Асад Асил. Охирги илинж (ҳикоя)

Дадажоним-эй, сиз бу аҳволда туриб, мен қандай қилиб?… Йўқ! Мен тўйни тўхтатаман!!.
Шашқатор ёшлари гулюзларини жаладай ювиб бораётган, қалин сочлари тўзғиб кетган Ойгул аҳволи ночор отаси кўксига бош қўйганча фарёд уриб йиғларди. Шу дамларгача боши ёстиққа тегмаган, ҳеч нарсадан тап тортмайдиган ота кўксидан жуда-жуда таниш ҳид қиз димоғига урилди. Қадрдон бу исга бутун борлиғи-ла боғланган Ойгул кўзларини чирт юмганча ўйларди: «Азиз бу ис эгаси ҳозир ҳаёт, сал ўтмай йўқотиб қўйишим мумкин! Ё, Қодир Эгам, мен шўрликка раҳминг келсин!» Қизнинг бутун борлиғи бу даҳшатдан зирқираб, беихтиёр дод деб юборди! Қулоқларига мунгли қўшиқ эшитилгандек бўлди:
«Топмадим излаб отам ҳокини кўзга суртгали…»
Ойгул шу қўшиқни тинглаганда ҳар гал негадир қўрқувга тушаверарди. Балоғат ёшига етмай туриб онажонидан бемаврид жудо бўлган қиз қачондир отаси бошига ҳам шундай машъум кўргулик тушиши мумкинлиги ҳаёлига келди дегунча чарос кўзларидан ёш қуйилаверади. «Наҳотки айрилиқ дамлари шу бугун етишган бўлса?!» У отасини маҳкам қучиб, янаям қаттиқроқ фарёд уриб юборди:
– Йўқ-йўқ! Дадажон, ҳеч қаёққа кетмайсиз!…
«Оҳ, болагинам-а! Қанийди, бу мушкулотнинг иложи топилса?» Кўнглидан шу фикр кечган ночор қария нуридийдаси фарёдидан безовталанди. Ўрнидан туролмаса-да, лоақал қаддини кўтармоқчи, қизининг бошини ҳар доимгидек силаб овутмоқчи бўлди. Йўқ, у на қўл ва на оёқларини қимирлата олди, ҳаёли ҳам ўзидан йироқлашиб бораётгандек эди. Бирдан-бир овунчоғи, суянчиғи Ойгулни ўзга хонадонга узатиш тараддудида тимирскиланиб, ҳам оналик, ҳам оталик бурчини бажариб юрган чол куз ёмғири ҳўллаб ўтган супадан тийғониб кетдию, қайта туролмади. «Бир пайтлар қоядан денгизга сакраб, ўпқонларга тушиб кетиб, чўқамоқ қалпоқлилар томонидан босмачи номини олиб не-не балоларга гирифтор этилганимдаям тирик қолгандим-а… Оҳ, уларнинг тепкилари, қийноқлари!… Қолган шерикларингниям топиб бермагунингча шу ҳолатда тураверасан, деб бошимни пастга қаратиб осиб қўйишлари!… Яратган Эгам, шундаям Ўзинг қўллаган эдинг. Арқон тасодифан ечилиб, ҳеч чорасиз тутқунликданам қочиб қутулгандим. Умримнинг ярмини дарбадарликда ўтказиб, ўлсам ўлигим юртимда қолсин деб, девонасифат бўлиб қайтиб келгандим. Менгаям бир жуфти ҳалол топилди-ю, сени ҳадя этиб, оламдан кўз юмгандаям бардош бергандим-а, қизалоғим!. Наҳот энди ожизман?! Келиб-келиб шу бугун-а!» – қария у ёқ-бу ёқни пайпаслаб, томоқ қириб, йўталиб кўрди, ақлу ҳуши жойида. – «Йўқ, бор куч-иродамни тўплашим, охирги бурчимниям бир амаллаб адо этишим керак!».
– Она қизим, – овози титраб кетган чол сал жим туриб, ўзини босиб олгач, бироз дадиллашиб давом этди, – мен ҳамма балоларни бошимдан кечирдим: ёмон-яхши кунларни кўрдим. Ажал билан ёнма-ён қолган дамларим кўп бўлган. Ризқ-насибам узилмаган экан, мана, ҳозиргача яшаб келдим. Лекин ҳалол яшадим, иймонимни ҳеч қачон ютиб юбормадим, мана шу Ватанга садоқатли, ҳалол фарзанд эканимни исботлаш учун курашганман. Сендайин меҳрибон фарзандларни кўриш учун яшаганман. Қодир Аллоҳ раҳм айлаб сени кўрдим, истаган ўқишингда ўқитдим, бирон-бир хоҳишингга қарши турмадим. Ўзинг кўнгил қўйган куёвни танлашинггаям йўқ демадим. Худога шукр, охирги орзуимга етай деб турибман. Шундоқ кунда сен – менинг доно қизим, дадангни ранжитасанми, ҳаммасидан маҳрум қиласанми?!
– Дада, дадажоним! Қандай йўл тутсам сизга мадад бўлоламан?! Буюринг, ҳар нарсага, сиз учун жонимни фидо қилишгаям тайёрман!..
Ойгул шиддатга кирган, унинг ҳеч нарсадан тап тортмаслиги чўғдек ёниб турган кўзларидан маълум эди. Қария буни кўриб сал тетикланди, ўнг қўли ҳаракатга келиб, ярим ёнбошлади-да, шу заҳоти мақсадга кўчди:
– Қарагин, мана, тузалиб қолдим. Агар яна йиғласанг, ё тўйингни тўхтатсанг, мендан ҳозир айрилишинг аниқ! Дадамни рози қилай, кўнглидаги орзу-ҳавасларини рўёбга чиқарай, жонига ора кирай десанг, чироғим, тўйингни тўхтатма. Дўст-душманга кўз ёшларингни кўрсатма. Қўша қариб бахтли бўлинглар, базм авжини баланд кўтаринглар! Токи куй-қўшиқлар маниям қулоқларимга етиб турсин!…
Ўкраб юборишдан ўзини аранг тийиб турган Ойгул кафти билан оғзини тўсганча бош тебратиб, рози эканлигини билдирди. Отасининг кўзи олдида ёшларини артди, сочларини тузатди. Буни кўриб кўнгли таскин топган ота:
– Қани, энди бир жилмайиб юборинг-чи, она қизим, – деди “хотиржам”лик билан. – Қани, қуёш чиқсин-чи!…
“Қуёш чиқсин-чи”нинг маъноси ота билан қизгагина маълум. Ойгул кичиклигида нимадандир хафа бўлиб хархаша қилса ёки йиғлай бошласа отаси уни ёнига чорлар, қизалоқнинг икки юзини кафтлари орасига олиб: “Қани, қуёш чиқсин-чи!” дерди. Ойгул беихтиёр кулиб юборар, шу билан олам гулистон бўларди.
Ҳозир эса… ўзини зўрға эплаб турган қиз бир амаллаб жилмайган бўлди:
– Бахтимга соғайиб кетинг, дадажоним!
Ойгул чиқиб кетгач, ота секингина чўзилди-да, кўзларини юмди. У сўнгги бурчни бажариш чоғида қаттиқ толиққан эди. Дармондан кетиб бораётган қариянинг кўзлари юмуқ, аммо кўнгли нимагадир илҳақ. Шу пайт машҳур хонанданинг ёқимли овози ота қулоқларига етиб келди:
«Ишқингда ўртанар жон, эй жонгинам, нетай мен?!
Юрагимга сен инон, изҳори дил этай мен!…»
Куй-қўшиқларни жон-тани билан тинглаётган беморнинг қуруқлашиб бораётган лаблари оҳиста пичирларди:
– Раҳмат, бардошли қуёшим! Етказганингга шукр… мингдан-минг розиман!…
Кўнгли таскин топган ота тинчгина мангу уйқуга кетмоқда эди…