўра-жамоат шовқин сурон билан ўша томон ошиқди. Биринчи ташқарига қаради:
— Оғизларингдан гуллаб қўймаларинг, каламуш йўл кўрсатди деб! Каттамизниннг ори келиб, бизни нотўғри тушуниб ўтирмасин!…