Ярим кечада уйқуси қочган Тугалбой муаллим кўрпани силтаб устидан улоқтирди, сўнг бир чириллаб йиғлаётган Мақсуджонга, бир уни овутолмай юраги қону зардобга тўлган Шафоатга паришон тикилди. Эндигина учни қоралаган ёлғиз фарзанднинг боши дарддан чиқмади, Худодан шифо сўрайвериб хотини айниқса қийналиб кетди.
Тугалбой висол дамларидан бирида Шафоатни ҳазилу чин аралаш кўнглим гули, муҳаббатим қўриқбони деб атаганди, мазмунли ўтган тўйдан кейин ҳам уни, ширин муомаласини аямай, иложи борича кафтида кўтаришга уринди, пешонасига ақлли-ҳушли, ҳусни малоҳатда тенгсиз аёл битилгани учун Тангрига шукрона айтарди.
Лекин илож қанча, дунё бири кам-да, бир ёстиққа бош қўйишганига етти йилдан зиёдроқ вақт ўтса ҳам тирноқ буюрмади, эскичаю янгича расму русумлардан нажот истаб тинкаи мадорлари қуриди. Охири тақдирга тан беришгач, буни қарангки, кўп ўтмай хонадонда чақалоқ “инга”лади.
Оталик завқу шавқи буюрган Тугалбой ўшанда осмону фалакда парвоз этаётган қушга ўхшарди. Сўнг кучли бўронда қанотлари сингандек ногоҳ қуйига шўнғиди. Худодан тилаб олинган гўдак чилласи чиқмай какрадек кўкариб йиғлайдиган бўлди.
Қишлоқ шифокори Одинақул Мақсуджонни меҳри ийиб даволади ва у миясида ўсимта орттириб туғилган деган хулосада тўхтади. Тахминий ташхис шаҳарда тасдиғини топгач, эру хотин пайтавасига қурт тушди. Аччиқ ичакдай чўзилган муолажа тайинли натижа бермагач, топиш-тутишлари қанақа эканидан бехабар профессор ақлдан оздирувчи фикр айтди: ягона йўл хорижда даволатиш!..
Ҳозир Мақсуджоннинг йиғисидан ҳаловатини йўқотган Тугалбой эсиз шунча муолажа деган ўйда эзилди. Сўнг дилида умид шамини ёққан фарзанд келажаги эндиликда қандай йўл-йўриқ тутишига боғлиқ эканини хаёлидан ўтказди. Шундай экан, арзимас маош билан кифояланмай, жонини гаровга қўйиб бўлса-да, мўл-кўл маблағ топиши керак. Тижорат уммонига шўнғимай бунга эришмоғи даргумон!..
Тугалбой тонг отгунча мижжа қоқмай шу ҳақда ўйлади ва бошқа имкон йўқлигига қайта-қайта имон келтирди. Аҳду қарорини шаҳло кўзларида қайғу ва ҳасрат балқиб турган Шафоат билан бўлишар экан, олдида бошқа муаммо кўндаланг бўлди, ахир, пичоққа илинадиган ёру биродарининг барчасидан озроқ ёки кўпроқ қарз кўтарган, яна қайси бири бу борада мушкулини осон қилиши мумкин?!
Муддаоси қатъийлашгач, бетига чарм қоплаб, кўпдан бери тижорат нонини еб учоворага қўшилган девор-дармиён қўшнисининг нақшинкор дарвозасини қоқди. Серҳашам айвонда ёлғиз бильярд ўйнаб овунаётган Акмал ширакайф экан, тўлдириб қуйилган пахта гулли пиёлани узатгач, арзини тинглади-да, ишқилиб ноумид қайтармади…
Тугалбой тонг азонда туман марказига ошиқди, ит эгасини танимас тўс-тўполон бозорга оралар экан, шовқин-сурон орасидан бот-бот мактаб қўнғироғи жиринглаши эшитиларди. Ажиб оҳанг сеҳрини туйгани сайин неча йил мобайнида эъзозлаган касбини бегона ҳаёт тарзига алмаштириш учун бу ерга атайлаб қадам ранжида қилгандек хижолат чека бошлади.
Тугалбой бетартиб каппон бўйлаб онасидан адашган бузоқдай узоқ тентиради, охири тез-тез Худони ёд этаётган чўпдек озғин кўса киши атрофида ўралашди. Сўнг бутун бозорда бундан сараси йўқ деб таърифлаган ғалвирак ёнғоғига талабгор бўлди. Агар икки тоннадан зиёд шу юкни шаҳарга элтиб сотса тузуккина фойда қолиши мумкин – ичида бир овоз шундай демоқда эди.
Фақат иш бехосдан тескари томонга айланди, юкни шаҳар бозорига туширган ҳамоно кимдир ғалати гап айтди. Аввал ишонмади, юкни назардан кечиргач, қоқ бошига сўйил теккан каби довдираб қолди. Энди арзу додини ким эшитади, ҳайҳот, барча халта дабдала бўлиб, бозор лаҳжаси билан айтганда, устакорлик билан “ўқлаб” қўйилганди, яъни усти тоза-ю, ости сидирға тошдай қаттиқ кўрак эди, мағзини очофат куя-мита илма-тешик қилиб ташлаган…
Тугалбой ўлимдан бошқасига чора бор деган ақидани эслади, сўнг қошу кўзлари ўйноқлаган олғирларга тақлид қилиб, молини эшилиб мақташга киришди. Ҳаял орасида томоғи йиртилгудек ҳолда шунчалар кўп бақирдики, охири товуши мойланмаган арава гупчаги ғичирлашига ўхшаб қолди. Фақат харидор анқонинг уруғи бўлди, ёнига келган калондимоғ ва тантиқ каслар, оғзи очиқ халталарга бирров қарашарди-да, секин бош чайқаб жадал бурилиб кетишарди.
Ғанимат фурсат зерикарли ва самарасиз кечаверди, совуқ ва очлик жонидан ўтган Тугалбой кечаю кундуз ухламай қуртлаган ёнғоқларини қўриқларди. Аста-секин тавбасига таянди, мактабда тинчгина дарсимни бериб юрсам ўлармидим деган ўйдан мияси қатиғи ачиб кетди. Ҳатто юкни фойда деганда жардан ташлашга тайёр жаллоблардан бировига сувтекин ёки насияга бериб кетишни чамалади, сўнг қаршисида ҳали думбуллиги сезилиб турган қорақош йигитни кўрди. Ногоҳ сергак тортиб ишшайди-да, зумда бисотидаги жами кўз бойловчи сўзларни гумбирлатиб ишлатди. Лаққа балиқдай қармоққа илинган йигит, арзон молга йўлиққани учун севиниб, кўп ўйламай дангал қўл олишди ва бор барака қилди…
Бирдан ўзини тутиб олган Тугалбой шаҳар билан туман маркази ўртасида эринмай бўзчининг мокисидек қатнайверди, баъзан оппа-осон чув тушди, баъзан бунинг аламига кимгадир девор ушлатиб кетди. Бир сафар бинойидек “ўқланган” етти тонна олма ва нокни ҳовлиқмароқ мевафурушга амаллаб ўтказди-ю, кўпдан бери уй-жойи, хотини ва бетоб боласидан ҳол сўрамаганини эслаб бозордан узилди. Автобус ўриндиғига чўкиб, бирпас нафас ростлагач, хаёлидан белни бақувват қилиш иложи осон экан-ку тарзидаги ажиб мулоҳаза кечди, салдан кейин эрта-кеч мактаб остонасида ётиб олгани Худо урган мирқуруққа айланишига хизмат қилишдан бошқасига асқотмаганини афсус ила тарозига солди.
Тугалбой қачондир пинак қилибди, нотекис жойда автобус силкиниб илкис кўзларини очсаки, аъзои бадани иситма оғушида, иккала товони ғалати ловуллаб зирқираётир, гўё этлари билан суяклари орасида бир неча данакдай чўғ ўрнашиб олганди. Анча илгари кўча-кўйда юпун кийиниб юргани боис қаҳратон совуқда шамоллаб қолганди. Ғалати лоҳаслик шунинг асорати бўлса керак. Аммо товонлари ачишаётгани сабаби нимада?! Уйда ҳарорати пасайса-да, дўзах азобига тенг сирқираш босилмади, Мақсуджоннинг бошида парвона Шафоатни таҳликага қўймаслик илинжида, инграниш ёки бўзлашдан аранг тийиларди.
Шафоат бефаҳм эмас-да, эрталаб бир қарашдаёқ аҳволини сезди ва нафсониятига тегмайдиган қилиб гап кавлади. Охири ноилож ёрилди, фақат товонларини ишғол қилган чўғ нима бало эканини умуман тушунтириб беролмади. Лаънатини унутишга тиришиб, сармоя тиқилган чарм сумкани елкасига осди-да, яна туман марказига шошилди. Эшикдан чиқар пайти Шафоат эҳтиёт юзасидан аввал Одинақул олдидан ўтгани маъқул эканини таъкидлагач, режаси ўзгарди.
Одинақул топ-тоза ва силлиқ товонларига қайта-қайта жиддий нигоҳ югуртирди, бармоқлари билан ўртаси ва гирдларини гоҳ авайлаб, гоҳ қаттиқ босиб-босиб кўрди, ачишиб куйишув сабаби хусусида тасаввур берадиган нишона топилмагач, асабни тинчитувчи дори ичиб туришни буюрди.
Тўғриси, Одинақулнинг муомаласидан барча хавотири тумандек тарқади ва анча енгил тортди, фақат асаб билан боғлиқ бўлса бемалол давосини қилиш мумкин деган ўйда, дори қоғозини ғижимлаб улоқтирди-ю, тижоратни янада тузукроқ йўлга қўйиш ниятида автобус бекатига бурилди.
Туман марказидаги бозор бугун янада тўс-тўполон экан, ғала-ғовурда жуда тез толиқди, калласи ари инидек ғувилларди. Қандай мол мўмай пул туғишини узоқ чамалади. Охири қошу кўзларини бўяган хушрўй аёл билан йигирма беш халта девзира гуруч устида савдо пишитди. Фаҳмича, ҳар жиҳатдан намунали мол харид қилганди. Яна хонадонига қўни-қўнжи тўлиб боришини ўйлаб орзиқарди.
Фақат нимагадир шаҳар бозори ётсираб қаршилади, савдоси ҳадеганда юришмай, яна руҳи чўкди, минг бир хаёл кўчасида изғиди. Афту башаралари сирли харидорлар молига хушламай нигоҳ отиб, бурунларини жийирганча нари жилишарди. Қачондир чап ёноғида нўхатдек сўгал бўртган, калта мўйловли дароз киши, биродар, уялмай-нетмай ғишт кукуни билан бўялган нарсани олиб чиқибсиз-да дея, афсус аралаш кесатди-ю, устидан қайноқ сув қуйилгандек сесканди.
Тугалбой ҳушини йиғсаки, дароз жойидан қимирламай ҳамдардона тарзда жавдираб сукутга толибди. Бир пайт ҳали дум бермаган сапча экансиз маъносида илжайди, сўнг сизни ўзим тарбиялайман дер экан, укки кўзлари янада ғилайлашиб совуқ порлади.
Нима қиларини билмай гангиган ва юраги тагига тортиб гумираётган Тугалбой тошингни тер демоқ учун лаб жуфтлади. Лекин нигоҳи нигоҳи билан тўқнашди-ю, афсун бўлган каби тилини тишлади. Кейин эса у, паст товушда маслаҳат бергач, Худо йўллаган нажоткорга ўхшади.
Тугалбой дароз таништирган кексароқ сотувчидан юз эллик кило девзирани арзонроқ баҳода насияга олди, қоронғи тушиб бозорда одам сийраклашгач, дароз кўмагида барча халтани “ўқлаб” ташлади. Эрталаб пайдо бўлган янги ошнаси туғишган инисидек қуюқ сўрашди, Худодан хайру барака тилади. Ҳаял кечмай қаёқдандир тоғлик чўпонни етаклаб келди ва асалдай ширин лутфлар билан қарийб икки тонналик юкни анча қиммат нархда олишга кўндирди.
Тугалбой қалин ўрмонда илк маротаба баҳайбат филга йўлиққан бола тахлит анқайиб қолганди, омади чопгани ва хориж сафари тезда амалга ошишини ўйлагани сайин руҳи юксаларди. Сўнг дароз ва насияга мол берган одам билан ҳисоб-китоб қилди. Тобора қизиётган бозорни тарк этган дамда мўмайгина фойда илаштириб қайтган мулла жиринг тафти бағрини ёқимли иситаётган эди.
Тушуниш қийин, қачондир ўша тафт йўқолди, автобус гавжум шаҳар кўчаларидан ғизиллаб елаётгандами ёхуд қишлоқни ёнлаб оқадиган сой бўйига етгандами, бутунлай сўнди. Ҳадемай Шафоатнинг дилини чароғон этишини ўйлаб мамнун бораётгани учун эътибор қилмади, автобусдан шошилиб тушган чоғда эса, товонлари жизиллаб куйишди, гўё оёқлари тўпиғигача ланғиллаган чўғга айланиб қолганди.
Йигирма қадам юрмай масрурликдан асар ҳам қолмади, ҳушсиз одам каби теваракка маъносиз мўлтираб боқарди. Қачондир ғойибда янграган қўнғироқ садоси дилида акс садо берди-ю, товонлари саржин каби ёна-ёна титилиб кетгандек туюлди. Мулойим жилмайиб қаршилаган Шафоатга кўз қири билан бепарво қарагач, йиғламсираб чуғурлаётган Мақсуджонни даст кўтариб қучоқлади-да, энди мен ҳам сендек хастаман маъносида қошларини чимирди.
Бахту тахти қўрғони Мақсуджоннинг дарди маълум, аммо уники қанақа офат экани қоронғи – қонга ташна қилувчи азоби бору ўзи йўқ, ахир, қўйиб берса бемалол Луқмони ҳакимман деб кериладиган Одинақул ҳам тунов куни аниқлай олмади.
Тугалбой безовталигини дарҳол пайқаган Шафоат тижорат натижасини эзғилаб суриштирди. Қалтис вазиятни тасодифан учраган кимса ёрдамида даф этганини эслаб бўшашди-ю, кўнглингни тўқ қилавер, эй хотин, фойда тагида қолдик дея, тилини ҳакка чўқигандек минғирлади, бўғзидан аранг узилган бўғиқ овоз аҳволи танг эканини ошкор айлаганди.
Ана шу фурсатдан бошлаб Тугалбой поёнсиз ва ёруғ дунёга сиғмай бўғиладиган, фақат ўзи эмас, яна аллакимлар томорқасига ғижиниб тош отадиган бўлди. Ахийри, шу қадар тажанг бандага айландики, яримта гап камлик, битта гап кўплик қиларди.
– Тавба-ей, намунча тегманозиксиз? – Қайси бир оқшом энажон деб чорасиз инграйвергач, Шафоат чироқни ёқиб тўнғиллади. – Ҳатто андак кўкаргани йўқ, шишган ёки йиринг-пиринг йиғган эмас! Фол очирсак нима дейсиз, дадаси!..
Одинақул кўмагига муҳтож эканини чамалаётган Тугалбой бирдан олайди ва бас деб пишқирди. Раҳматли отасига ўхшаб, фолбину қушночни хушламасди, айниқса, кўплар уйдирмакаш деб камситадиган Хайри момони эсласа бадани увишарди.
Шафоат чироқни ўчиргач, Тангри қўллади чоғи, борлиғини ажиб роҳат эгаллаб, киприклари юмилди. Фақат товонларидаги данакдай чўғ уйқусида ҳам сўнмагани учун безовта инқиллаб қўярди, қачондир тушида чап ёноғида нўхатдай сўгал бўртган дароз бўйлади. Енг шимарган дароз шақиллатиб пул санарди ва Тугалбойга кўз-кўзлаб қиқирларди. Сал нарида эса тумшуғида гирдлари кемтик қўнғироқ тутган лайлак қучоқлаган Хайри момо тўрсайиб ўй сураётир, баъзан қоқсуяк қўли билан деворлари сувоғи ола-чалпоқ кўчган мактабни кўрсатиб хўрсинади…
Тугалбой чўчинқираб уйғонганда аллақачон офтоб бир арғамчи бўйи кўтарилганди, ғалати тушини эслаб қовоғи уйилди. Тинмасак чўғ ўчакишган каби товонлари оша тўпиқларини қамраётганди. Бунақада эрта бору йўғим буткул номаълум дард ихтиёрига ўтади шекилли қабилидаги тахмин хаёлини ўғирлади ва бўсағада мўлтираб хаёлга толган Шафоатни кўрди.
– Барибир ўша таъвияни тавоп қипсан-да?..
Ичида қандайдир лойқа йиғилгани сезилиб турган Шафоат сўйлагани шошилмади. Одатдагидек хархаша қилаётган Мақсуджонни овқатлантириб ташқарига юргач, Хайри момо тилингни кесволдими тарзида тағин пичинг юмалатди. Энди у кафтлари билан илкис қизарган бетини ёпди-ю, зумда бир дунё сафсатани қалаштирди.
Қандай тушунсинки, товонларини Аллоҳ даргоҳидан қувилган шайтон нафасидан урчиган, икки дунёда ҳам тўйдим демайдиган қандайдир жондор кемириб ётганмиш, охир-оқибат у бало-қазодек бутун жуссасини бир ҳовуч талқондай еб битирармиш!..
Ана шунақа, ҳассаси эмас, жағига суяниб қолган Хайри момо гапга боплаб тўн кийгазибди, бунақаси ҳатто бир ёлғондан чиққан қирқ ёлғон ҳақидаги аломат эртакда ҳам учрамайди. Ота ўғил-да, уйдирмадан бешбаттар фолга ишонмай жуда тўғри қилади, қолаверса, мабодо ишонгани билан нима ҳам барака топарди.
Бугун эрталаб Тугалбой муттасил хуруж қилаётган чўғни лаънатлаб ҳовлидан узилди. Маҳаллий Луқмони ҳаким энди албатта аниқ ташхис қўйишига умид боғлаб одимларди. Шифохона қаршисида илгари сира бўлмаган узун навбат кўринди. Қовоқлари кўпчиган ёру биродарлари билан иссиқ саломлашди. Алик ўрнига товонларимиз олов ичида тарзидаги сўзлар янграб, тик оёқда босинқираётган одам аҳволига тушди. Навбати етиб Одинақул ҳузурига киргач, шу қадар мулзам ва карахт эдики, музлаган каби тили айланмади.
– Ҳалиги… жондор ғажимоқда, шундайми?! – ниҳоят жимликни бузди Одинақул. – Тавба, ким тўқиди буни, жигарим?!
– Жондорни билмадим… Чўғ нақдина, – пешонаси тиришиб ғудранди Тугалбой, хаёлида Хайри момо жонланиб. – Давосини қил, йўқса ҳозир пойингда йиқилиб тинчийман, уволимга қоласан!..
Одинақул нафасингни иссиқ қил маъносида бошини сараклагандан кейин қитирлатиб қоғоз қоралади, қоғозни узатаётиб шаҳарда имкон катта эканини таъкидлаб қўйди.
Тугалбой уйга қадар гўё ҳовуч-ҳовуч чўғни титраб-қақшаган кўйи ялангоёқ босиб келди, эрталаб ловуллаш тўпиқлари оша болдири томон сурилганини яққол туйди-да, икки бойлам пулни қўйнига тиқиб, қолганини Шафоатга тутқазди ва аҳду қарорини маълум қилди.
Имони комилки, Одинақул уқтирганидек, азим шаҳарда ҳар тарафлама имконият катта, демак, ўша ерда самарали даволаниб, номаълум лангдан қутулади, агар лоқайдлик туфайли тўшакка михланиб қолса, хориж сафари амалга ошмай хонумони куйиши мумкин, ахир, маблағ дўл эмаски, дувиллаб осмондан ёғилса!..
Тугалбой уйдан чиққанда ҳам, автобус салонига қадам босган чоғда ҳам товонлари ва болдирларида, эту суяклари орасида, беҳисоб чўғ доналари суварак тахлит наридан берига бетиним ўрмаларди, шаҳар четроғида жойлашган касалхона дарвозасидан кирар экан, беёқим ғивирлаётган доналар лов этиб аланга олди.
Тугалбой қабулхона эшиги олдида тўпланган ёшу қаридан нарироқда каловланиб тўхтади, ажабки, издиҳом аҳли олазарак ҳолда товон билан бош ўртасида айланиб юрадиган жондордан нолирди. Қаёқдандир пайдо бўлган нуроний чеҳрали чол, минғир-минғирларга андак қулоқ тутди-ю, Тугалбой яқинига келиб пичирлади:
– Ҳе-е, ўғлим, сениям ғафлат босибди. Билиб қўйки, бунинг давоси иншооллоҳ ўзингда, беҳудага уни бошқа жойдан излама!..
Ногоҳ Тугалбой тасаввурида Шафоат илтимоси билан фол очган Хайри момо гавдаланди, сўнг ҳамон қулоқлари остида янграётган тагдор сўзларга изоҳ сўраш учун чоғланди. Лекин кекса суҳбатдош аллақачон соядек ному нишонсиз йўқолганди, ноилож аланглаб қолаверди.
Қуёш ботар паллада дастлабки назоратдан ўтган Тугалбой оқ халатга ўралган нозиккина жувон изидан имиллаб палатага кирди. Дори-дармон ҳиди анқиётган хонада уч бемор ўзаро ёвлашгандек тўрсайиб ўтирарди, зимдан уларни кузатиб илжайди.
Кўзлари Худо ҳаққи алдамаётир, ахир, афту ангорлари, товушлари ва каломларига қадар хотирасида нақшланиб қолган думбул, кўса ва дарозни танимай ўлибдими?! Етти ухлаб тушига кирмаган ғаройиб учрашув таъбини янада хуфтон айлади. Бозорда пашшани филу филни пашша ўрнида ўтказиш ҳадисини эгаллаган шу қавм билан тақдирдош эканини эътироф этиш беҳад оғир ботаётганди. Сўнг қайтар дунё эканини, яъни ўрнида булар ҳам панд егани ва соч чангаллаб қолгани эҳтимоли дилидан кечар экан, чегарасиз азоб денгизида сузаётгандек нафаси тиқилиб ҳансирарди. Дароз баданингга жир битгандир тарзида кесатгач, лағча чўғ янада тезкор суръатда ҳужумга ўтди ва болдирлари орқали тиззаларига сапчиди. Зерикарли узун кечада шу тахлит юқори ва қуйига сакраб ором бермади.
Эрталаб соат тўққизда палата врачи Собит Мусаевич каравоти ёнидаги стулга чўккан пайтда сонлари тортишиб ачишаётганди. Элликни қоралаган басавлат доктор қанақа шикояти борлигига қизиқмади. Сирли чўғ танаси бўйлаб тобора юқорига силжиётганини айтар экан, негадир у маъюс тортиб инқиллаб қўйди. Жавоб қилмай томир уришини текширди, қон босимини ўлчагач, бедана юриш билан палатани тарк этди.
– Хўш, мулла, аҳволинг қандай? – эшик товушсиз ёпилган заҳоти бидирлади дароз. – Уфф, мани… ичак-чавоғим кул бўлди-ёв!..
– Биза бечорани эналаримиз тувмай ўлсин, тувмай!..
– Ий-би, ўв, отинг ўчкурри отиниям билишмайди-я!..
Ҳамхоналар бидирлаб ёзғиргани сайин Тугалбой ярадор қарчиғай мисоли тўлғанарди. Баъзан шанғиллаётган қулоқларига элас-элас қўнғироқ жиринглаши чалиниб оҳиста энтикади, сўнг таниш оҳанг кечикма, ақлинг ва имонинг бутун бўлса кечикма! – деган хитобга эврилиб, қишлоқ сари қанот боғлаб учгиси келади…
Шаҳар узра галдаги тонг шафағи тарам-тарам ёйилган пайтда бели-ю қорнини оловли ҳалқа чирмади. Ҳайрати ошиб, ҳадемай борлиқни кўклам келинчакдай безатишини ўйларкан, навбатчи ҳамшира хушчақчақ овозда ҳисоб-китоб хонасига чорлади. Нима гаплигини дарҳол англади ва энсаси қотиб оғир қўзғалди. Торгина хонада сақич чайнаб ўтирган жувон қорнида лағча чўғга эврилган кирпи ағанаётганидан нолиди, сўнг сен шўрлик ҳам шунақа дарди қаттолга мубталосан деб башорат қилгач, чўнтагида бору йўғини қоқиштириб жўнатди.
– Кассани йўриғи бўлак, – палатага қадам босган ҳамоно дароз яна ярасига туз сепди. – Ҳимм… Мусаевич ярайди кунингга, ўша писмиқнинг томоғини яхшироқ мойла!..
Олов ҳалқа исканжасида қалтираётган Тугалбой маъқул маъносида иягини бир томонга асабий қайирди. Сўнг ҳар нимани ўз қаричлари билан ўлчашга одатланган ҳамхоналарига илк марта йўлиққан дамларини надомат онларига менгзади. Фақат уларни гўрдан олиб гўрга тиққани беҳуда, яхшиси айбни ўзидан қидирсин, муҳими, тезроқ соғайиши, бозорга чиқиши ва фойда эвазига Мақсуджон билан сафарга отланиши лозим. Шу кунгача тўплаган пули несту нобуд бўлса-да, соғайиш аломати гардча сезилмади, мудом қовоқ солиб юрадиган Собит Мусаевич эса гоҳ юқорига ўрлаб, гоҳ қуйига энаётган чўғ нима бало эканини ҳануз айтган эмас, негадир махфий тутаётир. Баъзан негадир вақт турли офатларни ўйлаб топаётганидан нолирди, бугун эрталаб, Тугалбой ва бошқаларни ҳайрон қолдириб, палатага кирган ҳамоно ўзини дуч келган каравотга отди-да, қорнини ушлаганча ғужанак бўлиб ётди, ҳамшира ва энага қўлтиғидан олиб турғизган пайтда кўзлари хонасидан отилиб чиққудек ҳолда ғалати чақнаётганди.
– Кўзларимга яхшилаб қара!..
Собит Мусаевич нимагадир Тугалбойга нажот фариштасига мурожаат қилган каби илтижо оҳангида сўз қотди, фақат не боис бундай дегани буткул ноаниқ қолди. Анқовсираб боққан Тугалбой наҳот сиз ҳам камина дардига йўлиққансиз маъносида бош ирғаб чимирилди, сўнг ғилтиллаб, лангдан қачон қутуламан дея сўради, лекин жавоб насия бўлди.
Вазият шундай давом этавериши мумкин эмас, охир-оқибат саволига тегишли жавоб топилади. Камгапликни одат айлаган докторни ҳоли-жонига қўймай тиқилинч қилиши керак. Аммо бугун қорасини кўрсатмади, эшик тиқ этса ўгирилиб қарайвериб толиқди. Кечроқ навбатчи ҳамшира кириб совуқ табассум ҳадя этаркан, нечундир мудҳиш хабар эшитадиган маҳкумдек юраги илкис шув этди. Ана сизга бежиз хавотир чекмабди, томоғига қадар ташвишга кўмилган муҳтарам доктор дилдан суҳбатлашиш учун ҳузурига чақираётган экан…
– Худо тўз-зум берсин, оғайинча!..
Дароз хитоби Собит писмиқ билан яккама-якка учрашмоқ учун белинг бақувват бўлиши керак маъносида янграганди. Ётган жойида Тугалбой хитоб мағзини чақди, аммо пинак бузмади. Чўнтаги шип-шийдам эканини билган дароз илжайганча бир даста пул узатди, чўтални бер тезроқ, қолгани бир гап бўлар дея, қўлидан тортиб турғазди.
Тугалбой ногоҳ Мақсуджонни эслаб ўпкаси тўлди, йўқса ўлганда ҳам қимирламасди, палатадан аранг судралиб чиқди-ю, йўлак тўридаги эшикни ийманиб очди ва Худодан сабр тилаб олға босди. Остонадан ҳатлагач, иложи борича ўзини хотиржам тутишга уринди. Баланд суянчиқли оромкурсида ястанган доктор кирганини сезмади ёки сезса ҳам эътибор қилмади. Нима учундир у номаълум нуқтага термилганча дағ-дағ қалтирарди. Салдан кейин эса оғзини каппа-каппа очиб ғулдиради.
– Во-оҳҳ, кўзларим ёнмоқда!..
Тугалбой аввал Собит Мусаевич каминани масхара қилаётир деган ўйда тутақди, сир тагига етгач, дилида жўшаётган қаҳру ғазаб ҳайрат ва ачинишга эврилди. Бир зум тайсаллагач, чўтални стол гирдига қўйиб, тезгина изига бурилди.
Тугалбой йўлакда товону тиззалари оша бутун таналарини қамраётган оловдан нолиётган оқ халатли эркагу аёллар билан тўқнашди. Кенг ва ёруғ дунё улар кўзларига тору қоронғи кўринаётгани сезиларди. Палатага кирган паллада ранг-рўйи оташак урган довуччага ўхшаб қолганди. Анча муддат хаёлидан дунёдан тўйгандек беҳол инграётган Собит Мусаевич ва йўлакда судралиб юрган ходимлар жилмади.
Чўғ хуружи зўрайган пайтда ўрта ёшли навбатчи ҳамшира ажиб нозу ишва билан қўлига нимадир тутқазди. Во ажаб, ҳали недир хавотир ва шубҳа билан столда қолдирилган чўтал! Барака топгур Собит Мусаевич садақангга зор эмасман демоқчими? Йўқ, бу ерда бошқа муҳимроқ масала бор, бу нарса тоғни ҳам бир луқма қиладиган ўрадек оғзига нолойиқ, шу боис феъли айниб қайтарган, ҳозироқ элтиб бер, гадойни сийласин деб минғирлаган, эвоҳ, энди пешонасини қайси деворга уради.
Тугалбой ноилож дароз сира қўлидан қўймайдиган жажжи телефон орқали Одинақулга сим қоқди, амаллаб муддаосини тушунтиргач, ўликдай жимгина жойига чўзилди. Қаттиқ чарчаганига қарамай, тун бўйи уйқудан ёлчимади, нуқул мияси ари инидек ғувилларди, сўнг тушида қандайдир оломон билан учрашди, қайгадир шошаётган оломон жисму жонига ўт кетгани хусусида жўрлашиб қичқирарди, даҳшатли нидо қачондир қўнғироқ жиринглаши билан қўшилиб кетди-ю, сачраб уйғонди. Ҳушида ҳам ўша нидо янграй бошлади, энди фақат ҳовлиқма оломон эмас, бағрига беҳисоб беморни олган улкан бино, ҳатто бутун борлиқ ва коинот сирли оловдан нолиб хитоб қилаётган эди…
Эрталаб ўзини ёлғондакам хурсанд кўрсатаётган Шафоат озиб-тўзган Мақсуджон билан етаклашиб келганда гоҳ бели, гоҳ қорнини силай-силай беҳол ётарди. Ниманидир ёқтирмай тисарилган Мақсуджон қароқларидаги ланг кўланкасини кўриб ўксиди, болажоним, хорижга сафаримиз қошу қовоқ орасидек яқин, катта самалўтда учамиз деб, тугмадек бежирим бурнига аста чертди-да, киприклари намланган Шафоатга ўгирилди: хотин, доктор билан қуюқроқ саломлаш!..
– Худойимга шукр, беҳисоб шукр! Ҳадемай отдек бўлиб кетар экансиз, дадаси! – Жигарранг сумкаси билан Собит Мусаевич ҳузурига кириб чиққан Шафоат ёноқлари яшнаб энтикарди. – Нуқул мактаб дейвуриб асабни чарчатибсиз, асаб темир эмас-да!..
– Эҳтимол, деди бўзариб Тугалбой. – Лекин шунча чопганим билан илгари бунақа оғриқ йўғийди танамда! Яқиндан бери… Хайри момонинг фолида бир ҳикмат бор шекилли?!..
Энди Шафоат негадир кўзларини яширди, салдан кейин Мақсуджоннинг касали кўп оғир эмаслиги, маҳаллий дўхтирлар ҳам уни бемалол даволаши мумкинлигини исботлашга тушди. Яқинда қадрдон дугонаси обуна бўлган нуфузли газетадан ўзи ҳижжалаб ўқибди: таниқли бир олим йирик мақолада барисини миридан-сиригача ҳатто кўрсавод кишиям оппа-осон тушунадиган қилиб ёзган экан…
Эшик тирқишидан ҳамшира иккинча марта мўралагач, суҳбат поёнига етди. Инграниб сўкинаётган шериклари билан юзма-юз қолгач, ўпкаси тўлди ва кўзларида ҳалқа-ҳалқа ёш ғилтиллади. Тун бўйи гоҳ ўзи, гоҳ чўғ билан олишди, баъзан ҳалиги нидони эшитиб хитланарди. Эрталаб йиғилиб қолган қумалоқ дориларни илимсиқ сув билан ютди-да, недир тилакда деразадан ташқарига қаради, қабулхона эшиги олдида тўпланган беморларни ғашланиб кузатгач, булар Тангри қарғаган қавмга мансуб деб қўйди, тавба, наҳот тоабад шу қавм ортидан эргашса?!
Ёқимли жилмайиб келган навбатчи ҳамшира тумба четига бир парча сарғиш қоғоз қўйган пайтда Тугалбой тутаб-тутамай ёнаётганди. Гажакдор имзо чекилган қоғозда анча-мунча семирган қарзи битилганини пайқаб ночор тарзда бўзарди. Анчадан буён қорни-ю белига чирмашган олов ҳалқа эса юқорига ҳамла қилди, ҳадемай юрагини бутунлай таслим айлаб, миясига кўчса керак…
Тугалбой афсусланиб бош чайқади, сўнг бариси ҳозироқ рўй берадиган каби оғир хўрсинар экан, туйқус ғойибда қўнғироқ жиринглаб, қайгадир чорлади. Дарҳол бояги қоғозни бурдалаб полга сочди-да, жадал суръатда лаш-лушини йиғиштирди. Энди чиндан бу ерда зиғирча қиладиган юмуши қолмаганди, номаълум дард давоси ўзида эканини кўнгли тобора яққолроқ сезмоқда эди…
“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 1-сон.