Машҳур мерганлар ҳақида антиқа ривоятлар эшитганмиз, кўпларининг уй-жойларида бўлиб, тонготар суҳбатларини олганмиз. Ўзимиз ҳам ёшликда овчиликнинг кўчасидан ўтган эдик-да…
Қадимда кўпчилик ўз подасини ўзи боқарди. Ўн-ўн бир ёшга тўлган пайтларим. Қўй-эчкиларимни қори эриб кетган кунгай қияликларда айлантириб келаман. Бир кун обдан тўйдириб, қайтиш чоғимда санаб қарасам, бурама шохли серкам йўқ. Юрагим “шув” этиб, қидира бошладим. Шамолдан беркиниб, катта тош панасида ўтирганимда қулоғимга “ба-а-а” деган мунгли овоз эшитилгандай бўлувди-я! Синчиклаб бориб, изини топдим: серка тисарила-тисарила бирдан ғойиб бўлибди. Унинг давомида нотаниш излар нариги сойга қараб кетган. Итнинг изига ўхшаш-у, катта-катта. “Серкамни бўри орқалаб кетибди-ёв!” Ўпкамни қўлтиқлаганча “Тошбулоқ”қа ўтиб бордим. Қарасам, катта бақатерак панасида улкан гавдали, кўкимтир тусли бўри серканинг қорнини ёриб, ички аъзоларини еяпти. Бўри деганлари шу экан-да! Бу йиртқични биринчи кўришим. Секин изимга қайтдим. Қўй-эчкиларимни қандоқ ҳайдаб, уйга қандоқ етиб келганимни билмайман. Воқеани эшитган дадам беш-ўн кун далага чиқармай қўйди. Қиш қаттиқ келган, чорва озуқаси тугаб борарди. Бир айлантириб келса ҳам анча пичан тежалади. Ўзим дала-тошга ўчман, баҳона топиб чиққим келаверади. Қўшнимиз Саъдулла аканинг қўй-эчкиларини кўпинча қўшиб боқиб келардим. Унинг болалари ёш, ўзи ҳар кун ишга боради. Бир оғизли милтиғи бор.
– Милтиғингизни бериб турсангиз, сизниям молларингизни ҳар куни боқиб келавераман, – дедим қўшнимизни холи учратиб. – Дадамни бир амаллаб кўндиринг.
Қиш қаҳри кучайиб, чорва озуқасининг тугаётганини кўрган дадам кўнибди. Саъдулла ака ҳар куни икки дона ўқ ўқлаб беради, мен икки хонадоннинг чорвасини ҳайдаб жўнайман.
– Яйловга етгач, осмонга қараб бир отасан, тушда ҳам шундай қиласан, – деб тушунтирган эди Саъдулла ака. – Шундай қилсанг, бўри зоти йўламайди, бехавотир бориб-келаверасан.
Ҳовлисида бир жирилдоқ (кичикроқ қуш)ни мўлжалга олдириб, қандоқ отишниям ўргатиб қўйган. Шу-шу овга ишқим тушди. Кошки ўқни осмонга отсам, каклик бўлгандаям энг йиригини мўлжалга оламан. Бора-бора икки-учтасини қаторлаштириб отадиган бўлдим. Уйимиздан каклик гўшти аримайди. Буни кўрган дадам бир оғизли милтиқ олиб берди. Кейинчалик ёшим улғайгач, қўштиғ сотволдим. Оқибатда ҳақиқий овчи бўлдим-қолдим…
Овга рози бўлди-ю, қулоғимга тайинлаб қўярди дадам: “Тағин бутунлай берилиб кетма, ўғлим. Бу касб эгасининг косаси ҳеч қачон оқармаган…”
Ростданам, кўп мерганларнинг уйларида бўлганман-у, тузукроқ рўзғор эгасини учратмаганман. Кейин дадамдан сўрадим:
– Нега шундай, бу касбга қарғиш текканми, ёки бошқа бирон сабаби борми?
Дадам кўп йиллар мадрасада ўқиган, оқ-қорани обдан таниган илмли одам эдилар (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин).
– Биринчидан, овчи жонлини жонсиз қилади. Аслида бунга Аллоҳдан ўзга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, – эринмай тушунтирган эди дадам. – Иннайкейин, топганини милтиққа солиб отворади. Қолаверса, ови юришадими-йўқми, азондан қаро тунгача тентираб, умрини увол қилади…
Шу гаплар таъсириданмикин, ўқиб, касб ўрганиб, бошқачароқ одам бўлдим-у, барибир овдан кўнгил уза олмасдим. Бора-бора бир воқеа туфайлидан мутлақо милтиқ ушламайдиган бўлдим…
Анча йиллар овчилар билан ов овлашиб, кўп жойлардан таниш-билишлар орттирганман. Олис Найзатош қишлоғида ҳам уч яқин танишим бор. Дадам айтганидек, бари қашшоқ яшашади-ю, қўллари очиқ. Вақти-вақти билан мени йўқлаб турадилар. Қуруқ эмас, тоғ асали, тоғ пиёзи, хандон писта-ю кийик гўшти каби ноз-неъматларни узишмайди. Мен уларнинг идоралардаги ёки бошқа жойлардаги, хуллас, шаҳардаги ишларини битириб беришга баҳоли қудрат қарашаман. Ҳар гал овчилик суҳбатларида найзатошлик бир мерган ҳақида кўп гапиришади. Унинг исми Уккибой экан. Бутун бошли юқори депараларда энг ўткир мерган саналмиш бу овчи бир воқеадан кейин касбидан бутунлай воз кечган экан. Бунинг сирини ҳеч кимга айтмасмиш. Мени Найзатош томонларга овга қисташади, Уккибой ота билан таништиришни ваъда қилишади. “Гапга чечансан, балки сенга ёрилар”, – деб қўлтиғимга сув пуркашади…
Уккибой отага ўзим ҳам қизиқиб қолдим. Гапни бир жойга қўйиб, ов кунларини белгиладик. Мана, ниҳоят, Уккибой ота уйидамиз. Тавба, одам ҳам исмига шунчалик тортадими? Юз тузилишлари, боқишлари, миқтидан келган тошдек гавдаси… Уккибой ота ўрнидан туриб юра бошласа, лапанглаб кетаётган укки ҳозир парвоз қилса керак, деб ўйлайсиз-у, фақат унда қанот йўқ. Бу галги сафарга шайланишимнинг яна бир боиси – ов воқеаларида донғи таралган Уккибой ота билан яқиндан танишув эди. Бир оз дам олиб, ярим тунда чўққилар сари кўтарилишни бошлайдиган бўлдик.
– Биз билан бирга борасизми? – сўрадим кекса овчи билан мулоқотга шайланиб. Аслида унинг овдан бутунлай воз кечганига анча йил бўлганини уч дўстим айтиб берган эди.
– Энди, бизлар қаридик, ўзларинг бораверинглар, – гапни калта қилди ҳорғин бир қиёфада қария. Бу гал иш чиқмади. Биз аввалдан тайёрлаб қўйилган от ва эшакларга юкларни жойлаб, навбатма-навбат миниб, чўққилар сари равона бўлдик. Қум ва шағалдан иборат сўқмоқ бора-бора “тошйўл”га айланди. Йўлнинг давоми нуқул керагатошлардан иборат эди. Тоғчилар уларни йўниб айланма йўллар ясашган, чорваларини ҳам шу тошйўл орқали ҳайдашар экан. От-эшаклар ориқ кўринишли эканига қарамай, устларидаги оғир хуржинлару, қўнқайиб ўтирган одамларни кўтарганча тошдан ясалган “қилкўприк”лардан бемалол ўрлаб боришарди. Улар обдан чайир-чандирга айланиб кетган экан…
Мен аввалига ҳайиқиб, инқиллаб-синқиллаб яёв босавердим. Бурним ерга тегай деб қолганини кўрган шерикларим “нима, сенинг жонинг азизу, бизларники уволми”, дея эшаклардан бирига ўтирғизиб қўйишди. Нуқул тошлардан иборат тубсиз зовларга қараб юрагим увишади-ю, орият кучлилик қилиб, жим кетавердим. Ниҳоят, бора-бора кўникдим. Кичикроқ икки кўлдан ўтиб, ғира-шира тонг ота бошлаганда, тош довонлар оралиғига жойлашган ажойиб бир уммончага йўлиқдик. Унда бемалол кемалар сузиб юриши мумкин эди-ю, атрофда ғуррак, каптар, лойхўраклардан ўзга бирон-бир тирикжон кўринмасди. Қизиқ, бу кўллардан бир дарёча оқиб чиқарди, аммо тепадан лоақал кичик жилға қўшилмайди. Ерли овчиларнинг маълум қилишларича, қалин шағал-тошлар остидан сизиб ўтиб, кўлларга қуйиладиган дарёча кўзга мутлақо кўринмас экан. Шу туфайли ҳар қандай об-ҳаво шароитида кўллар зилол ҳолича тураверади, мутлақо лойқаланмайди…
– Шундайин жойларда йирикроқ ёввойи ҳайвонлар йўқмикин? – ҳайрон боқдим ерли овчиларга.
– Манови Мерганбекка ўхшаганлар тирикжон қолдирармиди, – шеригига қўлини бигиз қилди Қорабой исмли бақалоқ овчи.
– Ўзинг жа оппоқмисан, тоққа нуқул “қуруқ” чиқиб, “ҳўл” қайтасан-ку!
– Бу ишда ҳаммамиз айбдормиз, – шерикларининг баҳслашувига чек қўйди Мерганбек исмли оғир-босиқ йигит. – Қадим бу кўлларнинг атрофларида пода-пода кийиклар ўтлаб юришар экан. Қолган-қутганларини ўзимиз кўрганмиз, ёлғон бўлмасин, овлаганмиз ҳам. Энди кийикларга етиш учун яна ярим кун йўл юриш керак. Кўл бўйида нонушта қилиб, бироз мизғийлик, бўлмаса меҳмонимизни чарчатиб қўямиз…
– Тоққа “қуруқ чиқиб”, “ҳўл қайтиш”ни қандоқ тушунса бўлади? – сўрадим қизиқувчанлик билан. Ерли овчилар бир-бирларига даккинамо қараб қўйишди. Орага ноқулай сукунат чўкди.
– Тоғ бошига етганимизда ўзингиз тушуниб оласиз, – гапни қисқа қилди Мерганбек.
Катта кўлдан сўнг йўл давоми осон ва завқли эди. Керагатошлар тугаган, сентябрь ойи бошланганига қарамай, атрофда минг хил гул-чечаклар очилиб ётарди. Булар орасида тўп-тўп ўсиб, гуллари олтиндай товланаётган ўсимлик диққатимни тортди.
– Бу нима? – сўрадим Мерганбекдан.
– “Олтин илдиз” (Золотой корень), – изоҳ берди овчи. Бу ўсимлик қиймати женьшеньдан баланд бўлса бордир-у, кам эмас. “Олтин илдиз” уч-уч ярим минг метр баландда ўсади. Афсус, буям йилдан-йилга камайиб, юқорилаб боряпти.
– Биз шунчалик баланддамизми?!
– Ҳа-да!..
Тоғ бошига етиб қолган эканмиз. Учли чўққилар, қатор-қатор қиру зовлар кўз илғамас уфқларга туташиб кетган. Овчилар эшак-отларни устларидаги юклардан халос айлаб, ўтлоқларга бойладилар. Кейин мендан нарироққа боришиб, юк қопчаларидан дурбинларини чиқаришди-да, узоқ-узоқларни, атрофдаги сою зовларни кузатишиб, бир-бирларига нималарнидир маъқуллашди. Сўнг тарқалишиб, атрофдаги тошларнинг кавак-камарларидан кучли ов милтиқларини келтириб, созлаб олдилар…
“Қуруқ” чиқиб, “ҳўл” қайтишнинг дастлабки маъносини энди тушундим. Тоққа милтиқ кўтармай чиқиб, ўлжалар билан қайтишни тоғликлар қисқагина шундай изоҳлар эканлар. Мен эса қўштиғ милтиғим, ўқдонли камзулим тўла ўқ ва бошқа турли ов анжомларимни қоп ҳамда рюкзакларда орқалаб юрибман, камида йигирма килограмм чиқар-ов. Уларни созлаб, мен ҳам овга шайландим…
– Ўҳ-ҳў, юк босиб қолибди-ку сизни, мерган ака! – елкамга қоқиб қўйди Мерганбек.
– Илож қанча, биз “ҳўл” чиқибмиз-да, – дедим. – Хўш, мен нима қилай?
– Сиз шоир одамсиз, тошнинг мана бу тапчанида ёнбошлаб атрофни томоша қилинг, илҳом келиб қолса шеър-пер ёзинг. Ҳа, айтганча, устингиздан Улар (ёввойи курка) учиб ўтгудай бўлса, “ўн олти”нгиз билан отиб оларсиз. Бу тоғларда сиз учун бошқа ов йўқ.
– Каклик-чи? – сўрадим ҳафсалам пир бўлиб.
– Какликлар анча пастда яшайдилар. Айтмоқчи, манови дурбин ҳам сизга асқотади, бизларнинг ов овлашимизни кузатиб, зерикмай ўтирасиз…
Йигитлар сойма-сой ошиб кетдилар. Улар бир ғойиб, бир пайдо бўлар, тошу шағаллар устларидан шунчалар усталик билан ўтар эдиларки, бирон шарпа сезилмасди, овоз эшитилмасди. Қорабой олдинда, Мерганбек ўртада, Ўскантой юқорида, довонма-довон ошмоқдалар. Овчиларнинг бу усули азалдан бор: биридан қочган ов иккинчисига, ундан ҳам омон ўтса учинчисига йўлиқади…
Бир маҳал Қорабой тош панасига ўтди-да, дурбин билан синчиклаб кузата бошлади. Кейин шерикларига нималарнидир имо-ишора қилди. Улар тошлар орасида бирдан ғойиб бўлдилар. Қорабой аста кўтарилиб милтиғини тўғрилай бошлади. Дурбин билан овчи мўлжаллаётган томонга қарадим. Унча узоқ бўлмаган масофадаги тош устида каттакон тоғ эчкиси овчига тикилиб қотиб турар, туёғини тошга уриб-уриб қўярди. “Овчини кўрди-ку, нега қочмаяпти, тағин туёғини тошга ургани нимаси?” Тош ёнбошидаги ўтлоққа қараб бунинг сирини тушундим: майса орасида эчкининг кўзга кўриниб қолган боласи ўтлаб юрарди. Она кийик (ёввойи тоғ эчкисини биз томонда шундай дейишади) боласини ҳимоя қилиш учун ўзини нақ ўққа дучор қилаётган экан!
– Қорабой, отма-анг, боласи бор экан!
Менинг ҳайқириғим билан бир пайтда ўқ гумбурлади. Она кийик тикка зовга – Қорабой томонга думалаб кетди. Ўқ овозидан чўчиб тушган улоқча сакраб тош устига чиқди-да, чўзиб-чўзиб маъраганча онасини излай бошлади. Шу зум яна ўқ овози янграб, улоқча ҳам онаси ортидан равона бўлди!.. “Эҳ, номард, боласи бор кийикни кўриб туриб отди-я! Улоқчасини қандай кўзи қийдийкин-а?!” Шериклари тезда Қорабойга ёрдамга келдилар. Она кийик ва боласини кўтаришиб, менинг олдимга олиб чиқишди. Она-бола жайронларнинг кўзлари очиқ қолган, улар жуда мунгли, мижжаларида ёш йилтирарди. Буни кўриб ичимдан бир нима узилиб кетгандек бўлди.
– Ҳа, шоир ака, намунча қайғуга ботмасангиз? – ўлжаларни нимталар экан, менга қараб-қараб қўярди Қорабой. – Овчи халқи тошбағирроқ бўлиши керак. Ов овчилар учун чиқарилган. Ё ўзингиз жонлини бежон қилмаганмисиз?..
– Она-болани отиш шартмиди, такаларни овласаям бўларди-ку?!
– Боласини кўрмай қоппан-да, шоир ака. Униям отмасак бари бир иту қушлар еб кетарди, – дея Қорабой шерикларига юзланди. – Энди шоир акамиз айтган такаларга навбат.
Хуллас, тоғ тепасида икки кун ов қилиб, Уккибой отаникига “жиққа ҳўл” қайтдик. Ўлжаларни тақсимлаб, менга ҳам улуш ажратдилар. Кўз олдимдан она-бола кийикларнинг мўлтираган кўзлари кетмасди, улушни рад этдим. Уккибой ота менга ҳайрон боқди.
– Аразладингизми, тоғдаги воқеага? – беписандлик билан гапириб қўйди Қорабой. – Аразлаган қуруқ қолаверади, овнинг расм-русуми шундақа! Ҳалиги… ёзувчилигингиз бор, тоғдаги воқеани ёзиб-позиб юрманг, тағин.
– Ёзсангизам номларимизни ўзгартириб ёзинг, – Қорабойнинг гапига қўшимча қилди Мерганбек. Ўскантой, ҳар доимгидек, индамай ўтираверди. Шунданми, унинг лақаби “Ўсканжим” экан.
Овчилар менинг улушимни Уккибой отага қолдиришиб, уй-уйларига тарқалишди.
– Телим (улуш)дан нега воз кечдингиз? – ҳайронлиги тилига кўчди Уккибой отанинг. – Тоғда нима бўлди ўзи?
Она-бола кийик воқеасини ва бундан буён қўлимга милтиқ олмаслик онтимни эшитган Уккибой ота кулимсиради-да:
– Овчиликда не балолар бўлмайди, – деди қўл силкиб. – Менинг саргузаштларимни эшитсангиз, билмадим, не куйга тушар экансиз?.. Ёки биттагинасини айтиб берайми?.. Майли ҳовурдан тушишингиз учун айтсам айта қолай, – ўзи сўраб ўзи давом этди мезбон. – Кўриб турибсиз, сўққабошман. Менинг ҳам, ҳар ким ҳавас қилгудай, ҳар томонлама тўкис хотиним бор эди. Бечора содда тоғ қизи мерганларнинг сарасига турмушга чиққани учун дастлаб ўзини жуда бахтиёр сезарди. Кейинроқ пушаймон бўлди-ю, кеч эди…
Мен бунақа кийик-пийик овламасдим, фақат айиқларнинг сараларини танлаб отганман. Бир кун “Қоронғи тўқай”да тўсатдан кичикроқ айиққа дуч келиб қолдим.
Қоронғи тўқай ўз номи билан хилват жой эди, шу пайтларда. Кейинчалик дарахтлари кесилавериб, тирикжонлари овланавериб оддий тўқайга айланиб бўлди…
Бир кун бир айиқ типпатик турганча менга қучоқ очиб келяпти. Айтдим-ку, мен айиқларнинг энг йирикларини танлаб отардим. Бу эса кичикроқ, худди мен билан қучоқлашишга шайланган каби бемалол келяпти. Отмасликнинг ҳеч чораси йўқ, бир ўқ билан қулатдим. Кейин қулайроқ жойга судраб ўтиб, терисидан лошини ажрата бошладим. Терисини шилиб бўлиб, бундоқ қарасам… ё, пирай, қаршимда гўёки хотиним қипяланғоч бўлиб ётибди-да! Хаёлимда: “Қадим бир эру хотин шаккоклиги туфайли қарғишга учраб айиқ бўлиб қолган экан, айиқлар шулардан тарқалган…” деган ривоят жонланди. Мен шафқатсиз овчи эдим, аммо айнан мана шу жойда кўнглим бир хил бўлиб кетди. Аммо дарров ўзимни қўлга олдим-да, айиқнинг айнан ёш аёлларникидай бўлиғ сийналари ва кераксиз бошқа жойларини кесиб ташладим. Лошини қопларга жойлаб, шаҳардаги келишилган дўконга элтиб бердим. Бари бир бу воқеа кўз ўнгимдан сира ўчмасди. Мен аҳмоқ шуни хотинимгаям гапириб берибман-а! Аёлимнинг биринчи ҳомиласи эртасигаёқ тушди-қолди! Йигитчилик эканми, буниям унутиб, айиқ овини давом эттираверибман. Кейинги гал эса!..
Қарасам, Уккибой отанинг уккиникидек катта-катта кўзларидан шашқатор ёш оқяпти. Овози ҳам титраб-титраб ўчди. Кейин нима бўлди деб сўрашгаям тилим бормайди. Қарияга чой қуйиб узатдим. У бир сипқоришда пиёлани бўшатди-да, “гапиролмайман, қолганини эртага…” дея ўрнидан қўзғалди…
Обдан чарчаган эканман, чошгоҳгача ухлабман. Ўрнимдан туриб ҳовлига чиқдим: бир-икки дапқир ёмғир ёғиб ўтган. Бу атрофдаги тоғлар тароватини кўринг! Қуруқ оппоқ қоялардан иборат Найзатош қуёш нурида зардек товланади. Тиккайган бирор ўт-ўлан ёки дарахт-ўсимлик йўқ. Унга қарама-қарши томондаги Бахмалбулоқ тоғи эса бошдан-оёқ яшил либосга бурканган. Ушбу эгиз тоғлар орасида ўн-ўн беш чоғли хонадонга эга Найзатош қишлоғи жойлашган. Кеча қоронғида қайтганимиз учунми, обдан ҳориганлигимданми, такрорланмас бу гўзалликларни пайқамаган эканман. Уккибой отанинг ёлғизлик ҳолатини кўриб кеча ўйлаган эдим: “Кетмайдими, шаҳар-паҳарга бош олиб. Бир-икки хонали квартирада яшамайдими мазза қилиб!” Энди унга қарши жавоб туғилди: “Манови жаннатмаконларни ташлаб қаёққаям борарди!” Учта кўлдан тушиб шарқираб оқаётган дарёчада мазза қилиб ювиндим. Қайтишда собиқ мерганнинг хонадони атрофларини кузатдим: олмазор, шафтолизорлар алоҳида. Сара мевалар обдан етилган. Ҳар бири кафтга сиғмайдиган оқ шафтолилар “мендан яхшироқ қандай емиш бор?!” деб ўзини кўз-кўз қиляпти. Тунука билан ёпилган каттагина уй хоналари шинам, шаҳарликларникидан сираям қолишмайди. Бадавлатлик сабаби аён: мерган овчиликни ташлагач, боғдорчилик ва деҳқончилик билан машғул экан…
Мен дала айланиб юрганимда, меҳмонхона йиғиштирилиб, нонушта тайёрланибди: каттакон хонтахта усти турли ноз-неъматларга тўла. Шоҳкосада тоғ асали дейсизми, писта-бодомлар дейсизми, қаймоғу сутлар дейсизми! Лофи билан айтганда, косадаги совунқираган сутнинг қаймоғи устида чанғи учса кўтаргудай!..
– Келинг, азизим, тўрга ўтинг, – ўрнидан туриб мени қаршилади Уккибой ота. – Яхши дам олдингизми, кеча обидийда қилавериб, обдан жонингизга теккандирман-а? Сизни ёзувчи дейишади, тағин ёзиб-чизиб юрманг, кўнглим бўшаб гапириб юборибман, ҳеч кимга айтмаган сирларимни…
Шу пайт эшик шартта очилиб, остонада таёқ кўтарган дуркун бир бола пайдо бўлди:
– Дода, молларни яйловга ҳайдаб келдим!
– Баракалла тойчоғим, амакинг билан кўришмайсанми?!
– Ассалому алайкум…
– Ва алайкум ассалом, – лочин кўзли, юмалоқ юзлари бўлали қоматига ярашган болакай узатиб турган лўппи қўлчасини беихтиёр меҳр билан силадим. – Исмингиз нима, отахоним?!
– Нажотбек! – болакайнинг овози ёқимли ва жарангдор эди. Сўнг шарт Уккибой отага бурилди, – меваларнинг тўкилганларини теришга кетдим! – шундай деб хонадан ўқдай отилиб чиқиб кетди.
– Неварангизми? – сўрадим “олов” болакай ортидан ҳавасланиб.
– Неварам ҳам, болам ҳам, хуллас, бор-йўғим, жону жаҳоним мана шу бола! – деди Уккибой ота овози титраб. – Мен уни болалар уйидан асраб олганман! Ҳа, энди мавриди келди, кечаги суҳбат давомини айтмасам бўлмас…
Индамадим. Орага гап сиғмас эди.
– Ёшгина жувонга ўхшаш айиқни отиб, биринчи боламдан айрилганимдан кейин ҳам мен овсар хулоса чиқармаган эканман. Аммо хотинимнинг кўнгли совиб, ўзини олиб қочишларини сезиб юрардим. Кўп йиллар бўйида бўлмади. Мен уни юпатишга уринардим, фарзандимиз бўлмаса номимиз бутунлай ўчиб кетишини қайта-қайта гапираверардим. Ниҳоят, хотиним яна фарзанд кута бошлади. Худди шунда овни ташласам ўламанми? – Уккибой отанинг кўзларидан яна ёш оқа бошлади. – Айиқ гўштини хуфиёна сотадиган мижозларим қистайвериб сира қўйишмасди. Ўзим ҳам улар берадиган “кўк пуллар”га илҳақ бўлаверардим…
Қиш қаттиқ келган. Бир ўнгирда она айиқ қишлашини билардим. Бу гал шуни мўлжаллаб овга чиққан эдим. Икки-уч метр қалинликдаги қор устида кетиб боряпману, кўнглим ғаш. Хотинимнинг ой-куни яқинлашган эди. Уйда гўшт ҳам қолмаган. “Хотиним гўштли овқат ейиши керак, йўл-йўлакай бирор ўлжани отиб қайтсаммикин?” иккиландим ўзимча. Айиқнинг айнан одамга ўхшашлигини кўргандан бери айиқ гўшти ейишни бас қилган эдик. Отганларимни шаҳардаги таниш дўконга олиб бориб “кўк пуллар”га алмаштирардим-да, хоҳлаган нарсамни харид қилиб қайтардим…
Қалин қор устида авайлаб борар эканман, тепада қанот товушларини эшитдим. Милтиғимни ўнгладиму, учиб бораётган ёввойи куркаларга бараварига иккала ўқдонни бўшатдим. Икки Уларнинг қанотлари ёпилиб тушиб келаётгани асносида оёғим остидаги қор кўчаётганини сезиб қолдим. Қор кўчиши учун биргина ўқ овози таъсири етишмаётган экан, шекилли. Қутулиш у ёқда турсин, уч-тўрт қадам босишга ҳам улгурмай, катта қор қуюни орасига кўмилиб, пастга юмалаб кетдим!.. Кўзимни очсам, нақ ўзим мўлжаллаган, она айиқ қишлайдиган ўнгирнинг қоқ ўртасида ётибман!.. Чамамда, мени думалоқлаб ўраб олган “қор кўрпаси” фалокатлардан асраган-да, ўнгирга тушиб урилгач, сочилиб кетган…
Аста қўзғалдим, ҳеч қаерим шикастланмабди. Ўрнимдан турдим-да, қорнинг ғира-шира ёруғида ташқарига йўл қидирдим, қани энди чора топилса! Улкан қор тоғи қуршовида қолганимни пайқаб, бутун вужудим музлаб кетди. Хаёлимга лоп этиб ой-куни яқин хотиним келди. Қандай қилиб бўлсаям қуршовдан соғ-омон чиқишим, хотинимнинг ёнида бўлишим керак! Баданим музлаб борарди. Нажот излаб, ғор ичкарисига юрдим. Умид қилганимдек, катта она айиқ ёнбошлаганча қиш уйқусида карахт, биттагина боласи бир кўкрагини оғзига солиб эмиб ётарди. Мен унга аста яқинлашдим. Мукка тушган кўйи бўш кўкракни сўра бошладим. Илиқ сут таъми баданимни яйратиб, жонимга ором бахш айлади. Бора-бора қўрқув йўқолиб, мени уйқу элитди… Шундоқ қилиб, азизим, айиқ билан она-бола бўлдик. Неча кун айиқ эмиб ётганимни билмайман-у, қор қуршови эриб, бир жойда ғира-шира туйнук очилганини кўриб қолдим. Мени эмизиб қишдан омон-эсон чиқарган айиқ “онам”га ва ризқини баҳам кўрган “укам”га миннатдорчиликларимни кўз ёшларим ила изҳор айлаб, уйимга шошилдим. Йўлда келар эканман, бундан буён қўлимга милтиқ ушламаслик, айиқларни, умуман, тирикжонларни жоним борича ҳимоя қилиш учун қайта-қайта онт ичардим, хотиним ва боламни омон-эсон сақлаш ҳақида Тангри Таолога ёлборардим. Афсус, овга жўнаётганимда Қодир Аллоҳ ёдимда йўқ эди. Хотинимни Улуғ Зотга омонат топширмаганман, таваккул қилмаганман. Тўлғоқ дарди азобида қолган хотиним қийнала-қийнала туғибди-ю, оламдан ўтибди. Кейинроқ хабар топган қўшниларим изсиз ғойиб бўлган мени ўлганга чиқаришиб, хотинимни ва кун кўролмаган мурғакни бир жойга дафн этишибди. Охирги овим мана шундоқ фалокат билан тугаган, азизим!..
– Бу сирларни нега уч оғайнимга айтмагансиз?
– Айтсам, айиқни отиб, болаларини қўшиб сотиб юборишарди-да!
Уккибой ота оёқларини чўзиб юборганча ҳўнг-ҳўнг йиғлар, уни юпатишга ожиз эдим. Сал олдинги гўзалликдан ҳайратларимдан асар қолмади. Фақат бир илинж кўнглимга таскин берарди: “Нажотбекни астойдил ўқитиб, тарбиялаймиз. Бизнинг уйимизда туради. Бу жойлар тоғ ҳовлиси бўлиб қолаверади. Ўсиб-улғайиб, ўрганиб, она-табиатимизнинг ҳақиқий ҳимоячиси бўлсин! Уккибой отанинг тирикликдаги армонларига малҳам қўйсин!..”
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси,
2010 йил 15 октябрь сони.