Ўшанда тўртинчи синфда ўқирдим. Оиламиз бош¬қа қишлоққа кўчадиган бўлди. Кўчишдан бир кун олдин акам билан отам молларни ҳайдаб янги уйимизга кетишди. Уларга итимиз ҳам эргашди.
Кўчамиз, деган кундан бошлаб бобом қандайдир безовталаниб келди. Ранг-рўйи ўзгариб, нигоҳларига ғамгинлик инди. Хушчақчақ бобом туйқус индамас одам¬га айланди.
Эрталаб турганимизда, бобомни ҳовлидаги эс¬ки тут дарахтига суяниб ўтирган ҳолда кўрдик. Гўё тут қулаб кетяптию бобом уни суяб тургандек эди. Сўнг бобом боғимиздаги дарахтлар ёнига бориб, айримларини қўллари билан силаб, айримларини меҳр билан ушлаб, улар билан аста-секин пичирлаб хайрлашди. Унгача эрталабки нонушта тайёрлаган бувим ҳаммамизни дас¬турхонга таклиф қилди.
– Мазангиз бўлмаяптими, бобоси, – чой узата- туриб сўради бувим.
– Ҳаммаси яхши, хавотир олманглар, – деди бобом секингина хўрсиниб.
Бобом узоқ тиловат қилиб, фотиҳа ўқиди. Бобомдаги хомушлик фотиҳадан сўнг бир лаҳза ҳаммамизни чулғагандек бўлди. У кишининг овозидаги маҳзун дард бизнинг ҳам юракларимизга кўчди.
Кейин уйдаги қолган-қутган нарсаларни йи¬ғиш¬ти¬риб, тугунларга боғладик, кичик қутиларга жойладик. Би¬роздан сўнг Шойим тоға машинасида етиб келди. Бо¬бом мендан бошқа ҳаммани машинага чиқишга ундади.
– Яратган эгам ҳамроҳларинг бўлсин. Соғ-омон етиб олинглар, – деди бобом фотиҳага қўл очиб.
Ҳувиллаган ҳовлимизни ғалати жимлик чулғади. Бобом боғимиздаги дарахтларга, ишкомга, ҳовли этагидаги шийпончага, молхона ва бостирма томонларга қараб яна хўрсинди, оғир-оғир нафас олди.
Бу орада уйимизни сотиб олган Эрдон тоға оиласи билан кўчиб келди.Уларнинг ҳам юки бизникидай бир машина чиқар-чиқмас экан. Салом-аликдан сўнг бобом қўлидаги калитларни унга топшириб дуо қилди:
– Илоё, бу уйда тўйлар қилинг, хонадонингизда яхши кунлар кўп бўлсин.
– Кейинги ҳафтада худойи қиламиз. Хабар берамиз, келасиз-да, Жўра бобо, – деди Эрдон тоға хурсанд бўлиб.
– Албатта келамиз, Эрдонбой.
Сўнг бобом ҳовлини яна меҳр билан кузата бошлади. Унинг ҳовлидан узилгиси келмасди. Бир азиз нарсасини йўқотган одамдай жонсарак эди.
Уйнинг янги эгалари кўчларини тушириш ва киритиш билан машғул.
Бу манзарани кузатиб турган бобомнинг кўзлари ёшланганини кўриб менинг ҳам кўнглим бузилди. Буни сезган Эрдон тоға бобомни бир пиёла чойга таклиф қилиб, агар хоҳласа, қолиб меҳмон бўлиб кетишини ҳам алоҳида таъкидлади.
– Майли, бир пиёла чой ичайлик, кейин йўлга тушармиз, – деди бобом ҳамон кетгиси келмай.
Энди бизнинг собиқ, эски чорпоямизга янги дас¬турхон ёзилди. Нон, чой, қанд-қурс қўйишди.
– Бу ҳовли-жой отамдан қолган эди, – деб ҳи¬коясини бошлади бобом ҳазин овозда. – Болалигим мана шу ҳовлида ўтди. Шу ҳовлида вояга етдим, бола-чақалик бўлдим. Шу ҳовлида соч-соқолим оқарди. Ҳаётимнинг энг яхши ва оғир кунлари ҳам шу ҳовлида ўтди. Раҳматли ота-онам ва бир фарзандимни ҳам шу ҳовлидан чиқардим. Туғилиб ўсган уйинг ҳам кичик Ватан экан, Эрдонбой. Энди бу Ватанни сизга топширдим. Уни мендай яхши кўринг, мендай қадрланг. Бу Ватанга меҳр қўйинг, Эрдонбой иним.
– Бобожон, кичик Ватан ҳам бўладими? – беихтиёр сўрадим.
– Бўлади, болам, бўлади. Одамнинг туғилган уйи, ҳовли-жойи, бу кичик Ватани. Ана шу кичик Ватанлар йиғилиб-йиғилиб, бирлашиб-бирлашиб улуғ Ватанга айланади…
Мен бобом билан катта йўлга чиққанимизда, ҳамон кичик Ватан – уйимиз ҳақида, дўстларим ва уй билан боғлиқ ширин хотиралар оғушида эдим. Қалбимда эса улуғ ва бепоён Ватаннинг ёрқин манзаралари намоён бўла бошлаган эди…
«Ёшлик» журналининг 2012 йил 2-сонидан олинди.