Археологик қўриқхона саналмиш қадимий Афросиёб харобазорини кечаю кундуз қўриқловчи афсунгар: сочлари тўлин ой шуъласидек шокила-шокила оқбадан париваш!..
Юраги тиғ тилгандек симиллаб санчаётган Зарина ёнида тиззалаган ёлғиз ўғли – Арслон буржи остида туғилган Севинчакнинг бўй-басти ва марҳум эри Ҳикмат Розиқнинг даҳлиз деворида осувли рангли суратига термила-термила қоронғилик қаърида сонсиз нигоҳи сокин чақнаётган сукунатни шу тахлит сифатлар эди.
– Нақадар ҳимматлисан, эй мушфиқ аёл!..
Ҳарир либосли оқбадан париваш нимадандир чўчиётгандай ийманиб аста шивирлади, дилбар мусиқадай ёқимли овози сокин ҳавода бир зум титрангач, Севинчак дилида акс садо берди.
Кучли дори таъсирида ярим тунда Зарина ниҳоят мизғиди, лекин ҳар хил қўрқинчли тушлар кўриб, уйқусида ҳам ҳаловати бўлмади, ажабки, негадир нуқул, Анушбий дили занглаган кас, дея алаҳлар ва юпқа лаблари қуруқшаб қарғанар эди. Тонг бўзармай суяги бешбаттар оғирлашиб уйғонди, лекин ҳеч бир тушини эслолмади.
– Доим шу одамга тиш қайрайсиз, сабаби нимада? – Қандайдир шубҳага кўмилган Севинчак маъюсланиб ғудранди. – Бир марта у қўли эгри муттаҳам дегандингиз, нима, отам қўлёзмасини ўша ўғирлаганми?
Зарина ғашлик оғушида беҳол титранди, ахир, кўнглида қанчадан-қанча аламу армон, қайғу-ҳасрат ва надомат тоғдек уйилиб ётибди. Лекин улардан бирортасини сиртига чиқаришни истамас, аниқроғи, бундай қилишдан беҳад чўчир эди. Шу боис ҳозир Севинчакнинг саволлари жавобидан атай тийилди ва уни чалғитиш мақсадида Афросиёб тақдири беҳисоб ўткир нигоҳ ва бийрон тил соҳиби бўлган сукунат, яъни бадани симоб тусли малак тақдирига чамбарчас боғлиқ эканини майдалаб изоҳлашга киришди.
Севинчак отаси Ҳикмат Розиқ қўлёзмаси масаласида Заринани, юрак хуружи тутиб қолмасин деган ўйда, бошқа қистовга олмади, қолаверса, онаси кўзларига қараб ичидагини андак билган, аниқроғи, оқбадан париваш нигоҳи орқали кўнглини ўқиган эди. Қайта-қайта уни овутиб ва доим таниқли олим эканини айтиб мақтанувчи Анушбийни лаънатлаб, ишга жўнаган заҳоти пойига оқбадан париваш пойандоз бўлиб тўшалди. Ҳайбатли қиёфага кирган сирли хилқат бутун Афросиёб, айниқса, оташпарастлар ибодатхонаси ҳамда жоме масжиди қолдиғи пешида чарх ураётганди. Тез орада докторлик ёқлайдиган Анушбий назоратидаги мазкур нуқтада ҳозир яқинда ҳарбий хизматдан қайтган ва оддий ишчиликка ёлланган Муслим ёлғиз эриниб тер тўкаётганди. Қисқа салому аликдан кейин Севинчак ҳам енг шимарди ва ёғоч дастали нозик куракча учини шўрлаган девор биқинига авайлаб ботирди ва ўша заҳоти бутун вужуди қулоққа айланди.
Эй ўғлон, қутлуғ тонгда Йўлбарс буржидан келган ваҳийга кўра, ҳозир руҳларимиз бирлашур!..
Оқбадан париваш Севинчак атрофида ипак каби эшилиб ва хушнуд нозланиб паймонаю патак эди. Муҳими, фалакдан ҳарорат ҳамда қувват ўзлаштирган сеҳрловчи мулойим овози ҳар бир қарич тақрон ер, яъни ўзаро туташ букри дўнгликлар, эски пойдевор тошлари, парча-пуриш сополу ғишт синиқларидан бир маромда томчилаб сизаётганди.
Севинчак сал илгари Зарина таъкидлаган жиддий эътирофни хотирлаган заҳоти ғалати орзиқди, жазирама иссиқда чатнаб оловланган қуруқ шоху шабба мисоли оловланган руҳи оқбадан париваш руҳига чирмашди. Сўнг ногаҳон туғилган нигоҳ илғамас дарё жисмини қайгадир оқизиб кетди ва ажиб сафар мобайнида аллаким “Самовий йўлбарс доимий мададкоринг” деган гапни муттасил уқтириб турди.
Севинчак сесканиб кўзларини очганда мўйлаби сабзалаган ва кўзлари ўтли чайиргина бўзбола эди; кўкрак қафасида жасур ҳайвон юраги потирлаб тепаётганди ва шовқину суронга тўла Сиёб бозорида бемалол ҳаммоллик қилиб юрарди. Зилдек қопни аравага ортаётганда бир тўда харидорни оғзига қаратиб сайраётган Анушбий эътиборини тортди. Рапида бетли бу одам доғули мойфуруш сифатида танилгани ва тошу тарозидан қўрқмай уриши ҳақида тарқалган турли ғийбатларни эсловдики, тағин руҳи оқбадан париваш руҳи билан бирлашди ва ўша заҳоти яралган жўшқин дарё вужудини Афросиёб қўриқхонаси сари элтиб ташлади…
Севинчак атиги бир неча сонияда қарийб ўттиз асрлик масофа бўйлаб сайр қилиб қайтганига ажабсинар ва миясида нуқул азизу авлиёлар олдида икки дунё бир қадам нақли ғимирлар эди. Сўнг Йўлбарс буржи йўллайдиган ваҳий ва оқбадан париваш афсуни асосида кечадиган ажиб саёҳатга эҳтиёжи муттасил ортаверди ва етти иқлим божига татийдиган каромат илму амалини тугал эгаллаган кимсага эврила борди. Ажиб ҳолатга ипсиз боғлангани сайин гуллаб-яшнаган даврини муттасил тушларида кўрадиган, муҳими, илгари Зарина ва Ҳикмат Розиқ астойдил суйган Афросиёб қучоғига янада зориқиб талпинар эди. Қадим заминга қадам босгач, волидаи меҳрибони беҳад оғир бетоблиги, падари бузруквори ёруғ дунёдан тоабад кечиб кетганини эзилиб ўйларди-да, жами шодлигу ғамини бўлишишга тайёр назокатли оқбадан париваш нигоҳи орқали теваракка разм соларди.
– Эй Афросиёб, сен буюк армонсан!..
Тасодифан волидасини топган етимдай ҳаприқадиган Севинчак наъраси кўксидаги самовий йўлбарс юраги тубидан бутун Афросиёб хароботини уйғонишга ундаб отила чиқар, мовий бўшлиқни тебратгач, ой ва юдузлар ошёнини қучар эди. Навбатдаги иш кунини ҳам шу йўсин бошлагани учун ҳимматли оқбадан париваш олқишини қозонди, хушламай қимирлаётган Муслимдан эса нордон дакки эшитди. Салдан кейин у патаклаган сочлари чангини қоқиб, кўҳна тарих сиймосида чандиқ бўлган бу маконни қайтиб елкамнинг чуқури кўрсин тарзида кесатиб жуфтакни ростлади. Севинчак оғриниб кескин қўл силтаган эдики, рўпарада Анушбий кайфияти созлигида ҳамиша замона Тўмариси деб эркалайдиган сарв қоматли ва хушсуврат малак Комила бўйлади.
– Опажон, яқинда сукунат афсуни ёрдамида ҳали Искандар Зулқарнайн қўшини топтамаган навқирон Афросиёбни зиёрат қилдим ва сизни Зардушт ҳайкали ёнида кўрдим!..
– Аввалги ҳаётимда ҳайкалтарош бўлганман!
– Нақадар омадлисиз, опажон!..
– Барчамиз кечмиш адосимиз, аммо у бизга асло зор эмас! – Комила мулойим кулди ва кафтидаги тупроқни ўпди. – Отангиз Ҳикмат Розиқ асарларига шу фикр сингдирилган!
– Раҳматли тақдиридан қониқмай ўтган!..
Севинчак ногаҳоний хитобида Ҳикмат Розиқ археология жабҳасида жуда эрта танилгани, алоҳида мавқе эгаллагани ва кейин омади чаппа қайтганини назарда тутганди. Чиндан ҳам, у йигирма бешга тўлмай Афросиёб кечмишига доир долзарб мавзуда диссертация қоралаганди. Аммо негадир бирдан астрология йўналиши дилига чўғ ташлаб, ўйламай-нетмай ҳимояни ортга сурди-ю, фалак буржлари билан тақдирлар ўртасида мавжуд алоқадорлик ҳамда бу жараён самаралари устида тадқиқот ўтказа бошлади ва такрорий умр категорияси бўйича алоҳида назария яратди.
Ҳикмат Розиқ моддияту руҳоният доимий равишда ўзаро бирдам эканини аниқ далиллар воситасида қатъий исботлади ва натижада давридан анча ўзишга эришди. Бироқ куйиб-пишиб илгари сурган муҳим нуқтаи назари йўқдан бору бордан йўқ бўлмас ақидаси асосида суяги қотган зеҳни пўстак қитмир зотлар, жумладан, ўзини дангал бўлажак даҳога менгзовчи Анушбий зарбасига учради.
Ҳалиги ақидани оғишмай ёқлайдиган нуфузли намояндалар пинжига суқулишни чўтлаган Анушбий тинмай Ҳикмат Розиқ учун чоҳ қазийверди ва охири у мудҳиш хатар ташийдиган ёт мафкура лайчаси деган мазмунда махфий органга юмалоқ хат йўллади. Натижада жонини қақшатиб, тинкаи мадорини қуритувчи тергов бошланди. Тинтув чоғида китоблари орасидан Авесто ва Қуръони Карим топилгач, бир йўла шўрига шўрва тўкилди: фирқалик ҳужжатини топширди ва қўлга киритган шуҳрати тепасидан мағзавага эврилиб ағдарилди. Ўлиги тайга ўрмонида кўмилгани ва почта бу ҳақда мавҳум мужда етказгани, айниқса, аламли эди.
Қабри қайдалиги номаълум Ҳикмат Розиқ қамалган кунига қадар кўп маблағини келажак учун муносиб мерос бўлишга ярайдиган бой кутубхона яратишга сарфлаганди. Севинчак ҳамиша бўш вақтини деразасидан оқбадан париваш мўралаб қўядиган ана шу кутубхонада кечирар ва баъзан кечалари айлана жавондек қадрли диванда ухлар эди. Жавонда эъзозлаб сақланадиган ва Ҳикмат Розиқ имзо чеккан кўкиш муқовали қалин рисола жону дили ва юпанчи эди. Кўп олимларни ҳайрат ва ғазабга солган мазкур жилдда гўё ибтидоий даврдан то ҳозиргача Афросиёб билан бирга неча бор ўлган ва тирилган сукунат яшириниб олганди. Айни пайтда тасаввуф ва астрология таълимотлари, хусусан, такрорий умр категорияси, комил ва жоҳил руҳлар, ўзаро ўхшаш воқеалар, қайта кечадиган умрлар, шодлик ва мусибат тушунчалари моҳиятини шарҳларди, қолаверса, нақд миллиард хаёл қучолмас галактика чегаралари бўйлаб сочилган беҳисоб сайёралар ҳам сукунат иродасига бўйсуниши ва уларда ердаги барча нарсанинг эгизаги мавжуд бўлиши тўғрисида ноёб маълумотлар тортиқ қилар эди…
Севинчак диаметри миллион километрли қуёшдан миллион баробар йирик қайсидир номаълум юлдузда қиёфадоши яшаётгани, Атлантика ёхуд Ҳинд уммонлари чайқалиб ётгани, Ниагара шовваси пишқираётгани, Эльбрус тоғи юксалиб тургани, Аму ёки Сир дарёлари шарқираб оқаётганини тахминлаб беихтиёр жилмайди. Яна бир карра кўҳна дунё мўъжизалар ўчоғи эканини чамалар экан, Афросиёбнинг белига белбоғ мисоли ўралган иланг-биланг йўлни чангитиб оҳиста елаётган зарғалдоқ тусли енгил машина узун-қисқа сигнал чалди ва ҳадемай ибодатхона билан жоме масжиди қолдиғи биқинида илкис қалқиб тўхтади.
Тойчоқдек безатилган темир уловдан имиллаб тушган олтмиш ёшлардаги барваста қоматли киши – археология институти бўлим мудири Анушбий ичи бураб оғриётгандек безовта бўлаётганди. Негадир теварагига таҳликали аланглар, жавдираб тепакалини силар, ёқасига туфлар ва кўксини чангаллаб тўрсаяр эди. Сўнг локланган туфлисини чангга беламаслик учун шошилмай илгарилаб, Афросиёб хилватларида хуфя истиқомат қиладиган жодугардан куйиниб нолиди.
– Сукунатни айтяпсиз-да, устоз! – Комила улкан жаҳоншумул сирни фош этаётгандек ҳаяжонланди. – Марҳум Ҳикмат Розиқ астрология илмига доир мақоласида уни оқбадан париваш деб таърифлаган!..
– Ойим қиз, агар хотирам алдамаса, дастлаб бу иборани Зарина истеъмолга киритган! Қуриб кетсин, сукунат жуда ёвуз ва қадимда қонга беланган қўллари билан мени ҳозир бўғаётир!
– Йўғ-е! – деди Комила ташвишланиб.
– Қачондир Ҳикмат Розиқ илгари сурган астрологик мотивларни яксон қилиб ташловдим. Кейин билсам, у ҳақ экан! Энди эса самовий сайёралар иродасига кўра тақдирлар такрорланиши ҳодисасига ишонаман ва бугун ўзим иккинчи ёки учинчи умримни яшаётганимга аминман!..
– Илгари мойфуруш эдингиз ва бошқа касбдаям ишлагансиз! – Севинчак сендақа буқаламун нокаслар уруғига қирон келсин маъносида тишларини ғичирлатди ва ҳужум бошлади. – Энди эса олимсиз, йўқ, олим эмас, хашаки косибсиз!..
– Ўв галварс, миянгнинг қатиғи ачиб қопти-ку!
Севинчакнинг учириқлари ойнадек тиниқ ёз осмонини титратган қалдироқдай таъсир қилгани боис Анушбий ўлардай довдиради ва ўта забун аҳволини яшириш пайида беўхшов ҳиринглади. Назарида ҳозир қаршисида ашаддий рақиб ўқрайиб турарди. Чиндан ҳам, Зарина олти ойлигида етимхонадан олиб тарбиялаган ва ўрис тупроғи ютган эри Ҳикмат Розиқнинг фамилиясига ўтказган бу турқи совуқ разилдан ҳар балони кутиш мумкин. Лекин ўзи асранди фарзанд эканини ҳалигача билмайди. Қурмагур Зарина қўлёзма можаросини юрагига сиғдиролмай оғзидан гуллаган кўринади. Ваҳоланки, Москвадан фан номзоди бўлиб қайтгач, агар жонингдан умид қилсанг тилингни тишлайсан, тарзида заҳрини сочар экан, пойига йиқилганча барисини дилида нариги дунёга олиб кетишга қаттиқ ваъда берган ва манови сўтакни ҳамиша қўллаб юришини ўтиниб сўраган эди…
– Агар камолга етишни истасанг, бетимга бунақа сапчима!..
Тўнини бутунлай тескари кийган Анушбий талаффузида мен она сутидай покман ва тангри таоло иноятига биноан осмонни ушлаб турган устунман қабилидаги маъно пинҳон эди. Айни пайтда тўрсайганча Севинчакни чаёнга менгзади ва бу худбин мени чақмай мен уни чақишим мақсадга мувофиқдир, деб қўйди ичида…
Севинчак кўҳна дунёда росту ёлғон ўзаро қоришиб кетганини тарозига солаётганда оқбадан париваш қўриқхона узра ҳарир сочларини майин-майин ёйиб ташлаган эди. Ҳаял кечмай Йўлбарс буржидан қуёш нуридан қолишмас тиниқ шуъла пирпираб ёғилгач, жўшқин руҳини Севинчак ва Анушбий руҳига пайвандлади. Бехосдан туғилган нигоҳ илғамас дарё осуда пишқирди ва кўпириб тоша-тоша мозий қатламлари сари интилди.
Севинчак энди беҳад олис ғуборли масофани ўзидек беихтиёр жодуланган Анушбий ҳамроҳлигида босиб ўтди ва бирламчи ҳаёти учун хос муҳим давр иссиғу совуғига аралашиб кетди. Энди у фақат қорин ғамида ҳаммоллик билан шуғулланувчи соддагина ўсмир эмасди, аксинча, мушт уриб тоғни талқон айлаш ва ҳар қандай хушрўй санамни изида куз япроғи мисоли сарғайтиришга қодир баҳодир бўлиб, Спитамен қўшинида мардона хизмат қилар ва навқирон Афросиёб сари қилич яланғочлаб келган фотиҳ Искандар калласини сапчадек узиш учун қасам ичган эди. Мудом зийракликни қўлдан бермай, охири сарой котиби Анушбий шаҳарни ташқарига боғлайдиган махфий ер ости йўли тарҳини босқинчи саркардага еткизгани ва ундан беқиёс сийлов олишга эришганини аниқлади.
Спитамен фармонига кўра, Анушбий қаттол дор сиртмоғида типирчилаб узилган пайтда ғаним қўшинидаги илғор қисмлар ер ости йўлидан навқирон Афросиёб ичкарисига кириб улгурган эди. Жасур ҳимоячи аскарлар ёнида Севинчак шердек ўктамона савашди ва охири дайди камон ўқидан яраланиб инграб йиқилди. Жасадлар орасида беҳол ётаркан, бетига ногоҳ оқбадан париваш нафаси урилди ва дарҳол руҳлари ўзаро қовушди. Жисму жонини ажиб инқилоб чулғаган дамда негадир Анушбий исмли мурдорга бошқа сира ишим тушмаса керак деб шивирлар, айни пайтда олис масофани тағин бирга босиб ўтаётганини сезиб турар эди…
Севинчак ақлу идроки, онг-шуури ва қалбини ўраб-чирмаган афсундан қутулганда Афросиёбни ботаётган қуёш тафти чулғаганди. Негадир Комила кўринмади: уйига жўнаган бўлса керак. Арпаси хом ўрилгандек тўрсайган Анушбий машина моторини чуқалаб овора эди. Гоҳо чор атрофга тулкидек ҳадиксираб боқарди ва тангасимон кўзларини бирламчи ҳаёти давридаги мудҳиш гуноҳи учун дорга тортилган пайтда борлиғини титратган талваса қамрар эди.
Севинчак пихини ёрган Анушбий яқин орада бажарган қинғирлик олис кечмишда хуфя адо этган манфур қилмиши олдида урвоқ ҳам эмаслигини чамалаб хитланди. Мунофиқ банда гуллаб-яшнаган Афросиёб харобазорга дўниши учун замин яратгани, бугун эса уни кавлаб ярасини янгилаётганини ўйлагани сайин анордек эзилди ва ҳовлилари дарвозасидан масту аласт каби довдираб кирди. Ошхонада кечки овқатга уннаётган Зарина кўпчиб қизарган ранг-рўйига тикиларкан, Афросиёбда ғаламис Анушбий билан тўқнашгани ва ўртада жиддий нохушлик кечганини тахминлади.
Зарина тобора диққати ошаётган Севинчакни қорнингни тўқла ва ҳордиқ ёзгин деб даҳлизга чорлади. Имиллаб дастурхон тузаётиб, девордаги Ҳикмат Розиқ суратига беихтиёр қаради-ю, илкис кўксида нимадир портлаб, шуури ойсиз кечадек қоронғилашиб, қирмизи патгилам тўшалган саҳнга шалвираб қулади. Шошилинч ёрдам машинаси касалхонага етказганда ҳадемай жони узиладигандек беҳол ингранар ва гоҳо мени хиёнат юҳо янглиғ ютмоқда, деб алаҳлар эди.
Сочлари қировлаган даволовчи врач кучайтирилган режим хонаси эшиги олдида уйқусираб, онаси аҳволи анча яхшилангани ҳақида хабар берганда тун яримлаган эди. Кўнгли анча жойига тушиб, енгил тортган бўлса ҳам уйга қайтмади, тонг қуёшини шу ерда оқбадан париваш суҳбатини тинглаб бедор қаршилади. Энди дарҳол онаси ёнига кириши, илиқ сўзлар айтиб уни юпатиши, умр эгови саналмиш икир-чикирлар ва ғийбатларни унутишга чақириши лозим. Сўнг гурунг орасида албатта Ҳикмат Розиқ қўлёзмаси тақдирини эзғилаб суриштиради, негаки, беҳад мўътабар мерос саналган ўша хазинани, чиндан ҳам, Анушбий ўмарганми ёки худодан тонган бошқа ярамас нусхами – аниқ билиши ва кейин гуноҳкорни жазолашу хумордан чиқиш тадбирини кўриши лозим.
Севинчак мақсадини айтиб ҳар қанча ёлборса ҳам, навбатчи ҳамшира сира эримади ва қовоқ уйиб йўлини тўсди, негаки, оддий палатага ўтказилган заҳоти онаси тағин ақлу ҳушини йўқотганди, агар ҳаловати бузилса баттар оғирлашиб қолиши мумкин эди.
– Укажон, кейинча психиатр текширсин. Қаттиқ ботмасин-у, ўзини сал анақароқ тутади. Айтимлари қизиқ: Афросиёб улкан андуҳ ва армон қаърига дафн этилган сирли майит эмиш! Тоабад уни буюк гувоҳ сифатида афсунгар сукунат қўриқлармиш, ёпирай!..
Ниҳоят сўйлашдан тийилган ҳамшира одамзод феълу атворини тушуниш қийин маъносида ингичка қошларини чимирди ва хизмат столи ойнаси тагидан юпқагина кўкиш конверт олиб узатди. Кўнглига буткул қил сиғмай қолган Севинчак конвертни очмай шартта буклади-ю, енги калта кўйлаги чўнтагига тиқиб қўйди. Онаси битган мактубни тинчроқ жойда ўтириб, хотиржам ўқиш муддаосида эди. Аммо ҳардамхаёл бўлиб қолгани сабабли беш-ўн қадам босмай ниятини унутди. Оқбадан париваш толим-толим ҳарир сочларини бўйнига ўраб эркаланаётган дамда Анушбий ибодатхона ва жоме масжиди қолдиғи олдида бесўнақай қўлларини белига тираганча Комила зиммасига муҳим вазифа юклаётган эди. Ёзги жазирамадан сақланиш учун тикланган омонат шийпондаги қўлбола столга ёзилган пушти дастурхонни иштаҳа қўзғайдиган турфа нозу неъмат безаганди ва бу ризқу насиба бирор ажиб ҳодиса даракчисига ўхшарди..
– Хўш десак, ўтоға1 атрофини кенгроқ очиш керак! Казо-казо қадимшунос олимлар жамоаси Тошканди азимдан келиб, унинг ҳақиқий илмий баҳосини бериш иштиёқида!..
Қачондир абжир югурдаклар тайёрлаган ғўла-саржин қатори пайғамбар Зардушт ўртага ташлаган Эзгу сўз, Эзгу фикр ва Эзгу амал йўриқлари ўзаро бирикиб ёнган ўтоға Комила ва Севинчак изланишлари натижасида тўсатдан топилган ва катта шов-шув қўзғаган эди.
– Аммо иш бўри эмаски, ўрмонга қочса, Катинка! Сиз туғилган кун баҳона бир мириқиб яйрасак! Ана, дастурхон мунтазир! – Анушбий одатига кўра тепакалини силай-силай шийпон сари йўналди. – Хўш, барака топкур, Севинчак, сен ҳам қувончимизга шериклаш!..
Асалдай тотли лутфу эҳсондан янада гул-гул очилган Комила “қариса ҳам қуюлмаган бу одам” деган ўйда чимирилди ва шийпон пешида минғирлаб ивирсиётган ғўлабир кимсага зимдан разм солди. Ҳакка бурунли ғалати нусха думкашак эканини Севинчак дарҳол пайқади ва ичида нимадир кирпи мисоли ағанади. Шифохонада жон талашаётган Заринани эслай-эслай ёғоч курсига чўкар экан, Йўлбарс буржи йўллаган ваҳийдан илҳомланган оқбадан париваш кўнгли иқлимини ишғол қилди ва кўҳна дунёда эзгулик бўстонидан жаҳолат жари кўпроқ учрашини таъкидлаб қўйди.
Тозидек абжир думкашак ўзини хотиржам тутаётган Анушбий имосидан кейин майдон талаб айлаган полвондек шишинди ва косагуллик қилишга киришди. Кичик давра ҳурмати учун эгилиб таъзим қилгач, тўлатиб ўткир май қуйилган гулдор финжонни боши баробар кўтарди, аёлдек нозланиб жилмайди-да, кутилмаган томоша охирини кутаётган Севинчакнинг тумшуғига ўнглади. Думкашак Анушбий ва Комила сари юзланган ҳамоно Севинчак оқбадан париваш нигоҳидан ажиб маънолар уқиб рағбатланди. Мана энди Анушбий ёқлаган номзодлик диссертацияси аслида отаси Ҳикмат Розиқ Афросиёбда олиб борган мушкул изланишлар меваси эканини тўла ошкор этиш мавриди келди, ихтиёрида гумону тахминдан бошқа тайинли далили бўлмаса-да, бу хусусда кесиб-кесиб дадил сўйлаши керак.
Қисиниб-қимтиниб ўтирган Комилани мақтовга кўмган ва нутқини “Эрта жами илм аҳли сизга топиниши учун ичамиз” қабилида якунлаган Анушбий илжайиб жойига қўнгач, Севинчак шердек сапчилаб қўзғалди. Чексиз афсусга кўмилиб, хиёл оқарган лабларини қонатгудек тишлаб, шоду хуррам қарсак чалган думкашакни ғиппа бўғди ва ҳалиги финжон гирдини аста лабларига тегизди.
– Бир томчиям қолмасин.
– Насибанг ўзингга буюрсин, укажон!
– Борини айтмасангиз, оғзингиздан қуяман!
– Майга секин таъсир қилувчи оғу аралаштирдим!
– Ана холос! Хўш, нечун, мулойимхунук ака?!
– Манови бойвачча муносиб сийлайман деб авради!..
Хасу хашаги тамом очилган Анушбий гарангдай талпанглаб шийпондан узоқлашган думкашак ортидан тириклай пўстингни шилмасам ва ичига сомон тиқмасам отим ўчсин маъносида мушт дўлғади. Думкашак тилини ғалати ўйнатиб мазахлар экан, бир кулиб, бир куяётган Севинчак даҳоликка даъвогар зотни илкис тепиб қулатди, додлаб ёлборса ҳам пинак бузмай, қазув чоғида йиғилган шўрхок тупроққа бўғзигача кўмди ва қаҳру ғазабини умуман тиёлмай қичқирди.
– Биродар, ҳозироқ барисига иқрор бўлинг, йўқса манови майни ичишга мажбурсиз!..
Афросиёб қўриқбони таъқиби остида чириган увада латтадек титилаёзган Анушбий аввал лаб ёрмай ўқрайди, сўнг, “Ҳеч қачон ундай гумроҳлик кўчасига оёғим тегмаган” деб асабий тўнғилладики, баттар жаҳли қўзиган Севинчак илкис том бўйи сапчилади ва тердан ивиб танасига чиппа ёпишган енги калта кўйлаги тугмаларини шошилиб ечди. Финжонда совуқ йилтираётган майни дағ-дағ учаётган Анушбий оғзига қуйиш қасдида эгиларкан, нигоҳи кўйлак киссасидаги конверт қиррасига қадалди ва ундан чиққан бир парча қоғозда битилган сўзлар гўё бирдан даҳшатли ҳасрат алангасига эврила-эврила бутун жону жаҳонини аёвсиз куйдириб кул қилди.
“Азиздан азиз нуридийдам, тунов куни кўнглимни бутунлай тўкиб, андак енгил тортиш илинжида эдим. Аттангки, ниятим ушалмай доғи аламда азият чекдим. Кўпдан буён сени тамомила омаддан қисилган Ҳикмат Розиқ қўлёзмаси тақдири қизиқтиради. Лекин агар қуриб кетгур муаммо фақат шундан иборат бўлсайди, кўпам эзилмасдим ва охират сафарига хотиржам жўнардим.
Кучу ғайратим борида мен ҳам бинойидек мозийшунос эдим ва етарлича қониқишим учун олимлик кифоя эмаслигини тушунардим. Кўп аттангки, аввалги ҳаётимдаги каби, бунисида ҳам тирноқдан қисилдим ва кўпинча ярадор қарчиғайдек бўзлаб ҳамда худога ёлбориб тонг оттирардим. Қаттол мусибат Ҳикмат Розиқ бўзбола пайтида орттирган оғир дард оқибати эканини билгач, ноилож тақдир ҳукмига бўйсундим. Муолажа режасини тузаётганда у туҳмат балосига учраб беш йилга кесилди ва хоки бегона юртда қолди. Мотам либосида тинмай йиғлайвериб букилаёздим ва ёшим қуриди. Ёруғ дунёдан наҳот бефарзанд ўтсам деган аччиқ армон бағримни ёқаётгани боис, охири инону ихтиёримни институт ва кўчада соямга айланган Анушбий илкига топширдим. Оддий никоҳ тўйидан кейин бир ярим ой аҳилу иноқ яшадик ва у қўққисдан сувга чўккан тошдек йўқолди. Марҳум Ҳикмат Розиқ игна билан қудуқ қазигандай қийналиб ёзган, тиши кавагида асраган ва мен учун ҳам қиммати баланд бўлган қўлёзмани тунда ўғирлаб қочибди. Асил мақсади худбинлигу нобакорлик экани етти ухлаб тушимга кирибдими дейсан. Чексиз пушаймонда ўртана-ўртана зарчадек сарғайдим ва лекин қаники суд айласа!
Валломат тобуткашим, ўша қўлёзмада жамланган илмий қарашлардан унумли фойдаланган Анушбий Москвада диссертация ёқлаб, Самарқандга қайтган кунда сен пахмоқ сочли дуркун ўсмир эдинг. Ҳеч қандай бедодлик рўй бермагандек, нокас олимча бетига етти қават чарм қоплаб, атрофимда яна парвона бўлиш учун интилди. Бироқ тутқич бермай, қаҳру ғазабимни бағрига найза янглиғ санчдим, муҳими, ўла-тирила сени яширдим ва охири асранди ўғлим деб қутулдим.
Эй кўнглим чироғи, илму урфон ва ҳақиқат излаб, қабоҳат дунёсида адашган Ҳикмат Розиқ фамилияси шаънингга ярашади. Аммо томирларинг бўйлаб фидойи инсон тафаккури яратган кашфиётни ўзлаштирган фириб одами қони оқаётганини қандай изоҳлашни билмайман. Қодир эгам илоё ёрлақаб, доим имонинг гавҳарини покиза асрагайсан ва чорасизлик домига илинган мен муштипарни кечиргайсан!..”
Агар ҳозир мўъжиза рўй берса ва шундоқ кўз ўнгида Афросиёб харобаси ўрнида аввалги навқирон шаҳар қад ростласа Севинчак бунчалар ажабланмас ва эсанкираб ёқа ушламас эди. Бехосдан сокин оловланган оқбадан париваш мулойим овозда пичирлаб овутар экан, баттар эзилди ва темир парчаси мисол чўғланган ёноқларини дувиллаб шўртак ёш ювди. Сўнг кўзлари олдига қора парда тортган ва дилини рутубатга буркаган мактубни аста шиқирлатиб ғижимлади ва бир четга ирғитди.
Ниманидир пайқаган Комила хатни жавдираб ўқиётганда Севинчак ҳалиги финжонни шийпон устунига уриб синдирди, аллатовур ўксиниб ва инграниб депсингач, оғзини каппа-каппа очиб хириллаётган Анушбийни тутқунликдан бўшатди-ю, илонизи сўқмоқ бўйлаб чопа кетди. Ҳадемай исмсиз туйғуларга чулғаниб, эҳромга ўхшаш тепаликка ўрлади ва чор атрофни оқбадан париваш нигоҳи орқали паришон кузата бошлади…
«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 1-сон