Кетмоннинг юзига ойнинг акси тушмай қўйди. Юзи кичрайиб, хира тортиб, занг босиб бораётган кетмон эса ойни соғинган эди. Ой унинг эски дилдоши, дарддоши ва ушалиб-ушалмаган орзу, армонлари эди. Афсуски, кетмон туш кўрмайди. Боши банд, хотираси ёғочга айланган. Агар у туш кўрганда борми, тушига нуқул ой кирарди, тўлин ой!.. Ва у мазза қилиб ой билан армонлашарди. Ўшанда кетмон ёш эди. Ғайрати жўш уриб ҳеч қаерга сиғмасди. Ҳар гал ер билан учрашганида унинг дамидан ўт чиқарди. Бу ўт тупроқни жизиллатарди. Кетмоннинг олови ерни ёндирмоқчи бўларди.
Ер бундай дами ўткир ҳароратли кетмонларни кўп кўргани учун ҳам уларга заррача парво қилмас эди. Ернинг бағри ердай кенг ва бепоён эди.
Кетмоннинг ой билан сирлашган дақиқалари умрининг энг бахтли лаҳзалари эди. Ой акси унинг кафтдай юзларига қўнган ойдин тунлар лаззатини ҳеч қачон унутиб бўлмайди.
Ой ойдан-да гўзал, кетмон кетмондан-да ҳароратли ва қудратли эди. Аслида ойнинг ҳасрати ҳам кетмонникидан асло кам эмасди. Улар бир-бирларига маҳлиё бўлиб, ҳатто ҳасратлашишни ҳам унутиб қўярдилар. Бундай пайтда ҳасратга бало борми?..
Энди ер унинг жон-жонини суғуриб олган эди. Не-не дами ўткир кетмонлар каби бу шўрлик кетмон ҳам ернинг азалий ва илоҳий қувватига дош беролмади. Ер қанчалар юмшоқ, қанчалар метин бўлгани билан барибир ер эди. Абад-азал шу: темирчилар зўр бериб, юксак маҳорат билан кетмон ясайверадилар, ер эса кетмонларнинг дамини аста-секин пасайтириб, жасоратини сўндириб бораверади. Минг ҳаракат қилгани билан кетмон охир-оқибат ҳолдан тояди. Ҳолдан қолиш эса азоб. Сўнгра ортиқча буюм сингари ҳеч кимга керак бўлмай қолади. Ёнингга ёш ва забардаст кетмонлар келиб қўшилади. Улар ҳам охир-оқибатини ўйламай, завқ-шавқ билан туну кун ер чопгани-чопган… Эҳ, шундай пайтда кетмоннинг жасоратига, шижоатига на таъриф, на тараф йўқ. У эртасини ва келажагини ўйламай, ер билан ғайрати жўшиб курашгани курашган. Кетмон одам билан ерни боғлаб турувчи фақат меҳнат воситаси эмас, балки тириклик манбаи ҳисобланади. Воситачилик мушкул вазифа. Аввало, кетмоннинг қандай қўлларга тушишига ҳам боғлиқ. Агар у ҳақиқий меҳнаткаш деҳқон қўли билан ошно бўлса, яъни ўз қўлини топса, бу кетмон учун байрам, мўл-кўл хирмон учун ҳосил қўшиғи янграйди. Бундай пайтда кетмон кетмон бўлиб яралганига шукр қилади, тинимсиз ер чопади. Унинг танида ҳам, юзида ҳам армон қолмайди.
Энди ишёқмас, дангаса қўлга тушган кетмон армонда кетади, шашти сўнади, ҳамма дарди ичида бўлади. Эгри қўлларга тушган кетмон эса фақат бегонанинг томорқаси учун ишлайди, умри саргардонликда ўтади. Бегона эгатларда сандироқлайди.
Кетмон эгасининг ёши ҳам бир жойга бориб қолган, энди унинг гурсиллатиб, қарсиллатиб кетмон уришга қуввати келмасди. Кетмон унинг қувватини узум донасини сўргандай сўриб олган.
Бир вақтлар эгасининг куч-ғайрат тўлиб-тошиб ётган билаклари дастага тегиши билан кетмоннинг бағрига ўт тушарди. Ишга бир шўнғиб кетилдими, тамом, илҳомланган қўлларнинг кетмондан, кетмоннинг пўрсилдоқ ердан узилгиси келмасди. Тупроқ эланиб-эланиб, титилиб-титилиб, ушоқ-ушоқ бўлиб кетарди.
Ернинг ҳам меҳри жўшиб, кетмон тушган тупроқлар эланиб, майдаланиб борарди. Кетмон қанчалар бағрини тилка-пора қилмасин, ер ўзини яйраб-яйраб ҳосилга тайёрларди. Кетмон енгил-енгил ботса, ер ҳам яйрайди, ер ҳам ҳузур қилади. Ер кўпчийди. Уруғни уйғотиб, унинг ниш урган илдизига бағрини очади. Ҳосил бўлиқлашади.
Кетмон ер билан уруғнинг қўшилишига макон яратиб беради. Лекин кетмон қанчалик куйиб-пишиб меҳнат қилмасин, ҳосил қўшиғини эшитиш бахтига муяссар бўлолмайди. Кетмоннинг қоқ пешонасига шу кўргиликлар ёзилган бўлса, у шўрлик нима ҳам қилсин? Меҳнатни кетмон қилади-ю, унинг ҳузурини ўроқ кўради. Ҳатто ҳосил тўйларига кетмонни таклиф қилишни унутиб қўядилар. Тўрда тўралар ўтиради. Кетмон ушламаганлар ё қадаҳ, ё микрафон ушлайди. Абжир шоирлар кетмон ҳақида шеър ўқийди. Қўлига кетмон ушламаган биттаси “Кетмон” деган достон ёзибди.
Кетмон бечора қачон ишлаб, қачон дам олганини билмайди.
Қишда ариқ-зовурни тозалайди, шўри ювиладиган даланинг челини тортади, сўнг шўр ювади.
Баҳорда кўчат ўтқазади, уруғ экади, ниҳолларни завқ билан чопиқ қилади.
Ёзда меҳнат қайнайди, кетмон қандай юмушларни бажарганини эслаб саноғига етолмайди, офтобнинг тиғида терга ботиб меҳнат қилгани-қилган. Саратонда сарғайиб-сарғайиб кетади кетмон. Оғир-оғир нафас олади кетмон. Ернинг тафтидан чуқур-чуқур ҳансирайди кетмон. Кетмонни қора тер босади. Бу маржон-маржон тердан баъзан ер ҳам шўрлайди.
Кузда ҳосилни йиғиб-териб олишда кетмоннинг ўрни, вазифалари борки, буни кетмондан бошқа бирорта техникаси эплолмайди.
Кетмоннинг ётоғи йил ўн икки ой дала. Бундай айвон пештоғида ёки сайисхонанинг бир қоронғи пучмоғида дурустроқ дам олганини эслолмайди.
Энди, ҳамма кетмон ҳам ўз эгасидан рози бўлавермайди. Бировлар худди ўз фарзандидай кетмонни асраб авайлайди. Тошга, темирга уриб олишдан эҳтиёт бўлади. Агар кетмоннинг тиғи бирор қаттиқ нарсага тегиб учса ёки жиддий лат еса, эгасининг ҳам юраги оғрийди, вужуди азоб чекади. Ахир, кетмон меҳнат қуроли-ку!
Бераҳм, бешафқат қўлларга тушган кетмоннинг ҳолига вой! У кетмон бўлиб яралганига минг-минг пушаймонлар ейди, умри озор билан ўтади, алами, дарди ўзи билан кетади. Бундай кетмон тезда сафдан чиқади, унинг кетмонлик сиёҳи қолмайди. Кетмон ўз-ўзидан ҳолдан тойиб, касалликка йўлиқади, адои тамом бўлади. Бир куни эгаси ишдан қайтгач, одатдагидай кетмонни ҳовли этагига улоқтирди. Улоқтириш жараёнида жаҳл билан “Ҳе, онангни…” деб ҳақорат қилди. Кетмон онаси бор-йўқлигини билмайди. Лекин бу ҳақорат унинг темир танасини зирқиратиб юборди. Ахир, энг оғир ҳақорат онани сўкиш-ку! Қайси куни далага келган уч-тўртта йўғон киши ҳам унинг эгасини боплаб ҳақорат қилди. Бири қўйиб, бири олиб, нуқул онадан келди. Бечора деҳқон, шўрлик деҳқон тош ютгандай миқ этмасдан, бошини кетмондай эгиб, мутеларча ерга термулиб турди. Унинг аламдан бутун вужуди титраётганини кетмон дастасини тутган қўлларининг титраётганидан сезиш мумкин. Агар замони кўтарса, онангни, деган бу ҳаромхўрларни кетмон билан тилларини чопарди. Шунда ҳаммаёқни чопилган тиллар босиб кетарди.
Ҳикоямизга қайтайлик. Кетмон кетмонлигини унутмасдан олдин эъзозланган пайтлари ҳам бўлган.
Унинг эгаси анча бамаъни одам. Даладан қайтгач, кетмонни ҳовли этагидаги ариқда эринмай тозалаб, қавариб кетган кафтлари билан ишқалаб ювади. Кафтларининг қаварган жойлари кетмоннинг қитиғини келтиради. Бундай илтифотдан кетмон хижолат бўлади. Унинг қўллари қавариб-қавариб, бармоқлари ёрилиб-ёрилиб кетганидан уялади. Баъзан ювиб бўлгач, кетмон дастасини олма шохига қистиради, баъзан айвоннинг бурчагига эгиб қўяди. Гоҳида ювиб бўлиб, ҳовли ўртасида қолдириб кетади. Шунда кетмон роса яйраб ҳордиқ олади. Айниқса, тўлин ой кетмон юзида пайдо бўлса қувонади, ой билан сирлашгиси келади. Лекин унинг юзида ой билан сирлашадиган на ҳарорат, на илиқлик бор. Дардлашай деса, дарди ойга етиб бормайди. Ойнинг ҳам дарди кўп, ҳасрати мўл бўлса керакки, кетмонга етиб келмайди.
Кетмон энди кетмон-да, юзига ой акси тушиши билан мудрайди, мудраб туш кўради. Тушида ҳам меҳнат, жон-жаҳди билан берилиб ер чопади. Кетмондан олдин дастаси терлайди, дастадан олдин қўллар, қўллардан олдин бармоқлардан тер сизиб чиқади. Баъзан манглайдан, юзлардан оқаётган шўр, тахир тер кетмон юзига ҳам тушади. Кетмон тушида ҳам тердан тамшанади, тердан томоғи ачишади. Минг йилдирки, кетмондан тер ҳиди анқийди. Минг йилдирки, кетмондан дала ҳиди, тупроқ ҳиди келади.
Бу йил кетмоннинг ўттизинчи баҳор далага чиқиши. Ўттиз йилки бажарадиган юмушлари аниқ. Тиним билмай ер чопади, ариқ қазади, ниҳол ўтқазади, томорқани чопиқ қилади, лойҳандақни текислайди, лой қоради, замбилни ўша лой билан тўлдиради. Баъзан эса қўшни гўрков уни ижарага олиб туради. Бундай пайтда у маъюс тортади, тўйиб-тўйиб йиғлагиси келади-ю, лекин ёш оқадиган кўзлари йўқ… Оёғи йўқки, қочса, қўли йўқки, талаб қилса, тили йўқки, дарду ҳасратини айтса?.. Бечора кетмонга бундай имкон берилмаган. Берилганда ҳам нуқул меҳнатдан гапиравериб қулоқларни қоматга келтирарди. “Шарафли меҳнатимиз…”, “Шонли меҳнатимиз…” деб тинкани қуритарди. Ўшанда ҳам тер тўкиб, асл меҳнат қиладиган кетмон миқ этмасдан ишлайверарди. Маҳмадона кетмонлардан худо асрасин…
Кетмон қачон, қайси устахонада тобланиб тайёрланганини билмайди. Ишлайвериб хотираси ҳам кесакка айланиб кетган. Аллақачон эслаш қобилиятини йўқотган. Кетмон шўрликнинг билгани дала билан ҳовли. Эгаси ҳам қизиқ одам: бир гал уни эъзозлаб елкасига ташлаб юради, бошқа сафар эшакка миниб дастасини тақимига босиб олади. Баъзан даладан қайтишда эшакка ортилган ўтнинг орасига қўйиб боғлайди. Шунда кетмон анча озор чекади. Буларга чидаса бўлади. Лекин баъзан тиниб-тинчимагур эгаси тунда томорқасига сув қўяди. Шунда кетмонга роса алам қилади-да! Куни билан ер чопгани етмагандек, ярим кечгача даҳана боғлаб, даҳана очади. Кечаси кетмоннинг ороми бузилади, хаёли тарқайди, ҳаловати йўқолади. Ой билан сирлашолмайди.
Шу зайил кетмон эскириб, занглаб адои тамом бўлиб борарди. Уни ясаган темирчи устасини билмаса ҳам, бозорда бўлган савдони оз-моз эслайди. Яхши ишлангани, юзлари кенг-мўл, анча енгил бўлгани учун ҳам тез сотилган эди. Эгаси уни хуржунга солиб олиб келган. Сўнг толдан қилинган дастани тешигидан, яъни зўғатадан зўр бериб ўтказганини билади. Ҳатто дастани ёриб кичик пона ҳам урганди. Даста ғирвон билан жипслашиб кетди. Сўнгра бир кеча сувга солиб қўйганди. Даста ўзидан-ўзи шишиб, зўғатага чиппа ёпишди. Шу ёпишгунча қимир этмайди.
Тонг саҳарда далага чиқиб кетгани, далага муҳаббат қўйгани… Шу-шу, дала билан боғланиб, ер билан ошно тутинди. У бир сафар илғор кетмонларнинг умумий йиғилишида минбарга чиқмоқчи бўлиб роса ҳаракат қилди. Лекин уни мажлисхонага яқин ҳам йўлатишмади. Эшикдаёқ силтаб-силтаб ирғитиб юборишди. Ўшанда дастаси қарсиллаб ерга тегиб, бироз дарз кетганди. Шу-шу, қайтиб мажлисга бормайдиган бўлди. Кейинчалик гилос дарахтидан қилинган даста ўрнатишди. Зангламаслиги учун тез-тез от ёғи суришарди. Кейинчалик отлар озиб кетиб, ёғ бермай қўйди. Кетмондан ҳар урганда дувуллаб занг тўкиладиган бўлиб қолди.
Ҳадемай ҳандақ ёки ахлат ўрага ташлаб юбориладиган кетмоннинг бир армони бор: кетмонлар қачон ўз меҳнатининг ҳузурини кўради. Қачон?
… Кетмон яроқсиз ҳолга келиб қолгач, уни темир-терсакка топшириб юборишдан олдин эгаси янги кетмон харид қилди. Лекин янги кетмон эскисига парво ҳам қилмади, қайрилиб қарамади ҳам.
Яп-янги кетмон далага талпинади, тезроқ ер билан дийдорлашгиси, дийдорлашиб муҳаббат изҳор қилгиси келади. Янги кетмон ҳам ой билан сирлашишга ташна. Ойнинг ойдай акси унинг юзига тушишини истайди. Ер билан бошланадиган ўтли ишқ олдидан кетмонга пирлари ҳазрати Довуд алайҳиссалом мадад берсинлар. Ўтган барча катта-кичик кетмонларнинг дами қўлласин.
“Ёшлик” журнали, 2016 йил, 8-сон