Йил жуда оғир келган эди. Қиш яримламасдан ем-хашак тугади. Чорвадорлар қамиш, ажриқ илдизи, янтоқ қидиришиб, ҳар куни изғиб юришарди. Шермат ака ҳам шуларнинг бири эди. У ўшанда тентирай-тентирай, тунга қолиб кетди. Энди қўрага тезроқ қайтиш керак: очқаб юрган йиртқичлар қўйларни қириб ташлаши мумкин.
Чўпон ночор отни қичаб борарди. Ҳавода юлдузлар чарақлайди. От туёғи остида қор ғирчиллайди. Совуқ ва жимжит тунда бу овоз узоқ-узоқларга эшитилаётгандек. Бўрилар қорин қайғусида тўп-тўп бўлиб юришарди. Бундай кезда улар одамни ҳам аяб ўтиришмайди. Бирдан шу хаёл калласига келган Шермат аканинг баданида “чумоли ўрмалади”. У ортига – бир-бирига мингашиб ётган тепаликларга тез-тез қараб қўя бошлади. Ёмонлагур отнинг дам-бадам пишқириши-чи! Бўриларни атайдан чақиришдек бир гап-да, бу! Ҳаво ҳам, теварак-атрофдаги манзара ҳам совуқ, даҳшатли эди. Тоғ тепасидан эндигина узилиб чиққан баркашдек ой ҳаммаёқни ёритиб, чўпон жонига сал-пал ора кирди. Ой нурида “мудраб ётган” тепаликлардаги сирти музлаган қорнинг ялтириши ҳам хунук ва қўрқинчли эди. Кўчки тушиб, яланғочланиб қолган тепаликларнинг туби ўпқонга ўхшайди…
Йўл юзида қирғизлар яшайдиган кичикроқ бир қишлоқ бор, лекин уям ҳали узоқда. Ойнинг доғли юзига кўзи тушган Шермат аканинг хаёлида ҳомиладор хотинининг чеҳраси жонланди. У хотини, болалари ёнига етиб олиб, тинчгина яшашни жуда-жуда қўмсади шу топда…
Бирдан қандайдир хавфни сезиб, Шермат аканинг вужуди музлаб кетди. От ҳам кишнаб юборди-да, шашт билан олдинга интилди. Чапдастлик билан ўзини эгарда аранг ўнглаб олган чўпон ортга кўз ташлади. Қуйироқдаги ёнбағирда бир гала бўри елиб келарди. Шермат ака отга устма-уст қамчи босиб, олдиндаги қишлоққа етиб олмоқчи бўлди. Тузуқроқ боқув кўрмаган қирчанғи тезроқ югуриш ўрнига инқиллаб, секинлай бошлади. Орадаги масофа тобора қисқармоқда эди. Охирги шу дамларда Шермат аканинг хаёлига сўнгги нажот чораси келди. У от бошини сой бўйидаги ташландиқ боғ томон бурди. Боққа аранг етиб олган чўпон дастлабки учраган олма дарахтининг йўғонроқ шохига осилди. Сўнг эгардан азот кўтарилди. Адойи тамом бўлган от шу ондаёқ оч бўрилар қуршовида қолди. Дарахт устига чиқиб олган Шермат ака пўписа қилиб ҳайқирар, йиртқичлар эса бунга жавобан тишларини шақиллатиб ириллашар, ирғишлашар, гўё чўпонни мазах қилишар эди. Бўрилар отни ағдаришиб, тилка-пора қилишди. Гўштини очкўзлик билан ютиб, суякларини шарақлатиб ғажишга тушдилар. Тақдирга тан берган Шермат ака эса дарахт устида томошабин бўлиб ўтирарди.
Анча олисдаги қишлоқчадан итларнинг вовуллашлари аниқ эшитилиб турар, ора-сира бир кучукчанинг ҳам заифгина товуши қулоққа чалиниб қолар эди. Итларнинг вовуллашларига парво қилмаётган бўрилар кучукчанинг овози эшитилган заҳоти гўшт ейишдан бараварига тўхтар, диққат билан қулоқ солишарди.
Ота-бобоси чорвадор ўтган Шермат ака улардан кўп воқеалар, ҳангомалар тингланган. Ҳозир шу суҳбатлардан бири ёдига тушди.
– Баъзи ит якка кучук туғади. Бўрилар унинг овозидан таниб, кичиклигидаёқ бўғиб кетишади. Шу кучук омон қолса, етилгач, бўриларга қирон келтиради. Унинг номини Сиртлон деб аташ керак. Сиртлонни фақат онадан якка туғиладиган Арслон-бўри енгиши мумкин, – деган эди дадаси. “Қишлоққа соғ-саломат етиб олсам, кучукчани излаб топганим бўлсин…” Олма дарахти устида совуқданми, ғазабданми, қалт-қалт титраб ўтирган чўпон шу ниятни кўнглига тугиб қўйди.
Бирпасда отни хомталаш қилган йиртқичлар тепаликлар ортига ўтиб, кўздан ғойиб бўлишди. Шермат ака кесакдек увишган баданларини ишқай-ишқай, қишлоқча томон йўл олди.
Кучукчани топиш қийин бўлмади. Тахмини тўғри чиқди. Чиндан ҳам у якка туғилган, бўлалиги шундоққина кўриниб турарди. Юришган ишнинг буёғи ҳам осон кўчиб, Шермат ака билан улоқ тортишиб юрган тенгқури Эшимбет ака эшик очди.
– Жонинг фойдага қопти, отабий! – деди воқеани эшитиб ғоят ҳаяжонланган мезбон. – Бир кучук нима деган гап, сендай мард одамдан жонниям аямаймиз. Бироқ тоза емиш билан яхшилаб боқ. Шундай қилсанг, мана, кўрасан, бўрилардан қасдингни олиб беради.
* * *
Шермат ака кўчиб борадиган яйлов тоғлар қуршовидаги каттагина текислик бўлиб, уни Толмайдон дейишади. Бу сайҳоннинг қоқ ўртасида тўнкарилган тоғорага ўхшаш катта бир тепалик бор. Унинг ёнбошидаги тошлар орасидан булоқ қайнаб чиқиб, пастга оқади. Булоқ бўйида ўсган улкан тол дарахтининг шохлари ҳар тарафга тарвақайлаб кетган. Чўпон тоққа кўчганда мудом шу дарахт соясига ўтов тикади. Сиртлон эса тепалик устидаги уясида яшайди. Шермат ака ўша жойда ити учун икки қаватли “қаср” қуриб берган. Ҳаво очиқ кунларида ити устки қаватда пойлоқчилик қилса, ёғингарчилик ёки жазирама кезларда панага тушиб олади. “Ҳар иккала жойдан ҳам итим тўрт томонни кузата олади. Сиртлонимни эса сиртдан бирон зот пайқамайди…” Ити учун берилиб ошён қурар экан, шундай хаёл қилганди чўпон. Бир воқеадан кейин Сиртлоннинг рақиблари, айниқса бўриларнинг анойи эмаслиги маълум бўлди…
Ўша куни – кечга яқин Сиртлон тепаликдаги уясини тарк этиб, ўтов олдига келди. У қаттиқ безовталанар, кунчиқарга қараб тинмай ириллар, сира тинчий олмас эди. Қоронғи тушгач эса, Шермат аканинг ҳай-ҳайлашига қарамай ўтов ичкарисига кириб кетди. Туни билан чўпон ҳам, ит ҳам кўз юммадилар. Тонг саҳарда ташқарига қараган Шермат ака Сиртлоннинг безовталаниши сабабини тушунди. Ўтов эшигидан беш-олти қадам нарида, туси сарғиш, ёлдор, қулоғи қоп-қора, қадди-басти Сиртолондан ҳам тикроқ Арслон-бўри ҳужумга шайланиб турарди. Бўри билан итнинг кўзлари бир-бирларига қадалган. Иккаласи ҳам киприк қоқмасди. Шошганда лаббай топилмас деганларидай, ўғлоқлик милтиқ қолиб, чўпон ўтов бурчида турган дўлана сўйилни кўтариб ташқарига югурди. Бўри чўпонга ташланмоқчи бўлди-ю, ютқазди. У итнинг кўзидан кўз узиши биланоқ Сиртлон ўтовдан ўқдек отилиб чиқиб, бўрининг томоғидан олди. Зарба устига зарба бериб, уч-тўрт бор силтаб ташлади. Шунинг ўзида “шилқ” этиб тушган йиртқич қайта бош кўтаролмади. Сиртлон энг хавфли душманни даф қилгач, жон-жаҳди билан тепалик ортига отилди. Айғирга сакраб миниб, Шермат ака ҳам ити ортидан от солди. Тепалик панасида пойлаб турган бўрилар тизилганча Чотқол чўққилари томон қочиб боришарди. Улар сардорларидан айрилганларини сезиб, жон талвасага тушиб қолгандилар. Бўрилардан биронтаси ҳам қутулиб кетолмади. Сиртлон зумда навбатдаги йиртқичга етиб олар, жон жойидан тишлаш баробарида силтаб орқага улоқтириб юборар эди. Биргина шу зарбадан сўнг бўри қайта ўнгланолмасди.
– Мени емоқ бўлиб ортимдан тиш қайраб югурганларинг учун бу! – дея чалажон бўриларнинг бошларига сўйил билан туширарди чўпон.
* * *
Ёввойи жониворлар учун ўша йилги қиш яна қаҳрли келди. Қор узлуксиз ёғиб, тоғлардаги керага тошларни ҳам кўмиб юборди. Инсон зотига қорасини кўрсатмайдиган тўнғизу кийиклар емиш излаб қишлоқ ичкарисигача тушиб кела бошладилар. Яқин атрофда бўрилар ҳам кўпайишиб қолди. Эҳтиётсизлик қилиб тунда эшик очган фалончига оч бўри сапчибди, деган совуқ хабар тарқалди. Одамлар қоронғи тушмасданоқ эшик-тешикларни беркитишиб, оғил-отхоналарни маҳкамлаб қўядиган бўлишди. Бари бир дам у-дам бу хонадондан қўй-эчкилар йўқолиб турарди. Қиш чўзилган сайин ит ва кучуклар ҳам дом-дараксиз кетаверди…
Бундай олғирликка бўри қодир эмас. Сирли йиртқич жуда эпчил ва айёр эди. Дала айланган овчилар ҳатто унинг изини ҳам топиша олмасди. “Ўғри” қуш эмаски, ўлжасини кўтариб учиб кетса. У ҳар куни келавермасди. Қачонки, бўрон қутурганда ёки қор бўралаётган тунда пайдо бўлар, манман деган ҳушёрларни ҳам доғда қолдирарди. Ваҳимали гапларни эшитган қишлоқ кишилари кечаси тугул кундузлари ҳам кўчага чиқишдан чўчий бошладилар…
Шермат ака оғир кезларда ҳар доим ҳамқишлоқларига ёрдам бериб келган. Ёши ўтинқираб қолганига қарамай, дала-тоғларда от сурганда ёшу қари баравар ҳавасланиб қарайди унга. Эгасининг норғул гавдасига бақувват тулпор ҳам жуда мос тушган. Бу отни “Қадимги асл отлардан қолган туёқ”, дейишади. Ўзи қизғиш, ёли оқ тусли жонивор кўпкарларда улоқни олган эгасини марра сари учириб бораётганда далалар ларзага келади, яқинига йўлашга бошқа бедовларнинг юраги бетламайди.
Шермат ака отидан ҳам кўра итига кўпроқ ихлос қўйган. Юқоридан келган комиссиями, мухбирларми, чўпонни мақтай бошлаган заҳоти у: “Ҳа, энди гап итим билан отимда”, деб кесиб қўя қолади. Чўпон ваҳимали мишмишларга дастлаб унчалик эътибор бермади. Қуёнюраклар аравани қуруқ опқочаётган бўлсалар керак, деб ўйлади. Ўзининг қўрасидан кетма-кет икки тўқли йўқолгандан кейингина аҳвол жиддий эканлигига ишонди. Сиртлон росмана етилган, анча йилдан бери уни бирон йиртқич доғда қолдирмаган эди. “Ё итим танбаллашиб ғафлат босди, ёки рақиби зўр”.
Шу хаёл оғушида айғирнинг айилини тортаётган чўпон ёнида Сиртлон бош эгиб турарди.
– Ҳечқиси йўқ, полвон, – деди Шермат ака унга бир қараб қўйиб. – Ҳар замонда мағлубият алами ҳам керак. Бўлмаса жудаям кеккайиб кетамиз.
Тулпорини миниб, Сиртлонни эргаштириб чиққан Шермат акани кўрган ҳамқишлоқлари, энди тинчиб қолармиз, деб енгил нафас олдилар…
Ёзу қиш елкасидан оппоқ муз аримайдиган Чотқол чўққилари куздан бошлаб мудом туман ва булутлар қуршовида қолади. Ўзига обдан ишонган, манман деган овчиларгина унинг хилват бағрига ета оладилар. Ҳавасмандлар гапи билан айтганда зиғирмой паловидан илиги тўқ ўсган Шермат овчи забардаст йигитлик йилларида бу тоғларнинг этагидан кириб, ёқасидан чиқарди. Чотқолнинг ҳамма сир-асрорлари унга беш қўлдай маълум.
Қалин туман босган тунд чўққиларга бир оз тикилиб тургач, Шермат ака ўзича режа тузди. У отининг бошини тоққа эмас, теман дала томон бурди. Тунда ёққан қор ҳамма изларни беркитиб юборган эди. Отини оҳиста одимлатаётган чўпон ҳар саккиз-ўн метр масофада сезилар-сезилмас қолган изларга тикилганча ўйлаб борарди: “Рақибимиз осонликча жон берадиганга ўхшамайди…” “Ёмонжар”нинг хилват жойидаги манзара Шермат ака тусмолини тасдиқлади. Чўпон узангига таянганча ярим энгашди-да, қор остида дўппайиб турган тошлардан бирини қамчин сопи билан туртиб юборди. У тош эмас, тишлари иржайганча қотиб қолган ит калласи экан. Қолганлари ҳам қўй, эчки ва ит бошлари эди. Буларни ўнлаб чақирим масофага орқалаб келган паҳлавон ким бўлди экан?
Сиртлон кўзлари ёниб жангга шай турар, дарё бўйидаги қалин толзорга қараб ириллар, бироқ ичкари киришга ботинолмас эди. Шермат ака бирпас иккиланиб тургач, Сиртлонни эргаштириб ортига қайтди. Чўпон номаълум ёв билан олишишни кейинга қолдирди. Бир зарба билан бутунлай даф қилиш керак. Шу ниятда у пухта режа туза бошлади.
Кейинги икки кун давомида ҳаво очилиб кетди. Қаттиқ совуқ бошланди. Бундай шароитда бирон-бир воқеа рўй беришига чўпоннинг кўзи етмасди. Шундай бўлди, бу кунлар тинч ва осойишта ўтди. Учинчи кунга ўтар тунда кучли шамол қўзғалди. Пешиндан сўнг эса ҳавони қалин булут қоплаб, қор учқунлай бошлади. Буни кўрган Шермат ака зудлик билан ҳаракатга тушди. У тахмин қилган жойларига тузоқ ва қопқонлар қўйди, милтиқларини яхшилаб созлади, ўз ётоғидаги печ ёнига кўпроқ ўтин-кўмир ғамлади. Сиртлонни эса девори энг баланд қўй саройи ичига қамади. “Қўй кетса-кетсин, Сиртлонни сақлаб қолиш керак”, деган ниятда шундай қилди чўпон.
Қор бетиним ёғар, устига-устак бўрон кучайиб борар эди. Ярим тунга қадар пистирма қуриб ўтирган чўпоннинг суяк-суягидан совуқ ўтиб кетди. У ётоқхонасига қайтиб, кўрпачага ёнбошлади. “Йиртқич тоққа чиқиб кетдимикин? – хаёлга толди Шермат ака чирсиллаб ёнаётган ўрик ўтининг қип-қизил оловига тикилиб – Бу “киши”, одатда, қор ёғаётганда ёки бўрон авжга чиққанда ташриф буюргувчи эди. Ҳануз дараги йўқ”…
Анча толиққан чўпонни иссиқ элитди. Деворга суяниб, милтиғини бағрига босганча, беихтиёр мизғий бошлади. Қанча вақт ўтгани номаълум, ўткир ҳуштакдек чинқириқ ва Сиртлоннинг дарғазаб ўкириши уни уйғотиб юборди.
“Эҳ, аттанг, итимдан айрилиб қолдим-ов!”
Чўпон қўштиғининг тепкисини кўтариб, ханжарни шай тутганча, Сиртлон қамаб қўйилган сарой ичкарисига югурди. Ўтакалари ёрилгудай бурчак-бурчакка тиқилишиб турган қўйлардан ўзга тирикжон кўринмасди.
“Оббо, касофат! Сиртлонимни ҳам “Ёмонжар”га илиб кетибди-да! – ўз-ўзидан ғоят дарғазаб бўлди Шермат ака. – Ўл, баттар бўл, танбал уйқучи!…” У бир-бир босиб қўрадан чиқди. Туман бостириб келаётган далаларга тикилар, ғазабдан чўпон тишлари ғичирларди: “Қани энди, номард қароқчи билан юзма-юз келсаму армонсиз олишсам!..”
Шу пайт Шермат ака қулоғига Сиртлоннинг овози ингандек бўлди. У ўзини гуппа ерга отди, кўзларини чирт юмди. Юзини совуқ қорга босганча нафасини ичига ютиб, бутун вужуди билан қулоқ солди. Ит улиши яна такрорланди. Бу чиндан ҳам Сиртлон эди! Чўпоннинг содиқ дўсти ўзига хос овоз билан эгасини чақирарди. Шермат ака ит товуши келаётган “Ёмонжар” томон югурди. Бир чақиримча чопиб боргач, қор устида чўнқайиб ўтирган шарпага кўзи тушди. Етар-етмас итига қўл чўзган Шермат ака бирдан ортига тисарилди-да, қўлига ханжарини олди. Сиртлоннинг остида қандайдир каттакон йиртқич сулайиб ётарди. Чотқол тоғи чўққиларида хўжайинлик қилиб юрадиган қор қоплони ҳам Сиртлондан қутулиб кетолмабди. Қаҳратон қиш ғурурини букиб, чакана ўғирлик қилишга мажбур этган қоплон ўзидан зўрга йўлиқибди.
– “Қизил китоб”га киритилган эркатойни ўлдириб қўйибмиз-ку, – деди итини эргаштириб қўрага қайтаётган чўпон. – Энди унинг жаримасини тўлашимиз керак, полвон…
Шу билан ташвишлар тугаб, энди бахтли кунлар бошланадигандек эди. Аммо кулфатнинг каттаси, душманнинг энг қаттоли олдинда экан.
* * *
Қор қоплони воқеасидан хабар топган ўрмон назоратчиси Сиртлонга кўз тикиб олди. Шу баҳона Сиртлону чўпоннинг боши таъқибдан чиқмай қолди. Назоратчи ҳар келганда унинг фатвосини олиш – оёғи остида қора қўчқор бўғизлаш керак. Бу ҳам етмагандек, Сиртлонни бизга берасиз, деб қисталанг қилаверди. Рад жавоби берган фермерни кунора-ҳафта сайин назоратчи текшириб юради. Кейин… кейин Сиртлон бирданига овқатдан қолди. У олдинги икки оёғига бошини қўйиб, мудом эгасига тикилиб ётар, ич-ичидан бетиним ғингширди. Ити тузалавермагач, Шермат ака зувиллаганча тушиб, мол докторини бошлаб чиқди.
– Итга игна берилибди, – деди кўзойнакли доктор бир қарашдаёқ. – Истасангиз, операция қиламиз…
– Бугунча кутайлик, ўйлаб кўрайлик-чи, – деди фермер йиғламоқдан бери бўлиб.
Эртаси азонда туриб қараса… Сиртлон ўрнида йўқ! Шу-шу, Шермат аканинг ити қайтиб келмади.